ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9381 Министерство культуры Республики Узбекистан 22/10/2019 06/11/2019 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
“Бахши” журнали таҳририятини ташкил этиш тўғрисида
ID-9381

“Бахши” журнали таҳририятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Презедентининг “Халқаро бахшичилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”, “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Республика бахшичилик санъати маркази ва унинг ҳузуридаги Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш, миллий санъатимизнинг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уларни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кўчайтириш ҳамда дунё халқлари ўртасида халқаро маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Бахши” журнали таҳририятини (кейинги ўринларда Таҳририят деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Таҳририятнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Режага мувофиқ журнал учун материаллар тўплаш, улар асосида илмий мақола ва таҳлилий материаллар тайёрлаш, журнални ҳар чоракда бир марта ўзбек, инглиз ва рус тилларида нашр этиш ва тарқатиш;

халқимизнинг бой тарихи ва номоддий маданий меросининг асосий тушунча ва тамойилларини, шу билан бирга бахшичилик санъатининг илмий-назарий ва амалий асосларини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш;

бахшичилик санъатининг сара намуналарини тўплаш ва нашр этиш орқали бу соҳани юртимизда ва дунёда кенг тарғиб қилиш;

бахшичилик санъати йўналишидаги самарали усул-услубларга бағишланган илмий мақолаларни чоп этиш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама ёритиб бориш;

мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини атрофлича шарҳлаш ва тушунтириш;

бахшичилик санъати тарихи, бугуни ва келажаги тўғрисида илмий, бадиий оммабоп мақолалар, эсселар ва бошқа публистик ижодий матнлар битган муаллифларни белгиланган тартибда моддий рағбатлантириш (гонорар бериш) чораларини кўриш.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда:

бахшичилик санъатини кенг тарғиб этишга мўлжалланган, ҳар чоракда бир марта чоп этиладиган (ўзбек, инглиз ва рус тилларида) республика миқёсидаги Таҳририятни ташкил этишни;

Таҳририятнинг Устави ва штатлар жадвалини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишни;

Таҳририятнинг Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 42-уй манзилида жойлашган бинога ижара тўловисиз жойлашишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Маданият вазирлиги,  Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда Таҳририят фаолиятини ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида унинг буюртмасига биноан замонавий матбаачиликнинг инновацион ютуқларига уйғун тарзда “Бахши” журналини (кейинги ўринларда Журнал деб аталади) чоп этиш чора-тадбирларини белгиласин.

5. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Таҳририятни ташкил этиш, унинг илмий-ижодий ва ишлаб чиқариш фаолиятини (иш хақи, гонорар, нашр ва ҳакозо) ривожлантириш ҳамда автотранспорт воситаси, техник ускуналар ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш харажатларини қоплаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акдиядорлик жамияти, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Журнални мамлакатимиз фуқаролари орасида ҳамда чет давлатларда кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги элчихоналари, аэропортлар кутиш заллари ва самолётлар салонлари, вокзаллар ва поездлар, кутубхоналар ва меҳмонхоналар ҳамда юртимиз музейларида белгиланган тартибда тарғиб этиш ва тарқатишни йўлга қўйсин.

7. Таҳририятнинг пул маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилиши инобатга олинсин:

журналларни сотишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг грантлари;

бюджет маблағлари (субсидия);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

8. Белгилаб қўйилсинки, бюджет маблағлари (субсидия) Таҳририятнинг ўз даромадлари билан қопланмаган сақлаш харажатларининг тегишли қисмини молиялаштириш учун ажратилади.

9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига оммавий ахборот воситаларида ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида шунингдек, ижтимоий тармоқларда мазкур қарорнинг мақсад ва вазифаларини кенг ёритиш тавсия этилсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.С. Сайфуллаев, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раиси Х.Н. Хасилов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

 

 

А. Арипов

 

Umumiy takliflar

143