ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9158 Министерство юстиции Республики Узбекистан 16/10/2019 31/10/2019 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Prezidentining Qarori
Ҳуқуқбузарликка қарши кураш ҳамда хабеас корпус тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида
ID-9158

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

 

 

Ҳуқуқбузарликка қарши кураш ҳамда хабеас корпус тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида

 

 

 

Ўтган давр мобайнида одил судловга эришиш даражасини ошириш, жавобгарликни либераллаштириш ва суд ишларини юритишда қулайлик яратиш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳаси кенгайтирилди, ишларни ошкора кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилди, суд жараёни ва қабул қилинган қарорларни Интернет тармоғида очиқ эълон қилиш йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш соҳасида илғор хорижий инновацион тажрибаларни ўзлаштирган ҳолда рақамлаштирилган технологиялардан кенг фойдаланиш орқали ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш талаб этилади.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий изчиллигини таъминлаш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг куч ва воситаларидан самарали фойдаланиш, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритишда фуқароларнинг ортиқча овора бўлишларини олдини олиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳисобга олиб:

1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи “Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” ахборот тизимини жорий этиш лойиҳаси (кейинги ўринларда – лойиҳа) доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш тартибини босқичма-босқич рақамлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритувни электрон шаклда юритиш ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш вақтида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузишга ваколатли органлар, судлар ва Мажбурий ижро бюроси, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан маълумотлар алмашинуви имконини берувчи ҳимояланган тизимни, жумладан ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича статистика юритишни автоматлаштириш орқали жорий қилиш;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритув амалиётида процессуал ҳужжатларнинг ягона электрон шаклларини ишлаб чиқиш;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритиш жараёнларини, жумладан бу турдаги ишлар бўйича электрон иш юритувда тартиб-таомилларни қисқартириш ва ортиқча босқичларни чиқариб ташлаш орқали оптималлаштириш;

процессуал ҳаракатларни амалга ошириш тартибларини, жумладан электрон шаклда далилларни тўплаш, экспертизалар, суд муҳокамаси ўтказиш ва суд қарорларини ижро этиш орқали соддалаштириш.

2. “Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” лойиҳасини амалиётга жорий қилиш бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда Идоралараро комиссия деб юритилади) ташкил этилсин ва унинг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Идоралараро комиссиянинг ишчи органи этиб белгилансин.

3. Идоралараро комиссия (П. Бобожонов):

икки ҳафта муддатда “Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” дастлабки лойиҳасини (кейинги ўринларда - дастлабки лойиҳа) амалга ошириш бўйича иш режасини ҳамда идоралараро комиссия ўртасидаги иш тақсимотини тасдиқласин;

2021 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳрида дастлабки лойиҳа амалга киритилсин;

2021 йил 1 июнга қадар дастлабки лойиҳанинг синовлари натижаларидан келиб чиқиб, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилиниши муносабати билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Тошкент шаҳри ҳудудида 2021 йил 1 январдан бошлаб:

ваколатли мансабдор шахс ҳуқуқбузарликни аниқлаши билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш учун электрон тизим ўрнатилган планшетлари орқали маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузади ва ҳуқуқбузарга ушбу баённоманинг электрон шаклини ёки қоғоз шаклини тақдим қилади;

ваколатли мансабдор шахс томонидан тузилган баённомада кўрсатилган ҳуқуқбузарлик ўзи томонидан содир этилганлигига эътироз билдирмаган ҳуқуқбузар баённомани планшетдаги махсус бармоқ изларини сканерловчи ускунаси орқали бармоқ изларини тушириш йўли билан тасдиқлайди. Ҳуқуқбузар ўзининг жисмоний нуқсони туфайли баённомани ўқиб, имзолай олмаса, баённомани дастурий таъминот ўқиб эшиттиради. Бу ҳақда баённомага белги қўйилади;

баённомани тузувчи мансабдор шахс ҳуқуқбузарнинг юз тузилишини расмга олиб ёки планшетга бармоқ изларини тушириш орқали, электрон тизим планшетлари орқали реал вақт режимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги базасидан унинг шахсини аниқлайди;

ўрнатилган видеокузатув мосламалари орқали аниқланган ҳуқуқбузар ҳамда қидирувдаги шахслар ва уларнинг жойлашган жойи ҳақидаги маълумот ҳудуддаги ваколатли мансабдор шахсларга юборилади.

Ҳуқуқбузарга тайинланган жаримани электрон тўлов тизимлари орқали жойида тўлаш имконияти яратилсин.

Ҳуқуқбузар баённомада кўрсатилган жарима суммасини ихтиёрий тарзда тўлаганлиги ҳақидаги маълумот электрон базага баённома топширилган санадан бошлаб ўн беш сутка ичида келиб тушмаган тақдирда, электрон базага киритилган баённома автоматик тарзда тегишли ваколатли органлар ёки судга жўнатилади.

Тегишли ваколатли органлар ёки суд электрон тарзда келиб тушган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни умумий асосларга кўра кўриб чиқади.

5. Белгилаб қўйилсинки:

а) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги лойиҳанинг амалга оширилиши ва юритилишига масъул бўлган ваколатли орган ҳисобланади;

б) “Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” юритиш учун зарур бўлган техник ускуналар, сервер планшет ва бошқа моддий техника ашёлари ва дастурлари “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш доирасида сотиб олинади, идоралараро комиссия томонидан тегишли ахборот тизимлари ва ресурсларининг интеграция қилиниши таъминланади.

6. Соддалаштирилган тартибда юритилган ишлар юзасидан жарималар Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизимни яратиш бўйича инвестицион лойиҳаси шартлари доирасида тақсимланади.

7. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” лойиҳаси хавфсиз шаҳар лойиҳалари доирасида амалга оширилади.

8. Белгилансинки, 2019 йил 1 декабрдан шахс ўзига нисбатан ваколатли мансабдор шахс томонидан тузилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомада кўрсатилган ҳуқуқбузарлик содир этганлигини рад қилмаса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш соддалаштирилган тартибда амалга оширилади. Мазкур тартибга кўра:

иш маъмурий ҳуқуқбузарликка оид баённома расмийлаштириш ваколатига эга мансабдор шахс томонидан қарор чиқариш орқали кўрилади;

ваколатли мансабдор шахс томонидан тузилган баённомага асосан ҳуқуқбузарга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаси санкциясида назарда тутилган энг кам миқдордаги жариманинг 85 фоизи миқдорида жазо тайинланади;

маъмурий жарима ҳуқуқбузар томонидан унга баённома топширилган санадан бошлаб ўн беш сутка муддатда ихтиёрий равишда тўланмаган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритиш умумий тартибда давом эттирилади.

9. Қуйидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича соддалаштирилган тартибда иш юритиш қўлланилмайди:

маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш соддалаштирилган тартибда юритилишига ҳуқуқбузар ёки жабрланувчининг эътирози бўлган ишлар;

содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жарима жазосидан бошқа турдаги маъмурий жазо қўлланилиши назарда тутилган ишлар;

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар;

иш бўйича ўзгага моддий ёки маънавий зарар етказилган бўлиб, зарар кўрган тараф ёки унинг вакили зарарни ундиришни талаб қилган ишлар;

маъмурий ҳуқуқбузарлик бир неча шахслар томонидан содир этилган бўлиб, уларнинг лоақал биттаси ҳуқуқбузарлик содир этганини рад этган ишлар;

Бир йил давомида такроран содир этилиши оқибатида жиноий жавобгарлик келиб чиқиши назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича соддалаштирилган тартибда юритилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш бўйича шахснинг муқаддам маъмурий ҳуқуқбузарликка оид жавобгарликка тортилганлиги ҳақидаги маълумотни дарҳол олишнинг имкони бўлмаса, иш юритиш шу маълумотни олингунга қадар умумий тартибда давом эттирилади.

10. Соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилган иш юзасидан чиқарилган қарор, ишни умумий тартибда кўриш натижалари бўйича чиқарилган қарор билан тенг ҳуқуқий кучга эга бўлади.

Соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилган иш юзасидан чиқарилган қарор тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ҳақида фактик маълумот ҳисобланади.

11. 2020 йил 1 январдан бошлаб телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, вояга етмаган айбланувчини, судланувчини болалар муассасасига жойлаштириш, эксперимент ўтказиш, давлат сирлари бўлган ҳужжатлар ёки нарсаларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ва унга доир бошқа ҳаракатларни амалга оширишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилсин.

Телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан икки соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида тарафлар иштирокисиз кўриб чиқилсин.

12. 2020 йил 1 февралдан бошлаб “Электрон жиноят иши” лойиҳаси доирасида:

суриштирув ва тергов органлари томонидан процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун судларга илтимосномалар киритишнинг ва илтимосномаларни судларда кўришнинг электрон тизими жорий этилсин;

жиноят ва маъмурий судларнинг қарорлари устидан электрон тарзда шикоят бериш ҳамда ушбу шикоятлар ҳаракатини онлайн кузатиш имконияти яратилсин.

13. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг илтимосига кўра ёхуд уларнинг розилиги билан бошқа шахслар томонидан ҳимоячи таклиф қилинмаган ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг ҳимоячи тайинлаш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажримига биноан ишда иштирок этувчи ҳимоячи Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси электрон тизими орқали инсон аралашувисиз белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Адвокатлар палатаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2020 йил 1 мартга қадар суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг ҳимоячи тайинлаш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажримига биноан жалб этиладиган адвокатларни электрон тарзда белгилаш имкониятига эга бўлган электрон ахборот тизимини ишлаб чиқсин ва ишга туширсин.

14. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар томонидан Жиноят кодекси 15-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган жиноятларга оид ишларни кўришда халқ маслаҳатчилари шу судлар томонидан электрон тизими орқали инсон аралашувисиз белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди халқ маслахатчиларини электрон тарзда белгилаш, электрон тарзда белгиланган халқ маслаҳатчиси узрли сабабларга кўра ишда иштирокини таъминлаш имкони бўлмаган тарзда инсон аралашувисиз бошқа халқ маслаҳатчисини белгилаш имкониятига эга бўлган электрон ахборот тизимни ишлаб чиқсин ва 2020 йил 1 мартга қадар ишга туширсин.

15. Ўзбекистон Респуликаси Олий суди 2020 йил 1 мартга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига белгиланган тартибда киритсин:

судгача иш юритув босқичида процессуал ҳаракатлар ўтказиш учун рухсат олиш ҳақидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш вазифаларини мазкур иш бўйича айблиликка оид масалани кўриш вазифаси юклатилмаган судларга ўтказиш;

маъмурий жазо тизимини мажбурий жамоат ишлари жазоси билан тўлдириш;

агар маъмурий жаримага тортилган шахс жазо тариқасида тайинланган жаримани ихтиёрий ижро этиш учун белгиланган муддатларда тўлашдан бўйин товласа, жариманинг тўланмаган миқдорини жазонинг оғирроқ турига алмаштириш.

16. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура ва манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига, шу жумладан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

 

 

                Ўзбекистон Республикаси

                          Президенти                                                                                                             Ш. Мирзиёев

                                                                                                                                                                                                                                 Ўзбекистон Республикаси Президентининг
                                                                                                                                                                                                                                2019 йил “___” октябрдаги ПҚ–____-сон қарорига

                                                                                                                                                                                                                               ИЛОВА

 

 

“Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” лойиҳасини амалиётга жорий қилиш бўйича идоралараро комиссиянинг

ТАРКИБИ

 

 

  1.  

П.Р. Бобожонов

 

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, Комиссия раиси

  1.  

Х.Б. Ёдгоров

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суд раисининг ўринбосари, Комиссия раиси ўринбосари

  1.  

Э.А.Таджиев

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари, Комиссия раиси ўринбосари

  1.  

Т.Б. Сафаров

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси масъул ходими

  1.  

М.H.Абдуллаев

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари

  1.  

Д.Т.Деҳқанов

 

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири

  1.  

Н.Б.Хусанов

 

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

  1.  

Ш.М. Садиков

 

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири

  1.  

Б.Сайфуллаев

 

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири

  1.  

Б.Р.Турсунов

 

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг биринчи ўринбосари

  1.  

А.Ҳ.Қўлдошев

 

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари

  1.  

Б.Н.Курбанов

 

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири

  1.  

Х.Х.Мелиев

 

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари

  1.  

Б.А. Мусаев

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси

  1.  

М.Б. Азимов

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона
қўмитаси раиси

  1.  

Б.Ф.Исламов

 

Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси раиси

  1.  

Б.Т.Норкобилов

 

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси

  1.  

Б.В.Гулямов

 

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси

  1.  

А.Х.Абдуллаев

 

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси

  1.  

Б.А.Бегалов

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси

  1.  

Б.Т.Қўчқоров

 

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси

  1.  

Д.Н.Саттаров

 

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги директори

  1.  

С.Х.Бекенов

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори

  1.  

Ғ.А. Холжигитов

 

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори

  1.  

М.Т. Эсанов

 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи

 

 

Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга тайинланганлар ёхуд тегишли функциялар бажарилиши юклатилган шахслар киритилади.

Umumiy takliflar

328