ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9150 Министерство физической культуры и спорта Республики Узбекистан 16/10/2019 31/10/2019 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Prezidentining Qarori
Спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва уларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-9150

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Юртимиз вакилларининг Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари ва чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришаётгани, дунёда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ва спорт салоҳияти янада ошаётгани, ўқувчи ва талаба ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммалашиб бораётгани айниқса эътиборлидир.

Шу билан бирга, республикамизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан чекка ва олис ҳудудларида спортнинг жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси эканини тарғиб қилиш, аҳолининг кенг қатламини спортга жалб этиш, ўқувчи ва талаба ёшларга ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, спортда юқори натижага эришаётган ўқувчи ва талаба-ёшларни ҳамда уларнинг тренерларини муносиб рағбатлантириш, таълим муассасалари ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақалари нуфузини ошириш каби муҳим ва долзарб вазифалар турибди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида аҳолининг, айниқса ёшларнинг кенг қатламини жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, спортда юқори натижаларга эришган ўқувчи ва талаба-ёшлар ҳамда уларнинг тренерларни муносиб рағбатлантириш, таълим муассасалари ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақалари нуфузини янада ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг:

Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва унинг Нукус, Фарғона, Самарқанд филиаллари негизида Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ва унинг Нукус, Фарғона, Самарқанд филиалларини ташкил этиш;

Термиз давлат университетидаги жисмоний тарбия ва спорт таълим йўналишлари базасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Термиз филиалини ташкил этиш;

умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида жисмоний тарбия фанидан олимпиада ҳамда “Болалар олимпия ўйинлари” спорт тадбирлари ўтказилишини жорий этиш;

олий таълим муассасалари талабаларига спорт тоифаларини “Ўзбекистон Талабалари спорти” ассосиацияси томонидан бериш тизимини жорий этиш;

олий таълим муассасалари рейтингини баҳолаш мезонлари қаторига талабаларни спорт билан қамраб олиш, спорт моддий-техник базаси ва спорт фаолияти натижадорлиги кўрсаткичларини киритиш;

жисмоний тарбия ўқитувчиларига малака тоифалари бериш тизимини амалий машғулотлар билан боғлаш;

туман (шаҳар), вилоят, республика ва халқаро спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорлари, уларнинг тренерлари ва жисмоний тарбия ўқитувчиларини рағбатлантириш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Юқори малакали тренерлар, ҳакамларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурлари ва методологиясини янгилаш, спортчиларнинг тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутган ҳолда:

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази, унинг Нукус, Фарғона, Самарқанд филиаллари негизида Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ва унинг Нукус, Фарғона, Самарқанд филиалларини ташкил этиш;

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш
ва малакасини ошириш институтини Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри, Спортчилар кўчаси, 6-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг “А” биносида жойлаштириш;

юқори малакали тренерлар, ҳакамлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурлари ва методологиясини янгилаш, спортчиларнинг тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш, юқори малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида интенсив малака ошириш платформасини яратиш;

жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий тадқилқотлар ўтказиш ва спортда юқори натижаларни қўлга киритиш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқиш;

жисмоний тарбия ва спорт йўналишида илмий ва инновацион фаолиятини жадаллаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида Институт ҳузурида “Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси (педагогика фанлари)” ҳамда “Инсон касбий фаолияти психологияси (спорт фаолияти)” ихтисосликлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш бўйича илмий кенгаш ташкил этиш;

2020 йилдан бошлаб Институт учун “Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси (педагогика фанлари)” ҳамда “Инсон касбий фаолияти психологияси (спорт фаолияти)” ихтисосликлари бўйича таянч докторантурани очиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

3. 2020 йилдан бошлаб, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидадаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Фан, спорт ва таълим муассасаларини илмий-методик таъминлаш бошқармаси таркибида қўшимча 2 штат бирлигидан иборат, Кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини мувофиқлаштириш бўлими ташкил этилсин.

Бўлимнинг асосий вазифаси этиб қуйидагилар белгилансин:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидадаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими фаолиятини мувофиқлаштириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидадаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга бўлган эҳтиёжларни ўрганиш ва уларнинг мониторингини олиб бориш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидан олиб бориладиган илмий тадқиқот йўналишларини белгилаш ҳамда илмий тадқиқот натижаларини амалиётган жорий этиш мониторингини олиб бориш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида адабиётларга бўлган эҳтиёжларни ўрганиш, спорт муассасаларини ўқув дастурлари ва адабиётлар билан таъминлаш мониторингини олиб бориш.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

Термиз шаҳар, А.Навоий кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган Термиз ахборот технологиялари ва туризм касб-ҳунар коллежи бино, иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудудини Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Термиз филиалига оператив бошқарув ҳуқуқи билан бериш;

олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт йўналишлари битирувчиларига жисмоний тарбия ўқитувчиси ва ихтисослашган спорт тури бўйича тренер квалификациясини бериш амалиётини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги икки ой муддатда Термиз давлат университетидаги жисмоний тарбия ва спорт таълим йўналишлари базасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Термиз филиалини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Белгилаб қўйилсинки, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

республикадаги барча умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида жисмоний тарбия фани олимпиадалари ҳамда спортнинг жамоавий ўйин турлари (баскетбол, волейбол, гандбол) бўйича “Болалар олимпия ўйинлари” спорт тадбирлари ўтказилади;

жисмоний тарбия фанидан олимпиаданинг республика босқичи ғолиблари (1, 2, 3-ўрин) олий таълим муассасасининг барча йўналишлари бўйича (тиббиёт йўналишидан ташқари) бакалавриатга тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонсиз имтиёзли равишда қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;

умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Болалар олимпия ўйинлари” спорт мусобақасининг республика босқичида ғолиб бўлган (1, 2, 3-ўрин) умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчиларига олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида мутахассислик фанларидан максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади;

жисмоний тарбия фанидан олимпиаданинг республика босқичи ғолибларини (1, 2, 3-ўрин) тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари (1-ўрин учун - энг кам ойлик иш ҳақининг
50 баравари, 2-ўрин учун - 40 баравари, 3-ўрин учун - 30 баравари) ҳамда умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўловлари базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан фоиз ҳисобида (туман (шаҳар) босқичи ғолибини тайёрлагани учун – 15%, вилоят босқичи ғолибини тайёрлагани учун – 25%, республика босқич ғолибини тайёрлагани учун – 40%)) билан тақдирланади;

умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Болалар олимпия ўйинлари” спорт мусобақасининг ғолибларини тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари (туман (шаҳар) босқичида - 1-ўрин учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари, 2-ўрин учун – 6 баравари, 3-ўрин учун - 3 баравари, вилоят босқичида 
- 1-ўрин учун - 10 баравари, 2-ўрин учун - 8 баравари, 3-ўрин учун
- 5 баравари, республика босқичида 
- 1-ўрин учун - 35 баравари, 2-ўрин учун - 30 баравари, 3-ўрин учун – 20 баравари) билан тақдирланади:

жисмоний тарбия фанидан олимпиада, шунингдек мусобақалар ғолибларини тайёрлаган умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчилари, спорт таълим муассасаларининг тренерлари аттестацияга жалб этилмасдан уларга тўғридан-тўғри малака тоифалари (туман (шаҳар) босқичи ғолибини тайёрлагани учун – иккинчи малака тоифаси, вилоят босқичи ғолибини тайёрлагани учун – биринчи малака тоифаси, республика ва халқаро мусобақалар ғолибини тайёрлагани учун – олий малака тоифаси) берилади;

спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг буйруғига асосан ўтказиладиган мусобақаларда (республика ва халқаро мусобақаларнинг
(Олимпия ва Паралимяпия ўйинларида, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон
ва Осиё чемпионатида 1
-3-ўринлар)) охирги уч йилда ғолиб бўлганлар олий таълим муассасасининг барча йўналишлари бўйича бакалавриатга тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонсиз имтиёзли равишда қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги буйруғи асосида ўтказиладиган мусобақаларда (республика ва халқаро мусобақаларнинг (Олимпия ва Паралимпия ўйинларида, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон ва Осиё чемпионатида 1-3-ўринлар)) ғолиб чиққан олий таълим муассасалари талабаларини тайёрлаган жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги кафедралар ўқитувчилари аттестацияга жалб этилмасдан уларга тўғридан-тўғри навбатдаги илмий унвон (катта илмий ходим, доцент, профессор) берилади;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари битирувчиларига олий таълим муассасасининг жисмоний тарбия ва спорт йўналишларига ўқишга киришда ўтказиладиган касбий (ижодий) имтиҳонларда ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида жисмоний тарбия фанидан олимпиада ғолиби бўлган ўқувчилар ҳамда уларнинг ўқитувчиларини муносиб рағбатлантириш тизимини йўлга қўйишни ҳамда спортнинг жамоавий ўйин турлари бўйича (баскетбол, волейбол, гандбол) “Болалар олимпия ўйинлари” спорт мусобақалари тизимини ташкил этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритсин.

8. Олий таълим муассасаларидаги спорт клублари мавқеини кўтариш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2020 йилдан бошлаб, олий таълим муассасалари талабаларига спорт тоифалари “Ўзбекистон Талабалари спорти” ассосиацияси томонидан берилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда республика олий таълим муассасаларида спорт соҳасида салмоқли натижаларга эришган талабаларга спорт тоифаларини (I, II, III спортчи разрядларини) ҳамда тегишли талабларни бажарганлиги учун кўкрак нишони тақдим этиш ҳуқуқини “Ўзбекистон Талабалар спорти” ассоциациясига беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда спортнинг жамоавий ўйин турлари бўйича туман (шаҳар), вилоят, республика ва халқаро спорт мусобақалари ғолиблари, уларнинг тренерлари ва жисмоний тарбия ўқитувчиларини рағбатлантириш тизимини жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасалари рейтингини баҳолаш мезонларини қайта кўриб чиқсин ва олий таълим муассасалари рейтингини баҳолашда талабаларни спорт билан қамраб олиш, жисмоний тарбия ва спорт бўйича моддий техник базаси ҳамда спорт фаолияти натижадорлиги кўрсаткичларини назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда педагог кадрларга малака тоифалари бериш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш асосида жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига малака тоифаларини фақат амалий машғулотлар натижалари асосида бериш тизимини жорий этсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январдан бошлаб, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ўқувчилари учун белгиланган таълим стандартларидан келиб чиқиб, адабиётлар билан таъминлаш, умумтаълим фанларидан лаборатория ва компьютер хоналарини жиҳозлаш билан боғлиқ харажатларни мактаб-интернатларнинг харажатлар сметасида алоҳида сатрда акс эттириш юзасидан Бюджет таснифини қўллаш бўйича йўриқномасига тегишли ўзгартириш киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини ташкил этиш тўғрисида” ПҚ–3583-сон қарорига 2-иловаси иловага мувофиқ таҳрирда баён этилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

 

 

                                          Ўзбекистон Республикаси

                                                                Президенти                                                                                                                                                                                       Ш.Мирзиёев

Umumiy takliflar

432