ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9009 Министерство юстиции Республики Узбекистан 12/10/2019 26/10/2019 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Республика ҳудудларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасига баҳо бериш тизимини жорий этиш тўғрисида
ID-9009

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Республика ҳудудларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасига баҳо бериш тизимини жорий этиш тўғрисида

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти
ва бошқаруви органларининг масъулиятини ошириш, ҳудудларда ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш
ва мувофиқлаштириш котибияти ва Адлия вазирлигининг республика ҳудудларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасига баҳо бериш тизимини 2020 йил 1 январдан бошлаб жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Республика ҳудудларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасига баҳо бериш тизими тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасига баҳо бериш бўйича маълумотларни ўз вақтида тақдим этилишига ва ҳаққонийлигига тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари шахсан жавобгар эканлиги белгилансин.

4. Тегишли маълумотларни ўз вақтида, сифатли ва ҳаққоний тақдим этмаслик давлат статистик ҳисоботларини тақдим этиш тартибини бузиш деб ҳисоблансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда:

икки ойлик муддатда ҳудудларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолаш бўйича тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказиладиган сўровнома шаклларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

2020 йил 1 январга қадар ҳудудларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси кўрсаткичларини ҳисоблаш ва баҳолаш бўйича автоматлаштирилган “BUSINESS INDICATOR” онлайн ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва ишга туширишни таъминласин;

баҳолаш натижалари бўйича тегишли ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўрсатмалар бериб борсин;

баҳолаш якунлари бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган тегишли ҳудуддаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари ходимлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосарларини рағбатлантириш, қониқарсиз кўрсаткичларга эга бўлганларига нисбатан интизомий жавобгарликка тортиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳар ярим йилликда таклифлар киритсин.

6. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасига баҳо бериш натижалари бўйича давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари ходимлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосарларини рағбатлантириш маҳаллий бюджет ҳамда давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолаш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ўртасида сўровлар, шу жумладан электрон сўровларни ҳар ярим йилда ўтказилишини таъминласин.

8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда тақдим этилган маълумотлар ва ўтказилган сўровларнинг натижалари асосида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолаш якунларини умумлаштиради, ҳисобот якуни бўйича маълумотларни ҳар йилнинг 15 август ва 15 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилади ҳамда доимий равишда оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан ўз расмий веб-сайтларида эълон қилиб боради;

ҳудудларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолаш натижалари Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишларида муҳокама қилиб борилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда баҳолаш кўрсаткичларини такомиллаштириб бориш, зарур ҳолларда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб бориш ваколати берилсин.

10. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири Б.А. Хўжаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклатилсин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                 Бош вазири                                               А. Арипов

                                                                                                                                                                                                                                                                                            Вазирлар Маҳкамасининг

                                                                                                                                                                                                                                                                                         2019 йил “___” _______даги “___”-сон

қарорига

ИЛОВА

 

Республика ҳудудларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасига баҳо бериш тизими тўғрисидаги

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом республика ҳудудларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолаш (кейинги ўринларда Баҳолаш деб аталади) ва рағбатлантириш  тартибини белгилайди.

2. Баҳолаш мазкур Низом асосида ярим йиллик ва йил якуни бўйича ўтказилади.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари – ҳудудлардаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолашга оид асосий индикаторларнинг шаклланишига таъсир этувчи давлат органлари ва муассасалари ва давлат иштирокидаги ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бундан мустасно;

индикатор – тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини аниқлашда баҳоланиши лозим бўлган асосий кўрсаткич;

расмий статистик маълумотлар – Баҳолашга маълумотларни тақдим этиш учун масъул бўлган ваколатли ташкилотлар томонидан тақдим этилган ва ушбу ташкилотларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланган статистик ва таҳлилий маълумотлар;

ўтказилган сўровлар бўйича маълумотлар – Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги сўровномалар асосида тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказиладиган аноним ёки очиқ сўровлар натижалари бўйича тўпланган маълумотлар;

“BUSINESS INDICATOR” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими (кейинги ўринларда “BUSINESS INDICATOR” ААТ деб аталади) –ҳудудларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси кўрсаткичларини ҳисоблаш ва баҳолаш бўйича автоматлаштирилган дастурий таъминот.

4. Баҳолаш қонунийлик, ошкоралик, холислик, адолатлилик, тенглик ва шаффофлик принципларига асосланади.

5. Баҳолаш натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар (кейинги ўринларда тегишли ҳудуд деб аталади) рейтинги тузилади ва рейтингда юқори кўрсаткичларга эга ҳудуддаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бошқарув ходимлари моддий рағбатлантирилади.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси юқори бўлган тегишли ҳудудларни намунали қилиш ҳамда бошқа ҳудудлар фаолиятини яхшилаш чора-тадбирлари белгиланади.

6. Ҳудудларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда баҳолашга масъул органлар деб аталади) томонидан амалга оширилади.

2-боб. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолашга оид асосий индикаторлар

7. Республика ҳудудларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси қуйидаги индикаторлар асосида баҳоланади:

тадбиркорларга бинолар ва ер участкаларини ажратиш, уларнинг мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланганлиги даражаси;

давлат хизматларини кўрсатишда, жумладан лицензия ва рухсатномалар беришда қонун ҳужжатларига риоя қилиниши аҳволи;

тадбиркорлар субъектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланганлиги;

тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратилиши аҳволи, кўрсатилаётган банк хизматлари сифати;

тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги ҳамда Давлат бюджетига келиб тушган тушумлардаги улуши;

тадбиркорлик субъектларидан давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларига келиб тушган мурожаатлар сони;

судларда мажбуриятларнинг бажарилиши билан боғлиқ низолар кўриб чиқилиш аҳволи;

тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий маданияти даражаси;

янги ташкил этилган, фаолият юритмаётган ва тугатилган тадбиркорлик субъектлари ҳамда улар фаолиятининг давомийлиги;

тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолини иш билан таъминланганлиги;

тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш аҳволи;

тадбиркорлик субъектларининг банклардаги ҳисобварақларига банд солинганлиги аҳволи;

тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун жойлаштирилган асосий капитал қўйилмалар даражаси;

тадбиркорлик субъектларига солиқ, молия, бухгалтерия ва бошқа турдаги ўқув-семинарлар ташкиллаштирилганлиги;

тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклардаги кредитлари бўйича фоиз харажатларини компенсациялар шаклида қопланилганлиги;

тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этилганлиги;

ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари, ташкилотлари, муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончи.

8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:

тадбиркорларга бинолар ва ер участкаларини ажратиш, уларнинг мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланганлиги даражаси;

тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланганлиги;

тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратилиши аҳволи, кўрсатилаётган банк хизматлари сифати;

тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги ҳамда Давлат бюджетига келиб тушган тушумлардаги улуши;

тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий маданияти даражаси;

янги ташкил этилган, фаолият юритмаётган ва тугатилган тадбиркорлик субъектлари ҳамда улар фаолиятининг давомийлиги;

тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолини иш билан таъминланганлиги;

тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун жойлаштирилган асосий капитал қўйилмалар даражаси;

тадбиркорлик субъектларига солиқ, молия, бухгалтерия ва бошқа турдаги ўқув-семинарлар ташкиллаштирилганлиги;

тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклардаги кредитлари бўйича фоиз харажатларини компенсациялар шаклида қопланилганлиги индикаторларини аниқлашга масъул ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

давлат хизматларини кўрсатишда, жумладан лицензия ва рухсатномалар беришда қонун ҳужжатларига риоя қилиниши аҳволи;

тадбиркорлик субъектларидан давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларига келиб тушган мурожаатлар сони;

судларда мажбуриятларнинг бажарилиши билан боғлиқ низолар кўриб чиқилиш аҳволи;

тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш аҳволи;

тадбиркорлик субъектларининг банклардаги ҳисобварақларига банд солинганлиги аҳволи;

тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этилганлиги;

ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари, ташкилотлари, муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончи индикаторларини ҳисоблашга масъул ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Адлия вазирлиги индикаторларни баҳолашда тегишли вазирликлар, ташкилотлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан маълумотлар ва ҳисоботларни бепул олади.

3-боб. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш индикаторларини ҳисоблаш ва баҳолаш методикаси

9. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш индикаторларини ҳисоблаш ушбу Низом иловасида келтирилган Ҳудудларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолаш бўйича методикага мувофиқ “BUSINESS INDICATOR” ААТ орқали амалга оширилади.

10. Индикаторларни ҳисоблашда расмий статистик ва ўтказилган сўровлар бўйича маълумотлардан фойдаланилади.

11. Расмий статистик маълумотлар ушбу Низомнинг иловасидаги Методикада назарда тутилган масъул ташкилот ва идоралар томонидан 1-ярим йиллик учун 1 июлга қадар, йил якуни бўйича келаси йил 1 мартга қадар BUSINESS INDICATOR” ААТда киритилишини таъминлаши шарт.

12. Ушбу Низомнинг 7-банди тўртинчи, бешинчи, ўн еттинчи ва ўн саккизинчи хатбошиларидаги индикаторлар баҳолашга масъул органлар томонидан ўтказилган сўровлар бўйича маълумотлар асосида ҳисобланади ва баҳоланади.

13. Баҳолашга масъул органлар тақдим этилган маълумотлар ва ўтказилган сўровларнинг натижалари асосида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолаш якунларини умумлаштиради, ҳисобот якуни бўйича ярим йиллик маълумотларини йилнинг 15 августи ва йил якунлари маълумотларини келаси йилнинг 15 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилади.

14. Ҳудудларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси аниқланган индикаторларнинг миқдорига қараб 1 баллдан 10 баллгача рейтингда баҳоланиб, “намунали”, “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз” деб топилади.

15. Ҳудудларнинг индикаторларини баҳолаш натижаларига мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси:

рейтингда энг юқори баллга эга бўлган учта ҳудудда – “намунали”;

рейтингда тўртинчи – олтинчи ўриндаги ҳудудларда – “яхши”;

рейтингда еттинчи – ўн биринчи ўриндаги ҳудудларда – “қониқарли”;

рейтингда охирги учта ҳудудда – “қониқарсиз” деб топилади.

4-боб. Баҳолаш натижалари бўйича давлат органлари, ташкилотлари
ва муассасалари ходимларини рағбатлантириш ва
шахсий масъулиятини кучайтириш

16. Баҳолаш натижалари бўйича тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси “намунали” деб топилганда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосарлари (кейинги ўринларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари деб аталади), давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари бошқарув ходимларини моддий рағбатлантириш ва интизомий чора кўриш ҳар ярим йилликда 25 августга қадар ҳамда йил якунлари бўйича келаси йилнинг 25 мартига қадар баҳолашга масъул органлар таклифларига асосан амалга оширилади.

17. Рағбатлантириш тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси “намунали” деб топилган ҳудуддаги:

давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва ҳокимларнинг биринчи ўринбосарларига – лавозим маошларининг 25 фоизи миқдорида;

давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларининг бошқарув ходимларига – лавозим маошларининг 50 фоизи миқдорида пул маблағлари бериш орқали амалга оширилади.

18. Интизомий чора кўриш тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси “қониқарсиз” деб топилган ҳудуддаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва ҳокимларнинг биринчи ўринбосарларига – лавозим маошларининг 25 фоизи миқдорида жарима қўллаш орқали амалга оширилади.

19. Рағбатлантириш ва интизомий чора кўриш масаласи:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига  – Вазирлар Маҳкамаси;

туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига – тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимлари;

давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари ҳамда бошқарув ходимларига – уларнинг республика даражасидаги идоралари томонидан ҳал этилади.

20. Баҳолаш якунлари бўйича тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси “намунали” деб топилган ҳудудларнинг ижобий иш тажрибаси бошқа ҳудудлар ўртасида оммалаштирилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

21. Ҳудудларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолашга маълумотларни тақдим этувчи ташкилотлар масъул ҳисобланади.

Республика ҳудудларининг тадбиркорлик

фаолиятини ривожлантириш даражасига

баҳо бериш тизими тўғрисидаги

Низомга

ИЛОВА

 

Ҳудудларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолаш бўйича

МЕТОДИКА

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу методика Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси кўрсаткичларини ҳисоблаш ва баҳолаш тартибини белгилайди.

2. Ҳудудларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолаш ушбу Методика ва унинг 1-иловасига мувофиқ Ҳудудларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолаш тизими (кейинги ўринларда Баҳолаш тизими деб аталади) асосида ташкил этилади.

3. Мазкур Методикада қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

индикаторни ҳисоблаш методикаси – индикаторнинг миқдорини аниқлаш учун фойдаланиладиган усул;

индикаторни баҳолаш методикаси – миқдори аниқланган индикаторга мутаносиб бўлган баҳони бериш усули;

ижобий индикаторлар – индикатор даражасининг ортиб боришига мос равишда юқори баҳоланадиган индикаторлар;

кредит портфели – муайян вақтга банкда мавжуд бўлган кредитлар бўйича асосий қарз қисмининг қолдиғи;

салбий индикаторлар – индикатор даражасининг ортиб боришига мос равишда паст баҳоланадиган индикаторлар;

тадбиркорлик субъектлари – белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир (фермер ва деҳқон хўжаликлари бундан мустасно).

2-боб. Расмий статистик маълумотлар асосида индикаторларни ҳисоблаш тартиби

1-§. Бўш турган бино-иншоотлар ва участкаларни тадбиркорлик фаолияти учун бериш кўрсаткичини ҳисоблаш

4. Ярим йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳудудидаги (кейинги ўринларда тегишли ҳудуд деб аталади) электрон онлайн-аукцион савдолари (E-IJRO AUKSION) орқали тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга ёки ижарага берилган давлат мулки объектлари ва ер участкаларининг ушбу ҳудудлардаги жами бўш турган давлат мулки объектлари ва ер участкаларидаги улушини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И1 = еб / Беб) × 100

бунда:

И1 – индикатор миқдори (фоизда);

Реб – доимий фойдаланишга ёки ижарага берилган давлат мулки объектлари ва ер участкалари сони;

Беб – тегишли ҳудуддаги бўш турган давлат мулки объектлари ва ер участкалари.

5. Тегишли ҳудудда бўш давлат мулки объектлари ва ер участкалари мавжуд бўлмаган тақдирда индикатор миқдори 100 фоизга тенг деб ҳисобланади.

2-§. Тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланганлиги кўрсаткичини ҳисоблаш

6. Охирги икки йил давомида тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларидан ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликлари қарорлари сонининг* ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И2 = (Қб / Тҳф× 1000

бунда:

И2 – индикатор миқдори (сонда);

Қб – тегишли ҳудуддаги туман (шаҳар) ҳокимликларининг тадбиркорлик субъектларидан ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарорлари сони;

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

*Изоҳ: Туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ҳар ярим йилликда ҳокимликларнинг қарорларини хатловдан ўтказиш орқали аниқланади.

3-§. Давлат хизматларини кўрсатишда, жумладан лицензия
ва рухсатномалар беришда қонун ҳужжатларига риоя қилиниши кўрсаткичини ҳисоблаш

7. Ярим йил давомида тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектларига қонунчиликда белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда кўрсатилган давлат хизматларининг ушбу ҳудудда уларга кўрсатилган жами давлат хизматларидаги улушини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И3 = (Дқб / Джк) × 100

бунда:

И3 – индикатор миқдори (фоизда);

Дқб – тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектларига қонунчиликда белгиланган тартиб бузилган ҳолда кўрсатилган давлат хизматлари сони;

Джк – тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган жами давлат хизматлари сони.

4-§. Тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратилиши даражаси кўрсаткичини ҳисоблаш

8. Ярим йил давомида тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектларига амалда ажратилган кредит миқдорининг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача кредит миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И4.1 = ҳа / Тҳф) × 1000

бунда:

И4.1 – индикатор миқдори (сўмда);

Кҳа – тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектларига амалда ажратилган кредит миқдори (сўмда), агар кредитлар хорижий валютада ажратилган бўлса, уларнинг сўмдаги эквиваленти индикатор ҳисобланаётган вақтдаги Марказий банк курси бўйича аниқланади;

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

5-§. Тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши кўрсаткичини ҳисоблаш

9. Ярим йил давомида тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқарган маҳсулотлари ҳажмининг ушбу ҳудуддаги ҳар бир фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ҳажмини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И5 = Мт / Тҳф

бунда:

И5 – индикатор миқдори (сўмда);

Мт – тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлари умумий ҳажми (сўмда);

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

6-§. Тадбиркорлик субъектларининг Давлат бюджетига келиб тушган тушумлардаги улуши кўрсаткичини ҳисоблаш

10. Ярим йил давомида тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектларидан Давлат бюджетига (Республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва маҳаллий бюджетлар) келиб тушган тушумларнинг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И6 = т / Тҳф) ×1000

бунда:

И6 – индикатор миқдори (сўмда);

ТТ – тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари томонидан Давлат бюджетига тўланган умумий тўловлар (солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар) миқдори (сўмда);

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

7-§. Тадбиркорлар субъектларидан келиб тушган мурожаатлар кўрсаткичини ҳисоблаш

11. Ярим йил давомида тадбиркорлик субъектларидан тегишли ҳудуддаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларига келиб тушган мурожаатлари сонининг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И7 = ж / Тҳф) × 1000

бунда:

И7 – индикатор миқдори (сонда);

Мж – ярим йил давомида тадбиркорлик субъектларидан тегишли ҳудуддаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатлари сони;

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

8-§. Мажбуриятларнинг бажарилиши билан боғлиқ низолар кўрсаткичини ҳисоблаш

12. Ярим йил давомида тегишли ҳудуддаги иқтисодий ва маъмурий судларда кўриб чиқилган низолар (фуқаролик ва маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид) сонининг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И8.1 = ж / Тҳф) × 1000

бунда:

И8.1 – индикатор миқдори (сонда);

Нж – ярим йил давомида тегишли ҳудуддаги иқтисодий ва маъмурий судларда кўриб чиқилган низолар (фуқаролик ва маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид) сони;

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

13. Ярим йил давомида тегишли ҳудуддаги иқтисодий судларда тадбиркорлик субъектларига нисбатан чиқарилган суд буйруқлари (фуқаролик ва маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид) сонининг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И8.2 = ж / Тҳф) × 1000

бунда:

И8.2 – индикатор миқдори (сонда);

Бж – ярим йил давомида тегишли ҳудуддаги иқтисодий судларда тадбиркорлик субъектларига нисбатан чиқарилган суд буйруқлари (фуқаролик ва маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид) сони;

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

9-§. Тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий маданияти даражаси кўрсаткичини ҳисоблаш

14. Ярим йил давомида тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд қарздорлигининг (бундан мажбурий ижро жараёнидагилар мустасно) ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И9.1 = (Қҳ / Тҳф) × 1000

бунда:

И9.1 – индикатор миқдори (сўмда);

Қҳ – тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг солиқ
ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд қарздорлигининг (бундан мажбурий ижро жараёнидагилар мустасно) миқдори (сўмда);

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

15. Ярим йил давомида тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари ҳисобидан Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар фойдасига ундирилиши лозим бўлган, лекин ундирилмаган мажбурий ижро жараёнида бўлган қарздорликнинг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И9.2 = (Уҳ / Тҳф) × 1000

бунда:

И9.2 – индикатор миқдори (сонда);

Уҳ – тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари ҳисобидан Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар фойдасига ундириладиган мажбурий ижро жараёнида бўлган қарздорлик миқдори (сўмда);

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

16. Ярим йил давомида тадбиркорлик субъектларининг 90 кундан ортиқ муддати ўтган кредит қарздорлик суммаларининг тегишли ҳудуддаги банклар (тижорат ва хусусий) кредит портфелидаги улушини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И9.3 = (Кмў / Кп) × 100

бунда:

И9.3 – индикатор миқдори (фоизда);

Кмў – тадбиркорлик субъектларининг тегишли ҳудуддаги банкларда (тижорат ва хусусий) мавжуд бўлган 90 кундан ортиқ муддати ўтган қарздорлик суммалари (сўмда), агар кредитлар хорижий валютада ажратилган бўлса, уларнинг сўмдаги эквиваленти индикатор ҳисобланаётган вақтдаги Марказий банк курси бўйича аниқланади;

Кп – тегишли ҳудуддаги банкларнинг (тижорат ва хусусий) кредит портфели ҳажми (сўмда).

10-§. Янги ташкил этилган, фаолият юритмаётган ва тугатилган тадбиркорлик субъектлари ҳамда уларнинг яшовчанлиги кўрсаткичини ҳисоблаш

17. Тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сонининг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И10.1 = (Тҳф / Аҳ) × 1000

бунда:

И10.1 – индикатор миқдори (сонда);

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони;

Аҳ – тегишли ҳудуддаги жами аҳоли сони.

18. Тегишли ҳудудда ярим йил давомида янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг ушбу ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидаги улушини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И10.2 = (Тя / Тфю) × 100

бунда:

И10.2 – индикатор миқдори (фоизда);

Тя – тегишли ҳудудда ярим йил давомида янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари сони;

Тфю – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

19. Тегишли ҳудудда ярим йил давомида фаолият юритишни тўхтатиб турган ва (ёки) “ноль” солиқ ҳамда бошқа ҳисоботларни топшираётган тадбиркорлик субъектларининг ушбу ҳудудда рўйхатга олинган жами тадбиркорлик субъектларидаги улушини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И10.3 = (Тфт / Тжр) × 100

бунда:

И10.3 – индикатор миқдори (фоизда);

Тфт – тегишли ҳудудда ярим йил давомида фаолият юритишни тўхтатиб турган ва (ёки) “ноль” солиқ ва бошқа ҳисоботларни топшираётган тадбиркорлик субъектлари сони;

Тжр – тегишли ҳудудда рўйхатга олинган жами тадбиркорлик субъектлари сони.

20. Тегишли ҳудудда уч йил давомида узлуксиз фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сонининг ушбу ҳудудда ҳар 1 000 нафар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И10.4 = уф / Тҳф) × 1000

бунда:

И10.4 – индикатор миқдори (сонда);

Туф – тегишли ҳудудда уч йил давомида узлуксиз фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони;

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

11-§. Тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолини иш билан таъминланганлиги кўрсаткичини ҳисоблаш

21. Тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектлари томонидан иш билан таъминланган аҳолининг ушбу ҳудудда банд бўлган ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И11 = (Бт / Бҳа) × 1000

бунда:

И11 – индикатор миқдори (сонда);

Бт – тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектлари томонидан иш билан таъминланган аҳоли сони;

Бҳа – тегишли ҳудудда банд бўлган аҳоли сони.

12-§. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш кўрсаткичини ҳисоблаш

22. Ярим йил давомида тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текшириш ҳамда тафтишларнинг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И12 = (Тж / Тҳф) × 1000

бунда:

И12 – индикатор миқдори (сонда);

Тж – ярим йил давомида тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текшириш ҳамда тафтишлар сони;

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

13-§. Тадбиркорлик субъектларининг банклардаги ҳисобварақларига банд солинганлиги кўрсаткичини ҳисоблаш

23. Тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектларининг банклардаги банд солинган (инкассо, давлат ижрочилари қарори, ижро ҳужжати асосида) ҳисобварақлари сонининг ушбу ҳудудда асосий ҳисобварақлари мавжуд бўлган ҳар 1 000 нафар тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И13 = (Ҳб / Ҳж) × 1000

бунда:

И13 – индикатор миқдори (сонда);

Ҳб – тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектларининг банклардаги банд солинган (инкассо, давлат ижрочилари қарори, ижро ҳужжати асосида) ҳисобварақлари сони;

Ҳж – тегишли ҳудудда асосий ҳисобварақлари мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектлари сони.

14-§. Тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун жойлаштирилган асосий капитал қўйилмалари кўрсаткичини ҳисоблаш

24. Тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар устав капиталида шаклланган маблағларнинг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И14.1 = (Кж / Тҳф) × 1000

бунда:

И14.1 – индикатор миқдори (сўмда);

Кж – тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари – юридик шасхлар устав капиталида шаклланган маблағлар йиғиндиси (сўмда);

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

25. Ярим йил давомида тегишли ҳудуддаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар суммасининг республика миқёсида жалб қилинган мазкур турдаги инвестицияларнинг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар аҳоли сонига тўғри келадиган миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И14.2 = (Иҳ / Аҳ) × 1000

бунда:

И14.2 – индикатор миқдори (сўмда);

Иҳ – тегишли ҳудудда жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар суммаси (сўмда);

Аҳ – тегишли ҳудуддаги жами аҳоли сони.

15-§. Тадбиркорлик субъектлари учун ўқув-семинарлар ташкиллаштирилганлиги кўрсаткичини ҳисоблаш

26. Ярим йил давомида тегишли ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектлари учун ташкил этилган солиқ, молия, бухгалтерия, банк ва бошқа соҳалар бўйича ўқув-семинарлар умумий сонининг ҳар 1 000 нафар тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И15 = (Сҳ / Тҳф) × 1000

бунда:

И15 – индикатор миқдори (сонда);

Сҳ – ярим йил давомида тегишли ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектлари учун ташкил этилган солиқ, молия, бухгалтерия, банк ва бошқа соҳалар бўйича ўқув-семинарлар умумий сони;

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

16-§. Тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклардаги кредитлари бўйича фоиз харажатларини компенсациялар шаклида қопланилганлиги кўрсаткичини ҳисоблаш

27. Ярим йил давомида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклардаги кредитлари бўйича фоиз харажатлари қопланилган сумманинг ушбу ҳудудда фаолият юритаётган ҳар 1 000 нафар тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган миқдорини аниқлаш йўли билан қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И16 = (Ккҳ / Тҳф) × 1000

бунда:

И16 – индикатор миқдори (сўмда);

Ккҳ – ярим йил давомида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклардаги кредитлари бўйича фоиз харажатлари қопланилган сумма (сўмда);

Тҳф – тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони.

3-боб. Ўтказилган сўровлар бўйича маълумотлар асосида индикаторларни ҳисоблаш тартиби

1-§. Тадбиркорларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқларининг доимий таъминланганлиги кўрсаткичини ҳисоблаш

28. Тегишли ҳудудда ўтказилган сўровлар натижасига кўра тадбиркорлик субъектларига муҳандислик-коммуникация хизматлари амалда етказиб берилганлиги индикатори 1 дан 5 гача бўлган баллар йиғиндиси бўйича қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И17 = ((Эу + Гу + Су) / Тсқ) / 3

бунда:

И17 – индикатор миқдори (сонда);

Эу – тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари томонидан етказиб берилган электр энергиясига берилган баллар йиғиндиси;

Гу – тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари томонидан етказиб берилган табиий газга берилган баллар йиғиндиси;

Су – тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари томонидан етказиб берилган ичимлик сувига берилган баллар йиғиндиси;

Тсқ – тегишли ҳудудда сўровномада иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони.

2-§. Тадбиркорлик субъектларига банк хизматлари кўрсатилиши сифати кўрсаткичини ҳисоблаш

29. Тегишли ҳудудда ўтказилган сўровлар натижасига кўра тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган банк хизматлари сифати индикатори 1 дан 5 гача бўлган баллар йиғиндиси бўйича қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И4.2 = Бу / Тсқ

бунда:

И4.2 – индикатор миқдори (сонда);

Бу – тадбиркорлик субъектлари томонидан банк хизматлари сифатига берилган баллар йиғиндиси;

Тсқ – тегишли ҳудудда сўровномада иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони.

3-§. Тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этилганлиги даражаси кўрсаткичини ҳисоблаш

30. Тегишли ҳудудда ўтказилган сўровлар натижасига кўра тадбиркорлик субъектлари томонидан мажбурий ҳомийлик ва бошқа тадбирларга жалб этиш 1 дан 5 гача бўлган баллар йиғиндиси бўйича қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И18 = Ҳу / Тсқ

бунда:

И18 – индикатор миқдори (сонда);

Ҳу – ҳудудда ўтказилган сўровлар натижасига кўра тадбиркорлик субъектлари томонидан мажбурий ҳомийлик ва бошқа тадбирларга жалб этиш даражасига берилган баллар йиғиндиси;

Тсқ – тегишли ҳудудда сўровномада иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони.

4-§. Тадбиркорлик субъектларининг давлат органларига бўлган ишончи кўрсаткичини ҳисоблаш

31. Тегишли ҳудудда ўтказилган сўровлар натижасига кўра тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари, ташкилотлари, муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончи индикатори 1 дан 5 гача бўлган баллар йиғиндиси бўйича қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

И19 = Иу / Тсқ

бунда:

И19 – индикатор миқдори (сонда);

Иу – тадбиркорлик субъектлари томонидан сўровномада кўрсатилган ишончнинг даражасига берилган баллар йиғиндиси;

Тсқ – тегишли ҳудудда сўровномада иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони.

4-боб. Индикатор кўрсаткичларини баҳолаш тартиби

32. Мазкур Методика бўйича аниқланган индикаторлар ижобий ва салбий кўрсаткичларга эга бўлади.

33. Ижобий индикаторлар эга бўлган И1, И4.1, И5, И6, И10.1, И10.2, И10.4, И11, И14.1, И14.2, И15, И16, И17, И4.2 ва И19 индикаторларига қуйидаги формула асосида балл берилади:

Бии = [((Иҳ - Имин) / (Имак - Имин)) × (10 - 1)] + 1

бунда:

Бии – ижобий индикаторларга бериладиган балл;

Иҳ – баҳоланаётган тегишли ҳудуднинг индикатор миқдори;

Имин – баҳоланаётган индикаторнинг барча ҳудудлардаги энг паст кўрсаткичга эга бўлган ҳудуд индикатори миқдори;

Имакс – баҳоланаётган индикаторнинг барча ҳудудлардаги энг юқори кўрсаткичга эга бўлган ҳудуд индикатори миқдори.

34. Салбий кўрсаткичларга эга бўлган И2, И3, И7, И8.1, И8.2, И9.1, И9.2, И9.3, И10.3, И12, И13 ва И18 индикаторларига қуйидаги формула асосида балл берилади:

Бси = 10-[((Иҳ - Имин) / (Имак - Имин)) × (10 - 1)]

бунда:

Бси – салбий индикаторларга бериладиган балл;

Иҳ – баҳоланаётган тегишли ҳудуднинг индикатор миқдори;

Имин – баҳоланаётган индикаторнинг барча ҳудудлардаги энг паст кўрсаткичга эга бўлган ҳудуд индикатори миқдори;

Имакс – баҳоланаётган индикаторнинг барча ҳудудлардаги энг юқори кўрсаткичга эга бўлган ҳудуд индикатори миқдори.

35. Қуйидаги индикаторларга оширилган коэффициент асосида балл берилади:

И19 – 1,5 коэффициент;

И11 – 1,45 коэффициент;

И1 – 1,4 коэффициент;

И2 – 1,35 коэффициент;

И18 – 1,3 коэффициент;

И12 – 1,25 коэффициент;

И4.1 – 1,2 коэффициент;

И3 – 1,15 коэффициент.

Индикаторларга оширишган коэффициент қуйидаги тартибда ҳисобланади ва ушбу Методиканинг 36-бандида назарда тутилган ўртача баллни ҳисоблашда инобатга олинади:

Бои = Бии/си × Км

бунда:

Бои – индикаторнинг оширилган коэффициент бўйича ҳисобланган бали;

Бии/си – ижобий ёки салбий индикатор учун берилган балл;

Км – индикаторлар учун тегишли бўлган коэффициент миқдори.

36. Тегишли ҳудуднинг ўртача балини ҳисоблаш қуйидаги кетма-кетликдаги формулалар асосида аниқланади:

Бииў = (Бии1 + Бии2 + ... +Бии15) / 15

Бсиў = (Бси1 + Бси2 + ... +Бси12) / 12

Буў = (Бииў + Бсиў) / 2

бунда:

Бииў – ижобий индикаторнинг ўртача бали;

Бии1 ... Бии15 – ушбу Методиканинг 32-бандида назарда тутилган тартибда аниқланган ижобий индикаторларнинг бали;

Бсиў – салбий индикаторнинг ўртача бали;

Бси1 ... Бси12 – ушбу Методиканинг 33-бандида назарда тутилган тартибда аниқланган салбий индикаторларнинг бали;

Буў – тегишли ҳудуднинг умумий ўртача бали.

5-боб. Якунловчи қоидалар

37. Тегишли ҳудудларнинг рейтинг бали бир хил бўлган тақдирда, И1, И2, И3, И4.1, И11, И12, И18 ва И19 индикаторлар бўйича олинган ўртача балл миқдоридан келиб чиқиб, ушбу кетма-кетлик асосида яхшироқ бўлган ҳудудларга юқорироқ ўрин белгиланади.

Ҳудудларнинг тадбиркорлик фаолиятини

ривожлантириш даражасини баҳолаш

бўйича Методикага

ИЛОВА

 

Ҳудудларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасини баҳолаш

ТИЗИМИ

Индикатор (кўрсаткич)нинг номи Ўлчов бирлиги Индикатор (кўрсаткич)ни ҳисоблаш методикаси Индикаторни баҳолаш Маълумотларни киритиш учун масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар
I. Расмий статистик маълумотлар
1. Бўш турган бино-иншоотлар
ва участкаларни тадбиркорлик фаолияти учун бериш кўрсаткичи
фоиз Тегишли ҳудуддаги давлат мулки объектлари ва ер участкаларининг электрон онлайн-аукцион орқали доимий фойдаланишга ва ижарага берилган ушбу ҳудуддаги жами бўш турган давлат мулки объектлари ва ер участкаларидаги улуши. 1 баллдан 10 баллгача Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Ўздавгеодезкадастр” давлат қўмитаси
2. Тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланганлиги кўрсаткичи сон Тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларидан ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликлари қарорлари сонининг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 та фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача кредит миқдори 1 баллдан 10 баллгача Адлия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги
3. Давлат хизматларини кўрсатишда, жумладан лицензия ва рухсатномалар беришда қонун ҳужжатларига риоя қилиниши фоиз Тегишли ҳудудда белгиланган тартиб бузилган ҳолда тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган хизматларнинг жами кўрсатилган давлат хизматларидаги улуши 1 баллдан 10 баллгача Давлат хизматлари агентлиги
4. Тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратилиши аҳволи сўм Тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит миқдорининг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 та фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган кредит миқдори 1 баллдан 10 баллгача

Марказий банк,

Давлат статистика қўмитаси

5. Тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши сўм Тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқарган маҳсулотлари ҳажмининг ушбу ҳудуддаги ҳар бир фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ҳажми 1 баллдан 10 баллгача Давлат статистика қўмитаси
6. Тадбиркорлик субъектларининг Давлат бюджетига келиб тушган тушумлардаги улуши сўм Ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари томонидан Давлат бюджетига тушурилган тушумнинг ушбу ҳудуддаги фаолият юритаётган ҳар 1 000 та тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган миқдори 1 баллдан 10 баллгача

Давлат статистика қўмитаси,

Молия вазирлиги

7. Тадбиркорлар субъектларидан келиб тушган мурожаатлар салмоғи сон Тадбиркорлик субъектларидан тегишли ҳудуддаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларига келиб тушган мурожаатлари сонининг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 та фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдори 1 баллдан 10 баллгача

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси

(келишув асосида),

Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари

8. Мажбуриятларнинг бажарилиши билан боғлиқ низолар сон Тегишли ҳудуддаги иқтисодий ва маъмурий судларда кўриб чиқилган низолар (фуқаролик ва маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид) сонининг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 та фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдори 1 баллдан 10 баллгача

Олий суд

(келишув асосида)

сон Тегишли ҳудуддаги иқтисодий судларда тадбиркорлик субъектларига нисбатан чиқарилган суд буйруқлари (фуқаролик ва маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид) сонининг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 та фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдори 1 баллдан 10 баллгача

Олий суд

(келишув асосида)

9. Тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий маданияти даражаси сўм Тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд қарздорлигининг (бундан мажбурий ижро жараёнидагилар мустасно) ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 та фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдори 1 баллдан 10 баллгача Давлат солиқ қўмитаси
сўм Тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари ҳисобидан Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар фойдасига ундирилиши лозим бўлган, лекин ундирилмаган мажбурий ижро жараёнида бўлган қарздорликнинг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 та фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдори 1 баллдан 10 баллгача

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси

(келишув асосида)

фоиз Ҳудудда тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит суммаларнинг 90 кундан ортиқ муддати ўтган кредит қарздорлик суммаларининг кредит портфелидаги улуши 1 баллдан 10 баллгача Марказий банк
10. Янги ташкил этилган, фаолият юритмаётган ва тугатилган тадбиркорлик субъектлари ҳамда уларнинг яшовчанлиги сон Тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сонининг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 та аҳолига тўғри келадиган ўртача миқдори 1 баллдан 10 баллгача

Давлат статистика қўмитаси,

Давлат хизматлари агентлиги

фоиз Тегишли ҳудудда ярим йил давомида янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг ушбу ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидаги улуши 1 баллдан 10 баллгача

Давлат статистика қўмитаси,

Давлат хизматлари агентлиги

фоиз Тегишли ҳудудда ярим йил давомида фаолият юритишни тўхтатиб турган ва (ёки) “ноль” солиқ ҳамда бошқа ҳисоботларни топшираётган тадбиркорлик субъектларининг ушбу ҳудудда рўйхатга олинган жами тадбиркорлик субъектларидаги улуши 1 баллдан 10 баллгача

Давлат статистика қўмитаси,

Давлат солиқ қўмитаси

сон Тегишли ҳудудда уч йил давомида узлуксиз фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сонининг ушбу ҳудудда ҳар 1 000 та фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдори 1 баллдан 10 баллгача 1 баллдан 10 баллгача
11. Тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолини иш билан таъминланганлиги сон Тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектлари томонидан иш билан таъминланган аҳолининг ушбу ҳудудда банд бўлган ҳар 1 000 та аҳолига тўғри келадиган ўртача миқдори 1 баллдан 10 баллгача

Давлат статистика қўмитаси,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

12. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш аҳволи сон Ярим йил давомида тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текшириш ҳамда тафтишларнинг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 та фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдори 1 баллдан 10 баллгача

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил

(келишув асосида)

13. Тадбиркорлик субъектларининг банклардаги ҳисобварақларига банд солинганлиги сон Тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектларининг банклардаги банд солинган (инкассо, давлат ижрочилари қарори, ижро ҳужжати асосида) ҳисобварақлари сонининг ушбу ҳудудда асосий ҳисобварақлари мавжуд бўлган ҳар 1 000 та тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдори 1 баллдан 10 баллгача Марказий банк
14. Марказий банк сўм Тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари – юридик шасхлар устав капиталида шаклланган маблағларнинг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 та фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган ўртача миқдори 1 баллдан 10 баллгача

Давлат хизматлари агентлиги,

Давлат статистика қўмитаси

сўм Тегишли ҳудуддаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар суммасининг республика миқёсида жалб қилинган мазкур турдаги инвестицияларнинг ушбу ҳудуддаги ҳар 1 000 нафар аҳоли сонига тўғри келадиган миқдори 1 баллдан 10 баллгача

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги,

Давлат статистика қўмитаси

15. Тадбиркорлик субъектлари учун ўқув-семинарлар ташкиллаштирилганлиги сон Тегишли ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектлари учун ташкил этилган солиқ, молия, бухгалтерия, банк ва бошқа соҳалар бўйича ўқув-семинарлар умумий сонининг ҳар 1 000 та тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган миқдори 1 баллдан 10 баллгача Савдо-саноат палатаси
16. Тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклардаги кредитлари бўйича фоиз харажатларини компенсациялар шаклида қопланилганлиги сўм Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклардаги кредитлари бўйича фоиз харажатлари қопланилган сумманинг ушбу ҳудудда фаолият юритаётган ҳар 1 000 та тадбиркорлик субъектларига тўғри келадиган миқдори 1 баллдан 10 баллгача Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес
ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги
II. Ўтказилган сўровлар бўйича маълумотлар
17. Тадбиркорларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқларининг доимий таъминланганлиги сон Тадбиркорлик субъектларига муҳандислик-коммуникация хизматлари амалда етказиб берилганлиги 1 дан 5 гача бўлган баллар йиғиндисининг ўртачаси 1 баллдан 10 баллгача Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги
18. Тадбиркорлик субъектларига банк хизматлари кўрсатилиши сифати сон Тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган банк хизматлари сифати 1 дан 5 гача бўлган баллар йиғиндисининг ўртачиси 1 баллдан 10 баллгача Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги
19. Тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этилганлиги сон Тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектлари томонидан мажбурий ҳомийлик ва бошқа тадбирларга жалб этиш 1 дан 5 гача бўлган баллар йиғиндисининг ўртачаси 1 баллдан 10 баллгача Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги
20. Тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари, ташкилотлари, муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончи сон Тадбиркорлик субъектларининг тегишли ҳудуддаги давлат органлари, ташкилотлари, муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончи даражаси 1 баллдан 10 баллгача Адлия вазирлиги

 

Umumiy takliflar

232