ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9005 Министерство сельского хозяйства Республики Узбекистан 11/10/2019 26/10/2019 6

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Prezidentining Qarori
Шоличиликни барқарор ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-9005

Республикада шоли етиштиришни кўпайтириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шолини харид қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш соҳасида бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш, ички истеъмол бозорининг гуруч маҳсулотларига бўлган талабини барқарор таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашининг шоли етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишга ихтисослаштирилган “Ўзбекшоличилиги” уюшмасини (кейинги ўринларда – Уюшма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

шоличиликни ривожлантириш борасида қабул қилинган дастурларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

юқори сифатли шоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда аҳолини бундай маҳсулотлар билан таъминлашни ташкил этиш;

шоли уруғчилигини ривожлантириш, инновацион технологиялар асосида юқори ҳосилли маҳаллий шоли навларини яратишда Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорлик қилиш;

шоличилик соҳасида фаолият юритаётган хорижий ташкилотлар билан ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, ходимларнинг мазкур ташкилотларда доимий равишда малакасини ошириб боришни ташкил этиш ҳамда ҳалқаро молия институтларининг маблағларини жалб қилиш;

ҳудудлар кесимида шоли етиштиришнинг прогноз ҳажмларини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

шоли етиштириш, қабул қилиш, сифатини аниқлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва ҳисобини юритиш ҳамда ушбу механизмларни такомиллаштириш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

замонавий қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш, ёпиқ сиғимлар қуриш ва ушбу мақсадлар учун хорижий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашиш;

шоли ва гуруч маҳсулотларининг ички ҳамда ташқи бозорларидаги нархлари мониторингини юритиш.

3. Қуйидагилар:

“Ўзбекшоличилиги” уюшмасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага;

“Ўзбекшоличилиги” уюшмаси ижро этувчи аппаратининг тузилмаси 2- иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Уюшма раисига, зарурат бўлганда, бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида ижро этувчи аппаратнинг тузилмасига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги “Қорақалпоқдонмаҳсулотлари”, “Хонқадонмаҳсулотлари” ва “Тахиатош дон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятлари, “Guliston agro group” масъулияти чекланган жамияти ва “Олтинкўл азаматлари” агрофирмаси Уюшма таъсисчилари ҳисобланади;

шоличилик кластерлари, шоли етиштирувчи фермер хўжаликлари ва шолини қайта ишлаш корхоналари ихтиёрий равишда Уюшма аъзолигига қабул қилинади;

Уюшма раиси таъсисчилар умумий йиғилиши қарори билан сайланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

5. Уюшма ижро этувчи аппаратининг жорий таъминоти ва фаолиятини молиялаштириш уюшма аъзоларининг ажратмалари ҳамда қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Уюшмага аъзо бўлган фермер хўжаликлари Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашига ажратма тўлашдан озод этилади.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари Уюшма, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда ҳар йили 1 мартга қадар сув баланси прогнозидан келиб чиққан ҳолда шоли экинларини жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин. 

7. Уюшма қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда шоличиликни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.

Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

биржа савдолари орқали сотувга қўйиладиган ва ҳақиқатда сотиладиган гуруч нархлари ўртасидаги ижобий фарқ суммасининг 30 фоизи;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

халқаро грантлар ва техник кўмак маблағлари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма манбалари Уюшманинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шоличилик соҳасида селекция ишларини яхшилаш, ходимларни моддий рағбатлантириш, шунингдек, қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа тадбирлар учун йўналтирилади.

8. Уюшма Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини тасдиқласин.

8. Уюшма Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини тасдиқласин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2020 йил ҳосили учун шоличилик кластерларини ташкил этиш бўйича таклифларни 2020 йил 1 январига қадар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

10. Шоличилик кластерларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш қуйидаги шартлар асосида амалга оширилади:

ишлаб чиқаришнинг (хизмат кўрсатиш) инновацион технологияларидан фойдаланган ҳолда шоли етиштириш ёки шартнома асосида сотиб олиш, қабул қилиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ички
ва ташқи бозорларга етказиб бериш таъминланади;

шоличилик кластери иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарурий инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган, биринчи навбатда, салоҳиятли маҳаллий инвесторлар томонидан ташкил этилади;

шоличилик кластерига ер майдони ижара ҳуқуқи асосида юридик ва жисмоний шахсларга ажратилмаган қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан, захирадаги ерлардан, қайта тикланадиган ҳамда фойдаланишга киритиладиган ер майдонларидан ўрнатилган тартибда эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга ажратилади;

ҳосил йили учун шоличилик кластерини ташкил этиш бўйича таклифлар ҳар йилнинг 1 январига қадар шакллантирилади;

шоличилик кластерини ташкил этиш учун алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши талаб этилмайди;

шоличилик кластерига қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мақсадида ажратилган ер майдонларидан бир йил мобайнида фойдаланмаслик, тупроқ унумдорлигининг пасайишига, кимёвий ва радиоактив ифлосланишига, атроф муҳитнинг бузилишига, республика ҳудудида карантин объектларининг пайдо бўлишига ва тарқалишига олиб келувчи усуллардан фойдаланиш ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор бўлишига сабаб бўлади.

11. Шоличилик кластерларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шундай тартиби белгилансинки, унга мувофиқ:

ажратиладиган ер майдонларида босқичма-босқич сув тежовчи технологияларни (томчилатиб, ёмғирлатиб, тупроқ остидан томчилатиб суғориш ва бошқалар) жорий этганларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрдаги ПҚ–4087-сон “Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади;

қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилганларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4422-сон қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади;

фойдаланишга киритиладиган ҳамда қайта тикланадиган ер майдонлари фойдаланишга киритилганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сон Фармонида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.

12. Белгилансинки:

шоличилик кластерига ер майдони ажратиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари ва ташаббускорлар ўртасида ёзма равишда тузиладиган битим асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда амалга оширилади;

хорижий инвесторлар иштирок этаётган шоличилик кластерларига ер майдони Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан тузиладиган инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилади.

Бунда, шоличилик кластерини ташкил этувчи ташаббускор томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоят ҳокимликларига ёки Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

шоличилик кластерини ташкил этиш бўйича ариза;

юридик шахс рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома;

шоличилик кластери фаолиятини ташкил этишда фермер хўжаликларида шоли етиштиришни молиялаштириш, шолини қуритиш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан бизнес режа ёки техник-иқтисодий асоснома;

ташаббускорнинг банкдаги ҳисобварағида бизнес режани амалга ошириш учун етарли ва мажбуриятлардан озод бўлган пул маблағларининг мавжудлиги ҳақида хизмат кўрсатувчи банк томонидан тақдим этилган маълумотномадан кўчирма;

шоличилик кластрларининг фаолият юритиши учун зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотнома.

13. Шундай тартиб ўрнатилсинки, 2020 йил шоли ҳосилидан бошлаб:

туман ҳокимлиги қарорига асосан фермер хўжаликлари кесимида белгиланган шоли етиштириш ҳажмидан келиб чиқиб, шоличилик кластерлари билан шоли етиштирувчи хўжаликлар ўртасида фьючерс шартномалари тузилади;

шоличилик кластрларига шоли ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун маҳсулот қийматининг 60 фоизи миқдорида хизмат кўрсатувчи тижорат банки томонидан марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган фоизларда кредит маблағлари ажратилади;

шоличилик кластери ажратилган кредит маблағларини ўзаро тузилган фьючерс шартномасига асосан шоли етиштирувчи хўжаликларга бўнак тариқасида тўлаб беради ва ушбу маблағлар уруғлик, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, ёнилғи мойлаш маҳсулотлари, механизация хизматлари учун тўловларни амалга оширишга йўналтирилади;

шоличилик кластери бўнак маблағлар ёки моддий ресурслар ажратмаган тақдирда, етиштирилган шоли тўлиғича фермер хўжаликлари ихтиёрида қолдирилади;

шоличилик кластери шоли етиштирувчи хўжаликларга маҳсулот қийматининг 60 фоизидан кам миқдорда бўнак ажратган тақдирда, фермер хўжаликлари ажратилган бўнак миқдорига тенг қийматда шоли етказиб беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси шоли майдонларида агротехник тадбирларининг ўз вақтида ўтказилиши ва бўнак маблағларининг мақсадли фойдаланиши устидан доимий назорат олиб боради;

шоличилик кластери томонидан харид қилинадиган шолининг нархи сарфланадиган ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб, фермер хўжаликлари билан тузиладиган шартнома асосида бозор баҳосида белгиланади;

шоличилик кластери шоли етиштирувчи фермер хўжаликларидан харид қилинган шоли учун якуний ҳисоб-китобларни ҳосил йилининг 31 декабрига қадар тўлиқ амалга оширади;

лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилиш, минерал ўғитлар, уруғлик, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа ресурслар етказиб бериш бўйича фермер хўжаликлари учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган шартлар ҳамда тартиблар шоличилик кластерларига ҳам татбиқ этилади.

14. Уюшма Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда бир ой муддатда:

шоличилик кластерлари билан шоли етиштирувчи фермер хўжаликлари ўртасида шоли харид қилиш бўйича шартноманинг намунавий лойиҳасини;

шоличилик кластерлари билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари ўртасида ер майдони ажратиш бўйича тузиладиган битимнинг наъмунавий лойиҳасини ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда жойларга етказсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгеси билан биргаликда бир ой муддатда шоличилик ва ғаллачилик соҳасида илмий-тадқиқот ишларини янада кенгайтириш, ҳудуднинг табиий-иқлим шароитларига мос, янги серҳосил шоли, бошоқли ва дуккакли дон экинлари навларини яратиш ишларини жадаллаштириш мақсадида Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси негизида Шоличилик илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси (кейинги ўринларда – Станция) ташкил этилсин.

16. Қуйидагилар Станциянинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига мос, эрта ва ўртапишар, юқори ҳосилли, касалликларга чидамли шоли, бошоқли ва дуккакли дон экинлари навлари ва дурагайларини яратиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш;

янги ва истиқболли шоли, дон ва дуккакли дон экинлари навларининг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш;

замонавий ресурстежамкор етиштириш технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

касаллик ва зараркунандаларга қарши атроф-муҳит экологик мувозанатига таъсир этмайдиган кураш усулларини ишлаб чиқиш;

соҳанинг етакчи хорижий илмий муассасалари билан қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

шоли, дон ва дуккакли дон экинларини етиштиришни ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;

юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириш ва такомиллаштириш.

17. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда бир ой муддатда Станциянининг уставини тасдиқласин ҳамда уни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

18. Станциянинг ташкилий тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

19. Станциянинг молиялаштириш манбалари этиб:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

20. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгеси Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси балансида бўлган Нукус туманидаги 232 гектар суғориладиган ер майдонлари, маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари ҳамда қишлоқ хўжалик техникаларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида Станцияга илмий-тадқиқот ишлари учун ажратилишини таъминласин.

21. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда жорий йил якунига қадар уруғлик шоли ва соя етиштирадиган хўжаликларни, шунингдек илмий муассаслар – нав оригинаторлари, селекция ва уруғчилик соҳаси олимларини рағбатлантириш тартиби бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

22. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

23. “Ўзбекшоличилиги” уюшмасини Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Шахрисабз кўчасидаги 36-уйга жойлаштирилсин.

24. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммаларига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

              Президенти                                                  Ш. Мирзиёев

Umumiy takliflar

491