ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
8985 Агентство информации и массовых коммуникаций при Администрации Президенте Республики Узбекистан 11/10/2019 26/10/2019 0

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Ахборот-кутубхона муассасаларининг ахборот-кутубхона фондларини сақланиши тўғрисида ЙЎРИҚНОМА
ID-8985

Ахборот-кутубхона муассасаларининг ахборот-кутубхона фондларини
сақланиши тўғрисида

ЙЎРИҚНОМА

 

Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги ва “Маданий мерос объектларидан фойдаланиш ва сақлаш тўғрисида”ги Қонунларига мувофиқ, ахборот-кутубхона муассасаларининг ахборот-кутубхона фондларини (кейинги ўринларда фонд деб юритилади) сақлашнинг умумий қоидаларини белгилайди.

Ушбу йўриқноманинг ахборот-кутубхона муассасасининг мақоми, ташкилий-тузилмаси ва технологик хусусиятларидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасининг барча ахборот-кутубхона муассасаларида қўлланилиши мажбурийдир.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси ахборот-кутубхона муассасаларининг фондлари давлат мулки ҳисобланади ҳамда давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмас.

2. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан ахборот-кутубхона муассасалари фондини сақлаш, асраш ва ундан фойдаланиш, шунингдек уни шикастланишдан ва ўғирланишдан ҳимоя қилиш учун мақбул шарт-шароитлар яратилади.

3. Ушбу Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

абонент – ахборот-кутубхона муассасаси томонидан доимий фойдаланувчи сифатида рўйхатга олинган жисмоний ёки юридик шахс;

абонемент – ахборот-кутубхона муассасасининг таркибий бўлинмаси бўлиб, унда фойдаланувчиларга муайян муддатга уйда фойдаланиш учун фонднинг ахборот-кутубхона ресурслари тақдим этилади;

ахборот-кутубхона ресурси – моддий объектда матн, овозли ёзув ёки тасвир тарзида қайд этилган ҳамда идентификациялаш, сақлаш ҳамда фойдаланишни таъминлаш учун реквизитларга эга бўлган ахборот;

ахборот-кутубхона ресурсларига ишлов бериш – ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобга олиш, каталоглаштириш ва техник қайта ишлаш (штемпель босиш, инвентар рақами ва шифр қўйиш, китоблар формулярларини расмийлаштириш, китобларга чўнтакча ёпиштириш, қайтариш муддати варақалари, шифрли ёрлиқлар) орқали ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш ва фойдаланишни таъминловчи жараёнлар мажмуи;

ахборот-кутубхона фондини тартиблаш – ахборот-кутубхона ресурсларини ахборот-кутубхона муассасасининг муайян фондида жойлаштириш тартиби;

вақтинча (қисқа муддат) сақланадиган ахборот-кутубхона ресурслари – сақлаш муддати аввалдан, қоида бўйича 1 йилдан 5 йилгача белгиланган, даврий ҳамда ахборот аҳамиятига эга ахборот-кутубхона ресурслари;

узоқ вақт сақланадиган (узоқ муддатли) ахборот-кутубхона ресурслари – сақлаш муддати табиий ҳаёт давомийлиги ёхуд фойдаланувчилар талаби билан белгиланадиган ахборот-кутубхона ресурслари;

доимий сақланадиган (муддатсиз) ахборот-кутубхона ресурслари – ёдгорлик, коллекция, ноёблик, нодирлик мезонларига жавоб берадиган сақлаш муддати белгиланмаган ахборот-кутубхона ресурслари. Уларнинг бир қисми миллий фонднинг китобларни мажбурий нусха сифатида олиш тизими ва китоб ёдгорликлари сифатида сақлаш асосида шакллантирилган ахборот-кутубхона ресурслари мажмуи;

китоб тутқич – китобни токча ёки столда тик ҳолатда тутиб турадиган, зич материалдан ясалган мослама. Унинг ўлчами тутиб туриладиган китобларнинг бичимига мос  бўлади;

кутубхоналараро абонемент – ахборот-кутубхона муассасасининг бўлими (хизмат) ёки шўъбаси бўлиб, фондида мавжуд бўлмаган адабиётларни бундай нашрларга эга бўлган ахборот-кутубхона муассасаларидан олиб, фойдаланувчиларга тақдим этиш орқали уларнинг сўровларини ҳар томонлама, ўз вақтида қондириш мақсадида ташкил этилган, мамлакат ахборот-кутубхона муассасалари фондларининг ўзаро фойдаланиш тизими;

кўчмас фонд – доимий (муддатсиз) сақланадиган ахборот-кутубхона ресурси;

фойдаланувчи –ахборот-кутубхона муассасасида рўйхатдан ўтган шахс;

фойдаланувчининг буюртма варақаси – кутубхона фойдаланувчисидан ресурсдан  фойдаланиш учун қабул қилинадиган варақа.

фойдаланувчиларга ностационар хизмат кўрсатиш – филиаллар, китоб бериш пунктлари, кўчма кутубхоналар, библиобуслар орқали аҳолига, барча фойдаланувчиларга дифференциал хизмат кўрсатишга мўлжалланган, ахборот-кутубхона муассасасидан ташқарида хизмат кўрсатиш;

фондни қисман текшириш – бирор-бир аломатига кўра, мустақил кичик бўлинмага ажратилган ва ахборот-кутубхона муассасаси умумий фондининг (ўқув зали, абонемент, нодир китоблар бўлими фондининг) танланган бирор бир қисмини текшириш;

фондни танлаб текшириш – айрим ҳолларда ахборот-кутубхона ресурсларини маълум бир қисмини ёки бўлинмаларни текшириш;

фондни ялпи текшириш – фонднинг барча бўлимларидаги ахборот-кутубхона ресурсларининг  норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муддатларга мувофиқ текшириш;

фонд ҳаракати – фондни янги адабиётлар билан тўлдириш ва унинг бир қисмини турли сабабларга кўра (китоб айирбошлаш, ҳужжатларни чиқариш ва бошқ.) чиқариш ҳамда кутубхона бўлинмалари ўртасидаги алмашинув жараёни;

фондлардан очиқ фойдаланиш – фойдаланувчиларга адабиётларни бевосита ахборот-кутубхона муассасаси фондидан мустақил танлаш имкониятини тақдим этувчи хизмат кўрсатиш тизими;

ёрдамчи ахборот-кутубхона фонди – фойдаланувчиларнинг сўровларини тезда қондириш учун ахборот-кутубхона муассасасининг ўқув залларида, абонементларда, маълумот бўлимларида ва  бошқа бўлинмаларида ташкил этиладиган энг долзарб ва кўп сўраладиган адабиётлар фонди;

бутлашнинг мавзули-типологик режаси – ахборот-кутубхона муассасаси фондининг сиёсатини белгилайдиган дастурий ҳужжат ҳисобланади. Бутлашнинг мавзули-типологик режаси фонднинг сифати ва миқдори таснифини: ҳужжатларнинг тематикаси, тури, фондни сақлаш ва фойдаланувчиларга янада мақбул хизмат кўрсатиш мақсадида фондга киритилган нусхаларни акс эттиради.

ноёб, алоҳида қийматга эга ва нодир нашрлар – тарихий, илмий, бадиий ёки бошқа маданий қийматга молик, уларни сақлаш ва фойдаланиш муносабатларида ҳисобга олишнинг, алоҳида (қатъий) тартиби ўрнатилган қўлёзма китоблар ва босма нашрлар, адабиёт ва санъат асарлари, қўлёзма ҳамда график ҳужжатлар, манускриптлар (маданият ёдгорликлари, тарихий ҳужжатлар);

электрон буюртма – электрон шаклда ахборот-кутубхона хизмати учун берилган буюртма. 

4. Ахборот-кутубхона муассасалари ўзининг низомида белгиланган вазифасидан келиб чиққан ҳолда, доимий, узоқ муддатли, вақтинчалик сақланадиган ахборот-кутубхона ресурсларининг муддатини ва таркибини мустақил равишда белгилайди. Ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш муддатлари мавзули-типологик режада ёки фондларни бутлаш ихтисослигида қайд этилади.

5. Ноёб, алоҳида қимматга эга ва нодир нашрлар, шунингдек алоҳида аҳамиятга молик китоблар тўплами Ўзбекистон Республикасининг миллий, маданий бойлиги саналади ва қонунчиликка мувофиқ, моддий маданий мерос объектлари сифатида давлат ҳимоясида бўлади.

Таркибида ноёб, алоҳида қимматга эга ва нодир нашрлар мавжуд бўлган ахборот-кутубхона муассасалари фондини асраш ва сақлаш учун зарурий шарт-шароитлар яратиб берилиши шарт.

6. Ахборот-кутубхона муассасасини шарт-шароитлари яхши бинодан шарт-шароитлари ёмон бинога кўчириш, шунингдек фондни сақлаш учун мўлжалланган хоналарда мажлислар, кенгашлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш тақиқланади.

7. Фондларни асраш ва сақлаш учун жавобгарлик ахборот-кутубхона муассасалари тўғридан-тўғри бўйсунадиган раҳбарлар ҳамда рухсат берилган ходимлар зиммасидадир.

8. Ахборот-кутубхона муассасалари раҳбарияти фондни сақлаш ва ундан фойдаланиш учун қуйидаги мақбул шароитларни яратиб бериши керак:

фондни жойлаштириш ва сақлаш биноси;

махсус жиҳозлар (жавонлар (мобиль/стационар, ёғоч/темир), газеталар, хариталар ва ҳоказоларни сақлаш учун кенг токчали жавонлар ва шкафлар алоҳида қимматга эга ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш учун сейфлар, шунингдек ноёб нашрлар учун жилдлар, қутичалар, ғилофлар);

фонд омборининг аниқ тартиб қоидаси;

ҳарорат  (18±2)°С, нисбий намлик (55±5) фоиз;

санитар-гигиеник режим;

ёруғлик режими.

9. Фондни сақлаш шароитлари фонднинг физик-кимёвий, биологик ва механик шикастланишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш лозим.

10. Ахборот-кутубхона муассасалари раҳбарияти ахборот-кутубхона ресурслари келиб тушиши ва чиқариб юборилиши, тегишли равишда ҳисобга олиниши, шикастланганда, ўз вақтида таъмирланишини, архив рақамли нусхалари яратилишини, ўғирланишининг олдини олишни (сигнализация, видеокузатув ва ҳоказо), ёнғинга қарши чоралар кўрилишини таъминлаши лозим.

11. Фондни сақлаш чораларини амалга оширишни назорат қилувчи ишчи комиссия доимий ишлайдиган комиссия ҳисобланиб, раҳбарият, фонд учун моддий жавобгар шахслар ва бухгалтерия вакилларидан иборат 5 нафар аъзо томонидан буйруқ асосида тузилади.

Комиссия фонднинг ҳисобини юритиш ва сақлашнинг талаб ва меъёрларига риоя қилиниши, сақлаш учун зарурий шарт-шароитлар яратиш, нашрларни асраш ва қўриқлашни назорат қилади, фондни режали текшириш жадвалини тузади, фондни асрашни яхшилаш бўйича тавсиялар (услубий, инструктив ҳужжатлар) ишлаб чиқади, фондларни солиштириш зарурати тўғрисида қарор қабул қилади, фондларнинг солиштирилиши ҳақидаги маълумотларни тинглайди ва ҳоказо.

2-боб. Фондни ташкил этиш жараёнида унинг
бутлигини таъминлаш

12. Фонднинг бутлиги ахборот-кутубхона ресурсларига ишлов бериш ва уларни бутлаш жараёнида, қонун ҳужжатларига мувофиқ, махсус ҳисобга олиш ҳужжатларини (йўлловчи ҳужжатлар (ҳисоб, юкхати, чек нусхаси, далолатнома, патта ва бошқ.), жамланган шакли ва якка тартибдаги ҳисобга олиш (жамлаб ҳисобга олиш дафтари, инвентарлар дафтари, ҳисобга олиш каталоглари ва картотекалари, худди шунингдек, автоматлаштирилган тартибда) тартибга келтиради.

13. Ахборот-кутубхона ресурслари кутубхонада ишлов берилгач, ахборот-кутубхона муассасасининг сақлаш бўлинмасига йўналтирилади ҳамда мазмуни, таркиби, йўналиши ва ҳажмига қараб жойлаштирилади.

Фонднинг бутлигига эришиш учун Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассалари фаолиятининг Миллий модели стандарти, Ахборот-кутубхона фонди. Технологияни шакллантириш стандартига ҳамда белгиланган ахборот, кутубхоначилик ва нашриётчилик иши бўйича стандартларга мувофиқ, тартибланиши ва жойлаштирилишида қуйидагиларга эътибор қаратилиши лозим:

Стеллажлар дераза ўрнатиладиган жой ва иссиқлик тизими элементлари бўлган деворларга нисбатан перпендикуляр равишда дераза ва иссиқлик манбаларидан 0,6 м дан кам бўлмаган масофада ўрнатилиши;

Хоналар конструкцияси стеллаж ва элементлари орасида йўлаклар бўлиши,  йўлак қуйидаги кенгликдан кам бўлмаслиги: стеллажлар ораси –  0,75 м бўлиши;

стеллажлар қирралари ораси (асосий йўлак) –  1,20 м; девор ва деворга параллел стеллаж ораси –  0,75 м; девор ва стеллаж қирраси ораси –  0,45 м.

жавонлар ва токчалар мустаҳкам ўрнатилиши;

жавонларнинг қуйи токчалари полгача камида 15 см. масофада ўрнатилиши керак (ҳалокатлар юз берганда ва хоналар намлаб тозаланганда ивиб кетмаслиги учун);

деразалар токчаларига китоб жойлаштирилишига йўл қўйилмаслиги;

китобларнинг меъёрдан ортиқ зич жойлаштирилмаслиги;

токча тўлиғича тўлдирилмаган бўлса, шикаст етказмаслик ва китобларни тик ҳолда туриши учун юзаси силлиқ, четлари кенг китоб тутқичлардан фойдаланиш;

китоблар тик жойлаштирилганда китобнинг тепа қисмидан токчагача бўлган масофа камида 2 см бўлиши керак;

баландлиги 0,41 метрдан ошмайдиган қаттиқ муқовали китоблар ва журналлар пастки чеккасидан бошлаб қўйилиб, тик ҳолда сақланиши;

катта ёки ностандарт ўлчамдаги ахборот-кутубхона ресурси горизонтал ҳолатда сақланиши (токчанинг юқори тахтасигача бўлган масофа камида 15 см.);

ахборот-кутубхона ресурси токчадан йўлакка туртиб чиқмаслиги;

катта бўлмаган форматдаги рисолалар, варақли ҳужжатлар ва бошқа ахборот-кутубхона ресурслари зарарсиз материаллардан тайёрланган ҳар хил турдаги контейнерларда сақланиши;

ахборот-кутубхона ресурсларини қутиларда полдаги уюмларда, дераза токчаларида ҳамда сақлашга мўлжалланмаган бошқа ўринларда жойлаштирилишига йўл қўйилмаслиги;

очиқ фондларда фойдаланувчилар қўли етадиган токчаларга эга  жавонлар жойлаштирилади (5-6 та токча тавсия этилади). Токчаларнинг ҳар бирига китобларнинг эркин ҳаракати учун бўш жой қолдирилиши;

 олинишига халақит бермайдиган сондан иборат (кўпи билан 30-40 та) китоблар жойлаштирилиши.

Фонднинг жисмоний ҳолати, тўғри жойлаштирилиши устидан доимий назорат олиб борилиши ҳамда фондларни асраш юзасидан дарҳол чоралар кўрилиши лозим.

Қўшимча фондларга эга бўлган омборга ва бўлимларга устки кийимда (пальто, плаш, куртка), сумкалар билан кириш тақиқланади.

14. Очиқ фондларга фойдаланувчилар масъул ходим назоратида киритилади.

Очиқ  фонд жавонлари фойдаланувчиларнинг иш жараёни ходимлар учун кўринадиган ҳолатда жойлаштирилиши лозим.

Ахборот-кутубхона муассасаси китоб омбори ва бўлинмалардан ахборот-кутубхона ресурсларининг фойдаланувчига берилиши устидан зарурий назоратни таъминлаши лозим.

15. Ахборот-кутубхона ресурсларининг амалда мавжудлигини аниқлаш мақсадида фондлар қонун ҳужжатларига мувофиқ, белгиланган муддатларда режали текширувдан ўтказилади ва унинг якунлари бўйича Далолатнома тузилади.

Фондни асраш учун жавобгар мансабдор масъул шахс ишдан озод қилинса ёки бошқа бўлимга ўтказилса буйруқ асосида фонд текширувдан ўтказилади. Текширув натижаларига кўра топшириш-қабул қилиш далолатномаси тузилади.

Фондни қисқа муддатда бошқа ходимга топширишни амалга ошириш мақсадида топшириш-қабул қилишда текширув муддатлари ички буйруқ билан (ходимнинг эгаллаб турган лавозимига қараб) тартибга солинади, шунингдек бутун фондни ёки унинг бир қисмини текшириш, тўлиқ, қисман ёки танлаб текшириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Шунингдек фондни текшириш жараёнида тўзиганлиги, мазмунан ва маънан эскирганлиги, нуқсонлари, бутлаш ихтисослигига мувофиқлиги ва бошқалар ўрганилади.

16. Текшириш муддатларини назорат қилиш ахборот-кутубхона муассасасининг раҳбари, ҳисобчиси томонидан амалга оширилади.

17. Фондни текшириш вақтида ахборот-кутубхона ресурсларини фонддан ва ҳисобдан чиқариш тақиқланади.

18.  Ахборот-кутубхона муассасаларининг бошқа ташкилот, муассаса ҳудудида ёки узоқ аҳоли пунктларида очиладиган филиаллари (пунктлари)да, кутубхонадан ташқарида (ностационар) хизмат кўрсатиш ахборот-кутубхона муассасаси ва ўша ташкилот (муассаса) ўртасида тузилган шартномага мувофиқ олиб борилади. Бундай ҳолларда фонднинг бутлиги учун жавобгарлик мазкур ташкилот ёки муассаса ваколатли ходими зиммасига юклатилади. Мазкур ташкилот ёки муассасанинг жавобгар шахси алмашганда текширув ўтказилиши шарт. Фонд текшируви бўйича стационар (асосий) ахборот-кутубхона муассасасининг буйруғи билан комиссия тузилади. Комиссия таркибига ностационар хизмат кўрсатиш учун тегишли шартнома тузган ташкилот ёки муассаса вакиллари ҳам киритилади.

19. Ахборот-кутубхона ресурслари бирор-бир сабабларга кўра  ахборот-кутубхона муассасасининг ҳудудидан олиб чиқилганда (ташилганда), шунингдек фонд бошқа бинога жойлаштирилганда (кўчирилганда) ахборот-кутубхона муассасаси маъмурияти  ахборот-кутубхона ресурсларининг бутлигини таъминлаш ва уларни талофатсиз равишда ташиб, жойлаштириш юзасидан тегишли чораларни кўриши лозим.

Ахборот-кутубхона ресурсларининг тоза туриши учун ва чанг, кир, механик зарарлар, ёғингарчиликлар, нур, юқори намлик, кескин қизиш ҳамда биологик зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун сумка, яшик ва қутиларга солинади. Шунингдек ахборот-кутубхона ресурсларини зич қоғоз ёки полиэтилен ва шпагатдан бўлган боғламларнинг тагига кесилган картонлар қўйиб қадоқланади.

Бинодан ташқарида, совуқ ҳавода кўчирилаётганда конденсат ҳосил бўлишининг олдини олиш учун китобларни иқлимга мослаштириш (акклиматизациялаш)  зарур.

3-боб. Фонддан фойдаланиш жараёнида уни асраш

20. Ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланувчиларга ўқув залида, абонементда, ностационар хизмат кўрсатиладиган пунктларда, шунингдек кутубхоналараро абонемент орқали ахборот-кутубхона муассасаси раҳбарияти томонидан тасдиқланадиган “Ахборот-кутубхона муассасасидан фойдаланиш қоидалари”га мувофиқ ва унга риоя қилган ҳолда хизмат кўрсатилади.

21. Ахборот-кутубхона муассасаси хизмат кўрсатаётган ҳудудда вақтинчалик яшаётган, дам олаётган, сафарда бўлган, малака ошириш курсларини ўтаётган, қишлоқ хўжалиги ёки бошқа мавсумий ишлар ва ҳоказолар билан шуғулланаётган шахсларга ахборот-кутубхона хизматларидан фақат муассасанинг ҳудудида фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Мазкур қоида вақтинчалик рўйхатдан ўтган талабаларга қўлланилмайди.

22. Нашрнинг ягона назорат нусхаси, шунингдек ноёб, алоҳида қийматга эга ва нодир нашрлар, шу жумладан қимматли ўлкашунослик материаллари фойдаланувчиларга фақат ўқув залида фойдаланиш учун берилади.

Ахборот-кутубхона муассасаси томонидан фойдаланувчининг ноёб, ўзига хос қийматга эга ва нодир нашрлардан фойдаланиши учун иш ёки ўқиш жойидан олинган кафолатли илтимоснома асосида рухсат берилади.

23. Ахборот-кутубхона муассасаси ходимлари фойдаланувчилар қарздорлигининг олдини олиш ва уни бартараф этиш чораларини  кўришлари лозим.

24. Ахборот-кутубхона муассасалари мунтазам равишда босма нашрларни кичик жорий таъмирлаш ишларини олиб боришлари (тушиб қолган варақларни ёпиштириш, ямаш, муқоваларни елимлаш ва ҳоказолар) лозим.

Фойдаланувчилар томонидан кўп сўраладиган, шунингдек мунтазам ёки узоқ вақт сақлашга мўлжалланган юмшоқ жилдли ва жилдсиз нашрлар муқоваланиши шарт. Шунингдек, муайян муддатларда газета ва журналлар тахламлари ҳам комиссия қарорига кўра муқоваланиши зарур.

Фондларнинг бус-бутунлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги ресурслардан нусха кўчириш мумкин эмас:

муқова корешогини 180 градусга очиш имконини бермайдиган ёки корешок баландлиги 4 см дан юқори бўлган нашрлар;

жисмоний ҳолати нусха кўчириш имкони бўлмаган нашрлар (нусха кўчириш натижасида нашрнинг бус-бутунлигига шикаст етиши, қоғозлар йиртилиши мумкин бўлган ва ҳоказо);

йиртилган ёки шикастланган ахборот-кутубхона ресурслари;

ҳамма томони корешок билан беркитилган нашрлар (корешок бевосита китобнинг варақларига ёпиштирилган бўлса);

нодир китоблар ва алоҳида қимматли нашрлар;

ягона нусхадаги қимматбаҳо китоблар;

алоҳида қийматга эга муқовали нашрлар;

варақлари чоксиз ёпиштирилган китоблар;

махсус катта форматдаги нусхалар.

25. Фонддан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида зарур шартларга риоя этилган ҳолда доимий сақлашга мўлжалланган илмий, тарихий ва бадиий жиҳатдан энг қимматли ахборот-кутубхона ресурсларининг электрон версиялари (рақамли нусхалари) яратилади.

Рақамлаш жараёнида асл (оригинал) манбаларнинг максимал бус-бутунлигини таъминлаш ва ишларни бажаришда уларнинг жисмоний ҳолати ёмонлашувига олиб келадиган таъсирларга йўл қўймаслик лозим.

4-боб. Ахборот-кутубхона фондини асраш учун жавобгарлик

26. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар ахборот-кутубхона муассасасидан фойдаланиш қоидаларини бузса ёки  фондига зарар етказса қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.

Ахборот-кутубхона муассасаси маъмурияти ва ходимлари лавозим мажбуриятларига мувофиқ, фондни асраш учун жавобгардирлар.

27. Фойдаланувчилар томонидан ахборот-кутубхона ресурслари йўқотиб қўйилса ёки шикастлантирилса, улар ўзаро келишувга кўра, ахборот-кутубхона муассасаси бухгалтерияси орқали зарарни қоплашлари ёки ахборот-кутубхона муассасаси томонидан қиймати ва мазмун-моҳиятига тенг нашрлар билан тўланади.

Йўқотилган ёки шикастланган ахборот-кутубхона ресурсларининг қиймати реал (бозор) нархлар билан аниқланади.

28. Ахборот-кутубхона ресурслари вояга етмаган фойдаланувчилар томонидан йўқотилган ёки шикастланган тақдирда жавобгарлик фойдаланувчиларни назорат қилувчи ота-оналар, васийлар, ўқув муассасалари, тарбиялаш ва даволаш муассасалари зиммасига юклатилади.

29. Кутубхоналараро абонемент орқали олинган ахборот-кутубхона ресурсларининг бутлиги учун жавобгарлик буюртма бланкаси ёки электрон буюртма асосида вақтинчалик фойдаланиш учун ахборот-кутубхона ресурсларини олган абонент – ахборот-кутубхона муассасасининг зиммасига юклатилади. Кутубхоналараро абонемент орқали олинган ахборот-кутубхона ресурслари шикастланган ёки йўқотилган тақдирда абонент уларни фонд эгаси – ахборот-кутубхона муассасасига жавобгар шахс билан келишган ҳолда уларга тенг қийматли нусха билан алмаштириш  ёки бозор нархларига мувофиқ ахборот-кутубхона ресурслари қиймати баробарида пул билан қопланиши шарт.

30. Фонддан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги учун фойдаланувчилар ва кутубхоналараро абонемент абонентлари ахборот-кутубхона муассасаси маъмурияти томонидан белгиланган муддатга ахборот кутубхона хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Зарур ҳолларда қоидабузарлик ҳолати юзасидан материаллар кўриб чиқиш учун судлар ёки маъмурий органларга тақдим этилади.

31. Ахборот-кутубхона муассасасининг ходимлари фондни ҳисобга олиш, сақлаш, ундан фойдаланиш борасида белгиланган қоидаларга риоя қилишлари шарт ва ушбу қоидаларни бузганликлари учун жавобгар бўладилар.

32. Ахборот-кутубхона муассасасининг ходимлари қуйидаги  ҳолларда йўқолган ахборот-кутубхона ресурслари учун моддий жавобгарликдан озод этилади:

агар уларни сақлаш учун зарурий шарт-шароитлар (тегишли хоналар, ходимлар штати, сигнализация ва ҳоказолар) яратилмаган бўлса;

фойдаланувчиларнинг очиқ фондлардан фойдаланишлари учун мутахассислар томонидан йўқолишнинг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилган бўлса;

Ахборот-кутубхона ресурслари йўқолишининг олдини олишга доир барча зарур чора-тадбирлар кўрилган тақдирда, комиссия хулосасига кўра ахборот-кутубхона ресурслари ҳисобдан чиқарилиши мумкин.

33. Ахборот-кутубхона муассасасининг ходимлари қуйидаги ҳолларда тўлиқ моддий жавобгар ҳисобланадилар:

зарар жиноий жазога тортиладиган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлса (ахборот-кутубхона ресурсларини ўзлаштириш, ўғирлаш, ноқонуний ҳисобдан чиқариш, мансабини суиистеъмол қилиш);

йўқолган нашрлар ва материаллар ҳисобдор ходим томонидан бир марталик ишончнома бўйича олинган бўлса.

34. Ахборот-кутубхона муассасаси раҳбарларининг моддий жавобгарлиги амалдаги қонунчилик билан тартибга солинади.

35. Фондни асраш учун зарурий шарт-шароитлар бўлмаган тақдирда ушбу йўриқномага мувофиқ раҳбар фонднинг фойдаланувчилар томонидан фойдаланилишини чеклаш ҳуқуқига эга.

5-боб. Ахборот-кутубхона муассасаларининг
ҳуқуқ ва мажбуриятлари

36. Ахборот-кутубхона муассасаси:

вақтинчалик сақланадиган фонднинг сақлаш муддатлари ва таркибини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган қайта баҳолаш коэффициентлари ва бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда ахборот-кутубхона ресурсларининг қийматини қайта баҳолаш;

фондлардан чиқарилган ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш (бошқариш), қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

фойдаланувчилар томонидан ахборот-кутубхона муассасасининг фондига етказилган зарар ўрнини қоплаш тури ва миқдорини белгилаш;

ахборот-кутубхона ресурсларининг ортиқча нусхаси ва ихтисосланмаган нусхаларини ўрнатилган тартибда бошқа ахборот-кутубхона муассасаларига ёки ташкилотларга бериш;

далолатнома асосида ҳисобдан чиқарилган ахборот-кутубхона ресурсларини макулатура қабул қиладиган корхоналарга ҳужжат асосида топширишдан, шунингдек йўқолган ахборот-кутубхона ресурслар ўрнини қоплашдан тушган маблағларни янги ахборот-кутубхона ресурсларини харид қилиш учун амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборот-кутубхона муассасасининг даромадига йўналтириш ҳуқуқларига эга.

37. Ахборот-кутубхона ресурсларини фонддан ўз вақтида ва қонуний чиқарилиши учун жавобгарлик ахборот-кутубхона муассасаси раҳбари ҳамда ахборот-кутубхона ресурсларини чиқарувчи комиссия аъзоларининг зиммасидадир.

6-боб. Якуний қоидалар

38.  Ушбу Йўриқноманинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

39. Ушбу Йўриқнома Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фанлар академияси, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши  билан келишилган. 

 

 

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори

2019 йил ____ ___________

 

 

 

У. Тешабоева

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири

 

2019 йил “____” ___________

 

 

Б. Сайфуллаев

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири

 

2019 йил ____ ___________

 

И. Мажидов

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири

 

2019 йил “____” ___________

 

 

А. Шадманов

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президенти

 

2019 йил “____” ___________

 

 

Б. Юлдашев

Халқ таълими вазири

 

2019 йил ____ ___________

 

 

 

Ш. Шерматов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси

 

2019 йил ____ ___________

 

 

Қ. Рафиков

 

Umumiy takliflar

204