ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
8959 Министерство культуры Республики Узбекистан 10/10/2019 25/10/2019 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Prezidentining Qarori
Ўзбекистонда рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-8959

 

Ўзбекистонда рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш  ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳаси, хусусан, халқимизнинг маънавий бойлигига айланган рақс санъатини янада ривожлантириш, ўзига хос хусусиятлари, жаҳон маданиятида тутган ўрнини илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш ва таҳлил этиш ҳамда унинг янгидан-янги миллий намуналарини яратиш, рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.

Шунингдек, ўзбек рақс санъатининг тарихий анъаналарини ва усулларини тиклаш, авайлаб-асраш ҳамда бойитиш, миллатимизнинг ўзига хос шарқона фазилатлари, бой маънавиятига монанд рақсларни тарғиб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, рақс йўналишлари бўйича узоқ муддатли, мақсадли дастурлар тайёрлаш малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни бартараф этиш ҳамда олий маълумотли рақобатбардош кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ этишни талаб этади.

Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби фаолиятининг танқидий таҳлили ўтган давр мобайнида ушбу таълим муассасаси томонидан хореография санъати йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ўқув-педагогик ва илмий-ижодий ишларни ташкил қилиш борасида муайян ютуқларга эрилишганини, шу билан бирга, бир қатор камчилик ва нуқсонларга ҳам йўл қўйилганини кўрсатмоқда.

Биринчидан, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби мамлакатимиз маданий ҳаётидаги ўзининг етакчи ўрни, обрў-эътибори ва таъсирини йўқотиб бораётгани, унинг фаолияти бугунги замон талабларидан орқада қолаётгани, бу борада кечиктирмасдан ҳал қилиш зарур бўлган бир қанча жиддий муаммолар мавжудлиги яққол кўзга ташланмоқда;

иккинчидан, таълим-тарбия ишларининг замонавий стандартлар ва соҳанинг ўзига хос хусусиятлари асосида тўғри ташкил этилмагани, ўқув дастурлари ва методикасининг мукаммал эмаслиги, дарслик ва қўлланмаларнинг етишмаслиги, профессор-ўқитувчилар, илмий ва ижодий ходимларнинг салоҳияти аксарият ҳолларда талабга жавоб бермаслиги, шунингдек, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография миллий мактаби биносида ихтисослаштирилган хореография мактаби ҳам фаолият кўрсатиши, муассасанинг моддий-техник базаси ночор аҳволга келиб қолгани ташвиш уйғотмасдан қолмайди;

учинчидан, талабаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, диний ва миллий бағрикенглик ғояларини, китобхонликни тарғиб этиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, талабалар ўртасида, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини олдини олиш йўналишларида ҳам қатор муаммолар мавжуд;

хусусан, талабалар ўқиши ва дарсдан бўш вақтларини самарали ташкил этиш юзасидан ахборот-ресурс марказининг янги адабиётлар билан таъминланганлик ҳолати қониқарсиз, спорт тўгараклари ташкил этилмаган;

тўртинчидан, талабаларга фанлар мазмунини етказишда замонавий информацион ахборот технологиялардан фойдаланиш даражасининг пастлиги, жиҳозларнинг аксарият қисми маънан эскирган, талабалар амалиётини бадиий жамоалар, маданият муассаса ва ташкилотларида ташкил этиш самарали йўлга қўйилмаган;

бешинчидан, профессор-ўқитувчиларининг илмий фаолият билан шуғулланиш даражаси ўта пастлигича қолмоқда, профессор-ўқитувчиларнинг 78 фоизи хорижий, 45 фоизи маҳаллий илмий журналларда илмий мақолалар чоп этмаган, атиги 36 (10%) нафари илмий лойиҳаларда раҳбарлик қилишмоқда, профессор-ўқитувчилар томонидан чоп этилган илмий мақолаларнинг бор-йўғи 12 фоизи иқтибосликка эга;

олий мактабнинг асосий штатдаги 31 нафар профессор-ўқитувчиларидан охирги 3 йилда атиги 2 нафари докторлик дисссертациясини ҳимоя қилган;

олтинчидан, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида ўқишга қабул қилиш квоталарида номутаносиблик вужудга келгани, хусусан, 400 нафар ўқув ўрни мавжуд бўлган ҳолда, амалда 450 нафар талабалар ҳамда 455 нафар ўқувчилар таҳсил олаётганини албатта нормал ҳолат сифатида баҳолаб бўлмайди;

еттинчидан, бозор иқтисодиёти шароитида замонавий кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёж мунтазам ўрганиб борилмаганлиги натижасида молиявий барқарорликка эришиш чора-тадбирлари амалга оширилмаган. олий мактаб профессор-ўқитувчиларининг рағбатлантириш механизмларини самарали усуллари шунингдек, кутубхона ва талабалар театр студияси каби хизмат кўрсатувчи мажмуаларнинг фаолияти кенг йўлга қўйилмаган;

саккизинчидан, Ўзбекистон давлат филармонияси ва унинг вилоятлардаги бўлимлари, маданият марказлари, А.Навоий номидаги давлат академик катта театри, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактабларда талабаларнинг амалиётини ташкил этиш, соҳа учун кадрлар заҳирасини шакллантиришга қаратилган манзилли режалар ишлаб чиқилмаган.

Мана шундай камчилик ва муаммолар ўз навбатида ушбу таълим муассасаси олдига қўйилган вазифаларни тўлақонли ва самарали амалга оширишга, маданият соҳаси учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Халқимиз, хусусан, ёшларимизнинг дунёқараши, маънавий савияси ва эстетик тарбиясини юксалтиришда ғоят муҳим ўрин ва аҳамиятга эга бўлган рақс санъатини ҳар томонлама ривожлантириш, “Устоз-шогирд” анъаналари асосида рақс мактабларини яратиш, ёш авлодни миллий ва жаҳон рақс санъатининг намуналаридан кенг баҳраманд этиш, юқори малакали мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, рақс санъати соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, илм-фанни жадал ривожлантириш, илмий салоҳиятдан самарали фойдаланиш, кадрларнинг касбий даражаси ва педагогик маҳоратини узлуксиз ошириб бориш, талаба-ёшларни шарқона қадриятлар асосида тарбиялашни такомиллаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабини Ўзбекистон давлат хореография академиясига (кейинги ўринларда Академия деб аталади) айлантириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Академия Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Юсуф Хос Хожиб кўчаси 103-уйда жойлаштирилсин.

3. Қуйидагилар Ўзбекистон давлат хореография академиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

рақс санъати бўйича юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;

ёшларнинг рақс санъатига бўлган қизиқишларини ошириш ҳамда истеъдодини юзага чиқариш;

рақс санъати соҳасидаги долзарб мавзулар бўйича халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказиш ҳамда хорижий мамлакатларда бўлиб ўтадиган халқаро илмий-амалий анжуманларда иштирок этиш;

кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳанинг етук ва малакали мутахассисларни жалб қилиш орқали илм-фан ва таълимнинг ўзаро интеграциясини чуқурлаштириш;

илмий-тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш;

талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий фондлар ва халқаро грантлар асосида уларнинг хорижда таълим олиши, илмий-ижодий ишлар олиб боришини самарали йўлга қўйиш, ҳамкорликдаги концерт дастурларини ташкил этиш;

кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, илмий-ижодий фаолиятни янада ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-ижодий фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий-ижодий фаолият билан кўпроқ шуғулланишга кенг жалб этиш;

ҳар бир йўналиш ва мутахассисликларда тегишли фанларни хорижий тажриба, метод ва инновацион ёндошувлар асосида ўқитишни изчил йўлга қўйиш орқали битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлаш;

соҳа мутахассисларини хорижий турдош олий таълим муассасаларида малакасини ошириш, стажировка ва қайта тайёрлаш тизимини ташкил этиш;

Фанлар академияси ва илмий тадқиқот институтлари базаларида, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг етакчи муассасаларида магистратура талабаларининг стажировкалар ўташини амалиётда кенг қўллаш;

ахборот базаларини модернизациялаш, фаолият соҳасида консалтинг, маркетинг, молиявий, ахборот ва таълим хизматларини кўрсатиш орқали илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион фаолиятни ҳамда тижоратлаштириш ишларини замон талаблари даражасида ташкилий-техник қўллаб-қувватлаш;

талабаларнинг соҳалар бўйича билимларини ошириш ҳамда уларда ижрочилик кўникмаларини кучайтириш мақсадида тизимли равишда хорижий мамлакатларга қисқа ва узоқ муддатли амалиётларга юбориш.

4. Ўзбекистон давлат хореография академияси фаолиятини ташкил этиш ва  ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда — Дастур деб аталади) 1-иловага;

Ўзбекистон давлат хореография академиясининг таркибий тузилмаси  2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига зарур ҳолларда академиянинг тузилмасига, ҳодимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Академия фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

тўлов-контракт асосида талабалар ўқишидан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан тушадиган маблағлар;

таълим хизматлари кўрсатиш, илмий-ўқув, ўқув-методик, илмий ва ахборот-таҳлилий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Академияга 3 та автотанспорт воситаси, жумладан, 1 та хизмат машинаси, 1 навбатчи ва 1 та автобусни сақлаш учун лимит ажратсин.

рақс санъатини тадқиқ қилиш билан боғлиқ илмий изланишлар, ўқув қўлланмалар, таржималар, илмий ва услубий адабиётларни нашр қилиш ҳаражатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида ижтимоий соҳага назарда тутилган маблағлар доирасида молиялаштирилишини таъминласин.

7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги билан келишган ҳолда:

Академия ва унинг ҳузуридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларини профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг ижодий фаоллигини янада ошириш, таътил давомида уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш мақсадида Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида замон талаблари асосида сиҳатгоҳ ташкил қилсин ва 2021 йил 1 сентябрга қадар фойдаланишга топшириш чораларини кўрсин.    

8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига:

Академиянинг устави, бакалавр ва магистратура таълим йўналишлари бўйича давлат таълим стандартлари, ўқув жараёнини сифатли ташкил этиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишда жаҳондаги илғор ижобий тажрибани атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш ва амалиётга жорий қилиш;

Академиянинг илмий-педагог кадрлари таркибини асосан мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимида фаолият кўрсатаётган, шу жумладан, хорижий таълим (илмий) муассасаларида малакасини ошириб келган, юқори савияли профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар, шунингдек, соҳанинг салоҳиятли етук мутахассислари – амалиётчилардан шакллантириш тавсия этиш;

республикадаги мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактаблари,  ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларда рақс санъатини ўқитиш бўйича бўлимлар фаолиятини янада кучайтириш;

рақс санъатининг ижодий, илмий-услубий ва ижро анъаналарини пухта ўзлаштириш ва муносиб давом эттириш мақсадида, таълим муассасаларига моҳир рақс усталарни бириктириш ва шу асосда “Устоз-шогирд” мактабларини ташкил этиш.  

9. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби таркибидаги Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактабни Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳузуридаги М.Турғунбоева номидаги юридик шахс мақомига эга бўлган Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатга айлантириш тўғрисидаги таклифи инобатга олинсин.     

10. Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳузуридаги М.Турғунбоева номидаги Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернати Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Юсуф Хос Хожиб кўчаси 31-уйда жойлаштирилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжалари асосида 2020-2022 йил Инвестиция дастурида Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳузуридаги М.Турғунбоева номидаги Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернати биносини реконструкция ишлари учун зарур капитал қўйилма маблағларини назарда тутсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бухоро, Сирдарё, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилояти ҳокимликларининг 2021/2022 ўқув йилидан Бухоро, Сирдарё, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари марказида Академия ҳузуридаги ихтисослаштирилган рақс санъати мактаб-интернатларини (кейинги ўринларда мактаб-интернатлари) ташкил этиш;

мактаб-интернатлари учун 150 ўринли 2 тадан ўқув биноси, 1 тадан 200 ўринли концерт зал, 120 ўринли ётоқхона ва ошхона биноларини (кейинги ўринларда бино-иншоотлар деб аталади) қуриш бўйича таклифлари маъқуллансин.

13. Бухоро, Сирдарё, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилояти ҳокимликлари, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Маданият вазирлиги билан келишган ҳолда:

 икки ой муддатда мактаб-интернатларига бино-иншоотлари қурилиши учун ер участкаларини ажратилишини таъминласин;

2021 йил 1 августга қадар мактаб-интернатлари биноларини фойдаланишга топшириш чораларини кўрсин.

14. Мактаб-интернатлари учун бино ва иншоотларни қуриш ҳамда жиҳозлаш ишлари бўйича Бухоро, Сирдарё, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилояти ҳокимликларининг маҳаллий бюджети маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа маблағлар ­­– молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

15. Қуйидагилар мактаб-интернатларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ўқувчиларнинг рақс ижрочилиги йўналишида ўқитишнинг замонавий илғор педагогик усулларидан кенг фойдаланиш, янги информацион-педагогик технологияларни тадбиқ этиш;

ўқув-тарбиявий ишларнинг асоси пухта ўйланган ўқув материалини танлаш – ўқувчиларнинг рақс санъатига иқтидорини ҳар томонлама ривожлантириш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш.

16. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

а) 2021 йил 1 февралга қадар мактаб-интернатларини жиҳозлаш учун мебель, компьютер техникаси, фонотека, ўқув-лаборатория, асбоб-ускуналари ва спорт анжомларининг техник параметрларини ишлаб чиқсин;

б) 2021 йил 1 июнга қадар:

мактаб-интернатларининг устави тасдиқланиши ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

мактаб-интернатларининг самарали фаолият кўрсатиши, уларнинг ҳар томонлама тўлиқ ишлаш ҳамда малакали педагог-кадрлар билан таъминлаш ишларини амалга оширсин;

мактаб-интернатларини дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар
ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

17. Белгилаб қўйилсинки, 2021/2022 ўқув йилида мактаб-интернатларига 1-синфга 30 нафардан ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади;   

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига мактаб-интернатларининг моддий-техника базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш режасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.   

18. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига рақс санъатини ривожлантириш бўйича бажарилган ишларни мунтазам равишда ёритиб бориш тавсия этилсин.

19. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда, икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.  

20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Ариповга ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклатилсин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

          Президенти                                                        Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2019 йил ________даги _____-сон қарорига

1-илова


 

 

 

Ўзбекистон давлат хореография академияси фаолиятини ташкил этиш ва  ривожлантиришга доир
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

 

 

Т/р

Амалга ошириладиган чора-тадбирлар

Ижро

муддати

Масъул ижрочилар

1.

Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Уставини ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда давлат рўйхатдан ўтказилишини таъминлаш.

2020 йил
декабрь

Маданият вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

2.

Ўзбекистон давлат хореография академияси ходимларининг фаолият йўналишлари ва функцияларини белгилаш бўйича лавозим йўриқномасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2020 йил
июль

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

3.

Ўзбек миллий рақс санъатининг кенг миқёсдаги тарғиботини амалга ошириш мақсадида хорижий давлатларда концерт дастурлари ташкил этиш.

2020 йил
январдан бошлаб мунтазам

Маданият вазирлиги,
Ўзбекистон давлат хореография академияси

5.

Академия моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида турли махсус оёқ кийимлар ва либослар билан таъминлаш.

2020 йил
июнь

Молия вазирлиги,
 Маданият вазирлиги

 

6

Республикадаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактабларида таниқли рақс ижрочиларининг концерт дастурлари ва маҳорат дарсларини ташкил этиш.

2020 йилдан бошлаб

мунтазам

Маданият вазирлиги

7.

Кўп асрлик рақс ижодкорлиги анъаналарини ўзлаштирган, ўзининг истеъдоди ва салоҳияти билан уларни замон руҳи билан бойитиб, “Устоз-шогирд” анъанларига мувофиқ ёш авлодга сингдириб келаётган таниқли рақс усталари ва хореографларни моддий рағбатлантириш.

2020 йилдан бошлаб
мунтазам

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси,

Ўзбекистон давлат хореография академияси

8.

Ўзбек рақс санъатига оид фундаментал тадқиқотини ташкил қилиш;

жаҳон ва ўзбек миллий рақс санъати мавзуларида йирик (фундаментал) тадқиқотларни олиб бориш учун тадқиқотчи олимларга яқиндан амалий кўмак бериш.

2020 йилдан бошлаб мунтазам

Маданият вазирлиги,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Ўзбекистон давлат хореография академияси

9.

  2023 йилда ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятни 60 фоизга етказиш;

  ёш ўқитувчиларни илмий-ижодий фаолиятга қизиқтириш ва тизимли рағбатлантириш.

2023 йил декабрь

доимий

Маданият вазирлиги,

Ўзбекистон давлат хореография академияси

10.

Ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари, фан ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш эҳтиёжларини ўрганиш, шунингдек, етакчи хорижий таълим муассасалари (шу жумладан, А.Я.Ваганова номидаги рус балет академияси, Москва давлат хореография академияси, Қозоғистон миллий хореография академияси) тажрибасини ўрганиш асосида кадрлар тайёрлашнинг мақсадли параметрларини шакллантириш;

тармоқларни модернизациялаш ва ҳар бир минтақани комплекс ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган дастурлар билан боғлиқ ҳолда мамлакат иқтисодиётининг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжини ўрганиш механизмини яратиш;

2019-2023 йилларда таълим йўналишлари улушини:

касб таълими соҳаси бўйича – 20 фоизгача, хореография жамоалари рахбари соҳасида – 20 фоизгача оширилишини назарда тутувчи параметрларни ишлаб чиқиш;

бўш (вакант) иш ўринлари ва лавозимлар, шунингдек, меҳнат бозори истиқболдаги эҳтиёжларининг очиқ ахборот базасини яратиш;

битирувчиларни ишга жойлаштириш натижаларини ҳисобга олган ҳолда иш берувчи ташкилотлар, тармоқлар, Илмий текшиширш институтлари томонидан қабул квоталарига буюртма бериш тартибини оптималлаштириш;

5 йил давомида “Касб таълими (йўналишлар бўйича)” ихтисосликлари бўйича бакалавриатга мақсадли қабул квоталарини ошириш.

2021 йилдан бошлаб

 

 

 

2021 йил декабрь

 

 

2022 йил декабрь

2022 йил декабрь

 

2022 йил март

 

2022 йил декабрь

 

 

2021 йил декабрь

Маданият вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги,

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги

11.

Иш берувчи ташкилотларнинг талабаларда амалий ва ижодий кўникмаларини шакллантиришдаги иштироки ва масъулиятини ошириш механизмини ишлаб чиқиш;

Академия маркетинг хизматининг меҳнат бозорини ўрганиш, таҳлил қилиш ва вазиятни баҳолаш бўйича фаолияти самарадорлигини ошириш механизмини яратиш;

битирувчининг таълим йўналишлари бўйича иш берувчиларнинг замонавий талабларига жавоб берадиган, меҳнат бозорида эҳтиёж бўлган зарур билим, кўникма ва малакаларини акс эттирувчи малака талаблари (компетенциялари)ни ишлаб чиқиш

2021 йил декабрь

Маданият вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазилиги,

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги

12.

Тармоқлар ва меҳнат бозори ижтимоий-иқтисодий ривожланиши истиқболлари ва талабларига мувофиқ ўқув юкламалари ва фан блоклари ҳажмини оптималлаштириш, компетентлик ёндашуви ва амалий-йўналтирилганлик таъминланганини назарда тутувчи, шунингдек, камида
5 йиллик даврга жорий этиладиган, хорижий маданият ва санъат муассасалари (жумладан, А.Я.Ваганова номидаги рус балет академияси, Москва давлат хореография академияси, Қозоғистон миллий хореография академиялари) тажрибаларини ўрганиш асосида яратиладиган янги ўқув режа ва дастурларни;

ўқув жараёнини ташкил қилиш ва режалаштириш бўйича дунёда тан олинган ва илғор модуль-кредит тизимларини чуқур ўрганишни ташкил қилиш ва амалиётга жори этиш;

таълим мазмунини шакллантиришнинг маҳаллий ва хорижий тажрибасини, ягона таълим майдонига интеграциялаш, модуль-кредит тизимига ўтган хореография олий таълим муассасаларининг фаолиятидаги устувор омилларни ҳар томонлама ўрганишни назарда тутадиган ўқув жараёнини ташкил қилишнинг модуль-кредит тизимини жорий этиш бўйича тартиб ва низомни ишлаб чиқиш;

2023/2024 ўқув йилидан эса бутун олий мактаб бўйича модуль-кредит тизимини жорий этиш.

2022-2023 йил апрель

2023 йил июль

 

2023 йил декабрь

 

 

2024 йил сентябрь

 

Маданият вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазилиги,

Ўзбекистон давлат хореография академияси

13.

Етакчи хорижий таълим муассасалари (камида учта) тажрибаларини ўрганиш ва уларни ўқув жараёнига татбиқ этиш борасидаги таклифларни инобатга олган ҳолда ўқитувчилар томонидан янги педагогик технологиялар муҳокамаси ва мунтазам тақдимотларини олиб бориш мониторинги тартибини;

мақбул индикатор асосида муваффақиятли таълим инновацияларини рағбатлантириш, шунингдек, замонавий таълим технологияларини қўлламайдиган ўқитувчиларга танқидий баҳо бериб, уларни келгусида профессор-ўқитувчилар таркибида олиб қолиш хулосаларини жорий этадиган механизмни ишлаб чиқиш;

педагогик технологиялар бўйича кенгашда ишлаб чиқилган рағбатлантириш ва танқидий баҳолаш механизмини жорий этиш.

2021 йил декабрь

 

 

 

2021-2022 йил

 

2021-2022 йил

Маданият вазирлиги,

Ўзбекистон давлат хореография академияси

14.

Ўқув (аудитория), услубий (ўқув адабиётларни тайёрлаш), илмий-ижодий ва устоз-шогирд ҳамда мураббийлик (тадқиқот, докторантларга раҳбарлик) юкламасини ўқитувчилар юкламасида тенг нисбатда ўз ичига оладиган ва уни мажмуавий шакллантириш тамойилини жорий этиш ҳамда ўқитувчилар ва талабалар сони нисбатини белгилаш юзасидан аниқ, асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

 

2020/2021ўқув йилидан бошлаб профессор-ўқитувчиларнинг педагогик, илмий-ижодий, ўқув-услубий ва мураббийлик фаолияти самарадорлигини оширишга ёрдам берувчи таклиф қилинган механизмларни амалиётга жорий этиш.

2021 июнь

 

 

2020 йил

сентябрь

Маданият вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Молия вазирлиги,

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги,

Ўзбекистон давлат хореография академияси

15.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5та муҳим ташаббусни кенг жорий этиш. Шу мақсадда ҳар бир ташаббус бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш:

1-ташаббус – талаба–ёшлар мусиқа ва санъатга жалб қилиш, уларда эстетик дид ва касбий этикани тарбиялаш мақсадида танловлар, кўргазмалар ва семинарлар, даврий тематик тадбирлар ташкил этиш, театр ва музейларга ташрифларни уюштириш;

2-ташаббус – спорт мажмуаларида тўгараклар фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларга талаба-қизларни янада кенгроқ жалб қилиш;

3-ташаббус – талаба-ёшлар интернетдаги ахборотни таҳлил қилиш маданиятини ривожлантириш  мақсадида уларнинг қизиқишлари  бўйича клублар, компьютер технологиялари, интернет ва мессенжерлар саводхонлиги тўгаракларини, таълим фаолияти билан  боғлиқ электрон дастурлар, мобил иловалар, электрон кутубхоналар жорий этиш;

4-ташаббус – талаба–ёшлар бадиий адабиётда қизиқтириш, уларда ватанпарварлик, Ватан тақдирига даҳлдорлик, фидоийлик ҳиссини тарбиялаш мақсадида “Нотиқлик санъати”, “Мунозара-дебат”, “Ёш адабиётчилар” клубларини, турли мавзулардаги танловларни, талабаларнинг шеърлари, илмий мақолалари ва шеърий тўпламларни чоп этишни ташкил қилиш:

5-ташаббус – талаба кизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш  мақсадида уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, Олий мактаб ҳудудида тикиш-бичиш бўйича қисқа  муддатли  курслар ташкил этиш. “Қизлар давраси”, “Оилавий турмушга тайёрлаш” мавзуларида психологик суҳбатлар, аноним социологик сўровлар ўтказиш

мунтазам

Маданият вазирлиги,

 Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Ахборот технологиялари

ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги,

Республика маънавият ва маърифат маркази,

Молия вазирлиги

16.

Ички телекомуникация инфратузилмасини тўлиқ янгилаш, жумладан оптик толали тармоқлар, коммутаторлар, тармоқни бошқариш ва ахборот хавсизлиги тизимлари;

2020 йил давомида Интернет тезлигини 600 Мб/сек. гача ошириш;

олий мактаб ва унинг атрофидаги ҳудудларда ҳамда талабалар шахарчасида Wi-Fi зоналарини ташкил этиш;

ахборот-коммуникация технологиялари мутахассисларини жалб қилиш учун қулай шароит ва рақобат мухитини яратиш мақсадида мутахассисларнинг ойлик иш ҳақини ўртача бозор кўрсаткичлари даражасида ошириш хамда моддий рағбатлантиришнинг бошка бозор механизмларини кўллаш.

2021-2022 йил

Маданият вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Молия вазирлиги,

Ўзбекистон давлат хореография академияси

17.

Ўқув аудиторияларининг умумий сонидан келиб чиқиб, талаб даражасидаги АКТ жиҳозларини (100 та компютер, 10 та проектор ва 20 та смарт телевизор) харид қилиш.

2020 йил август

Молия вазирлиги,

Маданият вазирлиги,

Ўзбекистон давлат хореография академияси

 

18.

Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳузуридаги М.Турғунбоева номидаги Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида зарур мебель, инвентарлар ҳамда ускуналар билан таъминлаш.

2020-2022 йиллар

Молия вазирлиги,
Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги,
Маданият вазирлиги

19.

Ёш иқтидорли хореограф ва санъатшунос олимларни миллий рақс санъатини тарғиб этишда хорижий мамлакатлар билан ижодий тажриба алмашиш мақсадида хизмат сафарларига юбориш ҳамда уларга халқаро миқёсдаги илмий анжуманларда қатнашиш имконини яратиш.

2020 йилдан
бошлаб мунтазам

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

 

20.

Рақс санъатини тарғиб қилувчи махсус кўрсатувлар намойиш этиш ҳамда босма нашрларда мақолалар чоп этиш;

2020 йилдан бошлаб мунтазам

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси,

Ўзбекистон Миллий  ахборот агентлиги

 

Umumiy takliflar

212