ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
7873 Центральная избирательная комиссия Республики Узбекистан 13/09/2019 28/09/2019 1

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги Низом лойиҳаси
ID-7873

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг

201_ йил __ ________даги ____-сон

қарорига илова

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига (бундан буён матнда Сайлов кодекси деб юритилади) мувофиқ ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади), халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари (бундан буён матнда маҳаллий Кенгашлар деб юритилади) депутатлигига номзодларнинг (бундан буён матнда депутатликка номзод деб юритилади) сайловолди ташвиқотини ўтказиш тартибини белгилаб беради.

I боб. Умумий қоидилар

1. Сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият.

2. Сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади), халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи вилоят туман ва шаҳар сайлов комиссиялари (бундан буён матнда вилоят туман ва шаҳар сайлов комиссиялари деб юритилади) томонидан номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин тугайди.

3. Депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотини ўтказиш борасида тенг ҳуқуқларга эга.

Депутатликка номзодлар депутат этиб сайланиши учун унинг номидан ишончли вакиллар сайловолди ташвиқотини олиб боришлари мумкин.

4. Депутатликка номзодларга ўзининг келгусидаги фаолияти дастури, сиёсий партиянинг дастури ва сайловолди платформаси билан сўзга чиқиш ҳуқуқи берилади. Сиёсий партиянинг дастури ва сайловолди платформаси давлат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг саломатлиги ҳамда маънавиятига таҳдид солмаслиги, урушни, миллий нафратни, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чекловчи ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.

 

5. Сайловолди ташвиқоти:

сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;

депутатликка номзод ҳақида ахборот тарқатиб, уни ёқлаб овоз беришга чақириш шаклида ўтказилади.

6. Сайловолди ташвиқоти омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

7. Сайловолди ташвиқоти:

оммавий ахборот воситалари (бундан буён матнда ОАВ деб юритилади), шу жумладан телевидение, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (шу жумладан бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи) орқали;

босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чоп этиш ҳамда тарқатиш;

сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Сайловолди ташвиқоти даврида уни олиб боришнинг Сайлов Кодекси ва ушбу Низомда тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.

8. Депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотини ўтказишнинг турлари, шакллари ва усулларини мазмун-моҳиятини мустақил белгилайдилар.

9. Сайловолди ташвиқоти материаллари қуйидагилар ҳисобланади:

номзод учун овоз беришга чорловчи босма, кўргазмали, аудиовизуал материаллар;

номзодга оид плакатлар, баннерлар, варақалар;

ОАВда қўйиладиган номзод учун овоз беришга чорловчи видео ва аудио роликлар.

Депутатликка номзодларнинг автобиографик маълумотлари ва уларнинг сайловолди дастурлари тўғрисидаги тегишинча Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг ахборот материаллари сайловолди ташвиқоти материаллари ҳисобланмайди.

10. Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга товарларни, хизматларни (ахборот хизматлари бундан мустасно) бепул ёки имтиёзли асосларда тақдим этиш, шунингдек пул маблағлари тўлаш орқали ўтказиш тақиқланади.

11. Нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

12. Депутатликка номзодларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун маблағлар Давлат бюджетидан ажратилади. Депутатликка номзодларга бошқа манбалардан пул маблағларини ўтказиш (киритиш), товарлар етказиб бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шаклида молиявий таъминлаш ва бошқача тарзда молиявий қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

Сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзод сайлов кампаниясида иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган бюджетдан маблағларининг ҳажми Марказий сайлов комиссияси томонидан тенг улушларда белгиланади ва сиёсий партия эътиборига етказилади.

Қонунчилик палатаси депутатлигига номзоднинг сайловолди ташвиқотини ўтказишни молиялаштириш Марказий сайлов комиссия томонидан Республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашларига номзоднинг сайловолди ташвиқотини ўтказишни молиялаштириш вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига номзоднинг сайловолди ташвиқотини ўтказишни молиялаштириш туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

II боб. Оммавий ахборот воситалари орқали

сайловолди ташвиқотини ўтказиш

13. Сайловолди ташвиқоти ўтказилаётганда депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга бир хил ҳажмдаги эфир вақти ва чоп этиш майдони бепул тақдим этилиши орқали уларга давлат ОАВдан фойдаланишда тенг имконияти берилади.

14. Сайловолди ташвиқотини ўтказиш мақсадида ОАВдан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партиялар билан келишган ҳолда тегишинча Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг тегишли қарорлари билан белгиланади.

15. Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари қарорларида қуйидагилар белгилаб берилади:

эфир вақти ёки чоп этиш майдони бепул тақдим этиладиган давлат ОАВ рўйхати;

сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга давлат (республика ва маҳаллий) теле- ва радиоканалларида бепул тақдим этиладиган эфир вақти ҳажми, шунингдек улар эфирига узатиладиган вақт;

сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга давлат (республика ва маҳаллий) нашрларида бепул тақдим этиладиган чоп этиш майдони ҳажми, шунингдек улар босилиб чиқадиган кунлар;

сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодларнинг ОАВда чиқиш навбати.

Давлат ОАВда бепул тақдим этиладиган эфир вақти ва чоп этиш майдони ҳажми ҳамда вақти тегишли ОАВ билан олдиндан келишиб олинади.

16. Давлат теле- ва радиоканалларида ажратиладиган бепул эфир вақти, қоида тариқасида, энг кўп аудитория қамраб олинадиган вақтга (прайм-таймга) тўғри келиши керак.

17. Бепул эфир вақтидан сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодлар оммавий дебатлар, мунозаралар, матбуот анжуманлари, интервью, чиқишлар, сайловчилар йиғилишлари, номзод тўғрисида роликлар жойлаштириш ва ҳоказолар учун фойдаланиши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти доирасида теле- ва радиоканалларда жойлаштиришга мўлжалланган материаллар тегишли теле- ва радиоканаллар билан ҳамкорликда номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан тайёрланади.

18. Тақдим этилган эфир вақтидан сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда, агар депутатликка номзодлар бундай тадбирларда қатнашишга рози бўлса, улар ўртасида оммавий дебатлар ва мунозаралар ўтказиш учун фойдаланилиши мумкин. 

19. Босма ОАВда чоп этиш учун материаллар депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, депутатликка номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар томонидан тақдим этилади. Сайловолди ташвиқоти материаллари уларни тақдим этган шахсларнинг розилигисиз таҳрир қилиниши мумкин эмас.

20. Депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, депутатликка номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар уларга тақдим этилган эфир вақтидан ва чоп этиш майдонидан эркин ва ўз ихтиёрига кўра фойдаланади.

Сиёсий партиялар билан ўзаро келишилган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларининг турлари, шакллари ва мазмун-моҳияти бирхиллаштирилиши мумкин.

21. Муайян депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга тақдим этилган бепул эфир вақтидан ёки чоп этиш майдонидан бошқа депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар фойдаланиши мумкин эмас.

Депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар бепул тақдим этилган эфир вақтидан ва чоп этиш майдонидан воз кечишга ҳақли.

22. Бепул тақдим этилган эфир вақти ва чоп этиш майдони доирасида сайловолди ташвиқоти материаллари узатилаётган ҳамда чоп этилаётган вақтда ОАВ улар сайловолди ташвиқоти материаллари эканлигини қайд этади.

23. Сайловолди ташвиқоти даврида депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партиялар вакилларининг ОАВда чиқишлари уларни кўрсатган сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига қараб амалга оширилади.

24. ОАВ сайловолди ташвиқоти даврида депутатликка номзоднинг ишлаб чиқариш ва хизмат мажбуриятларини бажараётганини ёритишлари мумкин ва бу ташвиқот тусидаги тадбир ҳисобланмайди.

25. Ахборот дастурлари ва бошқа ахборот материалларида сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформасини ёритиб беришда ОАВ:

тенг шароитлар яратиб бериши, шу жумладан дастурнинг давомийлиги ва ҳажми бўйича тенг шароитлар яратиб бериши;

материалларни эфирга узатиш ҳамда чоп этишда улар кўпроқ биргаликда берилишига эришиши керак.

26. Депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга давлат ва нодавлат ОАВда эфир вақти ёки чоп этиш майдони пулли асосда ҳам ажратилиши мумкин.

Эфир вақти, чоп этиш майдони учун ОАВ томонидан белгиланадиган тўлов шартлари ва бошқа талаблар (тираж, эфирга бериладиган вақт, жой, шрифт ва ҳоказолар) барча депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Пулли эфир вақтини ёки чоп этиш майдонини ажратиш билан боғлиқ муносабатлар ОАВ ва сиёсий партиялар ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

27. ОАВда тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга тўғри келиши, депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Нотўғри, депутатликка номзоднинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш, шунингдек депутатликка номзоднинг розилигисиз унинг шахсий ёки оилавий сиридан иборат хусусий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни ноқонуний тўплаш ёки тарқатиш тақиқланади.

28. Депутатликка номзодлар ОАВда чоп этилган нотўғри ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказган маълумотлар юзасидан раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли.

Чоп этиш натижасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган депутатликка номзодлар ушбу ОАВда раддия ёки жавоб мақола чоп этишга ҳақли.

Босма ОАВда раддия ОАВнинг навбатдаги сонида, жавоб пайдо бўлишига сабаб бўлган материал жойлаштирилган саҳифада эълон қилиниши керак.

Электрон ОАВда раддия навбатдаги дастурда ёки кўрсатувда эфирга узатилиши керак.

Депутатликка номзодлар ОАВ раддияни, жавоб мақолани чоп этишдан бўйин товласа ёки чоп этишнинг белгиланган муддатини бузса, судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.

29. ОАВда, шу жумладан ҳамма фойдалана оладиган телекоммуникация тармоқларида депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларни ёритиш жараёнининг мониторингини олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот
ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан амалга оширилади.

Мониторинг натижалари ҳар куни, ёритиш эртасидан кечикмай Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиб борилади.

Сайлов якуни бўйича мониторингнинг якуний сарҳисоби Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида чоп этилади.

30. Ушбу Низомнинг II бобидаги талаблар сиёсий партиялар томонидан таъсис этилган босма ва электрон ОАВга татбиқ этилмайди.

III боб. Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали сайловолди ташвиқотини ўтказиш

 31. Босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммалар, босма маҳсулотнинг электрон кўринишлари ва бошқа сайловолди ташвиқоти материалларини тўсиқларсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга тенг шаротлар яратиб берилади. Сайловолди ташвиқоти материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.

32. Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа сайловолди ташвиқоти материаллари қуйидагиларга эга бўлиши керак:

сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаган юридик шахс номи, жойлашган ери (почта манзили) ва у ҳақида бошқа маълумотлар (жисмоний шахс фамилияси, исми ва отасининг исми);

сайловолди ташвиқоти материалларига буюртма берган юридик шахс номи (жисмоний шахс фамилияси, исми ва отасининг исми);

сайловолди ташвиқоти материаллари нусхасининг сони, чиқарилган санаси ҳақидаги ахборот.

33. Сайловолди ташвиқоти материаллари хоналарга, биноларга, иншоотларга ва бошқа объектларга осиб қўйилиши мумкин.

Ҳайкалларга, ёдгорликларга, шунингдек сайлов комиссияси жойлашган биноларга, овоз бериш хоналарига босма сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш тақиқланади.

34. Депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш учун ташқи реклама воситалари (махсус щит конструкциялари, экранлар, билбордлар, электрон табло ва ҳоказолар) бепул тақдим этилади.

Бепул тақдим этиладиган ташқи реклама воситалари сони округ сайлов комиссияларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган таклифлари бўйича тегишинча Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тасдиқланади.

Тегишинча Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари қарорлари асосида тегишли округ сайлов комиссиялари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда ташқи реклама воситалари жойлашадиган ерларни белгилайди ва сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш учун уларни сиёсий партияларга тақдим этади.

35. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқот ўтказишга йўл қўйилмайди.

Биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга илгари (сайлов кунидан икки кун олдин) жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материалларини сайлов куни ва овоз беришдан бир кун қолганида олиб қўйилиши мажбурий ҳисобланмайди.

36. Сайлов комиссиялари аъзолари партия рамзлари туширилган кийим кийиши, тақинчоқ тақиши ва бошқа белгилардан фойдаланиши таъқиқланади.

IV боб. Сайловолди ташвиқотини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ўтказиш

37. Депутатликка номзодларга ва уларнинг ишончли вакилларига сайловолди ташвиқотини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ўтказиш учун тенг шароитлар берилади.

38. Сайловчилар билан учрашувлар номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан ўтказилади.

Депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари бошқа депутатликка номзодлар ёки уларнинг ишончли вакиллари билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа депутатликка номзодлар томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.

39. Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш жойи ва вақти, қоида тариқасида, участка сайлов комиссиялари билан келишиб олинади, комиссиялар эса бу ҳақда сайловчиларни олдиндан хабардор этади.

Депутатликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши тўғрисидаги эълон участка сайлов комиссияси биносига осиб қўйилади ёхуд маҳаллий ОАВда чоп этилади.

40. Депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан учрашувларни ташкил этиш ва ўтказишда ёрдам кўрсатиш илтимоси билан округ ва участка сайлов комисияларига мурожаат қилишга ҳақли.

41. Сайловчилар билан учрашувлар чоғида депутатликка номзод маъруза билан сўзга чиқиши мумкин. Маъруза якунлари бўйича сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси, мамлакат ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожига доир турли масалаларга муносабати юзасидан муҳокама ва мунозаралар ўтказилади.

42. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

Депутатликка номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул тақдим этиши;

зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда депутатликка номзодларга кўмаклашиши;

сайловчиларни депутатликка номзодлар билан учрашувлар ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилиш масаласида сайлов комиссияларига кўмаклашиши керак.

43. Депутатликка номзод сайловчилар билан учрашув вақтида, сайловолди йиғилишларида, телевидение ва радиода нутқ сўзлаш вақтида ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолган ҳолда ишлаб чиқариш ёки хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.

44. Депутатликка номзод сайловолди ташвиқоти даврида депутатликка номзод этиб рўйхатга олинган сайлов округи жойлашган ҳудудда барча турдаги давлат йўловчи транспортида бепул юриш ҳуқуқига эга (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма қилинадиган рейслари мустасно).

45. Депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари очиқ ва ошкора тарзда ўтказилади. Фақат хавфсизликни таъминлаш мақсадида чекловлар қўлланилиши мумкин.

V боб. Сайловолди ташвиқотини ўтказиш шартлари ва тартибига риоя қилиниши устидан назорат қилиш

46. Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси бутун ҳудудида сайловолди ташвиқотини ўтказиш шартлари ва тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади.

Вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари ва округ сайлов комиссиялари тегишли ҳудудида сайловолди ташвиқотини ўтказиш шартлари ва тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади.

47. Сайловолди ташвиқотини ўтказиш шартлари ва тартибини бузганлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жиноий ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

48. Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан келишилган.

 

Umumiy takliflar

528