ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
76 Республиканский совет по координации деятельности органов самоуправления граждан 01/08/2018 16/08/2018 1

Muhokama yakunlandi

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-76

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш ҳамда уларнинг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи тўғрисида намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда тасдиқланган Намунавий низом асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тегишли низом тасдиқланишига ва фаолиятини ушбу низом асосида ташкил этишига кўмаклашсин;

икки ой муддатда фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг малакасини оширишга доир ўқув семинар ўтказсин.

3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ш.Жавлонов ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаменти зиммасига юклансин.

Фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари

бўйича маслаҳатчи тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчининг (кейинги ўринларда Ўринбосар – маслаҳатчи деб аталади) асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ўринбосар – маслаҳатчи ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Фуқаролар йиғини тўғрисидаги низомга ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.

3. Ўринбосар – маслаҳатчи ўз фаолиятини давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари шу жумладан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика ва ҳудудий кенгашлари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) кенгашлари билан ҳамкорликда амалга оширади.

4. Ўринбосар – маслаҳатчи ўз фаолиятини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жойлашган бинода олиб боради.

5. Ўринбосар – маслаҳатчи фаолиятини фуқаролар йиғини раиси мувофиқлаштиради.

6. Ўринбосар – маслаҳатчи ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

II. Ўринбосар – маслаҳатчининг мақсади ва асосий вазифалари

7. Ўринбосар – маслаҳатчининг мақсади – фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш.

8. Қуйидагилар ўринбосар – маслаҳатчининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фуқаролар йиғинининг вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари буйича комиссия низомида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва фаолиятига раҳбарлик қилиш;

фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи ёшларни она Ватанга муҳаббат, халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида ишларни амалга оширишда давлат ва нодавлат ташкилотларига кўмаклашиш;

фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларида таълим олувчи ўқувчиларнинг давоматини ҳамда ёшлар бандлигини таъминлашда давлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;

ёшларнинг маънавий-маърифий етук бўлиб вояга етиши, оммавий равишда спорт билан шуғулланиши, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминлаш, улар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва нодавлат ташкилотларига кўмаклашиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшлар, шу жумладан, имконияти чекланган ва боқувчисини йўқотган ёшларнинг манзилли рўйхатини юритиш, бу тоифадаги ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш юзасидан фуқаролар йиғини таклиф киритиш;

ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот ишларини ташкил этиш, улар ўртасида миллий маънавиятимизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш;

фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи диний экстремизм ва ҳуқуқбузарликка мойил бўлган ёшлар ҳамда вояга етмаганлар билан якка тартибда иш олиб боришда “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмасининг раҳбари ва ҳудуддаги профилактика инспекторларига кўмаклашиш;

ёшлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларни профилактика инспекторлари билан биргаликда таҳлил қилиб бориш ҳамда уларни фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида афв этиш бўйича фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, махсус ўқув-тарбия, ижтимоий мослашиш ва реабилитация қилиш муассасаларидан қайтган ёшларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашишини ташкил этишда иштирок этиш, уларни турар жой ва иш билан таъминлаш, касбга йўналтириш масалаларида давлат ва нодавлат ташкилотларига таклифлар киритишда фуқаролар йиғинига кўмаклашиш;

сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка чалинган ёшлар ва вояга етмаганларни тиббий кўрикдан, шу жумладан текин ва аноним тарзда ўтказиш, уларни даволаш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса мажбурий даволаш чоралари кўрилишини таъмиилашга кўмаклашади;

ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида турли салбий ижтимоий ҳаракатлар, айниқса, ўз жонига қасд қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга мойиллик каби ҳолатларнинг сабабларини чуқур ўрганиш, натижалари бўйича фуқаролар йиғини кенгаши, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

турли сабабларга кўра (вафот этиш, ажралиш, чет элга ўқиш ёки ишлаш мақсадида кетиш, мавсумий ёки бошқа ишлар юзасидан республиканинг бошқа ҳудудларига узоқ муддатга кетиш ва ҳ.к.) қаровсиз қолган ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, васийлик ёки ҳомийликка, хусусан тўлиқ давлат таьминотига, фарзандликка, оила тарбиясига олишни талаб этадиган ҳолатлар юзасидан дарҳол васийлик ва ҳомийлик органларига мурожаат қилиш;

ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб этиш, уларни жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жалб этиш юзасидан чора-тадбирлар кўриш;

оммавий ахборот воситалари орқали ўз ваколати доирасига кирувчи масалалар юзасидан чиқишларни амалга ошириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшлар ва вояга етмаганлар билан ишлашда бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

III. Ўринбосар – маслаҳатчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

9. Ўринбосар – маслаҳатчи ўзига юкланган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва нодавлат ташкилотларидан ўз зиммасига юклатилган вазифалар билан боғлиқ зарур ҳужжатлар, статистик ва бошқа маълумотлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотларни сўраб олиши (қонунга асосан тарқатилиши таъқиқланган ёки чекланган ахборотлар бундан мустасно);

фуқаролар йиғини кенгашида иштирок этиш ва ўз фаолиятини самарали ташкил этиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига берилган ҳуқуқлар ва имкониятлардан фойдаланиш;

давлат ва нодавлат ташкилотлари билан муносабатларда ёшлар ва вояга етмаганлар манфаатларини ифода этиш;

давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан фаол ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;

давлат ва нодавлат ташкилотларига, шу жумладан халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан таклифлар киритиш ва уларнинг кўриб чиқилишида иштирок этиш.

фуқаролар йиғини кенгашига Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари ижросини таъминлаш ҳамда ушбу Низомда белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан ўз ваколатлари доирасида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифлар киритиш;

ўринбосар – маслаҳатчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

10. Ўринбосар – маслаҳатчининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ўз фаолиятида қонунчиликка ва мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда фаолиятига доир тегишли ҳужжатларни белгиланган тартибда юритиш;

ўз фаолияти давомида фуқаролар, ёшлар, вояга етмаганлар билан муносабатда оғир, вазмин ва хушмуомалада бўлиш ҳамда низоли масалаларни ҳал этишда адолатли ва холис бўлиш;

инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, маънавий-ахлоқий ва тарбия масалалари бўйича қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, уларнинг ижросини таъминлашга оид ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий билимларини мунтазам равишда кенгайтириб бориш ҳамда ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун малака ва тажрибасини ошириш;

фуқаролар йиғини ва унинг кенгаши, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялари фаолиятида фаол иштирок этиш, фуқаролар йиғини ва унинг кенгашининг қарорларини амалиётга татбиқ этиш;

ҳар чоракда ўз фаолиятига оид амалга оширилган ишлар юзасидан фуқаролар йиғинига ҳисобот бериш;

қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши аниқланган ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш тўғрисида фуқаролар йиғинига таклиф киритиш;

ўринбосар – маслаҳатчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

11. Ўринбосар – маслаҳатчи ўзига юкланган вазифаларни бажаришда маълум бўлган оилавий ёки шахсий сирларни ўзгаларга ошкор қилиши қатъиян тақиқланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

IV. Ўринбосар – маслаҳатчини сайлаш

12. Ўринбосар – маслаҳатчи фуқаролар йиғини томонидан сайланади.

Ўринбосар – маслаҳатчини сайлаш очиқ овоз бериш орқали амалга оширилади.

Ўринбосар – маслаҳатчи лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларда ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Ўринбосар – маслаҳатчи лавозимига сайлаш ва лавозимдан озод этиш фуқаролар йиғини томонидан амалга оширилади.

13. Қуйидаги шахслар ўринбосар – маслаҳатчи лавозимига сайланмайди:

ўз турмуш тарзи билан фуқаролар йиғини аъзолари ўртасида салбий тавсифланган шахслар;

ички ишлар органида профилактик ҳисобида турган шахслар;

руҳий касаллиги, гиёҳвандликка ва сурункали ичкиликбозликка ружу қўйганлиги учун тегишли тиббиёт муассасалари ҳисобида турган шахслар;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар;

ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар;

диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари.

14. Ўринбосар – маслаҳатчини лавозимидан озод қилиш:

ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

умумқабул қилинган ахлоқ, одоб нормаларини қўпол равишда бузганда;

ўринбосар – маслаҳатчи мақомини бадном қилувчи ва фуқаролар йиғини обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар ва ножўя ишлар содир этганда;

ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаганлиги учун фуқаролар йиғини кенгаши томонидан қарор қабул қилинганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилганда ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

соғлиғининг ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этганда.

V. Ўринбосар – маслаҳатчини рағбатлантириш

15. Фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи ёшлар ва вояга етмаганларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада оширишда ҳамда ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда ўрнак кўрсатган ўринбосар – маслаҳатчини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рағбатлантириш ва давлат мукофотларига тавсия этиш.

Ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда ва фаолиятини амалга оширишда намуна ва ибрат кўрсатган ўринбосар – маслаҳатчини моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳомийларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш мумкин.

VI. Якунловчи қоидалар

16. Ўринбосар – маслаҳатчи ушбу Низомда кўрсатилмаган вазифаларни бажаришга, фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқланади.

17. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Umumiy takliflar

1101