ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
7559 Совет фермеров Узбекистана 08/09/2019 22/09/2019 9

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-7559

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР

МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча

чора-тадбирлар тўғрисида

Кейинги йилларда деҳқон хўжаликларида ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларда бозорбоп ҳамда экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳиятидан жойларда деҳқон хўжалиги эгаларининг тўлиқ хабардор эмаслиги, деҳқон хўжаликлари мазкур қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда тўлиқ Давлат рўйхатидан ўтказилмагани ва фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан хўжалик китобида қайд этилмаслиги оқибатида хўжаликларда:

биринчидан, деҳқон хўжаликларининг тўлиқ давлат рўйхатидан ўтказилмагани сабабли давлат реестри ва ягона онлайн базага киритилмай қолаётгани, масалага алоқадор ташкилотларнинг маълумотлар базасида деҳқон хўжаликлари сони турли ҳил рақамлар билан акс этиши уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини талаб даражасида ташкил этиш имкониятини бермаяпти. Жумладан, Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботида 22 805 та, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасида 69 800 та, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг agroonlinе.uz базасида 16 311 та деҳқон хўжаликлари мавжуд, деб қайд этилган.

иккинчидан, деҳқон хўжаликлари билан ишлаш тизими тўлиқ шаклланмагани натижасида экин майдонларига ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, уларнинг тупроқ-иқлим шароити, ерларнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги, сув билан таъминланганини инобатга олган ҳолда тўқсонбости, эртаги, ўртаки ва кечки экин турларини жойлаштириш, етиштиришда мураккабликларни, кўрсаткичларнинг МФЙлардаги хўжалик китобларига киритилмаслиги, мавжуд рақамларда ҳам маълумотларнинг номутаносиблигини келтириб чиқариб, экинларнинг жойлаштирилмай қолиши ва ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажми тўғрисидаги маълумотларда турли ноаниқликларга сабаб бўлмоқда;

учинчидан, ҳудудларда янги деҳқон хўжаликлари ташкил этишда суғориладиган ер майдонларидан ажратиб бериш ҳолатларининг мавжудлиги;

тўртинчидан, деҳқон хўжаликларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган ер майдонларида бино ва иншоотлар ноқонуний қурилиб, ерлардан мақсадсиз ва ўзбошимчалик билан фойдаланилмоқда.

Жумладан, бундай ҳолатлар Наманган вилоятида 99 гектар, Сирдарё вилоятида 72 гектар, Бухоро вилоятида 69 гектар, Қашқадарё вилоятида 15 гектар, Самарқанд вилоятида 8 гектар, Жиззах вилоятида 6 гектар, Тошкент вилоятида 4 гектар, Андижон вилоятида 3 гектар, Навоий ва Фарғона вилоятида 2 гектар ер майдонини ташкил этмоқда.

бешинчидан, мавжуд деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича шартномалар тузиш, сотиб олиш мақсадида олдиндан аванс маблағлари тўловини кафолатли амалга ошириш бўйича молиявий ҳисоб китоблар тизимининг шаклланмагани;

олтинчидан, илмий асосланган инновацион технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот муассасаларида серҳосил, экспортбоп сабзавот ва полиз экинларининг янги навларини яратиш, илғор хорижий тажрибани амалиётга татбиқ этиш бўйича ишларнинг етарли даражада ташкил этилмаслигига сабаб бўлмоқда.

Юқоридаги муаммолар бўйича Андижон, Фарғона, Қашқадарё ва Наманган вилоятининг туманларида ўрганишлар ўтказилганда, деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлар сони ҳамда улар томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми тўғрисидаги маълумотларда тафовутлар борлиги аниқланди.

Хусусан, Фарғона вилояти Қува туманида туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ҳисобида деҳқон хўжаликлари сони 165 тани, Давлат хизматлар марказининг туман бўлими ҳисобида 1125 тани, статистика бўлими ҳисобида 1100 тани, туман Давлат солиқ қўмитаси ҳисобида эса 1437 тани ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (Кейинги ўринларда “Давергеодезкадастр” қўмитаси деб юритилади), Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб юритилади), Давлат хизматлари агентлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади), Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимларининг деҳқон хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Инспекция, Кенгаш, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлари сони ва уларга бириктирилган ер майдонларини ялпи хатловдан ўтказилишини таъминласин.

3. Деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларининг ялпи хатловдан ўтказиш юзасидан ишчи гуруҳ таркиби;

Деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлари фаолият

юритиш учун берилган ер участкалари майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш бўйича республика, вилоятлар ва туманлар ишчи гуруҳлари таркиби 1-2-3 иловага мувофиқ;

Ишчи гуруҳининг деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларини ўрганиш вазифалари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ишчи гуруҳи хатлов натижасига кўра аниқланган хўжаликларни ташкил этилишини қонунийлиги юзасидан бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин.

5. Ишчи гуруҳи томонидан тузилган далолатномага кўра:

ердан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланилган ҳолларда ерга бўлган эгалик ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ бекор қилинишини;

қишлоқ хўжалиги экини экиш учун мўлжалланган ер майдонида ўзбошимчалик билан амалга оширилган қурилишларни амалга оширган шахс маблағлари ҳисобидан бузилиши ва экин ер майдони даражасига келтирилиши, бу жараёнда низо юзага келган ҳолларда ушбу ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 89-моддасига мувофиқ суд тартибида ҳал этилишини;

мақсадсиз фойдаланилган ер майдонини давлат захирасига қайтариб, деҳқон хўжаликларининг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг 27-моддасига мувофиқ тугатилишини таъминласинлар.

6. Давлат хизматлари агентлиги хатлов натижасига кўра, барча деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларини давлат рўйхати реестри билан таққослаган ҳолда, рўйхатда бўлмаган деҳқон хўжаликларини белгиланган тартиб ва муддатларда ягона деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатга олинишини таъминласин.

7. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Кенгаш, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил ҳосили учун 2020 йилнинг 1 январига қадар, кейинчалик мавсумнинг 10 августига қадар экин майдонларига ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, ерларнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги, сув билан таъминлангани ва деҳқон хўжалиги эгаси таклифини инобатга олган ҳолда тўқсонбости, эртаги, ўртаки ва кечки экин турларини жойлаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқсин.

8. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Кенгаш, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда “Томорқа хизмати” МЧЖлари томонидан деҳқон хўжаликларига шартнома асосида уруғлар, кўчатлар ва минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш материалларини ҳамда чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун озуқа (шрот, шелуха ва комбикорм) маҳсулотларини шартнома асосида етказиб беришни ташкил этишни таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Кенгаш, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда ҳамда умумий ер майдони негизида ихтиёрий асосида иштирок этиш тамойилларида мустақил ва ўзаро боғлиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларининг кооперацион бирлашиши институтини кенгайтириш чораларини кўрсин.

10. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги ишчи гуруҳи хатлови хулосасидан келиб чиқиб, бир ой муддатда Давлат хизматлари агентлиги ҳисобидаги деҳқон хўжаликларининг onlinе рўйхатини Кенгаш ҳузуридаги agroonlinе.uz ва Давлат солиқ қўмитаси, “Давергеодезкадастр”, Давлат статистика қўмитаси дастурларига интеграция қилинишини таъминласин.

11. Давлат статистика қўмитаси бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми тўғрисидаги маълумотларни жисмоний ва юридик шахсларга ажратган ҳолда юритишни жорий этиш юзасидан таклиф киритсин.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳудудларда ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖларга Марказий ҳамда маҳаллий деҳқон бозорларида деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун махсус расталар ташкил этишни таъминласинлар.

13. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 205-сон Қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.

14. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д.Вахабов ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.А. Хаитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов

1-ИЛОВА

Деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлари фаолият юритиш учун берилган ер участкалари майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш бўйича ҳудудларга бириктирилган

республика ишчи гуруҳлари

ТАРКИБИ

1.

М. Рузметов

-

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг ўринбосари, Ишчи гуруҳи раиси

2.

Ф. Набижонов

-

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари, Ишчи гуруҳи раиси ўринбосари

3.

И.Хомроев

-

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг ўринбосари

4.

М. Эргашев

-

Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари

5.

Б. Турабов

-

Давлат солиқ қўмитаси ўринбосари

6.

К.Тўлаганов

-

Қурилиш вазирининг ўринбосари

7.

А. Икромов

-

Давлат статистика қўмитаси ўринбосари

8.

М. Мўминов

-

Ўзбекистон Бош прокуратураси бошқарма прокурори

9.

Д.Махбубов

-

Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раиси ўринбосари

2-ИЛОВА

Деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлари фаолият юритиш учун берилган ер участкалари майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш бўйича вилоятлар ишчи гуруҳларининг

намунавий таркиби

1.

лавозими бўйича

вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, Ишчи гуруҳи раиси

2.

лавозими бўйича

вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи, Ишчи гуруҳи раиси ўринбосари

3.

лавозими бўйича

вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари

4.

лавозими бўйича

вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари

5.

лавозими бўйича

вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари

6.

лавозими бўйича

вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси

7.

лавозими бўйича

вилоят статистика бошқармаси бошлиғи ўринбосари

8.

лавозими бўйича

вилоят бандлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари

9.

лавозими бўйича

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари

10.

лавозими бўйича

Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари

11.

лавозими бўйича

Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларини фаолиятини мувофиқлаштириш вилоят кенгаши раисининг ўринбосари

3-ИЛОВА

Деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлари фаолият

юритиш учун берилган ер участкалари майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш бўйича туман ишчи гуруҳининг

намунавий таркиби

1.

лавозими бўйича

туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, Ишчи гуруҳи раиси

2.

лавозими бўйича

туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи, Ишчи гуруҳи раиси ўринбосари

3.

лавозими бўйича

туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи

4.

лавозими бўйича

туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи

5.

лавозими бўйича

туман адлия бўлими бошлиғи

6.

лавозими бўйича

туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси

7.

Лавозими бўйича

туман статистика бўлими бошлиғи

8.

лавозими бўйича

туман бандлик маркази раҳбари

9.

лавозими бўйича

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси туман бўлими бошлиғи

10.

лавозими бўйича

туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси

11.

лавозими бўйича

Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларини фаолиятини мувофиқлаштириш туман кенгаши раисининг ўринбосари

12.

лавозими бўйича

Қурилиш бўлими бошлиғи

4-ИЛОВА



Ишчи гуруҳининг деҳқон ва шахсий ёрдамчи

хўжаликларини ўрганиш вазифалари.

  1. Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (Кейинги ўринларда “Давергеодезкадастр” қўмитаси деб юритилади), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади), Давлат статистика қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб юритилади), Давлат хизматлари агентлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қуйи тизими томонидан Деҳқон хўжаликлари ва шахсий ёрдамчи хўжаликларининг рўйхатлари бир хафта муддатда Ишчи гуруҳга тақдим этилади.

2. Тақдим этилган рўйхат ишчи гуруҳи томонидан барча деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлари ялпи хатловдан ўтказилади. Рўйхатдаги тафовутлар бартараф этилиб, деҳқон хўжаликлари ва шахсий ёрдамчи хўжаликларининг ягона рўйхати бир ой муддатда шакллантирилади, бунда, деҳқон ва шаҳсий ёрдамчи хўжаликларининг сони, ер майдони, экин учун ажратилган ер майдонидан самарасиз фойдаланган ва ноқонуний қурилишни амалга оширгани тўғрисида маълумотлар шакллантирилади.

3. Ҳужжатлар ишчи гуруҳи томонидан икки ҳафта муддатда кўриб чиқилиб, хатловда фаолиятини давом эттираётган ва ноқонуний ташкил этилган ёки ер майдонида қурилиш амалга оширган деҳқон хўжаликларига нисбатан тўпланган ҳужжатларни далолатнома билан туман ҳокимликларга тақдим этади.

Туман ҳокимликлари асосли ташкил этилган, Давлат хизматлари агентлигида рўйхатдан ўтмаган деҳқон хўжаликларини рўйхатдан ўтказиб, деҳқон хўжаликларининг ягона рўйхатни шакллантириши учун тақдим этади.

4. Давлат хизматлари агентлиги рўйхатидан ўтган деҳқон хўжаликларининг ягона рўйхатини Давлат статистика бўлимига тақдим этади.

5. Давлат статистика бўлимлари ягона рўйхат асосида икки ҳафта муддатда ҳисоботларни тўлдириб, маълумотларни туман Кенгашларига тақдим этади.

6. Туман Кенгашлари томонидан рўйхат асосида Кенгаш ҳузуридаги agroonlinе.uz электрон онлайн базани ўрганиб, базага киритилмаган деҳқон хўжаликларини киритади,

7. Туман ҳокимликлари:

мақсадсиз ва самарасиз фойдаланилаётган ерга бўлган эгалик ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ бекор қилади;

- қишлоқ хўжалиги ер майдонида ўзбошимчалик билан амалга оширилган қурилиш иншоотларини қурилишни амалга оширган шахс маблағлари ҳисобидан бузилиши ва экин ер майдони даражасига келтирилиши, бу жараёнда низо юзага келган ҳолларда ушбу ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 89-моддасига мувофиқ суд тартибида ҳал этилиши;

- мақсадсиз фойдаланилган ер майдонини давлат захирасига қайтариб, деҳқон хўжаликларининг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг 27-моддасига мувофиқ тугатилишини таъминлайди.

8. Ишчи гуруҳ ҳатлов якунига кўра Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритади.

5-Илова

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 205-сон Қарори

2-банди 4-хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларига қишлоқ хўжалиги экинларини оптимал муддатларда экиш, паваришлаш, зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтларга қарши курашиш ҳамда боқиладиган чорва моллари ва паррандаларни эмлаш тадбирларини амалга ошириш соҳага оид илмий-текшириш институтлари, олимлар ва тажрибали агрономларнинг амалий ёрдамларини ташкил этиш;”

2. Мазкур қарор билан тасдиқланган “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва мониторингини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-боби қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

“2-боб. Деҳқон хўжалиги ва томорқа ер участкаларида экиладиган экинлар ҳамда боқиладиган чорва моллари ва паррандалар сонини ўрганиш ва прогноз кўрсаткичларни шакллантириш, тасдиқлаш ҳамда ижрога қаратиш тартиби”.

3. Мазкур Низомнинг 2-боб 6-банди 2-хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

“Тақдим этилган маълумотлар туман ҳокими томонидан ўрганиб чиқилади ва 15 февралгача деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкалари кесимида етиштириладиган экин ва маҳсулот турлари, уларни сотиш ҳажмлари, шунингдек, иссиқхоналар барпо этиш, мевали ва манзарали дарахтлар экиш ҳамда чорва моллари, паррандалар сотиб олиш прогноз кўрсаткичларини (кейинги ўринларда прогноз кўрсаткичлари деб аталади) тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашига тасдиқлаш учун киритилади.”

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 205-сон Қарори билан тасдиқланган “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва мониторингини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом янги боб билан тўлдирилсин:

а). “6-боб. Деҳқон хўжаликларининг ер майдонини давлат захирасига қайтариш тартиби”.

б). 6-боб ўз навбатида “7-боб”- деб ҳисоблансин.

в). 6-боб 20-банд “7-боб 22-банд”-деб ҳисоблансин.

6-боб. Деҳқон хўжаликларининг ер майдонини давлат захирасига қайтариш тартиби

20. Деҳқон хўжаликларининг ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда;

ер участкаси берилган муддат тугаганда;

хўжалик тугатилганда;

ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида;

ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда;

ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига, экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда;

қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғи мунтазам тўланмай келинганда;

ер участкасидан бир йил мобайнида фойдаланилмаганида;

мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер кимошди савдоси асосида сотиб олинганидан кейин ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи гаровда бўлган тақдирда эса — гаров шартномаси муддати мобайнида фойдаланилмаганида. Фойдаланилмаётган ер участкалари уларнинг аввалги эгалари тўлаган қиймат ушбу эгаларга компенсация қилинган ҳолда олиб қўйилади;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари раёсатининг қарорига мувофиқ фермер ёки деҳқон хўжалигининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги тугатилганда;

Юқорида қайд этилган ҳолатлар қуйидаги ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширувчи:

Ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек махсус ваколатга эга бўлган давлат органлари;

Ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик асосида назоратни амалга оширувчи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;

Табиатни муҳофаза қилиш жамиятлари, илмий жамиятлар ва бошқа жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқаролар ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширишда давлат органларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кўмаклашувчи ташкилотлар (юқорида қайд этилган органларга кўмаклашади);

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари (кейинги ўринларда туман Кенгаши деб юритилади) томонидан аниқланади.

21. Аниқланган ҳолатлар юзасидан далолатнома тузилади, унга йўл қўйилган қонун бузилишлари ҳолатини тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

Деҳқон хўжалиги бошлиғи далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда, далолатномада бу тўғрида ёзув қайд қилинади, ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширувчи орган ва уларга кўмаклашувчи ташкилотлар вакиллари ва туман Кенгаши раиси ҳамда икки нафар холис томонидан имзо билан тасдиқланади. Далолатнома икки нусхада тузилади, улардан бири деҳқон хўжалиги бошлиғига топширилади .

Далолатнома асосида ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширувчи орган ва туман Кенгаши уч кун мобайнида тегишли тақдимномани далолатнома, шунингдек зарур ҳужжатлар билан бирга туман (шаҳар) ҳокимига юборадилар (туман Кенгаши томонидан тақдим этилаётган ҳужжатларга деҳқон хўжалигини Кенгашга аъзолиги бекор қилинганлигини тасдиқловчи раёсат қарори ва хўжаликни тугатиш зарурлиги тўғрисидаги таклифи илова қилинади).

Туман (шаҳар) ҳокими уч кун муддатда барча ҳужжатлар ва материалларни (туман кенгаши томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлардан ташқари) туман Кенгашига, туман Кенгаши томонидан расмийлаштирилган ҳужжатларни туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) Комиссиясига юборади.

Туман Кенгаши уч кун мобайнида ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқади ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хулоса чиқаради.

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосаси ҳужжатлар ва материаллар билан биргаликда тегишли қарор чиқариш учун туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) Комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) га юборилади.

Комиссия ўзининг қарори ва туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасига асосан беш кун муддатда туман ҳокимининг қарори лойиҳасини чиқаради ва имзога лойиҳа қабул қилинган кунни ўзида йўллайди.

Далолатномада кўрсатилган ҳолатлар тасдиғини топмаган ва (ёки) асосланмаганлиги аниқланган тақдирда, Комиссия ҳужжатларни қайтариш тўғрисида қарор қабул қилиб, туман (шаҳар) ҳокимига ва кўрсатилган органлар (ташкилотлар)га билдиришнома юборади ва киритилган ҳужжатларни қайтаради.

Деҳқон хўжалиги тугатилган тақдирда уни давлат рўйхатидан чиқариш учун туман ҳокимининг қарори 3-кун муддатда туман (шаҳар) Давлат хизматлари Агентлигига юборилади ва ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан чиқарилади.

Деҳқон хўжалиги тугатилганда унинг қарзларини тўлаш тугатувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Деҳқон хўжалиги бошлиғи деҳқон хўжалигининг ер участкасига бўлган ҳуқуқлари бекор қилиниши ва тугатилишидан норози бўлган тақдирда, ушбу қарорлар устидан судга шикоят қилиши мумкин.

Umumiy takliflar

959