ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
7278 Республиканский совет по координации деятельности органов самоуправления граждан 04/09/2019 19/09/2019 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-7278

 

Кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, турмуш шароитини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши (кейинги ўринларда Республика кенгаши деб аталади), Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг:

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1990 йил

14 декабрдаги A/RES/45/106-сон резолюцияси билан эълон қилинган

1 октябрь – “Халқаро кексалар куни”ни Ўзбекистон Республикасида ҳам ҳар йили ушбу санада кенг нишонлаш мақсадида октябрь ойининг биринчи ҳафтасини “Кексалар ҳафталиги” этиб белгилаш;

Кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрнини янада ошириш ҳамда “Кексалар ҳафталиги”ни юқори савияда ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 2 апрелдаги ПФ-5700-сон Фармони билан ташкил этилган “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг Намунавий низоми

2-иловага мувофиқ тасдиқланиши тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш, миллий урф-одат, анъана ва маросимларни ташкил этиш ва ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатиш;

маҳаллаларда ижтимоий маънавий-муҳит барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ва аҳолининг айниқса ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришда фаоллик кўрсатиш;

маҳаллаларда аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилот ва идоралар,

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

маҳаллаларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга кўмаклашиш;

кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ёлғиз, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат ва жамоат ташкилотларига кўмаклашиш;

маҳаллаларда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия машғулотлари гуруҳларини шакллантириш, оммавий спорт мусобақаларига ёшларни қизиқтириш ва кенг жалб этишда фаоллик кўрсатиш;

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органларида фаолият йўналишидан келиб чиқиб раҳбар ўринбосаридан бири жамоатчилик асосида кексалар масалалари бўйича масъул этиб белгиланади ва “фахрийлар кенгашлари” фаолиятини мувофиқлаштиради;

меҳнат жамоаларида пенсияга чиқиш арафасида бўлган меҳнат фахрийларини узоқ йиллик самарали фаолияти учун тақдирлаш ва нафақага кузатиш тадбирларини ўтказиш жорий этилади.

4. Республика кенгаши Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан биргаликда:

икки ой муддатда мамлакатимизда кексаларнинг турмуш даражаси ҳамда сифатини ошириш мақсадида амалдаги қонунчилик ва халқаро тажрибаларни чуқур ўрганиб, бугунги кунда учраётган муаммоларни таҳлил қилган ҳолда кекса авлод вакиллари, хусусан, якка ёлғиз кексалар, меҳнат фахрийлари ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин;

уч ой муддатда кексалар орасида соғлом турмуш тарзи ва жисмоний тарбия билан шуғулланишни тарғиб қилиш, уларда саломатлик учун масъуллик туйғусини юксалтириш орқали инсон умрини узайтиришга кўмаклашишга қаратилган “Соғлом ва муваффақиятли кексалик” концепциясини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Халқ таълими вазирлиги, Республика кенгаши ва Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан биргаликда умумтаълим муассасаларида доимий равишда кекса авлод вакиллари, нуронийларнинг бой ва ибратли ҳаёт тажрибаси, амалий билим ва кўникмаларини ёшларга тарғиб этишга қаратилган учрашувлар, маърифий тарбия соатлари ташкил этсин.

6. Республика кенгаши, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий

қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар йили “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг энг фаол аъзоларини доимий равишда белгиланган тартибда “Меҳнат фахрийси”, “Мўътабар аёл”

ва “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонларига тавсия этиб борсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Республика кенгаши, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

“Кексалар маслаҳати” гуруҳларини доимий равишда ҳомийлик

ва маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан молиявий

қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсин;

ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, эҳтиёжманд,

меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли дастурлар ва йўл харитларини ишлаб чиқишда “Кексалар маслаҳати” гуруҳларнинг таклифларини инобатга олсин;

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастурига мувофиқ кекса авлод вакилларининг республика бўйлаб тарихий шаҳарлар ва зиёратгоҳларга ташрифларини уюштирсин.

8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрнини янада ошириш шунингдек, ушбу қарорда белгиланган вазифалар юзасидан тушунтириш ишларини кенг жамоатчилик орасида тизимли ва доимий асосда олиб бориш тавсия этилсин.

9. Республика кенгаши манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов зиммасига ҳамда Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ____ ________ даги ____-сон қарорига 3-илова

“Кексалар маслаҳати” гуруҳлари фаолиятини

ташкил этиш бўйича

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом “Кексалар маслаҳати” гуруҳи (кейинги ўринларда - Гуруҳ)нинг асосий вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Гуруҳ жисмоний шахсларнинг ихтиёрийлигига асосланиб,

ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаши органи ҳисобланади.

3. Гуруҳ Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика, ҳудудий (вилоят, туман ва шаҳар) кенгашлар (кейинги ўринларда республика, ҳудудий кенгашлар) қошида ҳамда барча фуқаролар йиғинларида ташкил этилади.

4. Республика гуруҳи вазирлик ва идоралар қошида ташкил этилган фахрийлар кенгашлари билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб боради.

5. Гуруҳ қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.

6. Гуруҳ Низоми ва унга киритиладиган ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар тегишли республика, ҳудудий кенгашлар бошқаруви ҳамда фуқаролар йиғинлари қарори билан тасдиқланади.

7. Гуруҳ ошкоралик, коллегиаллик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик ва жамоат фикрини ҳисобга олиш тамойиллари асосида фаолият юритади.

2-боб. Гуруҳнинг асосий мақсади ва вазифалари

8. Гуруҳнинг мақсади кексаларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш

ва бартараф этиш, кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибасидан оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда фойдаланиш, уларнинг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишини таъминлашдан иборат.

9. Гуруҳнинг асосий вазифалари:

кексаларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки, ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш, миллий урф-одат ва анъана, маросимларни бажаришда ўз маслаҳатлари билан иштирок этиш;

ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг маҳаллаларда амалга оширилишида фаоллик кўрсатиш;

лоқайдлик, оилавий келишмовчиликлар ва ёшлар ўртасида “оммавий маданият” кўринишидаги салбий иллатлар тарқалишини олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳитга барқарорлигини таъминлашда маҳаллаларда жамоатчилик муносабатини шакллантириш;

кексалар орасида спорт-соғломлаштириш, муваффақиятли қариш, саломатлик учун шахсий масъулиятни юксалтириш каби тарғибот тадбирларини ташкил этиш;

ижтимоий ҳимояга олинган ёлғиз кексаларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши, қаровчисиз қолган фуқаролар амбулатор-стационар ҳамда уй шароитида соғлиқлари тикланиши, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга тиббий-ижтимоий хизматларни ташкил этиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган пенсия ёшидаги кишиларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви, бандлигини таъминлаш, пенсия ёшидаги кишилар учун меҳнат ярмаркалари ташкил этилишига кўмаклашиш;

“Мурувват уйлари” билан доимий ҳамкорликда иш олиб бориш, эҳтиёжманд, боқувчисиз қолган ёлғиз кексаларга ҳар жиҳатдан кўмаклашиш;

тўй ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам, ижтимоий табақаланишга йўл қўймаган ҳолда ўтказиш бўйича маҳаллада тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш;

илм-фан, санъат, ҳунармандчилик, касаначилик, томорқа маданияти,

тадбиркорлик каби турли соҳалар бўйича катта ҳаётий ва касбий тажрибага эга кексалар иштирокида аҳоли орасида тадбирлар ўтказиш;

ҳаж ва умра зиёратига тавсия этиладиган фуқаролар бўйича таклифлар бериш;

ёлғиз кексалар, пенсионерлар учун тарихий қадамжолар, зиёратгоҳларга мунтазам саёҳатлар уюштириш.

10. Гуруҳ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ижтимоий-маънавий вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3-боб. Гуруҳнинг ҳуқуқлари

11. Гуруҳ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маҳаллалардаги тинчлик, ҳамжиҳатлик муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этиш бўйича тегишли кенгашлар ҳамда фуқаролар йиғинларига таклифлар киритиш;

ёшларни миллий менталитетимизга мос руҳда тарбиялаш, уларда кекса авлод вакилларига нисбатан ҳурмат ҳисини шакллантириш, ножўя қилмишлар ва урф-одатларимизга зид хатти-ҳаракатлардан қайтаришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган, ташаббускор, фидойи кексаларни “Меҳнат фахрийси”, “Мўътабар аёл” ва “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонларига тавсия этишда таклифлар киритиш;

фуқаролар йиғинларига мурожаат этган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, келиб тушган мурожаатларни таснифлаш асосида халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ишларига кўмаклашиш;

заруратдан келиб чиқиб, ўз мажлислари ва тадбирларига давлат органларининг масъул ходимларини таклиф этиш;

маҳаллаларда кексаларнинг муаммоларини, уларнинг эҳтиёжларини ўрганиб, бартараф этиш бўйича масъулларга тавсия беради;

тўйлар ва бошқа маросимларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини, миллий қадриятларимиз ва ибратли анъаналаримизни ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш.

4-боб. Гуруҳнинг таркиби

12. Гуруҳлар қуйидаги таркибда шакллантирилади:

республика гуруҳи – вазирлик ва ташкилотларда раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган, муайян тармоқ тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшган, катта ҳаётий ва амалий тажриба ҳамда маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича мустақил таклифларга эга ижтимоий фаол жамоат арбоблари, олимлар ва экспертлардан;

вилоят ва туман (шаҳар) гуруҳлари – муайян соҳада раҳбарлик лавозимларида ишлаган, катта ҳаётий ва амалий тажрибага, маҳалланинг мавқеини юксалтириш бўйича таклифларга эга, обрў-эътибори юқори кишилар, олимлар, ижодкорлар ва экспертлардан;

маҳалла гуруҳлари – маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, кишиларни ортидан эргаштира олиш малакасига эга бўлган, аҳоли орасида обрў-эътиборли, бошқаларга ибрат бўладиган кекса авлод вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг нафақадаги ходимларидан таркиб топади.

13. Жамоатчилик тузилмаси 15-20 нафар аъзодан иборат таркибда шакллантирилиб, тегишли кенгашлар бошқаруви томонидан тасдиқланади.

5-боб. Гуруҳнинг фаолият тартиби

14. Гуруҳ раҳбари тегишинча бошқарув раислари тавсиясига кўра гуруҳ аъзолари орасидан сайланиб, гуруҳ фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.

15. Гуруҳ бир ойда бир марта (зарурат бўлганда навбатдан ташқари) чақиртирилади.

16. Гуруҳ томонидан муҳокама этилган масалалар баённома тарзида расмийлаштирилади ҳамда тегишли кенгашларга тақдим этилади.

17. Гуруҳ фаолиятини тегишли Кенгашлар ҳамда фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари мувофиқлаштиради.

18. Республика, ҳудудий (вилоят, туман ва шаҳар) кенгашларининг тегишли бўлимлари тузилма фаолиятини самарали ташкил этишга услубий ҳамда амалий жиҳатдан кўмаклашади.

19. Гуруҳларнинг чораклик фаолияти ҳудудий кенгашлар, ярим йиллик

ва йиллик фаолияти ҳудудий кенгашларнинг ҳисоботига кўра республика кенгаши томонидан мониторинг қилинади.

20. Гуруҳ аъзолари пенсияга чиққунга қадар фаолият кўрсатган соҳаси бўйича тармоқларга бириктирилади.

21. Республика гуруҳи аъзолари ҳудудларга мувофиқлаштирувчи сифатида бириктирилади.

6-боб. Якуний қоидалар

22. Гуруҳлар ўз фаолияти доирасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда тегишли ҳудудий кенгашлар бошқаруви олдида ҳисобдордир.

23. Гуруҳлар фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш юзасидан тегишли ҳудудий кенгашлар бошқаруви раисларининг шахсий масъуллиги белгиланади.

24. Маҳаллалар гуруҳлари фаолиятини тугатиш ва қайта ташкил этиш тегишли фуқаролар йиғини бирлаштирилганда, бўлинганда, тугатилганда

ва чегаралари ўзгартирилганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил____ ________ даги ____-сон қарорига

1-илова

Кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрнини янада ошириш

ҳамда “Кексалар ҳафталиги”ни юқори савияда ташкил этиш бўйича

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Амалга ошириладиган ишлар

Муддати

Масъуллар

“Кексалар маслаҳати” гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқиш

2019 йил

октябрь

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси

Барча ҳудудларда кекса авлод вакилларининг турмуш даражаси, ижтимоий ҳимояси, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш каби тегишли масалаларни назарда тутган ижтимоий сўровлар ўтказиш

2019 йил октябрь-декабрь

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси

Кекса авлод вакиллари билан манзилли ишлаш бўйича “Кексалар ижтимоий ҳимояси” дастурини ишлаб чиқиш

2019 йил

ноябрь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси

Республикадаги мавжуд барча хусусий клиникаларга ҳар йили 5 нафардан тиббий ёрдамга эҳтиёжманд кексаларни ҳар 6 ойда бепул тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича ҳомийлик асосида бириктириш

2020 йилдан бошлаб доимий

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши

Хусусий автомобилларнинг орқа ойнасида “Ҳайдовчи кекса киши” маъносини берувчи символика – рамзий белгини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш

2019 йил октябрь

Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши

Кексалар учун назарда тутилган ёшга доир пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ташкилотлар билан таъсирчан чораларни кўриш

2019 йил октябрь ойидан бошлаб

Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва бандлик масалалари вазирлиги, “ЎзАрхив” агентлиги, Адлия вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси

Кекса авлод вакилларининг театр ва музейларга ташрифларини имтиёз асосида ташкил этиш

доимий

Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар

ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Кекса авлод вакилларининг миллий қиёфасини ҳамда ибратли фахрийлар образини ифодалайдиган бадиий, ҳужжатли, қисқа метражли фильмлар, телесериаллар ва спектакллар намойиш этиш

доимий

“Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

“Муваффақиятли кексаликнинг 50 кафолати” номли кекса авлод вакиллари ўқиш учун тавсия этиладиган 50 та китоблар рўйхатини шакллантириш ҳамда аҳоли ўртасида кенг тарғиботини олиб бориш

2019 йил октябрь

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши

“Кексалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўплами”ни нашрга тайёрлаш ва чоп эттириш.

2019 йил октябрь-декабрь

Адлия вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Тошкент давлат юридик университети

Кекса авлод вакилларига яратилган амалдаги имтиёзларни амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида батафсил ўрганиб, тўплам ҳолига келтириш, маҳалла раислари учун услубий қўлланма сифатида нашрга тайёрлаш ва чоп эттириш.

2020 йил январ-февраль

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш даражаси ва сифатини янада ошириш, уларга қулайлик яратиш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий марказлари томонидан маҳаллаларда сайёр қабуллар (хизмат кўрсатиш) ташкил этиш.

2019 йил октябрь-ноябрь

Адлия вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож қатлам учун тор мутахассислар (невролог, оториноларинголог, уролог, офтальмолог ва бошқалар) ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт шифокорларидан иборат таркибда “Тиббиёт автобуси” ташкил этиб, маҳаллаларда кексаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирларини ташкил этиш

2019 йил октябрь-ноябрь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Соғлом авлод учун» Халқаро нодавлат хайрия жамғармаси,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Маҳаллаларда кексалар ва фахрийлар ўртасида тонги жисмоний тарбия машғулотларини мунтазам ташкил этиш, шунингдек, “Ҳар куни 5 минг қадам” шиори остида пиёда юриш марофонларини уюштириш.

2019 йилдан бошлаб доимий

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар

“Кексалар ҳафталиги” доирасида маҳаллаларда истиқомат қилувчи, таълим муассасаларида, вазирлик ва идораларда фаолият олиб борувчи кексалар ва фахрийлар учун байрам тадбирлари ташкил этиш.

2019 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойида

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, “Нуроний” жамғармаси,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

“Кексалар ҳафталиги” доирасида:

“Кексалик – ҳаётнинг ажиб фасли” мавзусида кўргазма;

“Кексалар ва фахрийларга эътибор ва уларнинг муаммолари ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги” мавзусида илмий-амалий семинар;

Маҳаллаларда “Бобом, бувим ва мен китобхон” шиори остида китобхонлак акциялари;

маҳаллаларда “Кекса авлод оилавий ажримларга қарши”, “Биз бор жойда жиноятга ўрин йўқ” мавзуларида тарғибот тадбирлари;

таълим муассасаларининг маънавият соатларида ибратли ҳаёт йўли ва меҳнати билан аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган кексалар иштирокида “Нуронийлар ёшлар нигоҳида” мавзусида учрашувлар, кўрик-танловлар, расмлар кўргазмаларини ташкил ва ўтказиш.

2019 йил октябрь

Ўзбекистон Бадиий академияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус-касб ҳунар таълими вазирлиги, “Оила” илмий амалий маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

“Кексалар ҳафталиги” доирасида ташкил этилган ва ўтказилган тадбирларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш

2019 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойида

Ўзбекистон Миллий телерадиё компанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси

Umumiy takliflar

404