ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
7188 Центральная избирательная комиссия Республики Узбекистан 30/08/2019 14/09/2019 0

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида низом лойиҳаси
ID-7188

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

2019 йил __ июлдаги ___-сон қарорига

Илова

 

Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8-моддаси, шунингдек сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар фаолияти тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар (бундан буён матнда хорижий (халқаро) кузатувчилар деб юритилади)нинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда МСК деб юритилади) қарорлари ҳамда ушбу Низом билан, шунингдек умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси қўшилган ҳужжатлари билан тартибга солинади.

2. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда хорижий (халқаро) кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар.

II. Хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этиш

ва аккредитация қилиш тартиби

3. Сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан сўнг МСК хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборади.

Ташқи ишлар вазирлиги давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот институтлари ва бошқа ташкилот ва муассасалар таклифларига кўра сайловларга хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этади.

Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам сайловларда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини изҳор этиб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этишлари мумкин.

4. Сайловда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф этилган, шунингдек бундай истакни изҳор этган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ўз кузатувчиларининг рўйхати, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари нусхалари, электрон фото суратлари (jpeg форматда, камида 100 КВ, 600х600рх ўлчамда) ҳамда ушбу Низомнинг 1-иловасидаги шаклга мувофиқ анкеталарини Ташқи ишлар вазирлигига тақдим қилади.

5. Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар тегишли ҳужжатларни овоз бериш кунидан камида ўн беш кун олдин тақдим этиши лозим.

6. Ташқи ишлар вазирлиги тегишли хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг ҳужжатларини илова қилган ҳолда МСКга тақдимнома киритади. МСК беш кунлик муддатда хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Аккредитациядан ўтган хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг рўйхати МСК нинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

7. Қуйидаги ҳолларда хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш рад этилиши мумкин:

аккредитация қилиш учун тақдим этилган ҳужжатлар ушбу Низом талабларига жавоб бермаса;

ҳужжатлар ушбу Низомда белгиланган муддатдан кеч тақдим қилинса;

хорижий (халқаро) кузатувчининг ёки унинг номзодини кўрсатган ташкилотнинг фаолияти миллий қонунчиликка зид бўлса ёки Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва миллий манфаатларига хавф солаётган бўлса.

8. МСК аккредитациядан ўтган хорижий (халқаро) кузатувчиларга ушбу Низомнинг 2-иловасидаги намунага мувофиқ мандат беради.

Мазкур мандат хорижий (халқаро) кузатувчилар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятини амалга оширишлари учун асос ҳисобланади.

III. Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг ваколатлари

ва фаолият кўрсатиш тартиби

9. Хорижий (халқаро) кузатувчилар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;

барча даражадаги сайлов комиссияси таркибини, сайловчилар рўйхати шаклланишини, сайловларнинг ахборот таъминотини кузатиш;

сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;

сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатиш;

муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;

сайловчининг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериши жараёнини кузатиш;

овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;

сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;

кузатув олиб бориш давомида ўзи ёллаган таржимон ҳамроҳлигида бўлиш;

сайлов жараёни ва овоз беришнинг махфийлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни ёзиб олиш;

кузатув натижалари тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилиш;

сайловолди ташвиқоти белгилари бўлмаган, фамилияси, исми ва отасининг исми, ўзи вакиллик қилаётган ташкилотнинг номи кўрсатилган кўкрак нишонлари тақиш;

округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш;

қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда тузилган сайлов участкаларидаги сайлов жараёнини кузатиш хоҳиши тўғрисида округ сайлов комиссиясига сайловга камида уч кун қолганда хабар бериш;

агар сайлов участкасида сайловга оид қонунчилик ва халқаро нормалар талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар бериш;

овоз бериш вақти тугагач, сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳақида ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш.

Хорижий (халқаро) кузатувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.

10. Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг мажбуриятлари:

ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, жумладан Ўзбекистонда бўлиш қоидаларига, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига амал қилиш;

сайлов устидан халқаро кузатувни амалга ошириш борасидаги ўз вазифаларини холислик, сиёсий бетарафлик принципларига амал қилган ҳолда бажариш, сайлов комиссиялари, давлат органлари, мансабдор шахслар, сайлов жараёни иштирокчиларига нисбатан қандай бўлмасин бирон-бир тарзда афзаллик билдиришдан воз кечиш;

барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ҳамда бошқа ташкилотларга кирганида, МСК томонидан берилган мандатни шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда кўрсатиш;

ўз хулосаларини ўтказилган кузатув ва ҳақиқий материаллар билан асослантириш.

11. Хорижий (халқаро) кузатувчиларга қуйидагилар ман этилади:

сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;

фуқароларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш;

сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш;

бирон бир партия ёки номзодга тегишли рамзий тусдаги белгиларни тақиб ёки олиб юриш;

сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.

Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган тадбир ва жараёнларда иштирок этиши МСК томонидан олдиндан келишилган ҳолда амалга оширилади.

12. Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг ваколат муддати уларга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.

МСК томонидан такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда хорижий (халқаро) кузатувчилар мандати тегишли муддатга узайтирилади.

IV. Хорижий (халқаро) кузатувчилар

фаолиятининг кафолатлари

13. Хорижий (халқаро) кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиши вақтида Ўзбекистон Республикаси ҳимояси остида бўладилар ва уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади.

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, МСК, округ сайлов комиссиялари, участка сайлов комиссиялари ўз ваколатлари доирасида хорижий (халқаро) кузатувчиларга ўз фаолиятини амалга оширишига кўмаклашадилар.

15. Сайлов комиссиялари хорижий (халқаро) кузатувчини мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.

16. Хорижий (халқаро) кузатувчилар ўз фаолиятларини мустақил равишда амалга оширадилар.

V. Сайлов қонунчилигини ва хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик

17. Хорижий (халқаро) кузатувчилар мазкур Низомда белгиланган ўз ваколатлари доирасидан четга чиқувчи фаолиятни амалга оширишга, шунингдек сайловга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва сайлов кампаниясининг боришини кузатиш билан боғлиқ бўлмаган фаолият билан шуғулланишда ўз мақомидан фойдаланишга ҳақли эмас.

18. Агар хорижий (халқаро) кузатувчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг талабларини, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари ва нормаларини бузса, МСК хорижий (халқаро) кузатувчи ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин.

19. Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг ҳуқуқларини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

VI. Якуний қоидалар

20. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган.

Umumiy takliflar

393