ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
7186 Центральная избирательная комиссия Республики Узбекистан 30/08/2019 14/09/2019 1

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари тўғрисидаги низом лойиҳаси
ID-7186

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

2019 йил ____даги ___-сон қарорига
илова

 

 

 

Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органларининг кузатувчилари тўғрисида
НИЗОМ

 

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг 33-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчиларининг (бундан буён матнда кузатувчи деб юритилади) ҳуқуқий мақомини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзод кўрсатган сиёсий партиядан ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эга.

2. Кузатувнинг мақсади сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.

3. Сайлов комиссиялари кузатувчини мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.

4. Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиядан кузатувчи бўлиши мумкин.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари кузатувчи бўлиши мумкин.

II. Кузатувчиларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш

5. Сиёсий партиянинг туман (шаҳар) ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига ушбу сиёсий партиядан кўрсатилган номзод рўйхатга олинган кундан бошлаб округ сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари округ сайлов комиссияси тузилган кундан бошлаб уларга ариза билан мурожаат қилади.

Аризага кузатувчиларнинг рўйхати (исми-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда), уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари, 3х4 ҳажмдаги икки дона фотосурат илова қилинади.

6. Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловга камида ўн беш кун қолгунга қадар мурожаат қилиши мумкин.

7. Округ сайлов комиссияси сиёсий партия ташкилотининг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризасини олгандан кейин беш кун ичида қарор қабул қилади ва кузатувчи учун мандат беради.

8. Мандат намунаси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 29 июлдаги 924-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.

Мандатда сиёсий партияни бошқа сиёсий партиядан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фарқлаш учун алоҳида белгилар (мандат ранги ёки бошқа) акс эттирилиши мумкин.

9. Сиёсий партия ташкилоти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари округ сайлов комиссиясидан мандатларни олгандан сўнг, уларни кузатувчиларга етказилишини таъминлайди.

10. Қуйидаги ҳолларда кузатувчига мандат бериш рад этилиши мумкин:

кузатувчига номзод 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;

сайловга ўн беш кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса;

тегишли сайлов округи бўйича сиёсий партиядан номзод рўйхатга олинмаган бўлса (сиёсий партиянинг кузатувчилари учун);

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахси бўлмаса (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг кузатувчилари учун);

мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса.

11. Кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек овоз бериш куни кузатувчи учун берилган мандатни тақиб юриши шарт.

12. Кузатувчининг ваколат муддати унга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.

Тегишли сайлов комиссияси томонидан такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, кузатувчилар мандатининг амал қилиш муддати округ сайлов комиссияси томонидан узайтирилади.

III. Кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

13. Кузатувчи:

сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;

сайлов комиссияси таркибини, сайловчилар рўйхати шаклланишини, сайловларнинг ахборот таъминотини кузатиш;

сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;

сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатиш;

муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;

сайловчининг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериш жараёнини кузатиш;

овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;

сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;

сайлов жараёни ва овоз беришнинг махфийлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни ёзиб олиш;

кузатув натижалари тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилиш;

округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш;

қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайлов жараёнини кузатиш хоҳиши тўғрисида округ сайлов комиссиясига сайловга камида уч кун қолганда хабар бериш;

агар сайлов участкасида сайлов қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар бериш;

овоз бериш вақти тугагач, сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳақида, ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга.

Кузатувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.

14. Кузатувчи:

ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига амал қилиши;

барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида унга берилган мандатни ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши;

ўз хулосаларини шахсан ўтказилган кузатув ва ҳақиқий материаллар билан асослаши шарт.

15. Кузатувчига қуйидагилар ман этилади:

сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;

сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш;

сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш;

сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.

16. Кузатувчи Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси талабларига ва ушбу Низом қоидаларига риоя этмаган тақдирда, округ сайлов комиссияси унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин.

IV. Якуний қоидалар

17. Кузатувчи сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин.

Кузатувчи шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиши мумкин.

Umumiy takliflar

516