ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
7107 Министерство народного образования Республики Узбекистан 29/08/2019 13/09/2019 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Хоразм вилояти Шовот туманида Ал-Хоразмий номидаги “Халқаро физика ва математика мактаби”ни ташкил этиш тўғрисида
ID-7107

Хоразм вилояти Шовот туманида Ал-Хоразмий номидаги

“Халқаро  физика ва математика мактаби”ни ташкил этиш тўғрисида

 

 

Мамлакатимизда истиқболли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, улғайиб келаётган ёш авлодни илмга кенг жалб қилиш ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, шунингдек, халқаро майдонда мамлакатимизнинг нуфузини янада юксалтириш учун иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлигининг:

Хоразм вилояти, Шовот тумани, Комилжон Отаниёзов кўчаси, 65-уй манзилда жойлашган айрим фанлар чуқур ўрганиладиган 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига Ал-Хоразмий номидаги “Халқаро физика ва математика мактаби” (кейинги ўринларда халқаро мактаб деб юритилади) мақомини бериш;

бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ва Хоразм вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан халқаро мактабни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш, шунингдек мактаб учун 20 ўринли меҳмонхона биносини қуриш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар халқаро мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш;

ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш;

ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил тадқиқотчилик фаолияти кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш;

юқори касб маҳоратига эга бўлган маҳаллий ва хорижий мамлакатлардан тажрибали ўқитувчиларни жалб қилиш;

иқтидор ва истеъдодни аниқлаш ҳамда камол топтириш бўйича ўқувчиларни республика ва халқаро фан олимпиадалари, танловлар ва бошқа тадбирларда қатнашишга тайёрлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактабнинг 7-синфига 60 нафар ўқувчи қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига халқаро мактабнинг моддий-техника базасидан, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади;

халқаро мактабда хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳисобланган тегишли фанларни ўзлаштиришга иштиёқли ва иқтидорли ўқувчиларни шартнома асосида таълим олишига имконият яратилади;

халқаро мактабда ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва ўқитиш методикасини татбиқ этиш учун хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилишга ҳамда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларининг чуқур ўқитилишини таъминлаш мақсадида илғор хорижий мамлакатларнинг ўқув дастурларини татбиқ этишга русхат берилади;

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактаб директори, ўринбосарлари ва ўқитувчиларига Хоразм вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобига 100 фоиз қўшимча устама ҳақ тўланади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2008 йил 7 августдаги 173-сон қарори билан айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлари учун белгиланган устамалар халқаро мактаб ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди;

халқаро мактаб раҳбар ва педагог ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш, шунингдек халқаро мактаб фаолиятини янада такомиллаштириш бюджетдан ташқари манбалар ва ҳомийлик (беғараз) ёрдами ҳисобига амалга оширилиши мумкин;

давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига қўшимча бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш Давлат бюджетидан молиялаштириш пасайишига олиб келмайди.

4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

Хоразм вилояти ҳокимлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Халқаро мактабнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали ва ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактабга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида математика ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика ўтказсин;

икки ой муддатда халқаро мактабнинг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда халқаро мактабга олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли педагог кадрларни жалб этилишини таъминласин.

6. Хоразм вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда:

халқаро мактабни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш, шунингдек мактаб учун 20 ўринли меҳмонхона биносини қуриш (кейинги ўринларда  халқаро мактабни қайта қуриш деб юритилади) ишларини 2020 йил 1 сентябрга қадар тугаллаш;

халқаро мактабни қайта қуриш тугаллангунга қадар мактаб ўқувчиларининг узлуксиз таълим олишларини таъминлаш учун барча ўқув қулайликларига эга бино билан таъминлаш чораларини кўрсин.

7. Халқаро мактабни қайта қуриш бўйича:

буюртмачи этиб – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;

молиялаштириш манбалари этиб – бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси, Хоразм вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар белгилансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳомийлар, шу жумладан халқаро мактаб собиқ битирувчилари томонидан тақдим этиладиган ҳомийлик хайрияларини жамлаш учун махсус ҳисобварақ очишга рухсат берилсин ҳамда мазкур махсус ҳисобварақда жамланган маблағларни халқаро мактабни қайта қуришга мақсадли йўналтирсин.

9. Халқаро мактабни қайта қуриш доирасида, истисно тариқасида:

буюртмачига танлов (тендер) савдоларини ўтказмасдан, харид комиссиялари томонидан баҳоланадиган энг мақбул таклифларни танлаб олиш орқали бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотларни аниқлаш, шунингдек зарур қурилиш материаллари, ускуналар, бутловчи буюмлар, мебель, ўқув жиҳозлари, компьютер техникаси, электрон доскалар, проекторлар, мультимедиа маҳсулотлари ҳамда адабиётларни харид қилиш ҳуқуқи берилсин;

қурилиш-монтаж ишлари лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда бажарилишига 2020 йил 1 мартга қадар рухсат берилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 2020 йил 1 мартга қадар бош лойиҳачи ташкилот билан биргаликда халқаро мактабни қайта қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини ва ваколатли экспертиза органларидан белгиланган тартибда экспертиза хулосалари олинишини таъминласин.

11.Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ихтисослаштирилган мактабда олиб бориладиган қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан белгиланган тартибда давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида “Таълим” соҳасига ажратилган маблағлар доирасида Халқаро мактабнинг таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин.

13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад ва вазифаларини кенг кўламда ёритиш тавсия этилсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов, Хоразм вилояти ҳокими Ф.У. Эрманов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

             Бош вазири                                            А. Арипов

Umumiy takliflar

380