ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
7062 Центральная избирательная комиссия Республики Узбекистан 29/08/2019 12/09/2019 0

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Округ ва участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш бўйича йўриқнома лойиҳаси
ID-7062

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг
2019 йил __ августдаги ___-сон қарорига
илова

Округ ва участка сайлов комиссиялари
таркибини шакллантириш бўйича
ЙЎРИҚНОМА

     Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 21, 23 ва 25-моддаларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жоқарғы Кенеси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сайлов комиссиялари, жамоат бирлашмалари, корхона, муассаса ва ташкилотлар учун округ ва участка сайлов комиссияларини шакллантиришда тавсиявий характерга эга.

I. Умумий қоидалар

     1. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганда комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва 6-8 нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади.
     Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенесининг, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.
     2. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияси тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва 6-8 нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади.
        Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг тавсиясига биноан тасдиқланади.            
     Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига биноан тасдиқланади.
      3. Участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида 5-19 нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Агар комиссия етти нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади. Зарур бўлган ҳолларда, участка сайлов комиссиясининг сон таркиби округ сайлов комиссияси томонидан ўзгартирилиши мумкин.
       Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

II. Округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига
қўйиладиган талаблар

      4. Йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.
    Бошқа сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.       
     5. Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас. Участка сайлов комиссияси аъзоларининг қолган ярмини шакллантиришда қуйидаги заҳиралардан фойдаланиш тавсия этилади:
      сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар;
      туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган ишсиз фуқаролар;
    нодавлат нотижорат ташкилотлари (Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари, Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Ёшлар иттифоқи, Ногиронлар жамияти, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқалар) вакиллари;
       ҳуқуқий билим ва малакага эга шахслар (юрисконсультлар, адвокатлар, ҳ.к.);
       хорижий тилларни биладиган мутахассислар.
      6. Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати компьютер дастурлари билан ишлаш учун ҳар бир округ ва участка сайлов комиссияси таркибида ахборот коммуникация технологиялари соҳаларида билим ва амалий кўникмага эга камида икки нафар шахс (асосий ва заҳира) бўлиши тавсия этилади.
       7. Сайлов комиссиялари таркибида, шу жумладан раҳбарлик лавозимларида, эркак ва аёлларнинг тенг вакиллигини таъминлашга эътибор қаратилади.

III. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи
округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия қилиш

 

     7. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар сайлов округлари тузилганидан сўнг уч кун ичида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг регламентларида белгиланган тартибда уларнинг мажлисларида муҳокама этилади.
      8. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашининг округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги қарори Марказий сайлов комиссиясига юборилади.
     9. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг таркиби Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.
     10. Округ сайлов комиссияларининг таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги Марказий сайлов комиссиясининг қарори комиссиянинг расмий веб-сайтида ўша куннинг ўзида эълон қилинади. Қарор бошқа манбаларда ҳам эълон қилиниши мумкин.

IV. Ҳалқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига
сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияси аъзолигига
номзодларни тавсия қилиш

       11. Ҳалқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар сайлов округлари тузилганидан сўнг 3 кун ичида Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари регламентларида белгиланган тартибда уларнинг мажлисларида муҳокама этилади.
     Ҳалқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар сайлов округлари тузилганидан сўнг уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунининг 21 ва 22-моддаларида белгиланган тартибда фуқаролар йиғинида ёки фуқаролар вакилларининг йиғилишида ёҳуд фуқаролар йиғини кенгашида муҳокама этилади. 
       12. Муҳокама натижаларига кўра:       
      Ҳалқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодни тавсия этиш тўғрисида Ҳалқ депутатлари туман ва шаҳар кенгаши қарори қабул қилинади ва тегишли вилоят ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиясига;
     Ҳалқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодни тавсия этиш масаласи фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши, фуқаролар йиғини кенгаши)да муҳокама қилинади ва йиғилиш баёни (намунавий шакли мазкур Йўриқноманинг 1-иловасида келтирилган) туман, шаҳар сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун киритилади.
       13. Ҳалқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиясининг таркиби тегишли вилоят ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиясининг қарори билан;
         Ҳалқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиясининг таркиби тегишли туман, шаҳар сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.
      14. Округ сайлов комиссияларининг таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги вилоят, туман шаҳар сайлов комиссиясининг қарори комиссиянинг расмий веб-сайтида, шунингдек маҳаллий матбуотда эълон қилинади.

V. Участка сайлов комиссиялари аъзолигига
номзодларни тавсия қилиш

      15. Сайлов кампанияси эълон қилинганидан кейин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ўз ташаббусига кўра ёки Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларининг ёҳуд туман, шаҳар сайлов комиссияларининг таклифларига асосан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар заҳирасини шакллантирадилар.
        16. Округ сайлов комиссиялари томонидан сайлов участкалари тузилганидан кейин (сайловга камида 60 кун қолганида) участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар заҳирасини:
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – фуқаролар йиғинида ёки фуқаролар вакилларининг йиғилишида ёҳуд фуқаролар йиғини кенгашида;
жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар – меҳнат жамоалари йиғилишида муҳокама қиладилар ҳамда сайловга камида 50 кун қолганида Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларига кўриб чиқиш учун таклиф қиладилар.
       17. Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари 5 кунлик муддатда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан билдирилган таклифларни ўз мажлисларида регламентда белгиланган тартиба муҳокама этадилар.
     Муҳокама натижаларига кўра участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва ўша куннинг ўзида тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун киритилади.      
      Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бир вақтда ўтказилаётган бўлса, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги қарор Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун киритилади.         
         18. Ҳарбий қисмларда, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари сайловга камида 7 кун қолганда тузилса, округ сайлов комиссияларига сайлов участкаларини тузиш тўғрисида тақдимнома билан бирга участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги қарор ҳам тақдим қилинади.
       19. Тавсия этилган участка сайлов комиссияси аъзоларининг сони мазкур Низомнинг 2-иловасида келтирилган сайловчилар сонига нисбатан белгиланган меъёрлар асосида аниқланади.
          20. Участка сайлов комиссиясининг таркиби тегишли округ сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.
         21. Участка сайлов комиссиясининг таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги округ сайлов комиссиясининг қарори маҳаллий матбуотда эълон қилинади.

     22. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида участка сайлов комиссиясини шакллантириш тартиби Марказий сайлов комиссиясининг алоҳида низоми билан белгиланади.

VI. Округ ва участка сайлов комиссияси
таркибидан чиқариш ёки таркибини ўзгартириш

 

      23. Қуйидаги ҳолларда округ ва участка сайлов комиссияси аъзоси ўз аризасига ёки уни комиссия аъзоси этиб тасдиқлаган органнинг қарорига кўра комиссия таркибидан чиқарилади:
       бошқа сайлов комиссияси таркибига сайланганда;
       сиёсий партияга аъзо бўлганда;
       вилоят, туман, шаҳар ҳокими этиб тайинланганда (тасдиқланганда);
       прокуратура ёки судга масъул лавозимга тайинланганда (сайланганда);     
   комиссия аъзосининг яқин қариндошлари (фарзанд, ота-она, ака-ука, опа-сингил, бобо, буви) ёки комиссия аъзоси бевосита буйсунувчи шахслар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, депутатликка номзод ёхуд номзоднинг ишончли вакили этиб рўйхатга олинганда.
    Сайлов комиссияси аъзоси ўз хоҳишига биноан берган аризасига кўра бошқа ҳолларда ҳам уни комиссия аъзоси этиб тасдиқлаган органнинг қарори билан комиссия таркибидан чиқарилиши мумкин.
     Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, депутатликка номзод ёхуд номзоднинг ишончли вакили этиб рўйхатга олинган сайлов комиссияси аъзоси комиссия таркибидан чиқиб кетган деб ҳисобланади.
     24. Комиссия аъзоси Сайлов кодекси талабларини бузган ёки зиммасидаги мажбуриятларига мунтазам равишда эътиборсизлик қилган тақдирда, у комиссия аъзоси этиб тасдиқлаган органнинг қарори билан ваколатларидан маҳрум этилиши мумкин.
       Бунда комиссия аъзосининг Сайлов кодекси талабларини бузганлиги ёки зиммасидаги мажбуриятларга мунтазам равишда эътиборсизлик қилганлигига оид ҳолат у аъзо бўлган сайлов комиссиясининг далолатномаси билан расмийлаштирилади.
     25. Комиссия аъзоси сайлов комиссияси таркибидан чиқарилган ёки сайлов комиссияси аъзоларининг сони кўпайтирилган ҳолларда комиссиянинг янги аъзоси мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда сайланади.

VII. Якуний қоидалар

     26. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ ҳамда участка сайлов комиссиялари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари чиқарилганидан, тегишли сайлов округларидан сайланган депутатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин ўз фаолиятини тугатади.
      Ҳалқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссиялари тегишли сайлов округларидан сайланган депутатлар вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин ўз фаолиятини тугатади.

Округ ва участка сайлов комиссиялари
таркибини шакллантириш бўйича йўриқномага
1-илова

__________ вилояти __________ туман (шаҳар) “____________” фуқаролар йиғини

(фуқаролар вакилларининг йиғилиши, фуқаролар йиғини кенгаши)

______-сон БАЁНИ 

2019 йил ___” ___________                                                                                                                _________________

                                                                                                                                                                                         (ўтказилган жой номи)

Раислик қилувчи:                                        фуқаролар йиғини раиси, Ф.И.Ш

Иштирок этди:                                            (нафар вакиллар, нафар кенгаш аъзолари)

Таклиф этилганлар:                                    (корхона, ташкилот ва муассасалар номи тўлиқ ёзилади)

КУН ТАРТИБИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 21-моддасига асосан халқ депутатлари _____________ туман (шаҳар) Кенгашига сайлов ўтказувчи
____  __________округи сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисида.

(сони)          (номи)

________________________________________________________________________________

 

Кун тартибига қўйилган масала бўйича фуқаролар йиғини раиси (ёки бошқа раислик этувчи) сўзга чиқиб, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни бошланганлиги, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 21-моддасига кўра, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг тавсиясига биноан тасдиқланиши, ушбу Кодекснинг 25-моддасига асосан, йигирма бир ёшга тўлган, қоида тариқасида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар сайлов комиссияси аъзоси бўлиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Кун тартибига қўйилган масала бўйича йиғилганларнинг фикр ва мулоҳазалари муҳокама қилиниб, йиғилиш

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

 

1. Халқ депутатлари __________ туман (шаҳар) Кенгашига сайлов ўтказувчи
______    ____________ округи сайлов комиссияси аъзолигига “_____________” фуқаролар    (сони)                        (номи)

йиғини томонидан қуйидаги номзодлар тавсия этилсин.

т/р

Фамилияси, исми, отасининг исми (тўлиқ ёзилади)

Иш жойи, лавозими,

яшаш манзили

1.

 

 

2.

 

 

3.

 

 

...

 

 

 

2. Мазкур қарорнинг асл нусхаси ______________ туман (шаҳар) сайлов комиссиясига тақдим этилсин.

3. Қарор нусхаси фуқаролар йиғини йиғма жилдига тикиб қўйилсин.

4. Ушбу қарор ижросини таъминлашни ўз зиммамда қолдираман.

 

Фуқаролар йиғини раиси                                _________                                        ___________

(ёки унинг маслаҳатчиси)                                     (имзо)                                                                          (Ф.И.Ш.)

 

   Масъул котиб:                                                 _________                                           ___________

        (имзо)                                                                            (Ф.И.Ш.)

                      М.Ў.

Округ ва участка сайлов комиссиялари
таркибини шакллантириш бўйича йўриқномага
2-илова

 

Участка сайлов комиссияси аъзоларининг
сайловчилар сонига нисбатан белгиланиш
МЕЪЁРЛАРИ

 

Сайловчилар сони

Аъзолар сони

1.

200 нафаргача

5–7 нафар

2.

201-500

7–9 нафар

3.

501-1000

9–11 нафар

4.

1001-1500

11–13 нафар

5.

1501-2000

13–15 нафар

6.

2001-2500

15–17 нафар

7.

2501 ва ундан юқори

17–19 нафар

 

 

 

Изоҳ.

Зарур ҳолларда, участка сайлов комиссиялари аъзолари сони ҳудудда сайловчилар жойлашуви масофаси ва бошқа асосли сабабларга кўра юқори турувчи сайлов комиссиялари билан келишилган ҳолда тегишли комиссия қарорлари асосида кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин (5-19 аъзо доирасида).

Umumiy takliflar

2669