ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
5387 Министерство физической культуры и спорта Республики Узбекистан 03/08/2019 14/08/2019 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 1 мартдаги 184-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
ID-5387

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида” Қонунга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 1 мартдаги 184-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш
ва қўшимчалар киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири

 

А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ___ ________ даги

___ - сон қарорига

ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш
чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 1 мартдаги 184-сон қарорига
киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида” 2019 йил 1 мартдаги 184-сон қарорида:

а) 2-бандининг учинчи хатбошидаги “танловлар” сўзи “тендерлар” сўзи билан алмаштирилсин;

б) 5-бандда:

иккинчи хатбошидаги “танловларни ўтказиш”, “танлов комиссиялари” сўзлари тегишли равишда “тендерларни ўтказиш, “тендер комиссиялари” сўзлари билан алмаштирилсин;

бешинчи хатбошидаги “танлов комиссиясига” сўзи “тендер комиссиясига” сўзи билан алмаштирилсин;

олтинчи хатбошидаги “танлов комиссияси” сўзи “тендер комиссияси” сўзи билан алмаштирилсин;

еттинчи хатбошидаги “танлов ҳужжатларини”, “танловни ташкил этиш ва ўтказиш” сўзлари тегишли равишда “тендер ҳужжатларини, “тендерни ташкил этиш ва ўтказиш” сўзлари билан алмаштирилсин;

в) 7-бандда:

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“давлат-хусусий шериклик шартларида нодавлат жисмоний тарбия
ва спорт ташкилотининг биноларини қуриш учун ажратилиши мумкин бўлган ер участкаларини ҳамда ўзларига тегишли бўш турган спорт объектлари, шунингдек, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши зарур бўлган нодавлат жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотларини аниқлаб, уларнинг рўйхатларини тузсин ҳамда нодавлат жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кўриб чиқиш, барча молиявий ва иқтисодий тавсифлари киритилган ҳолда лойиҳани амалга ошириш ҳақида тегишли қарор қабул қилсин;”;

 

қуйидаги таҳрирдаги бешинчи хатбоши қўшилсин:

“хусусий шерикларга давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бериладиган нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотининг биноларини қуриш учун ажратилиши мумкин бўлган ер участкаларини ва спорт объектларининг ягона рўйхатини шакллантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифларни киритиб борсин.”.

г) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги хусусий шерикларга давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бериладиган давлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотининг биноларини қуриш учун ажратилиши мумкин бўлган ер участкаларини ва спорт объектларининг ягона рўйхатини шакллантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифларни киритиб борсин.”.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 мартдаги 184-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги низомда:

а) Низомнинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий

шериклик тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

давлат-хусусий шериклик давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ўзаро самарали ҳамкорлиги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим (кейинги ўринларда битим деб аталади) – томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг бошқа шартларини белгилаб берадиган давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида тузилган ёзма шартнома;

давлат-хусусий шериклик объекти жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини ташкил этиш мақсадида лойиҳалаштирилиши, қурилиши, барпо этилиши, етказиб берилиши, молиялаштирилиши, реконструкция қилиниши, модернизациялаштирилиши, фойдаланилиши ва хизмат кўрсатилиши давлат-хусусий шериклик лойиҳасини рўёбга чиқариш доирасида амалга ошириладиган мол-мулк, мулкий комплекслар, ижтимоий инфратузилма, шунингдек давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида жорий этилиши лозим бўлган ишлар (хизматлар)
ва инновациялар;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий вазифаларни ҳал этишга қаратилган, хусусий инвестицияларни жалб этиш ва (ёки) илғор бошқарув тажрибасини жорий этиш асосида амалга ошириладиган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги муҳим инвестициявий, инновацион, инфратузилмавий ва бошқа тадбирлар мажмуи;

балансда сақловчи – давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий шерикка бериладиган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, ер майдонлари ва бошқа мулк эгаси – давлат ташкилоти;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар – кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган оилалар аъзолари, етим болалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерлар;

хусусий шерик -Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган, давлат шериги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузган тадбиркорлик фаолияти субъекти ва шундай субъектларнинг бирлашмаси;

давлат шериги Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги.

3. Давлат-хусусий шерикликнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

давлат шеригининг ва хусусий шерикнинг қонун олдида тенглиги;

давлат-хусусий шерикликни амалга оширишдаги қоидалар ва тартиб-таомилларнинг шаффофлиги;

хусусий шерикни танлашдаги баҳслашув ва холислик;

камситишга йўл қўймаслик;

коррупцияга йўл қўймаслик.

4. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

давлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари биноларини қуриш ва улардан доимий фойдаланиш учун ер участкаларини тендер натижаларига кўра ажратиш;

давлат жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг фойдаланилмайдиган бинолари ёки корпусларини тендер натижаларига кўра хусусий шерикларга ўтказиш;

мавжуд давлат жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини қайта қуриш ва жиҳозлаш.

5. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг давлат шериги ёки хусусий шерик томонидан таклиф этилиши жисмоний тарбия ва спорт соҳасида битим тузиш учун асос ҳисобланади.

6. Ушбу Низомга мувофиқ давлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларини ташкил этиш учун хусусий шерикларга ер участкаларини тақдим этишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларида белгиланган юридик ва жисмоний шахсларга ер участкаларини тақдим этиш тартиби татбиқ этилмайди.

2-боб. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларни тузиш бўйича тендерларни ўтказиш комиссияси

 

7. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларни тузиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишувга кўра тендер ғолибини аниқлаш учун тендер комиссиясини (кейинги ўринларда тендер комиссияси деб юритилади) шакллантиради.

Тендер комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг вакиллари мажбурий тартибда киритилади.

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири тендер комиссияси раисидир. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг вакили тендер комиссияси таркибида маслаҳат овози билан иштирок этади.

Тендер комиссияси камида 5 кишидан иборат таркибда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири буйруғи билан ташкил этилади.

Тендер комиссиясига раис бошчилик қилади.

Тендер комиссияси аъзосида мажлисга чиқарилган масалалар юзасидан манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган тақдирда, у ўз номзодини қайтариб олишини билдириши ва ушбу масала бўйича овоз беришда иштирок этмаслиги керак, бу ҳақда баённомада қайд этилади.

8. Тендер комиссияси томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар кўриб чиқилади.

9. Тендер комиссияси заруриятга кўра, Тендер комиссияси раисининг қарори бўйича чақирилади.

Тендер комиссияси мажлисини Тендер комиссияси раиси, у бўлмаган тақдирда – Тендер комиссияси раисининг қарори бўйича Тендер комиссияси аъзоларидан бири бошқаради.

10. Тендер комиссияси, агар мажлисда унинг аъзолари умумий сонининг камида етмиш беш фоизи ҳозир бўлса, қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга, бунда тендер комиссиясининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади.

Тендер комиссиясининг қарорлари тендер комиссиясининг овоз берган аъзолари умумий сонининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

11. Тендер комиссияси аъзоларининг овози сони тенг бўлиб қолган тақдирда тендер комиссияси мажлисида раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

12. Тендер комиссияси ўз мажлисларининг баённомаларини юритади, баённомалар унинг мажлисларда ҳозир бўлган барча аъзолари томонидан имзоланади.

3-боб. Хусусий шерик томонидан давлат-хусусий

шериклик лойиҳасини таклиф этиш тартиби

 

13. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси давлат ташаббускори (Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги) ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркор ёхуд юридик шахс (кейинги ўринларда хусусий ташаббускор деб юритилади) томонидан таклиф қилиниши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрига киритилиши қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини баҳолаш, келишиш ва тасдиқлаш учун давлат шеригига юборилади;

давлат шериги томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси кўриб чиқилади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси Агентлик томонидан маъқулланиши, рад этилиши ёки маромига етказилиши учун қайтарилади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг келишиб олинган концепцияси давлат шериги ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси Агентлик томонидан Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрига киритилади.

14. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси ушбу Низомда назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда берилган бўлса, концепция унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга таклиф киритаётган ташаббускорга бир иш куни мобайнида қайтарилади.

Тақдим этилган концепцияда талаблар бузилганлиги ҳақидаги хабар ёзма шаклда, шу жумладан электрон ахборот тизими орқали хусусий шерикка топширилади (жўнатилади). Хабарда қандай талаблар бузилганлиги, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва хусусий шерик кўрсатилган талаблар бузилишини бартараф этиб, ҳужжатларни давлат шеригига такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган аниқ муддат кўрсатилади.

Хусусий шерик камчиликларни бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат ёзма ёки электрон хабар олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас.

15. Давлат ташаббускори давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини, қоида тариқасида, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг
ўз ваколати соҳасига кирувчи устувор йўналишлари бўйича ишлаб чиқиши зарур.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлашда давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг оқилоналиги ва самарадорлиги ҳамда бу лойиҳани амалга ошириш мақсадида унинг мақбул шаклини аниқлашни таъминловчи дастлабки молиявий ҳисоб-китоблар ҳисобга олган ҳолда амалга ошириши керак.

Дастлабки молиявий ҳисоб-китоблар асосида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлашда қуйидагиларга эътибор қаратилиши лозим:

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг молиявий-иқтисодий самарадорлиги кўрсаткичлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ хусусий шерик томонидан лойиҳалаштирилаётган, барпо этилаётган, молиялаштирилаётган, реконструкция қилинаётган, фойдаланилаётган
ёки хизмат кўрсатилаётган давлат-хусусий шериклик объектининг таркиби
ва параметрлари;

хусусий шерикнинг кутилаётган инвестициялари ҳажми ва Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларидан тахмин қилинаётган молиялаштириш ҳажми;

давлат шеригининг ва хусусий шерикнинг мажбуриятлари;

хусусий шерикка кўрсатиладиган давлат кўмагининг турлари;

музокаралар ўтказиш муддатлари;

давлат-хусусий шериклик объектидан фойдаланган ҳолда тақдим этиладиган товарлардан (ишлардан, хизматлардан) фойдаланиш шартлари.

Аҳолининг, товарларни (ишларни, хизматларни) истеъмол қилувчиларнинг, улардан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиш мақсадида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш жамоатчилик муҳокамалари билан бирга олиб борилиши керак.

16. Хусусий ташаббускор давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқишга ва потенциал давлат шеригига тақдим этишга ҳақли. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси мавжуд муаммоларни ҳал қилишга доир инновацион ёндашувни ўз ичига олиши ва тарафлар учун мақбул бўлган мутаносиб нафни таъминлаши керак.

Хусусий ташаббускор давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тақдим этишдан олдин дастлабки муҳокама ўтказиши, шунингдек потенциал давлат шериги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида ахборот алмашиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини олган потенциал давлат шериги унинг амалга оширилишини маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида ўттиз календарь кун ичида қарор қабул қилади.

Хусусий ташаббускорнинг умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси маъқулланган тақдирда, потенциал давлат шериги ушбу концепцияни Агентликка келишиш учун юборади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

хусусий ташаббускорнинг талабгорларга нисбатан қўйиладиган, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонунида белгиланган талабларга мос келмаганлиги;

потенциал давлат шеригида давлат-хусусий шериклик объектига нисбатан хўжалик юритиш ҳуқуқининг ёки оператив бошқарув ҳуқуқининг мавжуд эмаслиги;

давлат-хусусий шериклик объектини лойиҳалаштириш, қуриш, барпо этиш, молиялаштириш, реконструкция қилиш, ундан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш заруриятининг мавжуд эмаслиги;

лойиҳани амалга оширишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслиги ва (ёки) бунга ижтимоий эҳтиёжнинг мавжуд эмаслиги.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси тасдиқланган тақдирда, потенциал давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ҳамда бошқа талабгорларга давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилишидан манфаатдорлиги тўғрисида маълум қилиш таклифини ўзининг расмий веб-сайтида, Агентликнинг расмий
веб-сайтида ва бошқа махсус веб-сайтларда беш календарь кун ичида эълон қилади.

Агар давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси эълон қилинган пайтдан эътиборан қирқ беш календарь кун ичида
потенциал давлат шеригига бирор-бир якка тартибдаги тадбиркор
ёки юридик шахс давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан ўзининг манфаатдорлигини маълум қилмаса, потенциал давлат шериги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддасига мувофиқ давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш ҳақида қарор қабул қилади ва хусусий ташаббускор билан музокараларни ўтказишга киришади. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини Агентлик билан келишади, келишиб олинган кундан эътиборан олтмиш кун ичида хусусий ташаббускор билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида тендер ўтказмаган ҳолда битим тузади.

Агар бирор-бир якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан ўзининг манфаатдорлигини маълум қилса, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун хусусий шерикни аниқлаш тендер асосида амалга оширилади.

Хусусий ташаббускорга давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни давлат-хусусий шериклик лойиҳаси умумий қийматининг бир фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда тендернинг ғолиби ёки захирадаги ғолиби ҳисобидан қопланиши мумкин.

17. Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаш давлат шериги томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ ва ўн миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаш давлат шериги томонидан Агентлик билан келишувга кўра амалга оширилади.

Умумий қиймати ўн миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси тасдиқланганидан ва у Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрига киритилганидан кейин давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш тўғрисида ўттиз календарь кун ичида қарор қабул қилади.

18. Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисидаги, шу жумладан уларнинг концепцияси, хусусий шерикларни танлаб олиш шартлари
ва мезонлари ҳақидаги ахборот, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг асосий қоидалари, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнлари ҳақидаги маълумотлар давлат шеригининг ва Агентликнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши керак.

4-боб. Давлат шериги томонидан давлат-хусусий

шериклик лойиҳасини таклиф қилиш

ва тендерни ўтказиш тартиби

 

19. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат шериги билан хусусий шерик ўртасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тендер
ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича аниқланган ҳолда тузилади.

Тендерлар бир босқичли ёки икки босқичли бўлиши мумкин.

Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича бир босқичли тендер ўтказилади.

Бир босқичли тендерни ўтказиш чоғида тендер иштирокчиларининг тендер ҳужжатларида кўрсатилган концептуал қарорлар ва шартлар асосида батафсил техникавий таклиф ва тижорат (молиявий) таклифи, баҳоси (тарифи) албатта кўрсатилган ҳолда ишлаб чиқилган буюртмалари (таклифлари) кўриб чиқилади ҳамда баҳоланади. Тендерни ташкил этиш жараёнида талабгорлар билан тендер предметининг параметрлари бўйича музокаралар ўтказишга йўл қўйилади.

Бир босқичли тендер қуйидаги тартибда ўтказилади:

тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонни оммавий ахборот воситаларида ҳамда давлат шеригининг ва Агентликнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади;

тендерда иштирок этиш учун талабгорлардан расмий буюртмалар
ва тендер буюртмалари (таклифлари) олинади;

талабгорлар томонидан тендер ҳужжатлари тўплами тақдим этилади;

талабгорларнинг тендер буюртмалари (таклифлари) солинган конвертлар очилади;

тендер буюртмалари (таклифлари) баҳоланади;

тендернинг ғолибини ва захирадаги ғолиби аниқланади;

тендер ғолиби билан музокаралар ўтказилади;

тендер ғолиби билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузилади.

Тендерда иштирок этиш учун тендер буюртмаларини (таклифларини) бериш муддати тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон берилган санадан эътиборан ўттиз календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича икки босқичли тендер ўтказилади.

Икки босқичли тендер дастлабки малакани аниқлаш ва тендер ғолибини саралаш босқичларини ўз ичига олади.

Икки босқичли тендер қуйидаги тартибда ўтказилади:

биринчи босқичда буюртмалар кўриб чиқилади ҳамда тендер ҳужжатлари шартларида кўрсатилган концептуал ва техник ечимлар асосида ишлаб чиқилган тендер таклифлари баҳоланади. Талабгорлар билан тендер предметининг параметрлари бўйича музокаралар ўтказишга йўл қўйилади;

иккинчи босқичда тендер предметининг аниқлаштирилган параметрлари ҳисобга олинган, баҳо (тариф) албатта кўрсатилган ҳолда киритилган техникавий таклифларни ва тижорат (молиявий) таклифлари кўриб чиқилади ҳамда баҳоланади.

Икки босқичли тендерни ўтказиш тартиб-таомили қуйидагиларни
ўз ичига олади:

тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонни оммавий ахборот воситаларида ҳамда давлат шеригининг ва Агентликнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади;

талабгорлардан тендерда иштирок этиш учун расмий буюртмалар олинади;

тендерда иштирок этиш учун манфаатдор шахслар доираси белгиланади;

давлат шериги томонидан тендерда иштирок этиш учун талабгорларга дастлабки малака ҳужжатлари юборилади;

талабгорларнинг малакасини тасдиқловчи дастлабки малака буюртмалари йиғилади ва баҳоланади;

дастлабки малакалашдан ўтган талабгорларнинг рўйхати шакллантирилади;

тендерда иштирок этиш учун давлат шериги томонидан тендер ҳужжатларини ва тендер буюртмаларини (таклифларини) тақдим этишга доир сўров юборилади;

тендерда иштирок этиш учун талабгорлар томонидан техникавий таклифларни ва тижорат (молиявий) таклифларини тақдим этилади;

тендерда иштирок этиш учун талабгорларнинг тендер буюртмалари (таклифлари) солинган конвертлар очилади;

тендер буюртмаларини (таклифларини) баҳоланади;

тендернинг ғолибини ва захирадаги ғолиби аниқланади;

тендер ғолиби билан музокаралар ўтказилади;

тендер ғолиби билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузилади.

Дастлабки малакалашда иштирок этиш учун буюртмалар йиғиш муддати тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон берилган санадан эътиборан ўттиз календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Дастлабки малакалашни ўтказиш учун камида иккита талабгорнинг иштирок этиши зарур.

Ғолибни танлаб олиш босқичида давлат шериги дастлабки малакалашдан ўтган талабгорларга тендер буюртмаларини (таклифларини) тақдим этиш ҳақида сўровни ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини юборади.

Тендер буюртмаларини (таклифларини) бериш учун сўнгги муддат тендер буюртмаларини (таклифларини) тақдим этишга доир сўровда кўрсатилади ва у дастлабки малакалашдан ўтган талабгорларга ушбу сўров юборилган санадан эътиборан қирқ беш кундан кам бўлмаслиги керак.

Талабгорлардан ҳеч бири биттадан ортиқ тендер буюртмасини (таклифини) тақдим этишга ҳақли эмас. Талабгор тендер комиссиясига тендер буюртмаларини (таклифларини) тақдим этиш муддати тугагунига қадар исталган вақтда тендер буюртмасини (таклифини) ўзгартириши
ёки қайтариб олиши мумкин.

Тендер буюртмаларини (таклифларини) баҳолаш тендер комиссияси томонидан белгиланган муддат ичида ўтказилади. Буюртмаларни (таклифларни) баҳолаш тендер комиссияси томонидан белгиланган
ҳар бир тендер мезони бўйича амалга оширилади.

Тендер иштирокчилари ёки уларнинг вакиллари тендер буюртмаларини (таклифларини) баҳолашда ҳозир бўлишга ҳақли эмас. Баҳолаш жараёнида тендер комиссияси талабгорларни тушунтиришлар бериш, улардан қўшимча маълумотларни сўраб олиш ва тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилигини тасдиқлаш учун чақириш ҳуқуқига эга. Тендер якунларини чиқариш чоғида тендер иштирокчилари ва (ёки) уларнинг ишончли шахслари иштирок этиши мумкин.

Тендер комиссияси барча талабгорларнинг тендер буюртмаларини (таклифларини) тендер таклифларининг сўрови талабларига номувофиқ
деб топган тақдирда, тендерни бўлиб ўтмаган деб топади ва такрорий тендерни эълон қилишга ҳақли. Такрорий тендер уни ўтказиш
тартиб-таомилида белгиланган тартибда ўтказилади.

Тендер комиссияси тендер ғолиби тўғрисидаги ахборотни қарор қабул қилинган кунда давлат шеригининг ва Агентликнинг расмий веб-сайтларида эълон қилади.

Талабгорларнинг тендерда иштирок этиши муносабати билан қилган харажатларининг ўрни қопланмайди, бундан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

20. Тендер ҳақидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

давлат шеригининг номи, телефон рақами, почта, шу жумладан электрон почта манзили;

объект номи, жойлашган манзили, сони, тавсифи;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш шартлари;

давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш шаклларига қараб талаб этиладиган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларнинг энг кичик ҳажми;

тендер ўтказиладиган сана, вақт ва жой;

тендер таклифлари қабул қилинадиган охирги муддат (куни ва соати кўрсатилган ҳолда).

21. Давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи учун тендер ўтказишни тартибга солувчи тендер ҳужжатларини тайёрлайди, Агентлик билан келишади, тасдиқлайди.

Тендер ҳужжатларида қуйидагилар акс эттирилиши керак:

талабгорларнинг малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларга доир талаблар;

давлат-хусусий шериклик объектининг жойлашган ери;

давлат-хусусий шериклик объектининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари;

давлат-хусусий шериклик объектини лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, реконструкция қилиш, ундан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш муддатлари;

давлат-хусусий шериклик объекти ёки хусусий шерик томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатининг кўрсаткичлари ёки унга доир
энг кам талаблар;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бажариш мақсадида давлат шериги томонидан хусусий шерикка бериладиган молиялаштириш ҳажми, мол-мулкнинг ёки мулкий ҳуқуқларнинг рўйхати;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари
ўз зиммасига олаётган хавф-хатарлар;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг параметрлари акс эттирилиши керак бўлган валюта ва уларни таққослаш ва баҳолаш мақсадида ягона валютага келтириш учун ҳисоб-китобларда фойдаланиладиган валютанинг курси;

тендер мезонларининг тавсифи;

тендер буюртмаси (таклифи) бериладиган тилга доир талаблар;

тендер буюртмасининг (таклифининг) мазмуни, тендер буюртмаларини (таклифларини) бериш ва уларнинг амал қилиш усули, жойи, муддатлари;

тендер буюртмасига (таклифига) доир таъминот киритиш шартлари; тендер буюртмалари (таклифлари) солинган конвертларни очиш
тартиб-таомиллари, жойи, санаси ва вақти.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳаси тендер ҳужжатларининг ажралмас қисмидир.

Давлат шериги Агентлик билан келишувга кўра тендер ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга ҳақлидир. Давлат шериги тендер ҳужжатларига ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш календарь кундан кечиктирмай
барча талабгорларни тендер ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар
ва (ёки) қўшимчалар ҳақида хабардор қилиши шарт. Бунда талабгорлар тендер буюртмаларида (таклифларида) ушбу ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчаларни ҳисобга олиши учун тендер буюртмаларини (таклифларини) тақдим этишнинг сўнгги муддати давлат шериги томонидан ўттиз календарь кундан кам бўлмаган муддатга узайтирилади.

22. Тендерда иштирок этиш учун хусусий шерик тендер комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза ва юридик шахс рўйхатдан ўтказилган тўғрисидаги гувоҳнома ёки паспортнинг кўчирма нусхаси (агар ариза жисмоний шахс томонидан берилган бўлса);

тендерда иштирок этиш учун ариза тақдим этиладиган кундан камида бир ой олдин солиқлар, йиғимлар, бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик ҳамда бошқа молиявий санкциялар йўқлиги тўғрисида ариза;

жисмоний тарбия ва спорт муассасаси биносини қуриш (қайта қуриш) юзасидан тегишли таклиф;

жисмоний тарбия ва спорт муассасаси биносини қуриш учун дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичлар.

23. Тендер мезонлари аниқ бўлиши ва унда камситувчи қоидалар бўлмаслиги керак.

Талабгор давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдириш учун тендерда иштирок этганда қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлиши керак:

ҳуқуқ лаёқатига эга бўлиши;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга доир мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган молиявий ва (ёки) моддий, техник ресурсларга
ва (ёки) малакали меҳнат ресурсларига эга бўлиши;

мавжудлиги манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган асосларга эга бўлмаслиги.

Қайта ташкил этилиш, тугатилиш ва (ёки) банкротлик босқичида бўлган талабгорларнинг тендерда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

24. Тендер ғолибини танлаб олиш босқичида фойдаланиладиган мезонларда қуйидагилар назарда тутилади:

давлат шериги ва хусусий шерик томонидан амалга ошириладиган тўловларнинг ҳажми;

энг юқори нархлар ва тарифлар;

хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бажариш учун жалб этиладиган маблағлари ҳажми;

хусусий шерикни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми
ва турлари;

давлат-хусусий шериклик объектини лойиҳалаштириш ва (ёки) қуриш, барпо этиш, реконструкция қилиш, модернизациялаш, ундан фойдаланиш
ва унга хизмат кўрсатиш муддати;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг техник ва технологик афзалликлари, функционал ва инновацион тавсифлари.

25. Тендер бўйича таклифи давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун энг мақбул деб топилган иштирокчи тендер ғолиби деб эътироф этилади.

Шунингдек, тендер якунлари бўйича таклифларининг параметрлари тендер шартларига мос келадиган, бироқ тендер ҳужжатларига мувофиқ ғолиб томонидан таклиф этилган параметрлар даражасидан паст бўлган захирадаги ғолиб аниқлаб олинади.

Тендер ғолиби давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни ушбу Низомнинг 27-бандида назарда тутилган муддатларда имзолашни рад этса ёки имзолашдан бўйин товласа, захирадаги ғолиб билан тегишли битим тузилиши мумкин.

26. Тарафлар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни давлат шеригининг қарорига мувофиқ қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан тузиши мумкин:

давлатнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлашда;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг зарурий шарти ҳисобланган интеллектуал фаолият натижаларига доир мутлақ ҳуқуқлар, бошқа мутлақ ҳуқуқлар, ер участкаси, бошқа кўчмас мол-мулк объекти ва ўзга мол-мулк муайян шахсга тегишли бўлганда;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари билан белгиланган ҳолларда.

27. Фақат бир иштирокчидан ариза келиб тушган тақдирда тендер ўтказилмайди, тегишли қарор эса тендер комиссияси томонидан иштирокчи аризасини ва унга илова қилинган ҳужжатларни тендер эълон қилинган вақтдан бошлаб ўттиз кунлик муддат тугагандан кейин 5 иш куни ичида ўрганиш якунлари бўйича қабул қилинади. Тендер комиссияси хусусий шерик таклифларининг тендер талабларига мувофиқлигидан келиб чиқиб, ижобий ёки салбий қарор қабул қилади.

28. Тендер иштирокчиси қабул қилинган қарорга рози бўлмаса, қарор юзасидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

5-боб. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги

битимни тузиш, уни ўзгартириш, тўлдириш

ёки бекор қилиш

 

29. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонунида назарда тутилган тартибда ва шартларда давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида тузилган ҳужжатдир.

30. Давлат шериги тендер ҳужжатларида баён этилган шартлар, муддатлар ва тартиб-таомилларга мувофиқ қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом талабларига риоя қилган ҳолда тендер ғолиби билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тузилган битимларнинг ягона реестри Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан юритилади.

Агар тендер ғолиби тендер ҳужжатларида назарда тутилган муддат тугаганидан кейин давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзоламаса ёки тендер комиссияси томонидан тендер ғолиби тақдим этган ахборотнинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланган тақдирда, тендер комиссияси уни дисквалификация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади
ва тендернинг захирадаги ғолибини ғолиб деб топади ҳамда унга тендер ғолибини дисквалификация қилиш ҳақида қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўн календарь кун ичида ғолиб шартлари асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузишни таклиф этади. Тендер комиссияси томонидан тендернинг захирадаги ғолибига давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш ҳақидаги таклиф юборилган санадан эътиборан ўттиз календарь кун ичида ундан ижобий жавоб олинмаган тақдирда, тендер комиссияси тендерни бўлиб ўтмаган деб топади ва такрорий тендер эълон қилади.

31. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг предмети ҳақидаги;

тарафларнинг хуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда мажбуриятлар бажарилмагани ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун жавобгарлик тўғрисидаги;

давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида хавф-хатарларнинг тақсимланиши ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик объектининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа ўтказилган ёки лойиҳалаштирилиши, қурилиши, барпо этилиши, молиялаштирилиши, реконструкция қилиниши, ундан фойдаланилиши ва унга хизмат кўрсатилиши лозим бўлган давлат-хусусий шериклик бўйича жисмоний тарбия ва спорт объектларининг тавсифи, улардан фойдаланиш мақсадлари ва муддатлари тўғрисидаги;

давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини ўтказишнинг пайтлари ҳақидаги, хусусан:

давлат-хусусий шериклик объекти фойдаланишга топширилган пайт;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати тугалланган пайт;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган бошқа вақт;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси билан боғлиқ бўлган ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) муддатлари ва тартиби ҳақидаги;

тарафларнинг тегишли инфратузилмага нисбатан ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича ҳуқуқларини тақсимлаш тўғрисидаги, шунингдек уларни бошқа шахсга ўтказиш тартиби ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун талаб этиладиган ер участкаларини бериш тартиби ва тартиб-таомили тўғрисидаги, ер участкаларига тааллуқли бошқа шартлар ҳақидаги;

хусусий шерик томонидан бериладиган товарларга, бажариладиган ишларга, кўрсатиладиган хизматларга доир нархларни, тарифларни белгилаш ва уларни ўзгартириш шартлари тўғрисидаги;

тарафларнинг ўз мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш усуллари, миқдорлари ва муддатлари ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати ва шартлари ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин битимни ижро этиш жараёнида пайдо бўлган объектга ва бошқа мулкка доир ҳуқуқларни тақсимлаш тартиби ҳақидаги;

ҳақ тўлаш, эркин фойдаланилиш учун тўлов, фойдаланганлик учун тўлов, хусусий шерикнинг давлат шеригига тўловининг ва (ёки) бошқа тўловларнинг шакллари, миқдорлари, муддатлари, шартлари, уларни тўлаш тартиби, шу жумладан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилиши муносабати билан даромадларнинг тақсимланиши ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш тартиби ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бекор қилиш тартиби, шунингдек, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни муддатидан олдин бекор қилиш натижасида етказилган зарарларнинг ўрнини тўлдириш
ёки қоплаш тартиби ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тугатиш асослари, тартиби ва шартлари, муддатидан олдин бекор қилиш натижасида етказилган зарарларнинг ўрнини тўлдириш ёки қоплаш тартиби ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг бажарилиши юзасидан мониторинг ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги;

хусусий шерик томонидан ўз мажбуриятларини бажариш жараёни тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги;

жисмоний тарбия ва спорт муассасасидан фойдаланиш, унга техник хизмат кўрсатиш, уни лойиҳалаштириш, қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш, модернизациялаш тартиби ҳақидаги;

суғурта қилиш бўйича мажбуриятлар ҳақидаги;

лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, пудрат ишлари учун шартномалар тузиш муддатлари, лойиҳани молиялаштириш манбалари, амалга ошириш жадваллари, лойиҳанинг бажарилишини техник назорат қилиш тартиби тўғрисидаги;

тарафларнинг давлат-хусусий шериклик ҳақидаги битимга доир мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлиги тўғрисидаги;

битимни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган низоларни ҳал этиш тартиби ҳақидаги;

Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга олиш ва меҳнатдан фойдаланишга нисбатан қўлланиладиган шартлар тўғрисидаги;

ишонтиришлар ва кафолатлар ҳақидаги;

хусусий шерикнинг улушларига эгалик қилишга нисбатан талаблар
ва хусусий шерикнинг ҳамда унинг аффилланган шахсларининг мол-мулкига нисбатан бошқа мулкий ҳуқуқлар тўғрисидаги;

махфийлик ҳақидаги;

атамалар ва уларга доир тушунтиришлар тўғрисидаги.

Битимда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам келтирилиши мумкин.

32. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва қирқ тўққиз йилдан ошмаслиги керак.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тарафлари битимнинг амал қилиш муддатини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган ҳолларда ва шартлар асосида, ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатлар доирасида узайтириш ёки қисқартириш ҳақида келишиб олиши мумкин.

33. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида бўлган ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосида инвесторларга берилган спорт объектларида жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт бўйича пулли хизматлар кўрсатиш орқали тушган умумий тушумларнинг 20 фоизи давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ балансда сақловчининг махсус ҳисоб рақамларига ўтказилади ва қуйидагича тақсимланади:

Балансда сақловчининг махсус ҳисоб рақамларига келиб тушган маблағнинг 50 фоизи давлат шеригининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади. Қолган қисми балансда сақловчининг ихтиёрида қолади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда балансда сақловчининг махсус ҳисоб рақамларига келиб тушадиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда балансда сақловчининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва бошқа эҳтиёжларига сарфланади.

34. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолашга тайёрлаш учун давлат шериги хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасининг матнини тақдим этади.

35. Заруратга қараб, битим қоидаларини давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида келишиб олиш мақсадида музокаралар ўтказилади.

36. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида икки нусхада, томонларнинг ҳар бири учун биттадан нусхада имзоланади.

37. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилгандан кейин хусусий шерик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни олади, давлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларини моддий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш шакллари бундан мустасно.

38. Агар қонун ҳужжатларида ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса,
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тарафларнинг келишувига кўра ёхуд суднинг қарорига биноан ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

39. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидаги ҳолларда киритилиши мумкин:

томонларнинг ўзаро розилиги билан;

давлат шеригининг талаби бўйича – давлат шериги ва хусусий шерикнинг шартнома асосидаги муносабатларига доир жисмоний тарбия
ва спорт соҳасини тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ўзгариши муносабати билан;

суднинг ҳал қилув қарори асосида.

40. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

томонларнинг ўзаро розилиги билан;

хусусий шерик банкрот бўлса ёки тугатилса;

давлат шеригининг талаби бўйича – хусусий шерик ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда;

хусусий шерикнинг талаби бўйича – давлат шериги ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда.

Ушбу банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бир йилдан кейин бекор қилинади.

41. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим унинг амал қилиш муддати тугагандан кейин тўхтатилади.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати тўхтатилиши томонларни уни бузганлик учун жавобгарликдан озод қилмайди.

42. Тарафлардан бирининг талабига биноан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим фақат қуйидаги ҳолларда суднинг қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:

бошқа тараф давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни жиддий равишда бузган тақдирда;

қонун ҳужжатларида ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Тарафлардан бирининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бузиши бошқа тараф учун у давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш чоғида мўлжаллашга ҳақли бўлган нарсадан сезиларли даражада маҳрум бўладиган тарзда зарар етказилишига сабаб бўладиган бузилиш давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг жиддий бузилиши
деб эътироф этилади.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бажариш тўлиқ
ёки қисман бир томонлама тарзда рад этилган тақдирда, бундай рад этишга қонунда ёки битимда йўл қўйилса, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бекор қилинган деб ҳисобланади.

43. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим давлат шеригининг давлат-хусусий шериклик объектини ташкил этувчи мол-мулкни
ва (ёки) давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа мол-мулкни хусусий шерикка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш учун ўтказиш мажбуриятини назарда тутиши мумкин. Бундай ўтказиш давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида амалга оширилади. Бундай ўтказиш учун қўшимча шартномаларни ёки битимларни имзолаш талаб этилмайди.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг мулк ҳуқуқига
эга бўлган тарафлари бундай ҳуқуқларни, шу жумладан ер участкаларининг, бошқа кўчмас, шунингдек кўчар мол-мулкнинг ва номоддий активларнинг ижарасига бўлган ҳуқуқни, уларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ҳуқуқини давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган доирада, бошқа мулкий ҳуқуқлар билан бир қаторда бир-бирига бериш ҳуқуқига эга бўлиши керак.

44. Давлат-хусусий шериклик объекти жойлашган ва (ёки)
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ер участкаси хусусий шерикка
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланадиган муддатга берилади.

Ер участкаси хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун шартнома асосида тендер ўтказмасдан берилади.

Давлат шериги томонидан хусусий шерикка ер участкасини ёки унга бўлган ҳуқуқларни беришга доир мажбуриятнинг бажарилмаганлиги хусусий шерик томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни
бир томонлама бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тугатилиши
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун берилган
ер участкасига нисбатан шартномавий муносабатларни тугатиш учун асос бўлади.

45. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари
ўз мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун қонунга мувофиқ мулкий жавобгар бўлади.

Тарафлардан бири давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, бошқа тараф етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга бўлади.

6-боб.Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим

томонларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

46. Хусусий шерик:

давлат шеригидан давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган ва эркин фойдаланиладиган ахборотни олишга;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш учун давлат шеригига тақдим этишга;

ер участкаларини, бўш турган биноларни, шу жумладан фаолият кўрсатмаётган давлат жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини, шунингдек, уларнинг фойдаланилмаётган бинолари ёки корпусларини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги амал қиладиган муддатга олишга ҳамда улардан фойдаланишга;

бинолар ва иншоотларни харид қилиш, қайта қуриш, замонавий ўқув ускуналари ва ўқитиш воситаларини харид қилиш учун имтиёзли кредитлар олишга;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларини ўзгартириш тўғрисида таклифлар киритишга;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартлари давлат шериги томонидан бузилган тақдирда, уни суд тартибида бекор қилишни талаб қилишга ҳақли;

давлат шеригининг айби билан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича юзага келган зарарларнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Хусусий шерик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

47. Хусусий шерик:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиши;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим амал қиладиган бутун муддат давомида объект фаолиятининг ихтисослигини сақлаши;

жисмоний тарбия ва спорт ташкилотида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиши;

жисмоний тарбия ва спорт ташкилотини юқори малакали педагог кадрлар ва бошқа кадрлар билан тўлдириш, ўқув-машқ жараёнини қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриши;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт машғулотлари ҳамда тадбирларини ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиши, шу жумладан истеъдодли ёшларни аниқлаши ва қўллаб-қувватлаши;

илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда жисмоний тарбия
ва спортнинг инновацион-педагогик шакллари, усуллари ва замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолиятнинг самарадорлигини ва натижадорлигини ошириш чораларини кўриши;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг шуғулланишини таъминлаш, улар учун тўловларни имтиёзли шартларда (ушбу жойдаги давлат жисмоний тарбия ва спорт муассасалари учун белгиланган миқдордан ортиқ бўлмаган ҳажмда) белгилаши;

машқларни ўтказиш муддатлари ва шартлари, ҳақ тўлаш миқдорлари, томонлар ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар белгиланган шартномага мувофиқ шуғулланувчилар билан ўзаро муносабатларни йўлга қўйиши;

объектнинг тўлиқ ёки қисман молиялаштирилишини, ундан фойдаланилишини, унга техник хизмат кўрсатилишини, шунингдек, лойиҳалаштирилиши, қурилиши, қайта қурилиши, таъмирланиши, модернизацияланишини таъминлаши;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ва битимда назарда тутилган жавобгарликни зиммасига олиши шарт.

Хусусий шерикнинг зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар юклатилиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим амал қиладиган муддат тугамасдан, хусусий шерик мулки бўлган объектнинг у томонидан мусодара қилинишига йўл қўйилмайди, хусусий шерик қонун ҳужжатларига мувофиқ алмаштирилиши бундан мустасно.

48. Давлат шериги:

хусусий шерикдан ҳар олти ойда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларини бажариш жараёни тўғрисида ҳисобот сўраш ва олишга;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларининг бажарилишини назорат қилишга ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши натижаларини баҳолашни амалга оширишга;

қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказиш доирасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бартараф этилишини талаб қилишга;

хусусий шерик айби билан юзага келган объект бўйича зарарлар қопланишини талаб қилишга;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартлари хусусий шерик томонидан бузилган тақдирда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг суд тартибида бекор қилинишини талаб қилишга;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилишини молиялаштиришда иштирок этишга;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган шартларга мувофиқ кредитор билан биргаликда давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан хусусий шерикни ёки унинг раҳбариятини четлаштиришга, уни янги хусусий шерикка алмаштиришга ёки унинг раҳбариятини алмаштиришга;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш учун маслаҳатчиларни жалб қилишга ҳақли.

Давлат шериги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

49. Давлат шериги:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва битим талабларига риоя этиши;

тендер иштирокчиларига тендер ҳужжатларини бериши, уларга тендер ҳужжатлари қоидаларини тушунтириши;

тендер иштирокчиларига давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун мўлжалланилаётган жой ва объект билан танишиб чиқиш учун зарур шароитларни таъминлаши;

фаолиятни амалга ошириш учун мўлжалланган мол-мулкни, объектни давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган муддатларда, тартибда ва шартларда хусусий шерикка эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланишга бепул тақдим этиши;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни амалга ошириш учун зарур бўлган лицензиялар ва рухсатномаларни олишда, солиқ имтиёзлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа преференциялардан фойдаланишида хусусий шерикка кўмаклашиши;

бино ва иншоотларни харид қилиш, қайта қуриш, замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари, ўқув ускуналари ва ўқитиш воситаларини харид қилиш учун хусусий шерикка имтиёзли кредитлар олишида кўмаклашиши;

Агентликка давлат-хусусий шериклик тўғрисида тузилган битимларнинг кўчирма нусхаларини, шу жумладан битимларга доир иловаларни, ўзгартишларни ёки қўшимчаларни давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ёхуд тегишли ўзгартишлар ёки қўшимчалар имзоланган санадан эътиборан йигирма календарь кун ичида тақдим этиши;

хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ўз инвестициялари ва даромадларини эркин бошқариш ҳамда тасарруф этиш ёки активларини ва амалга ошираётган фаолиятини бошқариш ҳамда назорат қилишга доир ҳуқуқларини чекламаслиги;

хусусий шерикнинг хўжалик фаолиятини олиб боришига, хусусий шерик ёки хусусий шерик жалб этган учинчи шахслар томонидан амалга оширилаётган фаолиятга аралашмаслиги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида
ва битимда назарда тутилган жавобгарликни зиммасига олиши шарт.

Давлат шеригининг зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

7-боб. Хусусий шерик ва кредиторнинг

манфаатларини ҳимоя қилиш

 

50. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кредитор ҳуқуқларининг кафолатларини таъминловчи қоидалар, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда кредиторларга тўланадиган компенсациянинг миқдорлари назарда тутилиши мумкин.

51. Хусусий шерик ўз кредиторларига таъминотнинг ҳар қандай турини ёки шаклини тақдим этиши, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва ушбу битимни бажариш учун тузилган битимлар бўйича ўз ҳуқуқларини, давлат-хусусий шериклик лойиҳаси таркибига кирувчи ҳуқуқларни, активларни, акциялар гаровини, ҳуқуқларнинг гаровини ёки бу ҳуқуқлардан ўзганинг фойдасига воз кечишини, мазкур битим бўйича ўзига тегишли бўлган фойдани ва суммаларни бериши мумкин.

52. Кредитор ва давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан хусусий шерикни ёки унинг раҳбариятини
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган шартларга мувофиқ четлаштиришга ҳамда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган шартларга мувофиқ уни янги хусусий шерикка алмаштиришга ёки унинг раҳбариятини алмаштириши мумкин.

53. Янги хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ ишларни якунлаш ва (ёки) хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган талабларга жавоб бериши керак. Хусусий шерик янги хусусий шерикка алмаштирилган тақдирда тендер ўтказилмайди.

8-боб. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг

амалга оширилиши соҳасида мониторинг

ва ҳисобдорлик

 

54. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда битим тарафларининг давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилиши тўғрисидаги ахборотни алмашишга тааллуқли мажбуриятлари назарда тутилади.

Агентлик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бажарилишининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига риоя этилиши нуқтаи назаридан мониторингини амалга оширади.

Хусусий шерик мониторингни амалга ошириш мақсадлари учун давлат-хусусий шериклик объектларига кирилишини ва тегишли ҳужжатлардан фойдаланилишини таъминлаши шарт.

55. Давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботни Агентликка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари томонидан имзоланган ҳолда ҳар олти ойда тақдим этади.

9-боб. Якунловчи қоида

 

56. Давлат-хусусий шериклик соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

57. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.”;

б) Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги низомга илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

Давлат шериги томонидан
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш тартибининг

СХЕМАСИ

 

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Чора-тадбирлар

 

Бажарилиши муддатлари

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

Давлат шериги

 

Тендерни эълон қилиш

 

Зарурат бўйича

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

Хусусий шерик

 

Низомга мувофиқ Давлат шеригига ариза ва унга илова қилинувчи ҳужжатларни (кейинги ўринларда - ариза) тақдим қилиш

 

Тендер эълон қилинган кундан бошлаб 30 кун давомида

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

Давлат шериги

 

1. Концепцияни Низом талабларига мувофиқлигини амалга оширилишини маъқуллаш ёки рад этиш.

2. Аризани Низом талабларига мувофиқлигини текшириш, Низом талабларига жавоб бермаган ҳолда аризани қайтариш

 

Ўттиз кун давомида

 

 

 

Бир иш куни давомида

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

Тендер комиссияси

 

1. Камида икки иштирокчидан тендерда иштирик этиш учун аризалар келиб тушган ҳолда, тендерни ўтказиш, тендер натижалари бўйича қарор қабул қилиш ва ғолибни аниқлаш.

2. Фақатгина битта иштирокчидан ариза келиб тушган ҳолда, аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш.

 

1. 10 иш куни давомида

 

 

 

 

2. 5 иш куни давомида

 

 

 

 

 

 

5-босқич

 

Давлат шериги

 

Давлат шеригининг ва Агентликнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиш орқали хусусий шерикни қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилиш.

 

Қарор қабул қилинган кунда

 

 

 

 

 

 

6-босқич

 

Давлат шериги ва Хусусий шерик

 

Давлат-хусусий шериклик тўғрисида битимни расмийлаштириш ва имзолаш

 

Тендер комиссиясининг ижобий қарори қабул қилинган кундан сўнг 10 кун давомида

 

 

 

 

 

”.

 

Umumiy takliflar

258