ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
4718 Государственный комитет ветеринарии Республики Узбекистан 15/07/2019 30/07/2019 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasining qonuni
Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида
ID-4718

 

                                                                                              ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Қонунчилик палатаси томонидан ___________қабул қилинган
Сенат томонидан ___________ маъқулланган

Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ҳайвонлар – фаунага тегишли бўлган биологик объектлар: қишлоқ хўжалиги, уй, ёввойи, шу жумладан уй ва ёввойи қушлар, мўйнали, лаборатория, ҳайвонот боғи, цирк ҳайвонлари;

ёввойи ҳайвонлар – табиий яшаш муҳити ёввойи табиат бўлган, шу жумладан тутқунликда ва ярим эркин шароитда бўлган ҳайвонлар;

уй ҳайвонлари – узоқ тарихий давр мобайнида инсоният томонидан анъанавий тарзда сақланган ва кўпайтирилган итлар, мушуклар ва бошқа жониворлар, шунингдек, эстетик эҳтиёжларга бўлган талабларни қаноатлантириш учун инсоният томонидан сунъий равишда яратилган ҳайвон турлари ва зотлари;

қишлоқ хўжалик ҳайвонлари – ҳайвонлар маҳсулоти ва хомашёсини олиш учун инсон томонидан сақланадиган ва кўпайтириладиган ҳайвонлар;

назоратсиз ҳайвонлар – инсон қаровисиз қолдирилган ёки инсон назоратидан ташқарида кўпайиш хусусиятига эга ярим эркинликда шаклланган уй ҳайвонлари;

тажриба ҳайвонлари – илмий тажриба  ва экспериментларни ўтказиш учун фойдаланиладиган ҳайвонлар;

эвтаназия – ҳайвонларнинг ўлим олди азобини бартараф қилиш мақсадида ўлдиришнинг қийноқсиз усули;

ҳайвонларни шавқатсизлик билан ўлдириш – ҳайвонларнинг оғриқ ва қийноқ ҳиссиётини олдини олувчи оғриқсизлантирувчи воситаларни қўлламасдан ҳайвонларни ўлдириш;

биостерилизация – ҳайвонларни жарроҳлик йўли билан насл яратиш қобилиятидан маҳрум қилиш (репродуктив қобилият);

ҳайвонлар билан шавқатсиз муносабатда бўлиш – шавқатсиз усулларни қўллаб ёки безорилик мақсадларида ҳайвонларни таҳқирлаш, шунингдек ҳайвонларнинг безорилик ва ғараз ниятларда бир-бири билан уриштириш;

ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабат – шавқатсиз муносабатдан ҳайвонларни ҳимоя қилиш талабларига жавоб берувчи ва ҳайвонларга хайрихоҳ муносабат, уларнинг хаёт кечириш сифатини яхшилашни кўзда тутувчи фаолият;

карантин майдончаси – тутиб олинган ёки касалликка гумон қилинган уй ҳайвонларини вақтинчалик сақлаш учун мўлжалланган, махсус жиҳозланган бино ёки бинонинг бир қисми;

уй шароитида сақлаш – уй ҳайвонларининг хонадонлар, ҳовлилар ва алоҳида жойлардан ташқарида  эркин юришини истисно қилувчи табиий эркинлигини чеклаш;

ҳайвонлар учун бошпаналар – қаровсиз ҳайвонларни сақлаш учун махсус мўлжалланган ва жиҳозланган муассаса. 

4-модда. Мазкур Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Мазкур қонун ҳайвонларни сақлаш ва улар билан муомала қилишда жисмоний ва юридик шахслар ўртасида вужудга келадиган муносабатларга қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати, Миллий гвардия, Божхона органларининг ҳайвонларни махсус хизматлар учун тайёрлаши, ўргатиши, тарбия қилиши ҳамда фойдаланиши уларга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлиш сифатида қаралмайди.

Мазкур қонун фаолиятнинг қуйидаги шаклларига қўлланилади:

чорвачилик, шу жумладан наслчиликни ўз ичига олган чорвачилик;

Давлат табиий қўриқхоналари ва бошқа муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда ҳайвонлар билан муносабатда бўлиш;

ов, овчилик хўжалиги, балиқчилик;

уй ҳайвонларини сақлаш ва улар билан наслчилик ишлари;

цирк, ҳайвонот боғи, кўргазма ва бошқа кўргазмали тадбирларда ҳайвонлардан фойдаланиш;

спорт, дам олиш ва инсонларнинг ҳордиқ чиқаришида ҳайвонлардан фойдаланиш;

илмий-тадқиқот ва ўқув мақсадларида, синовдан ўтказишда ҳайвонлардан фойдаланиш;

ишлаб чиқариш, шу жумладан биологик препаратларни ишлаб чиқаришда ҳайвонлардан фойдаланиш;

ҳайвонларга таъсир кўрсатувчи фаолиятнинг бошқа шакллари.

Мазкур қонун мулкчилик шакли ва уларга нисбатан бошқа мулкий ҳуқуқлардан қатъий назар ҳайвонлар билан муносабатларга қўлланилади.

5-модда. Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилишнинг асосий тамойиллари

Ҳайвонлар билан муомала қилиш қуйидаги тамойилларга асосланади:

ҳайвонлар билан шавқатсиз муносабатда бўлиш ахлоқ ва инсонийлик талабларига зид бўлиб, инсонга маънавий зарар етказувчи бўлиб хизмат қилади;

ҳайвонларнинг биологик, тур ва ўзига хос хусусиятларига мос келувчи ҳаёт шароитларини таъминлаш;

ҳайвонларга бўлган мулкий ва бошқа моддий ҳуқуқлар улар билан шавқатсиз муносабатда бўлганда мазкур қонунга мувофиқ тугатилиши мумкин;

ҳайвонларни ўлдиришнинг шавқатсиз усулларини таъқиқлаш;

ҳайвонлар билан шавқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик;

атроф муҳит ҳамда ҳайвонларнинг ўзига зарар етказиш мақсадисиз уй ҳайвонларини сақлаш ва улар билан муносабатда бўлиш.

6-модда. Ҳайвонлар билан шавқатсиз муносабатда бўлиш тарғиботини таъқиқлаш

Ҳайвонлар билан шавқатсиз муносабат тарғиботи, улар билан шавқатсиз муносабатга чақирувлар, шунингдек мактабгача, умумий ўрта, касб ҳунар ва олий таълим тизимида ов тарғиботи таъқиқланади.

Ҳайвонлар билан шавқатсиз муносабатни намойиш қилувчи материаллардан кўнгилочар ва тижорат мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас.

7-модда. Ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабатни шакллантириш

Ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиш фуқароларнинг маданий, ахлоқий ва экологик тарбиясининг муҳим қисми бўлиб, фуқароларнинг маданияти ва экологик-ахлоқий онгининг юқори даражасини шакллантиришни кўзда тутади.

Ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабатни шакллантириш мактабгача таълим, умумий ўрта, касб ҳунар ва олий таълим тизимидаги ўқув муассасаларида ҳайвонларга нисбатан экологик этика ва инсоний муносабат тўғрисида курсларни ўқитиш йўли билан таъминланади.

2-боб Ҳайвонларни сақлашнинг шавқатсизликни истисно қилувчи қоидалари

8-модда Ҳайвонларни сақлашнинг шавқатсизликни истисно қилувчи умумий қоидалари 

Ҳайвонларни сақлаш шароитлари уларнинг биологик, тур ва ўзига хос хусусиятларига мос келиши керак.

Ҳайвонларни сақлаш шароитлари уларнинг сув, овқат, уйқу, ҳаракат, ўзига ўхшаш ҳайвонлар билан алоқа қила олиш, табиий фаоллик ва бошқа эҳтиёжларга бўлган талабларини қаноатлантириши керак.

Сақланадиган ҳайвонлар миқдори мазкур қонун талабларига мувофиқ уларни сақлаш имконияти билан чегараланади.

Ҳайвонларни сақлаш жойи ветеринария-санитария меъёрларига мувофиқ, ҳарорат ва намлик даражасига риоя этилган, табиий ёритиш, ҳаво алмашиш тизимининг мавжудлиги ва ҳайвонларнинг табиий муҳит билан алоқасини таъминлаган бўлиш  керак.

Болалар муассасаларида ҳайвонларни сақлаш мазкур Қонун талабларига мувофиқ ҳайвонларни доимий парваришлаш шароити бўлганда, йўл қўйилади.

9-модда. Ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш хусусиятлари

Ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлашга уларнинг биологик, тур ва ўзига хос хусусиятларига мос келувчи шароитлар яратилганда йўл қўйилади.

Ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлашга экология органлари томонидан берилган рухсатнома асосида рухсат этилади.

Ёввойи ҳайвонларни тутқунликда рухсатномасиз сақлашга фақат жароҳатланган ҳайвонни вақтинчалик сақлашда йўл қўйилади.

Инсонлар томонидан анъанавий тарзда тутқунликда сақланадиган майда ёввойи ҳайвонларни мазкур қонун талабларига мувофиқ сақлаш шароитлари таъминланган тақдирда сақлашга рухсат этилади.

10-модда. Уй ҳайвонларини сақлаш хусусиятлари

Уй ҳайвонларини сақловчи шахслар қуйидагиларга мажбур:

мазкур Қонун талабларига мувофиқ, уй ҳайвонларининг биологик, тур ва ўзига хос хусусиятларига мос келувчи зарур шароитларни яратиш;

уй ҳайвонлари сақланадиган яшаш биноларида санитария-гигиена ва ветеринария-санитария меъёрларига ҳамда бирга яшашнинг меъёрларига риоя қилиш.

Уй ҳайвонларини сақлаш қоидалари ўрнатилган тартибга кўра белгиланади.

Уй ҳайвонларини сақловчи шахс уларни доимий сақлаш жойидан ташқарида ҳам у билан бирга бўлиш (сайр қилдириш) ҳуқуқига эга.

Уй ҳайвонларини 14 ёшдан катта бўлган шахслар белгиланган тартибда бирга олиб юриши (сайр қилдириш) мумкин.

Ҳайвонларни кузатувчи шахс:

атрофдаги инсонлар ва ҳайвонларнинг, шунингдек уй ҳайвонлари томонидан мулкка зарар етказилиши хавфсизлигини;

кузатувдаги уй ҳайвонининг хавфсизлигини;

уй ҳайвонларини транспорт йўллари яқинида олиб юриш ва йўлларни кесиб ўтишда бевосита назорат қилиш йўли билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаши шарт.

Уй ҳайвонларини кузатишда уларни қаровсиз қолдиришга йўл қўйилмайди.

Уй ҳайвонларини – бир нечта оила яшайдиган хонадонларда сақлашга хонадоннинг барча аъзолари ва қўшниларининг ёзма розилиги билан рухсат этилади.

Уй ҳайвонларини умумий фойдаланиш жойларида сақлашга рухсат берилмайди:

уй ҳайвонларини – болалар боғчаси, таълим, илмий, санатория-курорт ва соғломлаштириш муассасалари зообурчакларида – тегишли органнинг давлат санитария-эпидемиология ва ветеринария хизмати органлари билан келишган ҳолдаги рухсатномаси билан;

уй ҳайвонлари – боғланган ҳолда ёки боғлиқсиз эркин сайр қилдиришда атрофи ўралган ҳудуд, бинода;

қўриқлаш учун – жиҳозланган биноларда ёки боғланган ҳолда;

тадқиқот мақсадлари учун – қафасда, биологик клиника (вивария) ёки ҳайвонхоналарда (питомник);

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан оператив фойдаланиш вақтида махсус аҳамиятдаги итлар, шунингдек, ов вақтидаги итлар, ўқув майдончаларидаги итларни тумшуқбоғсиз ва етовсиз олиб юришга рухсат этилади.

Уй ҳайвонларини сақловчи жисмоний ва юридик шахслар мазкур Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, санитария-гигиена ва ветеринария меъёр ҳамда қоидалари талабларга риоя қилишлари, бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликлари, инсонлар ҳамда ҳайвонларга хавф туғдирмасликлари шарт.

11-модда. Ҳайвонларга ветеринария хизматини кўрсатиш

Ҳайвонларни сақловчи шахс уларга ўз вақтида ветеринария ёрдамини кўрсатишни таъминлаши шарт.

Ҳайвонларда касаллик мавжудлигига шубҳа туғилган тақдирда, эгаси ушбу ҳайвонни ажратиши ва ветеринария врачига мурожаат қилиши шарт.

Ҳайвонларга нисбатан ветеринария амалиёти фақатгина тегишли мутахассисликга эга шахслар томонидан ўтказилади .

Ветеринария хизмати ҳайвонларни эвтаназия қилишни ҳам ўз ичига олган бўлиши керак.

12-модда. Ҳайвонларни ташиш

Ҳайвонларни ташишда уларнинг овқат ва сувга бўлган эҳтиёжлари қаноатлантирилиши, шунингдек улар учун зарарли бўлган ташқи таъсирлардан ҳимояланган бўлишлари шарт.

Ҳайвонларни ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари ҳайвонларнинг жароҳатланиши ёки ҳалок бўлишини олдини олиш учун масхус жиҳозланган бўлиши керак.

Ҳайвонларни юклаш ва туширишда ҳайвонларнинг жароҳатланиши ва ҳалок бўлишини олдини олувчи қурилма ва ускуна усулларидан фойдаланилади.

Ҳар хил турдаги ҳайвонлар алоҳида тарзда ташилади.

Ўлган ёки манзилга етиб бора олмайдиган ҳайвонлар бошқаларидан ажратилиб биринчи тўхташ жойида  белгинган тартибда бартараф этилади.

Ҳайвонларни ташиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Жамоат транспортларида ҳайвонларни ташиш фақат жамоат транспортида ҳайвонларни ташиш тартибига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

13-модда. Ҳайвонларга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг ўзига хослиги

Ҳайвон эгаларининг ҳайвонларга бўлган мулкий ва бошқа ашёвий ҳуқуқлари мазкур Қонун меъёр ва талабларига риоя қилиш мажбуриятлари билан чекланади.

Ҳайвонларга бўлган мулкий ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар уларга шавқатсиз муносабатда бўлган ҳолларда ҳайвонларни пул тўлаб олиб қўйиш ёки мусодара (конфискация) қилиш йўли билан суд қарорига кўра тугатилиши мумкин.

Ҳайвонларга бўлган мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларни олиш ёки бериш бўйича 18 ёшга тўлмаган шахслар билан тузилган битимлар, агар бундай келишув мазкур шахснинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг розилигисиз тузилган бўлса, суд қарорига кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Жисмоний шахсга ёки унинг мол-мулкига, шунингдек юридик шахснинг мол-мулкига ҳайвонлар томонидан етказилган зарар уни сақловчи шахс томонидан тўла ҳажмда қопланади.

14-модда. Ҳайвонларга нисбатан тузиладиган шартномалар шартлари

Сотиш учун таклиф этилаётган ҳайвонларни харидорга кўрсатиш ушбу қонун талабларига риоя этилганда рухсат этилади.

Ҳайвон сотувчиси харидорга ҳайвон тури, зоти, соғлиқ ҳолати ва бошқа сифатлари, шунингдек уни сақлашнинг бошқа шартлари бўйича ишончли маълумот бериши лозим.

Агар Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ёки Ўзбекистон Республикасининг амалдаги халқаро шартномаларига кўра муҳофаза қилинадиган бошқа ёввойи ҳайвонлар сотилса, сотувчи мазкур ҳайвонга бўлган мулкий ҳуқуқининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатни ҳам харидорга тақдим қилиши шарт.

Ҳайвонларни совға қилишга келгуси эгасининг розилиги билан йўл қўйилади.

15-модда. Уй ҳайвонларини сақлаш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган хўжалик фаолиятини лицензиялаш

Қонунга мувофиқ хўжалик фаолиятининг қуйидаги шакллари лицензияланиши керак:

наслчилик хўжаликларида уй ҳайвонларини (ит, мушук, экзотик ва декоратив ҳайвонлар) кўпайтириш;

итларни ўргатиш;

юқорида келтирилган соҳаларда мутахассис тайёрлаш.

16-модда.Ҳайвонлар учун бошпана (приют)

Назоратсиз ҳайвонларни сақлаб туриш учун бошпаналар ташкил этилади.

Ҳайвонлар учун бошпанани маҳаллий ҳокимият, ўзини-ўзи бошқариш органлари, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат ва хайрия ташкилотлар ҳамда фуқаролар ташкил этиши мумкин.

Бошпана ўз фаолиятини мулкдорнинг ўз маблағлари ҳамда қонунда таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан олиб боради.

Бошпанани ташкил этиш, уларни сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади.

17-модда. Инсон томонидан сақланмайдиган, аммо инсоннинг тўлиқ ёки қисман фаолияти натижасида яратилган шароитда бўлган ҳайвонлар ва ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш

Инсон томонидан сақланмайдиган, аммо инсоннинг тўлиқ ёки қисман фаолияти натижасида яратилган шароитда бўлган ҳайвонлар ва ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш биостерилизация ёки биологик асосланган усуллар, уларни қўллаш имконияти бўлмаганда, эвтаназия усули билан амалга оширилади

18-модда. Ҳайвонларни ўлдириш

Ҳайвонларни ўлдиришга қуйидаги ҳолларда рухсат этилади:

фойдали хўжалик маҳсулотларини олиш учун;

ҳайвонларнинг азобланишини тўхтатиш учун, агарда тўхтатишнинг бошқа усули бўлмаса;

инсонлар томонидан сақланмайдиган ҳайвон ва ёввойи ҳайвонлар бош сонини мувофиқлаштиришда;

қутуриш касаллиги билан ёки ўта хавфли касаллик билан касалланганда ёхуд ўта хавфли касалликлар қўзғатувчиларини ташувчиси бўлса;

ҳайвоннинг одамлар ҳаёти ёки соғлиғини хавф остида қолдирувчи ҳужумидан ҳимояланиш мақсадида.

Ҳайвонларни ўлдиришда қуйидаги талабларга риоя қилиш зарур:

ўлимдан олдинги қийналишдан холи бўлган усуллар билан ўлдириш;

ўлдирадиган хона ҳайвонлар сақланадиган хонадан алоҳида хонада ўтказилиши керак;

ҳайвонларни ўлишига олиб келадиган электр токи, бўғиш, оғриқли уколлар, заҳарлаш ва бошқа оғриқли усуллардан фойдаланиш тақиқланади;

ҳайвон жасадини қайта ишлашга фақат у ўлдирилгандан сўнг рухсат этилади;

қийналаётган ҳайвонлар, агар қийналишни бартараф қилишнинг бошқача усули бўлмаса, дарҳол ўлдирилади.

3-боб Ҳайвонлар билан муомалада бўлишнинг шавқатсизликни истисно қилувчи қоидалари

19-модда. Ҳайвонлар билан муомалада бўлишнинг шавқатсизликни истисно қилувчи умумий қоидалари

Ҳайвонлар билан муносабатда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

ҳайвонларни жароҳатловчи асбоб-ускуцналар ва жиҳозлардан фойдаланиш;

ҳайвонларни жароҳатланишига олиб келадиган, улар учун хос бўлмаган ҳаракатларни бажаришга мажбурлаш;

ҳар қандай талабларни бажаришга ҳайвонларни мажбурлаш мақсадида жароҳатлар етказиш;

ҳайвонлардан ҳаддан ортиқ жисмоний юклама шароитида фойдаланиш.

Оғриқли амалиётларни ўтказишда оғриқсизлантирувчи воситаларни қўллаш шарт.

Қуйидагилар таъқиқланади: 

уларнинг азобланишига олиб келадиган генетик ўзгаришлар аниқланган ҳайвонларни кўпайтириш;

ирсий жиҳатдан жаҳлдор бўлган ҳайвонларни кўпайтириш;

бир ҳайвонни бошқасига ҳужум қилишга мажбурлаш (овда фойданиладиган махсус зотли овчи ит, қушлар ва бошқа ҳайвонлардан ташқари);

ҳайвонларда генетик ўзгаришлар ўтказиш;

ҳайвонларга фармакологик ва допингнинг механик воситаларини қўллаш;

шавқатсиз муносабатдан ҳайвонларни ҳимоя қилиш тамойилларига зид келадиган бошқа ҳаракат ёки ҳаракатсизликлар.

20-модда. Табиий эркинликдаги ёввойи ҳайвонлар билан муомалада бўлиш

Табиий эркинликдаги ёввойи ҳайвонлар билан муомалада бўлиш қоидалари Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни, ушбу Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланади.

21-модда. Ов қилиш давомида ов ҳайвонлари билан муомала қоидалари.

Ов ҳайвонларини овлашга рухсатнома беришда овлаш усули ва унинг мазкур Қонун талабларига мувофиқлиги аниқланади.

Ёввойи ҳайвонлар овида фойдаланиладиган техник воситалар уларнинг азобланишини истисно этувчи тезкор ўлимни назарда тутиши лозим.

Ов ҳайвонларини овлашда қуйидагиларни қўллаш таъқиқланади:

уларнинг тезкор ўлимини назарда тутмайдиган ва қўрқувини бартараф қилмайдиган техник воситалар;

ҳайвонларнинг оммавий ҳалок бўлишига олиб келадиган портловчи моддалар, транспорт ва бошқа техник восита ҳамда ускуналар.

Қуйидаги ов ҳайвонларини овлаш таъқиқланади:

мустақил ҳаракатлана олмайдиган ёш боласи бор ов ҳайвонларини;

кўпайиш, наслни боқиш даврида, кўчманчи турлар бўйича – уларнинг кўпайиш жойига қайтиш вақтида;

ҳомиладор урғочи;

ҳайвонларнинг ҳаракатлана олмайдиган ёш болаларини;

ер усти ҳайвонларини сув омбори орқали кечувида;

қўриқхона, миллий табиат боғлари ва ҳудудий ландшафт боғларида илмий мақсадлар учун тегишли этика экспертизасисиз.

Таъқиб қилиш, ўлдириш, ҳайвоннинг ўлим олди таҳликасини кўрсатувчи ва ўлдиришда бошқа ҳайвондан фойдаланишни назарда тутувчи томошабоп овларни ташкиллаштириш таъқиқланади.

Ов даврида ҳайвонлардан уларни азоблаш йўли билан тирик хўрак тариқасида  фойдаланиш тақиқланади.

22-модда. Қишлоқ хўжалигида, чорвачилик, балиқчилик хўжалигида ва ҳайвонлар маҳсулотларини олишда ҳайвонлар билан муносабат қоидалари

Мазкур Қонун талабларига мувофиқ қишлоқ хўжалигида ҳайвонлардан фойдаланиш тартибига нисбатан талаблар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан белгиланади.

Ҳайвонлардан маҳсулот олишдаги (сут, жун ва бош.) технологик жараёнда оғриқли ва жароҳат етказувчи усулларни қўллашга йўл қўйилмайди.

Биотехнологик ва ген-муҳандисликни қўллаб ҳайвонларни кўпайтиришда ҳайвонларнинг ташқи шакли ва зотини ўзгартиришга, агар бундай ўзгариш ҳайвонларни азобланишига олиб келса, йўл қўйилмайди.

23-модда Уй ҳайвонлари билан муносабатда шавқатсизликни истисно қилувчи қоидалар

Уй ҳайвонлари билан муносабатда бўлганда уни сақловчи шахс қуйидагиларга мажбур:

уй ҳайвонларига ғамхўрлик қилиш, уларни етарли миқдордаги озуқа ва сув билан таъминлаш;

уй ҳайвонларига зарур ҳаракатларни амалга ошириш, ўзига ўхшаш ҳайвонлар билан алоқа қилиш имконини тақдим қилиш;

ҳайвонларнинг доимий сақлаш жойидан ташқарида юришини амалга ошириш учун зарур бўлган бўйинбоғ ва тумшуқбоғ билан таъминлаш;

уй ҳайвонларида аниқлаштирувчи белгили (идентификация рақами) бўйинбоғ мавжудлигини таъминлаш;

уй ҳайвонларига текшириш, даволаш, эмлаш ва бошқа турдаги ветеринария хизматларини ўз вақтида кўрсатилишини таъминлаш;

уй ҳайвонлари инсон саломатлигига ва бошқа ҳайвонларга зарар етказган ҳолларда, дарҳол тиббиёт ёки ветеринария муассасаларига хабар бериш;

мазкур модданинг 7- бандида кўзда тутилган ҳаракатларни содир қилган уй ҳайвонларини дарҳол кўрик учун ветеринария муассасига етказиш;

уй ҳайвонларининг назоратсиз кўпайишини олдини олиш.

24-модда. Инсон томонидан сақланмайдиган, аммо инсоннинг тўлиқ ёки қисман фаолияти натижасида яратилган шароитда бўлган ҳайвонлар билан муносабат қоидалари

Инсон томонидан сақланмайдиган, аммо инсоннинг тўлиқ ёки қисман фаолияти натижасида яратилган шароитда бўлган ҳайвонлар сонини тартибга солиш мазкур Қонун талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Қаровсиз (йўқотиб қўйилган, эгасиз қолдирилган, дайди ва ҳоказо) ҳайвонларни овлаш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади: 

уларни эгаларига қайтариш;

мазкур Қонун талабларига мувофиқ улар сонини тартибга солиш.

Ҳайвонларга жароҳат етказувчи ёки уларнинг ҳаёти ва саломатлиги учун хавф туғдирувчи тутиб олиш усуллари, техник қурилма ва воситалардан фойдаланиш таъқиқланади. 

Эпизоотия пайдо бўлганда ёки шундай хавф эҳтимоли бўлганда, хавф солувчи ҳайвонларни сонини қисқартириш Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан белгиланган тартибда давлат ветеринария хизмати билан ҳамкорликда тартибга солинади.

25-модда. Уй ҳайвонларини тутиш ва вақтинчалик алоҳида ажратиш

Зоти, тегишлилиги, вазифасидан, шунингдек, рақамли бўйинбоғи ва тумшуқбоғи борлигидан қатъий назар кўчалар, майдонлар, бозор, хиёбон, жамоат транспорти, чўмилиш жойлари ва бошқа жамоат жойларида эгасисиз бўлган итлар қаровсиз деб ҳисобланади ва тутилади.

Вақтинчалик ажратиш санитария-эпидемилогия ва давлат ветеринария хизматларининг тегишли қарорига асосан ит, мушук ва бошқа уй ҳайвонларига, шунингдек инсон ва бошқа уй ҳайвонига тан жароҳати етказган ҳайвонларга нисбатан қўлланилади.

Уй ҳайвонларини вақтинчалик ажратиш, агар уй ҳайвони атрофдагилар учун хавф туғдирса, мажбурий тартибда амалга оширилиши мумкин.

Вақтинчалик ажратилган уй ҳайвонлари улар тутилган кундан бошлаб 5 кун мобайнида текширилади ва соғлиғи тўғрисидаги давлат ветеринария хизмати муассасасининг ижобий хулосасидан сўнг эгаси томонидан сақлаш харажатлари қоплангач, қайтарилади.

Агар уй ҳайвонида атрофдагилар ҳаёти ва саломатлигига хавф солувчи ҳолатлар аниқланса, келгусида даволаш ёки ўлдириш учун махсус ташкилотга топширилади.

Ит, мушук ва бошқа уй ҳайвонларини тутиш ва вақтинчалик ажратиб сақлашни таъминлаш учун маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан аҳоли пунктларида ҳайвонлар сонини тартибга солишнинг маҳаллий дастурларига мувофиқ аҳоли пунктларида ҳайвонларни сақлаш ва улар билан муомала қилиш бўйича коммунал хизматлар ёки корхоналар ташкил қилиниши мумкин.

Ит, мушук ва бошқа уй ҳайвонларини алоҳида шахслар томонидан тутиш таъқиқланади, бу ҳайвонлар атрофдагилар учун хавф туғдирган ҳолатлар бундан мустасно.

Ит, мушук ва бошқа уй ҳайвонларини тутиш қоидага кўра бегона шахслар бўлмаганда эрталабки соат 5-00 дан 7-00 гача ва кечқурун 20-00 дан кейин амалга оширилади (ёз фаслида кечқурун 22-00 дан кейин). 

Тутилган қаровсиз ва дайди уй ҳайвонлари ушлангандан ўн кун мобайнида карантин майдончаларда сақланади ва давлат ветеринария хизмати рухсатномаси билан, тутиш ва сақлаш харажатлари қиймати тўлангандан сўнг эгасига қайтарилади ёки эгаси келмаганда ихтисослашган бошпаналарга берилиши мумкин. 

Агар қаровсиз ҳайвонларни ушлаш тўғрисида ариза келгандан 1 ой мобайнида унинг эгаси аниқланмаса ёки ҳеч ким ўзига олмаса бу ҳайвонлар мулк ҳуқуқи асосида бошқа шахсга берилади. 

Эгасига ёки бошқага қайтарилган ҳайвонлар қутиришга қарши эмланади ва ҳайвон эгалари 30 кун мобайнида ушбу ҳайвонни алоҳида ажратган ҳолда сақлаши ва ветеринария муассасасининг кўрсатмасига кўра кўрикка олиб келиб туриши шарт.

26-модда. Кўргазма тадбирлари, спорт ўйинларида фойдаланиладиган ҳайвонлар билан муносабат қоидалари

Фойда олиш мақсадида кўргазма тадбирлар ва спорт ўйинларида ҳайвонлардан фойдаланишга фақатгина давлат ветеринария хизмати томонидан берилган рухсатнома бўлганда йўл қўйилади.

Ҳайвонларни кўргазмалар, ҳайвонот боғларида намойиш қилишга уларни сақлаш учун белгиланган зоогигиеник, ветеринария-санитария меъёр ва қоидаларига риоя қилинган шароитда йўл қўйилади.

Ҳайвонот боғини ташкил қилиш Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан берилган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Кўргазма, спорт тадбирлари, фото ва видео тасвирга олиш вақтида ҳайвонлар билан мулоқот қилишда уларни азоблаш, жароҳат етказиш ёки ҳалок бўлишига йўл қўйилмайди.

Ҳайвонларни ўргатишда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

ҳайвонларни уриш, қўрқитиш, тишларини, тирноқларини олиб ташлаш ва ҳоказо;

уларни жароҳатловчи ҳаракатларни бажаришга мажбурлаш.

Кўнгилочар тадбирларда, спортда оғирлиқли кечадиган усуллар билан ҳайвонлардан фойдаланиш таъқиқланади.

Цирк, спорт ва бошқа кўнгилочар тадбирларда қатнаша олмайдиган ҳайвонларни сақловчи шахслар мазкур Қонун талабларига мувофиқ ушбу жониворларни сақлаш шароитларини таъминлаши керак. 

Ҳайвонларнинг таъқиб қилиш, ўлдириш, ўлиш жараёнини кузатишни назарда тутадиган ҳайвонлар жанги, спорт ва тамошабоп тадбирлар ўтказиш, ҳайвонни ўлдириш учун бошқа ҳайвондан фойдаланиш таъқиқланади.

27-модда. Илмий тажрибалар, синовлар, ўқув жараёни, биологик препаратлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ҳайвонлар билан муомала қилиш қоидалари

Илмий тажрибалар, биологик синовлар, ўқув жараёнида ҳайвонлардан фойдаланишга фақатгина уларни бошқа муқобил усул ҳамда объектлар билан алмаштириш имконияти бўлмаган ҳолатларда йўл қўйилади.

Тажриба ҳайвонлари ўрнига фойдаланиш учун муқобил усул ва объектларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Тажриба ҳайвонлари билан ишлаш мазкур Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қумитаси томонидан берилган рухсатнома бўлганда амалга оширилади.

Тажриба ҳайвонлари билан ишлашга тиббий, ветеринария, зоотехник, биологик ёки фармацевтика олий маълумотига эга бўлган мутахассисларга рухсат этилади.

Тажриба ҳайвонларидаги амалиётлар, уларнинг мақсадидан қатъий назар, оғриқсиз шароитларда ўтказилади.

Амалиётда фойдаланилган тажриба ҳайвонларидан уларнинг соғлиғи меъёрга келтирилгандан сўнггина кейинги амалиётда фойдаланиш мумкин, агар:

ҳайвонлар билан янги амалиёт вақтида умумий анестезия қўлланилса;

навбатдаги амалиёт фақатгина кичик аралашувни кўзда тутса. 

Ёпиқ жой ҳамда тутқунликни оғир қабул қилувчи ҳайвонларда илмий тажриба, ўқув жараёни, синовларни ўтказиш таъқиқланади.

Ҳайвонлар девокализацияси (ҳайвонларни жарроҳлик йўли билан овоз чиқаришдан маҳрум қилиш); 

ҳайвонлар ҳужайраларини олишнинг жароҳат етказувчи усулларидан фойдаланиш таъқиқланади.

Ўқув жараёнида амалий ишлар ўтказишда талабалардан ҳайвонлар ўлими ва жароҳатланишига олиб келувчи вазифалар бажарилишини, агар бу уларнинг аҳлоқий ва диний қарашларига зид бўлса, талаб қилиш таъқиқланади. Мазкур ҳолатларда амалий ишнинг бундай шакли бошқа вазифа билан алмаштирилади. 

Ҳайвонларда жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ тажриба ва бошқа зарарли таъсир этувчи жараёнлар мактаб ёшидаги болалар иштирокида ўтказилиши тақиқланади.

Илмий тажриба, ўқув жараёни, синовларда фойдаланиладиган ҳайвонлар малакали парваришланади.

Яшаш имконияти бўлмаган тажриба ҳайвонлари уларда азобланиш бошланган вақтда эвтаназия усули билан ўлдирилади. Тажриба ҳайвонлари учун эвтаназия усули бўлиб анестетик моддалар дозасини ошириш саналади.

Жасадни йиғиш фақатгина ҳайвонлар билан ишлаш учун масъул шахс томонидан ўлим ҳолати аниқлангандан сўнг амалга оширилади.

4-боб Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни давлат томонидан тартибга солиш

28-модда. Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати

Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати қуйидаги асосий йўналишларда амалга оширилади: 

ҳaйвoнлaрни шавқатсиз мунoсaбaтдaн ҳимoя қилиш тўғрисидaги қoнун ҳужжaтлaригa риoя этилишини нaзoрaт қилиш;

ҳaйвoнлaрни шавқатсиз мунoсaбaтдaн ҳимoя қилиш сoҳaсидaги ягoнa меъёрлaрни ўрнатиш;

ҳaйвoнлaрга нисбатан инсoний муносабатларни тарғиб қилиш, ҳaйвoнлaрни асраш ва шaфқaтсиз муносабатдан ҳимoя қилиш бўйича ўқув дaстурлaрини ишлaб чиқиш вa aмaлгa oшириш;

ҳaйвoнлaрни шавқатсиз муносабатдан ҳимoя қилиш тўғрисидaги қoнун ҳужжaтлaрини бузгaнлик учун жaвoбгaрлик бeлгилaш.

29-модда. Шавқатсиз муносабатдан ҳайвонларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат бошқаруви

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлайди.

Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида:

атрoф-муҳитни муҳoфaзa қилиш ;

давлат вeтeринaрия хизмати ;

Вазирлар Маҳкамаси фан, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари бўйича Комплекси;

бoшқa мaркaзий вa мaҳaллий ижрo этувчи oргaнлaр вa мaҳaллий ўзини ўзи бoшқaриш oргaнлaри.

Ҳaйвoнлaрни шавқатсиз муносабатдан ҳимoя қилиш сoҳaсидaги ижрo этувчи ҳoкимият oргaнлaри вa мaҳaллий ўзини ўзи бoшқaриш oргaнлaрининг вaкoлaтлaри ушбу Қoнун вa бoшқa қoнун ҳужжатлaри билaн бeлгилaнaди.

30-модда. Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ваколатлари

Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ваколатларига қуйидагилар киради: 

ҳaйвoнлaрни шавқатсиз муносабатдан ҳимoя қилиш сoҳaсидa бoшқa ижрo этувчи oргaнлaрнинг фaoлиятини мувoфиқлaштириш;

ёввoйи, уй, қаровсиз ҳaйвoнлaрни ўзлаштиришдан ҳимoя қилиш сoҳaсидa дaвлaт сиёсaтини aмaлгa oшириш;

тутқунликдa ёки ярим тутқунликда сaқлaнаётган ёввoйи ҳaйвoнлaрни сақлаш ва кўпайтиришнинг тартибини тасдиқлаш;

зоопарклар ташкил этишга рухсатномалар бериш;

ҳaйвoнлaрни шавқатсиз муносабатдан ҳимoя қилишда жaмoaт тaшкилoтлaрининг ишигa кўмaклaшиш;

ҳaйвoнлaрни шавқатсиз муносабатдан ҳимoя қилиш сoҳaсидa бoшқa вaкoлaтлaрни ҳам aмaлгa oширади. 

31-модда. Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасида давлат ветеринария хизматининг ваколатлари

Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасида ветеринария хизматининг ваколатларига қуйидагилар киради: 

қишлoқ xўжaлиги ҳaйвoнлaрини шавқатсиз муносабатдан ҳимoя қилиш сoҳaсидa дaвлaт сиёсaтини aмaлгa oшириш;

қишлoқ xўжaлиги ҳайвонларини кўпaйтириш вa улaрни пaрвaриш қилишда шавқатсиз муносабатни истисно қилувчи нaзoрaтни таъминлаш;

кўнгилoчaр тaдбирлaр ташкил этилганда, ҳaйвoнлaрдaн спoрт тадбирлари, тамошалар, фoтo ва видeoтaсвирлaргa туширишда фoйдaлaнишгa руxсaтномалар бeриш;

ҳайвонлар бoшпaнaсида ҳaйвoнлaрни сaқлaш, қишлoқ xўжaлиги ва ёввoйи ҳaйвoнлaрни сaқлaш вa улaрни кўпайтиришнинг ҳамда улaрни тaшиш вaқтидa вeтeринaрия-сaнитaрия тaлaблaрини ишлaб чиқиш вa тaсдиқлaш;

кўнгилочар тадбирларда ҳайвонлардан фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш; 

ҳaйвoнлaрни шавқатсиз муносабатдан ҳимoя қилиш сoҳaсидaги бoшқa вaкoлaтлaрни ҳам aмaлгa oширади.

32-модда. Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси фан, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари бўйича Комплекснинг ваколатлари

Қуйидагилар:

илмий тaжрибaлaрни ўткaзиш вaқтидa ушбу Қoнун тaлaблaригa риoя этилишини нaзoрaт қилиш; 

ҳaйвoнлaргa тажриба ўткaзиш ҳуқуқигa эгa бўлгaн илмий муaссaсaлaр рўйxaтини тaсдиқлaш;

ҳaйвoнлaр бўйичa илмий тажрибалaрни ўткaзиш учун руxсaтнoмa бeриш;

ҳaйвoнлaргa тажрибалaр ўткaзиш, илмий тажрибалaрни ўткaзиш тaртибини бeлгилaш;

илмий мaьлумoтлaрни oлиш учун муқoбил услублaр вa oбьeктлaрни тaсдиқлaш;

ўз вaкoлaтигa бинoaн зўрaвoнликдaн ҳaйвoнлaрни ҳимoя қилиш сoҳaсидaги бoшқa вaкoлaтлaрни aмaлгa oширади.

33-модда. Ички ишлар органларининг ушбу Қонунга риоя қилиниши устидан назорати

Ички ишлaр oргaнлaри (участка нозирлари, карантин, қўриқлаш саф бўлинмалари) жaмoaт жoйлaридa уй ҳaйвoнлaрини (итлaрни) олиб юриш тaртибигa риoя этилишини нaзoрaт қилaди вa уй ҳaйвoнлaри билан муoмaлaдa бўлиш вa сақлаш тўғрисидaги қoнун ҳужжaтлaрини бузгaн шахсларга нисбатан тeгишли чoрaлaрни кўрaди.

Уй ҳaйвoнининг хатти-ҳаракати инсoн соғлиғига тaҳдид сoлса, Қoнунда бeлгилaнгaн тaртибдa, ўқ oтар қуролдан фoйдaлaниш ҳуқуқигa эгa.

5-боб Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасида жамоатчилик назорати

34-модда. Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасида жамоатчилик назорати

Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасида жамоатчилик назоратини Экология ва атроф муҳит муҳофазаси қилиш давлат қўмитаси инспектори амалга оширади

Тaбиий муҳитни муҳoфaзa қилиш бўйичa жaмoaтчилик нaзoрaтчилaри ҳaйвoнлaрнинг шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш ҳoлaти тўғрисидaги баённомалари тузишгa ҳaқли.

Ушбу баённомалар aтрoф-муҳитни муҳoфaзa қилиш мaсaлaлaри бўйичa тeгишли oргaнлaр тoмoнидaн кўриб чиқилaди.

Ҳaйвoнлaрни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш сoҳaсидa тaбиий муҳитни муҳoфaзa қилиш бўйичa жaмoaт нaзoрaтчилaри: 

кoрxoнaлaр, муaссaсaлaр, тaшкилoтлaр вa фуқaрoлaрнинг давлат вeтeринaрия хизмати xoдимлaри билaн биргаликда ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисидaги қoнун ҳужжaтлaригa риoя этилишини нaзoрaт қилишдa иштирoк этиш;

ҳaйвoнлaрни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш сoҳaсидaги жинoятлaрнинг oлдини oлиш чoрaлaри бўйичa ҳaйвoнлaрни ҳимoя қилиш сoҳaсидa дaвлaт нaзoрaт oргaнлaригa ёрдaм кўрсaтиш.

35-модда. Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасида жамоатчилик ташкилотларининг назорати

Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасидаги назорат фаолият мақсади ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш бўлган жамоатчилик ташкилоти томонидан амалга оширилади.

Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш соҳасида жамоат ташкилотлари:

шавқатсиз муносабатдан ҳайвонларни ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқаруви органлари томонидан режа ва тадбирларни корхона ва ташкилотларда бажарилиш аҳволини текширишда қатнашади;

давлат ҳокимиятининг тегишли органлари олдига амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳайвонларни конфискация қилиш ва уларни сақловчи шахсларга нисбатан жавобгарлик тўғрисидаги масалани тақдим қилади; 

судга шавқатсиз муносабатдан ҳайвонларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилиши натижасида етказилган зарарни қоплаш тўғрисида даъволар тақдим қилади.

Ҳaйвoнлaрни шавқатсиз муносабатдан ҳайвонларни ҳимоя қилиш фаолият мaқсaди бўлгaн жaмoaт тaшкилoтлaри дaвлaт oргaнлaри вa мaҳaллий ўзини ўзи бoшқaриш oргaнлaридaн ўзлaрининг қoнуний мaқсaдлaри вa вaзифaлaрини амалга ошириш учун зaрур бўлгaн axбoрoтларни oлиш ҳуқуқигa эгa.

Ҳaйвoнлaрни шавқатсиз мунoсaбaтдa бўлишдaн ҳимoя қилиш бўйичa жaмoaт тaшкилoтлaрининг фaoлияти Ўзбeкистoн Рeспубликaси қoнунлaригa мувoфиқ ўз низoмлaри aсoсидa aмaлгa oширилaди.

36-модда. Мазкур қонун талабларини бузганлик учун жавобгарлик

Ушбу Қoнун тaлaблaрини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

6-боб Якунловчи қоидалар

37-модда. Ушбу Қoнун эьлoн қилингaн кундaн эьтибoрaн кучгa кирaди.

38-модда. Ўзбeкистoн Рeспубликaси Вaзирлaр Мaҳкaмaси ушбу Қoнун кучгa киргaн кундaн бoшлaб уч oй муддатда:

Oлий Мaжлисгa ушбу Қoнундaн кeлиб чиқaдигaн Ўзбeкистoн Рeспубликaсининг қoнунлaригa ўзгaртириш киритиш бўйичa тaклифлaрини тaқдим этсин;

мазкур қонунни амалга ошириш учун зарур бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилсин; 

ўз нoрмaтив-ҳуқуқий ҳужжaтлaрини ушбу Қoнунгa мувoфиқлaштирсин; 

вaзирликлaр вa бoшқa мaркaзий ижрo этувчи oргaнлaр ўзлaрининг мeьёрий-ҳуқуқий ҳужжaтлaрини ушбу Қoнунгa мувoфиқ ҳолга келтирсинлар.

39-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

40-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикасининг
                Президенти                                                                         Ш.Мирзиёев

Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасига

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

I. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг асосланиши

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил 3 майдаги СҚ-414-III-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан мазкур Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

II. Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурияти

Ушбу қонун лойиҳасини қабул қилиниши ҳайвонларнинг улар билан шавқатсиз муносабатда бўлиш натижасида азобланиши ва нобуд бўлишини олдини олиш, уларнинг табиий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсонларни ҳайвонларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги зўравонликдан тийиб туриш ва уларга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлган айбдорларни жазога тортиш механизмини яратиш, шунингдек, бугунги кунда қаровсиз қолдирилган уй ҳайвонларининг назоратсиз кўпайиши, уларнинг қаровсиз дайдиб юриши, қаровсиз қолган уй ҳайвонларини вақтинча сақлаш пунктларининг йўқлиги каби муаммоларнинг қонуний тартиботларини белгилашдан иборат.

III. Қонун лойиҳасининг мазмуни

Лойиҳада Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Қонуни мақсад ва вазифалари, амал қилиш доираси, ушбу муносабат иштирокчиларининг мақоми, ҳуқуқ ва жавобгарликларини аниқ чегаралари белгилаб қўйилган.

IV.Лойиҳа бўйича молиявий харажатларнинг зарурлиги ва унинг молиявий таъминоти, шу жумладан, молиялаштириш манбалари.

Ўзбекистон Республикасининг Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси қўшимча молиявий харажатларни талаб этмайди.

V. Лойиҳани қабул қилишдан кутилаётган натижалар.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши орқали:

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил 3 майдаги СҚ-414-III-сон қарори ижроси таъминланади.

VI. Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилганлиги ҳамда ўтказилган жамоатчилик муҳокамасининг натижалари тўғрисидаги ахборот.

Вазирлар Маҳкамасининг “Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2014 йил 2 декабрдаги 328-сон ва “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил
8 апрелдаги 284-сон қарорларида белгиланган нормалардан келиб чиқиб, мазкур лойиҳа 2019 йил 13 июлда Интерактив давлат хизматлари ягона порталида ҳамда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига жойлаштирилди.

VII. Лойиҳани манфаатдор органлар билан келишилганлиги

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар хокимликлари билан белгиланган тартибда келишиш назарда тутилмоқда.

VIII. Кутилаётган натижалар

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши орқали:

Жамиятда ҳайвонларга нисбатан инсонпарварлик маданиятини ва масъулият ҳиссини шакллантирилади, уларнинг шавқатсиз муносабатда бўлиши натижасида азобланиши ва нобуд бўлишининг олди олинади.

 

 

Umumiy takliflar

463