ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
4469 Министерство народного образования Республики Узбекистан 08/07/2019 23/07/2019 3

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Prezidentining Qarori
Ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-4469

Атоқли адиблар номи билан аталган ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш, таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, улғайиб келаётган ёш авлодни илм ва ижодга кенг жалб қилиш ҳамда интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, уларнинг ўз истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг атоқли адиблар номи билан аталган иловадаги айрим фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларни иловага мувофиқ қайта ташкил этган ҳолда расман “Ижод мактаби” (кейинги ўринларда Ижод мактаблари деб аталади) мақомини бериш;

Ҳар йили ўқув йили якунида “Йилнинг энг яхши Ижод мактаби” танловини ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ижод мактабларининг йиллик қабул квотаси 26 нафар этиб белгиланади, ўқувчилар 7-синфга ижодий танлов ва тест синовлари асосида қабул қилинади;

Ижод мактабларига ўқувчилар сонидан қатъий назар 1 штат бирлигида кутубхоначи лавозими жорий этилади;

Ижод мактабларининг 10-11-синфларида аъло баҳоларга таълим олаётган ўқувчилар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган саралаш имтиҳонлари натижасига кўра энг кўп балл тўплаган ўттиз фоиз ўқувчилар давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида она тили
ва адабиёти (қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанидан максимал балл берилади;

Ижод мактаблари директорларига мактабнинг ихтисослигидан келиб чиқиб, умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режасида белгиланган соатлар доирасида алоҳида ўқув режасини тасдиқлаш ва амалиётга жорий этиш ваколати берилади;

Ижод мактабларининг ўзига хос хусусиятидан  келиб чиқиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсиясига кўра Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига ушбу мактабларда ижодий қобилиятни ривожлантиришга йўналтирилган фанлардан дарс бериш ҳуқуқи берилади;

ижодий ва фан тўгаракларида машғулот олиб борадиган Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва педагоглар меҳнатига ҳақ тўлаш умумтаълим мактаблари педагог ходимларига соатбай ҳақ тўлаш миқдорларига тенглаштирилади.

3. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ижод мактабларининг қуйидаги ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш базавий тариф ставкаларига нисбатан 40 фоиз миқдорда, 2020/2021 ўқув йилидан 100 фоиз устама қўлланилган ҳолда амалга оширилади:

Ижод мактаблари директорлари;

Ижод мактаблари директорларининг ўринбосарлари;

Ижод мактабларининг чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар ўқитувчилари;

Ижод мактаблари тарбиячилари ва тарбиячи ёрдамчилари;

Ижод мактаблари психологлари;

Ижод мактаблари кутубхоначилари.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ижод мактабларининг чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлардан дарс берадиган ўқитувчиларни танлов асосида қабул қилиш механизмини жорий этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг 2020 йил ва кейинги йиллар учун параметрларини шакллантиришда Ижод мактабларида таълим олаётган ўқувчилар сони ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, Ижод мактабларининг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, ўқув лабораториялари ва ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш ҳамда қўшимча ўқув биноси, ётоқхона, ошхона, спорт зали қуриш лойиҳалари белгиланган тартибда киритилишини таъминласинлар.

6. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда:

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг фаолиятини баҳолаш рейтингини аниқлашда Ижод мактабларининг ижодий фаолият самарадорлигини назарда тутсин;

рейтинг натижаларига мувофиқ Ижод мактаблари директори, директор ўринбосарлари ва масъул ходимларига ўрнатилган тартибда жарима қўлланилиши ҳамда уларнинг ойлик маошларидан чегириб қолинишини назарда тутувчи механизмни жорий этсин.

7. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси:

икки ой муддатда тегишли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар билан биргаликда, ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда, жаҳон ва миллий адабиётимизнинг энг сара асарлари, мусиқа, кино, ҳайкалтарошлик, тасвирий санъат ва бошқа ижодий йўналишлардаги энг нодир 100 тадан асарлар рўйхатларини шакллантирсин ва улар билан Ижод мактабларини таъминлаш чораларини кўрсин;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ижод мактабларидаги истеъдодли ўқувчиларни саралаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришда кўмаклашиш мақсадида ҳар бир мактабга 10 нафардан таниқли шоир, ёзувчи ва адабиётшуносларни бириктириш чораларини кўрсин;

Ижод мактаблари ўқувчиларининг энг сара ижод намуналаридан иборат тўпламларини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ҳар йили чоп этиб бориш амалиётини йўлга қўйсин;

Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси билан биргаликда режа асосида ижодий учрашувлар, маҳорат сабоқларини ўтказиб борсин;

Алишер  Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан биргаликда Ижод мактабларида ижодий учрашувлар, маҳорат сабоқларини юқори савияда ўтказиш юзасидан услубий қўлланма ва дастур яратсин.

8. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

Алишер  Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари томонидан Ижод мактаблари педагогик жамоаси ҳамда ўқувчиларининг билим ва кўникмаларини оширишда доимий методик ёрдам кўрсатиб боришни таъминласин;

адабиёт назарияси ва бадиий таржима фанлари бўйича методик қўлланмалар, ўқув дастурлари ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий қилсин;

Ижод мактаблари ўқувчиларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги фаолиятини кучайтириш мақсадида Ижод мактаблари билан “Темурбеклар мактаблари” ва бошқа ҳарбий билим юртлари билан тизимли равишда маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб борсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимининг белгиланган штатлар сони доирасида ушбу вазирлик тузилмасида 3 та штат бирлигидан иборат Ихтисослашган таълим муассасалари бўлими ташкил этилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

Халқ таълими вазирлигининг мурожаатига асосан Ижод мактабларини юқори тезликдаги Интернет ҳамда электрон таълим миллий тармоғига белгиланган тартибда улаш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда Ижод  мактабларининг кутубхоналари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси базасига улаш чорасини кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларининг илғор профессор-ўқитувчилари иштирокида Ижод мактаблари ўқувчилари учун масофадан онлайн дарс машғулотларини ўтишни ташкил этсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Ижод мактабларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш масаласида ҳар томонлама кўмаклашсин, хусусан:

Ижод мактабларига ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шу жумладан ўқитувчилар ва ушбу соҳа ходимларининг мақомини яхшилашга ва оширишга ёрдам бериш;

Ижод мактабларини ривожлантириш учун инвестицияларни ва ҳомийлик ёрдамини жалб қилишга кўмаклашиш;

Ижод мактабларига маҳорат сабоқлари ўтиш учун юборилган ижодкорларнинг вақтинча яшаши учун зарур  шароит яратиб бериш;

Ижод мактабларидаги мавжуд муаммоларни тез ва самарали ҳал қилиш бўйича бошқа чоралар кўрилишини ташкил этиш учун шахсан жавоб беради.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ижод мактабларининг жорий фаолияти юзасидан қуйидагиларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришни таъминласин:

Ижод мактабларининг, шу жумладан шартнома асосида хизмат кўрсатувчи ходимларига иш ҳақи, устамалар, қўшимча ҳақлар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети қўшимча маблағлари ҳисобидан Ижод мактабларига 1 (бир) донадан автобусларни харид қилишга зарур маблағ;

таълим соҳасида хизматлар кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилотларнинг Ижод мактабларида ўқув-методик ҳамкорликни таъминлаш, таълим жараёнини юритиш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни ёллаш бўйича хизматлари учун тўловлар;

Ижод мактаблари кутубхона фондини бойитиш учун харид қилинадиган адабиётлар учун зарур маблағ;

“Йилнинг энг яхши Ижод мактаби” танловини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар;

Заруратга кўра, Ижод мактабларининг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, ўқув лабораториялари ва ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш ҳамда қўшимча ўқув биноси, ётоқхона, ошхона, спорт зали қуриш учун маблағ.

13. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатлари А.А. Абдувоҳидов, Х.М. Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими взаири Ш.Х.Шерматов  зиммасига юклансин.

Umumiy takliflar

514