ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
4268 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 02/07/2019 17/07/2019 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Наманган давлат университети таркибида Ўзбекистон-Россия қўшма “Тиббиёт” факультетини ташкил этиш тўғрисида
ID-4268

Лойиҳа

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

Наманган давлат университети таркибида Ўзбекистон-Россия қўшма “Тиббиёт” факультетини ташкил этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 28 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ҳамда вилоят фаоллари иштирокида кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни, Ўзбекистон  Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим  муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3775-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда Наманган вилоятида тиббиёт тизими кадрларига бўлган реал эҳтиёжни қоплаш шунингдек, олий таълим тизимида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Наманган давлат университети (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) таркибида Россия Федерациясининг Урал давлат тиббиёт университети (кейинги ўринларда Ҳамкор университет деб аталади) билан ҳамкорликдаги Ўзбекистон-Россия қўшма “Тиббиёт” факультетини (кейинги ўринларда факультет деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар факультет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишни сифат жиҳатидан яхшилаш мақсадида юқори малакали тиббиёт кадрлар тайёрлашни таъминлаш;

бўлажак тиббиёт мутахассисларини ўқитишни уларни даволаш           амалиётининг аниқ кўникмаларини эгаллаб олиши билан биргаликда таъминлаш;

тиббиёт  кадрларида ватанпарвар фуқаро туйғуларини, юксак профессионализм ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантирган ҳолда уларни тайёрлаш;

тиббиёт кадрларини тайёрлаш бўйича Ватанимиздаги ва хориждаги илғор тажрибалар асосида олий тиббиёт таълими тизимини такомиллаштириш;

тиббиёт соҳасидаги юқори малакали мутахассисларни халқаро талаблар  ва стандартлар даражасида тайёрлаш, таълим жараёнини ташкил қилишнинг замонавий талабларига мос келадиган ўқув ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, бўлғуси тиббиёт мутахассисларининг назарий тайёргарлигини улар ўрганаётган амалий кўникмалар билан чамбарчас боғлаган ҳолда олиб борилишини таъминлаш;

Ҳамкор университет талабалари ва профессор-ўқитувчилари билан интеграциялашган дастурлар асосида ўзаро алмашинувларини йўлга қўйиш;

таълим ва илмий-амалий соҳаларда Ҳамкор университетнинг етакчи олимларини, профессор-ўқитувчиларини факультетнинг таълим ва илмий-тадқиқот жараёнларига мунтазам равишда жалб этиш;

профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва педагогик салоҳиятини юксалтиришни Ҳамкор университет базасида илмий стажировка ва малака ошириш механизмлари орқали амалга ошириш;

олий таълимнинг ўзаро манфаатдор йўналишлари бўйича академик мобилликни ва параллел таълим олишни йўлга қўйишга кўмаклашиш;

Ҳамкор университетнинг профессор-ўқитувчиларини илмий раҳбарликларида докторлик диссертация ишларини тайёрлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

факультет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълимнинг асосий йўналиш (мутахассислик)лари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган, Университетининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус тилида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси Олий таълимнинг давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда университетнинг Урал давлат тиббиёт университети билан қўшма таълим дастурлари асосида амалга оширилади;

факультетга абитуриентларни талабаликка қабул қилиш ва факультет битирувчиларининг аттестацияси Ҳамкор университетда белгиланган тартиб, талаблар ва муддатларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

факультетда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб қабул квотаси Наманган  вилоятидаги мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, университет ва Ҳамкор университет томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади;

факультет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россия Федерациясида олий таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжати сифатида эътироф этилган, университет ҳамда Ҳамкор университет дипломлари берилади;

факультетда ўқиш учун тўлов-контракт миқдори университет ва Ҳамкор хориж университети томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади;

факультет талабалари мос равишда таълимнинг камида 2 йил (4 та  семестр)ини Ҳамкор университетда ўқийди ҳамда мазкур даврда ўқиш билан боғлиқ харажатлар талабалар томонидан ўқитиш жойида тўланади;

факультет штат бирликларини шакллантириш (профессор-ўқитувчилар штат бирлигидан ташқари) олий таълим муассасалари факультетлари учун белгиланган нормативларга мувофиқ аниқланади.

факультет фаолиятини молиялаштириш талабаларнинг тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

факультетда таълим оладиган талабалар томонидан ўқишни мазкур ва республиканинг бошқа олий таълим муассасалари таълим йўналишларига кўчирилишига ҳамда тикланишига йўл қўйилмайди.

4. Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:

Наманган шаҳар, Гўзал даҳаси 14-уйда жойлашган Наманган 2-тиббиёт коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудудлари билан бирга факультетни жойлаштириш учун Наманган давлат университетига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш;

Наманган 2-тиббиёт коллежининг ўқувчилари 2019-2020 ўқув йилини тугатгунга қадар  юқорида кўрсатилган манзилдаги биноларда белгиланган тартибда ўқув жараёнини давом эттиришлари тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шадманов)га икки ой муддатда:

факультетда фаолият олиб борадиган профессор-ўқитувчилар ва ходимлар таркибини юқори малакали маҳаллий ва хорижий педагог кадрлар ҳисобидан тўлдириш ҳамда уларни Ҳамкор университетда тажриба алмашишларини ташкил қилиш;

таълим йўналишлари учун интеграллашган ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш;

факультетнинг таълим жараёнига тегишли бўлган меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш вазифалари юклатилсин.

6. Факультетнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унга ажратилган бинодаги хоналар ва ўқув аудиторияларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари харид қилиш) ишлари учун университетнинг бюджетдан ташқари маблағларидан фойдаланилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги  манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига биноан Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурининг 2022-2023 йиллар учун параметрларини шакллантиришда университетнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш лойиҳаларини белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Маджидов зиммасига юклансин.

 

                                                                                                                                 Ўзбекистон Республикаси
                                                                                                             Бош вазири                                                                       А. Арипов

Umumiy takliflar

647