ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
390 Министерство народного образования Республики Узбекистан 05/09/2018 20/09/2018 0

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИНИНГ КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ МАРКАЗИ ҚАРОРИ Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида жорий, оралиқ, босқичли ва якуний назоратларнинг баҳолаш мезонлари ва тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-390

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги
868-сон “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази қарор қилади:

1. Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида жорий, оралиқ, босқичли ва якуний назоратларнинг баҳолаш мезонлари ва тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими марказининг

2018 йил “_____” _____________ даги_______ - ва _______ - сон қарорига илова

 

Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида жорий, оралиқ, босқичли ва якуний назоратларнинг баҳолаш мезонлари ва тартиби тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2017 йил 24 октябрдаги 868-сон “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган ва ўқувчиларнинг касбга оид компетенцияларини (билим, кўникма ва малакалари) аниқлашни тартибга солади.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига (кейинги ўринларда ўқувчилар деб аталади) касбий таълим бериш учун ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида (кейинги ўринларда мажмуа деб аталади) жорий, оралиқ, босқичли ва якуний назоратларнинг баҳолаш мезонлари ва тартибини белгилаш учун ишлаб чиқилган.

2. Мажмуаларда ўқувчиларнинг касб-ҳунарга оид билим, кўникма ва малакаларини аниқлаш ва назорат қилиш мақсадида жорий, оралиқ, босқичли ва якуний назорат турлари амалга оширилади.

3. Назорат тури қандай шаклда ўтказилишидан қатъи назар, беш баллик
(“5”, “4”, “3”, “2”, “1”) усулда бутун сонлар ёрдамида баҳоланади ва синф журналига қайд этилади. Бунда:

“5” балл – ўқувчи ўрганилган мавзу бўйича материалларни тўлиқ ўзлаштириб олган бўлса, мавзу бўйича асосий маълумотларнинг моҳиятини очиб бера олса, эгаллаган билимларини амалиётда хатосиз қўллай олса, ўрганилган мавзуни батафсил баён қила олса, мустақил ишлаши натижасида янги билимларни билса;

“4” балл – ўқувчи ўрганилган мавзунинг моҳиятини билса, мавзу бўйича саволларига жавоб бера олса, эгаллаган билимларини амалиётда қўллай олса, оғзаки жавоб беришда ва ёзма ишда жиддий хатоларга йўл қўймаса, қўшимча саволлар билан хатоларини тўғирлай олса.

“3” балл – ўқувчи ўрганилган мавзуни ўзлаштирса, лекин тушунтириб беришда аниқлаштирувчи саволларга эҳтиёж сезса, саволларнинг мантиқий тузилиши ўзгарганда жавоб беришга қийналса, эгаллаган билимларини амалиётда қисман қўллай олса, ёзма ишда хатолар бўлса.

“2” балл – ўқувчи ўрганилган мавзу бўйича тушунчага эга бўлса, мавзуни ўзлаштирмаса, ёзма ишда қўпол хатоларга йўл қўйса, берилган билимларни амалиётда қўллай олмаса.

“1” балл – ўқувчи ўрганилган мавзу бўйича умуман тушунчага эга бўлмаса, мавзуни ўзлаштиришга ҳаракат қилмаса.

2-боб. Мажмуаларда жорий назоратнинг баҳолаш мезонлари ва тартиби

4. Ўқувчиларнинг касбий билим, кўникма ва малакалари, касбга оид кўникмаларини намойиш этиш, лойиҳалаш, гуруҳларда ишлаш, савол-жавоб, муҳокама, ёзма иш кўринишларида жорий назорат амалга оширилади.

5. Касбий билим ўқувчиларнинг ўрганаётган касб-ҳунар малака талаблари ва технологик харитаси кетма-кетлиги асосида (кейинги ўринларда касб-ҳунар талаби деб аталади) эгаллаган ҳаққоний маълумотлари бўйича аниқланади. Касб-ҳунар талаби ўқувчилар ўрганаётган касб-ҳунар бўйича ишлаб чиқилган ва касб-ҳунар ўрганишини тўлиқ кафолатлайдиган дидактик тарқатма материаллар жамламаси ҳисобланади.

6. Жорий назоратда қуйидагилар баҳоланади:

касбий кўникма ва малакалар ўқувчининг касб-ҳунар талабини ишлаб чиқариш таълими устаси (кейинги ўринларда уста деб аталади) ёрдамида ёки мустақил равишда бажарган иши;

касбга оид кўникмаларни намойиш этиши;

касб-ҳунар талабини мустақил бажара олиши;

лойиҳалашда касб-ҳунар талабида белгиланган муддат ва қоидаларни ўз ўрнида амалга ошириши ҳамда муаммоли вазиятлар ёки ишлаш вақтида учраётган қийинчиликларни мустақил ёки уста ёрдами билан тез ва аниқ батараф этиши;

гуруҳларда ишлаш касб-ҳунар талабидаги маълум бир маҳсулот ёки буюмларни тайёрлаш, ўрганиш ёки қўллаш (кейинги ўринларда иш бажариш деб юритилади) учун белгиланган алоҳида вазифалардан келиб чиққан ҳолда ўзаро тушуниб ишлаши;

касб-ҳунар талабини бажаришдаги уста ёки гуруҳдаги ўқувчилар билан ўзаро савол-жавоблари;

касб-ҳунар талабини уста ёки гуруҳдаги ўқувчилар билан бирга муҳокама қилиши;

касб-ҳунар талабини бажаришга оид амалий кўникмаларини ёзма баён қила олиши.

7. Жорий назорат давомида уста ўқувчилар иш бошлашлари олдидан кириш инструктажини, касб-ҳунар талабини бажаришда ўқувчилар жамоасининг хатти-ҳаракатларига қараб даврий инструктажни, жорий назорат натижаларини баён этиш учун хулосавий инструктажни ўтказади.

8. Уста жорий назорат мезонларидан машғулот давомида фойдаланади.

3-боб. Мажмуаларда оралиқ назоратни баҳолаш мезонлари ва тартиби

9. Оралиқ назорат ўқувчиларнинг касбий билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун ўқув дастурларининг маълум бир мантиқий қисми якунлангандан кейин чорак ва ярим йиллик якунида ўтказилади. Оралиқ назорат амалий машғулот, ёзма иш, тест синовлари каби кўринишдаги назорат турларидан бири асосида ўтказилади.

10. Оралиқ назоратни ўтказиш муддатлари уста томонидан белгиланади ва таълим муассасаси директорлари томонидан тасдиқланади.

11. Ўқувчиларнинг касб-ҳунар талабини бажарганлик амалий кўникмаларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда намойиш қилиш орқали ўтказилади.

12. Ёзма иш ёки тест синовлари кўринишида бажарилган ишларида ўқувчилар ўрганаётган касб-ҳунарлари ҳақидаги ахборотлар ва назарий тушунчалар баҳоланади.

13. Оралиқ назорат ўтказиш муддатлари ўқувчиларга ўқув йили бошида уста томонидан эълон қилинади.

14. Оралиқ назорат машғулотлар давомида ўтказилади ва уларни ўтказиш учун алоҳида дарс соатлари белгиланмайди.

4-боб. Мажмуаларда босқичли назоратни баҳолаш мезонлари ва тартиби

15. Ўқувчиларнинг касбий билим, кўникма ва малакаларини аниқлаш учун ўқув йили якунида босқичли назорат ўтказилади. Босқичли назорат амалий имтиҳон, ёзма иш, лойиҳа иш ва ишланмалар ишлаб чиқиш, тест синовлари каби кўринишдаги назорат турларидан бири (иккиси) асосида ўтказилади.

16. Босқичли назоратни ўтказиш орқали ўқувчининг касб-ҳунар талабини бажарганлик сифати, йиллик баҳоси ва рейтинг кўрсаткичи аниқланади. Бунда ўқувчиларнинг якуний баҳоси:

“5” балл бўлганда – аъло;

“4” балл бўлганда – яхши;

“3” балл бўлганда – қониқарли;

“2” балл бўлганда – қониқарсиз;

“1” балл бўлганда – ўта қониқарсиз рейтинг кўрсаткичлари қўйилади.

17. Амалий имтиҳон ўқувчининг касб-ҳунар талабини бажариш сифати бўйича ўтказилади. Амалий имтиҳон материаллари ва мавзулари уста томонидан тайёрланади ҳамда таълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан тасдиқланади.

18.Амалий имтиҳон материаллари мазмуни ва мавзулари ўқувчиларга ўқув йили бошидан маълум қилинади.

19. Амалий имтиҳон ўқувчи ўрганаётган касб-ҳунарнинг тўлиқ ёки маълум қисмини бажарилиши бўйича ўтказилади ва касб-ҳунар талабини бажариш даражаси уста томонидан назорат қилинади ва баҳоланади.

20. Ёзма иш мавзулари касб-ҳунар талабининг назарий жиҳатлари ва хусусиятларига боғланган ҳолда ўқувчининг касб-ҳунар талабини эгаллагани ва амалиётда касб-ҳунардан фойдаланган ҳолда тадбиркорликни қўллашларига оид бўлади.

21. Лойиҳа ва ишланмаларни ишлаб чиқишда касб-ҳунар талаби бўйича ижодий лойиҳа ишлари ва ишланмалар тайёрланади. Ўқувчи ўзи танлаган касб-ҳунарга оид илк инновацион ғоя ва технологияларни ишлаб чиқади ва ҳимоя қилади. Касб-ҳунар ўрганиш бўйича тадбиркорлик, иқтисодий ҳаражатлар ҳақидаги маълумотлар тайёрланиши ёки таҳлиллар ўтказилиши таъминланади.

22. Тест синовлари ўқувчилар эгаллаётган касб-ҳунарларининг иқтисодиёт тармоқларида тутган ўрни, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва оила бюджетини юксалтиришга оид ечимлар, иш бажаришдаги сарф-ҳаражатлар миқдори ҳамда кўриладиган фойдаларга оид қизиқарли амалий топшириқлар, иш бажариш маҳоратини аниқлайдиган, иш бажаришига оид қобиятлари ўқувчилар амалий кўникма ва малакаларини ўлчайдиган педагогик тестлардан иборат бўлади.

23. Босқичли назорат турларининг мазмуни ва ўтказиш муддати таълим муассасаси директори томонидан тасдиқланади.

24. Ўқув йили давомида босқичли назорат мазмуни ўзгартирилмайди ва янгиланмайди. Босқичли назорат ишлаб чиқариш амалиёти даврида уста томонидан ўтказилади.

5-боб. Мажмуаларда якуний назоратни баҳолаш мезонлари ва тартиби

25. Ўқувчига касбий таълим бериш жараёни тугаганидан сўнг эгаллаган касб-ҳунари бўйича компетентлигини амалий намойиш этиши учун якуний назорат якуний давлат аттестацияси тарзида ташкил этилади.

26. Якуний давлат аттестациясида ўқувчи эгаллаган касб-ҳунари мазмунидан келиб чиққан ҳолда компетентлигини амалий намойиш этиш учун касб-ҳунарга оид топшириқларни бажариб кўрсатади.

27. Якуний давлат аттестациясини ташкил этиш ва ўтказишга таълим муассасалари директорлари масъул ҳисобланади.

28. Якуний назорат иши касб-ҳунар талаби асосида уста раҳбарлигида бажарилади.

29. Якуний назорат иши умумий ўрта таълим мактаби якуний давлат аттестациясидан камида бир ҳафта аввал ўтказилади.

30. Якуний давлат аттестацияси касб ўрганиш учун ажратилган умумий соат миқдоридан чиқмаган ҳолда икки ҳафта муддатда ўтказилади. Якуний давлат аттестациясини ўтказиш жадвали таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилади ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига киритилади.

31. Якуний давлат аттестацияси ишлаб чиқариш амалиёти ўтган корхона ёки ташкилотларида ўтказилиши ҳам мумкин.

32. Якуний давлат аттестациясини ўтказиш бўйича 7 (9) кишидан иборат аттестация комиссияси (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) тузилади ҳамда унинг таркиби 1-иловадаги комиссиянинг намунавий таркибига мувофиқ шакллантирилади.

33.Ўқувчиларнинг якуний давлат аттестациясини топширишида ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсга кузатувчи сифатида иштирок этишга рухсат берилади.

34. Комиссия таркиби ва якуний давлат аттестациясини ўтказиш жадвали туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирининг бўйруғи билан тасдиқланади.

35. Якуний давлат аттестацияси бўйича баҳо қўйиш комиссия аъзолари ўртасида овозга қўйиш асосида ҳал этилади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

36. Узрли сабабга кўра якуний давлат аттестациясида иштирок этмаган ўқувчилар якуний назорати бошқа кунга кўчирилади.

37. Якуний давлат аттестациясидан ўта олмаган ўқувчилар учун ҳар йили август ойида қайта якуний назорат ташкил этилади.

Якуний давлат аттестациясидан ўта олмаган ўқувчиларнинг қайта якуний назоратда иштирок этиши чекланмайди.

Қайта якуний назоратдан ўта олмаган ўқувчиларга касбий таълимни олганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

Маълумотнома берилган ўқувчилар бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида ҳар йили маълумотлар базаси шакллантирилади.

38. Якуний давлат аттестацияси натижалари 2-иловада берилган баённома билан расмийлаштирилади. Баённома икки асл нусхада комиссия раиси, ўринбосари ва котиби томонидан тасдиқланади.

39. Тасдиқланган баённоманинг битта асл нусхаси мактабга, битта асл нусхаси мажмуа ташкил этилган таълим муассасасига тақдим этилади.

40. Комиссия томонидан мактабга тақдим этилган баённома ўқувчиларга меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи касб малакаси бўйича давлат намунасидаги дипломларни расмийлаштириш учун асос бўлади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

41. Мажмуаларда ўтказилган назорат турлари бўйича апелляция аризалари қабул қилинмайди.

42. Мазкур Низомда белгиланган масалалар юзасидан келиб чиққан низолар қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилинади.

Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида жорий, оралиқ, босқичли ва якуний назоратларнинг баҳолаш мезонлари
ва тартиби тўғрисида низомга 1-илова

 

Якуний давлат аттестациясини ўтказиш бўйича аттестация комиссиянинг
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

 

1.

Комиссия раиси

-

туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари;

2.

Комиссия раисининг ўринбосари

-

мажмуа ташкил этилган таълим муассасаси директори

3.

Комиссия котиби

-

мажмуа ташкил этилган таълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари

4.

Комиссия аъзоси

-

мажмуа ташкил этилган таълим муассасасининг амалий иш тажрибасига эга бўлган малакали педагоги ёки ишлаб чиқариш таълим устаси (2 нафар – ўғил ва қиз болалар учун алоҳида)

5.

Комиссия аъзоси

-

ўқувчилар таълим оладиган умумтаълим мактабининг технология фани ўқитувчиси

6.

Комиссия аъзоси

-

ўқувчилар таълим оладиган умумтаълим мактабининг ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти раиси

7.

Комиссия аъзоси

-

ўқувчилар таълим оладиган умумтаълим мактабининг психологи

Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида жорий, оралиқ, босқичли ва якуний назоратларнинг баҳолаш мезонлари
ва тартиби тўғрисида низомга 2-илова

 

 

Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ўқувчиларнинг якуний давлат аттестациясини ўтказиш

                                                            аттестация комиссияси

                                                                   БАЁННОМАСИ

 

___________________
(манзил номи)

_______________________
(ўтка
зилган сана, ой, йил)

 

Т/Р

ФАМИЛИЯСИ

ИСМИ

ОТАСИНИНГ ИСМИ

ЭГАЛЛАГАН КАСБ-ҲУНАРИ НОМИ

ЯКУНИЙ
НАЗОРАТ
БАҲОСИ

(сўзда ва сонда)

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Раис

_______
(ИМЗО)

______________________
(ФИО)

Ўринбосар

________
(ИМЗО)

_____________________
(ФИО)

Котиб

________
(ИМЗО)

_____________________
(ФИО)

Umumiy takliflar

1026