ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
3826 Министерство внутренних дел Республики Узбекистан 10/06/2019 25/06/2019 4

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasining qonuni
Ўзбекистон Республикасида оммавий тадбирларни ўтказиш тўғрисида
ID-3826

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

 

 

Ўзбекистон Республикасида оммавий тадбирларни ўтказиш тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

 

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Оммавий тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги қонун
                           ҳужжатлари

 

Оммавий тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида оммавий тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Ушбу Қонун митинглар, йиғилишлар, намойишлар, кўча юришлари, шунингдек тўй, юбилей ва бошқа оилавий тадбирларни  бағишланган маросимларни ўтказишга татбиқ этилмайди.

 

3-модда. Асосий тушунчалар

 

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

оммавий тадбир – 100 ва ундан кўп кишиларнинг иштирокида ижтимоий-сиёсий (анжуманлар, конференциялар, съездлар ва бошқалар), маданий-оммавий ва кўнгилочар-томоша дастурлари (мусиқий, адабий
ва бошқа фестиваллар, концерт, театр, спорт, реклама тадбирлари, халқ сайиллари, цирк, миллий намойишлар ва ўйинлар, кўрик-танловлар
ва бошқалар), шунингдек умумхалқ, диний, касб байрамларини ўтказиш мақсадида оммавий тадбирни ўтказиш объектида ташкил қилинадиган фуқароларнинг биргаликда қатнашишлари;

биринчи тоифадаги оммавий тадбир – 200 ва ундан кўп кишилар иштирокида Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказлари ҳудудида ўтказиладиган оммавий тадбир;

иккинчи тоифадаги оммавий тадбир – биринчи тоифага кирмайдиган оммавий тадбир;

оммавий тадбир ташкилотчиси – оммавий тадбирни ташкил қилиш ва ўтказиш мажбуриятини ўз зиммасига олган давлат органи, ўн саккиз ёшга тўлган жисмоний ёки юридик шахс;

оммавий тадбир иштирокчилари – оммавий тадбир ташкилотчилари, тадбир дастурида белгиланган вазифаларни бажариш учун масъуллар, томошабинлар ва бошқа шахслар;

мартабали меҳмон – оммавий тадбирларга ташриф буюрувчи Ўзбекистон Республикаси ҳамда хорижий давлатларнинг юқори мансабдор шахслар;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти – тасарруфида, фойдаланишида, ихтиёрида оммавий тадбирни ўтказиш объекти жойлашган давлат органи, юридик ёки жисмоний шахс;

оммавий тадбирни ўтказиш объекти – оммавий тадбирларни ўтказиш учун махсус мўлжалланган ёки мослаштирилган, ёнғинга қарши хавфсизлик, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, эвакуация қилиш, коммуникация, муҳандислик-техник ҳимоя воситалари ва оммавий тадбир иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашнинг бошқа воситалари
ва тизимлари билан жиҳозланган, биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатларига киритилган очиқ жой участкалари, бинолар, иншоотлар ва бошқа жойлар (маданият-маърифат муассасалари, спорт мажмуалари ва бошқалар);

оммавий тадбирни ўтказиш объектига туташ ҳудудлар – чегаралари маҳаллий ҳокимият органларининг қарорлари билан белгиланадиган жой участкалари;

оммавий тадбир дастури – оммавий тадбирни ўтказиш мақсадлари, объекти, санаси ва аниқ вақтини, ҳар бир босқичини ўтказиш учун жавобгар бўлган шахсларни кўрсатган ҳолда унинг асосий босқичларининг вақт бўйича жадвалини (босқичма-босқич режасини), фойдаланиладиган техник ва муҳандис-техник воситалар (саҳна майдончаси, овоз кучайтиргич, электр таъминоти манбаи, чироқ ва пиротехника билан безатилиши, тиббий хизмат кўрсатиш, оммавий тадбир ўтказилгандан кейин ҳудуднинг йиғиштирилиши)ни белгилаб берувчи, оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти билан келишув бўйича оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан тасдиқланган ҳужжат;

оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома – оммавий тадбирни ўтказиш ҳуқуқини берадиган, ваколатли орган томонидан қабул қилинадиган ва оммавий тадбир ташкилотчисига бериладиган қарор;

оммавий тартиб – бу жамоат жойларида фуқароларнинг ўзларини лозим даражада тутишлари ва хулқ-атворларининг қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида бўлишига қаратилган мезонлар мажмуидир;

жамоат жойлари – сутканинг ҳар қандай вақтида шахсларнинг бўлиши, эркин ҳаракатланиши ва тўпланиши мумкин бўлган жойлар, хусусан, кўп квартирали уйларнинг йўлаклари, уйлар олди ҳудудида жойлашган болалар майдончалари, кўчалар, ер ости ўтиш жойлари, ҳиёбонлар, истироҳат боғлари, барча турдаги жамоат транспортлари, аэропортлар, темир йўл, автомобиль вокзалларининг ва сув транспорти бекатларининг бинолари, автотураргоҳлар, савдо ва кўнгилочар объектлари, умумий овқатланиш корхоналари, кинотеатрлар, театрлар, цирклар, концерт ва кўргазма заллари, оммавий дам олиш учун ёпиқ иншоотлар, иш жойлари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари, шунингдек қонун хужжатларига мувофиқ кириш (чиқиш) тартибга солинган бошқа объектлар;

жамоат тартиби – бу амалдаги қонун ва ижтимоий (ахлоқ) нормаларига риоя қилиш орқали фуқароларнинг шахсий хавфсизлигини, кўпчиликнинг, омманинг хавфсизлигини таъминлашга, ҳудуддаги жисмоний ва юридик шахсларнинг нормал фаолият кўрсатиши, фуқароларнинг меҳнат қилиши ва дам олишлари учун қулай шароит яратишга қаратилган, шунингдек уларнинг шаъни, инсоний қадр-қимматини ва ижтимоий ахлоқ нормаларини ҳурмат қилиш бўйича асосан жамоат жойларида вужудга келадиган ва тараққий этиб борадиган ижтимоий муносабатлар тизимидир;

жамоат тартибини сақлаш – жамиятда иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, юридик, маънавий ва бошқа омиллар таъсирида вужудга келган тартибни ҳар қандай тажовузлардан, унга зарар етказиш йўлидаги уринишлардан ҳимоя қилиш чоралари. Жамоат тартибини сақлаш ҳам ҳуқуқий, ҳам аҳлоқ нормалари таъсирида шаклланган ижтимоий муносабатларни муҳофаза қилишни назарда тутади;

жамоат хавфсизлиги – бу шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатларини жиноий ва бошқа ҳуқуққа хилоф ҳаракатлардан ҳамда ижтимоий низолар, табиий офатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар, катта фалокатлар, авариялар ва ёнғинлар натижасида келиб чиқадиган фавқулодда вазиятлар оқибатлардан ҳимояланганлик ҳолатидир;

фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги – бу ҳар бир фуқаронинг ҳаёти, соғлиғи, ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий ва турар жой дахлсизлигига қарши қаратилган жиноий ва бошқа ҳуқуқбузарликлардан муҳофаза қилинганлиги ҳолатидир;

жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда жамоатчилик иштироки – фуқаролар ва аҳолининг ўзлари яшаб истиқомат қилаётган ёки меҳнат қилаётган маъмурий ҳудудда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёрдам кўрсатишлари;

фавқулодда вазият – одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талофатлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитини издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат;

оммавий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш тартибига риоя этилишини назорат қилиш комиссияси – оммавий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш тартибига риоя этилишини назорат қилиш ваколатига эга бўлган шахслар гуруҳи.

 

 

 

 

4-модда. Оммавий тадбирларнинг мақсади

 

Оммавий тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад қуйидагилардан иборат:

жамоат жойларида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигига қарши қаратилган жиноятлар, жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

жамоат жойларида жисмоний ва юридик шахсларнинг нормал фаолият кўрсатиши, фуқароларнинг меҳнат қилиши ва дам олишлари учун ўрнатилган тартиб ва қоидаларга риоя этилишини таъминлаш;

жамоат жойларида шахсларнинг шаъни, инсоний қадр-қимматини
ва ижтимоий ахлоқ нормаларини ҳурмат қилиш бўйича
ҳуқуқий онг
ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш;

жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар фаолиятининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш.

 

5-модда. Оммавий тадбирларни ўтказишнинг асосий принциплари

 

Оммавий тадбирларни ўтказишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсонпарварлик;

ташаббускорлик;

ҳамкорлик;

тизимлилик;

фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

ўзаро ҳурмат, манфаатларнинг инобатга олиниши ва масъулият.

 

6-модда. Оммавий тадбирларнинг турлари

 

Оммавий тадбирларнинг турлари қуйидагилардан иборат:

ижтимоий-сиёсий тадбирлар – сайлов тадбирлари, халқаро конференция, форум, хорижий давлатларнинг делегациялари, аккредитциядан ўтган элчихоналар томонидан ўтказилган расмий қабул маросимлар;

маданий тадбирлар – концерт, театр, фестиваль ва цирк томошалари;

спорт тадбирлар – спорт тадбирлари билан боғлиқ барча тадбирлар;

бошқа тадбирлар – диний идоралар томонидан белгиланган республикамизда фаолият кўрсатаётган исломий ва ноисломий диний ташкилотларнинг диний байрамлари ва маросимлари, шунингдек, кўргазмалар, савдо ярмаркалари, тест синовлари, билимлар беллашувлари, умум таълим мактабларида ўқув йилини бошланиши ва тугашига бағишланган тадбирлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тадбирлар.

2-боб. Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

 

7-модда. Оммавий тадбирларни ўтказишнинг умумий шартлари

 

Оммавий тадбирларни ўтказишда рухсат берувчи талаблар ва шартларга қуйидагилар киради:

оммавий тадбирнинг иштирокчиси томонидан оммавий тадбирни тайёрлаш ва ўтказишни тартибга солувчи ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари нормалари талабларига мажбурий риоя қилиниши;

оммавий тадбир иштирокчисининг ушбу Қонунда белгиланган талабларга жавоб бериши;

оммавий тадбирнинг ушбу Қонун талабларига жавоб берадиган оммавий тадбирни ўтказиш объектида ўтказилишини таъминлаш;

оммавий тадбирлар очиқ майдонларда ўтказилган холларда ҳудуднинг хусусиятидан келиб чиққан холда ташриф буюрувчилар сонини олдиндан белгилаш;

оммавий тадбир ўтказилишининг жойи ва вақти бўйича бошқа оммавий тадбир билан тўғри келиб қолмаслиги;

жамоат транспортининг мавжудлиги ёки оммавий тадбир тугагандан кейин оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан тадбир иштирокчиларининг жамоат транспортидан фойдаланишларини таъминлаш;

оммавий тадбирнинг рухсатнома шартларига ва оммавий тадбир дастурига мувофиқ ўтказилиши;

агар оммавий тадбирнинг ўтказилиши лицензияланадиган фаолият турларини амалга ошириш ва (ёки) рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжат олинишини талаб қилувчи ҳаракатларни бажариш билан боғлиқ бўлса, фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ва (ёки) ҳаракатларни бажариш ҳуқуқини берувчи лицензия (рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжат)нинг мавжудлиги.

Оммавий тадбирларнинг қуйидаги талабларга жавоб берганда оммавий тадбир ўтказиш объектида ўтказилишига йўл қўйилади:

оммавий тадбирларни тайёрлашда ва ўтказишда оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмуриятининг қонун ҳужжатлари, қурилиш нормалари
ва қоидалари, хавфсизлик техникаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат тартиби, ёнғинга қарши қоидалар, экология ва санитария гигиена нормалари ҳамда талабларига мажбурий риоя қилиши;

муҳандис-техник, коммуникация, ёнғинга қарши, эвакуация
ва оммавий тадбир иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашнинг бошқа воситалари ва тизимларини, бориш йўллари ва транспорт воситаларининг тўхташ жойлари, дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари, шунингдек ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун зарур бўлган техник ускуна, махсус воситаларнинг ҳисоб-китоб қилинган захираси ва турларининг мавжудлиги ва ишга соз ҳолатдалиги;

техник фойдаланиш қоидалари (муҳандислик, қурилиш конструкциялари ва техник тизимларнинг ишончлилиги ва барқарорлиги), иштирокчиларни эвакуация қилиш йўлларининг белгиланган нормативларга мувофиқлиги, ёнғин ва санитария-эпидемияга қарши хавфсизликни, оммавий тадбирни ўтказишнинг зарур спорт-технологик шартларини таъминлаш, шу жумладан:

барча турдаги техник хизматлар учун хавфсизлик техникаси йўриқномалари;

ходимлар учун лавозим йўриқномалари;

ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларда ходимлар хатти-ҳаракатларининг режаси;

объект ходимлари фавқулотда ҳолатларда оммавий тадбир ўтказиш объектининг олдиндан ишлаб чиқилган «Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш режаси» асосида томошабинларни эвакуация қилиш.

Оммавий тадбирни ўтказишда оммавий тадбирни ўтказиш объектидан фойдаланишнинг умумий тартибини белгиловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги, шу жумладан:

маҳаллий шароитлар ва ўзига хосликни ҳисобга олган ҳолда тегишли ҳокимлик томонидан тасдиқланган ушбу объектда оммавий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказишни тартибга солувчи йўриқнома;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг ҳудуди бўйлаб томошабинларнинг ҳаракатланишини, трибуналарни тўлдириш ва эвакуация қилиш йўллари, чипта кассалари, овқатланиш пунктлари, гардероблар, дам олиш, тиббий ёрдам, ёнғинга қарши жиҳозлар ва ускуналарни жойлаштириш жойларини ташкил қилиш схемалари, оммавий тадбир иштирокчиларининг хатти-ҳаракатлари қоидалари;

оммавий тадбир объектининг маъмурияти томонидан тасдиқланган оммавий тадбирни ўтказишга оммавий тадбирни ўтказиш объекти
ва хизматларининг тайёрлиги тўғрисидаги далолатнома;

оммавий тадбир иштирокчиларининг оммавий тадбирни ўтказиш объектида ўзларини тутиш қоидалари;

оммавий тадбирни ўтказиш объектига олиб юрилиши тақиқланган предметлар рўйхати;

ходимларни ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлардаги
хатти-ҳаракатларга мунтазам ўқитилишини ташкил қилиш.

Суд томонидан ишга лаёқатсиз ёки лаёқати чекланган деб топилган, суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларидаги, йил давомида оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка такроран тортилган жисмоний шахслар, шунингдек фаолияти қонун томонидан белгиланган тартибда тўхтатиб қўйилган ёки тақиқланган нодавлат нотижорат ташкилотлари оммавий тадбирларнинг ташкилотчилари бўла олмайдилар.

Рухсатнома олмасдан, шунингдек жамиятнинг ахлоқий асосларини, умуминсоний қадриятларни бузишга қаратилган, конституциявий тузумни ноқонуний ўзгартириш ёки Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини бузиш, уруш, зўравонлик ва шафқатсизлик, ижтимоий, ирқий, миллатчилик ва диний адоватни қўзғаш, қонунда тақиқланган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадидаги оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланади.

 

8-модда. Рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатлар

 

Рухсатнома олиш учун оммавий тадбир ташкилотчиси оммавий тадбирни ўтказиш мўлжалланган санадан олдин ўттиз иш кунидан кечиктирмай қуйидаги ҳужжатларни оммавий тадбирларни ташкил қилиш
ва ўтказиш тартибига риоя этилишини назорат қилиш комиссияларига (кейинги ўринларда комиссиялар деб аталади) тақдим этади:

рухсат олиш мазмунида ёзилган ариза;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти билан келишувга кўра оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан тасдиқланган оммавий тадбирнинг дастури;

оммавий тадбирнинг ташкилотчиси – жисмоний шахс учун – паспорт (шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат)нинг нусхаси;

комиссия оммавий тадбирлар ўтказишга рухсат бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.

Оммавий тадбир ташкилотчисидан ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Рухсатнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан бевосита комиссияга тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар оммавий тадбир ташкилотчисининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Рухсатномани олиш учун комиссияга тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхат ҳужжатлар комиссия томонидан қабул қилинган санани белгилаган ҳолда дарҳол оммавий тадбир ташкилотчисига берилади (юборилади).

 

9-модда. Оммавий тадбирни ўтказишга рухсат бериш
                           ёки рад этиш тартиби

 

Комиссия оммавий тадбир ташкилотчисининг аризасини олинган кундан бошлаб икки иш кунидан кечикмай оммавий тадбирни ўтказиш учун розилик олиш мақсадида қуйидагиларга сўровнома юборади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига – халқаро
ва умумдавлат аҳамиятига эга бўлган оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза олинганда;

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбариятига – биринчи тоифадаги оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза олинганда.

Сўровномага рухсатнома бериш тўғрисидаги аризанинг нусхаси илова қилинади.

Оммавий тадбирни ўтказиш учун ёзма шаклдаги розилик ёки розилик беришнинг рад этилганлиги тўғрисидаги асосланган хулоса комиссиянинг сўровномаси олинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмай комиссияга юборилади.

Ҳужжатларни кўриб чиқиш, улар бўйича хулосаларни тайёрлаш
ва ваколатли орган раҳбарига рухсатнома бериш ёки рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги таклифларни тақдим этиш оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза бўйича комиссия томонидан:

биринчи тоифадаги оммавий тадбир учун – оммавий тадбир ташкилотчисининг аризаси олинган кундан бошлаб ўн беш иш кунидан ошмайдиган муддатда;

иккинчи тоифадаги оммавий тадбир учун – оммавий тадбир ташкилотчисининг аризаси олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.

Ваколатли орган раҳбари комиссия таклифлари олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кеч бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади ва рухсатномани имзолаган ҳолда оммавий тадбир ташкилотчисига бериш ёки рухсатнома берилишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рухсатнома бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бошлаб бир иш кунидан кечикмай рухсатнома комиссия томонидан оммавий тадбир ташкилотчисига юборилади.

Рухсатномада ҳисобга олиш серияси («ОТR-I»биринчи тоифадаги оммавий тадбирлар учун, «ОТR-II» иккинчи тоифадаги оммавий тадбирлар учун), тартиб рақами ва берилган санаси бўлади, у ваколатли орган раҳбари томонидан имзоланади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ваколатли органнинг номи ёзилган муҳр билан тасдиқланади.

Рухсатнома бланкалари ваколатли органнинг буюртмасига биноан босмахона усулида тайёрланади.

Рухсатнома бериш рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рухсатномани бериш рад этилганлиги тўғрисидаги хабарнома рад этиш сабаблари, муайян қонун ҳужжатларининг нормалари ва оммавий тадбир ташкилотчиси кўрсатилган сабабларни бартараф этиб такроран кўриб чиқилиши учун ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган санадан бошлаб бир иш кунидан кечикмай, ёзма шаклда комиссия томонидан оммавий тадбир ташкилотчисига юборилади (топширилади). Оммавий тадбир ташкилотчиси рад этиш сабабларини бартараф этиб ва такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган муддат рухсатномани бериш рад этилганлиги тўғрисидаги ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

Рухсатнома бериш қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:

оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилиши;

оммавий тадбир ташкилотчисининг рухсат берувчи талаблар ва шартларга жавоб бермаслиги;

оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончли бўлмаган ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг ёнғинга қарши ва санитария-эпидемияга қарши хавфсизлик, тез тиббий ёрдам кўрсатиш, эвакуация қилиш, коммуникация, муҳандис-техник муҳофаза қилиш воситалари
ва оммавий тадбир иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашнинг бошқа воситалари ва тизимлари билан жиҳозланганлик тизимларига қўйиладиган Ягона норматив­-ҳуқуқий талабларга мувофиқлиги жиҳатидан тайёргарлигини ўрганиш, тадқиқ қилиш, кузатиш ва бошқа илмий ва техник баҳолаш якунлари бўйича комиссиянинг асосланган салбий хулосасининг мавжудлиги.

Рухсатнома беришни бошқа асослар бўйича, шу жумладан мақсадга номувофиқлик сабаблари бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

Оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан рухсатнома берилишини рад этиш учун асос бўлган сабаблар белгиланган муддатда бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларнинг тўлиқ кўриб чиқилиши, рухсатноманинг берилиши ёки уни беришнинг рад этилиши тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши оммавий тадбир ташкилотчисининг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан бошлаб етти иш кунидан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.

Рухсатнома бериш рад этилганлиги тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат тугагандан кейин оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади ва умумий асосда кўриб чиқилади.

Ҳужжатлар қайта кўриб чиқилаётганда комиссия томонидан оммавий тадбир ташкилотчисига аввал баён қилинмаган рад этиш сабаблари кўрсатилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабабларнинг бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабабларининг кўрсатилиши бундан мустасно.

Оммавий тадбир ташкилотчиси рухсатномани бериш рад этилганлиги, шунингдек комиссия ёки ваколатли орган мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда юқори органларга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

 

10-модда. Оммавий тадбирни ўтказишга тайёргарлик кўриш

 

Оммавий тадбир ташкилотчиси рухсатнома олгандан кейин оммавий тадбир бошланишидан ўн иш куни олдин ички ишлар органлари билан оммавий тадбирни ўтказиш вақтида хавфсизликни таъминлаш тўғрисида шартнома тузиши шарт.

Оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан оммавий тадбирни ўтказиш вақтида хавфсизликни таъминлаш тўғрисида ички ишлар органлари билан шартнома тузилиши, пул маблағларининг келиб тушиши ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш рухсатномага кўра оммавий тадбирни ўтказиш вақтида зиммасига фуқароларнинг хавфсизлигини
ва жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини бажариш юкланган ички ишлар органи томонидан амалга оширилади.

Оммавий тадбирни ўтказишда фавқулодда вазиятлар юзага келиши ёки фуқароларнинг хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келганда комиссия томонидан янги юзага келган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, объектнинг рухсат берилган оммавий тадбирни ўтказишга тайёрлигини ва оммавий тадбирни ўтказиш учун оммавий тадбир ташкилотчиси ва оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти томонидан амалга ошириладиган тайёргарлик чора-тадбирлари ҳолатини ўрганувчи ишчи гуруҳ ташкил қилинади.

Ишчи гуруҳ таркибига оммавий тадбирнинг хусусияти ва иштирокчилар сонидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг ҳудудий органлари вакиллари ҳамда оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти ва тадбир ташкилотчиси киритилади.

Ишчи гуруҳ оммавий тадбирни ўтказиш вақтида фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширади.

Зарурат бўлганда, комиссия томонидан фаолиятнинг айрим йўналишлари (муҳандис-техник коммуникациялари, энергия таъминоти
ва ёнғин хавфсизлигини, йўл ҳаракати хавфсизлигини, иштирокчиларнинг эвакуация қилинишини, фавқулодда вазиятларнинг олди олинишини таъминлаш в.ҳ) бўйича бир неча ишчи гуруҳлар ташкил этилиши мумкин.

Тадбирнинг характери, об-ҳаво шароитлари ва оммавий тадбирни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга таъсир кўрсатувчи бошқа омилларга боғлиқ ҳолда, ишчи гуруҳ унинг ўтказилишидан икки сутка олдин оммавий тадбирни ўтказиш объектини текширади ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради. Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган текширув якунлари бўйича оммавий тадбирнинг ўтказилиш имконияти юзасидан текширув далолатномаси тузилади.

Далолатнома оммавий тадбирни ўтказиш объектининг оммавий тадбирни ўтказишга тайёрлигини, уни ўтказиш санаси ва вақтини, иштирокчиларининг сонини, прогноз қилинган об-ҳаво шароитларини, бориш йўллари ва транспорт воситалари туриш жойларининг мавжудлиги ҳамда жойлашувини, тиббий хизмат кўрсатиш ва оммавий тадбир ўтказилгандан кейин ҳудудни йиғиштириш билан боғлиқ харажатларни, оммавий тадбирни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда тузилади.

Оммавий тадбирни ўтказишдан олдин бартараф этиш мумкин бўлмаган фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш
чора-тадбирларининг амалга оширилишини мураккаблаштирувчи ҳолатлар аниқланганда, ишчи гуруҳ оммавий тадбирни ўтказиш санаси ва вақтининг кечроқ муддатга кўчирилишини, уни томошабинларсиз ўтказилиши ёки оммавий тадбирнинг бекор қилиниши тўғрисидаги таклифни ваколатли орган раҳбарига киритади.

Ваколатли орган раҳбари оммавий тадбир ўтказилишидан ўттиз олти соат олдин ишчи гуруҳ таклифларини кўриб чиқади ва улар бўйича тегишли қарор қабул қилади.

Ваколатли органнинг раҳбари томонидан оммавий тадбирни ўтказиш санаси ва вақтини кечроқ муддатга кўчириш, уни томошабинларсиз ўтказиш ёки оммавий тадбирни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда комиссия ва оммавий тадбир ташкилотчиси оммавий тадбир бошланишидан камида йигирма тўрт соат олдин томошабинларнинг
ва бошқа иштирокчиларнинг қабул қилинган қарор, оммавий тадбирни ўтказишнинг янги санаси ва вақти, чипталар қийматини қайтариб бериш шартлари тўғрисида хабардор қилинишини таъминлайди.

Оммавий тадбирни ўтказиш объектида кўринарли жойларда оммавий тадбирни ўтказиш санаси ва вақтининг кечроқ муддатга кўчирилганлиги, унинг томошабинларсиз ўтказилиши ёки оммавий тадбирнинг бекор қилинганлиги тўғрисидаги ахборотлар жойлаштирилиши керак.

Оммавий тадбирнинг аҳамияти, характери ва иштирокчиларининг сонини ҳисобга олган ҳолда, ваколатли орган томонидан оммавий тадбирларни тайёрлаш ва ўтказишга доир муайян режаларни ишлаб чиқувчи жалб қилинган ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун ташкилий қўмиталар ташкил этилиши мумкин, ушбу режалар жамиятга қарши ҳодисалар профилактикасини, ёнғин ва санитария-эпидемияга қарши хавфсизликни, тиббий таъминотни таъминлайди, оммавий тадбирларни ўтказиш жойларини тўлдириш ва иштирокчиларни эвакуация қилиш тартибини ва фавқулодда ҳолатлар юзага келганда турли хизматларнинг вазифаларини кўзда тутади.

Оммавий тадбир ташкилотчиси комиссияни, оммавий тадбирни ўтказишда рухсатнома билан зиммасига фуқароларнинг хавфсизлигини
ва жамоат тартибини таъминлаш чора-тадбирлари юкланган ички ишлар органини ёзма равишда хабардор қилиб, оммавий тадбир иштирокчиларига хабар бериш ва уларга чипталар қийматини қайтариш чораларини кўриб, оммавий тадбирни ўтказмаслик ҳуқуқига эга.

 

11-модда. Рухсатномани қайта расмийлаштириш, унинг амал
                            қилиш муддатини узайтириш, дубликатини бериш

 

Оммавий тадбир ташкилотчиси – оммавий тадбирни ўтказиш рухсатномасига эга бўлган юридик шахс қайта ташкил қилинган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда юридик шахс ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатга олингандан кейин етти иш куни мобайнида кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани комиссияга топшириши шарт.

Оммавий тадбир ташкилотчиси – якка тартибдаги тадбиркорга берилган давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома олган ушбу ташкилотчининг фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолияти жойи ўзгарган тақдирда (оммавий тадбир ташкилотчиси – жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганда) жисмоний шахс қайта рўйхатдан ўтгандан (фамилияси, исми, отасининг исми ўзгаргандан) кейин етти иш куни мобайнида кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиб рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши мумкин.

Рухсатнома қайта расмийлаштирилгунгача рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза берган оммавий тадбир ташкилотчиси ёки унинг ҳуқуқий вориси ариза қабул қилинганлиги тўғрисида комиссиянинг белгиси қўйилган рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида берилган ариза асосида оммавий тадбирларни ўтказиш фаолиятини амалга оширади.

Рухсатномани қайта расмийлаштиришда комиссия оммавий тадбирларни ўтказиш рухсатномалари реестрига (кейинги ўринларда реестр деб аталади) тегишли ўзгартиришларни киритади. Рухсатномани қайта расмийлаштириш ва бериш тегишли ҳужжатлар илова қилинган рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза комиссия томонидан олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Рухсатномани қайта расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди.

Бир қатор оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатноманинг амал қилиш муддати тугагандан кейин у оммавий тадбир ташкилотчисининг аризасига кўра узайтирилиши мумкин. Рухсатнома муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашидан ўттиз иш кунидан олдин комиссияга берилиши керак. Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш уни бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Рухсатнома йўқолган ёки бузилган тақдирда оммавий тадбир ташкилотчисининг аризасига кўра, рухсатноманинг «Дубликат» белгиси қўйилган дубликати берилади, унда рухсатноманинг асл нусхасида кўрсатилган амал қилиш муддати кўрсатилиши керак.

Ваколатли орган ариза олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ошмаган муддатда рухсатноманинг дубликатини, шунингдек у бузилган тақдирда рухсатноманинг асл нусхасини бериши (юбориши) шарт.

Дубликат берилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

 

 

 

 

12-модда. Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш,
                            тўхтатиш ва уни бекор қилиш

 

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, рухсатномани бекор қилиш «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Рухсатнома амал қилишининг белгиланган тартибда тугатилишига асос бўлган рухсат берувчи талаблар ва шартларнинг қўпол равишда бир маротаба бузилишига қуйидагилар киради:

оммавий тадбир ташкилотчисининг ёки оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмуриятининг рухсат берувчи талаблар ва шартларга риоя қилинишининг белгиланган тартибда ўтказиладиган текширувлардан бош тортиши;

оммавий тадбир ташкилотчиси ёки оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмурияти томонидан рухсат берувчи талаблар ва шартларнинг оммавий тадбирни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш манфаатларига таҳдид қилувчи фавқулодда вазиятлар ёки бошқа ҳолатларнинг юзага келиш аниқ хавфини пайдо қиладиган тарзда бузилиши.

 

13-модда. Рухсатномалар реестри

 

Ваколатли орган реестр юритади, унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

оммавий тадбирлар ташкилотчилари тўғрисидаги асосий маълумотлар (оммавий тадбирлар ташкилотчилари – юридик шахсларнинг номлари, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони, оммавий тадбирлар ташкилотчилари – жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг паспорти маълумотлари, почта манзили, телефони рақами);

рухсатномалар берилган саналар, ҳисобга олиш сериялари ва рақамлари;

ўтказиш учун рухсатномалар берилган оммавий тадбирлар тоифалари;

оммавий тадбирларни ўтказиш объектларининг номлари ва жойлашган жойлари;

оммавий тадбирни ўтказишда зиммасига фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш юкланадиган ички ишлар органининг номи;

рухсатномаларнинг амал қилишини тўхтатишнинг асослари ва саналари;

рухсатномаларни бекор қилишнинг асослари ва саналари;

рухсатномалар дубликатларини беришнинг асослари ва саналари.

Рухсатномани бериш тўғрисидаги маълумотлар оммавий тадбир ташкилотчисига рухсатнома берилиши тўғрисида қарор қабул қилинган кунда реестрга киритилади. Реестрдаги барча белгиларга сана қўйилади, масъул шахснинг имзоси ва ваколатли органнинг муҳри билан тасдиқланади.

Реестр қоғозда ва электрон манбаларда юритилади. Қоғоз ва электрон манбалардаги ёзувлар ўртасида номувофиқлик бўлганда қоғоз манбалардаги ёзувлар устуворликка эга бўлади.

Реестр дафтар тарзидаги қоғоз манбадаги реестр ваколатли орган томонидан ягона нусхада юритилади.

Реестр дафтари тикилади, рақамланади ва унинг орқа томонида бетлари сони, дафтарни юритиш бошланган сана (кун, ой, йил) кўрсатилади, ваколатли орган раҳбарининг имзоси билан тасдиқланади ва унинг муҳри қўйилади.

Реестр ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Рухсатномаларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш, тиклаш, тўхтатиш ва рухсатномаларни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда ваколатли орган тегишли қайдларни реестрга киритади.

Реестрдаги маълумотлардан ҳамма фойдаланиши мумкин. Рухсатномалар берилган оммавий тадбирларнинг муайян ташкилотчилари тўғрисидаги маълумотлар реестрдан кўчирма сифатида тақдим этилади.

Реестрдаги маълумотлар ваколатли орган тегишли сўровномани олган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмай ваколатли орган томонидан тақдим этилади.

3-боб. Оммавий тадбирларни ўтказишда жамоат тартибини сақлаш

ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қўйиладиган талаблар,

оммавий тадбир иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

14-модда. Оммавий тадбирни ўтказиш вақтида оммавий тадбир
                            иштирокчиларига қўйилган тақиқлар

 

транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектига туташ ҳудудларда жойлашган ташкилотларнинг узлуксиз ишлашига халақит бериш;

жамоат хавфсизлиги, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи, оммавий тадбирни ташкил қилиш ва ўтказишнинг белгиланган тартибини бузувчи ёки бундай хатти-ҳаракатларни содир қилишга ундовчи ҳаракатларни бажариш;

жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган нарядлар томонидан хизмат мажбуриятларини бажаришларига тўсқинлик қилиш мақсадида нарядларга, шунингдек жамоат тартибини сақлашга кўмак берувчи жамоатчилик вакилларига ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти томонидан тасдиқланган, оммавий тадбирни ўтказиш объектига олиб кирилиши тақиқланган предметлар рўйхатига киритилган совуқ, ўқотар, газли ёки бошқа қуроллар, пиротехника буюмлари, ўқ-дорилар, осон алангаланадиган ва заҳарли моддалар, санчувчи, кесувчи ва бошқа предметларни, шунингдек, фойдаланилиши одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши ёки фуқаролар ва ташкилотларга моддий зарар етказиши мумкин бўлган махсус тайёрланган ёки мослаштирилган предметларни олиб юриш (спортчилар томонидан спорт тадбирлари дастурларида кўзда тутилган спорт анжомларидан фойдаланишлари бундан мустасно);

совуқ, ўқотар, газли ёки бошқа қуроллар, портловчи моддалар
ва ўқ-дориларнинг имитаторлари ва муляжларини олиб юриш (театр ва театр томошаларида улардан фойдаланиш бундан мустасно);

оммавий тадбирга ҳайвонлар билан келиш (оммавий тадбир дастурига мувофиқ улардан фойдаланиш бундан мустасно);

белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган нодавлат нотижорат ташкилотларининг эмблемалари, рамзлари, байроқлари ва вимпелларидан, шунингдек мазмуни жамиятнинг ахлоқий асосларини, умуминсоний қадриятларни бузишга қаратилган, шунингдек конституциявий тузумни ноқонуний ўзгартириш ёки Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини бузиш, уруш, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилиш, ижтимоий, ирқий, миллатчилик ва диний адоватни қўзғатиш, қонун ҳужжатлари билан тақиқланган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадидаги эмблемалар, рамзлар, байроқлар, вимпеллар, плакатлар, транспарантлар ва бошқа воситалардан фойдаланиш;

маст ҳолатда ёки гиёҳванд воситалар, психотроп ёки бошқа моддаларни истеъмол қилиш оқибатида инсоннинг интеллектуал-ирода фаолиятига таъсир кўрсатувчи ҳолатда бўлиш.

Оммавий тадбирни ўтказиш объектида ва оммавий тадбирни ўтказиш объектидан беш юз метрдан кам радиусда алкоголли маҳсулотларни сотиш оммавий тадбир ўтказилишидан камида икки соат олдин ва ушбу тадбирни ўтказиш вақтида тўхтатилади (олдиндан режалаштирилган тантана
ва маросим тадбирлари учун белгиланган тартибда алкоголли ичимликларни сотиш ҳолатлари бундан мустасно).

 

15-модда. Оммавий тадбир ташкилотчисининг
                             ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Оммавий тадбир ташкилотчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оммавий тадбирни ўтказишда рухсатнома билан зиммасига фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш
чора-тадбирларини амалга ошириш юкланган ички ишлар органидан оммавий тадбирни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги шартнома шартларига мувофиқ куч ва техник воситалар ажратилишини талаб қилиш;

оммавий тадбир иштирокчиларидан ушбу Қоидаларга риоя этишларини талаб қилиш;

оммавий тадбир иштирокчилари жамоат тартибини бузаётган тақдирда, улардан оммавий тадбирни ўтказиш объектидан кетишларини талаб қилиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг сиғдира олишини ҳисобга олган ҳолда оммавий тадбир иштирокчиларининг ушбу объектга киритилишини тўхтатиш.

Оммавий тадбир ташкилотчиси қуйидагиларга:

оммавий тадбирни ўтказиш объектини танлашда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш шароитларининг мавжудлигини ҳисобга олиш;

оммавий тадбирни ўтказиш вақтини танлашда томошабинлар
ва оммавий тадбир бошқа иштирокчиларининг жамоат транспортидан фойдаланишлари имкониятини, ёнғин хавфсизлиги, тез тиббий ёрдам
ва бошқа махсус хизматлар транспорт воситаларининг ўтиш йўлларининг мавжудлигини ҳисобга олиш;

ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда – оммавий тадбирда қатнашаётган давлат органлари раҳбарларини, мартабали меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиш жойларида шароитларни таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти билан биргаликда – ушбу объектнинг сиғдирувчанлигини ҳисобга олган ҳолда, оммавий тадбир иштирокчиларининг сонини ва оммавий тадбир ўтказиш вақтида фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга таъсир кўрсатувчи бошқа омилларни аниқлаш;

ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда, уларнинг ходимларини жойлаштириш учун томошабинлар жойларининг турли участкаларидаги жойларнинг керакли миқдорини ажратиш;

чипталар (таклифномалар)нинг орқа томонида оммавий тадбирни ўтказиш объектига олиб кирилиши тақиқланган предметлар ва буюмлар рўйхати мавжудлигини таъминлаш ва оммавий тадбирни ўтказиш объектида металлнинг детектор назорати тўғрисида хабардор қилиш;

тадбирлар бошланишидан олдин ахборот берувчи қурилмалар (монитор, радио ва ёзма шаклда) объектда юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар ва улар содир бўлганда томошабинларнинг
ҳатти-ҳаракалари тўғрисида огоҳлантириш;

Оммавий тадбирни ўтказишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси билан хавфсизликни таъминлаш тўғрисида шартнома тузиш, шартнома шартларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

белгиланган ҳолатларда оммавий тадбирнинг фото, аудио, видео
ва кино тасвирга тушириш ва ёзиб олиш тақиқланганлиги тўғрисида оммавий тадбир иштирокчиларини олдиндан хабардор қилиш;

ўтказиладиган оммавий тадбирда доимий бўлиши ёки оммавий тадбирни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича фармойиш бериш функцияларини бажаришга ваколатли шахснинг ўтказиладиган оммавий тадбирда доимий бўлишини таъминлаш;

оммавий тадбирни ўтказиш шартлари ва тартибига риоя этилишини, бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари ва бошқа мол-мулк, яшил ўсимликларнинг сақланишини таъминлаш;

оммавий тадбирни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини
ва жамоат тартибини таъминлаш масалалари бўйича жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган масъул органлар ва оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган масъул органлар билан биргаликда – оммавий тадбир дастурида кўзда тутилган чиқишлар (ҳаракатлар)ни бевосита амалга оширувчи артистлар, спортчилар ва бошқа шахслар билан оммавий тадбирни ўтказиш вақтида фавқулодда вазиятлар келиб чиққан шароитларда ўзини тутиш қоидалари, хавфсизлик техникаси чораларига риоя қилиш бўйича, шунингдек томошабинларнинг агрессив
ҳис-туйғуларини келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслик тўғрисида йўл-йўриқ кўрсатиш;

жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган масъул органларининг қонуний талабларини бажариш, фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашда уларга ёрдам бериш;

оммавий тадбирни ўтказиш вақтида ҳуқуқ-тартиботнинг бузилганлиги ёки жиноят содир этилганлиги аниқланганда бу ҳақда ваколатли давлат органларини дарҳол хабардор қилиш;

оммавий тадбирларни режалаштириш вақтида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни инобатга олган холда олдиндан оммавий тадбирни ўтказиш учун заҳира жойларни тайёрлаш ёки оммавий тадбирларни ўтказиш вақтида фавқулодда вазиятларни юзага келтирувчи холатлар
(об-ҳавонинг турли инжиқликлари ва бошқалар) кузатилганда зудлик билан тадбирларни тўхтатиш чораларини кўриш;

оммавий тадбир ташкилотчисининг фарқлаш белгисига эга бўлиш
(қўл боғлагичи, бейжик ва ш.к.);

оммавий тадбирни ўтказиш билан боғлиқ масалаларни аниқлаштириш учун комиссиянинг таклифига кўра келишга мажбурдир.

 

16-модда. Оммавий тадбир дастурида назарда тутилган чиқишлар
                            (ҳаракатлар)ни бевосита амалга оширувчи артистлар,
                            спортчилар ва бошқа шахсларнинг
                            ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Оммавий тадбир дастурида назарда тутилган чиқишлар (ҳаракатлар)ни бевосита амалга оширувчи артистлар, спортчилар ва бошқа шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган нарядларидан шахсий хавфсизликнинг таъминланишини, шунингдек томошабинларнинг хулқ-атвори билан боғлиқ бўлган нормал чиқиш (ҳаракатлар)га тўсқинлик қилувчи ҳолатларнинг бартараф этилишини талаб қилиш;

оммавий тадбирнинг ташкилотчисидан ва оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмуриятидан чиқишга тайёргарлик кўриш учун шароитлар яратилишини талаб қилиш.

Оммавий тадбир дастурида назарда тутилган чиқишлар (ҳаракатлар)ни бевосита амалга оширувчи артистлар, спортчилар ва бошқа шахслар қуйидагиларга:

оммавий тадбир дастурида белгиланган чиқишлар (ҳаракатлар) тартибига риоя қилиш;

оммавий тадбирни ўтказишда фуқароларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлашга хавф солувчи ҳолатлар юзага келганда оммавий тадбирнинг ташкилотчиси, оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмурияти ва ички ишлар органлари ходимларининг талаби бўйича шу заҳоти чиқишлар (ҳаракатлар)ни тўхтатиш;

томошабинларнинг агрессив ҳис-туйғуларини келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка мажбурдир.

 

17-модда. Оммавий тадбир томошабинларининг
                             ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Оммавий тадбир томошабинлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оммавий тадбирни ўтказиш объекти ҳудудига ва трибуналарига чипталар ёки кириш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳужжатлар бўйича киришлари ва оммавий тадбирни ўтказиш объектининг умумий сиғими доирасида уларда кўрсатилган жойларни эгаллаш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектида жойлашган сақлаш камералари, гардероблар, буфетлар, қаҳвахоналар, маълумотлар бюроси, телефонлар, киоскалар ва шу кабилардан белгиланган тартибда фойдаланиш.

Оммавий тадбир томошабинлари қуйидагиларга:

жамоат тартибига ва умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормалари талабларига риоя қилиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объекти мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектига ташриф буюриш тартибига риоя қилиш;

оммавий тадбир ташкилотчилари, оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмурияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган масъул органлар вакилларининг ушбу Қонун талабларига, умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга доир қонуний талабларини бажаришга мажбурдир.

 

18-модда. Оммавий тадбирни ўтказиш объекти
                             маъмуриятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмурияти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оммавий тадбир ташкилотчисидан оммавий тадбир дастурининг ўз вақтида тақдим этилишини талаб қилиш;

томошабинлар ва оммавий тадбирнинг бошқа иштирокчиларидан ушбу Қонун талабларига, умумий қабул қилинган хулқ-одоб нормалари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишларини талаб қилиш;

оммавий тадбирни ўтказиш вақтида ҳуқуқ-тартиботнинг бузилганлиги ёки жиноят содир этилганлиги аниқланганда, бу ҳақда жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган масъул органларига дарҳол хабар бериш.

Оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмурияти қуйидагиларга:

оммавий тадбирни ўтказиш объектида мавжуд бўлган барча муҳандислик ва хабар бериш тизимлари, қўриқлаш ва физик муҳофаза қилиш, электрон-визуал кузатиш муҳандис-техник воситаларининг узлуксиз ишлашини, хавфсизликни таъминлаш тизимларини бошқаришнинг стационар (кўчма) пунктларининг тайёрлигини, томошабинлар жойлари (трибуналар), оммавий тадбир иштирокчиларини эвакуация қилиш йўлларининг тайёрлигини, ўт ўчириш воситаларининг мавжудлиги
ва созлигини, оммавий тадбирни ўтказиш объектидаги ходимларнинг фавқулодда вазиятлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳаракатларини тартибга солувчи хизмат йўриқномаларини билишларини таъминлаш;

оммавий тадбир ташкилотчисига томошабинлар ва оммавий тадбирнинг бошқа иштирокчилари учун мўлжалланган жойларнинг сони тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш, оммавий тадбирни ўтказиш объектининг сиғимига мувофиқ чипталар (таклифномалар)нинг сотилиши (берилиши)ни таъминлаш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг санитария нормалари
ва қоидаларига мувофиқлигини, оммавий тадбирни ўтказиш объекти
ва оммавий тадбирни ўтказиш объектига туташ ҳудудларнинг зарур даражада ёритилишини таъминлаш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг кўринарли жойларда хавфсизлик белгилари, эвакуация қилиш кўрсаткичларини, ҳаракатланиш қоидаларини, чизмалари, режалари ва йўриқномаларини, ёнғинга қарши хавфсизлик қоидаларини жойлаштириш;

оммавий тадбир ўтказилишидан бир сутка олдин сотилган чипталар (таклифномалар) сони, томошабинлар ва оммавий тадбирдаги бошқа иштирокчиларнинг тахминий сони тўғрисидаги ахборотни ички ишлар органларига тақдим этиш;

авариявий (автоном) электр таъминоти манбаи (дизель агрегати ёки бошқа воситалар), уларни қўллаш йўриқномаларининг мавжудлигини таъминлаш ва улардан фойдаланилиши учун масъул шахсни тайинлаш;

тадбир бошлангунга қадар оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маҳаллий радиотрансляция тармоғи (овоз кучайтиргич) орқали оммавий тадбирни ўтказиш объектида томошабинлар ва бошқа иштирокчиларнинг ўзларини тутиш қоидалари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари эълон қилинишини ташкил этиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектига киришда, оммавий тадбирни ўтказиш объектида томошабинларни ва бошқа иштирокчиларни чипталар (таклифномалар) бўйича жойлаштиришда киритиш режимини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

оммавий тадбир иштирокчиларининг транспорт воситалари учун тўхташ жойлари ташкил қилинишини таъминлаш;

оммавий тадбирни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини
ва жамоат тартибини таъминлаш масалалари бўйича
жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган нарядларнинг қонуний талабларини бажаришга мажбурдир.

4-боб Оммавий тадбирни ўтказишда жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

19-модда. Оммавий тадбирни ўтказишда ички ишлар
                            органларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

 

Оммавий тадбирни ўтказишда ички ишлар органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оммавий тадбирни ўтказиш объектига бориш жойларида физик тўсиқни ва рухсатнома билан ўтказиш режимини амалга ошириш, муҳандис-техник воситалардан фойдаланган ҳолда оммавий тадбирни ўтказиш объектини ва оммавий тадбирни ўтказиш объектига туташ ҳудудларни ўраб олиш чегараларини яратиш, оммавий тадбир иштирокчиларининг фотосуратга олинишини, аудио ва видеоёзувини амалга ошириш;

оммавий тадбирнинг ташкилотчиси ва оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти томонидан рухсатномалар бўйича ўтказиш режимини амалга ошириш, томошабинлар ва бошқа иштирокчиларни трибуналар (секторлар, жойларда) чипталар (таклифномалар) бўйича жойлаштириш қоидаларига риоя этишни назорат қилиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектига туташ бўлган ҳудудларда транспорт воситаларининг текширувини, оммавий тадбир иштирокчиларининг шахсий текширувини ва улардаги буюмларнинг текширувини, шу жумладан техник ва махсус воситалар ёрдамида амалга ошириш. Оммавий тадбир иштирокчиси транспорт воситасининг текширувидан, шахсий текширувдан ёки ундаги буюмлар текширилишидан бош тортган тақдирда оммавий тадбир иштирокчиси (транспорт воситаси) оммавий тадбирни ўтказиш объектига қўйилмайди;

оммавий тадбирнинг ташкилотчисидан ва оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмуриятидан оммавий тадбир иштирокчиларини эвакуация қилиш йўлларининг бўшатилишини талаб қилиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмуриятидан томошабинлар
ва оммавий тадбирнинг бошқа иштирокчилари билан кўргазмали тарғибот ўтказиш, маҳаллий ретрансляция тармоғи ва бошқа воситаларидан фойдаланиб оммавий тадбирни ўтказиш объектида ўзини тутиш қоидаларига риоя этиш масалалари бўйича тушунтириш ишларининг ўтказилишини талаб қилиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмуриятининг ёнғинга қарши хавфсизлик талабларига риоя этилишини назорат қилиш.

Ички ишлар органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланишлари мумкин.

Оммавий тадбирларни ўтказишда ички ишлар органлари қуйидагиларга:

оммавий тадбирнинг ҳажми, характери ва иштирокчиларининг сонини ҳисобга олган ҳолда оммавий тадбирни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш учун куч ва техник воситаларни жалб қилиш, жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларни
ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш;

оммавий тадбирни тайёрлаш ва ўтказиш даврида фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини, йўл ва ёнғинга қарши хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Фавқулодда вазиятлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларининг бўлинмалари, бошқа манфаатдор ташкилотлар, оммавий тадбир ташкилотчиси ва оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

чипталарни сотиш вақтида кассалар олдида ва оммавий тадбирни ўтказиш объектига туташ ҳудудларда жамоат тартиби сақланишини таъминлаш;

оммавий тадбирнинг ташкилотчисидан ва оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмуриятидан оммавий тадбирни ўтказиш объектининг сиғимидан келиб чиқиб чипталарни сотиш (таклифномаларни тарқатиш) лимитига риоя этилишини талаб қилиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмуриятига алкоголли ичимликдан маст бўлган ҳолатда ёки инсоннинг интеллектуал ирода фаолиятига таъсир кўрсатувчи наркотик воситалар, психотроп ёки бошқа моддаларни истеъмол қилиш ҳолатида бўлган шахсларнинг оммавий тадбирни ўтказиш объектига ўтишига, шунингдек оммавий тадбирни ўтказиш объектига туташ ҳудудларда спиртли ичимликлар ичишига (истеъмол қилишига)га йўл қўймаслик;

оммавий тадбир ташкилотчисидан, оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмуриятидан ва бошқа шахслардан оммавий тадбирни ўтказиш объектида ва оммавий тадбирни ўтказиш объектига туташ ҳудудларда алкоголли маҳсулот сотишнинг тўхтатилишини талаб қилиш;

оммавий тадбирнинг ташкилотчиси ва оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти билан биргаликда томошабинлар ва бошқа иштирокчиларнинг оммавий тадбирни ўтказиш объектига ўтиш хавфсизлигини таъминлаш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг сиғимидан келиб чиқиб, оммавий тадбир иштирокчиларининг оммавий тадбирни ўтказиш объектига киритилишини тўхтатиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмуриятига томошабинларнинг ташкилий равишда ўтишини ва трибуналарда, ўтириш учун ажратилган бошқа жойларда уларнинг жойлаштирилишига кўмаклашиш;

трибуналар (секторлар, жойлар)да ва унга туташ бўлган ҳудудда жамоат тартиби сақланишини таъминлаш, томошабинларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

бошқа манфаатдор органлар билан биргаликда оммавий тадбирни ўтказиш объектида муҳандис-техник, ёнғинга қарши, коммуникация тизимлари ва иншоотлари, эвакуация қилиш йўллари тайёрлиги юзасидан назоратни амалга ошириш;

жамоат тартибини, ушбу Қонун талабларини, умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормалари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган оммавий тадбир иштирокчиларидан оммавий тадбирни ўтказиш объектидан чиқиб кетишларини талаб қилиш, шунингдек уларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш;

оммавий тадбир дастурида кўзда тутилган чиқишлар (ҳаракатлар)ни бевосита амалга оширувчи артистлар, спортчилар ва бошқа шахслар билан оммавий тадбирни ўтказиш вақтида фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳолларда ўзини тутиш қоидалари бўйича, шунингдек томошабинларнинг агрессив ҳис-туйғуларини келтириб чиқарувчи ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида йўл-йўриқ кўрсатиш;

оммавий тадбир тугаши билан, зарурат бўлганда – уни ўтказиш вақтида ёнғинлар, табиий офатлар, бошқа фавқулодда вазиятлар юзага келганда ёки юзага келиши хавфи бўлганда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, оммавий тадбирнинг ташкилотчиси ва оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмурияти билан биргаликда оммавий тадбир иштирокчиларини трибуналар (секторлар, жойлар)дан ва оммавий тадбирни ўтказиш объектига туташ ҳудудлардан иштирокчиларни эвакуация қилиш жараёнини ташкил қилиш ва бошқаришга мажбурдир.

Ички ишлар органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажаришлари мумкин.

 

20-модда. Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон
                            Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг
                            ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

 

Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

муҳандислик-техник воситалардан фойдаланган ҳолда оммавий тадбир ўтказиладиган объектини атроф-ҳудудини жисмонан тўсишда, объектга рухсатнома билан ўтказиш режимини амалга оширишда, унга туташ ҳудудларни ўраб олиш чегараларини яратишда, автотранспорт воситаларини текширилишида ички ишлар органларига амалий ёрдам кўрсатиш;

оммавий тадбирларни ўтказиш давомида объектларнинг белгиланган жойларида жанговар шай ҳолдаги куч ва воситалар заҳирасини ушлаб туриш;

оммавий тадбир ўтказиладиган объектда фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда амалдаги махсус режалар асосида чоралар кўриш.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари қуйидагиларга:

ички ишлар органлари нарядлари билан биргаликда хизмат олиб бориш
ва уларнинг фаолиятини жанговар
панасини таъминлаш;

оммавий тадбир ўтказиладиган объект ҳудудини ўраб (тўсиб) олишда иштирок этиш;

ички ишлар органлари билан биргаликда заҳира кучларини ташкил этиш;

жамоат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органларининг бўлинмалари ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларга кўмаклашишга мажбурдир.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

 

21-модда. Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон
                            Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати
                            бўлинмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати бўлинмалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оммавий тадбир ўтказилаётган объектда ва унинг атроф-ҳудудида юзага келаётган тезкор вазият юзасидан ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан маълумотлар олиш;

оммавий тадбир ўтказилаётган объектда жиноятлар, шу жумладан террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишни мақсад қилган шахс ва гуруҳларни ушлаш, зарарсизлантириш ва йўқ қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати бўлинмалари қуйидагиларга:

оммавий тадбирлар ўтказиладиган объект, унинг атрофида турли таҳдидлар, эҳтимолий террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатларига оид тезкор маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан тезкор ахборот алмашинувини амалга ошириш;

оммавий тадбир ўтказиладиган объектда террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишни мақсад қилган шахс ва гуруҳларни аниқлаш
ва зарарсизлантириш бўйича тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш;

террорчиларни ушлаш, зарарсизлантириш ва йўқ қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишга мажбурдир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

 

22-модда. Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон
                            Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
                            бўлинмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оммавий тадбир ўтказиладиган объектда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг, шу жумладан ёнғинларнинг олдини олиш учун олдиндан текширув тадбирларни амалга ошириш;

оммавий тадбир объектлари раҳбарлар таркиби ва қутқарув тузилмалари шахсий таркибини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш ҳамда оммавий тадбирлардаги чиқишларда қатнашувчи санъаткорлар, спортчилар ва бошқа шахслар билан оммавий тадбирларни ўтказиш даврида юзага келиши эҳтимоли юқори фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш бўйича йўриқнома ўтказишга қаратилган тадбирларни ташкил қилиш;

оммавий тадбирларни ўтказиш даврида объектда радиацион, кимёвий, биологик (бактериологик) муҳофазани, ёнғинлар профилактикасини
ва қутқарув (шу жумладан, сувда қутқарув) ишларини амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.

Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари қуйидагиларга:

фавқулодда вазиятлар, шу жумладан ёнғинларни юзага келтириши мумкин бўлган хавфлар ва таҳдидларни барвақт аниқлаш ҳамда профилактикасини амалга ошириш бўйича ишларни ташкил қилиш;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан, ёнғинлар содир бўлганда уларни бартараф этиш ҳамда қутқарув ишларига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими (ФВДТ) куч ва воситаларини жалб қилишга мажбурдир.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

 

23-модда. Оммавий тадбирларни ўтказишда прокуратура
                            органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Оммавий тадбирларни ўтказишда прокуратура органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оммавий тадбир ўтказилаётган объектда ва унинг атроф-ҳудудида юзага келаётган тезкор вазият юзасидан ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан маълумотлар олиш;

оммавий тадбирни ўтказиш даврида гуруҳ бўлиб оммавий тартиббузарликлар содир этган шахсларга нисбатан ички ишлар органлари томонидан тузилган ҳужжатларни қонунийлигини текшириш;

оммавий тадбирни ўтказиш даврида содир бўлган кутилмаган вазиятлар (ёнғин, авария ва бошқалар)нинг келиб чиқиш омиллари
ва сабабларини текшириш ҳамда айбдор шахсларга нисбатан тергов ҳаракатларини олиб бориш.

Прокуратура органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

Оммавий тадбирларни ўтказишда прокуратура органлари қуйидагиларга:

оммавий тадбир ўтказиладиган объектда ва унинг атроф-ҳудудида юзага келаётган оператив вазият тўғрисида ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси
ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан тезкор ахборот алмашувини амалга ошириш;

оммавий тадбирни ўтказиш даврида гуруҳ бўлиб оммавий тартиббузарликлар содир этган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини назорат қилиш;

оммавий тадбирни ўтказиш даврида содир бўлган кутилмаган вазиятлар (ёнғин, авария ва бошқалар)нинг келиб чиқиш омиллари
ва сабабларини ўрганиш ҳамда унинг натижасига кўра айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини таъминлашга мажбурдир.

Прокуратура органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

 

24-модда. Оммавий тадбирларни ўтказишда
                            Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
                            бўлинмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлинмалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оммавий тадбир ўтказиладиган объектнинг ҳудудида, шунингдек пиротехник буюмларини қўллаш вақтида тез тиббий ёрдам автоэкипажининг навбатчилигини таъминлаш, жабрланганларни яқиндаги тиббий муассасаларга зудлик билан жўнатиш;

фавқулодда вазиятларда жабрланганларни вақтинчалик тиббиёт муассасаларига жойлаштириш ва даволанишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлинмалари қуйидагиларга:

оммавий тадбир иштирокчиларига, жамоат тартибини сақлаш
ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тадбирларга жалб этилган ходимлар ва ҳарбий хизматчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича доимий шайликни таъминлаш;

фавқулодда вазиятларда жабрланганларга тез тиббий ва биринчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш;

фавқулодда вазиятларда жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатишда (авария-қутқарув хизматлари билан биргаликда) иштирок этишга мажбурдир.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

 

 

 

 

 

 

 

25-модда. Оммавий тадбирларни ўтказишда Қорақалпоғистон
                            Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри,
                              вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг ҳуқуқ
                            ва мажбуриятлари

 

Оммавий тадбирларни ўтказишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жисмоний ва юридик шахслар томонидан тегишли рухсатномалар олмасдан оммавий тадбирлар ўтказишини, шунингдек белгиланган талабларга жавоб бермайдиган объектларда оммавий тадбирлар ўтказилишини тақиқлаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий тадбирнинг ташкилотчиси ва оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмурияти томонидан оммавий тадбирларни ўтказиш шартларига риоя қилинишининг бузилиши фактлари мавжуд бўлганда ушбу тадбирларни ўтказиш шартларига риоя қилиниши юзасидан комиссияга режадан ташқари текширувларни ўтказишга топшириқ бериш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

Оммавий тадбирларни ўтказишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари қуйидагиларга:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар
ва уларнинг иш регламентини доимий назорат қилиш;

оммавий тадбирларни белгиланган талабларга жавоб берадиган объектларда ўтказилишини таъминлаш;

комиссиялар томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳлар аниқлаган камчиликларни оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектлар маъмурияти томонидан белгиланган муддатларда бартараф этилишини назоратга олишга мажбурдир.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

5-боб. Якунловчи қоидалар

 

26-модда. Оммавий тадбирни ўтказишни бевосита амалга
                             оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда
                             муассасалар фаолиятининг молиявий
                             ва моддий-техник таъминоти

 

Оммавий тадбирни ўтказишни бевосита амалга оширувчи органлар
ва муассасалар фаолиятининг молиявий ҳамда моддий-техник таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Фаолияти оммавий тадбирни ўтказишига оид чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларни давлат ижтимоий буюртмани жойлаштириш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар воситасида қўллаб-қувватлайди.

 

27-модда. Низоларни ҳал этиш

 

Оммавий тадбирни ўтказишни таъминлаш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

28-модда. Оммавий тадбирни ўтказиш тўғрисидаги
                             қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

Оммавий тадбирни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

29-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,
                              моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 

30-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

31-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

 

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти                                                  Ш. Мирзиёев

Umumiy takliflar

2146