ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
3706 Узбекское агентство стандартизации, метрологии и сертификации «Узстандарт» 10/06/2019 16/06/2019 0

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директорининг айрим буйруқларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш тўғрисида
ID-3706

          Лойиха

 Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директорининг айрим буйруқларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4059-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2019 йил 24 апрелдаги «Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги 348-сон Қарорларига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директорининг буйруғи билан тасдиқланган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

2.Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директорининг 2007 йил 24 августдаги 214-Қ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Ишлаб чиқарилган этил спирт — ректификатни синовдан ўтказиш ва тайёр маҳсулотлар омборхонасига топшириш тартиби тўғрисида”ги Низом (Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан 2007 йил 6 сентябрда 1714 сон билан давлат рўйхатига олинган) 2019 йил  1 июлдан ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш Бош директорнинг ўринбосари Р.Киямов зиммасига юклансин.

 

 

Бош директор                                                                     Д. Саттаров

 

 

 

Тошкент ш.

2019 йил ___ май

_____-сон

                           ЛОЙИҲА

 

Ўзбекистон давлат стандартлаштириш,

метрология ва сертификатлаштириш агентлиги

бош директорининг 2019 йил ___” майдаги

  _____-сон  буйруғига илова

 

 

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директорининг айрим буйруқларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

 

I. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил
11 октябрда 2516-сон билан давлат рўйхатига олинган “Ўзбекистон Республикаси Миллий сертификатлаштириш тизимида ишлар ва хизматларга ҳақ тўлаш қоидалари”га қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

 

  1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 апрелдаги 108-сон «Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиботини соддалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2004 йил 6 июлдаги 318-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги, 2015 йил 14 октябрдаги 292-сон «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2019 йил 24 апрелдаги 348-сон “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 349-сон “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, аккредитация қилиш, инспекция назорати, сертификатлаштириш, хорижий мамлакатларнинг мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатларини, мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларни ва синовлар протоколларини эътироф этиш бўйича ишлар ва хизматлар учун тўловларни, шунингдек, мувофиқлик белгисидан фойдаланганлик учун бир марталик ҳамда аккредитация белгиси қўлланиши учун тўловларни тўлаш тартибини белгилайди.”.

  1. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Монополист корхоналар ва табиий монополия субъектларининг аккредитация қилиш, назорат йўсинидаги текширув, сертификатлаштириш, хорижий мувофиқлик сертификатларини тан олиш ва декларациялаш бўйича ишлар ва хизматларининг нархи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 42-43-сон, 364-модда) билан тасдиқланган Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисида низомга ҳамда 2018 йил 30 мартдаги 249-сон “Товар бозорларида монополияга қарши тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор талабларига мувофиқ аниқланади.”.

  1. II-боб  номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Аккредитация қилиш ва инспекция назорати учун ишлар ва хизматларнинг тўлови.”.

  1. 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин;

“Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 апрелдаги 349-сон қарори билан тасдиқланган Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 60-бандига мувофиқ “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази” ДУК (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) аккредитация соҳасидаги қуйидаги хизматлар учун ҳақ ундирилади:

ҳужжатлар экспертизаси учун;

аккредитация объектини баҳолаш учун;

тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ ўтказилган аккредитация объектининг инспекция назорати учун;

аккредитация соҳасини долзарблаштириш учун.

Ушбу хизматлар учун тўловлар Марказнинг сарфланган вақтидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.”.

  1. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Аккредитация объекти аккредитация қилинганида ва “Ўзстандарт” агентлиги ўз вазифаларининг бир қисмини (аккредитация қилиш соҳасини инобатга олган ҳолда) ўтказганда Марказ ва аккредитация объекти ўртасида аккредитациядан кейинги битим тузилади ҳамда унга мувофиқ аккредитация объекти аккредитация белгиси қўлланиши учун Марказга бажарилган ишлар ва хизматлар ҳажмидан ажратмаларни амалга оширади ҳамда ушбу ажратмалар Марказ ва “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришни ривожлантириш махсус жамғармаси (бундан буён матнда Махсус жамғарма деб юритилади) ўртасида тенг улушларда бўлинади.

Аккредитация объекти аккредитация белгиси қўлланиши учун ажратмалар миқдори аккредитация объектининг умумий тушум ҳажмининг 5 фоизи миқдорида бўлади.”.

  1. 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Аккредитация объектларининг фаолияти устидан инспекция назорати ўтказиш учун тўлов Марказ ва аккредитация объекти ўртасида тузилган битимга асосан ҳақиқий сарфларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.”.

  1. 15- банд қуйидаги мазмундаги иккинчи қисми билан тўлдирилсин:

“Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларининг “Маҳсулотлар ва хизматлар сифати соҳасидаги хизматлари учун” мукофоти лауреатлари бўлган маҳаллий корхоналар номзод маҳсулот бўйича мувофиқлик сертификати амал қилиш муддатида мувофиқлик белгисидан фойдаланганлик учун бир марталик тўловдан озод этилади”.

  1. қуйидаги мазмундаги 16-1-банд билан тўлдирилсин:

“Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг мувофиқлигини декларациялаш йўли билан тасдиқлаш ҳуқуқи берилган тадбиркорлик субъектлари календарь йил якунида ишлаб чиқарилган декларацияланган маҳсулотлар реализацияси бўйича мувофиқлик белгисидан фойдаланганлик учун бир марталик тўловни амалга оширади.”.

  1. қуйидаги мазмундаги 17-1-банд билан тўлдирилсин:

“Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 апрелдаги 348-сон қарорининг
6-бандига асосан Сертификатлаштириш органига маҳсулоти сертификатлаштирилган ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан келиб тушаётган мувофиқ белгисидан фойдаланганлик учун бир марталик тўлов қуйидагича тақсимланади: 10 фоизи – сертификатлаштириш органининг тассаруфида қолади; 90 фоизи – икки кунлик муддатда Махсус жамғармага йўналтирилади.”.

 

II. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2017 йил 21 июнда
2899-сон билан давлат рўйхатига олинган “Сифат бўйича эксперт-аудиторларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

 

  1. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Аттестация комиссияси Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (бундан буён матнда — Агентлик деб юритилади) бош директорининг буйруғига асосан Агентлик, Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаменти, Ўзбекистон миллий метрология институти ва Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот  институтининг мутахассислари орасидан камида тўққиз аъзодан иборат таркибда тузилади.”.

  1. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Агентликнинг Сертификатлаштириш ва лаборатория мажмуаларини ривожлантириш бошқармаси аттестация комиссиясининг ишини ташкил қилувчи ишчи органи ҳисобланади.”.

  1. 26-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Апелляция комиссияси аттестация комиссияси таркибига кирмаган Агентлик, Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот  институти, Ўзбекистон миллий метрология институти ва мувофиқликни баҳолаш органларининг мутахассисларидан беш кишидан иборат таркибда тузилади.”.

III. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2005 йил                         6 апрелда 1465-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Маҳсулотларни хавфсизлик талабларига мувофиқлигини декларациялаш тартиби тўғрисида”ги Низомга

 

  1. 1-банд иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Мувофиқликни декларациялаш - декларация билан бирга тақдим этиладиган далилий ҳужжатларни қабул қилиш ва таҳлил қилишни, маҳсулотларнинг хавфсизлик талабларига мувофиқ декларация қилинган маҳсулотни идентификациялашни, декларацияни расмийлаштиришни ва мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатни расмийлаштириш асосида рўйхатдан ўтказишни ўз ичига олади.”.

  1.  11-1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

 “СО лари маҳсулотни мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (шу жумладан сифат тизимлари мувофиқлик сертификатлари, озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик хавфсизлик, энергоменежмент ва бошқалар) ишлаб чиқариладиган маҳсулотни тавсифидан келиб чиққан ҳолда, санитария-эпидемиология, ветеринария, фитосанитария хулосалари нусхалари, экологик экспертиза бўйича хулосаларни) ва маҳсулотни хавфсизлик талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи бошқа давлат идоралари ва ташкилотларида мавжуд бўлган маълумотларни ўзаро ахборот алмашинуви орқали, шу жумладан электрон кўринишда ўзлари олишади.”.

  1. 18-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Ишлаб чиқарувчи декларацияланган маҳсулотни белгиланган тартибда мувофиқлик белгиси билан тамғалайди.”.

Киритилди:

 

Бош юрисконсульт                                                                                  А.Халимбетов

 

Келишилди:

 

Бош директор ўринбосари                                                                    Р.Киямов

 

 

Бошқарма бошлиғи                                                                                 Ш.Каримов

 

 

Бошқарма бошлиғи                                                                                 Р.Хуснуллин           

 

 

Бошқарма бошлиғи                                                                                         Д.Хаджикариев