ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
3703 Министерство инновационного развития Республики Узбекистан 01/06/2019 16/06/2019 34

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Prezidentining Qarori
Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-3703

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини
қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

          Сўнгги йилларда республикада илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, иқтидорли ёшларни нуфузли миллий ҳамда халқаро мусобақаларда ва танловларда салмоқли натижаларга эришишлари учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

          Ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва тадбиркорларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

          Шу билан бир қаторда, ёш иқтидор соҳибларини инновацион тадбиркорлик соҳасига тизимли жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, шу жумладан:
          иқтидорли ёшларни ишбилармонлар ва етакчи олимлар билан ҳамкорликда иш юритиши учун ягона тизим яратиш ва шу асосида илм-фан соҳасида ёш кадрлар етиштириш тизимининг узвийлигини таъминлаш;
          юқори технологияларни ишлаб чиқариш соҳаси ва илмий тадқиқотларга ёшларни жалб этиш ҳамда илмий-техник ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун платформалар яратиш талаб этилмоқда.
          Иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жонлантириш, мамлакат илм-фанининг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлигини таъминлаш, мавжуд илмий мактаблар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг инновацион салоҳиятини ривожлантириш учун ягона платформа яратиш мақсадида:

          1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг:
          Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академиясини (кейинги ўринларда – Ёшлар академияси) ташкил этиш;
          Ёшлар академиясининг раислигини Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосарларидан бирига юклатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

          2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
          Ёшлар академиясининг Васийлик кенгаши таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
          Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги икки ой муддатда Ёшлар академиясининг Васийлик кенгаши низомини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

          3. Ёшлар академиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

          вазирлик ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларни ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш;

          иқтидорли ва ташаббускор ёшлар бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва мунтазам янгилаб бориш ҳамда уларни мамлакатнинг етакчи олимлари ва ишбилармонлари билан ҳамкорлигини таъминлаш;

          илмий-тадқиқотларни бажариш иштиёқига эга иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб боришларига имкон яратиш, янги авлод ёш олимларини тайёрлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;

          ёш олимлар томонидан аниқ вазифаларни ҳал этишга, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган юқори технологик ишланмаларни ишлаб чиқишга қулай шароитлар яратиш;

          илмий-инновацион акселератор ва бизнес-инкубаторларни ташкил этиш асосида ташаббускор ёшларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш;

          ёшларнинг стартап лойиҳаларини хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналарини изчил ривожлантириш бўйича замон талабларига жавоб берадиган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқишга йўналтириш;

          халқаро ва маҳаллий даражада эътироф этилган ташкилотлар, университетлар, илмий марказлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, уларнинг олимлари ва мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари, тренинглар, шунингдек, долзарб илмий-инновацион йўналишлар бўйича конференциялар, семинарлар ва танловлар ўтказиш;

          иқтидорли ёшларни ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишларига имконият яратиш.

          4. Ёшлар академиясида 40 ёшгача бўлган олимлар, тадбиркорлар ва ташаббускор ёшларнинг илмий-ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш мақсадида қуйидаги платформалар асосида ташкил этилсин:

          Ғоялар генераторлари – Ёшлар академиясининг асосий йўналишларига тегишли бўлган маълум бир муаммони ечимига қаратилган инновацион ғояга эга ташаббускор олимлар ва тадбиркорлар жамоалари платформаси;

          Стартаплар – ўз ғояси ва ушбу ғояни амалга оширишга қаратилган стартап лойиҳалари ва уларни амалга ошириш бўйича аниқ режага эга ташаббускор олимлар ва тадбиркорлар жамоалари платформаси;

          Бизнес вакиллари – фаолиятида илм-фан ва инновация ютуқларини қўллаган ва тегишли соҳада камида 1 йиллик тажрибага эга тадбиркор ва олимлар жамоалари платформаси;

          Бўлажак академиклар – юқоридаги учта платформаларда фаол иштирок этган, мамалакатнинг илм-фан ривожланишига катта ҳисса қўшаётган, тадқиқотлари мамлакатни изчил ривожлантиришга қаратилган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва технологияларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этган, нуфузли хорижий нашриётларда илмий мақолалар чоп этган юқори илмий салоҳиятга эга олимлар жамоаси.

          Ёшлар академияси фаолияти доирасида Ўзбекистон келажаги учун муҳим ахамиятга эга бўлган сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, фармацевтика, биотехнология, дастурлаш, саноат дизайни, 3Д моделлаш ва бошқа истиқболли йўналишларда амалий, инновацион ва стартап лойихалари амалга оширилади.

          5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси тугатилсин ва унинг 5 та штат бирликлари амалдаги молиялаштириш тартиби сақлаб қолган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тизимига ўтказилсин.
          Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида Ёшларнинг илмий-инновацион фаолиятини ривожлантириш бошқармаси ташкил этилсин ва у Ёшлар академиясининг ишчи органи этиб белгилансин.

          6. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ёшлар академияси аъзолари учун замонавий инфратузилмага эга шароитлар яратиш мақсадида:
          Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази биносининг лабораториялари, акселератори ва коворкинг майдони Ёшлар академиясига эркин фойдаланишга берсин;
          2019 йил якунига қадар Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ёшлар академиясининг аъзоларига дунёнинг етакчи мамлакатлари тажрибаси асосида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида барпо этилаётган “ақлли шаҳар” ҳудудида замонавий инфратузилмага эга кичик ва ихчам “Science Park” ташкил этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

          7. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшлар академиясининг Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.

          8. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

          хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналаридаги Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаларининг жами маблағларининг йилига 10 фоиз миқдоридаги маблағлари;

          Ёшлар академияси Васийлик кенгаши аъзоларининг ихтиёрий равишда ажратилган ҳомийлик маблағлари;

          халқаро молиявий институтлар, донорларнинг грантлари ва кредитлари;

          жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозит хисобларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

          Ёшлар академиясига бириктирилган бино ва иншоотларни ижарага беришдан олинган тушумлар;

          муассаса ва ташкилотлар, шу жумладан ҳусусий корхоналар билан тузилган ҳўжалик шартномалари доирасида олинган даромадлар;

          қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

          9. Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилсин:

          инновацион, амалий ва стартап лойиҳаларни молиялаштиришга;

          илмий-амалий тадбирлар (симпозиум, конференция, тренинг, давра суҳбатлари ва мастер-класслар) ташкил этишга;

          Ёшлар академияси фаолиятини ташкил этишга, хорижий ва маҳаллий етакчи олимлар, мутахассислар ҳамда ватандошларни ўрнатилган тартибда жалб қилишга, малака ошириш дастурларига ва хорижий патентлаш харажатларини қоплашга;

          ҳалқаро ҳамкорлик ишлари ва стажировкаларни ташкил этишга.

          10. Белгилансинки:

          Жамғарма томонидан Ёшлар академияси фаолияти билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Васийлик кенгашининг қарорига асосан амалга оширилади;

          Ёшлар академияси аъзоларининг лойиҳалари “Ёшлар - келажагимиз” давлат дастурига ажратилган маблағлар доирасида буюртмага асосан имтиёзли кредитлар ҳисобидан молиялаштирилади;

          Ёшлар академияси аъзоларининг малакасини ошириш ва уларни хорижий стажировкаларга юбориш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси дастурлари доирасида буюртмага асосан амалга оширилади;

          давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажариладиган Ёш олимлар илмий-техник лойиҳалари Ёшлар академияси аъзолари томонидан бажарилади.

          11. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ёшлар академияси аъзоларига бизнесни ташкил этиш ва ривожлантириш, шу жумладан, бизнес-режалар ва таъсис хужжатларини тайёрлаш, суғурта, бухгалтерия, ҳисобот бериш, бизнес шерикларни, мини-теxнологиялар ва ускуналарни топиш билан боғлиқ xизматларини ташкил этиш бўйича мунтазам махорат дарсларини олиб борсин.

          12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ёшлар академияси фаолиятини телевидение орқали кенг ёритиш, шу жумладан “Билимдон ва зукколар”, “Robo Cup” каби телекўрсатувларни ташкил этишни йўлга қўйсин.

          13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3416-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

          14. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифларни киритсин.

          15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
            
  Президенти                                                                                                 Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2019 йил “___” апрелдаги ПҚ-_____-сон қарорига
1-илова

 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш
вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси

ташкилий тузилмаси

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2019 йил “___” апрелдаги ПҚ-_____-сон қарорига
2-илова

Ёшлар академиясининг Васийлик кенгаши
ТАРКИБИ

1. Абдурахмонов И.Ю.

-

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири, кенгаш раиси

2. Қуронбоев Қ.К.

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг раиси

3. Санақулов К.С.

-

«Навоий ТМК» ДК бош директори

4. Хурсанов А.Х.

-

 «Олмалиқ КМК» АЖ бош директори

5. Азаматов Т.Т.

-

«Ўзметкомбинат» АЖ бош директори в.б.

6. Абдуллаев А.А.

-

«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқарув раиси

7. Умурзаков Ш.Б.

-

«Ўзавтосаноат» АЖ бошқарув раиси

8. Сидиков Б.Б.

-

«Ўзбекнефтегаз» АЖ бошқарув раиси

9. Максудов А.И.

-

«Ўзпахтасаноат» АЖ бошқарув раиси

10. Хасилов Х.Н.

-

 «Ўзбекистон темир йуллари» АЖ бош директори в.б.

11. Рашидова С.Ш.

-

Ўзбекистон Фанлар академияси Полимерлар кимёси
ва физикаси институти директори

12. Сагдуллаев Ш.Ш.

-

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти директори

13. Аблакулов Ў.Ў.

-

«Artel Engineering and Management» МЧЖ илмий-тадқиқот ривожлантириш маркази директори

14. Хашимов З.Ф.

-

хусусий тадбиркор

15. Арипджанов Б.З.

-

хусусий тадбиркор

              

Изоҳ: Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки тегишли вазифаларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

Umumiy takliflar

864