ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
3680 Министерство народного образования Республики Узбекистан 30/05/2019 14/06/2019 1

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
ID-3680

Кўп болали ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчилар учун тасдиқланган стандартларга мос мактаб формаси тўплами билан бепул таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров, А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири
Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил “__” ______даги ____ - сон қарорига

илова

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўқитувчилар
ва ўқувчилар моддий шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1997 йил 20 августдаги 409-сонли қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1997 й., 8-сон 29-модда):

а) 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“5. Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб қуйидагиларни ҳар йили:

биринчи синф ўқувчиларини ўқув қуроллари тўплами билан;

мактаблардаги барча 1-11-синф ўқувчиларининг 15 фоизидан кўп бўлмаган кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчиларни ягона мактаб формаси тўпламлари билан текин таъминлаш жорий қилинсин.

Биринчи синф ўқувчиларини ўқув қуроллари тўплами билан ва кам таъминланган оилаларга мансуб 1-11-синф ўқувчиларини ягона мактаб формаси тўпламлари билан текин таъминлаш тартиби 1-, 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.”;

б) 6-банддаги “қишки кийим-бош тўпламлари” сўзлари “ягона мактаб формаси тўпламлари” сўзлари билан алмаштирилсин;

в) 1-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

Биринчи синф ўқувчиларини ўқув қуроллари тўплами билан текин таъминлаш тартиби

Мазкур тартиб биринчи синф ўқувчиларини ўқув қуроллари тўплами билан текин таъминлаш тартибини белгилайди.

1. Умумтаълим муассасаларининг раҳбарлари келгуси ўқув йилида биринчи синфга келадиган ва уйида якка тартибда таълим оладиган имконияти чекланган болалар сони тўғрисидаги маълумотларни умумтаълим муассасасининг тўғридан-тўғри бўйсунувига қараб тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига ҳар йили 20 сентябрга қадар тақдим этади.

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ушбу маълумотлар асосида умумлаштирилган буюртмаларни тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармаларига ҳар йили 25 сентябрга қадар тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари йиғилган буюртмаларни таҳлил қилиб, умумлаштирган ҳолда буюртмалар тайёрлайди ҳамда уларни тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ҳар йили 30 сентябрга қадар тақдим этади.

2. Халқ таълими вазирлиги “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонасига мактаб ўқув қуролларини сотиб олишни топширади. Ўқувчилар ўқув қуроллари тўпламига қуйидагилар киради:

Портфель

12 та дафтар

Оддий ва рангли қаламлар

Пластилин

Қаламдон

Ручкалар

Ўчирғичлар

Елим

Рангли қоғозлар тўплами

Расм чизиладиган альбом

Бўёқлар

3. Халқ таълими вазирлигининг “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси мактаб ўқув қуролларини ушбу мақсадлар учун Молия вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар доирасида етказиб берувчилардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотиб олади.

4. Мактаб ўқув қуроллари тасдиқланган ассортиментда “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси вилоят корхоналарига жўнатилади.

5. “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси республика, Қорақалпоғистон ва вилоят корхоналари мактаб ўқув қуролларини ҳудудий органлар тақсимоти бўйича туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига етказадилар.

6. Мактаб ўқув қуролларини биринчи синф ўқувчиларига тантанали равишда топширишни ҳокимликлар раҳбарлари, маҳаллий кенгашларининг депутатлари, мактабларнинг Кузатув кенгашлари ва халқ таълими органлари вакиллари амалга оширади.

7. Мактаб ўқув қуролларини топшириш тантанали равишда 1 сентябрда ёки ҳокимликлар ва тегишли органларнинг қарорига кўра бошқа белгиланган муддатларда амалга оширилиши керак.

8. Олинадиган ўқув қуроллари миқдори ва уларнинг сўмда ифодаланиши кўрсатилган рўйхат билан бирга ўқувчиларнинг фамилиялари келтирилган ведомость мактаб ўқув қуроллари бериш ҳуқуқига асос бўлиб ҳисобланади. Болаларнинг фамилиялари қаршисига ота-оналар ёки яқин қариндошлар имзо чекадилар, шундан кейин ушбу ведомость ҳисобот учун бухгалтерияга топширилади.

9. Халқ таълими ҳудудий органлари мактаб ўқув қуролларини бериш тугаллангандан кейин 15 октябргача “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонасига ҳисобот тақдим этадилар. “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси ажратилган маблағлардан фойдаланганлик тўғрисидаги маълумотни 1 ноябрда Молия вазирлигига ва Халқ таълими вазирлигига тақдим этади.

10. Давлат маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик Халқ таълими вазирлигига, ишончли бериш ва ҳисобдан чиқариш учун жавобгарлик — туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, мактаблар ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига юкланади.

11. Халқ таълими вазирлиги йиллик ҳисоботда ажратилган маблағлардан фойдаланишни алоҳида қаторда кўрсатади.

12. Маҳаллий молия органлари, Назорат-тафтиш бош бошқармаси бўлинмалари барча мактабларда ўқувчиларга мактаб ўқув қуроллари берилиши бўйича текширишлар ўтказади.”;

г) 2-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

Кам таъминланган оилаларга мансуб 1-11-синф ўқувчиларини ягона мактаб формаси тўпламлари билан таъминлаш тартиби тартиби

Мазкур тартиб кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчиларни ягона мактаб формаси тўпламлари билан таъминлаш тартибини белгилайди.

1. Мактабларнинг Кузатув кенгашлари тегишли фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш идоралари вакиллари билан биргаликда кам таъминланган оилаларга мансуб 1-11-синфлар ўқувчиларини аниқлайди. Ушбу маълумотларни ягона мактаб формаси ўлчами ва боланинг жинсини кўрсатган ҳолда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига тақдим этади.

2. Халқ таълими органлари мактаблар бўйича маълумотларни тўплаб умуман туман (шаҳар) бўйича ягона мактаб формаси тўпламларига бўлган эҳтиёжга йиғма ведомость тузади ва ҳокимлик билан келишиб Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълим бошқармаларига тақдим этади.

Ягона мактаб формаси тўпламига қуйидагилар киради:

1-6-синф ўқувчилари учун:

Кўйлак

Нимча

Шим

Юбка

Енгил куртка

7-11-синф ўқувчилари учун:

Кўйлак

Нимча

Шим

Юбка

Пиджак

3. Халқ таълими ҳудудий органлари олинган маълумотларни ҳар бир туман (шаҳар) бўйича умумлаштиради ва Халқ таълими вазирлигининг “Ўқув таълим-таъминот Давлат унитар корхонасига буюртманома беради.

4. “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси ягона мактаб формаси тўпламларига бўлган зарур эҳтиёжга жойлардан буюртманома олиб, Молия вазирлиги томонидан ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар доирасида ягона мактаб формаси тўпламларини сотиб олиш, сақлаш ва етказиш бўйича барча харажатларнинг умумий суммасини белгилайди. Натурал ва қиймат кўрсаткичлари кўрсатилган ҳолдаги тақсимот ҳар бир вилоят бўйича алоҳида вазирлик раҳбарияти томонидан тасдиқланади.

5. Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси тасдиқланган тақсимотни бажариш учун қабул қилиб олиб, кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчилар учун бюджет маблағлари ҳисобига ҳарид қилинадиган мактаб формаси тўпламларига буюртмаларни “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг махсус тасдиқланган рўйхатидаги корхоналар билан истисно тариқасида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали жойлаштиради.

Бунда, ушбу корхоналар ишлаб чиқарган мактаб формаси харид нархи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тартибга солинади.

6. “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси сотиб олинган ягона мактаб формаси тўпламларини тасдиқланган тақсимотга мувофиқ Ўқув таълим-таъминот Давлат унитар корхонасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар филиалларига жўнатади.

7. “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар филиаллари ўз навбатида уларни туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари буюртманомаларига мувофиқ уларга етказади.

8. Ўқувчиларга ягона мактаб формаси тўпламларини бериш ҳар йили
1
сентябрга қадар амалга оширилиши лозим.

9. Мактабларнинг Кузатув кенгашлари мажлиси баённомасидан кўчирма ягона мактаб формаси тўпламларини бериш ҳуқуқига асос ҳисобланади, унга мувофиқ сон ва сўм ифодасида буюмлар рўйхати кўрсатилган ҳолда ўқувчиларнинг фамилиялари келтирилган ведомость тузилади. Болаларнинг фамилиялари қаршисига ота-оналар ёки яқин қариндошлар имзо чекадилар, шундан кейин ушбу ведомость ҳисобот учун бухгалтерияга топширилади.

10. Ўқувчиларга ягона мактаб формаси тўпламлари топширишни мактабларнинг Кузатув кенгашлари ва халқ таълими органлари вакиллари амалга оширади.

11. Жамоа томонидан топширилган темир-терсак, чиқинди қоғоз, пилла, пахта толаси учун тайёрлов ташкилотларидан маблағ тушганда мактаблар, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари раҳбарлари уларни қўшимча равишда ягона мактаб формаси тўпламларини сотиб олиш учун йўналтиришга ҳақлидирлар.

12. Бажарилган иш якунлари бўйича 15 октябргача ўқувчиларга ягона мактаб формаси тўпламлари берилиши тугалланганлиги тўғрисида жойлардан ахборот тақдим этилади ва 1 ноябрда Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлигига тўлиқ ҳисобот тақдим этади.

13. Халқ таълими вазирлиги йиллик ҳисоботда ягона мактаб формаси тўпламлари сотиб олиш учун олинган марказлаштирилган тартибда ажратилган маблағларнинг сарфланганлигини алоҳида қаторда кўрсатади.

14. Ягона мактаб формаси тўпламларини сотиб олиш учун ажратилган бюджет маблағларининг тўғри сарфланишини назорат қилиш Халқ таълими вазирлигига, ўқувчилар сонини аниқлашнинг ишончлилиги ва ягона мактаб формаси беришнинг тўғрилиги учун жавобгарлик - мактабларнинг Кузатув кенгашларига, халқ таълими органларига ва тегишли фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш идоралари вакилларига юкланади.

15. Маҳаллий молия органлари кам таъминланган оилаларнинг 1-11-синфлар ўқувчиларига замонавий ягона мактаб формаси тўпламларининг мақсадли берилишини текширадилар.”.

2. Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашнинг 2002-2003 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2002 йил 25 январдаги 33-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2002 й., 2-сон, 22-модда) 1-банддаги “қишки кийим-бош тўплами” сўзлари “ягона мактаб формаси тўпламлари” сўзлари билан алмаштирилсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2018 й., 3-сон, 70-модда) билан тасдиқланган Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхатига қуйидаги мазмундаги банд қўшилсин:

“23. Умумий ўрта таълим муассасалари учун ишлаб чиқариладиган ягона мактаб формалари тўпламлари (“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг махсус тасдиқланадиган рўйхати бўйича).”.

Umumiy takliflar

376