ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
350 Республиканский совет по координации деятельности органов самоуправления граждан 26/08/2018 10/09/2018 0

Muhokama yakunlandi

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 274-сон қарорига қўшимчалар киритиш ҳақида
ID-350

«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 18-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2018 йил 13 августдаги КҚ-394-III-сон Қарорига мувофиқ, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Фуқаролар йиғинининг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссияси тўғрисидаги Намунавий низом 14-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда тасдиқланган намунавий низом асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тегишли низомнинг тасдиқланишини таъминлашга ҳамда уларнинг ўз фаолиятини мазкур низом асосида ташкил этишига кўмаклашиш;

икки ой муддатда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ва фаолларининг малакасини оширишга доир ўқув семинарларни ўтказишни ташкил этсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Фуқаролар йиғинининг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака
ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган
тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари
бўйича комиссияси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ Фуқаролар йиғинининг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) фаолиятини тартибга солади.

2. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Фуқаролар йиғини тўғрисидаги Низомга, фуқаролар йиғини ва унинг кенгаши қарорларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.

3. Комиссия ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

II. Комиссиянинг мақсади ва асосий вазифалари

 

4. Комиссиянинг мақсади тегишли ҳудудда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар (кейинги ўринларда Оилавий тадбирлар деб аталади) ўтказилишини тартибга солишдан иборат.

5. Қуйидагилар комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тегишли ҳудуднинг маҳаллий урф-одатлари ва анъаналаридан келиб чиқиб, оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга қаратилган қоидаларни белгилаш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

оилавий тадбирлар ўтказилишига масъул давлат ва жамоат ташкилотларига кўмаклашиш;

оилавий тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ миллий ва диний қадриятларга, ахлоқ қоидаларига зид бўлган маросимлар, номақбул одатлар ва уларнинг салбий оқибатлари тўғрисида тарғибот ишларини олиб бориш;

тўй эгалари томонидан миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик ҳолатларига йўл қўйилаётган хатти-ҳаракатларни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш;

оилавий тадбирларни ўтказишда халқимиз маънавияти ва турмуш тарзига, ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган, ортиқча сарф-харажатларга сабаб бўлаётган, тўйдан олдин ва кейин ўтказиладиган турли хил тадбирларнинг олдини олиш чораларини кўриш;

оилавий тадбирларнинг ортиқча сарф-харажатга сабаб бўлувчи янги турларининг ўйлаб топилишини олдини олиш;

жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, оилалар ўртасида кескин табақаланишнинг олдини олиш, соғлом оилавий муносабатларни шакллантириш, аҳоли орасида шукроналик туйғуларини кучайтириш;

оилавий тадбирлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.

Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

III. Комиссияни шакллантириш ва унинг

фаолиятини ташкил этиш

 

6. Комиссия фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловидан сўнг бир ой ичида
8 – 12 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Комиссия аъзолари сони фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли сони ҳамда иш ҳажмига қараб белгиланади.

7. Комиссия таркибига фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ўринбосарлари (фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари), туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман (шаҳар) бўлими, Ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) бўлими, фуқаролар йиғини ҳудудидаги ички ишлар органлари профилактика инспекторлари, имом-хатиб, таълим муассасалари раҳбарлари ёки уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, қишлоқ врачлик пункти (оилавий поликлиника) вакили, ҳаётий тажрибага эга бўлган, намунали оила бошлиқлари, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган ҳамда ўзининг тарбиявий таъсирини ўтказа оладиган маҳалла фаоллари, шу жумладан ташаббускор ёшлар киритилиши мумкин.

8. Комиссия аъзолари ва раиси фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан икки ярим йил муддатга сайланади.

Комиссияга раҳбарлик, қоида тариқасида, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан амалга оширилади.

Комиссия таркибига номзод сифатида кўрсатилган шахс, агар фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган ҳисобланади.

Комиссия аъзоси муддатидан аввал комиссия таркибидан чиқса, комиссиянинг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан сайланади.

9. Комиссия раиси:

мажлисларни чақиради ва ўтказади;

комиссиянинг жорий ишларини ташкил қилади;

фуқаролар йиғини, йиғин кенгаши мажлисларида унинг номидан вакил бўлади;

комиссия номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди.

10. Комиссия раиси ушбу Низомда белгиланган вазифаларни комиссия аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда комиссия аъзолари томонидан ўзларига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди.

Комиссия ўзининг биринчи ташкилий йиғилишида аъзолар ичидан комиссия раисининг ўринбосарини сайлайди.

Комиссия раиси ўринбосарининг вазифалари комиссия раиси томонидан фуқаролар йиғини кенгаши билан келишилган ҳолда белгиланади. Комиссия раиси узрли сабабларга кўра бўлмаган ҳолларда раис ўринбосари унинг вазифасини бажаради.

11. Комиссия раиси ёки аъзоси қуйидаги ҳолларда фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан комиссия таркибидан чиқарилади:

ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

ушбу Низомда назарда тутилган ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаганда;

комиссия фаолиятига тааллуқли масалаларга доир фуқаролар йиғини мажлисларида узрли сабабларсиз иштирок этмаганда, унинг топшириқларини бажармаганда;

фуқаролар йиғинининг обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар, ножўя ишлар содир этганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда ёки муомала лаёқати чекланганда;

суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган қарори билан бедарак йўқолган деб топилганда ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

белгиланган тартибда бошқа ҳудудга кўчиб кетганда;

соғлиғининг ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этган тақдирда.

Комиссия раиси ёки аъзоси комиссия таркибидан чиқарилганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) бир ой муддат ичида комиссиянинг янги раиси ёки аъзосини сайлайди.

12. Вазифалар тақсимоти ҳамда унга асосан тузилган комиссиянинг йиллик, чораклик иш режалари комиссия йиғилишида муҳокама қилинади ва фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.

Комиссия иш режаси ижроси юзасидан комиссия аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари ҳар ойда комиссия йиғилишларида эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилиб борилади.

Комиссия йиғилиши, агар унинг ишида аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган қарор қабул қилинган ҳисобланади.

13. Фуқаролар йиғини масъул котиби комиссиянинг котиби ҳисобланади ва комиссия йиғилишларининг баёнини юритади ва қарорлар ижросини назорат қилади.

14. Комиссия ўз фаолияти тўғрисида ҳар ойда фуқаролар йиғини кенгаши ҳамда Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларидаги Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссияга ҳисобот бериб боради.

15. Комиссияни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек комиссия аъзоларини моддий рағбатлантириш учун маҳаллий бюджет маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлардан ташкил топган фуқаролар йиғини мулки ҳисобидан фуқаролар йиғини кенгаши қарорига асосан пул маблағлари ажратилиши мумкин.

IV. Якунловчи қоидалар

 

16. Комиссияни тугатиш ва унинг фаолиятини қайта ташкил этиш тегишли фуқаролар йиғини бирлаштирилганда, бўлинганда, тугатилганда ва чегаралари ўзгартирилганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи қарорига мувофиқ амалга оширилади.

17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Umumiy takliflar

1565