ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
34 Национальная гвардия Республики Узбекистан 30/07/2018 14/08/2018 2

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни танлаш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида НИЗОМ
ID-34

Миллий гвардия қўмондонининг

2018 йил «__» июлдаги ____-сон буйруғига

ИЛОВА

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига  контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни танлаш  ва  қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий  қоидалар

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуни (бундан буён матнда – Қонун деб юритилади) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 14 январдаги ПҚ–257-сон «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси марказий девони, ҳарбий қисмлари ва муассасаларига (бундан буён матнда – Миллий гвардия бўлинмалари деб юритилади) контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни танлаш ва ҳарбий хизматга қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

номзод – касбий фаолият сифатида Миллий гвардия бўлинмасида контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш (оддий аскарлар, сержантлар
ва офицерлар таркибидаги лавозимларида хизмат қилиш) истагини билдирган ва ушбу тўғрисида расмий мурожаати қайд этилган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари;

танлов – номзод учун қўйилган талабларни ўрганиш, унинг мурожаатини кўриб чиқиш, ҳарбий-касбий танловни ўтказиш ва ҳарбий хизматга қабул қилиш учун тайёрлаш билан боғлиқ фаолият;

ҳарбий-касбий танлаш – номзоднинг ҳарбий хизматга лойиқлигини конкурс асосида аниқлашга қаратилган комплекс тадбирлар мажмуи (умумжисмоний ва ахлоқий-руҳий тайёргарлигини баҳолаш, ҳарбий-тиббий кўрикдан ўтказиш).

3. Миллий гвардия бўлинмаларида контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш истагини билдирган фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар аризаси (билдиргиси) мазкур низомнинг 1-иловасига мувофиқ Номзодларни ҳисобга олиш журналида рўйхатга олинади.

4. Қоида тариқасида, номзодларни танлаш ва ҳарбий хизматга қабул қилиш эксҳудудийлик принципи асосида амалга оширилади, алоҳида ҳоллар бундан мустасно.

5. Ушбу Низомнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш учун барча номзодларга бир хил шарт-шароитларни яратиб бериш, шунингдек ошкораликни, ижтимоий адолатни ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш;

танловни ташкил этиш, ўтказиш ва ҳарбий хизматга қабул қилиш бўйича раҳбарлар (мансабдор шахслар) ваколатларини белгилаш;

танлов комиссияси фаолиятини ташкил этиш, танловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш тартибини белгилаш;

номзоднинг ҳарбий хизматни ўташ бўйича талабларга мувофиқлигини аниқлаш, ҳарбий хизматга яроқлилик даражасини, шу жумладан махсус антропометрик параметрларга жавоб беришини текшириш;

номзоднинг ҳарбий касбга хос хусусиятлари, маънавий ва ахлоқий-руҳий тайёргарлиги, билим савияси ва умумжисмоний тайёргарлиги даражасини холисона баҳолаш;

Миллий гвардия бўлинмаларини соғлом, интеллектуал салоҳияти юқори ва зарур билимга эга бўлган ҳарбий хизматчилар билан бутлаш.

6. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига, шунингдек унинг розилигига ёхуд Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилинадиган қуйидаги шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди:

вазирлик ва идораларнинг ҳарбий хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларига;

тегишли йўлланма орқали контракт бўйича ҳарбий хизматга юборилган олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларига;

халқаро шартномалар асосида ўқишга юборилган, хорижий давлатлар олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларига;

алоҳида ҳолларда, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига.

7. Номзодни танлаш қуйидаги босқичларда ташкил этилади:

а) номзодни ўрганиш (ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш, номзод билан якка тартибда суҳбатлашиш);

б) умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

в) индивидуал-психологик ўрганиш (психологик тест синовидан ўтказиш);

г) тиббий кўрикдан ўтказиш;

д) номзодларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш.

8. Танловдан муваффақиятли ўтган номзодларни контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш – танлов комиссиясининг хулосаси асосида амалга оширилади.  

Танлов комиссияси танлов якунлари натижаларига кўра, танлов муддатини кечиктириш, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматни ўташга яроқли деб топилган ва танловда юқори балл тўплаган номзодларни контракт бўйича «ҳарбий хизматга қабул қилиш» ёки ушбу Низомда белгиланган талабларга жавоб бермаган ҳолларда «рад этиш» тўғрисида қарор чиқаради.

9. Номзодларни Миллий гвардия бўлинмаларидаги контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш – оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибидаги лавозимларга тайинлашга ваколатли раҳбарнинг (командир ёки бошлиқнинг) буйруғига асосан амалга оширилади. 

10. Номзодларни танлашни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар – бутлашга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, ваколатли раҳбарлар (командир ва бошлиқлар) топшириғига асосан кадр органлари томонидан амалга оширилади. Фуқаронинг аризаси (ёки муддатли ҳарбий хизматчининг билдиргиси) уларни номзод сифатида рўйхатга олиш учун асос бўлади.

11. Номзоднинг касбий тайёргарлигига мувофиқ келадиган бўш лавозимларнинг йўқлиги ва номзодни контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш бўйича ўрнатилган талабларга мувофиқ эмаслиги ҳақидаги комиссиянинг хулосаси  – номзодлар билан бошланғич контракт тузишни рад этиш учун асос бўлади.  

 

2-боб. Миллий гвардия бўлинмаларида контракт бўйича ҳарбий хизматга кирадиган номзодларга қўйиладиган асосий талаблар

 

12. Миллий гвардия бўлинмаларига контракт асосида ҳарбий хизматга – юқори даражадаги касбий ва маънавий-руҳий тайёргарликка эга бўлган,
шу жумладан махсус, тактик, ўқ отиш, умумжисмоний ва касбий тайёргарлик бўйича юқори индивидуал кўрсаткичларга эга қуйидаги тоифадаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан танланади:

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (ўтаётган) ва сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар;

олий таълим муассасаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган шахслар.

муқаддам оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибидаги лавозимларда контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган шахслар.

13. Миллий гвардия сафига номзодлар жисмоний ривожланганлиги ва бўйи-басти бўйича қуйидаги махсус антропометрик параметрларга жавоб беришлари лозим:

Фахрий қоровул бўлинмаларига – 185 сантиметрдан паст бўлмаган;

Отлиқ аскарлар эскадронига – 175 сантиметрдан паст бўлмаган; 

Қолган барча бўлинмаларига – 180  сантиметрдан паст бўлмаган эркак номзодлар танланади.

Олий таълим муассасаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган аёл номзодларнинг бўй-басти 165 сантиметрдан паст бўлмаслиги лозим.

14. Номзодларга қуйидаги талаблар қўйилади:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси  бўлиш;

Ватанига содиқ бўлиш, фаол ҳаётий нуқтаи назарга, юқори даражадаги ҳушёрлик ҳамда ёт мафкура ва ахлоққа нисбатан муросасизлик зарурлигини англаш;

давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган ҳуқуқларининг ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ равишда чегараланган бўлишига  ва Ўзбекистон Республикасининг исталган ҳудудида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташга доимо тайёр бўлиш;

жисмоний ва руҳий юкламаларни талаб этадиган топшириқларни бажаришга, ностандарт ва қаттиқ ҳаяжон вазиятларида тез ва тўғри қарор қабул қилиш қобилиятига эга бўлиш;

ахборот-коммуникация технологиялари асосларини билиш;

Ўзбекистон тарихини билиш, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати масалаларини тўлиқ англаб етиш, бўлаётган воқеа-ҳодисалар тафсилотларини таҳлил қила олиш.

15. Зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг қарорига кўра, фан, маданият ва спорт арбоблари – конкурс ва танловсиз контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиниши мумкин.

 

3-боб. Фуқаролар орасидан номзодларни танлаш тартиби

 

16. Номзодларни танлаш мақсадида Миллий гвардия бўлинмаларида доимий равишда очиқ эшиклар куни ўтказилади.

Номзодлар – Миллий гвардиянинг контракт бўйича ҳарбий хизматчилари томонидан ҳам белгиланган тартибда тавсия этилиши мумкин.

17. Миллий гвардия бўлинмаларида контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш истаги билан мурожаат этган фуқаро билан якка тартибда суҳбат ўтказилади.

18. Номзодлар билан якка тартибда суҳбат ўтказилишини таъминлаш ва уларнинг билим савияси ва дунёқарашини баҳолаш мақсадида Миллий гвардия бўлинмаларида номзодлар билан суҳбат ўтказиш комиссиялари (бундан буён матнда суҳбат ўтказиш комиссиялари деб юритилади) ташкил этилади. Улар таркибига Миллий гвардия бўлинмалари раҳбарлари (командирлари) ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда кадр органларининг мансабдор шахслари киритилади.

19. Суҳбат давомида Миллий гвардия сафига контракт бўйича ҳарбий хизматга кираётганларга қўйилаётган талаблар, ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ имтиёзлар ва ҳарбий хизматни ўташ шартлари ҳақидаги маълумотлар номзодлар эътиборига етказилади.

20. Суҳбат жараёнида номзоднинг контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш истагининг сабаблари, номзоднинг контракт бўйича ҳарбий хизматга киришига ота-онаси ва яқин қариндошларининг муносабатлари, ҳарбий хизматни ўташга руҳан тайёрлиги, киришимлилиги, номзоднинг фикрлаш қобилияти, унинг ақлий салоҳияти, дунёқараши, Ўзбекистон тарихи, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини билиши баҳоланади.

21. Номзодни баҳолашда унга берилган саволнинг мазмун ва моҳиятини очиб бериши, жавобни мантиқан ва кетма-кетликда изчил ифодалаши, мустақил ва ижодий фикрлаши ҳамда уни ёритишда ишончли далиллар ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилиши инобатга олинади.

22. Суҳбат натижаларига кўра суҳбат ўтказиш комиссиялари томонидан ҳар бир номзод юзасидан «Номзодлар рўйхатига киритилсин ва ҳарбий-касбий танловга тақдим этилсин» ёки «Келгусида қайта ўрганиш шарти билан рад этилсин» каби қарорлардан бири қабул қилинади.

Суҳбат якунига кўра, суҳбат ўтказиш комиссиялари томонидан суҳбат варақаси расмийлаштирилиб, унда номзодлар бўйича қабул қилинган қарор кўрсатилади ва номзодлар ушбу қарор билан таништирилади.

23. Суҳбат ўтказиш комиссиялари томонидан номзоднинг мурожаатини рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда баённома тузилади.  

Баённома номзод билан суҳбат ўтказилган Миллий гвардия бўлинмасининг давлат герби тасвири туширилган муҳри билан муҳрланади.

24. Номзодларнинг рад этилганлиги тўғрисидаги баённомалар шахсий таркибни ҳисобга олиш бўйича йиғма жилдларга жамланади. Асл нусхаси танлов ўтказилган Миллий гвардия бўлинмасида сақланади.

25. Суҳбатдан ўтган номзоддан белгиланган тартибда ариза қабул қилинади.

26. Фуқаронинг аризасида қуйидагилар кўрсатилади:

а) фуқаронинг ҳарбий унвони (мавжуд бўлганда), фамилияси, исми ва отасининг исми;

б) туғилган йили, ойи, санаси ва жойи;

в) яшаш жойи;

г) маълумоти;

д) контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш мақсади.

27. Аризаси қабул қилиниб, ўрнатилган тартибда рўйхатга олинган фуқаро номзод ҳисобланади.

28. Фуқаро ўз аризаси билан биргаликда, қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) паспорт нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);

б) туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);

в) ФҲДЁ органларидан маълумотнома (туғилганлик ҳақида гувоҳномага ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган ёки алмаштирилган ҳолларда);

г) қариндошларининг (ота-она, эр-хотин, фарзандлар, ака-укалар, опа-сингиллар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари) паспорт нусхалари, никоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги, ногиронлик (агар мавжуд бўлса), қариндошларининг ўлими ҳақидаги гувоҳномаларининг нусхалари (асли кўрсатилган ҳолда);

д) 3х4 см ўлчамдаги олтита рангли фотосурат (бош кийимсиз), шунингдек 9х12 см ўлчамдаги иккита фотосурат (бош кийимсиз);

е) ўз қўли билан тўлдирилган номзоднинг таржимаи ҳоли ва анкета-маълумотномаси;

ж) ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) ва яшаш жойидан тавсифнома ҳамда маълумотнома (оила аъзолари кўрсатилган ҳолда);

з) ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (асли кўрсатилган ҳолда);

е) асли кўрсатилган ҳолда ҳарбий гувоҳнома нусхаси;

к) прописка жойи бўйича белгиланган намунадаги соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумотнома (бўй параметри кўрсатилган ҳолда);

л) асли кўрсатилган ҳолда меҳнат дафтарчасининг нусхаси (агарда мавжуд бўлса).

Ҳарбий хизматни ўташ хусусиятидан келиб чиқиб, шунингдек айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш мақсадида, номзоддан ёки тегишли муассасадан қўшимча ҳужжат ёхуд маълумотлар талаб қилиб олиниши мумкин.

29. Агарда, фуқаро илгари ҳарбий хизматни ўтаган бўлса, ўз аризасида бўшаш сабаблари ва ҳолатини кўрсатади. Бундай ҳолларда, Миллий гвардия кадрлар органлари тегишли вазирлик ва идорадан – номзоднинг конракт бўйича ҳарбий хизматдан бўшаш сабабларини ўрганади ва танловга қўйиш (қўймаслик) ҳақидаги қарорни қабул қилади.

30. Ўрганиш ва танловнинг ҳар қандай босқичида, қуйидаги асослар бўлганда, номзоднинг аризаси қайтарилиши (рад этилиши) мумкин:

а) мурожаат этган шахсда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг мавжуд эмаслиги;

б) Қонунда белгиланган, ихтиёрий равишда, контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш ёшидан ўтиб кетганида;

в) эркак жинсдаги фуқаро ҳарбий хизматга мажбур бўлмаса;

г) қонун ҳужжатларига мувофиқ, ҳарбий хизматни ўташ учун контракт тузиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаса;

д) номзоднинг ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилганда, дастлабки тергов ёки суриштирув ишлари олиб борилаётган бўлса, суд томонидан унга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилаётган бўлса (бундай ҳолларда номзодни кўриб чиқиш ишлари реабилитация қилиш асосларига кўра якуний қарор қабул қилингандан сўнг амалга оширилади);

е) жазо тури ва амнистия қўлланганлигидан қатъи назар жиноят содир этганлиги учун айблов ҳукми эълон қилинган бўлса;

ж) фуқаро якка тартибда суҳбатдан ёки танлов босқичларидан ўтмаган бўлса;

з) фуқаро илгари контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган ва хизматга нолойиқлиги ёки суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан ҳарбий хизматдан бўшатилган бўлса;

и) Миллий гвардиянинг номзодларга қўйилган махсус талабларига мувофиқ бўлмаса.

31. Номзодларни ўрганиш ва танлаш бўйича ишлар Миллий гвардия бўлинмалари кадр органлари томонидан ташкиллаштирилади.

Комиссия ҳужжатларни ўрганиш натижаларига кўра, Миллий гвардия бўлинмаси кадр органига:

номзоднинг ҳарбий хизматга лойиқлиги;

номзоднинг ҳарбий хизматга лойиқ эмаслиги;

номзодни мутахассислиги бўйича бўш лавозимга тайинлаш бўйича таклифлардан иборат бўлган хулосасини киритади.

Комиссия хулосаси комиссия баённомаси билан тасдиқланади. Баённома нусхаси номзоднинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдига тикилади.  

32. Номзодлар штат бўйича аниқ лавозимга (ҳарбий-ҳисоб мутахассисликка) қўйилган барча малакавий талабларга жавоб бериши лозим.

4-боб. Муддатли ҳарбий хизматчилар орасидан номзодларни
танлаш тартиби

 

33. Ҳарбий қисм ва муассасаларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар билан умумий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали, Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш истагини билдирган номзодлар аниқланади.

34. Суҳбатлар жараёнида, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Миллий гвардия бўлинмаларида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ шартлари, қонун ҳужжатларида белгиланган қоидалар тушунтирилади.

35. Муддатли ҳарбий хизматчилар орасидан контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ истагини билдирганлар ҳарбий хизматни ўташ муддати  тугашидан камида  4 ой олдин бевосита командирига контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш ҳақида билдиргиси билан мурожаат этади.

Муддатли ҳарбий хизматчининг билдиргисида қуйидагилар кўрсатилади:

а) лавозими, ҳарбий унвони, фамилияси, исми ва отасининг исми;

б) туғилган йили, ойи, санаси ва жойи;

в) яшаш жойи;

г) чақирув вақти;

д) маълумоти.

Муддатли ҳарбий хизматчи ўз билдиргиси ва тавсифномаси билан бирга, ушбу низомнинг 28-бандида белгиланган ҳужжатларни топширади. Хизмат заруратига кўра бошқа ҳужжатлар ҳам талаб қилиниши мумкин.

36. Белгиланган тартибда билдиргиси қабул қилинган ва рўйхатга олинган муддатли ҳарбий хизматчилар – номзод сифатида кўриб чиқилади.

37. Миллий гвардия бўлинмаси раҳбари (командир ёки бошлиғи) томонидан муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчи билдиргиси
ва хизмат тавсифномаси – Миллий гвардия кадрлар органларига ўрганиш учун тақдим этилади. 

38. Кадр органи билдиргини қабул қилади ҳамда номзодни ўрганиш
ва танлаш ишларини ташкиллаштиради.  

39. Миллий гвардия бўлинмалари раҳбарлари (командир ёки бошлиқ) қарорига кўра, муддатли ҳарбий хизматчининг ҳужжатлари танлов комиссиясига топширилади.

Комиссия ҳужжатларни ўрганиш натижаларига кўра:

муддатли ҳарбий хизматчининг контракт бўйича ҳарбий хизматга лойиқлиги;

муддатли ҳарбий хизматчининг контракт бўйича ҳарбий хизматга лойиқ эмаслиги;

муддатли ҳарбий хизматчини мутахассислиги бўйича бўш лавозимга тайинлаш бўйича таклифлардан иборат бўлган хулосасини киритади.

40. Ўрганиш ва танлашнинг ҳар қандай босқичида, муддатли ҳарбий хизматчининг билдиргиси қуйидаги ҳолларда қайтарилиши (рад этилиши) мумкин:

а) номзоднинг ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилганда, дастлабки тергов ёки суриштирув ишлари олиб борилаётган бўлса, суд томонидан унга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилаётган бўлса (бундай ҳолларда номзодни кўриб чиқиш ишлари реабилитация қилиш асосларига кўра якуний қарор қабул қилингандан сўнг амалга оширилади);

б) жазо тури ва амнистия қўлланганлигидан қатъи назар жиноят содир этганлиги учун айблов ҳукми киритилган бўлса;

в) бошқарув органи, ҳарбий қисм ва муассаса қўмондонлиги (командир, бошлиқ) томонидан кейинги танлов тадбирларига тақдим этиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилса;

г) Миллий гвардиянинг номзодларга қўйилган махсус талабларига мувофиқ бўлмаса.

5-боб.  Ҳарбий-профессионал танлаш комиссияси
фаолиятини ташкил этиш

 

41. Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга муносиб номзодларни танлаш мақсадида, Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан Миллий гвардия бўлинмаларида ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини ўтказиш комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тузилади. Комиссия доимий фаолият юритади.

Миллий гвардия қўмондонининг кадрлар, ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари – Комиссия раиси ҳисобланади.

Комиссия раиси – комиссия ишини ташкиллаштириш, фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишга масъул ҳисобланади.

42. Комиссия таркиби – Миллий гвардиянинг тегишли соҳавий хизматлари ҳамда Миллий гвардия бўлинмаларидан ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини ўтказишга масъул ҳарбий хизматчилари орасидан шакллантирилади.

Заруратга кўра, Комиссия фаолиятига бошқа вазирлик ва идоралар мутахассислари жалб қилиниши мумкин.

6-боб. Ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини

ташкил этиш  ва ўтказиш тартиби

 

43. Ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини ўтказиш жадвали ва жойи комиссия қарори билан  белгиланади.

Ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари – уларнинг турларидан келиб чиқиб, тегишли мутахассислар томонидан ўтказилади.

44. Ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари мавжуд бўш лавозимлар ва бўшаши режалаштирилаётган лавозимларни инобатга олган ҳолда ўтказилади.

45. Ҳарбий-профессионал танлашда иштирок этадиган номзодларнинг сони чекланмайди.

 Қоида тариқасида, бир лавозимга камида иккита номзодлар иштирок этиши лозим.

46. Ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари номзоднинг хоҳишига кўра давлат, қорақалпоқ ёки рус тилларида ўтказилади.

 

1-§. Номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш

 

47. Номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлиги даражасини баҳолаш мазкур Низомнинг 2-иловасидаги жадвалга мувофиқ амалга оширилади.

48. Умумжисмоний тайёргарлик машқларини бажариш бошланишидан олдин номзодларга тегишли мутахассислар томонидан машқларни бажаришга қўйиладиган талаблар, мезонлар ҳамда машқларни бажариш тартиби тушунтирилади.

49. Номзодлар умумжисмоний тайёргарлик машқларини бажаришда спорт кийимида бўлишлари шарт.

50. Номзодлар томонидан бажарилиши лозим бўлган умумжисмоний тайёргарлик машқлари ва уларни бажаришга қўйиладиган талаблар эркак ва аёл жинсидаги номзодлар учун алоҳида белгиланади.

51. Умумжисмоний тайёргарлик машқларини бажарган номзодларни баҳолаш натижалари бўйича далолатнома расмийлаштирилади ва далолатнома комиссиянинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашда иштирок этган аъзолари томонидан имзоланади.

Далолатнома имзоланган куннинг ўзида номзодларга эълон қилинади.

52. Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашда машқларнинг биридан «қониқарсиз» баҳоланган номзод, бошқа умумжисмоний тайёргарлик машқларига  қўйилмайди.

Номзодлар умумжисмоний тайёргарлик машқларини бир йил давомида уч маротабагача қайта топширишлари мумкин.

 

2-§. Номзодларни индивидуал-психологик ўрганиш  

 

53. Номзодларни индивидуал-психологик ўрганиш – психологлар жалб этилган ҳолда уларни психологик тест синовидан ўтказиш йўли билан ўтказилади.

54. Психологик тест синовидан ўтказиш методикаси, Миллий гвардия сафида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташнинг ўзига хослиги ҳисобга олинган ҳолда, Миллий гвардиянинг тегишли соҳавий хизматлари психологлари томонидан ишлаб чиқилади.

55. Психологик тест синови натижаларига кўра салбий хулоса олган номзодлар ҳарбий-профессионал танлашнинг кейинги босқичларига қўйилмайди. Уларга тест топширган кунидан икки ойдан кейингина, қайта топширишга рухсат берилади. Қайта топширишларнинг сони бир йилда икки маротабадан ошмаслиги шарт.

56. Умумжисмоний тайёргарлик ва индивидуал-психологик ўрганиш натижаларига кўра номзодларнинг кўрсаткичлари якуний баҳоланади.

57. Ҳарбий-профессионал танлаш натижалари бўйича номзоднинг контракт бўйича ҳарбий хизматга қўйиладиган талабларга мос келиши ёки келмаслиги тўғрисида комиссия томонидан хулоса чиқарилади.

Ҳарбий-профессионал танлаш баённомаси тузилиб, комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

58. Номзодни ўрганиш натижаларига асосан «контракт бўйича ҳарбий хизмат талабларига нолойиқлиги тўғрисида» қарор қабул қилинган тақдирда, кадр органи ходими баённомадан кўчирма олгандан сўнг, номзодга рад этилганлиги тўғрисида маълум қилади.

3-§. Тиббий кўрикдан ўтказиш

 

59. Номзодларнинг контракт бўйича ҳарбий хизматга яроқлилик даражасини аниқлаш юзасидан улар тиббий кўрикдан ўтказилади.

Номзодларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланмалар Миллий гвардия бўлинмалари тиббиёт хизматлари томонидан берилади. 

60. Тиббий кўрик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 21 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган Тинч ва ҳарбий даврда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий кўрикдан ўтиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

61. Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича соғлиғининг ҳолатига кўра номзоднинг Миллий гвардия сафида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташга яроқлилиги даражаси тўғрисида хулоса чиқарилади.

Соғлиғининг ҳолатига кўра Миллий гвардия сафида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташга яроқсиз деб ҳисобланган номзодлар ҳарбий-профессионал танлашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.

62. Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, Миллий гвардия бўлинмаларида ҳарбий хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган, ушбу Низомда белгиланган антропометрик талабларга жавоб бермайдиган фуқаролар хизматга қабул қилиниши мумкин эмас.

7-боб. Номзодларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш

 

63. Номзодларнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдларини расмийлаштириш Миллий гвардиянинг кадрлар органлари томонидан амалга оширилади.

64. Номзодларнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдларини расмийлаштириш давомида ҳарбий хизматга қабул қилинишига тўсқинлик қилувчи маълумотлар (хизматга қабул қилиш учун умумий ва махсус талабларга мос келмаслик) аниқланган тақдирда, уни шахсий ҳужжатлар йиғма жилдларини расмийлаштириш тўхтатилиб, ҳарбий хизматга қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида ваколатли раҳбар (командир) томонидан қарор қабул қилинади.

65. Номзодлар ўрнатилган тартибда тиббий кўрикдан ва махсус текширувлардан ўтказилганидан сўнг, Миллий гвардия сафига қабул қилинишлари юзасидан тўсқинлик қилувчи салбий ҳолатлар аниқланмаган тақдирда, уларни ҳақиқий ҳарбий хизматга қабул қилиш ишлари амалга оширилади.

66. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Кадрлар бошқармаси шахсий ҳужжатлар йиғма жилди келиб тушгандан сўнг, номзодларни контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш ва лавозимларга тайинлаш тўғрисидаги буйруқ лойиҳасини тайёрлайди.

67. Буйруқ имзоланган кундан бошлаб, 5 (беш) иш куни давомида номзодларнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдлари ва буйруқдан кўчирмалар, номзодлар қабул қилинган ва лавозимга тайинланган Миллий гвардия бўлинмасига юборилади.

Номзод ҳарбий ҳисобда турган мудофаа ишлари бошқармасига эса,
2 (икки) иш куни давомида номзоднинг контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилинганлиги тўғрисида ёзма хабарнома юборилади.

68. Ҳарбий хизматга биринчи марта қабул қилинган фуқаролар Миллий гвардия қасамёдини қабул қилади.

69. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг захирасидаги офицерларни Миллий гвардия бўлинмаларидаги оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларига тайинлашга йўл қўйилмайди.

70. Ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари натижалари, умумжисмоний тайёргарлик бўйича баҳолаш далолатномалари ва психологик тестнинг жавоб варақалари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Кадрлар бошқармасида ўрнатилган тартибда сақланади.

Танлов комиссияси баённомалари ижросини таъминлаш муддати баённома тасдиқланган кундан бошлаб, бир йил ҳисобланади.  

 

8-боб. Якуний қоидалар

 

71. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига  контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни танлаш  ва  қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга

1-ИЛОВА

 

НОМЗОДЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ЖУРНАЛИ

 

Т/р

Сана

Ҳарбий унвони

Ф.И.Ш

Туғилган йили ва куни

Ҳарбий-ҳисоб мутахассислиги, лавозими

Фуқаролик мутахассислиги

Манзили,

яшаш жойи, телефон рақами

Суҳбатни ўтказган ҳарбий хизматчининг ҳарбий унвони, Ф.И.Ш

Суҳбат натижаси

Изоҳ

1

2

3

4

5

6

7

8

9

10

11

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига  контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни танлаш  ва  қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга

2-ИЛОВА

 

 

Номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлиги даражасини баҳолаш

МЕЪЁРЛАРИ

 

1. Эркак номзодлар учун:

Т/р

Машқнинг номи

Ўлчов бирлиги

Кийиниш русуми

Ёш гуруҳи

Баҳолаш учун кўрсаткичлар

Аъло

Яхши

Қониқарли

1.

100 м.га югуриш

сек.

Спорт кийими

1

14,0

14,4

15,2

2

14,2

14,6

15,4

3

14,8

15,4

16,0

2.

3 км.га югуриш

дақ. сек.

1

12,40

13,00

13,35

2

13,00

13,20

14,00

3

14,20

14,50

15,30

3.

Турникда тортилиш

марта

1

14

12

10

2

13

11

9

3

10

8

6

 

2. Аёл номзодлар учун:

Т/р

Машқнинг номи

Ўлчов бирлиги

Кийиниш русуми

Ёш гуруҳи

Баҳолаш учун кўрсаткичлар

Аъло

Яхши

Қониқарли

1.

100 м.га югуриш

сек.

Спорт кийими

1

16,8

17,4

18,0

2

17,4

18,0

18,6

3

18,0

18,6

19,2

2.

1 км.га югуриш

дақ. сек.

1

4,25

4,40

5,00

2

4,35

4,50

5,20

3

4,50

5,05

5,40

3.

Комплекс куч ишлатиш машқлари

марта

1

32

29

26

2

30

27

24

3

28

25

22

 

Umumiy takliflar

5189