ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
3349 Министерство экономики и промышленности Республики Узбекистан 26/05/2019 (not set) 0
O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
2019-2021 йилларда Самарқанд вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида
ID-3349

Вилоят саноатида озиқ-овқат саноати (39,8 фоиз), машинасозлик ва эҳтиёт қисмлар саноати (25,4 фоиз), текстиль ва тўқимачилик саноати (19,9 фоиз) етакчи улушга эга.

Бугунги кунда вилоятда 4,6 минг дан ортиқ саноат корхоналари фаолият кўрсатиб келмоқда. Вилоятда саноатнинг ЯИМ даги улуши 18,4 фоизни ташкил этмоқда.

Самарқанд вилоятининг табиий хом ашё, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, саноат соҳаларини жадал ривожлантириш орқали туманлар бюджетининг даромадлар базасини кенгайтириш ҳамда аҳолининг бандлиги, даромадлари ва турмуш даражасини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар Самарқанд вилоятининг саноат салоҳиятини янада ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгилансин:

вилоятнинг мавжуд ресурслари ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи юқори технологияли корхоналарни ташкил этиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиши учун қулай шароитлар яратиш;

озиқ-овқат саноатида, жумладан мева-сабзавот, қандолатчилик ва гўшт-сут саноатида, тегишли равишда уларнинг ривожланишини таъминлаш учун зарур хом ашё ва озуқа базасини кенгайтириш орқали янги замонавий қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш;

биринчи навбатда хом ашёни чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган замонавий тўқимачилик, жумладан тайёр тикув-трикотаж ва пайпоқ маҳсулотлари ҳамда чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни ривожлантириш;

кенг турдаги рақобатбардош электротехника саноати ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни жадал ривожлантириш;

қурилиш материаллари саноатида, биринчи навбатда, маҳаллий хом ашё негизида замонавий деворбоп, пардозлаш ва бошқа турдаги энергияни тежовчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш.

2. Қуйидагилар:

2019-2021 йилларда Самарқанд вилоятининг макроиқтисодий кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;

2019-2021 йилларда Самарқанд вилоятида саноат соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ;

2019-2021 йилларда Самарқанд вилоятида амалга ошириш учун таклиф этилаётган салоҳиятли лойиҳалар рўйхати 3-иловага мувофиқ;

2019-2021 йилларда “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг ишлаб чиқариш инфратузилмасини олдиндан барпо этиш бўйича дастур 4а-иловага ҳамда кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш инфратузилмасини олдиндан барпо этиш бўйича дастур 4б-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қишлоқ хўжалик вазирлиги (Ходжаев), Инновацион ривожланиш вазирлиги (Абдурахмонов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), билан биргаликда 2 ой муддатда:

қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи, чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи ҳамда сут ва гўштни қайта ишлашга ихтисослаштирилган хўжалик бирлашмаларининг илмий-ишлаб чиқариш марказлари билан ҳамкорлигини ошириш;

илмий-ишлаб чиқариш марказлари томонидан хўжалик бирлашмалари фаолиятини яхшилаш ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан кооперация алоқалари асосида илмий кўрсатмалар ишлаб чиқиш;

ҳудудларда етиштирилаётган ва қайта ишланаётган маҳсулотларга аниқ бозорлар топиш ҳамда ташқи ва ички бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда келаси йил учун экиладиган маҳсулот ҳажмлари тўғрисида аниқ кўрсатмалар бериш фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б.Хўжаев), ва тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар бир шаҳар ва туманларда давлат хизматлари марказида тадбиркорлик субъектлари учун давлат томонидан яратилаётган қулайликлар, имтиёз ва преференциялар соҳада бўлаётган янгиликларни ҳар бир тадбиркорга (электрон ва бошқа воситалар орқали) етказиб бериш механизмини ташкил этиш юзасидан таклифларни 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзақов), Ташқи ишлар вазирлиги (Комилов), Инновацион ривожланиш вазирлиги (Абдурахмонов) Дастурнинг 3-иловасида таклиф этилаётган салоҳиятли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ташаббускорларни аниқлаш, тўғридан-тўғри хорижий инвесторларни жалб қилиш, инновацион технологияларни жорий қилиш бўйича зарур чораларни кўрсин.

6. Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Турдимов):

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда бир ой муддатда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш, замонавий технологик асбоб-ускуналар билан таъминлаш ва лойиҳаларни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиб тасдиқласин;

манфаатдор давлат ва хўжалик органлари, тижорат банклари, лойиҳаларнинг ташаббускорлари билан биргаликда тасдиқланган дастур параметрларининг сўзсиз бажарилишини таъминласин ва бунда инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, ишлаб чиқаришнинг мўлжалланган ҳажмлари ўзлаштирилишини ва янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутсин;

муаммоли масалаларни мунтазам равишда кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва зарур амалий чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда лойиҳалар бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб борсин.

7. Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Турдимов), Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (Икрамов), тижорат банклари билан биргаликда лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширилишини ташкил этиш мақсадида ташаббускорларга бизнес режа тайёрлашда, кредит маблағларини ажратилишида зарур ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (Тўхтаев), “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси (Абдуллаев), Самарқанд вилояти ҳокимлигига (Турдимов) манзилли рўйхатга киритилган лойиҳалар доирасида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун зарур бўлган ер майдонлари ажратиш ҳамда қурилиш-монтаж ишларига рухсатномалар берилишини “ягона дарча” тамойили асосида амалга ошириш юклансин.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси қурилиш материаллари ва бошқа саноат маҳсулотлари турларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун ташаббускорлар томонидан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун берилган буюртмалар асосида белгиланган тартибда лицензиялар берилишини таъминласин.

10..Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазири А.Ж. Раматов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири        А.Н.Арипов

Umumiy takliflar

208