ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
3289 Министерство транспорта Республики Узбекистан 16/05/2019 31/05/2019 9

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Йўловчилар автомобиль транспортида очиқ тендерлар ташкил этиш масалалари тўғрисида
ID-3289

ЛОЙИҲА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

ҚАРОРИ

 

Автомобилларда йўловчи ташиш йўналишлари бўйича очиқ тендерлар ташкил этиш тўғрисида

 

 

 

Аҳолига хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини ошириш, автомобиль транспортида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро (вилоят ичида, вилоятлараро) йўналишлар учун очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги
низом 1-иловага мувофиқ;

шаҳар, шаҳар атрофи ва вилоятлар ичидаги шаҳарлараро йўналишларда йўловчи ташишни ташкил этиш бўйича ҳудудий комиссиялар тўғрисидаги намунавий низом 2-иловага мувофиқ;

шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишни ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро комиссия тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишни ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро комиссия таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Миллий ташувчиларга ҳалқаро йўналишларда йўловчи ташиш ҳуқуқини бериш тартиби бўйича йўриқнома 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги (Вазирлик):

икки ой муддатда шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро (вилоят ичида, вилоятлараро) йўналишларда йўловчи оқимини ҳамда йўналишларнинг рентабеллигини ҳисоблаш методологиясини;

тўрт ой муддатда йўналишларининг рентабеллигини ҳисоблаш методологияси асосида йўналишлар классификациясини (гуруҳлаш) ишлаб чиқсин.

Беш ой муддатда онлайн режимида тендер ўтказиш бўйича қўшимча интерактив хизматларни веб-сайтда яратсин.

3. Вазирлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда ўн кун муддатда шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ичидаги йўналишларда йўловчи ташишни ташкил этиш бўйича ҳудудий комиссиялар тузсинлар ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқласинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 6-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 7-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республиксининг

Бош вазири

 

 

А. Арипов

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ___ ________ ____-сон қарорига
1-ИЛОВА

 

Шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро (вилоятлар ичида, вилоятлараро) йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги

НИЗОМ

 

  • I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1. Ушбу Низом шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро (вилоятлар ичида, вилоятлараро) йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилаб беради.

 

2. Очиқ тендерларни ташкил этишдан мақсад барча  йўналишларида йўловчилар ташиш транспорти томонидан хизмат кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини такомиллаштириш, йўловчиларни юқори сифатли ташиш ва хизмат кўрсатишнинг энг қулай шароитларини акс эттирувчи энг фойдали таклифларни аниқлаш, йўловчилар транспорти хизматлари бозорини тартибга солиш, йўналишларни ташувчиларга бириктириш бўйича қарорлар қабул қилишда шаффофликни таъминлаш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳисобланади.

 

3. Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

Комиссия- Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик), Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа манфаатдор органлар вакилларидан иборат бўлган идоралараро коллегиал орган, очиқ тендер ташкилотчиси.

Ваколатли орган- Комиссия ишини мувофиқлаштирувчи, уларнинг фаолиятини ташкилий-техник таъминловчи, комиссия қарори асосида тендерда ғолиб бўлган ташувчилар билан йўналишга хизмат кўрсатиш ҳужжатларини расмийлаштирувчи ва шартнома шартлари ҳамда йўналиш талабларига риоя этилишини назорат қилувчи давлат бошқарув органи ёки унинг ҳудудий бошқармаси.

Ташувчи- мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида автотранспорт воситасига эга бўлган, тижорат асосида йўловчилар ва багаж ташиш хизматини кўрсатадиган ҳамда бунга махсус рухсатномаси бўлган юридик шахс.

Йўналиш – автотранспорт воситаларининг (енгил автомобиль, автобус, микроавтобус) муайян манзиллар оралиғида белгиланган қатнов йўли.

Талабгор - тендер танловида қатнашиш истагини маълум қилган ташувчи.

Қатнашчи- очиқ тендерларда қатнашиш учун таклифларни тақдим этган талабгор.

Лот - очиқ тендерда эълон қилинган йўловчи ташиш йўналиши (йўналишлар пакети, алоҳида жадвали)

Тендер ғолиби - лот бўйича тақдим этган таклифларининг комиссия томонидан баҳоланиши натижасида энг кўп баллар тўплаган тендер қатнашчиси.

 

Шартнома - ташувчи ҳамда буюртмачи ўртасида муайян муддатга имзоланадиган, йўналишда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи юридик ҳужжат.

4. Қуйидагилар йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкилотчилари ҳисобланадилар:

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ўртасидаги йўналишларда (кейинги ўринларда шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишлар) — шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни бириктириш юзасидан очиқ тендерлар ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда комиссия);

шаҳар, шаҳар атрофи ва вилоятлар ичидаги шаҳарлараро йўналишларда ва Қорақалпоғистон Республикаси доирасидаги йўналишларда (кейинги ўринларда шаҳар ва вилоят ички йўналишлари) — шаҳар ва вилоят ички йўналишларини бириктириш юзасидан очиқ тендерлар ташкил этиш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда комиссия).

5. Қуйидагилар комиссия ишини мувофиқлаштирадилар ҳамда унинг ваколатли органи ҳисобланадилар:

шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларда— Вазирлик;

шаҳар ва вилоят ички йўналишлари — Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари.

6. Ваколатли орган қуйидаги ваколатларга эга:

Йўналишларнинг минимал талабларини ишлаб чиқиш;

Очиқ тендерларда эълонларни (лотларни) оммавий ахборот воситаларига  жойлаштириш;

Тендер ғолибининг лот бўйича таклифларини ҳаққонийлигини текшириш;

Тендер ғолибининг ҳар бир автотранспорт воситасига рухсатномаларни бериш;

Тендер ғолиби билан шартнома тузиш;

Йўналиш талаби ва шартнома шартларига амал қилинишини назорат қилиш;

Шартнома шартларига амал қилинмаслик юзасидан далолатномаларни расмийлаштириш ҳамда ўрнатилган тартибда шартномани бекор қилиш.  

7. Тендерга алоҳида йўналишлар ҳам, йўналишлар пакетлари ҳам қўйилиши мумкин шунингдек узунлиги камида 400 км бўлган ушбу йўналишларнинг алоҳида жадваллари.

Йўналишлар пакетларини шакллантиришда йўналишларнинг аҳамияти ва рентабеллиги ҳисобга олинади. Йўналишлар рентабеллигига қараб, Вазирлик томонидан ишлаб чиқилган методологияга асосан классификация қилинади. Пакетга юқори рентабелли йўналишлар билан бир қаторда аҳолига хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган рентабелсиз йўналишлар ёки ушбу йўналишларнинг алоҳида жадваллари киритилиши мумкин.

8. Очиқ тендерда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилган, давлат солиқ хизмати органларида ҳисобда турадиган, автомобиль транспортида тегишли равишда шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро йўловчилар ташишларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган ҳар қандай юридик шахс қатнашиши мумкин. Тугатиш ёки банкротлик босқичида турган ёхуд мулкига арест солинган талабгорларнинг тендерда қатнашишига йўл қўйилмайди. Тендер қатнашчиси айнан битта автотранспорт воситасини бир вақтнинг ўзида бир нечта тугалланмаган лотларга ҳамда амалдаги шартномага мувофиқ бошқа йўналишга бириктирилган автотранспортни тавсия этишга ҳақли эмас.

9. Бир йўналишга фақат битта ташувчи хизмат кўрсатади. Йўналишнинг алоҳида жадваллари бўйича хизмат кўрсатишга талабгорлар бундан мустасно. Агар йўналиш паритет ташувчи бўлишини тақозо қилса иккинчи томондан яна бир ташувчига рухсат берилади.

10. Ташувчига тендер ўтказилмасдан йўналишда ишлаш ҳуқуқи берилишига йўл қўйилмайди, қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

янги йўналиш очилгандан кейин навбатдаги тендергача, узоғи билан тўрт ой мобайнида янги йўналишда автотранспорт воситаларининг мунтазам синов ишлари бажарилиши;

кўча-йўл тармоғида олдиндан кутилмаган вазиятларда, айрим участкалар, транспорт узеллари ва майдонлари ёпилганда вақтинчалик йўналишлар жорий этилиши;

йўналишларнинг ташкилотлар буюртмалари бўйича соатбай ҳақ тўлаш асосида бажарилиши;

дам олиш зоналари (агар рентабель бўлмаган йўналиш бўлса), спорт-соғломлаштириш комплекслари, ярмаркаларнинг фаолият кўрсатиш даврида мавсумий йўналишларнинг ташкил этилиши.

11. Қуйидаги ҳолатларда йўналишлар ваколатли орган томонидан ташувчиларга тендергача вақтинча бириктирилиши мумкин:

йўналишга хизмат кўрсатиш бўйича ташувчи билан тузилган шартнома муддатидан аввал бекор қилинса;

тендерда лот бўйича бирорта хам таклиф келиб тушмаса;

вақтинча тўхтатиб турилган йўналиш бўйича ташувчи томонидан ташиш хизматларини кўрсатиш истаги билдирилса.

12. Ваколатли орган ташувчининг таклифлари йўналиш талабларига мувофиқ бўлган тақдирда йўналишни ташувчини навбатдаги тендергача, узоғи билан 90 кунгача йўналишга хизмат кўрсатишни шартнома асосида бириктириш ҳуқуқига эга. Вақтинча бириктирилган йўналишлар ваколатли орган томонидан навбатдаги биринчи тендерга қўйилиши шарт. Шартнома расмийлаштирилмасдан йўналишга хизмат кўрсатишга йўл қўйилмайди.

13. Йўналишга хизмат кўрсатиш юзасидан ташувчи билан тузилган шартноманинг амал қилиш муддати тугагач, йўналиш қайта тендерга қўйилади. Шартномаларни узайтиришга рухсат берилмайди.

14. Лот бўйича камида бир қатнашчи томонидан таклифлар келиб тушса, комиссия томонидан таклифлар кўриб чиқилади.

Тендерда қатнашиш учун ташувчилардан таклифлар келиб тушмаса ушбу Низомда назарда тутилган тартибда талабгор чиққунига қадар, узоғи билан 3 марта такрорий тендер ташкил этилади. Агар уч тендерда лот бўйича бирорта ҳам таклифлар келиб тушмаса ушбу йўналиш Комиссия қарорига кўра вақтинча тўхтатилиб турилади ва кейинги тендерларга қўйилмайди. Агар лот бўйича фақат бир нафар қатнашчидан таклиф келиб тушса, унинг тендер таклифлари қўйилаётган талабларга мувофиқ бўлса мазкур қатнашчи ғолиб деб ҳисобланади ва йўналишга (йўналишлар пакетида ёки жадвалида) ташиш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар қатнашчининг тендер таклифлари қўйилаётган талабларга мувофиқ бўлмаса Комиссия томонидан рад этилади ва такрорий тендер ташкил этилиши керак, бунда йўналишга (йўналишлар пакетига ёки жадвалга) қўйиладиган талабларнинг қайта кўриб чиқилишига йўл қўйилади.

15. Агар Ваколатли орган йўналиш талабларига ўзгартиришлар киритишга қарор қилса, йўналиш паспортига тегишли ўзгартиришларни қилиб қайта тасдиқлаши керак бўлади. 

16. Зарурат бўлганда, тендерлар ўтказиш бўйича амалий тажриба тўпланишига қараб, Комиссия тендерларни ташкил этиш тартиботига асосланган ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

II. ТЕНДЕРНИ ЎТКАЗИШНИНГ АСОСИЙ ТАМОЙИЛЛАРИ

 

17. Қуйидагилар тендерни ўтказишнинг асосий тамойиллари ҳисобланади:

йўналишларни мулкчиликнинг турли шаклларидаги ташувчилар ўртасида ҳаққоний, холисона тақсимлаш;

йўловчилар транспорти хизмат кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитини яратиш;

қатнашчилар тендер ҳужжатларида қайд этилган ягона талаблар ва йўловчилар ташиш қоидалари асосида рақобатлашиши;

ташувчини танлаш масалаларининг субъектив ҳал этилиши имкониятига мутлақо йўл қўймаслик учун ғолибни танлаш тендер қатнашчилари (агар қатнашиш имконияти бўлса), матбуот вакиллари иштирокида ўтказилиши;

тендерда энг фойдали шартларини таклиф этган ташувчига йўналишларни бириктириш.

 

III. ОЧИҚ ТЕНДЕРЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

 

18. Ваколатли органлар тендерга қўйиладиган йўналишлар (йўналишлар пакетлари ёки жадвали) рўйхатини тайёрлайди, тендер ҳужжатлари пакетини шакллантиради, тендер предметини, уни ўтказишнинг асосий шартларини, тартибини, вақтини, жойини, шу жумладан талабгорлар томонидан ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини тендер ўтказилишидан камида 30 кун олдин йўналишларни оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилади. Тендер бўйича йўналишлар эълон қилинганидан кейин тендер давомида йўналиш бўйича келиб тушган таклифлар комиссия томонидан кўриб чиқилмагунга қадар йўналиш талабларига ўзгартиришлар киритишга йўл қўйилмайди.

19. Лот бўйича таклифларни қабул қилиш тендер ўтказилишидан бир кун олдин тугайди. Лот бўйича таклифларни қабул қилишнинг тугаш санаси ва вақти ваколатли органлар томонидан ўтказиладиган тендер тўғрисидаги эълонда кўрсатилган бўлиши керак.

20. Шаҳар ва вилоят ички йўналишларида йўналиш талабларини тўғри белгиланишига ҳудудий ваколатли органларнинг раҳбарлари шахсан жавобгар бўладилар.

21. Талабгорлар тендер ҳужжатлари пакетини олиш юзасидан ваколатли органга ёзма ёки электрон шаклда буюртманома беришлари керак. Буюртманомалар бериш, тендер пакети учун тўловларни амалга ошириб, тендер ҳужжатларини олиш учун белгиланган муддат тендер ўтказиладиган санадан 5 кун олдин тугайди. Барча буюртманомалар ваколатли органнинг тартиб рақами қўйилган ва ип ўтказиб боғланган махсус дафтарида рўйхатдан ўтказилади.

22. Лот бўйича таклифлар юборилганидан кейин қатнашчилар уларга бирон-бир тузатишлар киритиш ҳуқуқига эга эмас. Очиқ тендерда қатнашиш учун белгиланган муддатдан кечикиб тушган буюртманомалар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди. 

23. Талабгор тендер ҳужжатлари баҳосини эълонларни чоп этиш харажатларини ҳисобга олган ҳолда уларни тайёрлашнинг ҳақиқий таннархи бўйича тўлаши керак. Тендер ҳужжатлари баҳоси Вазирлик томонидан белгиланади. Тушган маблағлар Вазирликнинг махсус рақамига ўтказилади ва улардан фақат тендерлар ўтказишни ташкил этиш ва ўтказиш учун фойдаланилади. Фақат Транспорт вазири ушбу маблағларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга.

24. Тендер ҳужжатлари пакети қуйидагилардан иборат бўлади:

шаҳар, шаҳар атрофида, шаҳарлараро (вилоят ичида, вилоятлараро) йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш юзасидан очиқ тендерлар ташкил этиш бўйича низом;

талабгор тўғрисидаги маълумотлар шакли;

тендер қатнашчиси учун йўриқнома;

тендерга қўйилган йўналишларда йўловчилар ташишни ташкил этишга қўйиладиган талаблар;

талабгорнинг тендер бўйича таклифлари шакли;

йўналишда (йўналишлар пакетида, йўналишнинг алоҳида жадвалида) йўловчилар ташиш транспортида хизматлар кўрсатиш бўйича контрактнинг намунавий шакли;

тендер таклифлари ва талабгор тўғрисидаги маълумотларни Комиссияга бериш учун конверт.

 

25. Конвертга лотнинг номи ёзилади. Агар лотга биттадан ортиқ йўналиш (йўналишлар пакети, йўналишнинг алоҳида жадвали) қўйилган бўлса, у ҳолда ҳар қайси йўналиш (ёки йўналишлар пакетининг, йўналишнинг алоҳида жадвали) учун алоҳида конверт ажратилган бўлиши керак. Тендернинг у ёки бу қатнашчисини ажратиб олиш мумкин бўлмаслиги учун конвертларда ҳеч қандай чизиқчалар ёки фарқловчи белгилар бўлмаслиги керак. Талабгорга тендер ҳужжатлари пакетини бериш махсус дафтарда рўйхатдан ўтказилади.

 

26. Қатнашчилардан тендер бўйича тушган таклифларни Комиссия аъзоларидан танланган ҳисоб комиссияси баҳолайди.

IV. ТЕНДЕР БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР МАЗМУНИ

 

27. Тендер бўйича таклифлар қуйидаги кўрсаткичлар ва ахборотлардан иборат бўлиши керак:

27.1. Шаҳар атрофидаги ва вилоят ичидаги шаҳарлараро йўналишлар бўйича:

а)  йўналишдаги 1 йўловчи — км учун тарифнинг қатнашчи томонидан таклиф этилаётган даражаси;

б) транспорт воситасининг тури (туристик, шаҳарлараро автобус, микроавтобус, енгил автомобиль) ва ишлаб чиқарилган йили;

в) автотранспорт воситасининг ташув учун таклиф қилинаётган умумий йўловчи ўриндиқлари сони;

г) автотранспорт воситаларининг ишлаш тартиби;

д)  йўналишдаги қатновларнинг таклиф этилаётган сони;

е) автотранспорт воситасининг базавий комплектациясида  йўловчиларга қўшимча қулайликлар мавжудлиги (монитор, биоҳожатхона, кондиционер)

27.2. Шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишлар бўйича ҳам 27.1-бандда қайд этилган мезонлар қўлланади, «г» ва «д» кичик бандларидаги кўрсаткичлардан ташқари.

27.3. Шаҳар ички йўналишлар бўйича:

тендерга қўйилган йўналишларда, харажатларни тўлиқ қоплашни ҳисобга олган ҳолда, йўлкира учун қатнашчи томонидан таклиф этилаётган тарифлар даражаси;

ташишлар учун таклиф этилаётган автотранспорт воситаларидаги умумий сиғим ҳамда йўловчи ўриндиқлари сони;

тиғиз пайтлар ўртасидаги вақтда йўналишдаги транспорт ҳаракати оралиғидаги таклиф этилаётган вақт.

Қолган таклифларга 27.1-бандда қайд этилган мезонлар қўлланади, «а» ва «в» кичик бандларидаги кўрсаткичлардан ташқари.

 

27.4. Йўналишсиз такси йўналишлари учун енгил автомобилларнинг русуми ва модели.

Қатнашчи тендер бўйича таклифларнинг барча бандларига доир ҳаққоний, тўлиқ ва муфассал ахборот тақдим этишга мажбур.

28. Тендер бўйича келиб тушган таклифларни мазмунини тендер ўтказиш вақтига қадар кўриш имконияти бўлмаслиги керак.

V. ТЕНДЕР БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАРНИ БАҲОЛАШ ВА ҒОЛИБНИ АНИҚЛАШ

 

29. Тендер таклифлари Комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан қуйидаги тартибда кўриб чиқилади ва баҳоланади:

а) қатнашчи томонидан йўналишдаги (шаҳар ичи йўналишларидан ташқари) 1 нафар йўловчи км. учун тавсия этилаётган тариф даражаси учун — Комиссия талаб этадиган ташиш тарифи ўрнига даражани пасайтиришнинг ҳар бир пункти учун ортиб борадиган коэффициентни қўллаган ҳолда табақалаштирилган баллар бўйича;

шаҳар ичи йўналишларида иштирокчи томонидан таклиф этилаётган йўлкира учун тарифлар даражаси — табақалаштирилган баллар бўйича.

б) транспорт ишлаб чиқарилган йили учун — табақалаштирилган баллар бўйича. Бунда транспорт воситаси тури учун олинган балларга 1.15 миқдорда оширувчи коэффициент қўлланади, агар транспорт воситаси тендер қатнашчисининг мулки бўлса;

в) автотранспорт воситаларининг ўриндиқлар сони ва умумий сиғими учун — табақалаштирилган баллар бўйича.

г) автотранспорт воситаси иш режимининг тавсия этилаётган варианти учун — табақалаштирилган баллар бўйича;

д) йўналишдаги қатновларнинг сони учун — табақалаштирилган баллар бўйича;

е) автотранспорт воситасида йўловчиларга қўшимча қулайликлар мавжудлиги учун-қўшимча баллар;

ё) шаҳар ичи йўналишлари учун тиғиз пайтлар орасидаги вақтда йўналишдаги ҳаракат оралиғининг таклиф этилаётган даражаси — табақалаштирилган баллар бўйича.

ж) йўналишсиз такси йўналишлари бўйича енгил автомобилларнинг русуми ва модели учун табақалаштирилган баллар.

30. Атайлаб паст тариф билан тендер таклифлари тақдим этилишига (спекулатив ҳаракатлар) йўл қўймаслик мақсадида Комиссия йўналиш талабларида рентабеллиликни ҳисобга олган ҳолда тарифнинг йўл қўйиладиган энг кам чегарасини белгилашга ҳақлидир.

31. Тендер таклифларини баҳолашни ўтказиш учун зарур бўлган йўриқнома-методик ҳужжатлар ҳамда Низомнинг 29-бандидаги кичик бандлари учун табақалаштирилган ва қўшимча баллар Вазирлик томонидан ишлаб чиқилади.

32. Комиссия тендер бўйича таклифларни баҳолашнинг якуний балини ҳар бир қатнашчи бўйича аниқлайди. Энг кўп балл тўплаган ташувчи тендер ғолиби деб эътироф этилади.

33. Комиссия мажлиси якунлари баённома билан расмийлаштирилади, уни комиссия аъзолари имзолайди ва комиссия раиси, у бўлмаганда ўринбосари томонидан тасдиқланади.

34. Тендернинг исталган қатнашчиси тендер бўйича таклифларнинг баҳолаш натижаларини ҳамда комиссия йиғилиши баённомасини олиш ҳуқуқига эга.

VI. ТЕНДЕР ҒОЛИБИ БИЛАН ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ

 

35. Тендер ғолибининг таклифларини ҳаққонийлиги тасдиқланганидан кейингина унга йўналишга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи шартнома асосида берилади. Тендер ғолиби ваколатли органнинг масъул ходимларига таклифларни хаққонийлигини текшириши учун автотранспорт воситаларини олдиндан келишилган манзилга олиб келади. Таклифларини ҳаққонийлиги текшириш тендер ғолиби аниқланганидан кейин 7 иш куни ичида амалга оширилади. 

36. Тендер ғолиби билан шартномани:

шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишлар йўналишларни бириктириш юзасидан очиқ тендерлар ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро комиссия қарори асосида Транспорт вазири ўринбосари;

шаҳар ва вилоят ички йўналишларини бириктириш юзасидан очиқ тендерлар ташкил этиш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар қарори асосида Вазирликнинг тегишли ҳудудий бошқарма бошлиқлари тузади ҳамда шартноманинг талаб ва шартларига амал қилинишини назорат қилади.

37. Тендерда ғолиб чиққан қатнашчининг лот бўйича таклиф қилган ҳар бир автотранспорт воситаси учун йўналишда қатновларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатнома (1-илова) ваколатли орган томонидан берилади. Рухсатномалар Вазирлик томонидан ДИЧБ “Давлат белгиси”дан буюртма асосида харид қилинади.

 

38. Шаҳар ва вилоят ички йўналишлари бўйича ғолиб чиққан ташувчининг тендер таклифидаги ҳар бир автотранспортга бериладиган рухсатнома ҳамда шартномалар Вазирликнинг тегишли ҳудудий бошқарма вазири томонидан имзоланиб бошқарма муҳри билан тасдиқланади.

39. Шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишлар бўйича ғолиб чиққан ташувчининг ҳар бир автотранспортига бериладиган рухсатнома, шунингдек шартнома Транспорт вазири ўринбосари томонидан имзоланиб, Вазирликнинг муҳри билан тасдиқланади.

40. Қатнашчи тендер ғолиби деб топилган кундан 10 иш куни ичида шартномани имзолаши керак. Тендер ғолиби лот бўйича таклиф қилган автотранспорт воситаларининг хар бири учун лицензия варақаларини 5 иш куни ичида тақдим қилиши керак.

41. Тендер ғолибининг лот бўйича таклифлари ҳақиқий эмас деб топилса, ёки тендер ғолиби лот бўйича таклиф қилган автотранспорт воситаларининг хар бири учун лицензия варақаларини тақдим қилмаса ёхуд шартномани 10 иш куни ичида сабабсиз имзоламаса ваколатли органининг хулосасига асосан унинг тендер ғолиблиги бекор қилинади ҳамда энг кўп баллар миқдори бўйича кейинги қатнашчи тендер ғолиби деб эътироф этилади.

42. Тендер ғолиби билан йўналишларда йўловчи ташиш транспорти хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи шартнома:

йўналишли такси йўналишлари учун 2 йил муддатга;

автобус йўналишлари учун 4 йил муддатга тузилади.

 43. Шартноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида 2 ой аввал йўналиш эълонга берилиши керак.

44. Шартнома шартларига амал қилинмаслик ҳолати аниқланса, ваколатли органнинг масъул ходимлари томонидан далолатнома имзоланади.

45. Қуйидаги ҳолатларда шартнома бир томонлама бекор қилинади:

ваколатли орган масъул ходимларининг мониторинг натижаларига кўра тендер ғолибининг лот бўйича таклифлари ҳақиқий эмас деб топилса;

ташувчи шартнома мажбуриятларни бажариш борасида 3 ва ундан ортиқ ҳуқуқбузарликлар содир этган бўлса;

ташувчининг лицензияси бекор қилинса ёки тўхтатиб турилса.

46. Шартнома муддатидан аввал бекор қилинган тақдирда хар бир автотранспортга берилган рухсатномалар ваколатли органга қайтарилади.

47. Тендерда таклиф этилган автотранспорт воситалари турли сабабларга кўра қатновларни амалга ошириш имконияти бўлмаса, уларнинг ўрнига камида шундай техник параметрларга мос келадиган автотранспорт воситалари билан алиштириш керак.

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ___ ________ ____-сон қарорига
2-ИЛОВА

 

Шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

1. Шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида ва Қорақалпоғистон Республикаси доирасидаги йўналишларда (Шаҳар ва вилоят ички йўналишлари) йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси (бундан кейин матнда «ҳудудий комиссия» деб аталади) шаҳар ва вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташиш ишларини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, улар кўрсатаётган хизматлар ҳажмлари ва турларини кенгайтириш, транспорт хизматлари кўрсатиш бозорида рақобат муҳитини яратишга оид комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилади.

2. Ҳудудий комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Намунавий низомга амал қилади.

3. Ҳудудий комиссия Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Маҳаллий давлат ҳокимият органи, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор органлар вакилларидан иборат таркибда тузилади. Комиссия таркиби маҳаллий ҳокимият органи томонидан тасдиқланади.

Маҳаллий Давлат ҳокимияти органи бошлиғи ўринбосарларидан бири  Ҳудудий комиссия раиси ҳисобланади.

4. Қуйидагилар Ҳудудий комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

шаҳар ва вилоят ички йўналишларини жойлаштириш учун тендерларни ташкил этиш ва ўтказиш;

тегишлилиги бўйича йўналишларни очиш, ёпиш, вақтинча тўхтатиб туриш ҳамда ўзгартириш бўйича қарорлар қабул қилиш;

заруриятга қараб йўналиш талабларини ўзгартириш (лотга қўйилган йўналишлар мундан мустасно);

йўловчи ташиш хизматларининг чегаравий тарифларини белгилаш.

шаҳар ва вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташувчи автомобиль транспортининг бир маромда ишлашини таъминлашга оид ишларни мувофиқлаштириш;

транспорт хизматлари кўрсатиш бозорида мулкчиликнинг турли шаклларидаги ташувчилар учун тенг шарт-шароитлар яратиш ва соғлом рақобатни ривожлантириш;

йўловчилар ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлаш.

5. Ҳудудий комиссия қуйидаги ваколатларга эга:

Лот бўйича келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш;

Тўлиқ ва муфассал бўлмаган таклифларни рад этиш;

Тендерни (лот) бўлиб ўтмаганлиги бўйича қарор қабул қилиш;

Лот бўйича келиб тушган таклифларни баҳолаш ва уларни таққослаш;

Тендер ғолибини аниқлаш;

Йиғилиш мажлиси баённомасини имзолаш;

Тендер иштирокчисидан тақдим қилинган маълумотларни ҳаққонийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўраш.

6. Комиссия:

шаҳар ва вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташиш транспорти иши юзасидан тушган шикоятларни ўз вақтида кўриб чиқиш ишларини ташкил қилишга ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таъсирчан чора-тадбирлар кўришга;

йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг сифати ва маданиятининг у ёки бу масалалари, графиклар ва йўналишлар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни ташкил этишга;

йўловчи ташиш билан боғлиқ харажатлар ошиш муносабати билан шаҳар ва вилоят ички йўналишлари бўйича тарифларни қайта кўриб чиқишга;

ташувчилар ўтказилган тендер якунлари бўйича комиссия тартиботларидан норози бўлганларида уларга тушунтиришлар беришга мажбурдир.

7. Ҳудудий комиссия мажлислари заруратга қараб, лекин йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади. Ҳудудий комиссия мажлиси унда Ҳудудий комиссия аъзоларининг камида тўртдан уч қисми (75%) қатнашганда ваколатли бўлади.

8. Ҳудудий комиссия қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва баённомалар билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда ҳудудий комиссия раисининг (у бўлмаганда — раис ўринбосарининг) овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

9. Комиссия аъзоларига ўз мансаб маошидан 10% гача қўшимча устама (бошқа рағбатлантириш ва устамалардан ташқари) белгиланади. Устама комиссия аъзоларининг ўз фаолият юритадиган идора томонидан берилади.

10. Ҳудудий комиссиянинг йиғилишларига сабабсиз келмаган ёки ўзининг ўрнига ишончнома асосида бошқа ходимни юборилишини таъминламаган аъзолари ҳудудий комиссия баённомасига асосан комиссия таркибидан чиқарилиши мумкин. Комиссия таркибидан чиқарилган ходимнинг мансублиги бўйича ташкилот бошқа ходимни комиссия аъзолигига тавсия этади. Бунда комиссия таркиби қайтадан тасдиқланиши шарт эмас.

11. Ҳудудий комиссия фаолиятини ташкилий-техник таъминлаш Вазирлик томонидан амалга оширилади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___” ________ ____-сон қарорига
3-ИЛОВА

 

Шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишни ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро комиссия тўғрисида

НИЗОМ

 

1. Шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни (Шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишлар) жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишни ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро комиссия (бундан кейин матнда — Идоралараро комиссия деб аталади) Шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни такомиллаштириш, транспорт хизматлари кўрсатиш бозорида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ва ушбу вазифаларнинг бажарилишини назорат қилишни таъминлаш мақсадида ташкил этилган.

2. Идоралараро комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга амал қилади.

3. Комиссия Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Маҳаллий давлат ҳокимият органи ва бошқа манфаатдор идораларнинг раҳбар ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Комиссия раиси ҳисобланади.

5. Қуйидагилар Идоралараро комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларини жойлаштириш учун тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш;

тегишлилиги бўйича йўналишларни очиш, ёпиш, вақтинча тўхтатиб туриш ҳамда ўзгартириш бўйича қарорлар қабул қилиш;

заруриятга қараб йўналиш талабларини ўзгартириш (лотга қўйилган йўналишлар бундан мустасно);

йўловчи ташиш хизматларининг чегаравий тарифларини белгилаш.

транспорт хизматлари кўрсатиш бозорида мулкчиликнинг турли шаклларидаги ташувчилар учун тенг шарт-шароитлар яратиш ва соғлом рақобатни ривожлантириш;

йўловчилар ташиш транспортини ривожлантириш, улар томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг ҳажмлари ва турларини кенгайтиришга оид комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда қатнашиш;

йўловчилар ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлаш.

 

6. Ҳудудий комиссия қуйидаги ваколатларга эга:

Лот бўйича келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш;

Тўлиқ ва муфассал бўлмаган таклифларни рад этиш;

Тендерни (лот) бўлиб ўтмаганлиги бўйича қарор қабул қилиш;

Лот бўйича келиб тушган таклифларни баҳолаш;

Тендер ғолибини аниқлаш;

Йиғилиш мажлиси баённомасини имзолаш;

Тендер иштирокчисидан тақдим қилинган маълумотларни ҳаққонийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўраш.

7. Комиссия:

шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларда ташиш транспорти иши юзасидан тушган шикоятларни ўз вақтида кўриб чиқиш ишларини ташкил этиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўришга;

жадваллар ва йўналишлар бўйича хизмат кўрсатишнинг сифати, маданияти ва бир маромда бўлишининг у ёки бу масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни ташкил этишга;

ташувчилар ўтказилган тендер якунлари бўйича Комиссия қароридан ёхуд унинг тартиботларидан норози бўлганларида уларга тушунтиришлар беришга мажбурдир.

8. Комиссия мажлислари заруратга қараб, лекин йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади. Комиссия мажлиси унда Комиссия аъзоларининг камида тўртдан уч қисми (75%) қатнашганда ваколатли бўлади. Комиссия қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва баённомалар билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда Идоралараро комиссия раисининг (у бўлмаганда — раис ўринбосарининг) овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

9. Комиссия аъзоларига ўз мансаб маошидан 10% гача қўшимча устама (бошқа рағбатлантириш ва устамалардан ташқари) белгиланади. Устама комиссия аъзоларининг ўз фаолият юритадиган идора томонидан берилади.

10. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига уларнинг лавозимига янгидан тайинланган шахслар киритилади.

11. Идоралараро комиссиянинг йиғилишларига сабабсиз келмаган ёки ўзининг ўрнига ишончнома асосида бошқа ходимни юбормаган аъзолари Идоралараро комиссия баённомасига асосан комиссия таркибидан чиқарилади. Комиссия таркибидан чиқарилган ходимнинг мансублиги бўйича ташкилот бошқа ходимни комиссия аъзолигига тавсия этади. Бунда комиссия таркиби қайтадан тасдиқланиши шарт эмас.

12. Комиссия фаолиятини ташкилий-техник таъминлаш Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги томонидан амалга оширилади.

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ___ ________ ____-сон қарорига
4-ИЛОВА

 

Шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишни ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро комиссиянинг

ТАРКИБИ
 

 

______________

 

- Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари, комиссия раиси

     

 

______________

 

- Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири департамент/бошқарма бошлиғи, комиссия раиси ўринбосари

     

______________

 

- Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари

     

______________

 

- Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари

     

______________

 

- Ички ишлар вазири ўринбосари

     

______________

 

- Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари

 

______________

 

- Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари

 

______________

 

-Экология ва атроф-мухитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари

 

 


Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа лавозимга ўтиши муносабати билан, унинг ўрнига тайинланган шахслар комиссия аъзоси ҳисобланадилар.      

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ___ ________ ____-сон қарорига
5-ИЛОВА

    

Миллий ташувчиларга ҳалқаро йўналишларда йўловчи ташиш ҳуқуқини бериш тартиби бўйича

ЙЎРИҚНОМА


 

  1. Мазкур йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, жаҳоннинг транспорт хизматлари бозорига миллий ташувчиларни самаравий интеграциясини учун шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилиб, ҳалқаро йўналишларда йўловчи ташиш ҳуқуқини бериш тартибини белгилаб беради.
  2. Ҳалқаро йўналишларда йўловчи ташиш ҳуқуқига белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилган, давлат солиқ хизмати органларида ҳисобда турадиган, автомобиль транспортида ҳалқаро йўловчилар ташишларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган ҳар қандай юридик шахс эга бўлиши мумкин.
  3. Миллий ташувчиларга ҳалқаро йўналишларда йўловчи ташиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги (Вазирлик) томонидан берилади.
  4. Миллий ташувчиларга ҳалқаро йўналишларда йўловчи ташиш ҳуқуқини бериш учун шартлар қуйидагилардан иборат:

Ҳалқаро техник стандартларга мос келувчи, мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида автотранспорт воситаси мавжудлиги;

Ташувчи томонидан ҳалқаро йўналишларда автомобиль ташувларини амалга ошириш бўйича белгиланган масъул шахслар ҳалқаро автомобиль ташувларини ташкил этиш бўйича малакавий талабларга мос бўлиши;

Автотранспорт воситалари эгаларини фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта мавжудлиги.

  1. Миллий ташувчиларга ҳалқаро йўналишларда йўловчи ташиш ҳуқуқини бериш бўйича қарор Вазирлик томонидан, ариза топширилган кундан бошлаб 30 кун ичида қабул қилинади ҳамда буйруқ билан расмийлаштирилади. Ариза шакли Вазирлик томонидан тасдиқланади.
  2. Қабул қилинган қарор юзасидан Вазирлик миллий ташувчига қарор қабул қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида маълум қилади.  

7. Миллий ташувчига ҳалқаро йўналишда йўловчи ташиш хуқуқи берилганлигини тасдиқловчи “Гувоҳнома” ҳамда ташувчининг ҳар бир автотранспорт воситаси учун ҳалқаро йўналишда қатновларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатнома берилади.

8.“Гувоҳнома” (1-илова) Вазирлик томонидан ДИЧБ “Давлат белгиси”дан буюртма асосида харид қилинади.

9. “Гувоҳнома” қуйидаги муддатларга берилади:

ҳалқаро йўналишларда йўловчи ташиш хуқуқини олиш учун илк бор ариза берган миллий ташувчилар учун 1 йилга;

аввал берилган гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан миллий ташувчилар учун 5 йилга (агар ташувчи аризасида камроқ муддат кўрсатилмаган бўлса)

 

10. Гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашига камида 30 кун қолганида ташувчи Вазирликка ариза тақдим қилади.

11. Ташувчининг автотранспорт воситалари парки ошиши муносабати билан, ташувчи ҳар бир қўшимча автотранспорт воситаси учун қўшимча рухсатнома олишга ариза бериши мумкин.

12. Ҳалқаро йўналишда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш юзасидан Вазирлик ва миллий ташувчи ўртасида шартнома имзоланади.

13. Ҳар бир автотранспорт воситасига рухсатномаларни бериш ариза топширилган кундан бошлаб 5 кун ичида тақдим қилинади.

14. Қуйидаги ҳолатларда гувоҳнома беришда ёки муддатини узайтиришда рад этилади:

миллий ташувчи томонидан тақдим этилган аризада ва хужжатларда ҳаққоний бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар мавжудлиги;

миллий ташувчининг ҳалқаро автомобиль ташувлари шартларига мос эмаслиги;

Вазирлик ва ташувчи ўртасида тузилган шартнома 1 йил ўтмасдан ўз кучини йўқотиши.

15. Миллий ташувчининг мажбуриятлари:

Ҳалқаро автомобиль ташувларида автотранспорт воситаси хайдовчисида рухсатнома ҳамда малакавий талабларга мослигини тасдиқловчи хужжатларни мавжуд бўлишини таъминлаш;

Юридик шахснинг номи ёки жойлашган жойи ўзгарган тақдирда 15 кун ичида гувоҳномани ва рухсатномаларни қайта расмийлаштириш бўйича ариза топшириш;

Гувоҳнома ва рухсатномаларни амал қилиш муддати тугаганидан кейин Вазирликка топшириш;

Қўшимча мажбуриятлар вазирлик ва ташувчи ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади. 

16.  Берилган гувоҳнома ва рухсатномаларни бошқа миллий ташувчига беришга йўл қўйилмайди.

17. Вазирлик қуйидаги ҳолатларда берилган гувоҳнома ва рухсатномаларни бекор қилади:

Рухсатнома тақдим этилган автотранспорт воситасига эгалик ҳуқуқи бошқа шахсга берилган тақдирда;

Миллий ташувчи шартнома мажбуриятларни бажариш борасида 3 ва ундан ортиқ ҳуқуқбузарликлар содир этган бўлса;

Ташувчи ташкилот ўз фаолиятини тугатиши ёки фаолият турини ўзгартириши  

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ___ ________ ____-сон қарорига
7-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган айрим қарорлари

 

 

  1. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 17 августдаги “Шаҳар йўловчилар транспортида очиқ тендерлар ташкил этиш ва уларни ўтказиш масалалари тўғрисида”ги 350 –сонли қарори.
  2. Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 июлдаги “Шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ташиш автомобиль транспортида очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш масалалари тўғрисида”ги 368-сонли қарори.

 

 

Umumiy takliflar

578