Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
2890 O‘zbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambag'allikni qisqartirish vazirligi 20/03/2019 04/04/2019 27

Muhokama yakunlandi

Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкакларини хусусийлаштириш тўғрисида
ID-2890

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари

Ушбу Қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Мазкур Қонуннинг асосий вазифалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига бўлган хусусий мулкчилик институтини янада ривожлантириш ва уларни фуқаролик муомаласига жалб қилиш.

2-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Ушбу Қонунда фойдаланиладиган асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси (кейинги ўринларда – ер участкаси) – қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилмаган ёки ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган ер участкаси;

ер участкаларини хусусийлаштириш – оммавий мулк бўлган ер участкасини жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар мулкига ўтказиш;

бўш турган ер участкалари – бинолар ва иншоотлар жойлашмаган, ҳеч қандай мажбуриятлар ёки тақиқлар ўрнатилмаган ва оммавий мулк бўлган ер участкаси;

кўчмас мулк объекти – ер участкалари, ер қаъри, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар;

урбанизация – жамият тараққиётида шаҳарларнинг роли ва шаҳар маданиятини ошириш, шаҳар аҳолиси сонининг қишлоқ аҳолиси сонига нисбатан ошиши, шунингдек шаҳарларнинг сонини кўпайиши ва уларнинг кенгайиши билан тавсифланган жараён;

электрон онлайн-аукцион – потенциал харидорлар фойдаланишига тенг имконият яратиш учун Интернет бутунжаҳон тармоғидаги махсус электрон савдо майдончасида ер участкалари сотиладиган аукцион шаклидаги электрон савдо усули.

4-модда. Ер участкаларини хусусийлаштиришнинг асосий принциплари

Ер участкаларини хусусийлаштиришнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

ихтиёрийлик;

ҳақ тўлаш;

хусусийлаштирилаётган ер участкалари ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг умумийлиги;

очиқлик ва шаффофлик.

5-модда. Қонунийлик принципи

Ер участкаларини хусусийлаштириш қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ қатъий амалга оширилиши лозим.

6-модда. Ихтиёрийлик принципи

Ер участкаларини хусусийлаштириш ихтёрийлик асосида амалга оширилиши лозим.

Жисмоний ва юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқларини ўз хоҳиш-иродалари билан ва ўз манфаатлари йўлида амалга оширадилар.

Ер участкаларини хусусийлаштиришга мажбурлаш тақиқланади.

7-модда. Ҳақ тўлаш принципи

Ер участкаларини хусусийлаштириш тўлов асосида амалга оширилиши лозим.

8-модда. Хусусийлаштирилаётган ер участкалари ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ягоналик принципи

Жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи фақат ушбу объектларнинг эгаларига тегишлидир.

Давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш ушбу ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш билан бир вақтда амалга оширилади.

9-модда. Очиқлик ва шаффофлик принципи Ер участкаарини хусусийлаштириш жараёни очиқ ва шаффоф бўлиши лозим.

Давлат органлари ва ташкилотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ахборотдан эркин фойдаланишни таъминлаши шарт.

10-модда. Ер участкаларини хусусийлаштириш объектлари

Ушбу Қонуннинг мақсадлари учун хусусийлаштириш объектлари қуйидагилардан иборат:

ер участкаларида жойлашган юридик шахслар томонидан хусусийлаштирилаётган ёки уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бино ва иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари, шунингдек уларга туташ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ер участкалари;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибдаги уй-жой қурилиши ва турар-жойига хизмат кўрсатиш учун бериладиган ер участкалари;

бўш турган ер участкалари;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги қошидаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига (кейинги ўринларда – Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси) ўрнатилган тартибда тақдим этилган ер участкалари.

11-модда. Хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ер участкалари

Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:

тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган;

рўйхати қонунчиликка мувофиқ белгиланган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкига тегишли бўлган хусусийлаштирилмайдиган стратегик объектлар;

табиатни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, рекреацион ва тарихий-маданий мақсадларда, шунингдек ўрмон ва сув фондлари таркибига кирувчи ерлар;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари.

12-модда. Ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари

Ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлиши мумкин.

Хорижий давлатлар фуқаролари ва юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси норезидентлари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар ер участкаларини хусусийлаштириш субъекти бўла олмайди ва ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида кўзда тутилган ҳолларда ер участкаларига эга бўлишлари мумкин.

13-модда. Ер участкаларини хусусийлаштириш шакллари

Ер участкаларини хусусийлаштириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

доимий фойдаланиш (тасарруф этиш)да ёки умрбод мерос қилиб қолдириладиган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиниши;

электрон онлайн-аукцион орқали ер участкаларини сотиш.

14-модда. Ер участкаларини ҳусусийлаштиришдан тушадиган маблағларнинг тақсимоти

Ер участкаларини ҳусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

2-боб. Ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатли органлар ва ташкилотлар

15-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида:

ер участкаларни хусусийлаштириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

аҳоли пунктлари ва ҳудудларни режалаштириш ва ривожлантириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва эълон қилишни ташкил қилади;

мазкур Қонунга биноан хусусийлаштирилаётган ер участкаларнинг тўлов миқдорини ҳамда тўлаш тартибини белгилайди;

ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий регламентини тасдиқлайди;

бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш тартибини аниқлайди;

ер участкаларининг бозор қийматини аниқлаш тартибини белгилайди.

16-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида:

мазкур қонунга мувофиқ ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади;

электрон онлайн-аукционлар орқали хусусийлаштириш мақсадида  бўш турган ер участкаларини аниқлайди;

Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига ўтказиладиган ер участкаларини аниқлайди.

17-модда. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида:

ер участкаларини инвентаризация қилишни амалга оширади;

ер участкалари хариталари ва зоналарини тузади;

хусусийлаштирилаётган ер участкалари ҳудудини ва чегараларини белгилайди;

хусусийлаштириладиган бўш турган ер участкаларини аниқлаш учун материаллар тайёрлайди;

ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олади.

18-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида:

ер участкаларини хусусийлаштиришни ташкил этилишининг очиқ ва шаффоф механизмини ўз расмий сайтида хусусийлаштиришнинг бошланиши, унинг жараёни ва натижалари тўғрисида очиқ маълумотларни нашр этиш орқали таъминлайди;

ўз зиммасига юкланган вазифалар доирасида хусусийлаштирилган ер участкалари бўйича барча ваколатли органлардан маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилишни амалга оширади;

интернет бутунжаҳон тармоғидаги махсус электрон савдо майдончасининг фаолиятини таъминлайди ва электрон онлайн-аукционларни ташкил қилади.

19-модда. Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси

Ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси:

ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушган барча маблағларни кейинчалик урбанизация жараёнларини ривожлантиришда мақсадли фойдаланиш учун тўплайди;

инфратузилмавий ривожланиш ишлари якунланганидан сўнг, унга ажратилган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотувини амалга оширади.

20-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўзаро ҳамкорлиги

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мазкур Қонун талабларига мувофиқ ер участкаларини хусусийлаштириш масалаларига тааллуқли маълумотлар базаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш орқали ўзаро ҳамкорликни амалга оширадилар.

3-боб. Кўчмас мулк объекти жойлашган ҳудудда ер участкаларини хусусийлаштириш

21-модда. Ҳудудида кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ариза

Ҳудудида кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ариза (келгуси ўринларда – ариза)ни қуйидагилар тақдим қилади:

Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахслар – ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бўлган миқдорда улар эгалик қиладиган ёки хусусийлаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари, шунингдек уларга туташ бўлган ер участкаларига нисбатан;

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган жисмоний шахслар – якка тартибдаги уй-жой қурилиши ва турар-жойга хизмат кўрсатиш учун берилган ер участкасига нисбатан.

Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи жисмоний шахсга ўтказилганида ушбу Қонунга мувофиқ мазкур ер участкасини хусусийлаштириш ҳуқуқи ҳам ўтади.

Агар хусусийлаштирилаётган ер участкаси ҳудудида жойлашган кўчмас мулк объекти умумий улушли ёки умумий биргаликдаги мулк бўлса, ариза фуқаролик қонунчилигига мувофиқ тузилган барча қатнашчиларнинг шартномаси бўйича, агар бундай келишув бўлмаса, суд томонидан белгиланган тартибда берилади.

22-модда. Хусусийлаштирилаётган ер участкасининг ўлчами ва чегарасини аниқлаш

Ҳудудида юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш, уларга мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган ўлчамлар ва ер участкаларининг чегаралари доирасида амалга оширилади.

Участкаларни хусусийлаштиришда уларнинг ўлчамлари ва чегараларига ўзгартиришлар киритишга йўл қўйилмайди.

Ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган, бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларига туташ ер участкаларини хусусийлаштириш ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда амалга оширилади. Ушбу ер участкаларининг ўлчами ва чегаралари уларни хусусийлаштириш жараёнида судда талашилиши мумкин.

23-модда. Аризани топшириш ва кўриб чиқиш тартиби

Ариза давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали, ер участкалари жойлашган район (шаҳар) ҳокими номига топширилади.

Ариза ер участкаларини бериш (сотиш) масалалари бўйича тегишли комиссия томонидан ер участкаларини хусусийлаштириш масаласини кўриб чиқиш учун асос бўлади.

Ер участкаларини бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссияси аризани олган кундан эътиборан ўн иш куни ичида кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий қоидаларга мувофиқ ижобий ёки салбий хулосасини тақдим қилади.

Ер участкаларини бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш  комиссиясининг хулосаси ерларни хусусийлаштириш ёки уларни хусусийлаштиришга рад этишда туман (шаҳар) ҳокими учун тегишли қарор қабул қилиш учун асосдир.

24-модда. Ер участкаларини хусусийлаштиришда рад этиш учун асос

Ер участкаларини хусусийлаштиришда рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу Қонунда назарда тутилган ер участкаларини хусусийлаштириш учун асосларнинг йўқлиги.

ер участкасига нисбатан суд иши кўрилиши давом этаётганлиги;

хусусийлаштирилаётган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк объектларига нисбатан тақиқ ёки хатлов қўйилган бўлса;

ариза беришдан олдин ваколатли давлат органлари томонидан қабул қилинган ерни хусусийлаштиришга бевосита тўсқинлик қилувчи ҳужжатларнинг, шу жумладан, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ерни олиб қўйиш, аҳоли пунктларининг бош режаларини тасдиқлаш, инфратузилма объектларини қуриш бўйича қарорларнинг мавжудлиги;

аризада нотўғри, бир-бирига зид ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланганлиги;

ушбу Қонун билан белгиланган муддатда хусусийлаштирилган ер участкаси учун тўлов амалга оширилмаганлиги ёки тўлиқ амалга оширилмаганлиги.

Бошқа сабабларга кўра ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этишга йўл қўйилмайди.

25-модда. Ер участкаларини хусусийлаштириш учун тўлов

Хусусийлаштирилган ер участкасига ҳақ тўлаш ер участкаларини бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссиясининг ижобий хулосаси тўғрисида ёзма ёки электрон хабар олинганидан кейин ўн иш куни мобайнида жисмоний ва юридик шахс томонидан амалга оширилади.

Ҳудудида кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш учун тўлов миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли ерлар учун ўрнатилган, хусусийлаштирилаётган кунда амалда бўлган юридик ва жисмоний шахсларга ер солиғи ставкасининг каррали миқдорида белгиланади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш учун тўлов миқдорини аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ер участкаларининг, жисмоний ва юридик шахсларнинг айрим тоифалари, шу жумладан ер солиғини тўлашдан озод қилинган жисмоний ва юридик шахсларнинг айрим тоифаларига нисбатан табақалаштирилган коэффициэнтларни белгилаш ҳуқуқига эга. 

26-модда. Ер участкаларини хусусийлаштириш ёки хусусийлаштиришга рад жавоби тўғрисидаги қарор

Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор уч иш куни мобайнида, хусусийлаштирилаётган ер участкаси учун тўлов ўтказилганидан сўнг қабул қилинади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор судсиз тартибда қайта кўриб чиқилмайди.

Ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этиш қарори ер участкаларини тақсимлаш (сотиш) масалалари бўйича комиссиянинг салбий хулосаси тузилган куни қабул қилинади ва ушбу қарор устидан маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин.

4-боб. Бўш турган ер участкаларини ҳамда Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига берилган ер участкаларини хусусийлаштириш

27-модда. Хусусийлаштириладиган бўш турган ер участкаларини аниқлаш

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аҳоли пунктлари ва ҳудудларнинг бош режаларига мувофиқ аниқланадиган бўш турган ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги қошидаги Урбанизация агентлиги билан келишилган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларнинг эгалигига онлайн-аукцион орқали сотилиши мумкин.

Бўш турган ер участкалари инвестицион мажбуриятлар билан электрон онлайн-аукцион орқали сотилиши мумкин.

28-модда. Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун ариза

Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун ариза:

юридик шахс – Ўзбекистон Республикаси резиденти – томонидан тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида берилади;

жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикаси фуқароси – томонидан якка тартибдаги турар жой қурилиши ва уй жойга хизмат кўрсатиш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида берилади.

29-модда. Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби

Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аниқланади.

30-модда. Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш учун тўлов

Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш учун тўлов қиймати ўтказилган электрон онлайн-аукцион натижалари асосида аниқланади.

Электрон онлайн-аукционда савдога қўйилган ер участкаларининг бошланғич қиймати онлайн-аукционга қўйилиш вақтида уларнинг бозор қийматига тенг қилиб белгиланади.

Депозит миқдори ва қадам нархи бошланғич нархдан фоизларда ва йиғиндиси ифодасида ўрнатилади.

Ер участкаларининг бозор қийматини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Электрон онлайн-аукционни ташкил этиш хизматлари учун тўлов оператор ва онлайн-аукцион ташаббускори ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ ундирилади.

31-модда. Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига тақдим этилган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби

Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига тақдим этилган ер участкалари бўш турган ер участкаларига бағишланган мазкур бобда кўзда тутилган тартиб ва шартлар асосида электрон онлайн-аукцион орқали сотилади.

5-боб. Хусусийлаштирилган ерларнинг ҳуқуқий мақоми

32-модда. Хусусийлаштирилган ер участкасига хусусий мулк ҳуқуқи

Хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектлари ҳисобланади.

Хусусийлаштирилган ер участкасига хусусий мулк ҳуқуқи кўчмас мулкка тегишли давлат реестри ва улар билан тузилган шартномаларга электрон шаклда тегишли ёзув киритиб, унга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказган вақтдан эътиборан вужудга келади.

Хусусийлаштирилган ер участкалари ер солиғи солиш объекти ҳисобланмайди.

33-модда. Хусусийлаштирилган ер участкалари эгаларининг ҳуқуқлари:

Хусусийлаштирилган ер участкалари эгалари қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

жисмоний ва юридик шахслар, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларни бузмаган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатлари йўлида хусусийлаштирилган ер участкасига эркин тарзда эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш;

хусусийлаштирилган ер участкасига эгалик ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишини бартараф этишни талаб қилиш;

хусусийлаштирилган ер участкасини мустақил бошқариш;

лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ уй-жой, саноат, маданий-маиший ва бошқа бино ва иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузишни амалга ошириш;

хусусийлаштирилган ер участкасидан гаров сифатида фойдаланиш;

хусусийлаштирилган ер участкасини юридик шахснинг устав капитали (фонди)га улуш сифатида киритиш;

хусусийлаштирилган ер участкаларни ижарага бериш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда мулк солиғини тўлаш имтиёзларидан фойдаланиш.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, хусусийлаштирилган ер участкаси эгалари бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

34-модда. Хусусийлаштирилган ер участкалари эгаларининг мажбуриятлари

Хусусийлаштирилган ер участкалари эгаларининг мажбуриятлари:

ер участкасидан фойдаланишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатларнинг талабларига риоя этиш;

бошқа ер участкалари эгаларига етказилган зарарларни ўрнатилган тартибда қоплаш;

қонун ҳужжатларида кўрсатилган тартибга мувофиқ сервитутларни тақдим этишни таъминлаш;

реализация қилишда зиммасига юклатилган инвестицион мажбуриятларни бажариш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари мол-мулк солиғини ўз вақтида тўлашни амалга ошириш.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, хусусийлаштирилган ер участкалари эгалари бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

35-модда. Ер участкаларига эгалик хуқуқи вужудга келишининг алоҳида холатлари

Ер участкаларига эгалик қилиш хуқуқи Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналар ва унга тенглаштирилган халқаро ташкилотларда, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг айрим тоифаларида, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахсларда Ўзбекистон Республикаси Ер Кодексида назарда тутилган ҳолатларда вужудга келади.

Чет эл фуқаролари хусусийлаштирилган ер участкаларини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўладилар, қачонки ўша мамлакатнинг қонунчилиги ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига шундай ҳуқуқ берилган бўлса. Фуқаролари хусусийлаштирилган ер участкаларини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган давлатлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Хорижий юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси норезидентлари хусусийлаштирилган ер участкаларини сотиб олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Хусусийлаштирилган ер участкаларини сотиб олиш хуқуқига эга бўлмаган хорижий юридик ва жисмоний шахсларга ерга бўлган эгалик хуқуқини ўтказиш мақсадида амалга оширилган актлар, битимлар ва бошқа ҳаракатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Хусусийлаштирилган ер участкаларини сотиб олиш хуқуқига эга бўлмаган хорижий юридик ва жисмоний шахсларга ер участкаларига эгалик хуқуқи ўтган тақдирда, юридик ва жисмоний шахсларнинг банкротлиги оқибатида, мерос қабул қилинганида, юридик шахс қайта ташкил этилганида ёки ликвидация қилинганида ва бошқа ҳолатларда ўзлаштирилган ер участкалари мазкур ҳолат содир бўлган вақтдан бошланиб олти ой мобайнида давлат тасарруфига ўтказилади.

36-модда. Ер участкаларига эгалик хуқуқининг кафолатлари

Ер участкаларига эгалик хуқуқи дахлсиздир ва давлат томонидан "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ муҳофаза қилинади.

37-модда. Хусусийлаштирилган ер участкасини мулк эгасидан олиб қўйиш

Хусусийлаштирилган ер участкасини эгасидан олиб қўйиш фақат қонун ҳужжатларида, шунингдек, национализация, реквизиция ва мусодара қилиш тартиблари назарда тутилган, ушбу ер участкасига эгалик қилиш мажбуриятлари бўйича талабларни ундириш юзасидан мурожаат қилингандагина амалга оширилади.

38-модда. Ундириш қаратилган олиб қўйиладиган хусусийлаштирилган ер участкасининг қийматини аниқлаш

Ушбу ер участкасига мулк эгасининг мажбуриятлари бўйича даъво ундиришда хусусийлаштирилган ер участкасининг қиймати қайтариб олиш вақтида баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланади.

Хусусийлаштирилган ер участкасининг баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган қиймати судда талашилиши мумкин.

39-модда. Хусусийлаштирилган ер участкаларини национализация қилиш

Национализация фуқаролар ва юридик шахсларга эгалик ҳуқуқи асосида тегишли бўлган национализация қилинаётган ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқини тўлов асосида давлат тасарруфига ўтказилишини ўзида акс этади.

Хусусийлаштирилган ер участкасини национализация қилиш:

фақатгина давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, ер участкаси эгасининг розилиги олинганидагина амалга оширилади;

ер участкасининг эгаси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган давлат органи ўртасида тенг шартлар асосида ер участкасини олди-сотди шартномаси билан тузилади;

хусусийлаштирилган ер участкасининг қиймати ва бошқа зарарларни давлат томонидан дастлабки ва тенг миқдорда қоплаш шарти билан амалга оширилади.

Хусусийлаштирилган ер участкасини тижорат мақсадида национализация қилишга йўл қўйилмайди.

Национализация қилинаётган ер участкасининг қиймати ва бошқа зарарларнинг қопланиши национализация қилинаётган мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи давлатга ўтказилишига қадар тўлиқ ҳажмда амалга оширилади.

Компенсацияни тўлаш бир вақтда амалга оширилади, уни бўлиб тўлашни назарда тутувчи национализацияни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Национализация қилинган ер участкасининг амалда давлатга ўтиши фақатгина национализация қилинаётган ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари национализация қилиш жараёнида тугаётган ёки чекланаётган мулкдор ва бошқа шахслар томонидан тенг қийматдаги компенсация қабул қилиб олинганидан сўнггина амалга оширилиши мумкин.

Ер участкаси кейинчалик денационализация қилинган тақдирда, собиқ эгаларига уни хусусийлаштиришда устунлик ҳуқуқи берилади.

40-модда. Хусусийлаштирилган ер участкасини реквизиция қилиш

Табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар ҳолатида ҳамда фавқулодда характерга эга бўлган бошқа шароитларда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, хусусийлаштирилган ер участкаси унинг эгасидан вақтинчалик олиб қўйилиши (реквизиция) мумкин. Бундай ҳолларда хусусийлаштирилган ер участкаси эгасига етказилган зарарлар қопланиб, унга реквизиция тўғрисида ҳужжат тақдим этилади.

Ҳусусийлаштирилган ер участкасини реквизиция қилиш фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳаётий манфаатларини фавқулодда вазиятлардан келиб чиқадиган таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилади.

Реквизиция билан боғлиқ шароитларнинг амал қилиши ниҳоясига етганида, реквизиция қилинган ер участкасининг эгаси сақланиб қолган мол-мулкини унга қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир.

Агар реквизиция қилинган ер участкасини унинг эгасига қайтариб беришнинг имкони бўлмаса, ушбу ер участкасининг бозор қиймати қайтарилади ёки унинг хоҳишига кўра эгалик ҳуқуқига тенг қийматда ер участкаси берилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар юз берганда, ер участкасини реквизиция қилиш зарурати бўлмаса, у ер участкаси эгасига унинг ҳуқуқларини вақтинчалик чекланиши оқибатида етказилган зарарлар қопланган ҳолда ушбу шароитларни амал қилиш муддати даврида вақтинча фойдаланиш учун эгалланиши мумкин.

Баҳолашга мувофиқ ер участкаси эгасига реквизиция қилинган ер участкаси учун бериладиган компенсация қиймати, реквизиция билан боғлиқ вужудга келган зарарлар ёки унинг ҳуқуқларини вақтинча чеклаш хусусийлаштирилган ер участкаси эгаси томонидан судда талашилиши мумкин.

41-модда. Хусусийлаштирилган ер участкасини мусодара қилиш

Жиноят-процессуал қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда мулкдорнинг хусусийлаштирилган ер участкаси суд қарори асосида олиб қўйилиши (мусодара қилиниши) мумкин.

6-боб. Якуний қоидалар

42-модда. Низоларни ҳал қилиш

Ер участкаларини хусусийлаштириш борасида келиб чиққан низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

43-модда. Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардирлар.  

44-модда. Мазкур Қонуннинг ижросини таъминлаш, етказиш, мазмун ва моҳиятини тушунтириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар мазкур Қонуннинг ижросини таъминлаш, ижрочиларга етказиш ва аҳолига мазмун ва моҳиятини тушунтириш чораларини қўрсинлар.

45-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

46-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу қонун 2019 йил 1 июлдан кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                Ш.Мирзиёев

Umumiy takliflar: 13

5231