ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
289 Государственный комитет Республики Узбекистан по лесному хозяйству 18/08/2018 02/09/2018 0

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-289

Плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида

 мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш тартиби

 тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

 

Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 августдаги ПҚ-3244-сон “Республикада целлюлоза ва қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватларни барпо этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси қарор қилади:

1. Плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

 

 

Раис                                                                                                  Н.Бакиров

 

 

Тошкент ш.,

2018 йил ____________

_________ - сон

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг

20__ йил “    ”  __________ даги __________ - сон қарорига

ИЛОВА

 

 

Плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда - Низом деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 апрелдаги 475-сонли “Ўрмон тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 21 сентябрдаги ЎРҚ - 409-сонли “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунининг 37, 45-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 августдаги ПҚ-3244-сонли “Республикада целлюлоза ва қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватларни барпо этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом плантацияларда ва давлат ўрмон фонди участкаларида етиштирилган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесишга нисбатан қўлланилади ва плантациялар ҳудудларига кирмайдиган дарахт ва буталар учун ўрмонларни парвариш қилиш учун кесиш тадбирларига нисбатан татбиқ этилмайди.

I.Умумий қоидалар.

1. Ушбу Низомда қўлланиладиган асосий тушунчалар:

давлат ўрмон фонди – давлат аҳамиятига молик ўрмонлар, яъни давлат ўрмон хўжалиги органлари тасарруфидаги ўрмонлар ва бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонлар;

давлат ўрмон хўжаликлари – давлат ўрмон фонди ерларига доимий эгалик қиладиган давлат ташкилот ва муассасалари;

ёғоч маҳсулоти тайёрлаш - ўрмон дарахт ва буталарини кесиш, уларни судраб олиб чиқиш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда ўрмондан олиб чиқиб кетиш бўйича фаолият тури;

ноқонуний кесиш – қонун ва қонун ости ҳужжатларида белгиланган Низом
ва қоидаларга риоя қилинмаган ҳолда дарахт ва буталарни кесиш;

кесиш учун майдон ажратиш (отвод лесосек) – дарахт ва буталар билан қопланган ер майдонининг кесиш учун маълум қисмини белгилаш;

кесиш учун ажратилган майдондаги дарахт ва буталарнинг ҳажмларини аниқлаш (таксация лесосек) – кесиладиган майдондаги дарахт ва буталарни саноқдан ўтказиш ва кесиладиган майдондаги дарахт ва буталарни ёғоч, ўтин ва шабба миқдорини аниқлаш ҳамда танлаб кесиш учун мўлжалланган кесиш ҳажмларини аниқлаш;

плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталар – давлат ўрмон фонди ерларида кейинчалик уларни қайта ишлаш ҳамда халқ эҳтиёжини таъминлашда мақсадли фойдаланиш учун экилган дарахт ва бута турлари.

2. Плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш, уларни қайта ишлаш ҳамда халқ эҳтиёжини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган хўжалик фаолияти ҳисобланади.

II. Кесиш учун майдон ажратиш

3. Кесиш учун майдон ажратиш плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни етилиш ёши, унинг талаб даражасидаги сифат кўрсаткичи ҳамда миқдор кўрсаткичидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

4. Кесиш учун майдон ажратиш давлат ўрмон хўжаликларининг бош ўрмончиси, ўрмон беги, ўрмончиси ёки бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонларнинг масъул шахслари томонидан кесиш режасига асосан амалга оширилади.

5. Кесиш учун ажратилган майдондаги дарахт ва буталар белгиланган кўрсаткичлар асосида танланади ва ушбу майдондаги дарахт ва буталарни кесиш учун ажратилган майдон сифатида қабул қилиниб, бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.

Далолатномада кесиш учун ажратилган майдон ўлчами, плантациянинг барпо этилган йили, дарахт ва буталарнинг ёши ҳамда уларнинг тур таркиби кўрсатилади.

6. Кесиш учун ажратиладиган ер майдони чегараланади ва кесиш учун  мўлжалланган дарахт ва буталар белгиланади.

Кесиш учун ажратилган ер майдонини аниқлаш ва уни белгилашда қуйидагиларга аҳамият берилади:

дарахтларни кесмасдан чегараларни аниқлаш;

ажратиладиган майдонларни белгиловчи устунларни жойлашган ўрни;

кесишга мўлжалланмаган ер майдонларини ажратилган майдонлардан белгилар ёрдамида ажратиш;

чизиқларни ўлчаш, улар орасидаги бурчакни, қиялигини аниқлаш ҳамда доимий белги сифатида ажратилган ер майдонларига ва уларнинг таксацион маълумотли жойларга белгилар қўйиш.

Кесиш учун ажратилган ер майдони чегарасидаги кесишга мўлжалланмаган дарахтларга белгилар қўйилади (тўқ мато, лента, краска ёки скотч). Кесиш учун ажратилган майдонда кесишга ажратилган дарахтлар шохлари кесилган ҳамда атрофи буталардан тозаланган бўлиши керак.

Кесишга ажратилган ер майдонида ноаниқлик 3 фоиздан ошмаслиги керак.

Кесишга ажратилган ер майдонларини аниқлашда, уларнинг чегараларини белгилашда навигация асбобларидан фойдаланишга рухсат берилади.

Кесиш учун ажратилган майдонлар чегара бурчакларига диаметри 18-20 смдан кам бўлмаган, баландлиги 1.8-2.3 см, ер устки қисми 1.3 м ни ташкил этадиган устунлар ўрнатилади. Ушбу устунларда қора краска билан қайси ўрмон бўлими (айланмаси) ёки ер контурига қарашлилиги ер майдони, гектари, кесиладиган йил, кесиладиган дарахт ва буталар ҳажми ҳамда кесиш тури кўрсатилган маълумотлар ёзиб қўйилади.

7. Кесиш учун ажратилган майдондаги дарахт ва буталарни кесиш танланган ҳолда ёки ажратилган майдондаги дарахт ва буталарни ёппасига кесиш орқали олиб борилиши мумкин.

8. Кесиш учун ажратилган ер майдонига қуйидагилар киритилмайди:

уруғлик ёки экишга қаламчалар олиш учун ажратилган ер майдони ва полосалар;

етилган дарахтлар орасидаги саноат талаби учун аҳамиятга эга бўлмаган ёш ва етилмаган дарахтлар.

Кесиш учун майдон ажратилаётганда юқоридаги критериялар кўрсатилмаган тақдирда, кесиш участкаларини ажратишда ушбу кўрсатгичларни инобатга олиб ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилади.

9. Экишга қаламчалар тайёрлаш учун танланадиган дарахт ёки буталарни танлаш ва уларни белгилашда ер усти дан баландлиги 1.3 м да махсус белги ушбу дарахт пўслоғига (тўқ мато, лента, краска ёки скотч) қўйилади.

Қаламчалар учун танланган дарахт турлари жамланмаси ер майдонларини ажратиш учун дарахтларни махсус белгилар ёрдамида белгиланиб қўйилади.

Уларнинг таксацион кўрсатгичларини аниқлаш ишлари белгилаш, ажратиш ишлари якунлангандан сўнг бажарилади.

10. Ёппасига кесишга мулжалланган дарахт ва буталарнининг таксацион кўрсатгичларини аниқлашда ажратилган ер майдонига нисбатан, танлаб кесишда эса алоҳида дарахт ёки буталар учун таксация ишлари ўтказилади.

11. Кесиш учун майдон ажратиш дарахтларнинг барг тўкишгача бўлган мавсум мобайнида, игнабарглилар учун бошқа мавсумда амалга оширилади.

III. Кесиш учун ажратилган майдондаги дарахт ва буталарнинг ҳажмларини аниқлаш

12. Плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш ҳажмларини аниқлаш ўрмон дарахт ва буталарни саноатда талаб этиладиган ўлчами ёки сифат даражасидаги дарахт ва буталар танланган ҳолда амалга оширилади.

13. Кесиш учун ажратилган майдондаги дарахт ва буталарнинг ҳажмларини аниқлаш давлат ўрмон хўжаликларининг бош ўрмончиси, ўрмон беги ва унинг ёрдамчиси, бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонларнинг эса - мазкур соҳага масъул шахслари томонидан амалга оширилади.

Тўпланган маълумотлар амалда ўрмон майдони аҳволи билан мутаносиб бўлмаганда, мазкур ҳудуд учун кесиш ишлари ажратилмайди.

14. Кесишга ажратиладиган ер майдони ҳамда кесишга мўлжалланган дарахт ва бута турларининг ҳажмлари ҳақида тўпланган ҳужжатлар асосида кесиш режасига киритилади.

15. Кесиш учун ажратилган майдондаги дарахт ва буталарнинг ҳажмлари ажратилган ҳудудда мавжуд ёғоч захираси (ишбоп), ўтин ва шох-шабба ҳажми ва унинг сифати аниқланади.

16. Дарахт ва буталарни кесишдан олдин уларнинг ёғоч захирасини аниқлаш имкони бўлмаганда кесиш амалга оширилгандан сўнг ёғоч ва шох-шаббаларнинг захираси аниқланади.

17. Кесиш учун ер майдонини ва кесиладиган дарахтларнинг таксацион кўрсатгичларини тахминий чамалаб аниқлашга йўл қўйилмайди.

18. Кесиш учун ажратилган майдондаги дарахт ва буталарни танлаб кесишда танланган дарахт ва буталар илдиз бўғзида ва юқорги белги эса 1.3 метр баландликда тамға билан белгиланади.

Кесиш учун ажратилган дарахт ва буталар ҳақида маълумотлар ушбу Низомнинг
1-иловасида белгиланган шаклдаги кесиш учун белгиланган дарахт ва буталарни хисоблаш варағига киритилади.

19. Кесишга мўлжалланган дарахт ва буталарнинг ҳисоби қуйидаги ҳолларда кесишдан сўнг олиб борилади:

ёш дарахтларни парваришлаш мақсадида кесиш;

кўчатларни қуруқ шохларини кесиш, ёнғиндан сўнг, қулаган, довул, шамол сабабли зарарланган ёки синган ҳолларда кесиш;

20. Кесишга мўлжалланган дарахт ва бута турларининг ҳажмлари ва кесиш режаси Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб юритилади) тизимидаги давлат ўрмон хўжаликлари қарамоғидаги ўрмонларда Қўмита, бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонларда - уларнинг буйруғи билан тасдиқланади.

IV. Кесиш тартиби ва турлари

21. Плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш ишлари,
2-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштириладиган ўрмон кесиш чиптаси асосида давлат ўрмон хўжаликлари томонидан, бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонларда эса – уларнинг масъул шахслари томонидан амалга оширилади.

22. Плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш қуйидаги ҳолларда олиб борилади:

махсус плантацияларда етиштирилган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш;

етилган ва биологик ёшини ўтаган дарахт ва буталарни кесиш;

ўрта ёшли, етилаётган ва етилган дарахт ва буталарни парваришлаш, синган ва зарарланганда тозалаш учун кесиш.

23. Тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш қуйидаги турларга бўлинади:

сийраклаштириш;

ўтиш жойлари очиш;

санитар кесиш;

танлаб кесиш;

ёппасига кесиш.

24. Сийраклаштириш  - яхши дарахтлар шох-шаббаси ва танасини шакллантириш учун шароит яратиш мақсадида кесилади. Бунда яхши дарахтларнинг ўсиши ва шох-шаббасининг шаклланишига халақит берувчи қийшайган, йирик бачки новдали, шох-шаббаси пастли дарахт ва буталар кесилади. Сийраклаштириш ишлари дарахтларнинг мавсумий, яъни дарахт новдаларида барглар тўкулгунга қадар амалга оширилади.

Ўтиш жойлари очиш – ўрмонзорларда ёнғин хавфсизлигини олдини олиш, ўрмон хўжалиги фаолиятини юритиш мақсадида бажарилади. Ўтиш жойларини очиш учун кесишда дарахтларни танлаш участканинг бутун майдонида амалга оширилади

Санитар кесиш - ёш, етилмаган ва етилган дарахтларни ёшартириш мақсадида ҳамда техноген таъсирлар натижасида шикастланган, ўрмон касаллик ва зараркунадалари билан зарарланган дарахт ва буталарга нисбатан амалга оширилади.

Танлаб кесиш – саноат ва маҳаллий халқ истеъмоли учун зарур бўлган ёғоч маҳсулотларини белгиланган ер майдонларида танлов асосида етилган, биологик ёшини ўтаган ва бошқа зарур талабларга жавоб берадиган кесишга айтилади. Ўсишдан тўхтаган, қуриган дарахтларни ва буталарни танлаб кесиш ишлари доимий равишда олиб бориладиган тадбир ҳисобланади.

Танлаб кесишда биринчи навбатда ўрмонларнинг яхши ўсиб-ривожланиши мақсадида майдон бўйлаб бир текис зарарланган, шикастланган, ўсишдан тўхтаган, етилган дарахт ва буталар кесилади. Танлаб кесишдан сўнг ушбу майдонларнинг ўрмон зичлиги 0.5 дан кам бўлмаслиги керак.

Ёппасига кесиш – пишиб етилган, биологик ёши етган дарахтлардан саноатда фойдаланиш ва кесиш учун ажратилган ер майдонларини тозалаш учун ёппасига (дарахт ва буталарнинг барчаси) кесилади.

Тоғли ҳудудларда кесиш ишлари юқоридан пастга қараб, алохида майдонларда пастдан тепага қараб амалга оширилади.

Ёппасига кесиш ишлари кесиладиган дарахт ва бута турларини аниқлангандан сўнг амалга оширилади.

V. Кесиш шартлари ва ёғоч тайёрлаш ишларини ташкил этиш

25. Тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш ишлари олиб борилган майдонлардаги кесилган ёғоч махсулотларини йўл ёқасига олиб чиқиш, қисман уни қайта ишлаш, сақлаш ва уларни жўнатиш ишлари белгиланган режа асосида давлат ўрмон хўжаликлари томонидан, бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонларда эса – уларнинг масъул шахслари томонидан амалга оширилади.

26. Дарахт кесиш ва ёғоч тайёрлашда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

ўрмон кўчатларига, ўсимлик ва тупроқ қатламига зарар етказиш;

кесиш мобайнида йўлларнинг, кўприкларнинг, йўл, сув ва бошқа иншоотларнинг ҳолатларига зарар етказиш;

кесилган ёғоч махсулотларини қолдириш ва сақлаш учун мўлжалланган ҳудудлардаги ўрмон кўчатларига зарар етказадиган, кесилган ёки синган ҳолатларда дарахт ва буталарни қолдириш;

чегара, айланма ва бошқа ҳудуд белгиларини, дарахт, бута ва уларнинг тўнкаларига қўйилган белгиларни йўқ қилиш;

ушбу Низомда ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида кўрсатилган муҳофаза қилинадиган ўрмон кўчатларини ҳамда уруғлик ёки экиш қаламчалари олиш учун ажратилган дарахт ва буталарни кесиш ва уларга зарар етказиш;

кесиш учун белгиланган муддат тугаганда (маълум вақтгача тўхтатилган тақдирда ҳам) ҳамда фойдаланиш ҳуқуқи берилган шартнома муддати тугагандан кейин кесиш;

белгиланган муддатда ёғочларни олиб чиқиб кетмаслик;

технологик харита кўрсатилмаган жойга кесилган ёғочларни олиб кетиш, кесилган ёғоч маҳсулотларини йўл ёқасига олиб чиқиш;

кесиш ишлари олиб борилган ер майдонини тозаламаслик ёки ўз вақтида тозалашга улгурмаслик;

юк ортиш ва уни олиб чиқиш майдонларидаги унумли ер устки қисмини йўқ қилиш.

27. Дарахт ва буталарни кесишни ташкил этиш ва уни амалга ошириш ишлари кесишга мўлжалланган ҳар бир майдонда таксация ҳисоботлари асосида ишлаб чиқилган технологик карталар асосида амалга оширилади.

Кесиш майдонларининг технологик картасида қуйидагилар кўрсатилади:

қўлланилган технология ва ёғоч тайёрлаш муддатлари;

ўрмон йўлларининг жойлашган схемаси;

юклаш жойлари, омборхоналар, мавжуд техника ва механизмларнинг жойлашув ўрни, хизмат кўрсатиш жойлари;

сақлаб қолинадиган ёш ва иккинчи ярус дарахт ва буталарининг майдони, уларнинг сақланиб қолиниши фоизи, кесиш ишлари тугагандан сўнг майдонларни тозалаш ишлари ва бошқа маълумотлар.

Технологик картасиз кесиш ишларига йўл қўйилмайди.

28. Кесиш ишлари олиб бориладиган майдонларни тозалаш ишлари дарахт ва буталарни кесиш мобайнида ва ёғочларни олиб чиқилаётган вақтда амалга оширилади.

Тозалаш ишлари қуйидагича амалга оширилади:

кесишдан қолган қолдиқлар, чириган дарахт тўнкалари ва тўпланган шохлар омборхонага олиб чиқилиб, қайта ишланади;

кесиш ишлари олиб бориладиган майдонларни тозалаш ишлари ёнғин хавфсизлиги Низом қоидаларига амал қилинган ҳолда амалга оширилади.

29. Соғлом дарахт ва буталарни кейинчалик зарарлантирмаслик мақсадида зарарланган, чириган ва носоғлом шох-шаббалар, чириган тўнка ва уларнинг бошқа қисмларини мажбурий равишда қўпориб олиш ёки ёқиб юборишга рухсат берилади. Санитар кесишдан сўнг ҳар бир ёқиш ишлари алоҳида ҳолларда амалга оширилади.

30. Кесиш ишлари олиб борилган майдон кесилганлигини ҳамда тозалаш ишларини текшириш мақсадида кўздан кечирилади.

31. Кесиш ишлари якунланган ўрмон фонди ер майдонларида амалга оширилган ишларнинг қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан тегишли ҳудуд ўрмон хўжалиги бошқармаси ёки Қўмита мутахассислари томонидан икки ойдан кечиктирмасдан текширилиши мумкин.

Текшириш мобайнида замонавий техника воситаларидан, аэрокосмик суратлардан, дистанцион мониторинг ва давлат ўрмон ҳисобидан фойдаланилади.

32. Текшириш ўтказилган майдонда амалга оширилган ишларнинг қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан (технологик карталарни қўлланилганлиги ва бошқа тегишли ҳужжатлар кўрсатилган ҳолда) мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ кесилган жой тафтиш далолатномаси тузилади.

Белгиланган қоида ва талаблар бузилган ҳолларда далолатномада қоидабузилиш ҳолатлари, уни содир этган шахс тўғрисида маълумотлар кўрсатилиб ўтилади.

33. Мазкур Низом билан биргаликда, ўрмонларнинг санитар хавфсизлиги, ўрмон ёнғин хавфсизлиги, ўрмонлардан фойдаланиш ҳамда ўрмонларни қайта тиклаш ишларига риоя этиш ўрмон кесиш ишлари мобайнида мажбурийдир.

VI. Якуний қоидалар.

34. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ етказилган зарарни қоплашлари шарт.

35. Ўрмон дарахт ва буталарини кесишда юзага чиққан муаммолар белгиланган қонун ҳужжатлари асосида ҳал этилади.

36. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган.

 

 

 

 

Umumiy takliflar

921