ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
2808 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 15/03/2019 30/03/2019 0

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-2808

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ        

 

ҚАРОРИ

Фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сон “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 февралдаги 80-сон “Фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишни жорий этиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

1. Фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Раис                                                                                        Б. Мусаев

Тошкент ш.,

2019 йил “___” _________,

_____-сон

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитасининг
2019 йил “___”__________даги
________-сон қарорига

ИЛОВА

Фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сон “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармонига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 февралдаги 80-сон “Фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишни жорий этиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорига мувофиқ фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестрини (бундан буён матнда Иш ҳақини ҳисобга олиш реестри деб юритилади) шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Иш ҳақини ҳисобга олиш реестрини шакллантириш ва юритишнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар ягона ахборот базаси (бундан буён матнда ДСҚнинг марказлашган ахборот базаси деб юритилади) негизида фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибда ҳисобга олиш бўйича маълумотларнинг ягона электрон ахборот базасини яратиш ҳисобланади.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

якка тартибдаги ҳисобга олиш - иш берувчи томонидан ҳар бир жисмоний шахс бўйича иш ҳақи суммаси тўғрисида тақдим этиладиган маълумотлар асосида электрон ҳисобни юритиш;

иш берувчи - жисмоний шахс билан меҳнат шартномаси (контракти) ёки фуқаролик-ҳуқуқий тарзидаги шартнома тузган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақини ҳисоблаш мажбурияти зиммасига юклатилган юридик шахс;

маълумотлар - фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақи тўғрисида маълумот;

жисмоний шахс - иш берувчи билан меҳнат шартномаси (контракти) ёки фуқаролик-ҳуқуқий тарзидаги шартнома тузган шахс.

3. Якка тартибдаги ҳисобга олишга фақат Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари йўл қўйилади.

4. Якка тартибдаги ҳисобга олиш қуйидаги тамойиллар асосида ташкил этилади:

мажбурийлик ва ҳаққонийлик;

тўлиқлик ва тезкорлик;

маълумотларнинг ҳаммабоплиги ва очиқлиги.

2-боб. Иш ҳақини ҳисобга олиш реестрини шакллантириш ва юритиш

5. Иш ҳақини ҳисобга олиш реестри фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар асосида шаклланади.

6. Иш берувчи маълумотларни солиқ ҳисоби бўйича жойлашган давлат солиқ хизмати органларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида кўзда тутилган муддатларда тақдим этади.

Бунда иш ҳақини ҳисобга олиш реестрида ҳисобга олиниши лозим бўлган маълумотлар электрон шаклда иш берувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг 2019 йил 7 январдаги 2019-05, 2-сон “Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори (рўйхат рақами 3126, 2019 йил 21 январь) билан тасдиқланган Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ягона ижтимоий ҳисоб-китобига 5-иловаси бўйича расмийлаштирилади.

7. Давлат солиқ хизмати органлари маълумотлар келиб тушишига кўра, уларни ДСҚнинг Марказлашган ахборот базасига киритади.

8. Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш ишларини ўз вақтида ташкил этиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ахборот алмашиш тизими орқали Пенсия жамғармасига маълумотларни тақдим этиб боради.

9. Пенсия жамғармасининг электрон сўрови келиб тушганда, ДСҚнинг Марказлашган ахборот базаси якка тартибдаги ҳисобга олишнинг тегишли маълумотларини шакллантиради ва юборади.

3-боб. Жисмоний шахс, иш берувчи ва давлат солиқ хизмати органларининг
 ҳуқуқ ва мажбуриятлари

10. Жисмоний шахс:

иш берувчидан ойма-ой бўлинган ҳолдаги маълумотлар тўғрисида маълумотномани бепул олиш;

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларини олиш бўйича давлат интерактив хизматидан фойдаланиш;

иш берувчи томонидан давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган маълумотларда хатоликлар аниқланган тақдирда иш берувчидан маълумотларни тўғрилаш ва қайта топширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

11. Жисмоний шахс:

солиқ тўловчининг идентификация рақами берилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олиши, уни сақлаши ва иш берувчининг талабига кўра тақдим этиши;

солиқ тўловчининг идентификация рақами берилганлиги тўғрисидаги гувоҳномадаги маълумотлар ўзгарган тақдирда, шунингдек ушбу гувоҳнома йўқотилган тақдирда ариза билан давлат солиқ хизмати органларига мурожаат этиши;

давлат солиқ хизмати органлари талабига мувофиқ солиқ тўловчининг идентификация рақами берилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага киритилиши лозим бўлган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши зарур.

12. Иш берувчи у ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органлари билан якка тартибдаги ҳисобга олишни юритилишнинг тўғрилиги юзасидан маълумотларнинг ўзаро солиштиришни амалга ошириш ҳуқуқига эга.

13. Иш берувчи:

жисмоний шахснинг аризасига асосан мазкур жисмоний шахс бўйича ойма-ой бўлинган ҳолдаги маълумотлар тўғрисида маълумотномани ариза олинган кундан бошлаб уч иш куни давомида бепул бериш;

маълумотларга тузатишлар киритилган ва давлат солиқ хизмати органларига қайта топширилган тақдирда жисмоний шахсни хабардор қилишга мажбур.

14. Давлат солиқ хизмати органлари иш берувчидан якка тартибдаги ҳисобга олиш учун маълумотларни ўз вақтида ва зарур даражада расмийлаштирилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

15. Давлат солиқ хизмати органлари иш берувчи томонидан тақдим этилган маълумотларни ДСҚнинг Марказлашган ахборот базасига ўз вақтида киритилишини таъминлашга мажбур.

16. Юридик шахс қайта ташкил этилган (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиш, ўзгартириш) тақдирда, маълумотлар тўғрисида маълумотномани бериш бўйича мажбурият унинг ҳуқуқий ворисига юклатилади.

17. Юридик шахс тугатилган ҳолатларда маълумотлар тўғрисида маълумотнома юридик шахс солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан ДСҚнинг Марказлашган ахборот базасида мавжуд маълумотлар асосида берилади.

4-боб. Якуний қоидалар

18. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

19. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган.

 

 

Umumiy takliflar

532