ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
2740 АО "Узпахтасаноат" 11/03/2019 26/03/2019 1

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Prezidentining Qarori
Республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-2740

Республикада кейинги йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини ташкил этиш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорларда талаб қилинадиган маҳсулотлар ҳажми ва турини кенгайтириш бўйича ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, тўқимачилик саноати корхоналари ўртасида бозор муносабатларини шакллантириш, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий кластер шаклларини жорий этиш, юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳолини бандлигини ошириш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.

Шу билан бирга, бир қатор олис ҳудудларда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариш етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги сабабли ишга жойлашишга муҳтож шахсларни, айниқса банд бўлмаган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашни тақозо этмоқда.

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти (матн давомида –“Ўзпахтасаноат” АЖ) фаолиятини диверсификациялаш, олис ҳудудларда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини яратиш орқали қўшимча янги иш ўринларини яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзпахтасаноат”  АЖ ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг республика ҳудудларида “Ўзпахтасаноат”  АЖ ташаббускорлигида енгил конструкцияли қурилиш материалларидан қуриладиган ёки бўш турган бино-иншоотлар негизида ташкил этиладиган тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш таклифига розилик берилсин.

2. 2019-2020 йилларда республика ҳудудларида енгил конструкцияли қурилиш материалларидан қуриладиган ёки бўш турган бино-иншоотлар негизида ташкил этиладиган тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишнинг (кейинги ўринларда – лойиҳалар) асосий кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. “Ўзпахтасаноат”  АЖ, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда ҳудудларда лойиҳаларни жойлаштиришнинг аниқ манзилли рўйхатини аниқласин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси енгил конструкцияли тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун зарур бўлган инфратузилма, муҳандислик иншоотлари мавжуд аҳоли ҳудудларидан, қишлоқ хўжалигига тааллуқли бўлмаган ер майдонлари ажратилишини таъминласин.

5. Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш учун истисно тариқасида фойдаланилмаётган ва бўш турган давлат объектларини “ноль” қийматда берилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, “Ўзпахтасаноат”  АЖ ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига вилоятларда фаолият юритаётган тикув-трикотаж корхоналари ва амалга оширилаётган лойиҳаларни малакали кадрлар билан таъминлаш, жумладан тугатилаётган коллежлар негизида Ўқув марказларини ташкил этиш бўйича “Йўл харита”си лойиҳасини киритсин.

7. “Ўзпахтасаноат” АЖ, "Ўзбекенгилсаноат" АЖ “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда лойиҳалаш ташкилотларини жалб қилган ҳолда, бир ой муддатда халқаро амалиёт тажрибасидан келиб чиқиб, инновацион технологияларга асосан, арзон ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материаллардан фойдаланган тарзда енгил конструкцияли тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича якка тартибдаги намунавий лойиҳаларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларини ваколатли органлардан экспертизадан ўтказилишини ва қурилиш-монтаж ишларининг бажарилишида шаҳарсозлик меъёрлари, қоидалари ва стандартларга сўзсиз риоя қилиниши устидан назорат ўтказилишини таъминласин.

8. “Ўзпахтасаноат” АЖга истисно тариқасида лойиҳаларни амалга ошириш доирасида лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини ҳамда импорт қилинадиган технологик асбоб-ускуналарни харид қилиш учун тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.

9. “Ўзпахтасаноат” АЖ лойиҳаларининг молиялаштириш манбалари қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига 2023 йил 31 декабрга қадар қайтариш шарти билан “Ўзпахтасаноат” АЖнинг 2018 йил ҳосили пахта толасини сотишдан юзага келган ижобий фарқ ҳисобидан жами 397 миллиард сўм маблағ, шундан  2019 йил март ойидан 4 ойда тенг улушларда 200 миллиард сўм ҳамда 2020 йилнинг 1 мартгача 197 миллиард сўм;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 5 йиллик муддатга, 2 йиллик имтиёзли давр билан, 5 фоиз миқдордаги фоиз ставкаси, шу жумладан тижорат банкининг 1 фоиз миқдоридаги маржаси билан “Агробанк” АТБда кредит линиясини очиш орқали ажратиладиган 50 миллиард сўмгача кредит маблағи;

“Ўзпахтасаноат” АЖ ва унинг тизимидаги корхоналарнинг тақсимланмаган соф фойдаси ҳамда ўз маблағлари ҳисобидан 54,3 миллиард сўм.

10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларига енгил конструкцияли қурилиш материалларидан қуриладиган ёки бўш турган бино-иншоотлар негизида ташкил этиладиган тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришларни айланма маблағлари билан таъминлаш учун имтиёзли кредит маблағлари ажратиш тавсия қилинсин.

11. Республика ҳудудларида лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича Ишчи комиссия 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ишчи комиссиянинг (А.Ж.Раматов) асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

лойиҳаларни сифатли ва самарали амалга оширишга, уларни ижро этиш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришга ва ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган ташкилий, ҳуқуқий ва бошқа чора-тадбирларни бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиш;

лойиҳалар ижросини боришини тизимли таҳлил қилиш, лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, барча комплекс масалаларни ўз вақтида ва тезкорлик билан ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва амалий чоралар кўриш.

12. Белгилансинки, 2019–2020 йилларда “Ўзпахтасаноат” АЖнинг лойиҳаларни амалга оширишда тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича фоизлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига қуйидаги тартибда қопланади:

тижорат банки томонидан айланма маблағларни тўлдириш учун берилган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган ҳолда;

асбоб-ускуналарни сотиб олиш мақсадида тижорат банклари томонидан бериладиган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида.

13. Белгилаб қўйилсинки, 2022 йил 1 январга қадар “Ўзпахтасаноат” АЖ ва унинг тизимидаги корхоналар иштирокида лойиҳаларни амалга ошириш доирасида талаб этиладиган:

қурилиш материаллари етказиб берувчи ва қурилиш-монтаж ишларини бажарувчи Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатдаги корхоналар қўшилган қиймат солиғидан;

республикада ишлаб чиқарилмайдиган, технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қурилиш материалларини белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин;

ишлаб чиқарган хом-ашё (пахта толасидан ташқари) ва ярим тайёр маҳсулотни тизим ичида сотишдан тушган маблағлар ҳамда пахта толасини сотишдан юзага келган ижобий фарқ маблағлари солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 декабрдаги ПФ–5285-сонли “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 9-банди иккинчи хат бошида кўзда тутилган божхона имтиёзлари мазкур қарор асосида ташкил этиладиган енгил конструкцияли тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналарига татбиқ этилсин.

15. “Ўзпахтасаноат” АЖнинг тикув-трикотаж корхоналарига, истисно тариқасида 2022 йил 1 январга қадар, пахта толасини қайтариб бериш шарти билан тўқимачилик корхоналарида қайта ишлаш учун, “Ўзпахтасаноат” АЖ билан тузиладиган тўғридан-тўғри шартномалар асосида (шартнома тузиш муддатидан олдинги ҳафтадаги биржа савдолари натижаларида вужудга келган ўртача нархлар бўйича) сотилиши қайд этилсин. Бунда, “Ўзпахтасаноат” АЖнинг тикув-трикотаж корхоналарига пахта толаси нархининг 35 фоизини олдиндан тўлаш ва якуний ҳисоб-китобларни 90 кун мобайнида амалга ошириш шарти билан сотилсин. “Ўзпахтасаноат” АЖ раҳбариятининг тўғридан-тўғри шартномалар асосида ажратиладиган пахта толасини мақсадли ишлатилишига шахсан жавобгарлиги белгилансин.

16. “Ўзпахтасаноат” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, “Ўзпахтасаноат” АЖ бошқаруви раиси А.И. Максудов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                                                                                                            Ш. Мирзиёев

Umumiy takliflar

1020