ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
2712 Узбекское агентство стандартизации, метрологии и сертификации «Узстандарт» 06/03/2019 21/03/2019 1

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Мувофиқликни баҳолаш соҳасида ходим сифатида иштирок этишга талабгор бўлган мутахассисларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-2712

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида» ги 2019 йил 15 февралдаги ПҚ-4193-сонли қарорига биноан, шунингдек "Ўзстандарт" агентлиги томонидан Давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгиловчи нормаларни ва мавжуд идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Мувофиқликни баҳолаш соҳасида ходим сифатида иштирок этишга талабгор бўлган мутахассисларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин;

2. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёқилғи-энергетика соҳаси ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари котибиятига ва “Ўзстандарт” агентлиги бош директори Д.Н.Саттаров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

            Бош вазири                                                                   А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “___” _______ даги
___-сон
қарорига

илова

  Мувофиқликни баҳолаш соҳасида ходим

сифатида иштирок этишга талабгор бўлган мутахассисларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМИ

 Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги, «Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 октябрдаги 292-сонли «Ўзбекистон Республикасининг «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан мувофиқликни баҳолаш соҳасида ходим сифатида иштирок этишга талабгор бўлган мутахассисларни (бундан буён матнда мутахассислар деб юритилади) сертификатлаштириш тартибини белгилайди. 

1-боб. Умумий қоидалар.

 1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ходимларни сертификатлаштириш органи (бундан буён матнда ХСО деб юритилади) – Мутахассисларни сертификатлаштиришга доир ишларни бажариш учун белгиланган тартибда аккредитация қилинган юридик шахс;

ходимлар – мувофиқликни баҳолашга доир ишларни амалга ошириш учун тайёргарликка ва малакага эга бўлган сертификатлаштирилган мутахассислар;

ходимларни сертификатлаштириш (бундан буён матнда сертификатлаштириш деб юритилади) – мутахассиснинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш бўйича фаолият;

мувофиқлик сертификати – сертификатлаштирилган мутахассиснинг   техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун сертификатлаштириш тизими қоидаларига биноан берилган ҳужжат.

2. Сертификатлаштириш мутахассиснинг мувофиқликни баҳолашга доир ишларни амалга ошириш учун сўралган соҳада ваколатлилигини расмий тасдиқлаш мақсадида мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган тартибга асосан ўтказилади.

3. Сертификатлаштириш амалга оширилмаган мувофиқликни баҳолаш соҳасида ходим сифатида фаолият юритиш тақиқланади.

ХСО томонидан мазкур ХСО да ишлайдиган мутахассисларни сертификатлаштиришга йўл қўйилмайди.

4. Олий маълумотли, мувофиқликни баҳолаш соҳасида мутахассислиги бўйича 3 йилдан кам бўлмаган умумий меҳнат стажига, шу жумладан сўралган соҳада мутахассислиги бўйича 1 йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлган мутахассисларни сертификатлаштиришга йўл қўйилади. Бунда лаборатория мутахассислари учун олий маълумот талаб этилмайди.

Маҳсулотларни синаш бўйича сўралган соҳада мутахассислар учун мутахассислиги бўйича 3 ойдан кам бўлмаган меҳнат стажи талаб этилади. Бунда мувофиқликни баҳолаш соҳасида мутахассислиги бўйича 3 йилдан кам бўлмаган умумий меҳнат стажига эга бўлиш ҳақидаги талаб ушбу тоифадаги мутахассисларга татбиқ этилмайди. 

2-боб. Сертификатлаштиришни ўтказиш.

 5. Сертификатлаштириш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда сертификатлаштиришга ариза (бундан буён матнда ариза деб юритилади) бериш;

аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш;

сертификатлаштиришни ўтказишга шартнома тузиш;

сертификатлаштириш бўйича имтиҳон ўтказиш;

сертификатлаштириш натижалари бўйича қарор қабул қилиш;

мувофиқлик сертификатини Сертификатлаштириш миллий тизими давлат реестрида (бундан буён матнда Давлат реестри деб юритилади) рўйхатдан ўтказиш ва бериш.

6. ХСО томонидан сертификатлаштириш аризага асосан амалга оширилади. ХСО ни танлаш мутахассис томонидан мустақил амалга оширилади.

7. Мутахассис ХСО га ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни илова қилган ҳолда ариза беради.

8. Мутахассис сертификатлаштиришга аризани, унга зарур ҳужжатлар ва маълумотларни илова қилган ҳолда бевосита, почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда бериши мумкин.

Ариза электрон шаклда берилган тақдирда ХСО ҳужжатларнинг сканер қилинган версиясини қабул қилади, сўнгра уларни сертификатлаштириш жараёнида асл нусхаси билан таққослайди. ХСО электрон шаклдаги ариза олингани тўғрисида мутахассис хабардор қилинишини таъминлайди.

9. Аризага:

мутахассиснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумот тўғрисидаги диплом ва мутахассис томонидан мувофиқликни баҳолаш соҳасида базавий ва махсус курслар ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари ёки кўчирмалари. Агар мутахассис чет мамлакатларда таълим олган бўлса, чет мамлакатларда таълим олганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг ва ваколатли давлат органи томонидан берилган, таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олинганлиги ёки эквивалентлиги қайд этилган гувоҳноманинг нусхалари;

меҳнат дафтарчасининг иш жойида тасдиқланган нусхаси ёхуд ундан кўчирма, ёки мувофиқликни баҳолаш соҳасида мутахассислиги бўйича меҳнат стажини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;

иш жойидан тавсифнома;

3 х 4 см ўлчамидаги 2 та фотосурат илова қилинади.

Мутахассис ўз ихтиёрига кўра қўшимча ҳужжатларни тақдим қилиши мумкин.

10. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун мутахассис жавоб беради.

11. ХСО аризани кўриб чиқади ва тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилади, натижаси бўйича 3 иш куни мобайнида аризани қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ёки асослантирилган рад жавобини юборади.

12. Аризани қабул қилишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

мутахассис меҳнат стажининг ушбу Низомнинг 4-банди талабларига номувофиқлиги;

маълумот бўйича мутахассислигининг сўралган соҳага номувофиқлиги;

ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги;

аризага илова қилинган ҳужжатлар ва маълумотларнинг сохталиги ёки нотўғрилигининг аниқланганлиги;

ХСО га аризанинг мазкур ХСО да бевосита ишлайдиган мутахассис томонидан берилганлиги;

аризанинг ушбу Низом билан белгиланган бошқа талабларга номувофиқлиги.

13. Аризани қабул қилиш рад этилганда ҳужжатлар мутахассисга қайтарилади.

Мутахассис рад этиш сабабларини бартараф этгандан сўнг қайта ариза бериш ҳуқуқига эга.

14. Ариза қабул қилинган ҳолатда уни қабул қилган кундан бошлаб 10 кун ичида ХСО ва мутахассис ўртасида сертификатлаштиришни ўтказиш тўғрисида шартнома тузилади.

Сертификатлаштиришни ўтказиш тўғрисидаги шартнома ХСО ва мутахассиснинг иш берувчиси ўртасида ҳам тузилиши мумкин.

15. Сертификатлаштириш сертификатлаштиришни ўтказиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган қиймат тўлиқ тўлангандан сўнг амалга оширилади. Сертификатлаштириш бўйича ишлар қийматининг тўлови унинг натижаларидан қатъи назар, амалга оширилади.

16. Сертификатлаштириш бўйича имтиҳонни ўтказиш учун сертификатлаштиришни ўтказиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган қиймат тўлиқ тўлангандан сўнг 30 кун ичида ХСО томонидан комиссия тузилади.

17. Комиссиянинг шахсий таркиби, аъзоларининг ҳуқуқ, мажбуриятлари ва жавобгарлиги ХСО раҳбарининг қарори билан белгиланади.

18. ХСО 10 кундан кам бўлмаган муддатда сертификатлаштириш бўйича имтиҳон ўтказилишидан олдин унинг ўтказилиши санаси ва жойи тўғрисида мутахассис ва комиссия аъзоларини хабардор қилиши керак.

19. Имтиҳон давлат тилида ўтказилади. Имтиҳон ХСО нинг имкониятлари ва техник воситаларидан келиб чиққан ҳолда бошқа тилларда ҳам ўтказилиши мумкин.

20. Сертификатлаштириш бўйича имтиҳон ўтказиш шакли мутахассиснинг сўралган соҳасидан келиб чиқиб, қуйидаги турларда аниқланади:

аккредитациянинг сўралган соҳасида — оғзаки имтиҳон ва тестлаш;

сертификатлаштириш, мувофиқликни декларациялаш, инспекция назорати, юкни ортишдан олдин ва (ёки) юкни тушириш вақтидаги инспекциянинг сўралган соҳасида – ёзма имтиҳон ва тестлаш;

маҳсулот синови, санитария-эпидемиология, ветеринария, фитосанитария хулосалари ёки экологик экспертизанинг сўралган соҳасида – тестлаш ва ХСО хамда лабораторияга эга бўлган ташкилот ўртасида тузилган тегишли шартномага асосан ўқув лабораториялари ёки аккредитация қилинган ёхуд корхона синов лабораторияларида ўтказиладиган амалий имтиҳон.

21. Сертификатлаштириш бўйича имтиҳон топшириқлари унинг ўтказилиш шаклидан келиб чиқиб, қуйидаги сонда аниқланади:

оғзаки имтиҳон – 7 та (4 та – сўралган соҳа бўйича, 3 та – мувофиқликни баҳолаш соҳасида) савол;

тестлаш – 50 та (25 та – сўралган соҳа бўйича, 25 та – мувофиқликни баҳолаш соҳасида) тест;

ёзма имтиҳон – 5 та (3 та – сўралган соҳа бўйича, 2 та – мувофиқликни баҳолаш соҳасида) савол;

амалий имтиҳон – 3 та (2 та – сўралган соҳа бўйича, 1 та – мувофиқликни баҳолаш соҳасида) амалий топшириқ;

Путур етказмасдан текшириш ходимлари амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқ имтиҳон қилинади.

22. Сертификатлаштириш бўйича имтиҳон ўтказилгандан сўнг 1 кун ичида комиссия томонидан ўтказилган имтиҳон якуни бўйича унинг натижалари кўрсатилган баённома расмийлаштирилади. Баённома комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва ХСО раҳбари томонидан тасдиқланади.

23. Ўтказилган сертификатлаштириш бўйича имтиҳон натижалари юзасидан ХСО томонидан мувофиқлик сертификатини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

24. Мувофиқлик сертификатини бериш тўғрисида қарор қабул қилинганда ушбу қарор қабул қилинган кундан 3 иш куни ичида мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади, Давлат реестрида рўйхатдан ўтказилади ва мутахассисга берилади.

25. Мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати Давлат реестрида рўйхатдан ўтказилгандан кундан бошлаб 3 йилни ташкил қилади.

26. Мувофиқлик сертификати бланкаси қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланади, ҳисобга олиш рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Мувофиқлик сертификати бланкаси мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланади ва ХСО га «Ўзстандарт» агентлиги томонидан берилади.

27. Мувофиқлик сертификатини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ХСО ушбу қарор қабул қилинган куни мутахассисни бу ҳақда хабардор қилади.

28. Имтиҳондан ўта олмаган мутахассис ариза бериш ва шартномани тузиш жараёнидан ўтмаган ҳолда мувофиқлик сертификатини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан 30 кун ичида 1 мартадан ортиқ бўлмаган ҳолда қайта имтиҳон топшириш ҳуқуқига эга. Қайта имтиҳон топшириш учун ҳақ тўланмайди.

29. Агар мутахассис қайта топширилган имтиҳондан ҳам ўта олмаса ёки имтиҳонни қайта топшириш муддатини ўтказиб юборган бўлса, у ушбу Низомга мувофиқ умумий тартибда ариза бериш ҳуқуқига эга.

30. Сертификатлаштиришни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар тўпламлари, шу жумладан аризалар, имтиҳон саволлари, ўтказилган имтиҳонлар натижалари бўйича баённомалар ва мувофиқлик сертификатлари нусхалари ХСО да 4 йил давомида сақланади.

31. Сертификатлаштириш натижаларидан норози бўлган тақдирда мутахассис «Ўзстандарт» агентлигининг Шикоятларни қараб чиқиш кенгашига ёки бевосита судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Шикоятларни қараб чиқиш 2 ҳафта ичида амалга оширилади.

«Ўзстандарт» агентлигининг Шикоятларни қараб чиқиш кенгашининг қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

 

3-боб. Мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш, шунингдек мувофиқлик сертификатини бекор қилиш

 32. Мувофиқлик сертификатининг амал қилиши ходим томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар бузилганда мувофиқлик сертификатини берган ХСО ва «Ўзстандарт» агентлиги томонидан 10 кундан ошмаган муддатга, суд томонидан 10 кундан ошган муддатга тўхтатиб турилади.

33. Мувофиқлик сертификатининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

ходим мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тугатишни сўраб ариза билан мурожаат қилганда;

ходим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларни мунтазам равишда бузганда ёки бир марта қўпол тарзда бузганда;

ХСО нинг мувофиқлик сертификатини бериш ҳақидаги қарори ноқонуний эканлиги аниқланганда;

мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати ўтганда.

34. ХСО нинг мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тугатиш ҳақидаги қарори ходимга қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмасдан етказилади. «Ўзстандарт» агентлигининг мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тугатиш ҳақидаги қарори ходим ва мувофиқлик сертификатини берган ХСО га қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмасдан етказилади. Суднинг мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тугатиш ҳақидаги қарори ходим ва мувофиқлик сертификатини берган ХСО га қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар ва тартибда етказилади.

Ходим ХСО, «Ўзстандарт» агентлиги ёки суднинг мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тугатиш ҳақидаги қарорини олган кундан эътиборан 5 кун ичида мувофиқлик сертификати кейинчалик «Ўзстандарт» агентлигига Давлат реестридан чиқариш ва йўқ қилиб юбориш учун ХСО га қайтарилиши лозим.

35. Мувофиқлик сертификатининг амал қилиши уни тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.

36. Мувофиқлик сертификати у сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда мувофиқлик сертификатини берган ХСО, «Ўзстандарт» агентлиги ва суд томонидан бекор қилинади.

37. ХСО нинг мувофиқлик сертификатини бекор қилиш ҳақидаги қарори ходимга қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмасдан етказилади. «Ўзстандарт» агентлигининг мувофиқлик сертификатини бекор қилиш ҳақидаги қарори ходим ва мувофиқлик сертификатини берган ХСО га қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмасдан етказилади. Суднинг мувофиқлик сертификатини бекор қилиш ҳақидаги қарори ходим ва мувофиқлик сертификатини берган ХСО га қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар ва тартибда етказилади.

Ходим ХСО, «Ўзстандарт» агентлиги ёки суднинг мувофиқлик сертификатини бекор қилиш ҳақидаги қарорини олган кундан эътиборан 5 кун ичида мувофиқлик сертификати кейинчалик «Ўзстандарт» агентлигига Давлат реестридан чиқариш ва йўқ қилиб юбориш учун ХСО га қайтарилиши лозим.

38. Мувофиқлик сертификатини бекор қилиш ҳақида ХСО, «Ўзстандарт» агентлиги ва суднинг қарори қабул қилинганда мувофиқлик сертификати у берилган санадан эътиборан бекор қилинган ҳисобланади.

39. ХСО ёки «Ўзстандарт» агентлигининг мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тугатиш ёхуд мувофиқлик сертификатини бекор қилиш ҳақидаги қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

 

4-боб. Якуний қоидалар

 40. ХСО берилган ва бекор қилинган мувофиқлик сертификатлари, амал қилиши тўхтатилган ва тугатилган мувофиқлик сертификатлари, мувофиқлик сертификатларини беришни рад этиш ҳолатлари ҳисобини юритади, шунингдек ҳар ойда «Ўзстандарт» агентлигига мазкур маълумотни тақдим қилиб боради.

41. «Ўзстандарт» агентлиги зарурият бўлганда ХСО дан сертификатлаштириш бўйича ҳужжатлар нусхаларини сўраб олиши мумкин.

42. ХСО ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида мутахассислар тўғрисида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши керак.

43. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Umumiy takliflar

598