ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
270 Министерство сельского хозяйства Республики Узбекистан 16/08/2018 01/09/2018 0

Muhokama yakunlandi

Постановление Президента Республики Узбекистан
Республикада селекция-наслчилик ишларини олиб бориш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
ID-270

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

Республикада селекция-наслчилик ишларини олиб бориш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

Мамлакатимизда чорвачиликнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, чорва ва паррандалар наслини яхшилаш асосида уларнинг маҳсулдорлигини ошириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик йўналишидаги чорвачилик хўжаликларига озуқа экинлари учун талаб этиладиган ер майдонларини ажратиш, зарур моддий-техника ресурслари билан таъминлаш, уларга солиқ ва бож тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, сунъий уруғлантиришни ташкил этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар чорвачиликнинг барча тармоқларида селекция-наслчилик ишлари ва аҳоли хонадонларидаги сигирларни сунъий уруғлантириш, ички истеъмол бозорини узлуксиз равишда сифатли гўшт
ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш ва унинг нархини барқарорлигини таъминлаш борасида қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётганлигини кўрсатди. Улар қаторида:

биринчидан, чорвачиликда селекция-наслчилик ва аҳоли хонадонларидаги сигирларни сунъий уруғлантириш ишларини мувофиқлаштирувчи ягона тизим яратилмаган;

иккинчидан, жойларда сунъий уруғлантириш билан шуғулланувчи мутахассислар қўнимсизлиги, сунъий уруғлантириш шахобчалари бино, дьюар идишлари ва бошқа зарур воситалар билан етарли даражада таъминланмаганлиги натижасида бу борадаги ишларнинг натижадорлиги паст даражада қолган;

учинчидан, сигирларни сунъий уруғлантиришнинг афзалликлари, аҳолининг ўз қарамоғидаги сигирларни сунъий уруғлантириш, қўй ва эчкиларнинг зотини яхшилаш ҳисобига уларнинг маҳсулдорлигини оширишга бўлган қизиқиши ва тушунчаси ортириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари етарлича олиб борилмаган;

тўртинчидан, чорвачиликнинг барча тармоқларида наслчилик селекция ишларини яхшилаш бўйича қабул қилинган дастурларнинг бажарилиши устидан тизимли назорат ўрнатилмаган;

бешинчидан, соҳада давлат ва хусусий ҳамкорлик масалалари талаб даражада йўлга қўйилмаганлиги сунъий уруғлантириш субъектларини зарур жихозлар билан таъминлаш даражасинини пастлигига сабаб бўлмоқда;

олтинчидан, бугунги кунда амалдаги тизим фақат қорамолларни суньий уруғлантириш билан чекланиб, соҳанинг қўйчилик, эчкичилик, йилқичилик, қуёнчилик ва бошқа тармоқларида наслчилик ишлари деярли олиб борилмаган;

еттинчидан, республикада йирик ва майда шохли молларни бўрдоқига боқишга ихтисослашган хўжаликлар ва йирик комплекслар сони мавжуд эҳтиёжини тўлиқ қопламайди.

Чорвачиликда селекция-наслчилик ишларини юритишнинг ва маҳсулот етиштиришнинг илмий асосланган инновацион услубларини жорий этиш, зотдор чорва моллари бош сонини янада кўпайтириш, гўшт етиштиришга ихтисослашган бўрдоқичилик хўжаликларини ташкил этиш, уларга талаб этиладиган миқдорда озуқа майдонларини ажратиш, шунингдек, аҳоли хонадонларида сигирларни сунъий уруғлантириш ишларини мукаммал тизимини йўлга қўйиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва Чорвачиликда “Насл хизмат” республика наслчилик уюшмаси таъсисчиларининг мазкур уюшма негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекнаслхизмат” уюшмасини (кейинги ўринларда Уюшма деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

чорвачиликнинг барча тармоқларида, жумладан, қорамолчилик, қўйчилик, эчкичилик, йилқичилик, қуёнчиликда селекция-наслчилик ҳамда сунъий уруғлантириш ишларини ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани,  ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган концепцияси ва давлат тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда иштирок этиш ҳамда уни амалга оширилиши устидан мониторинг олиб бориш;

четдан наслли моллар ва маҳсулот (материал)ларни олиб келиш ишларини мувофиқлаштириш, селекция-наслчилик соҳасида ва сунъий уруғлантириш бўйича илғор хорижий тажрибалар, илмий, инновацион ишланмаларни жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш;

ҳалқаро молия ва донор ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатиш,
сут ва гўшт ишлаб чиқаришнинг замонавий технологияларини жорий этиш, чорва молларини бўрдоқига боқиш ишларини кенг жорий этиш ҳисобига маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, технологик, инвестицион ва келгусида экспорт сиёсатини изчил амалга ошириш;

озуқа экин майдонлари учун ажратилган ер майдонларидан мақсадли
ва самарали фойдаланиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш
ҳамда озуқа таркибини тўлиқ таҳлил қиладиган замонавий лабораторияларни ташкил этиш.

3. Уюшманинг ташкилий тузилмаси, ижро этувчи аппарати бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 30 нафар бўлган тузилмаси ва ҳудудий масъулияти чекланган жамиятларининг намунавий тузилмаси 1, 2 ва 3-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

Уюшма раисига, зарур ҳолларда, бошқарув ходимларининг штатдаги чекланган умумий сони доирасида ижро этувчи аппарат тузилмасига ва Уюшма таркибига кирувчи ташкилотлар тузилмаларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Б.Юсупов) икки ой муддатда:

Уюшмани ташкил қилиш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этилишини, унинг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

Уюшманинг ижро этувчи аппаратини малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

Уюшма раиси ва унинг ўринбосарлари муассисларнинг умумий йиғилиши қарори билан сайланадилар ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг қарори билан лавозимга тасдиқланадилар;

Уюшманинг ижро этувчи аппарати ва ҳудудий “Чорванасл” масъулияти чекланган жамиятлари фаолиятини молиялаштириш уюшманинг аъзоларининг бадаллари ва сунъий уруғлантириш бўйича кўрсатиладиган пуллик хизматлардан  тушадиган маблағлардан ажратмалар ҳисобидан, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

6. “Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси ҳузурида Чорвачиликни ривожлантириш  Жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилсин.

Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Уюшма таркибига кирувчи ташкилотлар, бўрдоқичилик хўжаликлари
ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан тузилган шартномалар асосида уларнинг соф фойдасидан ажратмалари;

Давлат ветеринария қўмитаси қошидаги жамғарма маблағлари ажратмалари;

“Ўзнаслчилик” давлат корхонаси соф фойдасининг 50 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

халқаро грантлар ва техник кўмак маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан таъқиқланмаган бошқа манбалар.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Жамғарма фаолиятини ташкил этиш ва маблағларни тасарруф этиш бўйича Жамғарма низомини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг уюшмага аъзо бўлиб кириш шартларини ўзида акс эттирган Низомни тасдиқласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилдан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра жойларда янгидан ташкил этиладиган сунъий уруғлантириш шахобчаларини Дьюар идишлари ва бошқа зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун бир марталик харажатларни молиялаштириш учун талаб этиладиган маблағларни республика бюджети ҳисобидан ажратилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда
икки ой муддатда  чорвачилик ривожланган хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ва наслчилик хўжаликларини иқтисодий қўллаб-қувватлаш, жойларда аҳоли хонадонларида парвариш қилинаётган қорамоллар зотини босқичма-босқич яхшилашга эришиш орқали оилаларда сут ва гўшт етиштиришни кўпайтириш ҳисобига уларнинг даромади ва турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан:

наслчилик хўжаликларида етиштирилган ва ҳудудий “Чорванасл” масъулияти чекланган жамиятлар орқали аҳоли ва бошқа чорвачилик билан шуғулланадиган хўжаликларга сотилган ҳар бир бош наслли қорамол учун дотация тўлаш тартибини;

аҳоли хонадонидаги сигирларни сунъий уруғлантириш учун ишлатиладиган наслли буқаларнинг музлатилган уруғи ва кимё корхоналари томонидан етказиб бериладиган суюқ азот учун ҳаражатларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тизимини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини тайёрласинлар.

Ташкил этиладиган сунъий уруғлантириш субъектларини давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ташкил этиш таклифларига розилик берилсин
ҳамда уларни зарурий асбоб анжомлар билан тўлиқ таъминлансин.

10. Белгилаб қўйилсинки:

қорамолчилик йўналишидаги хўжаликлардаги (бўрдоқичилик хўжаликлари бундан мустасно) сигирлар мажбурий равишда “Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган селекция режасига асосан мазкур ҳудуд учун бириктирилган зотдаги наслли буқалар уруғи билан сунъий уруғлантирилади;

бугунги кунда республикада фаолият кўрсатаётган қорамолчилик йўналишидаги (бўрдоқичилик хўжаликлари бундан мустасно) барча хўжалик юритувчи субъектлар 2021 йил 1 январгача ўрнатилган тартибда наслчилик тоифасига ўтиши талаб этилади;

наслчилик тоифасидаги хўжаликларнинг биринчи навбатдаги асосий вазифаси этиб:

аҳолига ва чорвачилик хўжаликлари, шу жумладан бўрдоқичилик хўжаликларига шартнома асосида наслли молларни етказиб бериш;

ўзлари жойлашган ҳудуддаги аҳоли хонадонларидаги сигирларни ва етказиб берилган наслли молларни сунъий уруғлантириш хисобланади.

11. Чорвачиликни янада ривожлантириш, чорва моллари маҳсулдорлиги ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва селекция-наслчилик ишларини тубдан такомиллаштириш бўйича Йўл харитаси” 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

“Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига масалага алоқадор вазирлик ва идоралар раҳбарлари шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.

12. Давлат ветеринария қўмитаси тизимидаги сигирларни сунъий уруғлантириш ишлари билан шуғуланаётган зооветеринария шаҳобчалари, Дьюар идишлари ва бошқа жиҳозларни бир ой муддатда тўлиқ янгидан ташкил этилган “Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси балансига текинга берилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги, “Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда Давлат ветеринария қўмитаси томонидан уюшма балансига берилган шахобчалар негизида ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган жойларда 5-иловага мувофиқ аҳоли хонадонларидаги сигирларни сунъий уруғлантириш шахобчаларини жорий йилнинг 1 декабригача ишга тушириб, уларни малакали мутахассислар билан таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги, “Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши
ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда истеъмол бозорини сифатли гўшт
ва гўшт маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва
бозорларда гўшт нархининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида 6-иловага мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2019-2021 йилларда гўшт йўналишидаги (бўрдоқичилик) комплексларни ташкил этишнинг прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси, “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти билан биргаликда ҳар йили озиқ-овқат буғдойи баланси ҳамда пахта шроти ва шелухаси ишлаб чиқариш ҳажмларини белгилашда “Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси томонидан тақдим этиладиган талабномага асосан уюшма таркибидаги бўрдоқичилик хўжаликларига биржа савдолари орқали сотиш учун буғдой, пахта шроти ва шелухаси ажратилишини назарда тутсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлиги Уюшмани Тошкент вилояти, Кибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уй манзилига бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилишини таъминласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Уюшма ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18.  Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т.Мирзаев ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Б.Т.Юсупов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти

 

                Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2018 йил “______” даги ПҚ- _____-сон қарорига
ИЛОВА

Чорвачиликни янада ривожлантириш, чорва моллари маҳсулдорлиги ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини
ошириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва селекция-наслчилик ишларини тубдан такомиллаштириш бўйича

“ЙЎЛ ХАРИТАСИ”

Тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. Чорвачиликда селекция-наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларига оид
норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш

1.

“Наслчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини замон талабларига мувофиқлаштиришни назарда тутган ҳолда уни тубдан қайта кўриб чиқиш.

Ўзбекистон Республикаси
Қонуни

2018 йил
1 декабргача

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

вазирлик ва идоралар

2.

“Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси қошидаги  “Наслчилик ва бўрдоқичилик хўжаликларини ривожлантириш” Жамғармасига Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағларни техник ёрдам (грант) сифатида бериш бўйича тегишли қарор лойиҳасини тайёрлаш ва ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори

2018 йил
1 декабргача

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Холмуродов, Қўчқоров, Мирзаев, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси

3.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг қишлоқ хўжалик экинлари этиштириш салмоғи паст бўлган туманларни чорвачиликка ихтисослаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш.

Тахлилий -маълумотлар

 

2018 йил
15 декабр
ь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари

II. Чорвачилик озуқа базасини янада мустаҳкамлаш, чорва моллари бош сони билан ер майдонлари
мутаносиблигини таъминлаш

4.

Озуқабоп (асосий, такрорий ва оралиқ шунингдек, яйлов озуқабоп ўсимликлари) экинларнинг супер элита ва элита уруғларини оригинаторлар ва илмий-тажриба станцияларда етиштириш ҳамда уруғчилик хўжаликларига, улардан истеъмолчи хўжаликларга тизимли етказиб бериш шунингдек, уларни тўлов тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2018 йил
1 октябрь

Инновацион ривожлантириш вазирлиги,

Фанлар академияси,

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

Молия вазирлиги,

 “Ўздонмаҳсулот” АК,

Иқтисодиёт вазирлиги

5.

Озуқа экинларини етиштириш учун ажратилган сувли майдонларда экилган асосий экинлардан кейин такрорий экин экиш тизимини яратиш ҳисобига ҳар бир гектар 10-12 тонна озуқа бирлиги олишга эришиш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

Ҳар йили мавсум давомида

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари

6.

Корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган омухта емларни илмий асосланган рецептуралар асосида оқсил, витаминлар ва премикслар билан бойитилган ҳолда ишлаб чиқиш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2018 йил октябрдан бошлаб

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси,

 “Ўздонмаҳсулот” АК,

“Ўзпахтаёғ” АЖ

7.

Озуқабоп экинлардан юқори ҳосил олиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги хузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан туман ҳокимликларининг талабномаларига асосан, озуқа экинларини (асосий, такрорий, оралиқ, яйлов озуқабоб экинлари) экиш учун талаб қилинадиган уруғларни навлари ва миқдори бўйича етказиб бериш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

Ҳар йили мавсум давомида

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари

8.

“Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси томонидан тақдим қилинадиган талабномага асосан талаб этиладиган миқдордаги пахта шроти, шелуха ва омухта емни бўрдоқичилик ва наслчилик тоифасидаги хўжалик юритувчи субъектларга биржа савдолари орқали сотилишини ташкил этиш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

Ҳар йили мавсум давомида

Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзпахтаёғ” АК ва “Ўздонмаҳсулот” АЖ

9.

Чорвачилик субъектларида фойдаланиладиган махсус техника воситалари ва мини техникалар билан имтиёзли шартларда, шу жумладан лизинг асосида таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори

Икки ой муддатда

Иқтисодиёт вазирлиги,

Молия вазирлиги,

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти, “Ўзагролизинг” акциядорлик лизинг компанияси

III. Чорвачиликда сунъий уруғлантириш ишларини янада ривожлантириш
ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

10.

Ҳар бир сунъий уруғлантириш шахобчасига ўртача
700 бош урғочи молларни сунъий уруғлантириш имконияти мавжудлигини ҳисобга олиб, туман секторлари кесимида сунъий уруғлантириш шахобчаларини ташкил этиш бўйича йўл харита ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Йўл харитаси

Ҳар йили январь ойида

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

“Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси, Тижорат банклари,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари

11.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги талабномасига асосан суюлтирилган азотни “Ўзкимёсаноат” ДАК томонидан ҳудудларга бепул етказиб бериш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

Доимий

“Ўзкимёсаноат” АЖ,

“Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари

12.

Сунъий уруғлантириш субъектларини зарурий асбоб ускуналар билан жихозлаш мақсадида сунъий уруғлантириш шахобчаларига 8400 дона Дьюар ва
13 та креоген идишлар ҳамда 13 та махсус автомашиналарни бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик бепул таъминлаш.

Идоравий ҳужжат

2018 йил
1 октябрь

Молия вазирлиги,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

IV. Чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтиришнинг
инновацион шакллари ва технологияларини жорий қилиш

13.

Ҳар бир қишлоқ туманларида чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этган ҳолда камида 1 тадан кластерларни ташкил этиш.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори

Ҳар йили
1 февралга қадар

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси,

Давергеодезкадастр,

“Халқ банки” ДАТБ, тижорат банклари,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари

14.

Ҳар бир қишлоқ туманларида ҳар йили 1 тадан
500 бошга мўлжалланган гўшт йўналишидаги қорамолчилик комплексини ташкил этиш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019-2020 йилларда

“Халқ банки” ДАТБ, тижорат банклари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари

15.

2019-2023 йилларда қорамолчилик тармоғини, комплекс ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Чора-тадбирлари дастури

2018 йил
1 октябрь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

Давлат ветеринария қўмитаси,

“Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари

V. Тармоқда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш

16.

“Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси ва унинг тизимида мавжуд ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотларни уларнинг функционал мақсадлари, ахборот хавфсизлиги талаблари ва бошқа техник параметрларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида хатловдан ўтказиш.

Хатлов якунлари бўйича такомиллаштириш чораларини кўриш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019 йил
1 январгача

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

17.

Режалаштириш ва ҳисобот тизимини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқарилган ва селекция-наслчилик ҳисобини юритишнинг “онлайн-тизими”ни жорий этиш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019 йил
1 январгача

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги,

Давлат статистика қўмитаси,

Давлат божхона қўмитаси,

Марказий банк,
Ташқи савдо вазирлиги

18.

Қисқа ва ўрта муддатли махсус курсларни ўтказиш орқали ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш.

Ташкилий
тадбирлар

ҳар йили

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

VI. Кадрлар тайёрлаш, соҳа ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш

19.

“Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси ва унинг тизимида замонавий, зарур касб ва мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида малакасини ошириб бориш.

Ташкилий
тадбирлар

доимий

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

20.

“Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси ва унинг тизимида ходимларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2018 йил
1 сентябргача

“Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси,
Иқтисодиёт вазирлиги,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

21.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекнаслхизмат” уюшмаси мутахассисларини Европанинг чорвачилик соҳасидаги ривожланган давлатларига малакасини ошириш ва тажриба алмашиш мақсадида бепул хизмат сафарларини ташкил этиш.

Ташкилий
тадбирлар

Доимий

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги,

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги,
Савдо-саноат палатаси

Изоҳ: тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш соҳаси ва предметидан келиб чиққан ҳолда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши ёки ягона ҳужжатга бирлаштирилиши мумкин.

 

Umumiy takliflar

1512