ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
227 Министерство физической культуры и спорта Республики Узбекистан 13/08/2018 28/08/2018 0

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда овқатлантириш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўловини тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-227

1721135

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ
ВА СПОРТ ВАЗИРИ
НИНГ

БУЙРУҒИ

 

 

Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган

мактаб-интернатларда овқатлантириш харажатларини қисман
қоплаш учун ота-оналар тўловини тўлаш тартиби
тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаcининг 2018 йил 2 июндаги
410-сон “Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган
мактаб-интернатларда овқатлантириш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўловини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Вазир                                                                                                Д.Набиев

 

 

 

      Тошкент ш.,

2018 йил ___ ___________,

________-сон

 

 

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг
2018 йил “____” ____________даги
_______-сон буйруғига

ИЛОВА

 

 

Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган
мактаб-интернатларда овқатлантириш харажатларини қисман
қоплаш учун ота-оналар тўловини тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил 2 июндаги 410-сон “Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат
мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган
мактаб-интернатларида ўқувчиларни овқатлантириш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўловининг миқдори, уни тўлаш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган
мактаб-интернатлари (бундан буён матнда мактаб-интернат деб юритилади) ўқувчилари суткалик озиқ-овқат нормасига мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (бундан буён матнда ота-оналар деб юритилади) тўлови ҳисобига харажатларни қисман қоплаган ҳолда озиқ-овқат билан таъминланадилар.

2. Мактаб-интернатда ота-оналар томонидан тўланадиган тўловлар назарда тутилган бошқа бюджет маблағлари билан бирга мақсадли тартибда ўқувчиларни озиқ-овқат билан таъминлашни ҳамда мактаб-интернатнинг моддий-техника базасини яхшилашга, авваламбор, санитария-гигиена воситалари ва юмшоқ инвентарлар харид қилишга мақсадли тартибда йўналтирилади.

Бунда мактаб-интернатнинг моддий-техника базасини яхшилашга йўналтириладиган маблағлар миқдори жами йил давомида ота-оналар тўловидан тушган маблағларнинг
5 фоизидан ошмаслиги лозим.

3. Мактаб-интернатда ота-оналар тўлови қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўланади.

4. Мактаб-интернат ҳудудида ҳамда бошқа ҳудудларда ўтказиладиган ўқув-машқ йиғинлари (45 иш кунигача давом этадиган) даврида мактаб-интернат ўқувчилари
озиқ-овқат билан мактаб-интернатда ўқиш даврида кўрсатилган шартларда таъминланадилар.

 

2-боб. Ота-оналар тўловини амалга ошириш

 

5. Мактаб-интернатга ота-оналар тўлови ота-оналар ва мактаб-интернат маъмурияти ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

6. Мактаб-интернатга ота-оналар тўлови ўқув йили (сентябрь — май ойлари) учун тўланади.

7. Мактаб-интернатда ота-оналар тўлови ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмасдан тўланади. Ойнинг 15-санасидан кейин келган ўқувчилар таъминоти учун тўловлар эса, ўқувчи келган кундан бошлаб 3 кун ичида тўланади. Бунда тўловлар ўқувчининг шу ойда мактаб-интернатда бўладиган кунларга мутаносиб равишда тўланади.

8. Ота-оналар томонидан шартнома шартлари бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги, шу жумладан тўлов шартномада белгиланган миқдорда ҳамда мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган муддат ўтгач икки ҳафта мобайнида узрли сабабларсиз тўланмаган тақдирда, ота-оналар билан тузилган шартноманинг амал қилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатилади ва бу ўқувчининг мактаб-интернатда бўлишини тўхтатиш учун асос бўлади. Бунда тўлов амалга оширилмаганлиги ўқувчининг мактаб-интернатда таълим олишини тўхтатишга асос бўлмайди.

9. Ота-оналар томонидан амалга оширилмаган тўлов у амалга оширилган кундан бошлаб ўқувчининг мактаб-интернатда бўлиши тикланади.

10. Ота-оналар тўлови тижорат банклари орқали нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда (банк пластик карточкалари орқали ва пул ўтказиш йўли билан) тўланади. Бунда тўловнинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси мактаб-интернатга тақдим этилади.

11. Ота-оналар тўлови мактаб-интернатнинг тегишли ҳудудий ғазначилик бўлинмаларидаги шахсий ғазна ҳисобварақларида ундан кейинчалик фойдаланиш учун ҳисобга олинади.

 

3-боб. Ота-оналар тўловининг ҳисоб-китоби

 

12. Ота-оналар тўловининг бир кунлик қиймати бир ойлик тўлов миқдорини
шу ой мобайнидаги иш кунлари сонига бўлиш орқали аниқланади.

13. Ўқувчининг ёки оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли ўқувчи мактаб-интернатга кетма-кет уч кундан ортиқ келмаган давр учун тўланган тўловлар кейинги ой учун тўловни амалга оширишда ҳисобга олинади. Бунда ўқувчининг келмаган кунлари сони бир кунлик тўлов миқдорига кўпайтирилиб, кейинги ой учун тўлов суммаси чиққан суммага камайтирилади. Агар ўқувчининг келмаган кунлари учун тўлов ҳали амалга оширилмаган бўлса, жорий ой учун тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлар учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади.

Ўқувчининг ёки унинг оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли боланинг мактаб-интернатга келмаганлиги тегишли даволаш-профилактика муассасаси ёки участка шифокори томонидан бериладиган маълумотнома билан тасдиқланиши шарт.

Ўқувчининг уйда қолган бошқа барча ҳолларида мактаб-интернатда ота-оналар тўлови умумий асосларда тўланади.

14. Ота-онанинг олдиндан берган ёзма аризасига асосан, ўқувчининг
мактаб-интернатда бўлиши вақтинчалик ёки бутунлай тўхтатилган тақдирда, тўлов тўлиқ бўлмаган ой учун, яъни ўқувчи амалда мактаб-интернатда бўлган кунлар учун тўланади.

Ўқувчининг мактаб-интернатда бўлиши вақтинча ёки бутунлай тўхтатилиши тўғрисида ота-онасининг ёзма аризаси бўлмаган ҳолларда тўлов тўлиқ ой учун ҳисобланади ва умумий асосларда ундирилади.

Ўқувчининг мактаб-интернатда тўлов тўланган даврдан ортиқ муддатда бўлишига ушбу ой учун тўловнинг қолган қисми тўлангандан сўнг, йўл қўйилади.

15. Ёзги таътиллар даврида мактаб-интернатда ўқувчилар учун ота-оналар тўлови ундирилмайди.

16. Ўқувчи мактаб-интернат педагогика кенгашининг қарорига асосан
мактаб-интернатдан четлатилган тақдирда ота-оналар тўлови сифатида илгари тўланган тўлов қайта ҳисоб-китоб қилинмайди ва қайтариб берилмайди, ўқувчи ўз хоҳишига кўра бошқа таълим муассасасига ўтган ҳоллар бундан мустасно.

 

4-боб.  Ўқувчиларни ота-оналар тўловидан озод қилиш

 

17. Мактаб-интернат ўқувчилар умумий контигентининг кўпи билан 30 фоизи миқдорида ўқувчиларнинг қуйидаги тоифалари ота-оналар тўловидан озод этилади:

а) ота-оналаридан бири ёки иккаласи I ёхуд II гуруҳ ногирони бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандлари;

б) олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Олимпиада (1-5 ўрин), Осиё ўйинлари (1-5 ўрин), жаҳон ва Осиё чемпионати, биринчилиги, кубоги (1-5 ўрин), шунингдек бошқа халқаро (1-3 ўринлар) ва республика (1-ўрин) чемпионати, кубоги ва биринчилиги спорт мусобақаларида ғолиб бўлган ўқувчилар – бир ўқув йили мобайнида
(ғолиб ва совриндор деб эълон қилингандан кейинги ойдан бошлаб ўқув йили якунига қадар).

18. Ота-оналар тўловидан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган оиланинг мулкий аҳволи тўғрисида маълумотномага ва мактаб-интернат ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан аниқланади ва шакллантирилади.

19. Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Олимпиада (1-5 ўрин),
Осиё ўйинлари (1-5 ўрин), жаҳон ва Осиё чемпионати, биринчилиги, кубоги (1-5 ўрин), шунингдек бошқа халқаро (1-3 ўринлар) ва республика (1-ўрин) чемпионати, кубоги
ва биринчилиги спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган ўқувчиларни бир ўқув йили мобайнида ота-оналар тўловидан озод этишга уларнинг спорт мусобақасида ғолиб бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжати (диплом, мусобақа бош ҳаками томонидан тасдиқланган мусобақа баённомаси (протоколи)) асос бўлади.

20. Тўловдан озод қилинадиган ўқувчилар рўйхати ҳар ўқув йилининг 25 сентябрь кунига қадар мактаб-интернат директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

21. Тўловдан озод қилинадиган ўқувчилар рўйхатига кирмай қолган, шунингдек йил давомида аниқланган кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Олимпиада (1-5 ўрин), Осиё ўйинлари (1-5 ўрин), жаҳон ва Осиё чемпионати, биринчилиги, кубоги (1-5 ўрин), шунингдек бошқа халқаро (1-3 ўринлар)
ва республика (1-ўрин) чемпионати, кубоги ва биринчилиги спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган ўқувчилар ҳисобидан захира шакллантирилади.

22. Тўловдан озод қилинган ўқувчиларнинг мактаб-интернатда бўлиши тўхтатилиши натижасида бўшаб қолган ўринлар захирадан тўлдириб борилади. Бунда бўшаб қолган ўринлар мазкур Низомнинг 20-бандига асосан имтиёзга эга бўлган ўқувчиларни биринчи навбатда танлаб олиш тамойилига риоя қилган ҳолда тўлдириб борилади.

23. Тўловдан озод қилинадиган ўқувчилар рўйхати у тасдиқлангандан кейин ўқув йили давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.

 

5-боб. Якуний қоидалар

 

24. Мактаб-интернатда ота-оналар тўловининг кирим қилиниши ва уларнинг мақсадли сарфланиши бўйича бюджет ҳисоби ва ҳисоботи мактаб-интернатнинг бухгалтерияси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

25. Ота-оналар тўловининг тўғри ҳисобланиши, ўз муддатида тўланиши, ҳисоби
ва ҳисоботининг юритилиши, тушган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий назорат-тафтиш бошқармалари томонидан амалга оширилади.

26. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

27. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишилган.

 

 

 

Молия вазири

 

2018 йил “___”_____________

 

 

 

 

Д.Кучкаров

Ўзбекистон футбол ассоциацияси

Президенти

 

2018 йил “_____”___________

 

 

А.Раматов

Umumiy takliflar

1080