ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
213 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 12/08/2018 27/08/2018 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-213

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Республика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ва даромадлари жамғарилишини таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2004 йил 20 июлдаги 341-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 7-сон, 69-модда) 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И. У. Маджидов зиммасига юклансин.

 

 

                                                                                                    Ўзбекистон Республикасининг

                                                                                                                Бош вазири                                                                    А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил “___” ________даги
____-сон қарорига
1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
ҳузуридаги Олий таълим муассасаларини ривожлантириш
жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш
ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом Республикадаги хорижий олий таълим муассасалари ёки уларнинг филиаллари, нодавлат ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси тасарруфидаги олий таълим муассасаларига нисбатан тадбиқ этилмайди.

2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ва ушбу Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.

 

2-боб. Жамғармани бошқариш

3. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири раислик қилувчи Жамғармани бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан тасдиқланади. Кенгаш таркибига Вазирлик ва олий таълим муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари (7-9 киши) киритилади.

Кенгаш мажлиси аъзоларнинг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи асосида амалга оширилади.

4. Кенгаш мажлиси ҳар чоракда камида бир маротаба, зарур бўлганда навбатдан ташқари чақирилади.

Кенгаш йиғилишларини ўтказиш тартиби Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади.

5. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларнинг устувор йўналишларини белгилаш;

ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма маблағларининг тушуми ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.

6. Жамғармани қўллаб-қувватлаш ва унга хорижий кредитлар ва грантларни жалб этиш Вазирлик номидан амалга оширилади.

7. Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатлар билан бирга ушбу харажатларни асословчи тегишли ҳужжатлар тақдим этилади.

Ҳужжатларнинг асосланганлиги ва сифати, келтирилган маълумотларнинг тўғрилиги юзасидан олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда ташкилот ва муассасалар раҳбарлари жавобгардирлар.

8. Вазирликнинг Молиялаштириш ва бухгалтерия ҳисоби бошқармаси Жамғарманинг Ишчи органи ҳисобланади.

Жамғарма ҳисобидан унинг фаолиятини юритиш учун икки бирлик бош мутахассис лавозими штатини сақлашга рухсат этилади.

9. Ишчи орган қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади;

даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

сўровномаларни умумлаштиради ва Кенгашга кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлайди;

Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлари ҳамда асосий харажатлар йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;

ҳар чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ва Кенгашга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади.

10. Жамғарма маблағларининг ҳисоб ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Вазирлик бухгалтерияси томонидан амалга оширилади.

3-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби

11. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт (шу жумладан оширилган тўлов-контракт) шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларининг мазкур маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларида акс эттириладиган йил бошига қолдиқ (тижорат банкларининг депозитларига жойлаштирилган маблағлар ҳам инобатга олинган ҳолда) қисмининг 5 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

хайрия берувчилар маблағлари, халқаро ташкилотларнинг грантлари, юридик ва жисмоний шахсларининг ихтиёрий хайр-эҳсонлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағлар.

12. Жамғармага Олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан ўтказиладиган ажратмалар жорий йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай туширилиши шарт.

13. Жамғармага тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан ўтказиладиган ажратмалар ҳажмини тўғри белгиланиши ҳамда ўрнатилган муддатда ўтказилиши юзасидан масъулият олий таълим муассасаларининг раҳбарлари зиммасига юкланади.

14. Жамғарманинг вақтинчалик бўш турган маблағлари Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикасининг молиявий барқарор ва тўлов қобилияти юқори бўлган банкларининг депозит ҳисобварақларига жойлаштирилиши мумкин. Олинган фоиз даромадлари мазкур Низомнинг 16-бандида назарда тутилган мақсадларга сарфлаш учун тақсимланади.

15. Жамғарманинг ўтган йилда ишлатилмаган маблағлари олиб қўйилмайди ва жорий йилда ушбу Низомда кўрсатилган мақсадлар учун сарфланади.

4-боб. Жамғарма маблағларини сарфлаш тартиби

16. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:

ўқув ва илмий адабиётларни яратиш, чоп этиш ва олий таълим муассасалари китоб фондини тўлдиришга;

ўқув бинолари, талабалар яшаш жойлари, спорт иншоотлари ва бошқа инфратузилма объектларини моддий ҳолатини яхшилаш, шу жумладан уларни зарур замонавий ўқув ва илмий-лаборатория ускуналари, мебел, инвентарлар билан жиҳозлашга ва бошқа товар-моддий қийматликлар харид қилишга;

ўқув бинолари, талабалар яшаш жойлари, спорт иншоотлари ва бошқа инфратузилма объектларида қурилиш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини (лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш харажатларини инобатга олган ҳолда) амалга оширишга, уларни кузатув, назорат ва идентификация тизимлари, воситалари ва қурилмалари билан таъминлашга;

ахборот-коммуникация, мультимедиа ва тармоқ қурилмалари, техникалари, воситалари ҳамда дастурий таъминотларни харид қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш, ахборот-таълим ресурсларини ишлаб чиқиш, ўқув
ва бошқарув жараёнини автоматлаштиришга хизмат қилувчи тизимларни яратиш, вазирлик ва таълим муассасалари ўртасида электрон ахборот алмашинувини ташкил этиш, интерактив таълим ресурслар ва маълумотлар базасини шакллантириш, “Электрон таълим” тармоғи қурилмаларини ишчи ҳолатда сақлаш ва хизмат кўрсатишга;

ўқув ва илмий лабораторияларни зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлашга;

хорижий олим, профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни республика олий таълим муассасалари ҳамда раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасалари ўқув жараёнига, шунингдек, таълим жараёнини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш мақсадларида эксперт ва консультантларни жалб этишга;

инвестиция лойиҳалари доирасида лойиҳаолди, лойиҳа, танлов ҳамда шартнома хужжатларини экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш, товар қабул қилиш билан боғлиқ бўлган декларация-сертификация ишлари, вақтинчалик омбордан фойдаланиш ва консалтинг хизматлари учун ҳақ тўлашга;

республика олий таълим муассасаларида ижтимоий, тарбиявий, психологик ва бошқа ўқув-услубий, илмий лойиҳалар ҳамда тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш (ишчи гуруҳларнинг иш ҳақи, хизмат сафари ва бошқа харажатлар)га;

профессор-ўқитувчилар ёки талабалар ўртасида ўтказиладиган республика танловлари ғолибларини тақдирлаш ва рағбатлантиришга;

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишда фаоллик кўрсатган олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчиларини моддий рағбатлантиришга;

кам таъминланган оилалар ва етим болалар тоифасига кирувчи талабаларни ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари (бир йилда бир талабага энг кам иш ҳақининг 10 (ўн) баравари миқдоридан ошмайдиган бир марталик моддий ёрдам)га;

вакиллик тадбирларини (хорижий делегацияларни кутиб олиш, транспорт хизмати, таржимонларни жалб қилиш, совға ва сувенирлар сотиб олиш, овқатлантириш) ўтказишга;

зарур ҳолларда, олий таълим муассасаларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда стипендия тўловларини амалга ошириш учун 6 ойгача бўлган муддатга фоизсиз ссуда маблағлари ажратишга;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларига кўра ўтказиладиган спорт-соғломлаштириш ва бошқа тадбирларни амалга оширишга;

Вазирлик раҳбар ва ходимларини хорижий бошқарув идоралари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларга тажриба ўрганиш ва ҳамкорлик ўрнатиш мақсадларида хорижий хизмат сафарига юборишга;

Вазирликда ташкил этиладиган эксперт-таҳлил гуруҳларига ҳақ тўлашга.

17. Жамғарма маблағлари олий таълим муассасаларининг Бюджет муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади, ғазна ижроси билан қамраб олинмаган муассасалар бундан мустасно.

18. Жамғарма маблағлари йиллик даромадлари ҳажмининг 10 фоизидан ошмаган миқдорда Вазирлик марказий аппаратининг қуйидаги харажатларига йўналтирилиши мумкин:

Вазирликнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан ахборот-коммуникация жиҳозлари, мебель, инвентарлар ва транспорт воситалари харид қилиш билан боғлиқ харажатлар;

ходимларнинг лавозим маошига ҳар ойлик устамалар, мукофотлар, уларга моддий ёрдам бериш ва ижтимоий муҳофаза қилиш (йўлкира ва овқатланиш харажатлари учун қўшимча ҳақлар кўринишида) харажатларини амалга ошириш.

Вазирлик марказий аппарати ходимларининг лавозим маошига ҳар ойлик устамалар, мукофотлар, уларга моддий ёрдам бериш ва ижтимоий муҳофаза қилиш харажатларини тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан белгиланади.

19. Олий таълим муассасалари сўровномаларига асосан Жамғарма маблағлари биринчи навбатда қуйидаги харажат турларига ажратилади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан белгиланган харажатларга;

ўқув ва илмий адабиётларни яратиш билан боғлиқ харажатларга, бунда аввало ўқув адабиётининг таълим жараёни учун муҳимлиги юзасидан Вазирлик ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш хулосаси инобатга олинади;

ўқув бинолари ва талабалар яшаш жойларининг моддий ҳолатини яхшилаш харажатларига, бунда аввало бинонинг том қисми, иссиқлик ва муҳандислик-коммуникация тизимини таъмирлаш харажатлари инобатга олинади;

мазкур Низомнинг 16-бандида келтирилган бошқа харажатлар олий таълим муассасаларининг мурожаатларига мувофиқ ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

Жамғарма маблағларини олий таълим муассасаларининг мурожаатларига мувофиқ йўналтириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади.

20. Зарур ҳолларда, Жамғарма маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари асосида Вазирлик ҳузурида ташкил этиладиган муассаса (ташкилот)ларни ҳамда Вазирлик марказий аппарати учун қўшимча штат бирликларини сақлаш амалга оширилади.

21. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш унинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади, Вазирлик томонидан тасдиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.

22. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига йил давомида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

5-боб. Ҳисоб, ҳисобот ва назорат

23. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Вазирликнинг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.

24. Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Вазирлик ҳайъати йиғилишида кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили 15 мартгача Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланади.

25. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, товарлар (иш ва хизматлар)ни харид қилиш бўйича тузилган шартномалар рўйхатлари Вазирликнинг расмий сайтларида эълон қилинади.

26. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назорати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ҳамда Вазирликнинг Ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан амалга оширилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

27. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил “___” ________даги
____-сон қарорига
2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2004 йил
20 июлдаги 341-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар

 

1. 5-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма даромадлари хайрия берувчилар маблағлари, халқаро ташкилотларнинг грантлари, шунингдек олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларининг мазкур маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларида акс эттириладиган йил бошига қолдиқ қисмининг 5 фоизи миқдоридаги ажратмалари ҳисобига шакллантирилади.”.

2. 3-илованинг 10-банди ўнинчи хатбоши чиқариб ташлансин.

Umumiy takliflar

889