Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
20669 O’zbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi 08/08/2020 23/08/2020 99

Muhokama yakunlandi

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Чорвоқ” сув омбори ҳавзасининг санитария муҳофазасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-20669

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Чорвоқ» сув омбори Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолисини экологик жиҳатдан тоза ва сифатли ичимлик суви билан  таъминлашда стратегик аҳамиятга эга бўлиб, сўнгги йилларда сув омборида тўпланаётган сувнинг санитария-гигиеник ҳолати маиший ва кимёвий чиқиндилар ташланиши сабабли тобора ёмонлашиб бормоқда. Шунингдек, «Чорвоқ» сув омбори жойлашган ҳудуд рельефининг мураккаблиги, сувнинг 220 метрдан чуқурлиги ҳамда сувда сузувчи транспорт воситаларидан фойдаланиш, аксарият ҳолатларда аҳоли томонидан чўмилиш қоидаларига риоя этилмаслиги чўкиш билан боғлиқ нохуш ҳолатларга олиб келган. 

Хусусан, 2 та скутернинг тўқнашиши оқибатида 2017 йилда 2 нафар ва 2015 йилдан 2020 йилнинг июль ойига қадар 8 нафар фуқаролар чўкиш оқибатида вафот этган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Чорвоқ» сув омборида тўпланадиган сувнинг ифлосланишини олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖларнинг «Чорвоқ» сув омборида моторли қайиқлар, катерлар, яхталар, гидроцикл ва бошқа сузувчи воситалардан фойдаланилиш ва аҳолининг чўмилишини тақиқлаш бўйича таклифлари инобатга олинсин.

2. 2020 йил 1 августдан бошлаб Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Чорвоқ” сув омборида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган моторли қайиқлар, катерлар, яхталар, гидроцикл ва бошқа сузувчи воситалардан фойдаланиш ҳамда пляжлар ташкил этиш ва сув омборининг қирғоғи периметри бўйлаб аҳолининг чўмилиши қатъиян тақиқлансин.

3. Белгилансинки, «Чорвоқ» сув омборида махсус вазифаларни бажариш ваколатига эга бўлган вазирлик ва идораларга ўз моторли қайиқларидан фойдаланишга рухсат этилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда «Чорвоқ» сув омборида жисмоний ва юридик шахслар томонидан моторли қайиқлар, катерлар, яхталар, гидроцикл ва бошқа сузувчи воситалардан фойдаланилиши ҳамда аҳолининг чўмилишини олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар кучайтирилсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи Т.А. Худайбергенов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.

 

     Ўзбекистон Республикасининг

     Бош вазири                                                                                          А. Арипов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
“Чорвоқ” сув омбори ҳавзасининг санитария муҳофазасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
қарори лойиҳасига

 

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

 

Маълумки, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда сув манбаларининг санитария ҳолатини яхшилаш бугуннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Чорвоқ» сув омбори ҳам Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашда стратегик аҳамиятга эга эканлиги, ушбу сув манбаини муҳофаза қилиш, унинг санитария ҳолатини яхшилаш ва ундан оқилона фойдаланиш чораларини кўришни тақозо этади.

Сўнги йилларда «Чорвоқ» сув омборидан пляж сифатида кенг фойдаланилиши, сув омборида фаолият кўрсатаётган сувда ҳаракатланувчи транспорт воситалари, хусусан, скутер, моторли қайиқ, яхта, гидроцикл ва бошқа сузувчи воситалар сонининг кескин равишда ортиши, уларнинг белгиланмаган ва тақиқланган ҳудудларда  ҳаракатланиши бевосита тўпланаётган сувнинг санитария-гигиеник ҳолатининг тобора ёмонлашиб боришига олиб келмоқда. Шунингдек, «Чорвоқ» сув омбори жойлашган ҳудуд рельефининг мураккаблиги, сувнинг 220 метрдан чуқурлиги ҳамда сувда сузувчи транспорт воситаларидан фойдаланиш, аксарият ҳолатларда аҳоли томонидан чўмилиш қоидаларига риоя этилмаслиги чўкиш билан боғлиқ нохуш ҳолатларга олиб келган. 

Хусусан, 2 та скутернинг тўқнашиши оқибатида 2017 йилда 2 нафар ва 2015 йилдан 2020 йилнинг июль ойига қадар 8 нафар фуқаролар чўкиш оқибатида вафот этган.

Шу сабабли, «Чорвоқ» сув омборида тўпланаётган сувнинг ифлосланишини олдини олиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов томонидан 2020 йил 30 июнь куни тасдиқланган «Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тумандаги мавжуд муаммоларни бартараф этишни жадаллаштириш чоралари тўғрисида»ги 3-сонли йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида, «Чорвоқ» сув омбори ҳудудида сувда ҳаракатланувчи транспорт воситалари ҳаракатини ҳамда аҳолининг чўмилишини тақиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойиҳаси билан «Чорвоқ» сув омбори ҳудудида сувда ҳаракатланувчи транспорт воситалари, хусусан, скутер, моторли қайиқлар, яхталар, гидроцикл ва бошқа сузувчи воситаларлар ҳаракатланишининг  тақиқланиши норматив-ҳуқуқий асосда мутаҳкамланиб, сув омборида махсус вазифаларни бажарувчи вазирлик ва идораларнинг моторли қайиқлари ҳаракатланиши бўйича тартиб белгиланмоқда.

Мазкур қарор лойиҳасини қабул қилиниши давлат бюджетидан қўшимча маблағ сарф этилишини талаб қилмайди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қарор лойиҳасининг қабул қилиниши «Чорвоқ» сув омборининг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда сув омборида сувда ҳаракатланувчи транспорт воситалари билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Вазирнинг биринчи ўринбосари                                                                     А. Қўлдошев 

Umumiy takliflar: 57

5494