ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
203 Министерство культуры Республики Узбекистан 10/08/2018 25/08/2018 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-203

 

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини
ташкил этиш тўғрисида Намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
“2018–2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида” 2018 йил 5 январдаги 9-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Намунавий низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг
Бош вазири

 


А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил “___” _____даги____-сон қарорига
1-ИЛОВА

 

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари
фаолиятини
ташкил этиш тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Намунавий низом давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг мақсади ва вазифаларини, уларнинг фаолиятини ташкил этиш, молиялаштириш, гастроль фаолияти ва уларнинг иш вақти ҳамда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларини бошқариш тартибини белгилайди.

2. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишларига ҳамда ушбу Намунавий низомга, шунингдек, ўз низоми ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қиладилар.

3. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган
ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилигида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.

4. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолияти бўйича ўзининг юқори турувчи ҳамда тегишли молия органига белгиланган тартибда ҳисобот беради.

5. Мазкур Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

театр ва концерт-томоша муассасаси – театр, опера ва балет, концерт, цирк, рақс ва турли томошалар ҳамда тадбирлар ўтказадиган юридик шахс;

тадбирлар – концертлар, спектакллар, театрлаштирилган ва цирк томошалари, ижодий учрашувлар, турли шоу-дастурлар, фестиваллар, томошаларнинг шакли ва жанридан қатъий назар бошқа маданий-оммавий тадбирлар ҳамда бошқа томоша тадбирлари;

спектакллар – саҳна асарини жонли ижрода оммага намойиш этиш, ўтказиш шароитларидан келиб чиққан ҳолда спектакллар стационар, кўчма ва гастроль спектаклларига бўлинади.

 

2-боб. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг мақсад ва вазифалари

 

6. Қуйидагилар давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг мақсади ҳисобланади:

миллий ва жаҳон театр, опера ва балетҳамдаконцерт-томоша санъатининг бой анъаналарини юксалтириш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш, замон талаблари даражасидаги саҳна асарларини саҳналаштириш, уларда миллий анъаналаримизни улуғлаш орқали умуминсоний қадриятларни шакллантириш, халқимиз, айниқса ёш авлод онгида миллий ва жаҳон маданияти ва қадриятларига нисбатан эҳтиром ҳисларини ошириш, шунингдек, жаҳон театр ва томоша санъати соҳасида қўлга киритилган ютуқлардан унумли фойдаланиш;

ўзбек ва жаҳон театр, опера ва балет ҳамда мусиқа санъатининг энг нодир наъмуналарини тарғиб қилиш, концерт дастурларини ғоявий бадиий савиясини ошириш, аҳолининг дунё қарашини янгича миллий истиқлол ғояси асосида шаклланишига, маънавий талабларини қондириш учун қулай шароитлар яратиш, ватанпарварлик, байналминал, ҳуқуқ ва ахлоқий тарбияни ўстириш, уларни демократик давлат фуқаролик жамияти қуриш ишига жалб этишга кўмаклашиш, эркин ижодий ўзига хосликни намойиш қилиш имкониятларини кенгайтириш, хизмат сифатини ошириш;

Ўзбекистон театр ва томоша санъатини мамлакатимизда ва чет элларда кенг тарғиб этиш, гастроль фаолиятини шакллантириш ва мувофиқлаштириш;

республика миқиёсидаги маданий тадбирларда, кўрик-танловларда, фестивалларда фаол қатнашиш ва ташкил этиш, театрлаштирилган томошалар
ва спектакллар, маданий тадбирлар, ижодий кечалар, концерт дастурлари тайёрлаш.

7. Қуйидагилар давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг вазифалари ҳисобланади:

театр ва томоша санъатини кенг тарғиб этиш мақсадида мамлакатимиздаги
вачет эллардаги муассасалар билан маданий, илмий-ижодий, иқтисодий ҳамкорлик қилиш юзасидан ўзаро манфаатли шартномалар, меморандумлар тузиш;

театр ва томоша санъати олдига қўйилган вазифаларни самарали ташкил этиш учун ходимларнинг малакасини ошириш бўйича чораларни кўриш, уларни маънавий ва ижтимоий жиҳатданқўллаб-қувватлаш, ташаббускорликни рағбатлантиришнинг самарали усулларини жорий этиш;

миллий истиқлол ғояларига ҳамоҳанг, бадиий жиҳатдан юксак,
халқчил саҳна асарлари саҳналаштириш орқали ўзбек миллий театр
ва томоша санъати тараққиётига ҳисса кўшиш;

халқимиз, айниқса ёшларимиз қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат, гуманизм ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга баркамол саҳна асарлари, томошалар ва концерт дастурлари билан ҳисса қўшиб бориш;

аҳолини турмуш маданиятини ошириш, миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар, маросимлар, миллий байрамларни тиклаш ҳамда давом эттиришда кўмаклашиш;

кўргазмалар, фестивал, кўрик-танлов, шоулар (жумладан, халқаро), лоторея, теле-лото ўйинлар, маърузалар, маданият, санъат, илм-фаннинг атоқли арбоблари билан учрашувлар, бенефист, театр спектакллари, махсус тайёрланган дастурлар, дам олиш ва ижодий кечалар, мақсадли театрлаштирилган маросим кечалари
ва бошқа томоша тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш;

мамлакатда ва хорижда театр ва концерт-томоша гастроль фаолиятининг кенг кўламли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

 

3-боб. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

 

8. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида соҳанинг етакчи мутахассисларидан иборат Бадиий кенгаш тузиш;

алоҳида хизмат кўрсатган санъаткорларни, маъмурий, ижодий, техник ходимлар ҳамда бошқа мутахассисларни Давлат мукофотлари ва Фахрий унвонларига давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг Бадиий кенгаши хулосасига асосан белгиланган тартибда тавсия этиш;

ўз фаолиятини тўлақонли амалга ошириш учун давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижодий жамоалар, студиялар ташкил этиш;

ўрнатилган тартибда аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

белгиланган тартибда спектакллар, маданий тадбирлар, театрлаштирилган томоша ва концерт дастурлари учун чипталар нархини белгилаш;

долзарб мавзулардаги янги спектакллар ва томошаларни саҳналаштириш, концерт дастурлари учун турли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда белгиланган тартибда сотиш;

ўрнатилган тартибда шартнома асосида мутахассисларни театр ва концерт-томоша иши учун жалб этиш;

сувенирлар, буклетлар, табрикномалар, календарлар ва реклама махсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни бепул тарқатиш ёки сотиш;

аҳолига маиший, ижара ва бошқа пулли хизматлар кўрсатиш;

тижорат воситачилик хизматлари кўрсатиш;

ахборот, дизайн, матбаачилик соҳаларида хизмат кўрсатиш;

белгиланган тартибда нашрлар ва адабиётлар чиқариш;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ҳудудида умумий овқатланиш шаҳобчалари, буфет ташкил этиш;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ўз ижодий фаолиятини, ижодий ички муҳитини яхшилаш, ижодий тартиб ва этик қоидаларини жамоада амал қилишини таъминлаш мақсадида ички тартиб қоидаларини ишлаб чиқиш, жамоа умумий йиғилишида тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш;

белгиланган тартибда фаолияти бўйича реклама ишларини амалга ошириш, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга ҳисобланади.

9. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари қуйидаги мажбуриятларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари
ва фармойишларига ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилиш, шунингдек, ўзининг юқори турувчи органнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган буйруқлари, фармойишлар, топшириқлари, кўрсатмаларини бажариш;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасасининг ривожланиш йўлида ижодий, илмий-техник ишланмаларидан ва маҳсулотларидан устувор даражада фойдаланиш;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасасининг ташкилий, молиявий, моддий-техник масалаларини ечиш, ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасасини мунтазам ривожлантириб бориш, ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирлар режалари, дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш;

миллий ва умумбашарий қадриятларни тараннум этувчи бадиий баркамол ёрқин саҳна асарлари ва томошаларни саҳналаштирилишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошида ташкил этилган соҳанинг етакчи мутахассисларидан иборат Бадиий кенгаш тавсиясига асосан янги саҳна асарлари ва томошалар намойишини ташкил этиш.

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятлар.

 

4-боб. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг гастроль фаолияти

 

10. Қуйидагилар давлат театрларива концерт-томоша муассасаларининг республика ҳамдахалқаро миқёсидаги гастроль фаолиятларининг асосий тамойиллари ҳисобланади:

долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳолининг театр санъати хизматидан фойдаланишининг ҳудудий жиҳатдан қамраб олинишидаги номутаносибликни йўқотиш, аҳолига айниқса, ёшлар, вилоятлардаги қишлоқ аҳолисига санъат асарлари орқали хизмат кўрсатиш, шунингдек, хорижий давлатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш;

вилоят, туман ва шаҳар ҳамда хорижий давлатлар билан театр ва бошқа санъат ютуқлари борасида ўзаро тажриба алмашиш;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининггастроллари Ўзбекистон Республикаси вилоятлари, шаҳарлари ва туманлари ҳамда хорижий давлатлар билан театр ва бошқа санъат ютуқлари борасида ўзаро тажриба алмашиш;

улар турли миллатлар маданиятларининг бир-бирига ўзаро таъсири
ва ривожланиши, байналмилал ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш асосларини мустаҳкамлаш жараёнига ижобий таъсир кўрсатиш;

ижодий ходимларнинг касбий маҳоратини оширади, мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлайди, давлатимиз мавқеини кўтаради, ўзбек театр ва бошқа санъатнинг дунё ҳамжамияти маданий майдонидаги ўрнини белгилаб беради;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг жамоалари
ҳамда етакчи ижодкорларининг гастроль фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ўзининг юқори турувчи ташкилотларининг ёзма кўрсатмаларига асосан республика ёки халқаро миқёсида тижорат ҳамда ҳайрия асосида ташкил этилиши мумкин.

11. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари жамоалари ҳамда етакчи ижодкорларнинг гастроллари қуйидагиларга бўлинади:

республика миқёсидаги гастроль;

халқаро миқёсидаги гастроль.

12. Республика миқёсидаги гастролларЎзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бевосита шунингдек, турли давлат корхона ва идоралар ҳамда тижорат ёки нотижорат муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик келишувига асосан режалаштирилади ва белгиланган тартибда молиялаштирилади.

13. Халқаро миқёсидаги гастроллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан бевосита тегишли вазирлик
ва идоралар билан келишилган ҳолда шунингдек, турли маҳаллий ва хорижий давлат корхона ва идоралар ҳамда тижорат ёки нотижорат муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик келишувига асосан режалаштирилади ва белгиланган тартибда молиялаштирилади.

14. Гастроль учун ўз биносини тақдим этаётгантеатр-томоша ва гастролдаги давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаси ҳамда етакчи ижрочилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ва келишувлар шартнома асосида белгилаб олинади.

15. Тўғридан-тўғри алоқалар орқали ўтказиладиган гастроллар тўғрисидаги қарор давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари томонидан мустақил равишда юқори турувчи ташкилотлар билан келишилган ҳолда қабул қилинади.

Тўғридан-тўғри алоқалар орқали гастролларнинг ташкил этилиши
ва ўтказилиши томонларнинг имзоси қўйилган, гастролларни ташкил этиш
ва ўтказиш шартлари белгилаб қўйилган шартнома  асосида бошқарилади. Гастроль  афишаси уни қабул қилаётган театр ёки тегишли ташкилот билан келишув асосида аниқланади.

16. Тўғридан-тўғри алоқалар орқали ўтказиладиган гастроллар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида гастроль ўтказиладиган ҳудуднинг ҳокимликлари билан белгиланган тартибда келишилган ҳолда ўтказилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида тўғридан-тўғри алоқалар орқали ўтказиладиган гастроллар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан келишилган ҳолда ўтказилади.

17. Гастролларни ташкил этишда театрлар ва концерт-томошамуассасалари давлат, жамоат ва тижорат ташкилотларнинг воситачилик хизматдан шартнома асосида фойдаланиши мумкин.

18. Ўзбекистон Республикаси ва унинг чекка ҳудудларида тўғридан-тўғри келишув асосида ўтказиладиган гастроллар, давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларнинг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

19. Республика ва халқаро гастролларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар шу жумладан йўл, яшаш ва кунлик харажатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши шарт.

 

5-боб. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ижодий ходимларининг иш вақти

 

20. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалариижодий ходимларига ҳафтасига олти кунлик меҳнат ва бир кунлик дам олиш иш ҳафтаси белгиланади. Олтикунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, ҳафтасига
40 соатдан ошиб кетиши мумкин эмас.

Артист – репетицияга кунига бир марта, агар спектакль, концерт
ва томошада банд бўлмаган ҳолатларда кунига икки марта чақирилиши мумкин. Спектакль, концерт ва томошанинг фақат биринчи бўлимида банд бўлган артистларни, маъмурият кунига икки марта мазкур спектакль, концерт ва томоша давомийлиги вақтида репетицияга жалб этиш ҳуқуқига эга.

21. Қуйидагилар иш вақти сифатида баҳоланади:

спектакль, концерт ва томошага тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва якунлаш (артистни грим қилиш ва уни гримдан тозалаш, либос кийинтириш, декорацияларни ўрнатиш ва уларни бузиш учун кетадиган вақт);

маъмурият топшириғига биноан ишга чақирилгандан бошлаб репетицияларда иштирок этиш, жумладан машғулотлар, тренаж ва бошқа тайёргарлик ишларидан улар тугагунига қадар вақт ва ҳар давомийлиги камида икки соатни ташкил этувчи ҳар бир чақирув;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаси жойлашган манзилдан тадбир ўтказиладиганманзилга етиб бориш ва қайтиш учун кетган вақт;

тадбирларнинг бошланиши эълон қилинган вақтдан ўтиб кетган вақти
ва давомийлиги вақти;

ишга бир марта чақирув вақти доирасида спектакль, концерт ва томошалар ўртасидаги танаффуслар масалан, (эрталабки икки спектакль ўртасидаги вақт) қўғирчоқ театрлари ходимлари учун – спектакллар орасида бир соатдан кўп бўлмаган танаффус вақти миқдори;

кутилмаган ўзгаришлар эҳтимолида спектакль, концерт ва томошада навбатчилик учун (захирага) ишга чақирилган артистнинг вақти;

спектакль, концерт ва томоша ёки репетицияни ўтказиш учун белгиланган вақтнинг ярми – спектакль, концерт ва томоша ёки репетиция бекор қилингани ҳақида огоҳлантирилмаган артистнинг ишга чиқиш учун кетказган вақти;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари эҳтиёжлари учун ходимларнинг овоз ёзиш учун кетказилган вақт репетицияларга тенглаштирилади.

Маъмурий-бошқарув, ижодий-бошқарув ва артист ходимлар иш вақтида телевидение, кинофильмларга суратга тушиш ҳамда бошқа хусусий тижорат тадбирларда иштирок этган вақти иш вақти ҳисобланмайди (тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг ёзма топшириқларига мувофиқ бўлган ҳолатлар бундан мустасно).

22. Ижодий ходимларнинг репетиция ва тайёргарлик (мустақил репетициялар, машғулотлар) вақтида қуйидаги танаффус тақдим этилади:

вокал артистлари (солистлар), балет ва хор артистлари ҳамда эстрада-спорт жанридаги артистларга – ҳар бир иш соатига 20 дақиқа;

мусиқий театрлар оркестлари артистларига – ҳар бир иш соатига
15 дақиқа;

драматик театрлар артистларига – ҳар икки иш соатига 10 дақиқа;

қўғирчоқ театри артистларига – ҳар бир иш соатига 10 дақиқа;

бошқа артистларга – ҳарбир иш соатига 15 дақиқа.

 

6-боб. Чипталарнинг ўртача нархларини шакллантириш тартиби

 

23. Стационар театрлар ва цирк томоша тадбирларига ташриф ҳуқуқини берувчи чипталарнинг ўртача нархи 1-иловада кўрсатилган шаклга мувофиқ шакллантирилади. Мазкур шаклга Маданият вазирлиги Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ўзгартириш киритиши мумкин.

Кўчма ва гастроль тадбирларига чипталарнинг нархлари индивидуал
ҳисоб-китоб ёки қабул қилувчи томон билан тузилган шартнома асосида белгиланади.

24. Чиптанинг ўртача нархи қуйидаги мезонларга асосан белгиланади:

ўтган йилдаги томоша залининг ҳақиқий тўлдирилиш даражасидан келиб чиқиб жорий йилдаги ўртача йиллик тўлдирилиш режаси;

томоша залидаги жойларнинг жойлашуви (олд, ўрта, орқа ва балкон ўриндиқлар);

ўтказиладиган тадбирларнинг тури (оддий, байрам, премьера);

ўтказиш вақти (кундузги, кечки) ва бошқалар.

25. Чипталар нархи ўрнатилган тартибда театрлар ва концерт-томоша муассасаси раҳбарининг тегишли буйруғи билан тасдиқланади.

26. Чипталарни чоп этиш, тайёрлаш ва сотиш, шунингдек сотилмаган билетларни йўқ қилиш ва бошқа шу каби чипталар билан боғлиқ ишлар
театр-томоша муассасалари томонидан театр-томоша муассасаларида чипталар бўйича ишларни юритиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

27. Аҳолининг кам таъминланган қатламларига тегишлилиги бўйича мурожаатга асосан давлат театрлар ва концерт-томоша муассасаси раҳбарининг тегишли буйруғига асосан тадбирларга чипта нархининг 50 фоизигача чегирма берилиши мумкин, ушбу чегирма умумий чипталар сонининг 20 фоизидан ортиб кетмаслиги лозим. Умумий чипталар сонининг 20 фоизидан ортиқ бўлган чегирмаларга давлат театрлар ва концерт-томоша муассасасининг юқори турувчи ташкилотининг ёзма рухсати талаб этилади. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари томонидан реализация қилинадиган бошқа пулли хизматлар
ва маҳсулотлар нархи (тарифлари) қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда белгиланади.

28. Таълим муассасаларида тадбирларни ўтказишда, очиқ майдонлар
ва кичик заллардаги чиқишларда чипталарнинг нархлари мазкур театрлар
ва концерт-томоша муассасаси асосий залининг чипталарига белгиланган энг арзон нарх даражасидан паст қилиб белгиланиши мумкин.

29. Хорижий жамоалар ва алоҳида ижрочиларнинг спектакллари
ва концертларига, халқаро, республика, минтақавий санъат фестивалларига, шунингдек гастроль ва тадбирларига чипталарнинг нархлари томонлар келишувига асосан шакллантирилади (ҳукумат даражасида ва давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган тадбирлар бундан мустасно).

30. Шартнома асосида давлат бюджети маблағларини жалб этмаган ҳолда ўтказиладиган хорижий артистлар ва жамоаларнинг тадбирлари ҳамда гастролларга чипталарнинг нархлари томоша залидаги барча жойларга қабул қилувчи ва гастролдаги томонлар томонидан белгиланади.

31. Чипта нархларни республикада ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақи, коммунал хизматлар тарифлари ўзгарган тақдирда қайта кўриб чиқилиши мумкин.

32. Интернет тармоғи орқали чипталарни электрон сотишга кўмаклашадиган ташкилотларга 5 фоизгача чегирма берилиши мумкин.

 

7-боб. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларини молиялаштириш тартиби ва мол-мулки

 

33. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларига берилган мол-мулкдан қонун ҳужжатларига, ўз фаолиятининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ фойдаланади ҳамда тасарруф этади.

34. Қуйидагилар давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари
мол-мулкини ва молиявий ресурсларни шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар;

балансда турган мол-мулкини ижарага беришдан олинган даромадлар;

халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар
ва ташкилотларнинг грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасасига давлат бюджетидан маблағлар ўз даромадлари билан қопланмаган қисми учун ажратиб берилади.

Бунда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасасининг:

даромад ва харажатлари прогноз кўрсатгичлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет ташкилотларининг смета харажатларини тузиш ва рўйхатга олиш жараёнида шакллантирилади ва харажатлар сметасининг ажралмас қисми ҳисобланади;

ўз даромадлари билан қопланмаган қисми учун ажратилган бюджет маблағлари бўйича бюджет қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартибда харажатлар сметаси тузилади ва рўйхатга олинади.

35. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ҳар йили 31 декабрга қадар келгуси йил фаолиятининг асосий прогноз кўрсатгичлари (спектакллар сони, янги саҳналаштирилган спектакллар сони, кутилаётган томошабинлар сони, гастроль сафарлари сони ва б.) Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда аниқлайдилар.

36. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ҳар йили харажатлар сметасини тузиш ва руйхатга олиш жараёнида мазкур Низомнинг
2-иловасига мувофиқ шаклда даромадлар ва харажатлар прогнозини шакллантирадилар.

37. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаси даромадларига қуйидагилар киради:

тадбирларни ўтказишдан тушадиган тушумлар;

ижара ва хўжалик фаолиятидан тушган бошқа даромадлар;

ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар.

38. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларини молиялаштириш белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади. Жалб қилинган ҳомийлик ҳайриялари маблағлари бюджетдан кам маблағ ажратилишига асос бўлмайди.

39. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларга ўз даромадлари билан қопланмаган харажатларнинг қисми учун ажратилган бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметасида, биринчи навбатда, штат жадвалига асосан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ва ягона ижтимоий тўловлар харажатлари назарда тутилади.

Давлат театрларининг штатлар жадвалида кўрсатилмаган ходимларнинг, жумладан, театрларга ижодий ходимларни жалб этиш, хорижий давлатлар мутахассисларнинг иш ҳақи ва ягона ижтимоий тўловлари Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

40. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ва уларни моддий рағбатлантиришни  кучайтириш тўғрисида” 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3727-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш ҳақида” 2018 йил 19 июлдаги 458-сон қарори ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

41. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сон қарорига илованинг 29-банди давлат театрларига тадбиқ этилмайди.

 

8-боб. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларини бошқариш

 

42. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларини бошқариш Маданият вазирлиги, мазкур Намунавий низом, муассаса Низоми ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларига Маданият вазирлиги томонидан тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.

Директор давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва зиммасига юклатилган вазифа
ва функцияларни бажарилишига шахсан жавоб беради.

43. Директор ўз фаолиятини давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари номидан якка раҳбарлик принципида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, мазкур Намунавий низом ва ўз Низоми билан берилган ҳуқуқлар доирасида олиб боради.

44. Директор:

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятига раҳбарлик қилади;

ўрнатилган тартибда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари
мол-мулки ва маблағларини тасарруф этади;

юридик ва жисмоний шахслар билан тегишли хизматлар кўрсатиш учун шартномалар (контрактлар) тузади;

барча муассасалар, ташкилотлар ва жисмоний шахслар билан муносабатларда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари манфаатларини ҳимоя қилади;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари номидан шартномалар
ва битимлар тузади ва ушбу операцияларни бажариш учун ишончномалар беради;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари номидан ишончномасиз иш юритади;

ходимларнинг лавозим мажбуриятларини ва ички меҳнат тартиби қоидаларини ўрнатилган тартибда тасдиқлайди, ходимларини меҳнат шартномаси  асосида лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолияти масалаларига оид ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган буйруқларни, йўриқномаларни ва бошқа ҳужжатларни чиқаради;

ишда алоҳида намуна кўрсатган ходимларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан ва Бадиий кенгаш тавсиясига кўрарағбатлантиради, ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўради;

мазкур Намунавий низом, ўз Низоми ва Маданият вазирлиги томонидан белгиланган ваколатлар доирасида бошқа масалаларни кўриб чиқади ва ҳал қилади;

Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда давлат театрлари ва концерт-томоша муасасалари манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши шарт;

Директор давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолияти натижалари бўйича ўрнатилган тартибда Маданият вазирлигига ҳисобот беради.

45. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари директори ўринбосарлари Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда директор томонидан лавозимига тайинланади ва озод қилинади.

46. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларига бадиий раҳбар
ва бош режиссёр ўрнатилган тартибда Маданият вазирлиги томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

47. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида жамоатчилик асосида Бадиий кенгаш ташкил этилади, унинг аъзолари давлат театрлари
ва концерт-томоша муассасаси директорининг буйруғи асосида юқори турувчи ташкилот (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ва вилоятлар бошқармалари) билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Бадиий кенгаш алоҳида Устав асосида иш юритади.

Бадиий кенгашга сайланган директор (бадиий раҳбар, бош режиссёр, бош дирижёр) раислик қилади. Бадиий кенгаш 11-19 нафар аъзодан иборат бўлади, унинг аъзолари театр ва концерт-томоша муассасанинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари, бадиий раҳбарлари, режиссёрлари ва мутахассисларидан шу жумладан бошқа юқори малакали мутахассислардан таркиб топади.

Бадиий кенгаш Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Бадиий кенгаш котиби ҳужжатларни қабул қилади, йиғилишда кўриб чиқиш учун тайёрлайди, расмийлаштиради ва уларни сақлайди.

48. Бадиий кенгаш раиси ва аъзолари қуйидаги ҳолларда кенгаш таркибидан муддатидан олдин чиқарилиши мумкин:

ўз аризасига кўра;

у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда;

зиммасига юкланган вазифаларни бажаришда аниқланган камчиликлар мавжуд бўлганда.

49. Бадиий кенгаш қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Кенгаш қарори йиғилишда иштирок этган аъзоларнинг кўпчилиги овоз берган тақдирда, қабул қилинган ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Кенгаш аъзоси бўлган мутахассиснинг ҳужжатлари кенгашда кўрилганда кенгаш аъзоси бўлган мутахассиснинг овози ҳисобга олинмайди.

50. Бадиий кенгаш қарори баённома билан расмийлаштирилади.

51. Бадиий кенгашнинг қарори асосида давлат театрлари ва коцерт-томоша муассаса раҳбарининг тегишли буйруғи тасдиқланади.

52. Бадиий кенгаш давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятининг қуйидаги асосий йўналишларини кўриб чиқиб, тавсиялар ишлаб чиқади.

янги спектакллар, дастурлар, репертуарларни муҳокама қилади ва уларни яхшилаш бўйича тавсиялар беради;

ижодий жараён сифатининг янада яхшиланишига кўмаклашади;

гастроль-концерт фаолиятининг сифатини назорат қилади;

муассаса маъмурияти билан ҳамкорликда иш фаолиятини яхшилаш шакл
ва усулларини ишлаб чиқади;

ходимларни фаҳрли унвон ва мукофотларга ўрнатилган тартибда тавсия этади;

ёшларнинг ижодий тажрибаларини кенг ёйиш, уларнинг малака
ва маҳоратларини доимий ошириш ишларини олиб боради;

алоҳида ҳолатларда ишга янги қабул қилинаётган ижодий ходимларнинг лаёқатини ўрганиб чиқиб, муҳокамага қўяди ҳамда ишга қабул қилиш ёки қилмаслик юзасидан муассаса раҳбарига ўз хулосасини тақдим этади;

ижодий, ташкилий, ишлаб-чиқариш масалалари бўйича қарорлар қабул қилади;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган ҳамда ўрнатилган тартибда ўз низомида белгиланган масалалаларни кўриб чиқади.

 

10-боб. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларини қайта ташкил этиш ва тугатиш.

 

53. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади, қайта ташкил этилади ёки тугатилади.

 

11-боб.Якуний қоидалар

 

54. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг молиявий-хўжалик фаолияти устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.

55.  Мазкур Намунавий низом талабларини бузган айбдор шахсаларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланадилар.

 

Umumiy takliflar

990