Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
19368 O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi 29/06/2020 14/07/2020 2

Muhokama yakunlandi

Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni
Янги таҳрирдаги "Ноширлик фаолияти тўғрисида"ги Қонун
ID-19368

Лойиҳа

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

ҚОНУНИ

 

 

Ноширлик фаолияти тўғрисида

 

 

Қонунчилик палатаси томонидан ___________________

қабул қилинган

 

 

 

 

I боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

 

Ушбу Қонуннинг мақсади ноширлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 

Ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун
ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ноширлик фаолияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

3-модда. Асосий тушунчалар

 

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ноширлик фаолияти – нашрларни тайёрлаш ва чиқаришга қаратилган ташкилий, ижодий, ишлаб чиқариш тадбирлари ҳамда бошқа чора-тадбирлар мажмуи;

нашр  муаллиф томонидан тақдим этилган материаллар асосида яратилган, моддий ташувчида матн ва (ёки) тасвир тарзида қайд этилган, таҳририй-ноширлик жиҳатидан ишлов берилган, ноширлик маҳсулотини тайёрлаш учун мўлжалланган ахборот;

ноширлик маҳсулоти  чоп этиш ва муқовалашнинг матбаачилик технологияларини ёки рақамли форматда визуаллаштирувчи дастурий-технологик воситалар қўлланилган ҳолдаги нашрга мувофиқ тайёрланган маҳсулот;

аудиокитоб – асар матни муаллиф, диктор ёки актёр томонидан тинглаш учун айтиб бериладиган китоб формати;

адад – ноширлик маҳсулотининг тайёр бўлган нусхалари сони.

 

4-модда. Ноширлик фаолиятининг асосий принциплари

 

Ноширлик фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

ноширлик фаолиятининг эркинлиги;

китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш;

муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

ноширлик фаолияти эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик.

 

5-модда. Ноширлик фаолиятининг эркинлиги принципи

 

Ноширлик фаолияти субъектлари ўз фаолиятида, шу жумладан мавзуни, ихтисослашувини, ишлаб чиқариш кооперациясини аниқлашда, муаллифларни танлашда, ададларни, ноширлик маҳсулотининг нархини белгилашда, ўзаро алоқаларнинг, ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, шунингдек бошқа ташкилотлар билан алоқаларнинг шаклларини белгилашда мустақилдир.

Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари мансабдор шахслари томонидан, агар улар нашр муаллифи бўлмаса, ноширлардан материалларнинг олдиндан келишиб олинишини, матнни олиб ташлашни ёки унинг айрим қисмларини тузатишни талаб қилишига йўл қўйилмайди. Нашрга тайёрланган қўлёзмаларни ва материалларни цензурадан ўтказишга йўл қўйилмайди.

 

6-модда. Китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш принципи

 

Давлат, ноширлар, ноширлик маҳсулотини тайёрловчилар ҳамда тарқатувчилар китобхонлик маданиятини оммалаштиришга ва оширишга кўмаклашади.

Китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш қуйидагилар орқали амалга оширилади:

китобхонликни тарғиб қилиш учун қулай ахборот маконини шакллантиришга кўмаклашиш ва ижтимоий аҳамиятга молик адабиётдан фойдаланишни таъминлаш;

миллий ва жаҳон адабиёти классикларининг энг яхши асарларини чоп этиш ва тарқатиш, шунингдек улардан китобхонларнинг фойдаланишини таъминлаш;

жамоатчилик онгида китобнинг қиммати ва аҳамияти тўғрисида барқарор тасаввурларни шакллантириш;

аҳолининг барча қатламларини, аввало ёшларни китобхонликка жалб этиш.

7-модда. Муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципи

 

Ноширлик фаолиятида муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий вазифалари муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашдан, шунингдек контрафакт маҳсулотни ишлаб чиқариш
ва тарқатишга қарши курашишдан иборатдир.

8-модда. Ноширлик фаолияти эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик принципи

 

Қуйидагиларни ўз ичига олган нашрларни ва ноширлик маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳамда тарқатишга йўл қўйилмайди:

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга доир даъватларни;

уруш, зўравонлик ва терроризм, шунингдек экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари тарғиботини;

давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатувчи ахборотни;

агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тарғиботини;

порнография тарғиботини;

тайёрланиши ва тарқатилиши қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ахборотни.

Фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, мазмунига кўра уларнинг шахсий ҳаётига аралашув деб қаралиши мумкин бўлган нашрларни ҳамда ноширлик маҳсулотини чиқариш ва тарқатиш тақиқланади.

 

2-боб. Ноширлик фаолиятини давлат томонидан

тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш

 

9-модда. Ноширлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг

асосий йўналишлари

 

Ноширлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш;

ноширлик фаолиятини тартибга солиш ва ривожлантириш;

миллий ноширликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, ноширлик маҳсулотини сотиш бозорларини кенгайтириш;

ноширлик фаолиятининг моддий-техника базасини, ҳуқуқий ва илмий асосларини мустаҳкамлаш;

ноширлар ва муаллифларнинг ҳуқуқларига риоя этилишини ҳамда уларнинг ўз мажбуриятларини бажаришини таъминлаш;

ноширлик фаолияти соҳасидаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, мазкур соҳада тадбиркорликни ривожлантириш учун рақобатга асосланган бозор шароитларини яратиш;

ноширлик фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш.

 

10-модда. Ноширлик фаолияти соҳасини давлат томонидан

тартибга солиш

 

Ноширлик фаолияти соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва ноширлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

 

11-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

ноширлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ноширлик фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

ноширлик фаолиятини ривожлантириш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ноширлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни
ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ва қабул қилади;

ноширлик маҳсулотларининг мажбурий нусхаларини бериш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

12-модда. Ноширлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли

давлат органининг ваколатлари

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ноширлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

ноширлик фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ноширлик фаолиятини ривожлантириш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади ва амалга оширади;

ноширлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади;

ноширлик фаолияти субъектларининг ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши мониторингини амалга оширади;

ноширлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади;

ноширлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиради, халқаро ташкилотларнинг ушбу йўналишдаги ишларида иштирок этади;

ноширлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларининг бузилишларини бартараф этиш тўғрисида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ноширлик фаолиятининг субъекти бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.

Махсус ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

13-модда. Ноширлик фаолиятини давлат томонидан

қўллаб-қувватлаш

 

Ноширлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш:

ноширлик фаолиятини амалга оширишда солиқ имтиёзлари
ва преференциялар бериш;

ноширлик фаолияти субъектларининг молиявий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан имтиёзли кредитлар бериш ҳисобидан мустаҳкамлаш;

ижтимоий аҳамиятга молик адабиётларни чиқариш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча молиявий маблағлар ажратиш;

қонун ҳужжатларини, давлат ва тармоқ дастурларини бажариш мақсадида, шунингдек ахборот-кутубхона муассасалари фондларини бутлашга мўлжалланган ноширлик маҳсулотини чиқариш учун давлат грантлари, субсидиялари ва ижтимоий буюртмалар тақдим этиш;

республикада миллий ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарининг таржималарини ташкил қилиш ҳамда сифатли тарзда нашр этишни молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш;

танловлар ўтказиш орқали мақсадли фондлар ҳисобидан ноширлик фаолияти субъектларини моддий рағбатлантириш;

ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга инвестициялар жалб этиш, янги ахборот-кутубхона фондларини яратиш ва мавжудларини тўлдириб боришга инвестициялар жалб этиш орқали амалга оширилади.

Ноширлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

 

3-боб. Ноширлик фаолиятининг субъектлари ҳамда уларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

14-модда. Ноширлик фаолиятининг субъектлари

 

Ноширлик фаолиятининг субъектлари қуйидагилардан иборат:

нашриёт (ношир);

тайёрловчи;

буюртмачи;

тарқатувчи.

15-модда. Нашриёт (ношир)

 

Нашриёт (ношир) нашрларни тайёрлаш ва чиқаришни амалга оширувчи юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмасидир.

Нашриёт (ношир) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таҳририёт уставини тасдиқлаш;

ноширлик маҳсулотини чиқариш дастурини тузиш ва тасдиқлаш;

талаб қилинган мавзулар бўйича бадиий, бадиий-публицистик, ижтимоий-сиёсий, ўқув ва илмий тусдаги асарларни яратиш билан боғлиқ буюртмаларни олиш ҳамда жойлаштириш;

муаллифлар билан шартномалар тузиш;

муаллифнинг мулкий ва номулкий ҳуқуқларини, шу жумладан унинг асарларидан бошқа мамлакатларда фойдаланиш ҳуқуқларини қўлга киритиш;

муаллифларнинг асарларидан уларнинг рухсати билан бошқа мамлакатларда ва чет эллик муаллифларнинг асарларидан Ўзбекистон Республикасида фойдаланиш учун чет эллик жисмоний ва юридик шахслар билан шартномалар тузишда воситачи сифатида иштирок этиш;

ноширларнинг халқаро ташкилотлари ишида, ноширлик фаолияти соҳасидаги миллий ва халқаро танловларда, кўргазмаларда, ярмаркаларда иштирок этиш;

ноширлик маҳсулотини тайёрловчи ва тарқатувчи сифатида
иш юритиш.

Нашриёт (ношир) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Нашриёт (ношир):

нашрларни техник регламентларга (давлат стандартларига) мувофиқ безаши;

муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига, ноширлик фаолиятини тартибга солувчи давлат стандартлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиши;

чоп этилган нашрлар ҳақидаги ахборотни махсус ваколатли давлат органига тақдим этиши шарт.

Нашриётнинг (ноширнинг) зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

16-модда. Тайёрловчи

 

Тайёрловчи ноширлик маҳсулотини чиқариш ва кўпайтиришни амалга оширувчи юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси ёхуд якка тартибдаги тадбиркордир.

Тайёрловчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган ихтисослашувга мувофиқ амалга ошириш;

миллий ва чет эллик муаллифларнинг ноширлик маҳсулотларини тайёрлашга доир шартномалар тузиш;

ўз маҳсулотини тайёрлаш, шунингдек реализация қилиш учун буюртмалар қабул қилиш.

Тайёрловчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Тайёрловчи:

муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаши;

ноширлик маҳсулотининг нашрга аниқ мувофиқ тарзда тайёрланишини таъминлаши;

ноширлик маҳсулотининг сифатига доир белгиланган талабларга риоя этиши шарт.

Тайёрловчининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

17-модда. Буюртмачи

 

Буюртмачи нашр ва (ёки) ноширлик маҳсулоти учун буюртмани жойлаштиришни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахсдир.

Буюртмачи нашриётга (ноширга) ёки тайёрловчига таҳририй-ноширлик жиҳатдан ишлов бериш, ноширлик маҳсулотини тайёрлаш ва чиқариш бўйича хизматларни бажариш учун қуйидаги материалларни тақдим этиши мумкин:

беллетристика, ижтимоий-сиёсий, реклама, ахборот, ўқув, илмий ва техник тусдаги асарларни;

чиқишлар, лекциялар, нутқлар, маърузаларни;

матнли ва матнсиз мусиқали асарларни;

драматик, мусиқали-драматик асарларни;

амалий санъат асарларини;

фотосуратлар, расмлар, хариталар, тарҳлар, эскизларни;

таржималар, аннотациялар, шарҳлар, қисқача шарҳлар, асарларнинг асл мазмунига зарар етказмайдиган бошқа ишланмаларни, эркин асарлар яратилишига асос бўладиган фольклор ишланмаларини;

альманахлар, антологиялар, энциклопедиялар, маълумотномаларни ва бошқа тўпламларни;

бошқа асарларни.

Буюртмачи ноширлик маҳсулотининг тили, ҳажми, адади, шунингдек уни реализация қилиш ва тарқатиш тартибини белгилаш ҳуқуқига эга.

Жойлаштирилган буюртмаларни бажариш шартлари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларига мувофиқ муаллиф (ҳаммуаллиф) ёки буюртма объектининг эгаси бўлган шахс, буюртмачи, нашриёт (ношир), ноширлик маҳсулотини тайёрловчи ва тарқатувчи ўртасида тузилган шартномада белгиланади.

Буюртмачи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

 

18-модда. Тарқатувчи

 

Тарқатувчи ноширлик маҳсулотини тарқатишни, жумладан сотишни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахсдир.

Тарқатувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

нашриёт (ношир) тасдиқномасининг кўчирма нусхасини талаб қилиш;

ишлаб чиқариш режаларини мустақил равишда шакллантириш, ўз фаолияти миқёсларини белгилаш, ноширлик маҳсулотини мавзулар йўналиши бўйича танлаш;

юридик ва жисмоний шахслардан ноширлик маҳсулотини тарқатиш бўйича буюртмалар қабул қилиш;

чет эл нашриётлари (ноширлари), ноширлик маҳсулотини тайёрловчилар ёки тарқатувчилар билан ноширлик маҳсулотини олиб кириш ёки олиб чиқиш мақсадида муносабатлар ўрнатиш.

Тарқатувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Тарқатувчи ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга ошириши шарт.

Тарқатувчининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

4-боб. Ноширлик фаолиятини ташкил этиш

 

19-модда. Ноширлик фаолиятини бошлаганлик тўғрисида хабардор қилиш

 

Ноширлик фаолияти махсус ваколатли давлат органини хабардор этгандан сўнг амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолларда ноширлик фаолиятини амалга ошириш учун махсус ваколатли давлат органини хабардор этиш талаб қилинмайди:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, марказий муассасалар, судлар, прокуратура органлари томонидан расмий материаллар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламларини ҳамда бошқа ҳужжатларни нашр этишда;

ташкилотлар, таълим ва илмий муассасалар томонидан ўз фаолияти учун зурур бўлган ва оммавий равишда тарқатишга ёки қўлёзма ҳуқуқида кўпайтиришга мўлжалланмаган материалларни нашр этишда;

босма оммавий ахборот воситалари мазкур оммавий ахборот воситаларининг таҳририятлари томонидан чоп этилганда.

 

20-модда. Ноширлик фаолиятини амалга оширишнинг талаблари ва шартлари

 

Ноширлик фаолиятини амалга оширишнинг талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, мазкур соҳадаги норматив-техник ва бошқа талабларга риоя этиш;

нашрларни тайёрлаш ва чиқаришни амалга ошириш учун зарур бўлган тегишли моддий-техника базасининг, ускуналарнинг ва бошқа техника воситаларининг мавжудлиги;

нашрларни тайёрлашни ва чиқаришни белгиланган ихтисослик бўйича амалга ошириш;

юридик шахснинг штатлар жадвалида камида битта гуманитар фан ёки нашриётнинг ихтисослашувига қараб техник ёхуд табиий фан соҳасида таҳсил олган олий маълумотли ва ноширлик фаолиятида камида бир йиллик иш тажрибасига эга бўлган ходимнинг мавжудлиги;

чиқарилаётган нашрларнинг нашриёт-матбаа сифати белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқ бўлишини таъминлаш;

муаллифлик ҳуқуқига риоя этиш;

тайёрланган нашрлар (шу жумладан, ушбу маҳсулот таркибига киритилган асарлар) ҳисобини уларнинг номини, тайёрланган нусхалар сонини, шунингдек нашриётнинг (ноширнинг) ёки буюртмачининг ушбу нашрга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган ҳолда юритиш.

 

21-модда. Ноширлик фаолиятини амалга оширишнинг талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат

 

Ноширлик фаолиятини амалга оширишнинг талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ноширлик фаолиятини амалга оширишнинг талаблари ва шартларига нашриёт (ношир) томонидан риоя этилиши юзасидан режали текширувлар ўтказиш;

ноширлик фаолиятини амалга оширишнинг талаблари ва шартлари бузилганлиги тўғрисида далолат берувчи фактлар мавжуд бўлган тақдирда, ноширлик фаолиятини амалга оширишнинг талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан режадан ташқари текширувлар ўтказиш;

текширувларни ўтказиш чоғида юзага келадиган масалалар бўйича зарур ахборотни нашриётдан (ноширдан) сўраш ва олиш;

текширувларнинг натижалари асосида, ноширлик фаолиятини амалга оширишнинг талаблари ва шартлари бузилганлигига доир аниқ фактларни кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

нашриётнинг (ноширнинг) зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

нашрларни тайёрлаш ва чиқариш тадбиркорлик субъектлари томонидан махсус ваколатли давлат органини хабардор этмасдан амалга оширилаётганлиги юзасидан аниқланган ҳолатлар бўйича чораларни кўриш.

 

 

5-боб. Ноширлик маҳсулотини нашр этиш ва тарқатишнинг

ўзига хос хусусиятлари

 

22-модда. Ноширлик маҳсулотини тарқатиш

 

Ноширлик маҳсулотини тарқатиш тарқатувчи, ношир ёки тайёрловчи ёхуд муаллиф томонидан бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

Ноширлик маҳсулотини тарқатишга фақат буюртмачи ёки ношир ёхуд улар ваколат берган шахс ушбу маҳсулотнинг чиқарилишига рухсат берганидан кейин йўл қўйилади.

 

23-модда. Муаллифлик нашрлари

 

Юридик ва жисмоний шахслар ўз қўлёзмаларини ҳамда бошқа материалларини, агар улар қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга зид бўлмаса, ўз маблағлари ҳисобидан чиқаришга, тарқатишга ҳақли.

 

24-модда. Нашрнинг чиқарилишига доир маълумотлар

 

Нашрнинг чиқарилишига доир маълумотлар нашрни тавсифловчи
ва уни расмийлаштириш, истеъмолчиларни хабардор қилиш, унга библиографик ишлов бериш ва уни статистик ҳисобга олиш учун мўлжалланган маълумотлар йиғиндисидир.

Чиқариладиган барча турдаги ноширлик маҳсулотида ноширлик фаолияти соҳасидаги халқаро ва миллий стандартларга, техник регламентларга мувофиқ нашрнинг чиқарилишига доир маълумотлар бўлиши керак.

Нашрнинг чиқарилишига доир маълумотлар таркибига қуйидагилар киради:

китобнинг халқаро стандарт рақами;

муаллифнинг (ҳаммуаллифларнинг, тузувчиларнинг, таржимонларнинг) исми;

нашрнинг номи;

таржима ёки қайта босиш қайси нашр асосида амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар;

таснифлаш индекслари;

муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш белгиси;

нашр чиқарилган жой;

нашриётнинг (ноширнинг) номи;

нашр чиқарилган йил;

адади;

босма табоғининг ва ҳисобга олиш-ноширлик табоғининг ҳажми;

нашрни теришга берилган ва босишга рухсат этилган саналар ҳақидаги маълумотлар;

қоғоз бичими, табоқ улуши;

асосий матннинг фойдаланилган шрифт гарнитураси;

буюртма рақами;

ноширлик маҳсулотини тайёрловчи ҳақидаги ахборот ва унинг почта манзили.

 

25-модда. Хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган

ёки давлат сирлари бўлган маълумотларни

ўз ичига олган ҳужжатларни нашр этиш

 

Хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган ёки давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи ҳужжатларни нашр этиш қоидалари ва шартлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

 

6-боб. Ноширлик фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

 

26-модда. Халқаро ҳамкорлик

 

Ноширлик фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорлик халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

Ноширлик фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

янги технологияларни жорий этиш орқали нашриёт-матбаа мажмуасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, бунинг учун чет эл инвестицияларини жалб қилиш;

мамлакатда ишлаб чиқарилган ноширлик маҳсулотини хорижда тарқатиш тармоғини ва тегишинча чет эл ноширлик маҳсулотини Ўзбекистонда тарқатиш тармоғини яратиш;

хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг маданий, илмий
ва таълим эҳтиёжларини қаноатлантириш.

 

27-модда. Чет эллик инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш

 

Ноширлик фаолияти субъектлари чет эллик инвесторлар билан биргаликда ноширлик-матбаа корхоналарини ва китоб савдоси корхоналарини ташкил этиши мумкин.

 

28-модда. Ноширлик маҳсулотини олиб чиқиш ва олиб кириш

 

Ноширлик маҳсулотини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш, шунингдек бошқа давлатлардан Ўзбекистон Республикасига олиб кириш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига, чет давлат ҳудудида амал қилувчи қонунларга ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

 

7-боб. Якунловчи қоидалар

 

29-модда. Низоларни ҳал этиш

 

Ноширлик фаолияти соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

30-модда. Ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

Ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

31-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

 

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августда қабул қилинган «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги 274–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 9, 137-модда);

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил
30 августда қабул қилинган «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги
275–I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 9, 138-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–447-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 1, 8-модда) XII бўлими;

4) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–352-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, № 4, 98-модда) 16-моддаси.

 

32-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 

33-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

34-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

 

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти

 

 

 

Noshir_QL 545/O-N/S-N

Янги таҳрирдаги

“Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасига

тушунтириш хати

 

  1. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш асослари

Янги таҳрирдаги “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида” 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3271-сон қарори билан тасдиқланган Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастурининг 1-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси талабларига мувофиқ такомиллаштирилди.

 

  1. Қонун лойиҳасини қабул қилишнинг зарурлиги.

Бугунги кунда мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳа ва тармоқларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ҳаётимиздаги эзгу қадриятлар ва анъаналаримизни янада мустаҳкамлаш, хусусан, халқимизнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, айниқса, ўсиб келаётган авлоднинг дунёқарашини кенгайтириш ҳамда уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу нуқтаи назардан қараганда, халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий-маърифий ва эстетик эҳтиёжларига мос сифатли китобларни нашр қилиш, китобларни қулай нархларда жойларга, шу жумладан, таълим муассасаларига етказиб бериш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, ўсиб келаётган авлодда болаликдан китобга меҳр уйғотиш, уларда электрон китобларни ўқиш қобилиятини шакллантириш – китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда ноширлик-матбаа соҳасини қўллаб-кувватлаш ва ривожлантириш, соғлом рақобатга асосланган босма ва электрон китоб маҳсулотлари бозорини яратишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, охирги вақтларда ушбу соҳада сезиларли ишлар амалга оширилмоқда, хусусан, тегишли норматив-ҳуқуқий база мустаҳкамланмоқда ва мазкур соҳани ҳар томонлама ва тизимли равишда тартибга солувчи асосий қонунга – “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш заруриятини келтириб чиқармоқда.

 

  1. Қонун лойиҳасининг мазмуни

Қонун нормаларининг бевосита таъсирини, мазкур соҳадаги норматив-ҳуқуқий база бирлашуви ва тизимланишини таъминлаш мақсадида халқаро ҳуқуқни қўллаш амалиётида татбиқ этилган қуйидаги янги қоидаларни назарда тутувчи янги таҳрирдаги “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди:

  1. Асосий тушунчаларни киритиш (“ноширлик фаолияти”, “нашриёт”, “ноширлик маҳсулоти”, “матбаа маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи”, “нашрниинг чиқишига доир  маълумотлар”, “ноширлик фаолияти субъектлари” ва бошқалар):

киритилаётган атамалар таърифлари тизими нафақат амалдаги қонуннинг муайян қоидалари ноаниқлигининг олдини олади, балки замонавий қонунчилик техникасига, ҳозирги амалиётнинг талабларига, шунингдек, ноширлик фаолиятининг институционал ривожланишидаги тенденцияларига мувофиқ матнни баён этиш учун конструктив имкониятлар яратади.

  1. Ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартибини бекор қилиш:

лицензиялаш тартибини бекор қилиш – ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартибини бекор қилиб, ноширлик фаолиятини бошлаганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш тизимини жорий қилиш, миллий амалиётни халқаро стандартлар талабларига мослаштириш ва ноширлик ишида тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришга ёрдам беради.

  1. Ахборот-кутубхона муассасалари ва ташкилотларга нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини тақдим этишни тартибга солиш йўли билан миллий босма нашрлар фонди ривожланишининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш:

халқаро амалиётга мувофиқ, босма маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари учун ҳар бир нашрнинг бепул нусхалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган рўйхатга асосан Ўзбекистон миллий кутубхонаси, шунингдек, бошқа муассаса ва ташкилотларга тақдим этиш мажбуриятлари жорий қилиниши миллий нашрлар фондини янада ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган нашрларнинг сақланиши ва ҳисобининг юритилишини ташкил этиши, улардан жамоатчиликнинг фойдаланиши ва фуқароларнинг ахборотдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи кафолатларига амал қилиши учун шарт-шароит яратади.

  1. Ноширлик фаолияти субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш усулларини аниқлаш:

ноширлик фаолияти субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича самарали, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида” 2011 йил 30 декабрдаги ПҚ-1672-сон қарорига асосан белгиланган чора-тадбирларни қонунчилик билан мустаҳкамлаш орқали:

уларнинг молиявий ҳолати ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш;

ноширлик фаолиятини амалга оширишда солиқ ва бошқа имтиёзларни белгилаш.

  1. Ноширлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш:

қонун лойиҳаси билан ноширлик фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу соҳадаги иқтисодий муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари яратилади, шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар шакллантирилади, нашриёт таъсисчилари ва босма маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларнинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади.

  1. Нашрларнинг чиқиш маълумотларида кўрсатиладиган маълумотлар рўйхатини қонунийлаштириш:

қонун лойиҳасининг нормалари билан чиқиш маълумотлари таркибига кирувчи маълумотларнинг аниқ рўйхати нашр этилаётган маҳсулотларнинг қатъий адади аудитини, ноширлик соҳаси аҳволининг статистикасини шакллантиришни ва ривожланиш динамикасини режалаштиришни таъминлайди, халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилаётган босма маҳсулотларнинг ҳисоби юритилишини ташкил қилиш имкониятини беради.

 

  1. Молиявий харажатлар:

қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қўшимча маблағ талаб қилмайди.

  1. Қонун лойиҳасининг синовдан ўтказилгани:

қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан сўнгги уч йил мобайнида қатор тадбирлар амалга оширилган, хусусан:

– Самарқанд вилоятида “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ижросининг аҳволи ўрганилган;

– “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бажарилиши масалаларини ўрганишга бағишланган 10 дан ортиқ семинар ва давра суҳбати ўтказилган;

– қонун лойиҳаси ахборот соҳасидаги халқаро ва миллий экспертларни жалб этган ҳолда муҳокама қилинган ва ҳ.к.

“Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан
2019 йил 6 ноябрь куни қабул қилиниб, маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига юборилган.

Бироқ, Сенат Қонун муҳокамаси устида иш олиб борган вақт оралиғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 мартдаги “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбилар тўғрисида”ги ПҚ-4640-сон Қарори қабул қилинган. Мазкур қарор билан ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартибини бекор қилиб, ноширлик фаолиятини бошлаганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш тизимини жорий қилиш белгиланган. Ушбу Қонун юқоридаги қарор талабларига мослаштирилди.

Umumiy takliflar: 2

665