Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
19194 O’zbekiston Respublikasi Adliya vazirligi 23/06/2020 08/07/2020 0

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги НИЗОМ
ID-19194

Ўзбекистон Республикаси
адлия вазирининг
2020 йил ___ июндаги
буйруғига
1-ИЛОВА

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги
малака комиссиялари тўғрисидаги

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ–3666-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари (бундан буён матнда малака комиссияси деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Қонуннинг 31-моддасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий адлия бошқармаси деб юритилади) ҳузуридаги малака комиссиялари хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) тўхтатиб туриш ва тугатиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш мақсадида ташкил этилади.

2. Малака комиссияси йиғилишларининг холислиги ва одиллигини таъминлаш мақсадида, заруратга қараб, уларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармаси ходимлари овоз бериш ҳуқуқисиз (кузатувчи сифатида) иштирок этиши мумкин.

2-боб. Малака комиссияси фаолиятини ташкил этиш

3. Малака комиссияси ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг (бундан буён матнда Нотариал палата деб юритилади) тегишли ҳудудий бошқармаси вакиллари, нотариуслар ҳамда адлия органларининг ходимлари орасидан беш нафардан тўққиз нафар кишигача бўлган таркибда тоқ миқдорда тузилади.

4. Малака комиссияси таркиби тегишли ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан уч йил муддатга тасдиқланади.

Зарурат бўлганда малака комиссияси раисининг тақдимномасига кўра комиссия таркиби ўзгартирилиши ёки қайта тасдиқланиши мумкин.

5. Малака комиссияси ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилишда мустақил ҳисобланади ва унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

6. Ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг нотариат соҳасига раҳбарлик қилувчи ўринбосари қоида тариқасида  малака комиссияси раиси ҳисобланади.

Ҳудудий адлия бошқармаси Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бўлимининг нотариат соҳаси бўйича масъул ходими малака комиссияси котиби (бундан буён матнда котиб деб юритилади) этиб тайинланади.

7. Малака комиссияси раиси меҳнат таътилида, хизмат сафарида бўлган вақтда ёки бошқа узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган ҳолларда ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан унинг бошқа ўринбосари вақтинча малака комиссияси раиси этиб тайинланади.

8. Малака комиссияси раиси комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақтни белгилайди, шунингдек комиссия йиғилишларини ўтказади ва уларга раҳбарлик қилади.

9. Малака комиссияси раиси комиссия ишини ташкил қилиш ва унинг
ўз вақтида, тўғри ва ҳаққоний ўтказилиши учун масъул ҳисобланади.

10. Малака комиссияси ўз фаолиятини мазкур Низом ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

11. Малака комиссияларининг моддий-техника таъминоти тегишлилиги бўйича ҳудудий адлия бошқармаси томонидан амалга оширилади.

3-боб. Малака комиссияси йиғилишларини ташкил этиш

12. Малака комиссиясига лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш бўйича судга ариза киритиш масаласини кўриб чиқиш учун ҳудудий адлия бошқармаси ёки Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси раҳбарининг тақдимномаси асос бўлади.

Котиб тегишли ҳудудий адлия бошқармаси ёки Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси тақдимномаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни қабул қилиб олади ва шу куннинг ўзида Малака комиссияси йиғилишида кўриб чиқилиши учун тақдим этилган ҳужжатларни рўйхатга олиш китобига тегишли ёзув киритиш орқали қайд қилади.

13. Малака комиссияси йиғилишида кўриб чиқилиши учун тақдим этилган ҳужжатларни рўйхатга олиш китоби ип ўтказилиб тикилган, тегишли ҳудудий адлия бошқармаси девонхонаси муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Ҳужжатларнинг сақланиши учун котиб масъул ҳисобланади.

14. Котиб комиссия йиғилишида кўриб чиқиш учун қабул қилиб олинган ҳужжатлар ҳақида шу куннинг ўзида малака комиссияси раисини хабардор қилади.

15. Котиб комиссиянинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилиши учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳар бири бўйича алоҳида комиссия аъзолари сонига мутаносиб равишда тегишли ҳужжатлар нусхаларини тайёрлайди.

16. Малака комиссияси раиси тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш мақсадида малака комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтадиган кун ва вақтни белгилайди.

Бунда, ҳужжатлар бир ёки бир нечта бўлишидан қатъи назар, улар малака комиссиясига келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида малака комиссияси томонидан кўриб чиқилиши шарт.

17. Котиб комиссия йиғилиши ўтказиладиган кундан камида икки кун олдин малака комиссиясининг барча аъзоларини ҳамда лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилиши режалаштирилган нотариусни (бундан буён матнда нотариус деб юритилади) комиссия йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақт ҳақида хабардор қилади.

18. Малака комиссияси раиси комиссия йиғилиши ўтказиладиган кундан камида икки кун олдин навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтадиган кун ва вақт, шунингдек кун тартибидаги масала юзасидан Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармасига ёзма ёки электрон шаклда хабар беради.

19. Нотариус унга хабар берилган кун ва вақтда комиссиянинг йиғилишида иштирок этиши мумкин.

20. Малака комиссияси йиғилишида нотариуснинг иштирок этиши талаб этилмайди, бунда нотариуснинг комиссия йиғилишида қатнашмаслиги йиғилишни ўтказишни қолдириш ёки кун тартибидаги унга тегишли масалани кўриб чиқмаслик учун асос бўлиб ҳисобланмайди.

4-боб. Малака комиссияси йиғилишини ўтказиш

21. Малака комиссияси йиғилишида комиссия аъзолари, шунингдек нотариусдан (масаласи кўриб чиқилиши давомида) бошқа шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди, малака комиссияси раисининг рухсати билан комиссия йиғилишида кўрилаётган масала юзасидан таклиф қилинадиган шахсларни жалб этиш ҳоллари бундан мустасно.

22. Котиб йиғилишда кўриб чиқиш учун кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан тайёрланган ҳужжатлар нусхаларини комиссиянинг барча аъзоларига тарқатади.

23. Раис кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича комиссия келиб тушган тақдимнома ва унга асос бўлган ҳужжатлар мазмуни ҳақида комиссия аъзоларига алоҳида ўқиб эшиттиради.

24. Малака комиссияси кун тартибидаги ҳар бир масалани алоҳида-алоҳида муҳокама қилади. Малака комиссияси муҳокамада таклиф қилинган шахсларнинг тушунтириш ва изоҳларини эшитишга ҳақли.

25. Малака комиссияси томонидан нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиш Қонуннинг
152-моддаси биринчи қисми ҳамда мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ Хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келадиган қоидабузарликлар ҳоллари ва улар бўйича лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддатларига асосан амалга оширилади.

Бунда, нотариус томонидан мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ қоидабузарликлар ҳоллари ва муддатларида назарда тутилган қоидабузарликларнинг бир нечтаси содир этилганлиги аниқланган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш аниқланган қоидабузарликлар учун белгиланган энг кўп муддат доирасида амалга оширилади.

26. Малака комиссияси томонидан нотариус лицензиясининг амал қилишини тугатиш бўйича маъмурий судга ариза киритиш тўғрисида
қарор қабул қилиш Қонуннинг 153-моддаси иккинчи қисмига асосан амалга оширилади.

Қоидабузарлик содир этилганлиги учун малака комиссиясининг нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир йил давомида нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари ёки Нотариусларнинг касб этикаси қоидалари ёхуд нотариал ҳаракатларнинг сири ва нотариус қасамёдини такроран бузилганлиги мунтазам равишда қоидабузарлик содир этилган деб ҳисобланади.

Қуйидаги қоидабузарликлар нотариуснинг бир марта қўпол равишда қоидабузарлик содир этилганлиги деб ҳисобланади:

нотариал ҳаракатларнинг махфийлигига риоя қилинмаганлиги;

бошқа шахсга ўтказишга таъқиқ қўйилган ва (ёки) хатланган мол-мулкни тасарруф этиш тўғрисида битимнинг тасдиқланганлиги,

нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда имзонинг факсимилесидан фойдаланилганлиги ва (ёки) муҳрни бошқа шахсларга берилганлиги;

нотариал ҳаракатларни бошқа шахс томонидан амалга оширилишига йўл қўйганлиги;

нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш учун ўзи ёки воситачи орқали қонун ҳужжатларида белгиланганидан ташқари моддий манфаат кўрганлиги.

27. Малака комиссияси томонидан Қонуннинг 152 ва 153-моддалари
ҳамда мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳолларда нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида, шунингдек нотариус лицензиясининг амал қилишини тугатиш бўйича маъмурий судга ариза киритиш тўғрисида қарор қабул қилинишга йўл қўйилмайди.

28. Малака комиссияси томонидан тегишлилиги бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида;

нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туришни рад этиш тўғрисида;

нотариус лицензиясининг амал қилишини тугатиш бўйича маъмурий судга ариза киритиш тўғрисида;

нотариус лицензиясининг амал қилишини тугатиш бўйича маъмурий судга ариза киритишни рад этиш тўғрисида.

29. Малака комиссияси томонидан нотариус лицензияси амал қилишини тугатиш бўйича маъмурий судга ариза киритиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан нотариус лицензиясининг амал қилиши суднинг қарори қонуний кучга киргунига қадар, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилади.

30. Малака комиссияси қарори комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, малака комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Малака комиссияси йиғилиши унинг аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

31. Малака комиссияси йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади. Бунда комиссия йиғилиши баённомаларини расмийлаштириш комиссия котиби томонидан амалга оширилади.

32. Малака комиссияси йиғилиши баённомаси комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан имзоланади ҳамда тасдиқлаш учун комиссия раисига тақдим этилади.

33. Малака комиссия котиби комиссия раиси томонидан тасдиқланган баённома нусхасини комиссия йиғилиши бўлиб ўтган кундан бошлаб бир кун ичида тегишли ҳудудий адлия бошқармасига ва Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасига ҳамда нотариусга етказилишини таъминлайди.

34. Нотариус малака комиссияси қароридан норози бўлган тақдирда, комиссия йиғилиш баённомаси нусхасини олган кундан бошлаб ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

5-боб. Якуний қоидалар

35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

36. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси билан келишилган.

 

Ўзбекистон Республикаси

Нотариал палатаси раиси                                           Д. Ашуров

 

2020 йил ____ июнь

Қорақалпоғистон Республикаси
Адлия вазирлиги, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низомга
ИЛОВА

 

Хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи
лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келадиган
қоидабузарликлар ҳоллари ва улар бўйича лицензиянинг
амал қилишини тўхтатиб туриш муддатлари

 

т/р

Қоидабузарликлар ҳоллари

Лицензиянинг

амал қилишини тўхтатиб туриш муддатлари

1

Нотариал тасдиқланадиган битимлар, шунингдек аризалар
ва бошқа ҳужжатларнинг нотариус иштирокида имзоланмаганлиги

6 ой

2

Нотариал тасдиқланадиган битимларни томонлар бир вақтда нотариус ҳузурида ҳозир бўлиб имзоламаганлиги

2 ой

3

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда махсус мосламаларда мурожаат этувчиларнинг бармоқ изларини сканер қилиш талабига риоя қилинмаганлиги

1 ой

4

Мурожаат этувчининг жисмоний нуқсони (бармоқларнинг йўқлиги, бармоқ излари йўқолганлиги ва бошқа) сабабли махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда нотариал ҳаракатни имзолаш жараёни мажбурий аудио ёки видеоёзув воситаларида қайд этилмаганлиги

1 ой

5

Нотариал тасдиқланадиган битим, ариза ва бошқа ҳужжатларга оид маълумотлар “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига аниқ ва тўлиқ киритилмаганлиги ёки хато киритилганлиги

1 ой

6

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганлардан ташқари ортиқча ҳужжат талаб қилинганлиги

15 кун

7

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш ноқонуний равишда рад этилганлиги

1 ой

8

Нотариус томонидан уч йилда камида бир марта ўз касбий малакаси узрсиз сабабларга кўра амалга оширилмаганлиги

1 ой

9

Нотариал тасдиқланган ҳужжатларни архивда сақлашнинг қуйидаги қоидаларнинг биттасига риоя қилинмаганлиги:

ҳужжатлар йиғмажилдга тикилмаганлиги
ва муқоваланмаганлиги;

белгиланган муддат ўтгач адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивга топширилмаганлиги

15 кун

10

Нотариал ҳаракатларни бажариш жараёнида жисмоний
ва юридик шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишда нотариус томонидан қуйидагиларнинг биттасига риоя қилинмаганлиги:

уларга ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва битимнинг аҳамияти тушунтирилмаганлиги;

нотариал ҳаракатларнинг ҳуқуқий оқибати ҳақида огоҳлантирилмаганлиги

1 ой

11

Нотариус касбий ваколатларини амалга ошириш жараёнида фуқароларни алкоголь, гиёҳванд ёки психотроп моддалар таъсирида маст ҳолатда қабул қилганлиги

3 ой

12

Нотариуснинг фаолият кўрсатиш ҳудудидан (нотариал округ) ташқарида нотариал ҳаракатни амалга оширилганлиги Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно

1 ой

13

Нотариус томонидан фуқаролар ва ходимларнинг шаъни
ва қадр-қимматига путур етказувчи ножўя ҳатти-ҳаракатлар содир этганлиги

1 ой

14

Нотариус ўзига нисбатан қўзғатилган жиноий иши ёки фуқаролик ишида унинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган даъво тақдим этилган ҳолларда бу ҳақида Нотариал палата ҳудудий бошқармасини хабардор қилмаганлиги

1 ой

15

Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармасининг ваколатлари доирасида берилаётган сўровлар ёки топшириқларини бажармаслик

15 кун

16

Нотариус томонидан ваколатли органлар ва мансабдор шахсларнинг қонунга асосланган ҳолда сўраган ҳужжатларини, маълумотларини тақдим этилмаганлиги ёки талабларини бажармаганлиги

15 кун

17

Нотариус ўз ҳамкасбларининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, интернет манбааларида, шу жумладан ижтимоий тармоқларда оммага тарқатганлиги

1 ой

18

Нотариал палатанинг ёки адлия органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган, шу жумладан нотариуснинг зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайдиган қарорлари (кўрсатмалари) нотариус томонидан бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги

1 ой

19

Мурожаат қилган шахс томонидан кўрсатилган “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган мобил телефони рақамига тўловларнинг миқдори, нотариал ҳаракатни тасдиқлаш коди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “ишонч телефони” рақами кўрсатилган SMS хабар йўлланмаганлиги

15 кун

20

Нотариал ҳаракатлар бўйича тўловлар (давлат божи, герб йиғими, ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳақ) нотўғри ундирилганлиги ёки тўловлардан ноқонуний равишда озод қилинганлиги ёхуд тўловнинг имтиёзли тўланишини асослантирувчи ҳужжатларнинг ксеронусхаси олинмаганлиги

15 кун

21

Васийликдаги ва ҳомийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган ишончномалар тузишда васийлик
ва ҳомийлик органларининг рухсати олинмаганлиги

1 ой

22

Васийликдаги ва ҳомийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган шартномалар тузишда васийлик
ва ҳомийлик органларининг рухсати олинмаганлиги

3 ой

23

Битимда Ўзбекистон Республикасида нотариал тасдиқланган ишончномага асосан вакил иштирок қилган ҳолларда  ишончноманинг бекор бўлганлиги ёки бўлмаганлиги “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширилмаганлиги

3 ой

24

Давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулк билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва (ёки) хатланмаганлиги “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширилмаганлиги ёки нотўғри текширганлиги

2 ой

25

Нотариус томонидан ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар учун битимларни уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари тузиши мумкинлиги ёки ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар битимларни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузиши тўғрисидаги тартибга риоя қилинмаганлиги

6 ой

26

Васийликдаги шахс номидан ҳадя шартномаси тузилганлиги

6 ой

27

Кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари билан боғлиқ шартномаларни (келишувларни) тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базаси орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорлиги мавжудлиги текширилмаган ҳолда амалга оширилганлиги

15 кун

28

Эрнинг (хотиннинг) умумий биргаликдаги мулки бўлган кўчмас мулк ва автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битим тузиш учун хотиннинг (эрнинг) ёзма розилиги олинмаганлиги

6 ой

29

Хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш битимларини тасдиқлашда оиланинг биргаликда яшовчи барча вояга етган аъзоларининг ва
хусусийлаштирилишига розилик берган шахсларнинг ёзма розилиги олинмаганлиги

3 ой

30

Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимлар тасдиқлангунга қадар автомототранспорт воситалари рўйхатга олинган ёки битим тасдиқланаётган жойдаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги кўздан кечирилганлиги ҳақида маълумотнома олмаганлиги

15 кун

31

Гаров (ипотека) шартномаларини тасдиқлашда гаровга (ипотекага) қўйилаётган мол-мулк умумий мол-мулкни (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки) ташкил этса, барча мулкдорларнинг (эр-хотиннинг) розилиги олинмаганлиги

3 ой

32

Васиятномани имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео ёзувга қайд этилмаганлиги

2 ой

33

Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришда мерос қолдирувчининг меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз меросхўрларини аниқлаш чоралари кўрилмаганлиги

1 ой

34

Умумий улушли мулкдаги улушни олди-сотди шартномасини тасдиқлашда умумий улушли мулк иштирокчиларининг улушли мулкдаги сотилаётган улушни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи тўғрисида огоҳлантирилмаганлиги

1 ой

 

Изоҳ: Мазкур қоидабузарлик ҳолларидан ташқари бошқа қоидабузарликлар содир этилганлик учун лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати малака комиссияси томонидан қоидабузарликнинг оғир-енгиллигига қараб белгиланади.

Umumiy takliflar: 0

247