Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
18647 O’zbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi 09/06/2020 24/06/2020 1

Muhokama yakunlandi

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Давлат театрлари фаолиятида маркетинг тизимини ривожлантириш ҳамда театр санъати тарғиботини янада кучайтириш тўғрисида
ID-18647

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 26 майдаги ПФ-6000-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар давлат театрлари фаолиятида маркетинг тизимини ривожлантириш ҳамда театр санъати тарғиботини янада кучайтиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

давлат театрларида мамлакатимиз тарихи, буюк алломалари ва бебаҳо неъматлари, бунёдкорлик ишлари, замон қаҳрамони ва ёшлар образи, оила муносабатлари ва қадриятлари, ижтимоий муаммолар ва бошқа образлар акс этган долзарб мавзулардаги спектаклларни саҳналаштириш;

давлат театрларининг фаолиятини эълонлар, каталоглар, буклетлар, плакатлар, флаерлар, рамзлар ва логотипларни ўз ичига олган маҳсулотлар,  оммавий ахборот воситалари (телевидение, радио, интернет), шунингдек, ташқи реклама (билборд, панно, видеоэкран ва бошқалар) объектлари (конструкциялари) орқали реклама қилиш;

жисмоний ва юридик шахслар учун тақдимот, рағбатлантириш дастурлари ва махсус тадбирларни ташкил этиш механизмини йўлга қўйиш;

давлат театрларининг имиджини яратиш, ривожлантириш ва сақлаш бўйича пиар (PR) (пресс-релизлар, маърузалар, семинарлар, йиллик ҳисоботлар, ҳомийликлар, нашрлар, аҳоли ва матбуот билан алоқалар бўйича) дастурларини ишлаб чиқиш;

давлат театрларига томошабинлар ташрифини амалга ошириш ва қўшимча шароитлар яратиш мақсадида танловлар, кўргазмалар, шоу-дастурлари, имтиёзли чегирмалар ва бошқа акцияларни ташкил этиш усулларидан фойдаланиш.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда давлат театрлари фаолиятида маркетинг тизимини ривожлантириш ҳамда театр санъати тарғиботини янада кучайтириш бўйича белгиланган асосий йўналишлардан келиб чиқиб, чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширилишини таъминласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

икки ой муддатда мамлакатда ёшларни театр санъатига қизиқишини ошириш, келгусида давлат театрлари томошабинларини етиштириш ва томошабинларни эстетик ва маданий дидларини шакллантириш мақсадида “Қўғирчоқ театри, ёш томошабинлар театри, ёшлар театри, драма, мусиқали ҳамда опера ва балет театрлари” тизимини жорий этиш бўйича таклиф киритсин.

2022-2025 йиллар давомида маданият марказлари ва болалар мусиқа ва санъат мактабларида театр санъати йўналиши бўйича тўгаракларни ташкил этиш ҳамда уларни жиҳозлаш ишлари доирасида театр реквизитлари ва жиҳозлар билан таъминланиш чораларини кўрсин;

2021 йилнинг 1 апрелига қадар театр соҳаси бўйича малакали маркетологларни жалб қилган ҳолда давлат театрлари фаолиятида маркетинг тизимини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқсин ва амалда тадбиқ этилишини таъминласин;

уч ой муддатда давлат театрларининг логотипини (ҳар бир театрнинг йўналиши ва ҳудудларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда) ишлаб чиқсин;

театр санъати соҳасидаги мутахассислар иштирокида тайёрланган давлат театрларининг логотип лойиҳаларини муҳокама қилиб, белгиланган тартибда тасдиқласин.

4. Белгилансинки:

2021 йилдан бошлаб, спектакллар, реклама, театрлаштирилган томошалар, ижодий учрашувлар, турли шоу-дастурлар, фестиваллар, томошаларнинг шакли ва жанридан қатъи назар бошқа маданий тадбирлар ҳамда сувенирлар, буклетлар, табрикномалар, календарлар ва реклама маҳсулотларини ишлаб чиқаришда белгиланган логотиплардан фойдаланилади.

2021 йил 1 февралдан бошлаб давлат театрларига театр логотипи, театрга боғлиқ суратлар туширилган канцелярия ва босма маҳсулотлари, китоб, сувенир маҳсулотлари, спектаклларнинг видео ва аудио ёзувлари, информацион ва театр фаолияти билан боғлиқ бошқа материалларни ўз ичига олган сувенирларни сотиш йўлга қўйилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йилдан бошлаб театр санъати тарғиботини янада кучайтириш, ёшларни театр санъатига бўлган қизиқишини ошириш, ўқувчи ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш, қобилиятли ёшларни рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ҳар йили уч босқичли (туман (шаҳар), вилоят ва республика босқичи) “Мактаб театрлари” ҳаваскорлик театри республика танлови ўтказишни йўлга қўйсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

спектаклларнинг ғоявий-бадиий савиясини, таъсирчанлигини кучайтириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини ошириш, малакали театр режиссёрларини тайёрлаш ҳамда ёш режиссёрларни спектакль саҳналаштиришларида амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ахборот-мультимедиа маркази” давлат муассасаси қошида “Индивидуал режиссура” устоз-шогирд ижодий лабораториясини ташкил қилсин.

Бунда, лаборатория фаолиятида ёш режиссёрнинг спектакль саҳналаштириш жараёни бошланишидан премьерага қадар устоз режиссёр томонидан назорат қилиниши ва фақат амалий ёрдам кўрсатилишини;

лабораторияда, Маданият вазирлиги қошидаги Бадиий кенгаш билан ҳамкорликда, ёш режиссёрларнинг театрларда саҳналаштирилган спектаклларнинг режиссёрлик ечимларини, бадиий-ғоявий жиҳатларини ижодий таҳлили бўйича мониторинг ўтказиш тизимини жорий қилишни;

Маданият вазирлиги қошидаги Бадиий кенгаши ва Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмасининг драматургия ва театршунослик секциялари билан ҳамкорликда “драматург - режиссёр - спектакль - таҳлил” доимий ижодий ҳамкорлик тизимини йўлга қўйишни назарда тутсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан билргаликда “Индивидуал режиссура” устоз-шогирд ижодий лабараторияси аъзолари (режиссёрлар ва ёш режиссёрлар)ни моддий рағбатлантириш ва уларнинг хизмат сафари билан боғлиқ харажатларни “Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ахборот-мультимедиа маркази” давлат муассасасининг харажатлар сметасида назарда тутилишини таъминласин.

2021 йилдан бошлаб Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан режиссёрлар томонидан саҳналаштирган энг яхши спектакллар учун ҳар йили “Юксак бадиий спектакль саҳналаштиргани учун” меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баробари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш тизимини жорий қилсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда давлат театрларининг реклама лавҳалари ва паннолар, баннерлар ўрнатиш учун Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларида ҳар бир театр учун 5 тадан ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 5 тадан ва туман (шаҳар) марказида 1 тадан ер майдонлари ажратиш дислокациясини тайёрласин.

икки ҳафта муддатда келишилган дислокациялар асосида реклама паннолари ва электрон таблолар ўрнатиш учун махсус ер майдонларни ажратиш бўйича тегишли қарорларини қабул қилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги 2021 йил якунига қадар реклама паннолари ва электрон таблоларни ўрнатиш бўйича давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилишини таъминласин.

9. Белгилаб қўйилсинки:

ўрнатилган паннолар ва электрон таблолардан фойдаланиш тартиби ҳамда давлат хусусий-шериклик шартлари Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади.

2025 йил 1 январга қадар давлат театрлари учун ташқи реклама (конструкциялари) ўрнатиш ва жойлашган ҳудуд бўйича ҳар ойда тўланадиган йиғимлардан озод этилади.

давлат театрларининг маркетинг ва реклама хизматлари учун харажатлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, театрларнинг бюджетдан ташқари ва ҳомийлик хайрия маблағлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида тақиқланмаган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

давлат театрларида замонавий ахборот коммуникация тизимларини жорий этиш ва ташриф буюрувчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида 2021-2022 йилларда босқичма-босқич ҳар бир давлат театрида бепул Wi-Fi хизматини жорий этишни;

2021 йил 1 июнга қадар турли тоифадаги томошабинлар учун мўлжалланган театрларнинг махсус электрон мобиль иловаси “UzTheatres”ни яратиш ва уни “AppStore”, “Google Play Market” каби иловаларга жойлаштиришни;

жаҳоннинг машҳур театрлари билан ҳамкорликда республикада халқаро илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва маҳорат дарслари ўтказишни;

театрларнинг техник ва ижодий кадрлар фаолиятини кенгайтириш мақсадида олий малакали, илмий салоҳиятли кадрларнинг хорижда тажриба алмашиш ва малака ошириш тизимини йўлга қўйишни.

театр соҳасидаги халқаро ва республика миқёсидаги илмий-амалий семинарлар, конференциялар, фестивал, кўрик-танловларда ижодий жамоалар ва соҳанинг етук мутахассислари иштирокини таъминлашни амалга оширсин.

12. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг 2021 йилдан бошлаб:

“Маданият ва маърифат” телеканалида катта ёшдаги томошабинлар учун театр санъати ҳақида, саҳналаштирилган спектакллар тўғрисидаги таҳлилий ҳамда “Болажон” телеканалида болалар учун театр санъати билан танишиш ва ўрганишга асосланган мунтазам намойиш қилинадиган туркум кўрсатувларни ташкил қилиш;

барча телеканалларда ҳар куни уч марта (эрталаб, кундузги ва кечки) театрлар тўғрисида видеороликларни намойиш этиш;

марказий ва маҳаллий телерадио каналларда театр репертуарлари, афишалари ва спектакллар ҳақидаги қисқа аннотация ва анонсларини ҳар ҳафтада бир маротаба ёритиш учун махсус вақтлар ажратиш;

давлат театрларида саҳналаштирилган энг сара спектаклларни босқичма-босқич тўлиқ ёзиб олиш ҳамда барча телерадио каналлар орқали бепул намойиш этиш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

13. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 апрелдаги 329-сон қарори билан тасдиқланган Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомининг:

3-бандидаги “ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга,” сўзларидан кейин “логотипига,” сўзи қўшилсин;

8-банди учинчи хатбошидаги “студиялар” сўзидан кейин “, интерфаол зоналарни” сўзлари қўшилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тегишли манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

 

 

А. Арипов

 

Umumiy takliflar: 1

435