Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
18101 O'zbekiston Respublikasi Energetika vazirligi 23/05/2020 07/06/2020 0
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Республикадаги бино ва иншоотлар, ижтимоий соҳа ва турар жой объектларида энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-18101

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сон қарорига мувофиқ республикадаги ижтимоий соҳа объектларида, шаҳар ва қишлоқларда қуриладиган намунавий арзон уй-жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссияси томонидан 2020 йилда вазирлик ва идораларнинг 691 та бино ва иншоотларида фотоэлектр станциялар ва коллекторлар қурилиши, энергия самарадор дераза блокларини, светодиодли манбаларни ўз ичига олган сенсорли датчиклар ўрнатиш бўйича дастурий рўйхатлари тасдиқланиб амалга оширилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда 2021 йил учун (кейинчалик мунтазам равишда келгуси йиллар учун) “Ижтимоий соҳа объектларида ҳамда шаҳар ва қишлоқларда қуриладиган намунавий арзон уй-жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш манзилли дастури”ни 2020 йилнинг 1 декабрига қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси Давлат унитар корхонаси билан биргаликда:

шаҳар ва қишлоқларда қуриладиган намунавий арзон уй-жойларда ҳамда ижтимоий соҳа объектларини лойиҳалаштириш ва қурилишида замонавий қурилиш материаллари ва энергия тежовчи технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этилишини таъминласин;

янгидан қурилган ва реконструкция қилинган барча турдаги бино ва иншоотлар, ижтимоий соҳа, турар жой объектларини энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилганлигини инобатга олиб эксплуатацияга қабул қилиш тизимини 2021 йил 1 январгача ишлаб чиқсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги жойлардаги экспертиза давлат унитар корхоналари ҳамда қурилиш соҳасидаги назорат инспекциялари томонидан давлат назоратини амалга оширишда мазкур қарорнинг 3-бандида белгиланган вазифалар ижросини назорат қилинишини таъминласин.

5. Барча турдаги янгидан қурилган ва реконструкция қилинган бино ва иншоотларни эксплуатацияга қабул қилинишида энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилганлиги юзасидан “Ўзэнергоинспекция” томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ва хулоса бериш тартиби белгилаб қўйилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Ижтимоий соҳа объектларида ҳамда шаҳар ва қишлоқларда қуриладиган намунавий арзон уй-жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш манзилли дастури”ни молиялаштиришда халқаро молия институтларининг беғараз маблағларининг жалб этилишини таъминласин.

7. “Ўзэлтехсаноат” ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмалари уч ой муддатда энергия тежовчи технологиялар, қурилиш материаллари ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ижтимоий соҳа объектлари, шаҳар ва қишлоқларда қуриладиган намунавий арзон уй-жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия тежовчи технологиялар ва замонавий изоляция материалларини кенг қўллашнинг моҳияти, афзалликлари ва эришилаётган энергия самарадорлик кўрсаткичлари юзасидан оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири Б.И.Закиров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

             Бош вазири                                                        А.Арипов

Umumiy takliflar: 0

270