Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
17662 Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 11/05/2020 26/05/2020 10

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари
ID-17662

Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш

қоидаларини тасдиқлаштўғрисида

 

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

               Марказий банк раиси                                                  М. Нурмуратов

 

 


 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Марказий банки бошқарувининг
2020 йил ___  __________даги
 _____ сон қарорига
ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш
қоидалари

 

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари (кейинги ўринларда мос равишда – резидентлар ва норезидентлар) томонидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида резидентлар томонидан валюта операцияларини амалга ошириш тартибини белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидаларда Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунида келтирилган асосий тушунчалар ҳамда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

валюта ҳисобварақлари – Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча, жамғарма, муддатли ва бошқа депозит ҳисобварақлар;

ички валюта бозори – Ўзбекистон Республикаси валюта биржасида, Ўзбекистон Республикаси банклари ўртасида ҳамда бевосита тижорат банкларида мижозлар билан амалга ошириладиган чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш;

ички валюта операциялари – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасида амалга ошириладиган операциялар.

2. Ички валюта операцияларига қуйидагилар киради:

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддаси биринчи қисмининг иккинчи – бешинчи, еттинчи ҳамда тўққизинчи – ўн тўртинчи хатбошларида келтирилган операциялар;

мазкур қоидаларнинг 43-бандида белгиланган ҳолатларда нақд чет эл валютасини қабул қилиш;

ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш операциялари;

норезидент юридик шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги инвестицион фаолияти натижасида олинган дивидендлари, даромадлари ва қонуний йўл билан топилган бошқа маблағларини ушбу норезидент томонидан Ўзбекистон Республикасида ташкил этилган ваколатхона ёки доимий муассасага ўтказиш операциялари;

товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида норезидентлар томонидан, шу жумладан биржа брокерлари орқали маҳсулот сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ ўтказмалар;

уюшган савдоларда норезидентлар томонидан, шу жумладан биржа брокерлари орқали акцияларни сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ ўтказмалар;

хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарига консуллик йиғимларини тўлаш;

судларнинг қарорлари асосида пул маблағларини тўлаш.

Ички валюта операциялари резидентлар ва норезидентлар томонидан қонунчиликка мувофиқ чекловларсиз амалга оширилади.

3. Резидентлар ва норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикаси банкларида ҳисобварақларни очиш “Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқнома”да (рўйхат рақами 1948, 2009 йил 27 апрель) белгиланган тартибда амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси банклари хорижий банклар билан тузилган шартнома (келишув, битим)ларга асосан миллий ва чет эл валютасида ўзаро вакиллик ҳисобварақлари очишлари ҳамда ушбу ҳисобварақлардан шартномада кўрсатилган мақсадлар доирасида фойдаланишлари мумкин.

5. Халқаро молия институтларининг Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган ҳисобварақларидан томонлар ўртасида тузилган шартномаларда кўрсатилган мақсадларда фойдаланилади.

6. Резидент ва норезидент юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг номига келиб тушаётган валюта маблағлари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорларида ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларида ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, уларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобварақларига киритилиши шарт.

7. Норезидентлар Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган миллий валютадаги ҳисобварақларидан қонунчилик талабларига мувофиқ мустақил равишда фойдаланадилар.

8. Резидентлар ва норезидентлар Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ўз ҳисобварақларидан маблағларини Ўзбекистон Республикасининг бошқа банкларида очилган ўз ҳисобварақларига чекловларсиз ўтказишлари мумкин, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар бундан мустасно.

9. Ўзбекистон Республикаси банклари ҳамда Марказий банк томонидан валютавий своп операциялари Халқаро своплар ва деривативлар ассоциациясининг (International Swaps and Derivatives Association - ISDA) своп битимини тузишнинг намунавий шартлари ва тавсиялари асосида амалга оширилади.

10. Капитал ҳаракати операциялари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (кейинги ўринларда – Марказий банк) томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

11. Тижорат банклари мижозларга хизмат кўрсатишда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига тўлиқ риоя этишлари лозим.

II боб. Тижорат банклари томонидан резидентларнинг чет эл валютасидаги ҳисобварақларини юритиш тартиби

12. Резидент юридик шахсларнинг шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг чет эл валютасидаги маблағлари Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган валюта ҳисобварақларида сақланади ва улар ушбу маблағлардан қонунчиликка мувофиқ ҳолда мустақил равишда фойдаланадилар.

13. Резидент юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги ҳисобварақлардан ушбу ҳисобварақларни очиш учун асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорларида ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларида ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилади.

Хорижий давлатларда ҳисобварақлар очган резидент юридик шахслар томонидан ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25 санасига қадар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги давлат солиқ хизматига ҳамда асосий ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи тижорат банкига ҳисобварақлар очилганлиги (ёпилганлиги) тўғрисида ва ҳисобварақларнинг реквизитлари ўзгарганлиги ҳақида, шунингдек ушбу ҳисобварақлардаги қолдиқлар ва айланмалар тўғрисида маълумотлар иловада келтирилган шаклга мувофиқ тақдим этилади.

14. Резидент юридик шахсларнинг ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг валюта ҳисобварақларига қуйидаги операциялар бўйича чет эл валютаси киритилиши мумкин:

ички валюта операциялари;

халқаро (трансчегаравий) валюта операциялари.

Ушбу ҳисобварақлардаги маблағлардан ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра:

ички валюта операциялари учун;

жорий халқаро операциялар учун;

қонунчиликда белгиланган тартибда капитал харакати операциялари учун фойдаланилиши мумкин.

15. Резидент жисмоний шахсларнинг номига келиб тушаётган валюта маблағлари уларнинг ҳисобварақларига қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинган ҳолда чекловларсиз киритилади ҳамда ушбу маблағлардан мустақил равишда фойдаланилади.

III боб. Тижорат банклари томонидан норезидентларнинг чет эл валютасидаги ҳисобварақларини юритиш тартиби

16. Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган, иммунитет ва дипломатик имтиёзлардан фойдаланадиган хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар ва уларнинг филиаллари, шунингдек хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайдиган Ўзбекистон Республикасидаги бошқа хорижий ташкилотлар ваколатхоналарининг (кейинги ўринларда – норезидентларнинг ваколатхоналари) чет эл валютасидаги ҳисобварақларига қуйидагилар киритилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида олинган консуллик йиғимлари;

ваколатхона ташкил этган норезидентнинг хориждаги ҳисобварағидан ўтказилган маблағлар;

ваколатхона ташкил этган норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги инвестицион фаолияти натижасида олинган дивидендлари, даромадлари ва қонуний йўл билан топилган бошқа маблағлари;

ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар;

йўловчи божхона декларацияси асосида (декларация тўлдириш талаб этилмайдиган ҳолатлар бундан мустасно) хориждан олиб келинган нақд чет эл валютаси;

хориждан ҳисобварақ эгаси номига почта жўнатмалари орқали юборилган нақд чет эл валютаси.

Ушбу ҳисобварақлардаги маблағлардан ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра:

ваколатхона ташкил этган норезидентнинг хориждаги ҳисобварағига ўтказиш учун;

чет элга носавдо тусдаги пул ўтказмаларини амалга ошириш учун;

чет эл валютасидаги операциялар бўйича банкнинг воситачилик ҳақини, ходимларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига хизмат сафарига жўнатилиши билан боғлиқ харажатларни, шу жумладан нақд шаклда тўлаш учун;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тижорат банклари орқали сотиш учун фойдаланилиши мумкин.

17. Норезидентларнинг доимий муассасаларининг чет эл валютасидаги ҳисобварақларига:

доимий муассаса ташкил этган норезидентнинг хориждаги ҳисобварағидан ўтказилган маблағлар;

доимий муассаса ташкил этган норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги инвестицион фаолияти натижасида олинган дивидендлари, даромадлари ва қонуний йўл билан топилган бошқа маблағлари;

ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар;

жорий халқаро операцияларига оид ўтказмалар киритилиши мумкин.

Ушбу ҳисобварақлардаги маблағлардан ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра:

доимий муассасани ташкил этган хориждаги юридик шахснинг ҳисобварағига ўтказиш учун;

чет эл валютасидаги операциялар бўйича банкнинг воситачилик ҳақини, ходимларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига хизмат сафарига жўнатилиши билан боғлиқ харажатларни, шу жумладан нақд шаклида тўлаш учун;

ички валюта бозорида сотиш учун;

жорий халқаро операциялар учун фойдаланилиши мумкин.

18. Товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчи ва уюшган савдоларда акцияларни сотиб олишни (сотишни) амалга оширувчи норезидент юридик шахсларнинг чет эл валютасидаги ҳисобварақларига қуйидагилар киритилиши мумкин:

ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар;

уюшган савдоларда акцияларни сотишдан тушган маблағлар;

товар-хом ашё ва фонд биржалари брокерлари томонидан ўтказилган маблағлар.

Ушбу ҳисобварақлардаги маблағлар ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра:

ички валюта бозорида сотиш учун;

товар-хом ашё биржаларидан товарлар ва уюшган савдоларда акцияларни сотиб олиш учун фойдаланилиши мумкин.

19. Норезидент жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги ҳисобварақларига қуйидагилар киритилиши мумкин:

йўловчи божхона декларацияси асосида (декларация тўлдириш талаб этилмайдиган ҳолатлар бундан мустасно) хориждан олиб келинган нақд чет эл валютаси;

носавдо тусдаги ўтказмалар;

тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилганда қонуний асосларда топилган маблағлар.

Ушбу ҳисобварақлардаги маблағлардан ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра:

носавдо тусдаги ўтказмалар учун;

хорижий банкларда очилган ўз ҳисобварақларига ўтказиш учун фойдаланилиши мумкин.

IV боб. Ички валюта бозорида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш операцияларини амалга ошириш тартиби

20. Ички валюта бозорида чет эл валютасининг сотиб олиниши ва сотилиши:

жорий халқаро операциялар бўйича чекловларсиз;

капитал ҳаракати операциялари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

Ички валюта бозорида шунингдек қуйидаги операциялар амалга оширилади:

тижорат банклари томонидан ўз мижозларининг валюта маблағларини шартнома (оферта битими) асосида сотиб олиш, шунингдек жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш;

тижорат банклари томонидан жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш мақсадида валюта маблағларини сотиб олиш;

товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида товарларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобига норезидентлар томонидан, шу жумладан биржа брокерлари орқали валюта маблағларини сотиб олиш ва сотиш.

21. Молия вазирлигининг ягона ғазна ҳисобварағи орқали хизмат кўрсатиладиган буюртмачилар томонидан чет эл валютасининг сотиб олиниши ва сотилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

22. Тижорат банклари томонидан чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш операциялари валюта позициясига нисбатан ўрнатилган лимитлар доирасида амалга оширилади.

23. Мижозлар чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун тижорат банкига белгиланган шаклга асосан буюртма тақдим этадилар. Буюртма шакли тижорат банкининг бошқаруви томонидан тасдиқланади ва унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

мижоз номи;

валюта тури ва суммаси;

сотиб олиш ёки сотиш курси.

Чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этиладиган буюртмаларда қўшимча равишда қуйидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади:

чет эл валютасини сотиб олиш мақсади;

валюта операцияларини асословчи ҳужжатлар.

Мижозлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун буюртмалар тижорат банкларига масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали электрон кўринишда ҳам тақдим қилиниши мумкин.

Буюртмада қайд этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги юзасидан жавобгарлик мазкур буюртмани тақдим этган мижоз зиммасига юклатилади.

Хорижий валютадаги кредит ва лизингларга хизмат кўрсатиш, хорижий инвесторлар фойдаси дивиденд ва бошқа даромадларни репатриация қилиш мақсадида чет эл валютасини сотиб олишда, тижорат банклари ушбу операцияларнинг ҳаққонийлигини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилишга ҳақлидир.

24. Мижозлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этилган буюртмаларнинг қонунчиликка мувофиқлигини кўриб чиқиш тижорат банкларининг тегишли таркибий бўлинмаси (кейинги ўринларда – бўлинма деб юритилади) томонидан амалга оширилади. Бўлинма фаолиятига банк бошқаруви раисининг тегишли ўринбосари раҳбарлик қилади.

Чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этилган буюртмаларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги бўлинма томонидан ҳужжатлар қабул қилинган кун ҳисобга олинмаган ҳолда бир банк иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

Буюртмаларни кўриб чиқиш натижаси бўйича бўлинманинг хулосаси қабул қилинади ва банк бошқаруви раисининг тегишли ўринбосари томонидан тасдиқланади. Қабул қилинган хулоса асосида буюртма қаноатлантирилади ёки асослантирилган ҳолда рад этилади.

Бўлинма томонидан қабул қилинаётган хулосаларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги учун банк бошқаруви раисининг тегишли ўринбосари шахсан жавоб беради.

25. Чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун томонлар келишувига кўра бир марталик бош шартнома ёки ҳар бир операция бўйича алоҳида шартномалар расмийлаштирилиши мумкин.

Чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун шартномалар тижорат банкларининг тегишли дастурий таъминотлари воситасида электрон кўринишда ҳам расмийлаштирилиши мумкин.

26. Тижорат банклари томонидан ички валюта бозорида сотиб олинган чет эл валютасини кирим қилиш учун мижоз номига махсус ҳисобварақлар очилади.

Махсус валюта ҳисобварағига ушбу ҳисобварақдан илгари чиқарилган ва фойдаланилмаган, шунингдек бошқа сабабларга кўра қайтарилган чет эл валютаси ҳам кирим қилинади.

Махсус ҳисобварақдан қуйидагиларни амалга оширишга йўл қўйилмайди:

нақд валюта олиш, хизмат сафари харажатларини тўлаш учун олиш бундан мустасно;

чет эл валютасини хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқа валюта ҳисобварақларига ўтказиш, шунингдек маблағларни депозитга жойлаштириш ва ҳисобварақ қолдиғига фоизлар ҳисоблаш.

27. Бўлинманинг ижобий хулосаси қабул қилинган буюртмалар бўйича тижорат банки ва мижозлар ўртасидаги барча ҳисоб-китоблар икки банк иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда амалга оширилади.

Белгиланган муддатда ҳисоб-китоблар якунланмаган бўлса, келишув бекор қилинган ҳисобланади. Бунда, тижорат банклари томонидан мижознинг буюртмасига асосан валюта биржасидан сотиб олинган маблағлар валюта биржасига қайта сотилиши лозим.

28. Махсус валюта ҳисобварақларига киритилган маблағлар қатъий равишда буюртмаларда кўрсатилган мақсадлар учун сарфланади.

29. Банк мижози томонидан сотиб олиниб, мижознинг махсус валюта ҳисобварағига киритилган вақтдан эътиборан етти банк иш куни мобайнида фойдаланилмаган валюта маблағлари, ушбу муддат тугагандан кейинги банк иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда тижорат банкларига қайта сотилиши шарт.

Махсус валюта ҳисобварағидан илгари чиқарилган ва фойдаланилмаган, шунингдек бошқа сабабларга кўра қайтарилган чет эл валютаси ҳам уч банк иш куни мобайнида тижорат банкларига қайта сотилиши лозим.

Бунда чет эл валютасининг қайта сотилиши сотув кунидаги валюта биржаси савдоларида ўрнатилган охирги курс бўйича акцептсиз равишда амалга оширилади.

Махсус валюта ҳисобварағига қайтиб тушган маблағлар буюртмада кўрсатилган мақсадлар учун уч банк иш куни мобайнида такроран ўтказиб берилишига йўл қўйилади.

Биржа савдоларининг ташкил қилиниши ва ўтказилиши Ўзбекистон Республикаси валюта биржасининг ички қоидаларига асосан амалга оширилади.

V боб. Жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш
операцияларини амалга ошириш тартиби

30. Тижорат банклари томонидан жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операциялари чекловларсиз амалга оширилади.

31. Тижорат банклари жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширишда Марказий банкнинг Банклараро ягона электрон тизимидан фойдаланадилар.

Мазкур тизимдан фойдаланиш учун тижорат банклари валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширувчи чакана амалиётлар кассалари, банк хизматлари офислари, банкларнинг тегишли таркибий бўлимлари ҳамда валюта айирбошлаш шохобчаларининг жойлашган жойи (почта манзили) кўрсатилган ҳолда Марказий банкнинг тегишли ҳудудий Бош бошқармасига маълумот тақдим этади.

Марказий банкнинг тегишли ҳудудий Бош бошқармаси тижорат банклари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида уларни рўйхатга олади ва Банклараро ягона электрон тизимига киритиш учун тегишли маълумотни Республика Марказий банкига тақдим этади.

Жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш операциялари автоматлаштирилган банк шохобчалари (банкоматлар) ҳамда масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали амалга оширилганда Банклараро ягона электрон тизимдан фойдаланиш талаб этилмайди.

32. Чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш курслари тижорат банклари томонидан чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда белгиланади ва ушбу курсларга тижорат банклари томонидан операцион кун давомида ўзгартириш киритилиши мумкин.

33. Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан барча турдаги валюта айирбошлаш операциялари амалга оширилади.

Тижорат банклари томонидан шикастланиш белгилари мавжуд муомалага яроқли банкноталар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш, шунингдек, муомалага яроқсиз банкноталарни инкассога қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

34. Қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқли қонуний тўлов воситаси ҳисобланади:

банкнота энининг (бўйининг) тўртдан бир қисмидан ошмаган йиртиқларга эга бўлса;

ёпиштириб қўйилган бурчаклари ёки қисмлари (1 sm2 дан ошмаган) бўлса ҳамда йиртиб олинган бурчаклари ёки қисмлар аниқ ушбу банкнотага тегишли бўлса.

35. Мазкур Қоидаларнинг 34-бандида кўрсатилган меъёрлардан ортиқ бўлган ва қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқсиз ҳисобланади:

бўлакларга ажратилган;

ёнган ёки куйган;

қасддан шикастланган ҳолда тасвири (сурат, портрет) ўзгартирилган, номинали ўзгартирилган, ҳимоя ипчалари олиб ташланган ҳолатда бўлса.

36. Тегишли хорижий давлатнинг эмитент банки томонидан эълон қилинган санадан кейин муомаладан чиқарилган ҳамда банкнота тугатилганлиги, сохталиги ёки намунавийлигини тасдиқловчи штамплар мавжуд бўлган банкноталар билан валюта айирбошлаш операциялари амалга оширилмайди.

37. Мазкур Қоидаларнинг 34 ва 35-бандларида қайд этилган меъёрлардан бошқа шикастланиш даражаларига эга бўлган банкноталар бўйича операцияларни амалга ошириш эмитент банкларнинг талаблари доирасида белгиланади.

38. Жисмоний шахслар тижорат банки томонидан ишлаб чиқилган масофавий хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланган ҳолда чет эл валютасини сотиши, сотиб олиши ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа операцияларни амалга оширишлари мумкин. Бунинг учун жисмоний шахслар масофавий хизмат кўрсатиш тизимини компьютер қурилмасига (шу жумладан, планшет, мобиль телефон ва бошқа қурилмаларга) юклаб олади ҳамда ундан фойдаланиш шартлари билан боғлиқ офертани акцептлайди.

39. Айирбошлаш шохобчаларини очиш ва ёпиш, хавфсизлик талаблари, шунингдек айирбошлаш операцияларида қимматликлар билан ишлаш Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқномада (рўйхат рақами 3028, 2018 йил 29 июнь) белгиланган тартибда амалга оширилади.

40. Валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширувчи банк ходимларига қуйидагилар тақиқланади:

валюта айирбошлаш операцияларини сиртдан амалга ошириш;

тегишли маълумотнома бермасдан валюта айирбошлаш операцияларини бажариш ёки валюта айирбошлаш операциясини бажармасдан тегишли маълумотномаларни бериш.

41. Валюта айирбошлаш операцияларини расмийлаштиришда фойдаланиладиган бланклар шакли, шунингдек шохобча ходимлари сони тижорат банклари томонидан мустақил белгиланади.

Валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширувчи тарикибий тузилмаларнинг қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ фаолият юритиши тижорат банки томонидан доимий равишда мониторинг қилиб борилади.

VI. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд чет эл валютаси
билан операцияларни амалга ошириш тартиби

42. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк кассаларига АҚШ доллари, инглиз фунт стерлинги, Евро, швейцария франки, япон иенаси ҳамда тижорат банкларининг ихтиёрига кўра бошқа чет эл валюталари қабул қилиниши мумкин.

43. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд чет эл валютаси тижорат банклари кассаларига қуйидаги ҳолатларда қабул қилиниши мумкин:

консуллик хизматлари учун йиғим;

хорижда ўтказилган кўргазма ва ярмаркаларда сотилган товарлар учун;

божсиз савдо дўконларидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек халқаро ташишларда транспорт воситаларининг қатнов йўлларида йўловчиларга товарларни реализация қилиш ва хизматлар кўрсатиш чоғидаги ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операциялар учун;

хорижий хизмат сафари харажатлари учун олинган бўнакларнинг қайтарилишида;

банк хизматларини амалга ошириш билан боғлиқ операциялар учун;

юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) маблағларни киритиш учун;

хайрия фаолияти билан боғлиқ операциялар учун;

экспорт қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) учун;

норезидент жисмоний шахс томонидан ташқи савдо шартномаси бўйича дебитор қарздорликларни сўндириш учун;

норезидентларнинг ваколатхоналари номига хориждан олиб келинган нақд чет эл валютаси.

44. Мазкур Қоидаларнинг 43-банди олтинчи – ўн биринчи хатбошларида назарда тутилган ҳолларда норезидент жисмоний шахс томонидан қуйидаги ҳужжатлардан бири тақдим этилганда нақд чет эл валютаси банк томонидан қабул қилинади:

норезидент жисмоний шахс томонидан нақд чет эл валютаси хориждан олиб келганлигини тасдиқловчи йўловчи божхона декларацияси, тегишли ишончнома асосида;

норезидент жисмоний шахс номига унинг Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган ҳисобварақларига чет элдан келиб тушган маблағларнинг ечилганлигини тасдиқловчи банк маълумотномалари.

Норезидентлардан банк кассасига қабул қилинган валюта маблағларининг суммаси йўловчи божхона декларациясида кўрсатилади ҳамда банк штампи билан тасдиқланади. Мазкур йўловчи божхона декларациясининг нусхаси кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.

Нақд чет эл валютаси норезидент томонидан берилган ишончнома асосида резидент жисмоний шахслардан қабул қилинганда, пул маблағлари ушбу резидент жисмоний шахс томонидан хориждан олиб келинганлигини тасдиқловчи йўловчи божхона декларацияси ҳам тақдим этилиши лозим.

Қонунчиликка мувофиқ нақд чет эл валютасини хориждан олиб киришда йўловчи божхона декларацияси тўлдирилиши талаб этилмайдиган миқдордаги валюта маблағлари банк кассаларига топширилганда асослантирувчи ҳужжат талаб этилмайди.

VII боб. Тижорат банклари томонидан нақд валюта маблағларини
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва олиб кириш тартиби

45. Тижорат банклари томонидан нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва олиб кириш Марказий банкнинг рухсати асосида амалга оширилади.

46. Марказий банкнинг рухсатини олиш учун тижорат банклари республикага олиб кириш ёки олиб чиқишга мўлжалланган валютанинг тури, унинг суммаси, валюта маблағлари қайси давлатга олиб чиқилиши ёки қайси давлатдан олиб кирилиши, хорижий банкнинг номи, нақд валюта маблағларини олиб чиқиш ва (ёки) олиб кириш мақсадлари кўрсатилган мурожаатни Марказий банкка тақдим этадилар.

47. Тижорат банкларининг нақд валюта маблағларини олиб кириш ёки олиб чиқиш учун мурожаати Марказий банк томонидан уч банк иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижалари бўйича тижорат банкларига нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ёки олиб кириш учун рухсат берилади ёки асослантирилган ҳолда рад этилади.

VIII боб. Валюта операциялари бўйича ҳисобдорлик
ва жавобгарлик

48. Тижорат банклари ўзлари ҳамда мижозлари томонидан амалга оширилган валюта операциялари тўғрисидаги ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тақдим этади.

49. Валюта операциялари бўйича тижорат банклари томонидан тақдим этиладиган ҳисоботларнинг турлари, тақдим этиш шакллари ва муддатлари Марказий банк томонидан белгиланади.

50. Тижорат банклари валюта операциялари бўйича ҳисоботларнинг ҳаққонийлиги ва белгиланган муддатларда тақдим этилиши юзасидан жавобгар ҳисобланади.

IХ боб. Якуний қоида

51. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

Umumiy takliflar: 6

1857