Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
17646 Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 14/05/2020 29/05/2020 7

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-17646

Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисидаги низомни

тасдиқлаш ҳақида

 

 

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

 

 

Марказий банк раиси

 

            М.Б. Нурмуратов

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Марказий банки бошқарувининг
2020 йил “__” ___________

__/__ - сон қарорига

ИЛОВА

 

Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ тижорат банкларида корпоратив бошқарувни ташкил этиш асосларини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

  1.  Корпоратив бошқарув деганда банк стратегик мақсадларини аниқлаш ва уларга эришиш устидан назорат қилиш учун зарур ташкилий тузилмани, шунингдек бошқарувга оид қарорлар қабул қилиш имконини таъминловчи, банк бошқарув органлари ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасидаги муносабатлар мажмуи, шу жумладан бошқарув органларининг ваколатларини ва жавобгарлигини тақсимлаш ҳамда бошқарувга оид қарорлар қабул қилиш имконини яратиш тушунилади.
  2.  Самарали корпоратив бошқарувнинг асоси бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

банкнинг ички ҳужжатларида белгиланадиган ваколат ва вазифаларнинг аниқ тарзда тақсимланиши;

етарли даражадаги ҳисобдорлик;

ўзаро назорат қилиш ҳамда банк учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган қарорлар қабул қилинишининг олдини олишни таъминловчи, банк бошқаруви органлари ва (ёки) таркибий тузилмалар ўртасидаги ваколатларнинг тақсимланиши;

ўзининг ваколатлари ва вазифаларини яхши билувчи, функционал вазифаларини бажаришда юқори даражадаги ишбилармонлик ва одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этувчи, банк кузатув кенгашининг (бундан буён матнда кенгаш деб юритилади) ва ижроия органининг (бундан буён матнда бошқарув деб юритилади) юқори малакали аъзолари мавжудлиги.

  1.  Кенгаш ва бошқарув аъзолари ўз фаолиятини амалга ошираётганда маънан жавобгарликни ва жонкуярликни намоён қилиши ва содиқлик билан хизмат қилиши лозим.

Маънан жавобгарлик ва жонкуярликни намоён қилиш деганда кенгаш ва бошқарув аъзоларининг ўз қарорларини онгли равишда қабул қилиш ва ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликни ҳис қилиш, ўз хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашиш, қарорларни ўз ваколатлари доирасида ва мавжуд маълумотларни ҳар томонлама баҳолаган ҳолда қабул қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, банк устави ва банкнинг ички меъёрий ҳужжатлари талабларига риоя қилиш мажбурияти тушунилади.

Содиқлик билан хизмат қилиш деганда кенгаш ва бошқарув аъзолари ўзлари билан боғлиқ барча мавжуд ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш, ўз хизмат мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланмаслик, шуниндек, манфаатлар тўқнашуви уларга банк манфаатлари йўлида ўз вазифаларини тўлақонли бажаришига тўсқинлик қилган тақдирда, қарор қабул қилишда қатнашмаслик мажбурияти тушунилади.

 

2-боб. Банк кенгаши

 

  1.  Банк кенгашининг ваколатлари доирасига Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларида белгиланган масаларни ҳал этиш киради.
  2.  Кенгаш аъзоларидан ўз вазифаларини амалга оширишлари доирасида қуйидагилар талаб этилади:

ўзи фаолият юритаётган банк корпоратив бошқарувининг ташкилий тузилмасини, кенгашнинг функцияларини билиши, корпоратив бошқарувдаги ўзининг ролини англаши,  банк фаолиятида хос бўлган таваккалчиликлар ҳақида тасаввурга эга бўлиши, шунингдек банк-молия соҳасидаги, таваккалчиликларни бошқариш ва корпоратив бошқарувни ташкил этиш борасидаги билим ва малакасини доимий равишда ошириб бориши;

банк фаолиятида фаол қатнашиши, унинг фаолиятидаги ва ташқи шароитлардаги муҳим ўзгаришларни кузатиб бориши, шунингдек узоқ муддатли истиқболда банк манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни ўз вақтида кўриши;

банкнинг корпоратив маданияти ва қадриятлари шаклланишида етакчи ўринни тутиши;

кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан кенгашнинг бошқа аъзолари, бошқарув аъзолари ва банк ходимларининг қарашларидан қатъий назар ўзининг асосланган фикрини билдириши;

маънан жавобгарлик, жонкуярлик ва содиқлик билан қарорлар қабул қилиши, банк ва унинг барча акциядорлари манфаатларини кўзлаб, кенгаш аъзоси ўзига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни виждонан ва оқилона амалга ошириши, ўзининг ёки айрим шахслар манфаатлари йўлида ўз ваколатларини суистеъмол қилмаслиги;

манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи ҳаракатлардан ўзини тийиши, шунингдек манфаатлар тўқнашуви юзага келиши ҳақида дарҳол кенгашга хабар бериши ва уни бартараф этиш юзасидан чора кўриши;

кенгаш ва унинг қўмиталари мажлисларида ўз ваколатларини учинчи шахсга ўтказмаган ҳолда иштирок этиши;

кенгаш йиғилишларида иштирок эта олмаслигига асослар (касаллик варақасидалиги, таътилдалиги, хизмат сафаридалиги ва бошқалар) ҳақида ўз вақтида маълум қилиши;

кенгашга аъзолиги чоғида ўзига маълум бўлиб қолган тижорат, банк сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигига риоя этиши.

  1.  Кенгаш раислигига, агар банк уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, кўпчилик овоз билан кенгаш аъзоларининг бири сайланади. Кенгаш раисининг ўринбосари кенгаш раиси томонидан кенгаш аъзоларининг орасидан тайинланади.
  2.  Кенгаш раиси унинг фаолиятини бошқариш ва самарадорлигини таъминлашга жавобгар, шунингдек кенгаш аъзолари ўртасида ишончли муносабатларни шакллантиришга хизмат қилиши лозим. Кенгаш йиғилишларида унинг раиси тўлиқ ва кенг қамровли маълумотларни таҳлил қилган ҳолда мустақил фикр алмашинувлари, танқидий қарашлар ва конструктив ёндашувлар асосида қарорлар қабул қилинишини таъминлаши лозим. 
  3.  Кенгаш аъзолари сони ва унинг таркиби банк фаолиятининг миқёси ва хусусияти, унинг ривожланиш мақсадлари ва стратегияларидан келиб чиқиб, шунингдек қуйидагиларни таъминлашни назарда тутган ҳолда шакллантирилиши лозим:

кенгаш йиғишларини асосан юзма-юз тарзда (шу жумладан алоқанинг техник воситалари ёрдамида), кворум борлигида бошқарувга оид қарорларни қабул қилиш имконини берувчи даврийликда (чоракда камида бир марта) ўтказиш имконияти мавжудлиги;

самарали бошқаришни амалга ошириш ва қарорлар қабул қилиш учун керакли бўлган тажриба ва билимларга коллектив даражада эгалиги;

кенгаш томонидан қўмиталарни ташкил қилиниши ва уларнинг иш фаолиятини йўлга қўйилиши.

  1.  Кенгаш ўз фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш учун даврий равишда (йилда камида бир мартта) қуйидагиларни амалга ошириши зарур:

кенгашнинг ҳар бир аъзосини касбий компетентлигини улар амалга оширган ишларининг самарадорлик кўрсаткичлари ва натижалари асосида баҳолаши;

ўзининг бошқарув усуллари ва сиёсатининг самарадорлигини кўриб чиқиши, улардаги муаммоли жиҳатларни аниқлаш ва тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиши.

  1.  Ўзининг вазифа ва мажбуриятларини бажаришда кенгаш ишончли ва мустақил бўлган ички назорат ҳамда таваккалчиликларни бошқариш тизимларига таяниши ва уларнинг фаолияти устидан самарали назоратни амалга ошириши лозим.

 

3-боб. Махсус қўмиталар

1-§. Умумий қоидалар

  1.  Ўз ишининг самарадорлигини таъминлаш учун кенгаш махсус қўмиталар (бундан буён матнда қўмиталар деб юритилади), жумладан аудит кўмитаси, таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси, рағбатлантириш кўмитаси, шунингдек бошқа муҳим масалаларни кўриб чиқиш ва кенгашга тавсиялар тайёрлаш учун бошқа қўмиталар ташкил этиши мумкин.
  2.  Кенгаш томонидан ташкил этилган кўмиталарнинг асосий вазифаси ваколатлари доирасида тегишли масалаларни чуқур ўрганиш, таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда кенгашнинг назоратга доир вазифаларини бажаришида унга кўмаклашиш ҳисобланади.
  3.  Қўмиталар ўз ваколати доирасида кенгаш қарорларининг ижроси, банк стратегияси ва мақсадларини бажарилиш жараёнини таҳлил қилади, банк фаолиятига оид мунтазам ҳисоботлар ва ўзларининг тавсияларини кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим этади.
  4.  Ҳар бир кўмитанинг ишлаш тамойиллари, ваколатлари, мажбуриятлари, вазифалари, иш тартиби, йиғилишлар даврийлиги ҳамда кенгашга ҳисоботлар тақдим қилиш тартиби ва муддатлари, шунингдек бошқа масалаларни қамраб олган қўмита низоми ишлаб чиқилиши ва у кенгаш томонидан тасдиқланиши лозим.
  5.  Қўмиталар таркиби кенгашнинг учтадан кам бўлмаган аъзоларидан ташкил топиши зарур. Қўмита бошқа қўмита аъзолигида бўлган айнан бир шахслар таркибидан иборат бўлишига, шунингдек кенгашнинг бир аъзоси бир вақтнинг ўзида турли қўмиталар раиси бўлишига йўл қўйилмайди.
  6.  Кенгаш қўмиталарга юклатилган вазифалар ва мажбуриятларнинг ижроси тўғри амалга ошираётганлигини доимий равишда назорат қилиб бориши ва бунинг учун етарли вақт ажратиши ҳамда қўмиталарни тажрибали аъзолар билан бутланишини таъминлаши лозим.

 

2-§. Аудит қўмитаси

 

  1.  Ички назорат тизимини самарали ташкил этиш мақсадида кенгаш аудит қўмитасини ташкил этиши зарур ва унинг кўпчилик аъзолари банкка алоқадор шахслар бўлмаслиги керак, бундан уларнинг кенгашдаги аъзолиги мустасно. Аудит қўмитасининг раиси банкка алоқадор шахс бўлмаслиги, шунингдек кенгаш раиси бўлмаслиги лозим.
  2.  Аудит қўмитасининг аъзолари олий маълумотга, аудит хизмати мақсадлари ва вазифаларига мос келувчи малака ва тажрибага эга бўлиши лозим. Аудит қўмитасининг камида битта аъзоси аудит, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот бўйича етарли билимларга эга бўлиши керак.
  3.  Аудит қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

молиявий ҳисобот ва ички аудит сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш жараёнида иштирок этиш;

молиявий, назоратга оид ҳамда бошқа ҳисоботларнинг тақдим этилишини, тўлиқлигини, ишончлилигини назорат қилиш;

ўз ваколати доирасидаги масалалар юзасидан кенгаш йиғилишларига маълумотлар тайёрлаш ва кенгашга ҳисоботлар тақдим этиш;

банкнинг ички ва ташқи аудиторлар билан ўзаро алоқасини назорат қилиб бориш;

ички аудит хизмати раҳбарини тайинлаш (лавозимидан озод қилиш) масаласини кўриб чиқиб, кенгашга таклиф киритиш;

ички аудит хизматининг чораклик ҳисоботларини ўрганиб чиқиш ва кенгашга тақдим этиш;

банкнинг ички назорат тизими ва ички аудити фаолияти самарадорлиги ва монандлигини таъминлаш учун уларни баҳолаш, ички аудит текширувлари режаси ва уларнинг даврийлигини кўриб чиқиш, ички аудит хизмати раҳбари ўз вазифа ва мажбуриятларини қай даражада амалга ошираётганлигини баҳолашда иштирок этиш ва ўз фикрларини билдириш;

ҳар чоракда камида бир марта ички аудит хизмати раҳбари билан учрашув ўтказиб, ички аудит хизмати фаолиятига оид масалаларни муҳокама қилиш;

ташқи аудитор таклифларини баҳолашда кенгашга амалий ёрдам бериш, ташқи аудиторни танлашда банк кенгашга тавсиялар тайёрлаш;

ташқи аудиторларнинг хизматларига тўланадиган энг кўп ҳақ миқдори ва у билан шартнома тузилаши (шартномани бекор қилиниши) тўғрисида кенгашга таклифлар киритиш;

ташқи аудиторлар учун техник вазифаларни ишлаб чиқишда кенгашга амалий ёрдам бериш;

ички ва ташқи аудит ҳисоботларини қабул қилиб олиш ҳамда уларда, шунингдек бошқа назоратни амалга оширувчи бўлинмалар томонидан аниқланган қонун ҳужжатлари, банк сиёсатлари ва ички меъёрий ҳужжатларга номувофиқликлар ва камчиликларни банк бошқаруви томонидан ўз вақтида бартараф этилишини назорат қилиш;

ташқи аудиторлар ҳисоботлари, жумладан раҳбариятга йўлланган хатни кўриб чиқиш ва уларни кенгашга тақдим этиш;

ташқи аудиторлар фаолияти қониқарсиз деб баҳоланган тақдирда, уларни ўзгартириш юзасидан кенгашга тавсиялар бериш;

банк фаолиятининг шаффофлиги ва маълумотларни ошкор қилиниши етарли даражада ва аниқ эканлигини кўриб чиқиш;

аудит қўмитаси фаолияти тўғрисида ҳисоботни тайёрлаш;

кенгаш томонидан юклатилган бошқа вазифаларни бажариш.

 

3-§. Таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси

 

  1.  Таваккалчиликларни бошқариш қўмитасининг (агар ташкил этилган бўлса) кўпчилик аъзолари банкка алоқадор шахслар бўлмаслиги керак, бундан уларнинг кенгашдаги аъзолиги мустасно.

Таваккалчиликларни бошқариш қўмитасининг раиси банкка алоқадор шахс бўлмаслиги, шунингдек кенгаш раиси бўлмаслиги лозим.

  1.  Таваккалчиликларни бошқариш қўмитасининг камида битта аъзоси банк-молия ташкилотларида таваккалчиликларни бошқариш соҳаси бўйича билим ва тажрибага эга бўлиши керак.
  2.  Таваккалчиликларни бошқариш қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

таваккалчиликларни бошқариш масалалари ва ички назоратга доир ҳужжатлар, шу жумладан таваккалчиликларни бошқаришнинг ташкилий тузилмаси, таваккалчиликларни бошқариш стратегияси ва сиёсати, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш сиёсати ва одоб-ахлоқ қоидаларини кўриб чиқиш, кенгашга таваккалчиликларни бошқариш тизимига оид тавсияларни киритиш;

банк бошқаруви ва таваккалчиликларни бошқаришга масъул таркибий бўлинма томонидан таваккалчиликларни бошқариш тизими, шу жумладан риск-аппетит ва таваккалчиликларни бошқариш сиёсатининг ишлаб чиқилиши, уларга риоя этилиши ва уларни ўз вақтида янгилаб борилаётганлиги устидан назорат қилиш;

банк томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган таваккалчиликларни баҳолаш, шу жумладан стресс-тест қилиш услубларини даврий равишда кўриб чиқиш;

кенгашга тақдим этиладиган таваккалчиликларга оид маълумотларнинг (ҳисоботларнинг) тузилиши, шакли ва уларни тақдим этиш муддатларини белгилаш;

банкнинг риск-профили тасдиқланган риск-аппетитга мос эмаслиги ёки меъёрдан чиқиб кетиши кутилаётган ҳолатларда таваккалчиликларни камайтирилиши ва улар юзасидан ўз вақтида чоралар кўрилиши бўйича қарорлар қабул қилиш тўғрисида кенгашга таклифлар бериш;

банкнинг мукофотлаш тизими банкнинг риск-аппетитига мувофиқлигини ўрганиб бориш;

таваккалчиликларни бошқаришга масъул тегишли таркибий бўлинмадан банкда юзага келган ва юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликлар бўйича ҳисоботларни камида ҳар чоракда бир марта қабул қилиб бориш ва таваккалчиликларни камайтириш бўйича ишларни амалга ошириш;

таваккалчиликларни бошқаришга масъул бўлган ходимларнинг банк бошқаруви ва таваккалчиликларни қабул қилувчи бошқа таркибий бўлинмалардан мустақиллигини баҳолаб бориш;

таваккалчиликларни бошқариш бўйича тегишли таркибий бўлинма раҳбарлари фаолиятини баҳолаш жараёнида қатнашиш ёки фикр билдириш;

таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси фаолияти тўғрисида чораклик ҳисоботларни тайёрлаш;

кенгаш томонидан юклатилган бошқа вазифаларни бажариш.

  1.  Банкда юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликлар бўйича маълумотларни ўзаро алмашиш, шунингдек таваккалчиликларни бошқариш тизимига ўз вақтида ўзгартиришлар киритиш бўйича чораларни кўриш мақсадида таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) ва аудит қўмитаси ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиши зарур.

 

4-§. Мукофотлаш кўмитаси

 

  1.  Мукофотлаш кўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) меҳнатга ҳақ тўлашнинг ички тизими банкнинг таваккалчиликларни қабул қилиш маданиятига, узоқ муддатли стратегия амалга оширишга, риск-аппетитига, молиявий натижаларга, ички назоратнинг тизимига, қонун ҳужжатлари талабларига ва банк ички меъёрий хужжатларига мувофиқлиги бўйича кенгашга тавсиялар киритиб боради.
  2.  Мукофотлаш қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

кенгаш ва бошқарув аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларни мукофотлаш бўйича сиёсатни ишлаб чиқишда қатнашиш ва уни камида бир йилда бир маротаба қайта кўриб чиқиш;

мукофотлаш сиёсатини ҳамда турли хил рағбатлантириш дастурларини жорий қилиниши ва амалга оширилиши устидан назорат қилиш;

меҳнатга ҳақ тўлаш ва компенсация тизимига оид қабул қилинган қарорларнинг ижросини назорат қилиш;

кенгаш ва бошқарув аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларга мукофот тўловларини белгилашда уларнинг мажбуриятлари ва мос равишда таваккалчиликларни қабул қилиш даражасини ҳисобга олган ҳолда уларнинг самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш;

агарда кенгаш томонидан ушбу вазифа юклатилган бўлса, мукофотлаш сиёсатида акс эттирилган мезонлар асосида кенгаш ва бошқарув аъзолари, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимларни йил якунлари бўйича фаолиятини дастлабки баҳолашдан ўтказиш, шунингдек ушбу шахсларнинг узоқ муддатли белгиланган мақсад ва вазифаларга эришганини таҳлил қилиш;

меҳнатга ҳақ тўлаш ва компенсация тизими тасдиқланган ички меъёрий ҳужжатларга мувофиқлигини баҳолаб бориш;

кенгаш томонидан юклатилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

 

4-боб. Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими

 

  1.  Банкнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тизими корпоратив бошқарув тизимининг самарадорлигини ошириш ва таваккалчиликларни бошқариш маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши зарур.
  2.  Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими банкнинг бизнес-режаси, узоқ муддатли стратегияси, мақсади ва банк таваккалчиликларини бошқариш сиёсати ҳамда манфаатлар тўқнашувини олдини олишга қаратилган чораларга мувофиқ бўлиши, шунингдек ҳаддан зиёд юқори таваккалчиликларни қабул қилишини чеклаши лозим.
  3.  Кенгаш ёки мукофотлаш қўмитаси (агар мавжуд бўлса) банк бошқаруви томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига қай даражада риоя қилишини назорат қилиб боради ва йилига камида бир марта меҳнатга ҳақ тўлаш тизими самарадорлигини қайта кўриб чиқиши керак.
  4.  Кенгаш, банкда ташкил этилган бўлса, мукофотлаш қўмитаси билан биргаликда банк бошқаруви аъзолари, муҳим аҳамиятга эга ходимлар ва бошқа ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини банк стратегияси, бизнес-режаси, молиявий кўрсаткичлар, пруденциал талаблар ҳамда таваккалчиликларни бошқариш ҳолатидан келиб чиқиб тасдиқлаши лозим.

Кенгаш аъзоларига тўланадиган ҳақ ациядорлар умумий йиғилишининг қарори билан тасдиқланади. Таваккалчиликларнинг тегишли ҳисобини юритиш мақсадида таваккалчиликларни бошқариш бўйича ташкилий бўлинмаси ҳамда комплаенс-назорат хизмати ходимларга ҳақ тўлаш тизимининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишида қатнашишлари лозим.

  1.  Банкнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тизими қуйидагиларни қамраб олиши зарур:

банк ходимларига мукофот ва компенсация тўловлари миқдори ва тартибини белгилашда ходимларнинг иш фаолиятидаги натижаси, таваккалчиликларни қабул қилиш даражаси, банкнинг риск-профили ва банк фаолияти миқёсидан келиб чиқиб белгиланиши;

таваккалчиликларни бошқариш тизими ва ўрнатилган таваккалчилик меъёрлари (лимитлари) ҳамда қонун ҳужжатлари талаблари бузилганда, банкнинг ходимлари ва (ёки) коллегиал органлари томонидан қабул қилинган таваккалчиликлар оқибатида йўқотишлар юзага келганда, шунингдек банк самарасиз ва (ёки) зарар билан фаолият юритаётган ҳолларда компенсация ва рағбатлантириш хусусиятига эга тўловларини бекор қилиш ёки миқдорини камайтириш;

банк акциядорлари умумий йиғилиши томонидан ўрнатилган вазифалар ва кўрсаткичларга эришилмаганда кенгаш томонидан банк бошқаруви ва муҳим аҳамиятга эга ходимларга белгиланган компенсация ва рағбатлантириш хусусиятига эга тўловларни бекор қилиш ёхуд умумий миқдорини камайтириш.

  1.  Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими банкнинг ички сиёсатларида тегишли тарзда ҳужжатлаштирилган бўлиши ва камида қуйидагиларни қамраб олиши лозим:

доимий ва ўзгариб турувчи компенсация ва рағбатлантириш хусусиятига эга тўловларни;

компенсация ва рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар учун ўрнатилган максимал чегара;

кенгаш ва бошқарув аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимлар фаолиятини баҳолаш мезонлари;

ўзгарувчан мукофотларни (байрам муносабати билан, ходимни тақдирлаш ва бошқалар) тўлаш тартиби ва муддати.

  1.  Кенгаш ва бошқарув аъзолари, муҳим аҳамиятга эга ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими акциядорлар учун аниқ, очиқ ва ошкора бўлиши керак.

 

5-боб. Манфаатлар тўқнашувини олдини олишга доир чоралар

 

  1.  Банк ва қуйидаги шахслар ўртасида ўзаро муносабатлар ва алоқалар натижасида манфаатлар тўқнашуви вужудга келиши мумкин:

банк мижозлари;

банк акциядорлари;

кенгаш ёки бошқарув аъзолари;

банк ходимлари;

банкка алоқадор шахслар;

бошқа манфаатдор томонлар, шу жумладан охирги бенифициар мулкдорлар.

Манфаатдор томонлар деганда банкнинг омонатчилари, кредиторлари, акциядорлари, ходимлари ва банкдан манфаатдор бўлган бошқа шахслар тушунилади.

  1.  Банк кенгаши қонун ҳужжатлари ва Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва уни бартараф этиш сиёсатини ишлаб чиқиши, уни амалга ошириш тартибини ўрнатиши ҳамда уни амалга оширилишини назорат қилиши лозим.
  2.  Манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва уни бартараф этиш сиёсати ўз ичига қуйидагиларни олиши лозим:

манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи ҳолатлардан четланиш ёки у юзага келган ҳолларда бартараф этиш юзасидан кенгаш аъзоларининг мажбуриятлари;

кенгаш ва бошқарув аъзолари ҳамда бошқа ходимларнинг ўз хизмат вазифасини бажаришда юзага келадиган манфаатлар тўқнашувини аниқлашда унинг тушунчаси ва шакллари (банкда юзага келадиган ҳолатлардан мисоллар билан);

манфаатлар тўқнашувига олиб келган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган масалаларни кўришда кенгаш ёки бошқарувнинг тегишли аъзолари ўз овозлари билан иштирок этишни чеклаш;

раҳбарлар ва бошқа ходимлар билан вужудга келган ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувларини назорат қилиш механизмлари;

ноқонуний, адолатсиз ёки салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин бўлган махфий маълумотлардан тегишли бўлмаган шахсларнинг фойдаланишини чеклаш тартиби;

манфаатлар тўқнашуви юзага келган ҳолларда қўлланиладиган чоралар ва уни бартараф этиш тартиби;

раҳбарлар ва бошқа ходимлар билан манфаатлар тўқнашуви вужудга келганда ёки эҳтимолий пайдо бўлганда, улар томонидан белгиланган тартибда маълумот тақдим этилмаса, уларга нисбатан қўлланиладиган чоралар.

  1.  Кенгаш ва бошқарув аъзолигига ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходим лавозимига тайинланган (сайланган) ходимнинг яқин қариндошларининг рўйхати банкнинг электрон базасида шакллантирилиши ва электрон база мунтазам янгиланиб борилиши керак.
  2.  Банкда юзага келган ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳамда юзага келган салбий ҳолатлар ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилиши ҳамда кенгаш ва бошқарувга ушбу маълумотлар базаси асосида даврий равишда ҳисоботлар киритиб борилиши керак.

 

6-боб. Банк ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари

 

  1.  Кенгаш банкда ягона корпоратив маданиятни яратиш мақсадида:

банк фаолияти қонуний ва одоб-ахлоқ қоидалари асосида юритилиши учун корпоратив қадриятлар ва касбга оид стандартларни ўз ичига олган банкнинг одоб-ахлоқ кодексини қабул қилиши ва уларда белгиланган қоидаларга барча ходимлар, шу жумладан банкнинг бошқарув органлари томонидан риоя этилишини таъминлаши;

корпоратив қадриятлар, касбга оид стандартлар, одоб-аҳлоқ кодекси ҳамда банк томонидан ишлаб чиқилган тегишли сиёсатлар барча ходимларга тушунтирилиши  ва ижро учун етказилиши устидан назорат қилиши;

номақбул хатти-ҳаракат ва (ёки) қоидабузарликни амалга оширган ходимлар, шу жумладан банк бошқарувига нисбатан интизомий чоралар қўлланилиши устидан назоратни амалга ошириши лозим.

  1.  Одоб-аҳлоқ кодекси корпоратив бошқарувнинг қуйидаги жиҳатларини ўз ичига олиши лозим:

кенгаш, бошқарув ва бошқа ходимлар учун  умуммажбурий ҳисобланган одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда ушбу нормаларни бузганлик учун тегишли чоралар;

ноқонуний ва номақбул фаолият ёки хатти-ҳаракатлар, шу жумладан нотўғри молиявий ва статистик ҳисоботларни тақдим этиш, иқтисодий жиноят ёки фирибгарликни амалга ошириш, манипуляция қилиш ёки бунга уриниш, Марказий банк томонидан қўлланилган чора ва санкцияларни бузиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролининг тарқатилишини молиялаштириш, инсофсиз рақобат ва тижоратда пора эвазига оғдириб олиш каби ҳолатларни тақиқланиши ва улар юзасидан кўриладиган чоралар;

таваккалчиликларни бошқариш маданиятига риоя этиш;

истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш, шу жумладан банк хизматларини кўрсатишда мижозларни чалғитишга йўл қўймаслик;

кенгаш, бошқарув ва бошқа ходимлар томонидан банкнинг мулкига зарар етказилишини олдини олиш тартиби;

кенгаш, бошқарув ва бошқа ходимларнинг хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда шахсий устунликни қўлга киритиш ёки бундай устунликни учинчи шахсларга тақдим этиш учун фойдаланишларига тақиқлар;

коррупция ҳақида хабар бериш чоралари;

конфиденциал (инсайдер) ахборотни қайта ишлаш, сақлаш ва тарқатиш тамойиллари;

ходимларнинг раҳбар ходимлар томонидан ноқонуний, номақбул ёки шубҳали хатти-ҳаракати юзасидан фикрларини етказиш имкониятини яратувчи ва бунда раҳбарларнинг мазкур ходимга нисбатан салбий таъсиридан ҳимояланган механизмнинг мавжудлиги.

  1.  Одоб-аҳлоқ кодексига банк ташкилий тузилмасининг барча поғоналаридаги ходимлари, шу жумладан кенгаш ва бошқарув аъзолари риоя этишлари зарур.
  2.  Одоб-аҳлоқ кодексида кенгаш ва бошқарув аъзолари ҳамда бошқа барча ходимлар ўз фаолиятини одоб-аҳлоқ нормалари асосида олиб бориши ҳамда маънан жавобгарлик, жонкуярлик ва содиқликни намоён қилган ҳолда фаолиятини амалга ошириши белгилаб берилиши лозим.

 

7-боб. Ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар қилиш тизими

 

  1.  Банкда қонун ҳужжатлари ва одоб-аҳлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракат содир бўлганда, тегишли чораларни ўз вақтида кўриш мақсадида ноўрин хатти-ҳаракатларни аниқлаш ва улар ҳақида хабар беришнинг самарали тизимини ишлаб чиқилиши ва амалиётга жорий этилиши лозим.

Ушбу тизим ходимларга банкда содир бўлган ноўрин ва қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар тўғрисида ўз ташвишларини махфий тарзда ва ўзларига нисбатан жазо чораларини қўлланиши хавфисиз (ёки бошқа оқибатларсиз) кенгашни хабардор қилиш имконини яратиши керак.

Ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар қилиш тизимининг мақсадлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

эҳтимолий ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида ўз вақтида хабар қилишни рағбатлантириш;

ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида махфий тартибда ва ўзларига нисбатан жазо чораларини қўлланиши хавфсиз хабар қилиш учун восита (канал) билан таъминлаш;

ноўрин хатти-ҳаракатларга доир хабар юзасидан изчил ва ўз вақтида чора кўрилишини таъминлаш ҳамда хабардор қилувчи шахсларни ўз ҳуқуқлари тўғрисида бохабар қилиш;

кенгаш томонидан ходимлар ноўрин хатти-ҳаракатлар юзасидан махфий тарзда хабар қилишларини белгиловчи қоидаларга риоя этилиши устидан тегишли назоратни таъминлаш;

банк ва унинг акциядорлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

  1.  Ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар қилиш тизими самардорлигини таъминлаш мақсадида кенгаш қуйидаги вазифаларни амалга ошириши лозим:

ўз аъзоларидан бирига ёки тегишли қўмитага ноўрин хатти-ҳаракатларга оид хабарларни қабул қилиш вазифасини юклаш;

ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар қилиш механизмлари ва улар юзасидан кейинги амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаш;

ноўрин хатти-ҳаракатларнинг аниқланиши ва ўрганиб чиқилишига оид чоралар кўрилиши устидан назоратни амалга ошириш.

  1.  Хабар қилинаётган (маълум қилинаётган) ахборот фақатгина фараз ёки таҳминга эмас, балки эҳтимолий ноўрин хатти-ҳаракатлар содир бўлганлиги ёки содир бўлиши тўғрисида далолат берувчи, текшириш имкони мавжуд бўлган фактларга ёки шарт-шароитларга асосланган бўлиши лозим.
  2.  Ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади, аммо булар билан чекланиб қолмайди:

мансабни суистеъмол қилиш ёки номақбул хатти-ҳаракат, шу жумладан фирибгарлик, коррупция, порахўрлик ёки ўғирликни амалга ошириш;

қонун ҳужжатлари, тартибга солувчи қоидалар ёки банк ички сиёсатларига риоя этмаслик;

жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарликнинг ҳар қандай шакли;

номақбул ёки одоб-аҳлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракат;

ҳуқуқий мажбуриятларга амал қилмаслик.

  1.  Башарти маълумот ҳаққоний ва ишончли бўлса, банкнинг ҳар қандай ходими ёки манфаатдор шахс ноўрин хатти-ҳаракатлар юзасидан хабар қилиш ҳуқуқига эга.
  2.  Хабар берувчи ноўрин хатти-ҳаракатларга доир ўз кузатувлари юзасидан қуйидаги усуллардан бири орқали арз қилиши мумкин:

эҳтимолий ёки амалда содир бўлган қоидабузарлик юзасидан бевосита раҳбарни хабардор қилиш. Бунда, агар хабар қилувчи ўзининг бевосита раҳбарини хабардор қилишни истамаса, у банкда юқорироқ даражадаги раҳбар лавозимини эгаллаб турувчи шахсни, шу жумладан кенгашнинг тегишли аъзосини ёки тегишли қўмитани бохабар қилиши мумкин;

кенгашни ёки тегишли қўмитани бевосита ёки билвосита (ички аудит ёки комлаенс текшируви хизмати орқали) ёзма тарзда бохабар қилиш;

ўрнатилган алоқа канали, шу жумладан электрон почта орқали хабар бериш. Бунда электрон почта манзили банк веб-сайтида аниқ белгиланган бўлиши лозим.

 

8-боб. Банк бошқаруви

 

  1.  Бошқарув банкни кундалик бошқариш учун жавобгар бўлиб, у банк фаолияти кенгаш томонидан тасдиқланган бизнес-режа, стратегия, таваккалчилик чегаралари (лимитлари) ва сиёсатларига мувофиқлигини таъминлаши лозим.
  2.  Бошқарув раиси банк фаолиятини бошқариш ва банк ходимлари устидан назоратни амалга ошириш учун зарур билим, малака ва яхши хулқ-атворга эга бўлиши керак.
  3.  Банк бошқаруви ўз вазифаларини амалга ошириши доирасида қуйидагилар талаб этилади:

банкнинг стратегик мақсадлари, бизнес-режаси ва корпоратив бошқарувга оид сиёсат талабларини амалга ошириши;

ташкилий тузилманинг барча даражаларида кенгаш томонидан тасдиқланган сиёсатларга, тартиб ва лавозим йўриқномасига риоя этилиши юзасидан самарали мониторинг тизимини ўрнатиш ва даврий равишда ушбу тизим монандлигини текшириши;

бошқарув қарорларини қабул қилиш учун муҳим ахборотни тегишли тарзда тайёрланиши ва ўз вақтида тақдим этилишини таъминловчи ишончли ахборот тизимларини ўрнатиши;

бизнес-режа кўрсаткичлари ва банк стратегияси бажарилишини баҳолаш имконини берувчи, ўз ичида молиявий ва операцион фаолиятнинг амалдаги натижаларини акс этган ҳисоботларни ўз вақтида кенгашга тақдим этилишини таъминлаш;

банкнинг молиявий ахволининг ёмонлашуви ёки бундай ҳолат юз бериши хавфи ҳамда бизнес-режа, стратегик мақсадлар, таваккалчиликларни бошқариш стратегияси ва риск-аппетитдаги ўзгаришлар, таваккалчилик чегаралари (лимити) ва пруденциал талаблар, бузилиши, ички назоратдаги хатоликлар, ҳуқуқий ёки тартибга солиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан кечиктирилмаган тарзда кенгашга хабар бериш;

банкни бошқаришнинг тегишли ва очиқ ташкилий тузилмасини, шунингдек ўз ваколатлари доирасида банк ходимлари ўртасида ваколатлар ва мажбуриятлар тақсимланишини таъминлаш;

банк ходимлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

ходимларни, жумладан бошқарув аъзолари, агар банк уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса ва муҳим аҳамиятга эга ходимларни ишга қабул қилиш ва бўшатиш, уларнинг ротацияси ва лавозим бўйича кўтарилиш, ўқитиш, малакали ходимларни сақлаб қолиш тартибини ишлаб чиқиш, шунингдек ходимлар ўз мажбуриятлари, ходимларнинг одоб-аҳлоқ қоидаларини бузган ҳолларда уларга нисбатан чоралар кўриш;

банк устави ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларни бажариши лозим.

  1.  Бошқарув аъзолари банк манфаатлари йўлида виждонан ва оқилона ҳаракат қилишга мажбур бўлиб, улар қуйидаги фидуциар мажбуриятларга риоя этишлари лозим:

қонун ҳужжатлари, банк устави ҳамда банк акциядорлари умумий йиғилиши ва кенгаш томонидан қабул қилинган стратегия ва сиёсатларни амалга оширишга доир қарорларга риоя этган ҳолда мажбуриятларини ўз ваколатлари доирасида бажариш;

ўзларининг вазифа ва функцияларини амалга ошириши учун ўз ваколатлари доирасида фаолият юритиш;

зарур ва ошкора маълумотни белгиланган муддатларда олиш, улар билан боғлиқ тегишли чора-тадбирларни кўриш ҳамда шахсий малака ва тажрибага таянган ҳолда қарорлар қабул қилиш;

манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармасликка оид талабларга риоя этиш;

банк бошқаруви органлари, шу жумладан банк акциядорлари, кенгашига нисбатан тенглик тамойилига риоя этиш;

бенуқсон ишчанлик обрўсига эга бўлиш.

 

9-боб. Маълумотлар ошкоралиги ва очиқлик

 

  1.  Банкнинг корпоратив бошқариш жараёни унинг акциядорлари, омонатчилари, бошқа манфаатдор томонлар ва бозор иштирокчилари учун шаффоф, очиқ ва ошкора бўлиши керак.

Корпоратив бошқарувнинг очиқлиги ва ошкоралиги деганда манфаатдор томонларга кенгаш ва бошқарувнинг самарадорлигини баҳолаш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этиш ва етказиш тушунилади.

Корпоратив бошқарувнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида банк ушбу Низом, қонун ҳужжатлари ва Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган маълумотларни ўзининг расмий веб-сайти ва бошқа ахборот воситаларида жойлаштириб боради.

  1.  Банклар ва (ёки) банк гуруҳларининг асосий банк томонидан манфаатдор томонларга ошкор этиладиган маълумотлар ва уларни жойлаштириш қуйидаги тамойилларга асосланиши лозим:

ишончлилик ва аниқлик – банк ёки банк гуруҳи ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумот долзарб, ҳақиқий, таққосланувчи ва ўзгартирилмаган ҳолда ўқиш учун қулай шаклда бўлиши, банк фаолияти ва унинг молиявий ҳолати билан боғлиқ жараёнлар ва фактларнинг амалдаги иқтисодий мазмунини баҳолаш имконини яратиши;

тўлиқлилик – манфаатдор томонлар томонидан қарорларни қабул қилиш учун етарли ҳажмда ва аҳамиятга эга бўлиши;

маълумотни олиш эркинлиги – маълумот банк ва (ёки) банк гуруҳи бош ташкилотига тегишли биносида, расмий веб-сайтида жойлаштирилиши, оммавий ахборот воситаларида чоп этилиши ҳамда манфаатдор томонларнинг мурожаатига кўра тақдим қилиниши орқали ошкора этилаётган маълумотларни эркин, содда ва қулай тарзда етказиш имконини яратилиши;

ўз вақтида ва даврий равишда тақдим этиш – маълумотлар ўз вақтида ва даврий равишда чоп этилиши;

тезкорлик – банк фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар, ходисалар ва жараёнлар тўғрисидаги муҳим ахборот қисқа муддатларда ошкора этилиши;

банк сири ва маълумот махфийлигини таъминлаш – банк сири, тижорат сири ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа сир сақланиши зарур бўлган маълумотлар ошкора этилмаслиги.

  1.  Банк маълумотларини очиқ ва ошкор бўлишини таъминлаш мақсадида қуйидаги маълумотларни ўзининг веб-сайтида жойлаштириб бориши зарур:

банк миссияси, мақсадлари ва корпоратив қадриятлари;

банк фаолияти тарихи, жумладан банкни ташкил этиш, қайта ташкил этиш, қайта номлаш, фаолияти ўзига хос хусусиятлари ёки йўналиши ўзгарганлигини акс эттирувчи маълумотлар;

банкни давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида маълумот, банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия (тартиб рақами, берилган санаси, банк операциялари рўйхати), фаолиятини тўхтатиб туриши, уни тиклаш ҳамда банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни Марказий банк томонидан чақириб олиниши;

банк уставининг тўлиқ матни;

банк бош офиси иш тартиби, жойлашган ери ва контакт маълумотлари, шунингдек банкнинг ҳудудлар (вилоят ва шаҳар) кесимида ташкилий тузилмаси – банк инфратузилмаси (филиал, офис) номи, жойлашган ери, иш тартиби ва маълумот учун телефонлари. Филиал (ёки бошқа инфратузилма) фаолияти вақтинчалик тўхтатилиши ёки тугатилиши ҳолатларида, банк веб-сайтининг бош варағида бу ҳақда хабар, яъни ушбу филиал (ёки бошқа инфратузилма) номи ва жойлашган ери, фаолияти вақтинчалик тўхтатилиши ёки тугатилиши тўғрисидаги тегишли қарор санаси, ушбу ходиса юзасидан тўлиқ маълумот олиш учун алоқа воситалари ҳамда мижоз бошқа филиалга ёки инфратузилмага мурожаат қилиши ҳақида маълумот;

банк фаолияти, ташкилий тузилмаси, мулкий тузилмаси ва ҳолатига доир сезиларли ўзгаришларга оид пресс-релизлар ва хабарлар;

банкнинг мулкий тузилмаси;

структура кўринишида мазкур банкка тегишли бўлган банк гуруҳи таркиби ва унинг тузилиши: юридик шахслар номи, банк гуруҳи тузилмаси, устав капиталидаги иштироки, номи, жойлашган ери ва бош ташкилотнинг расмий веб-сайти;

структура кўринишида банкнинг ички ташкилий тузилмаси;

кенгаш қошида ташкил қилинган барча қўмиталар таркиби: қисқа шаклда маълумот, қўмита аъзоларининг бошқа ташкилотларда эгаллаб турган лавозими, малакаси ва иш тажрибаси ҳамда ушбу қўмиталарнинг асосий вазифалари;

кенгаш ва бошқарув аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларнинг таркиби: қисқа шаклдаги шахсий маълумот, эгаллаб турган лавозими, малакаси ва иш тажрибаси;

корпоратив бошқарувга оид ички меъёрий ҳужжатлари: одоб-ахлоқ қоидалари (стандартлари, кодекси ва бошқалар), маълумотларни ошкор қилиш бўйича банк сиёсати, банкнинг дивидентлар тўлаш сиёсати ва бошқалар;

банкка рейтинг агентликлари томонидан рейтинг тақдим қилинган бўлса, ушбу рейтинг агентликларининг рўйхати, охирги 3 йил ичида олинган рейтинглари ва улар бўйича рейтинг агентликларининг ҳисоботлари (тушунтиришлар);

қонун ҳужжатлари ва (ёки) бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ расмий веб-сайтида жойлаштирилиши керак бўлган бошқа маълумотлар.

Банкнинг мулкий тузилмаси тўғрисидаги ошкор қилинадиган маълумотлар қуйидагиларни ўз ичига олиш лозим:

банк устав капиталининг камида беш фоизига бевосита эгалик қилувчи акциядорлар ҳақида маълумот, уларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши миқдори, акцияси тури (оддий, имтиёзли), жойлашган жойи (яшаш жойи), фаолият тури (юридик шахслар учун);

банк устав капиталининг камида беш фоизига билвосита эгалик қилувчи акциядорлар ҳақида маълумот, жойлашган жойи (яшаш жойи), фаолият тури (юридик шахслар учун) ва банк акцияларига эгалик қилишига сабаб бўлган бошқа маълумотлар;

охирги бенефициар мулкдор (агар мавжуд бўлса) фамилияси, исми ва шарифи.

 

10-боб. Якуний қоидалар

 

  1.  Ушбу низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.

Umumiy takliflar: 3

1347