Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
17392 O’zbekiston Respublikasi Xalq ta'lim vazirligi 04/05/2020 19/05/2020 65

Muhokama yakunlandi

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Qarori
Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида
ID-17392

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 29 апрелдаги ПФ–5712-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда халқ таълими муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга асосланган узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар халқ таълими муассасаларининг раҳбар, ўқитувчи, методист, психолог, дефектолог ва кутубхоначи ходимларини (кейинги ўринларда – халқ таълими ходимлари) қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга асосланган узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг эҳтиёжларга асосланган самарали миллий тизимини жорий этиш ва такомиллаштириш;

халқ таълими ходимларида илғор педагогика ва инновацион технологияларни эгаллаш ҳамда уларни мактаблардаги ўқув жараёнига самарали татбиқ этиш кўникмаларини ривожлантириш;

халқ таълими ходимларининг ўз касбий маҳорати ва педагогик фаолияти самарадорлигини мунтазам ошириб боришини қўллаб-қувватлаш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаларидаги ўқув жараёнига чет эллик мутахассисларни жалб қилиш, халқ таълими ходимларининг ривожланган мамлакатлар таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида малака ошириши, докторантура ва стажировка ўташларини ташкил этиш;

халқ таълими муассасалари раҳбарлари – таълим соҳаси менежерлари ва ўқитувчилар касбий компетенциялари савиясини белгилашнинг миллий стандартлари тизимини амалиётга жорий этиш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг замонавий технологияларини қўллаган ҳолда халқ таълими муассасалари раҳбар лавозимларига юқори малакали кадрлар захирасини шакллантириш;

халқ таълими муассасалари раҳбар ва ўқитувчиларини танлаш, ишга қабул қилиш ҳамда узлуксиз касбий ўстиришнинг сертификациялашга асосланган шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмини жорий этиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, самарадорлигини ошириш, уларга иқтидорли ёш педагогларни жалб қилиш ҳамда тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг турли инновацион, амалий ва фундаментал тадқиқотлар лойиҳалари танловларида қатнашишларини йўлга қўйиш;

соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш ва шартнома асосида хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш.

2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг:

А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти негизида Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими вазирлиги академиясини (кейинги ўринларда – Академия) ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари негизида Педагогик маҳорат институтларини ташкил этиш;

халқ таълими ходимлари томонидан ўқув-семинарлар, тренинглар ва конференцияларда фаол иштирок этиш орқали муқобил шаклларни назарда тутувчи малака оширишнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш;

халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳудудий марказлар тузилмасидаги методик хизмат бўлимларини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳузуридаги туманлараро умумтаълим муассасаларини методик таъминлаш марказларини тугатган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг менторлик хизмати бўлимларини, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг менторлик хизмати шўъбаларини ташкил этиш;

Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика таълим маркази ва Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика ўқув-методика марказининг “методист”, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг “умумтаълим фанлари бўйича методист” лавозимлари ўрнига “ментор” (устоз, мураббий) лавозимини жорий этиш.

3. Қуйидагилар:

Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин;

Халқ таълими вазирлиги академиясининг тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Педагогик маҳорат институтларининг намунавий тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

халқ таълими ходимларининг касбий ва бошқарув компетенциялари, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланиш, тадқиқотчилик ва мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг самарали шаклларини (масофадан, аралаш, якка тартибда ўқитиш ва бошқалар) жорий этишнинг илмий-методик ва ташкилий-методик асосларини ишлаб чиқиш;

халқ таълими соҳасини ривожлантириш, шу жумладан халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича назарий ва амалий тадқиқотларни олиб бориш;

халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларига истиқболли таълим технологияларини жорий этиш;

электрон-рақамли таълим муҳитини жорий этиш орқали тингловчиларга эҳтиёжларга асосланган малака ошириш имкониятини тақдим этиш;

халқ таълими ходимларининг базавий олий таълимдан кейинги таълими узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, педагогика соҳасининг турли йўналишлари бўйича олий малакали мутахассисларни (PhD ва DSc) тайёрлаш;

интилувчан, ишчан ва истиқболли ёш ходимларнинг менежерлик кўникмаларини ривожлантириш орқали халқ таълими муассасалари раҳбар лавозимларига юқори малакали кадрлар заҳирасини шакллантириш ҳамда вакант лавозимларга тавсия этиш.

5. Қуйидагилар Педагогик маҳорат институтларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ўқитишнинг илғор шакл ва усулларини, масофадан ўқитишни ва мустақил таълим олишни қўллаб-қувватловчи техника ва рақамли технологияларни кенг жорий этган ҳолда ташкил этиш;

халқ таълими ходимларини  қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини такомиллаштириш юзасидан ўқув-методик ишларни олиб бориш;

ўқув-тарбия жараёнининг амалиёт билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш, таянч мактабларда ўқитувчиларнинг узлуксиз малака ошириш ўқувларини ташкил этиш;

халқ таълими ходимларининг ўқув-методик ишларни олиб бориш кўникмаларини ривожлантириш.

6. Белгилансинки:

Академия халқ таълими ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга масъул таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси, шунингдек, ҳудудий Педагогик маҳорат институтлари учун таянч таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда уларнинг ўқув, методик ва илмий фаолиятини мувофиқлаштиради;

Академия ва Педагогик маҳорат институтларининг ходимларига олий таълим муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади.

Бунда, бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган тингловчилар нисбатининг чекланган нормативлари олий таълим муассасалари учун белгиланган бир нафар ўқитувчи ҳисобига талабалар сони нисбатининг чекланган нормативларидан 25 фоиз паст этиб белгиланади;

Академия ва Педагогик маҳорат институтларига бюджетдан ташқари маблағларни эркин тасарруф этиш, хусусан, ходимларни моддий рағбатлантириш учун йўналтириш ҳуқуқи берилади.

7.  Академия ва Педагогик маҳорат институтлари ходимларининг чекланган сони профессор-ўқитувчи, ўқув-ёрдамчи ҳамда техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар сонини инобатга олмаган ҳолда 424 нафар этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирига:

ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида Академия ва Педагогик маҳорат институтларининг ташкилий тузилмаларига ўзгартиришлар киритиш;

Академия ва Педагогик маҳорат институтларининг раҳбарларини мустақил тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

халқ таълими ходимларининг узлуксиз таълими жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш ҳисобига тежалган маблағларни халқ таълими тизимини ривожлантиришга йўналтириш;

Академия ва Педагогик маҳорат институтларининг ходимларини вазирликнинг Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш бўйича қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилсин.

8. Менторлик хизмати бўлимлари бошлиқлари, шўъба мудирлари ва менторларнинг иш ҳақи миқдори 2021 йил 1 январдан бошлаб олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига нисбатан қуйидагича нисбатда:

республика даражасидаги – 1,3 бараварга;

вилоят даражасидаги – 1,2 бараварга;

туман (шаҳар) даражасидаги – 1,1 бараваргача ошириш белгилансин.

9. Халқ таълими вазирлиги:

уч ой муддатда бугунги кунда фан методисти лавозимида фаолият кўрсатаётган ходимларни мутахассислик фани бўйича умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчиларининг аттестация натижаларини баҳолаш мезонлари асосида  синовдан ўтказсин;

синовдан ўтмаган методистларни 2021 йил 1 январга қадар бошқа ишга жойлаштириш чораларини кўрсин.

10. 2021 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари учун даврийлиги 3 йилдан ва ўқитувчилар учун даврийлиги 5 йилдан иборат мажбурий касбий сертификатлаш тартиби жорий этилсин.

Раҳбар ва ўқитувчи ходимларни касбий сертификатлаш ва иккинчи малака тоифасини бериш жараёнини навбатдаги малака ошириши билан уйғунлаштирилган ҳолда унинг натижаларига кўра амалга ошириш механизми йўлга қўйилсин.

11. Белгилаб қўйилсинки:

касбий сертификатлаш мазкур соҳадаги илғор хорижий тажрибалар асосида Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади;

малака ошириш якуни натижаларига кўра раҳбар ва педагог ходимлар учун касбий сертификатлаш ҳамда тегишли малака тоифаси синови ўтказилади ҳамда мазкур синов натижаларига мувофиқ ходимга касбий сертификат ва тегишли малака тоифаси берилади;

касбий сертификатлашга малака тоифасига эга бўлмаган ҳамда иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчилар жалб қилинади;

педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари битирувчилари педагогик фаолиятни бошлаганларидан 1 йилдан кейин касбий сертификатлашга жалб қилинади;

малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ўқитувчи касбий сертификат олганидан сўнг унинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчиларга тенглаштирилади;

касбий сертификатлаш ва малака синовларида қатнашиш учун талабгорлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизи миқдорида йиғим ундирилади;

бунда, йиғимнинг 25 фоизи Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадига, 25 фоизи Халқ таълими вазирлигининг Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармасига, қолган 50 фоизи Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Assesment марказига йўналтирилади.

12. Умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларини касбий сертификатлаш жараёнларини ташкил этиш, мазкур ходимларнинг малака савияси ва мактаб ўқувчиларининг билимини холис баҳолашни таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Assesment маркази ташкил қилинсин.

Assesment марказининг тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Assesment марказининг фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети  ҳисобидан амалга оширилсин.

Assesment марказининг бюджетдан ташқари маблағларидан эркин тасарруф этиш, хусусан, ходимларни моддий рағбатлантириш учун йўналтириш ҳуқуқи берилсин.

Халқ таълими вазирига Assesment марказининг чекланган штатлари доирасида унинг тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

а) уч ой муддатда:

Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида Низомни;

Assesment маркази ҳамда Академия ва Педагогик маҳорат институтларининг уставлари ва штатлар жадвалларини;

Assesment маркази раҳбар ва мутахассис ходимлари, шунингдек, ментор лавозимларининг малака тавсифларини;

Академия ва Педагогик маҳорат институтларини ўқитишнинг замонавий жиҳозлари, асбоб-ускуналари ва техник воситалари, шу жумладан, табиий фанларнинг замонавий STEAM лабораториялари билан жиҳозлаш меъёрларини тасдиқласин.

б) 2021 йил 1 сентябрга қадар:

халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил қилиш ва уларнинг малака ошириши жараёнларини мониторинг қилувчи ягона маълумотлар базасига асосланган электрон платформани жорий этсин.

в) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 15 декабрга қадар:

умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчилари касбий малака савиясини белгилашнинг миллий стандартларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

г) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар:

умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларини касбий сертификатлашдан ўтказиш тартибини тасдиқласин;

халқ таълими муассасалари хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига ментор лавозимини киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3931-сон қарори 4-бандининг “б” кичик банди қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“Умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларининг фаолиятини касбий сертификатлаш синовида қатнашиш учун талабгорлардан ундириладиган давлат божи миқдорининг 75 фоизи”;

олтинчи – йигирма биринчи хатбошилар, мос равишда, еттинчи – йигирма иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг айрим қарорлари 6-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

 

 

 

16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида мазкур қарорни амалга ошириш билан боғлиқ зарур маблағларни назарда тутсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
                        Президенти                                                                                                          Ш.Мирзиёев

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил “___” майдаги ПҚ–_____-сон қарорига
1-илова

 

Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимининг

ТУЗИЛМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил “___” майдаги ПҚ–_____-сон қарорига
2-илова

 

Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича
“ЙЎЛ ХАРИТАСИ”

Т/р

Чора-тадбирлар

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Молиялаштириш манбалари

Масъул ижрочилар

 

I. Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимининг меъёрий-хуқуқий базасини такомиллаштириш

  1.  

Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида Низомни тасдиқлаш.

1. Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида Низом лойиҳасини ишлаб чиқиш.

2. Низом лойиҳасини манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш ва тасдиқлаш.

2020 йил
1 ноябрь

-

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

 

  1.  

Халқ таълими вазирлиги академияси уставини ва Педагогик маҳорат институтларининг намунавий уставларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

1. Академия устави ва Педагогик маҳорат институтларининг намунавий уставларини ишлаб чиқиш.

2. Уставлар лойиҳаларини ўрнатилган тартибда тасдиқлаш ва давлат хизматлари марказларида рўйхатдан ўтказиш.

3. Академия ва Педагогик маҳорат институтлари таркибий бўлинмалари низомлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2020 йил
1 ноябрь

-

Халқ таълими вазирлиги,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги

 

  1.  

Халқ таълими вазирлиги академияси уставини ва Педагогик маҳорат институтларининг намунавий штатлар жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Академия устави ва Педагогик маҳорат институтларининг намунавий штатлар жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2020 йил
1 ноябрь

-

Халқ таълими вазирлиги,

Молия вазирлиги

 

  1.  

Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш курслари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисида Низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Халқ таълими ходимлари малака ошириш курслари тингловчиларининг якуний аттестацияси тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

1. Низомлар ва тегишли буйруқ лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш.

2. Тингловчилар билимини баҳолаш механизмларини ва тегишли норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.

2020 йил
20 ноябрь

-

Халқ таълими вазирлиги

 

  1.  

Умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларининг касбий малака савиясини белгилашнинг миллий стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

1. Умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларининг касбий малака савиясини белгилашнинг миллий стандартлари лойиҳасини ишлаб чиқиш.

2. Касбий малака савиясини белгилашнинг миллий стандартлари лойиҳасини манфаатдор вазирлик
ва идоралар билан келишиш ва тасдиқлаш.

2020 йил
15 декабрь

-

Халқ таълими вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги,

Адлия вазирлиги

 

  1.  

Халқ таълими муассасалари хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига ментор лавозимини киритиш.

Ментор лавозимининг малака тавсифларини ишлаб чиқиш ва асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига киритиш.

2021 йил
1 март

-

Халқ таълими вазирлиги,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги,

Адлия вазирлиги

 

  1.  

Умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари учун даврийлиги
3 йилдан иборат, педагоглар учун даврийлиги 5 йилдан иборат касбий сертификатлаш тартибини ишлаб чиқиш.

1. Мактаб директорлари ва педагоглар фаолиятини касбий сертификатлаш тартиби лойиҳасини ишлаб чиқиш.

2. Мактаб директорлари ва педагоглар фаолиятини касбий сертификатлаш тартиби лойиҳасини манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш.

2021 йил
1 январь

 

-

Халқ таълими вазирлиги,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

 

  1.  

Малака ошириш тизимидаги якуний аттестацияси ҳамда педагог кадрлар аттестацияси жараёнларини унификациялаш тартибини ишлаб чиқиш.

1. Педагогларнинг малака оширганлик якуни натижаларига кўра уларга малака тоифасини бериш тартиби лойиҳасини ишлаб чиқиш.

2. Педагогларнинг малака оширганлик якуни натижаларига кўра уларга малака тоифасини бериш тартиби лойиҳасини манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2021 йил
1 февраль

-

Халқ таълими вазирлиги,

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

 

II. Умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ва педагог кадрлари фаолиятини касбий сертификатлаш

  1.  

Умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларининг фаолиятини касбий сертификатлашни жорий этиш.

1. Касбий сертификатлашнинг мазмун-моҳиятини мактаб директорлари ва ўқитувчиларга тушунтириш ишларини ташкил қилиш.

2. Мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилари фаолиятини касбий сертификатлаш жараёнларини босқичма-босқич ташкил этиш.

2021 йилдан бошлаб

-

Халқ таълими вазирлиги

 

 

  1.  

Таянч мактабларда узлуксиз малака ошириш ўқувларини ташкил этиш.

Педагогик маҳорат институтлари билан ҳамкорликда таянч мактабларда фанлар кесимида ўқитувчиларнинг ишдан ажралмаган ҳолда ўтказиладиган (on-the-job training) ўқувларини ташкил қилиш.

2021 йилдан бошлаб доимий

-

Халқ таълими вазирлиги

 

III. Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш

  1.  

Халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил қилиш ва уларнинг малака ошириши жараёнларини мониторинг қилувчи ягона маълумотлар базасига асосланган электрон платформани яратиш ва амалиётга жорий этиш.

1. Малака ошириш бўйича ягона маълумотлар базасини яратиш.

2. Халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил қилиш ва ҳар бир ходимнинг ўз индивидуал траекториялари бўйича малака ошириши жараёнларини мониторинг қилувчи электрон платформани яратиш ва амалиётга жорий этиш.

2021 йил

1 сентябрь

2022 йил
1 январдан

-

Халқ таълими вазирлиги

 

 

  1.  

Масофадан қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда унинг имкониятларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш.

1. Масофадан қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари (E-learning, Web-based training) сони ва қамровини ошириш;

2. Масофадан малака оширишга жалб қилинганлар сонини йилига 5 фоиздан ошириб бориш орқали 2024 йилда
25 фоизга етказиш.

2021-2024 йиллар

-

Халқ таълими вазирлиги

 

  1.  

Халқ таълими ходимларини касбий ривожлантиришнинг замонавий турлари ва шаклларини кенг жорий этиш.

1. Халқ таълими ходимларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиқиб, доимий равишда мақсадли, муаммоли, муаллифлик курсларини ташкил этиш (Micro learning);

2. Раҳбар, мутахассис ва ўқитувчи ходимларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий тиллар бўйича саводхонлигини оширишга хизмат қилувчи медиакурслар яратиш ва жорий этиш;

3. Анъанавий, масофавий ва бошқа шаклларини ўз ичига олган малака оширишнинг уйғунлашган (blended-learning) курсларни ташкил этиш.

2021 йилдан бошлаб

-

Халқ таълими вазирлиги

 

 

IV. Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим муассасаларини
малакали кадрлар билан таъминлаш ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш

  1.  

Педагогик маҳорат институтларини юқори малакали профессор-ўқитувчи кадрлар билан таъминлаш мақсадида улар учун Халқ таълими вазирлиги академияси қошида ташкил этилган докторантурага мақсадли қабул квоталарини ажратиш.

1. Мақсадли докторантурада ўқиш истагини билдирган талабгорлар рўйхатини шакллантириш ва ажратилган квоталарни ҳудудларга тақсимлаш.

2. Белгиланган тақсимот асосида мақсадли докторантурага қабул қилиш жараёнини амалга ошириш.

Ҳар йили май-ноябрь ойларида

-

Халқ таълими вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги

 

  1.  

Малака ошириш таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини умумий ўрта таълимни ривожлантириш ва педагоглар узлуксиз таълимининг долзарб муаммоларига доир илмий-тадқиқот ишларига жалб қилиш.

1. Умумий ўрта таълим ва педагог кадрларни узлуксиз ривожлантириш муаммоларига йўналтирилган 5 йиллик илмий-тадқиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

2. Мустақил тадқиқотчилар ва докторантлар таркибини ёш педагог кадрлар ҳисобига кенгайтириш.

2021 йилдан бошлаб

-

Халқ таълими вазирлиги

 

  1.  

Профессор-ўқитувчиларнинг турли инновацион, амалий ва фундаментал тадқиқотлар лойиҳалари танловларида қатнашишлари ва хорижий илмий-тадқиқот муассасаларида докторантура ва стажировка ўташларини йўлга қўйиш.

1. Профессор-ўқитувчиларнинг хорижий ва республикамиздаги илмий-тадқиқот лойиҳалари танловларида иштирокини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.

2. Малака ошириш таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолиятини баҳолаш ва рағбатлантиришнинг рейтинг механизмини жорий этиш.

3. Илмий-тадқиқот йўналишида хорижий турдош таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.

2021 йил
1 январдан бошлаб

-

Халқ таълими вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги,

“Эл-юрт умиди” жамғармаси

 

V. Халқ таълими тизимида менторлар фаолиятини ташкил этиш

 

  1.  

Республика таълим маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг тузилмасига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришларни киритиш:

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларида менторлик хизмати бўлимларини, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг менторлик хизмати шўъбаларини ташкил этиш;

Республика таълим марказининг “методист”, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг “умумтаълим фанлари бўйича методист” лавозимлари ўрнига “ментор” лавозимини жорий этиш.

1. Республика таълим маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг тузилмасига ўзгартириш киритиш.

2. Ментор лавозимининг малака тавсифларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Бунда, ментор лавозимига тажрибали, ташаббускор, узлуксиз камида 3 йиллик педагогик иш стажига эга фан ўқитувчиларини иш қабул қилишни назарда тутиш.

3. Халқ таълими ходимларининг лавозимлар номенклатурасига тегишли ўзгартиришлар киритиш.

 

 

 

 

2021 йил январь

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

-

Халқ таълими вазирлиги

 

  1.  

Бугунги кунда фан методисти лавозимида фаолият кўрсатаётган ходимларни мутахассислик фани бўйича умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчиларининг аттестация натижаларини баҳолаш мезонлари асосида синовдан ўтказиш.

1. Фан методисти лавозимида фаолият кўрсатаётган ходимларни мутахассислик фани бўйича аттестация синовидан ўтказиш.

2. Синовдан ўтмаган методистларни бошқа ишга жойлаштириш чораларини кўриш.

2020 йил

октябрь-ноябрь

 

2021 йил

2 февралга қадар

-

Халқ таълими вазирлиги

 

VI. Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаларининг моддий-техника
базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш

  1.  

Халқ таълими вазирлиги академияси ва Педагогик маҳорат институтларини зарур мебеллар, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, видеоконференция қурилмалари, компьютер техникаси ва бошқа инвентарлар билан жиҳозлаш.

1. Академия ва Педагогик маҳорат институтларини ўқитишнинг замонавий жиҳозлари, асбоб-ускуналари ва техник воситалари билан жиҳозлаш меъёрларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2. Тасдиқланган меъёр асосида Академия ва Педагогик маҳорат институтларини зарур мебеллар, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, видеоконференция қурилмалари, компьютер техникаси ва бошқа инвентарлар билан жиҳозлаш.

2020 йил
1 ноябрь

 

 

 

2021 йилдан бошлаб

Ажратилган маблағлар доирасида

Халқ таълими вазирлиги

 

  1.  

Халқ таълими вазирлиги академияси ва Педагогик маҳорат институтларида табиий фанларнинг замонавий STEAM лабораторияларини ташкил этиш ва  жиҳозлаш.

1. Халқ таълими вазирлиги академияси ва Педагогик маҳорат институтларида замонавий STEAM лабораторияларини ташкил этиш ва жиҳозлаш учун зарур маблағларни ажратиш.

2. Академия ва Педагогик маҳорат институтларида табиий фанларнинг замонавий STEAM лабораторияларини ташкил этиш ва жиҳозлаш

2021 йил
йилдан бошлаб босқичма-босқич

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги
 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил ___ майдаги ____-сон қарорига
3-илова

 

А.Авлоний номидаги Халқ таълими вазирлиги академиясининг

ТУЗИЛМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил ___ майдаги ____-сон қарорига
4-илова

 

Ҳудудий Педагогик маҳорат институтларининг

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил “___” майдаги ПҚ–_____-сон қарорига
5-илова

 

Assesment марказининг тузилмаси*

Бошқарув ходимларининг чекланган сони — 74 нафар.

Техник ва ёрдамчи ходимлар сони белгиланган меъёрларга мувофиқ аниқланади.

* Вазирликнинг бошқарув ходимлари умумий чекланган сонига киритилмайди.

**Назорат синов материалларини ишлаб чиқишда ҳар бир фандан 2 нафардан (18 та фан) эксперт ва 2 нафар муҳаррир кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил “___” майдаги ПҚ–_____-сон қарорига
6-илова

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ

 

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 сентябрдаги “Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3289-сон қарори 1-бандининг учинчи хатбошиси ҳамда 2-9-бандлари.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3931-сон қарорининг 2-банди, 3-бандининг “а” ва “б” кичик бандлари.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги “Педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1026-сон қарори.

 

Umumiy takliflar: 10

3343