Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
17214 Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 28/04/2020 13/05/2020 4

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда микрокредит ташкилотлари ва ломбардларнинг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-17214

Молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда микрокредит ташкилотлари ва ломбардларнинг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида  

 

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Марказий банк Бошқаруви қарор қилади:   

1. Молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда микрокредит ташкилотлари ва ломбардларнинг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

 

Марказий банк раиси

                                         М. Нурмуратов

 

 

                        Тошкент ш.,

                 2020 йил ____ май,

                        ___/___ - сон

Молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда микрокредит ташкилотлари ва ломбардларнинг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги, "Микрокредит ташкилотлари тўғрисида"ги ва “Микромолиялаш тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида истеъмолчилар билан муносабатларни амалга оширишда микрокредит ташкилотлари ва ломбардларнинг (бундан буён матнда кредит ташкилотлари деб юритилади) фаолиятига қўйиладиган минимал талабларни белгилайди.

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

истеъмолчилар – кредит ташкилотининг молиявий хизматларидан фойдаланиш истагида кредит ташкилотига мурожаат қилган, ушбу хизматдан фойдаланаётган ёки олдин фойдаланган жисмоний ва юридик шахслар;

кредит – Ўзбекистон Республикасининг "Микромолиялаш тўғрисида"  ва “Истеъмол кредити тўғрисида” қонунларига мувофиқ кредит ташкилоти томонидан берилаётган кредит, микрозайм ёки микрокредитлар;

мурожаат - истеъмолчи (ёки унинг вакили) томонидан оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда кредит ташкилотига юборилган ариза, шикоят ёки таклиф.

2. Истеъмолчилар кредит ташкилотни ва улар томонидан тақдим этилаётган молиявий хизматларни эркин танлаш ҳуқуқига эга.

Кредит ташкилоти томонидан бир хизматнинг истеъмолчига қўшимча хизматдан фойдаланиш шарти билан кўрсатилиши тақиқланади.

3. Кредит ташкилотининг молиявий хизматлари кредит ташкилоти ва истеъмолчи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ кўрсатилади.

Шартномаларнинг матни истеъмолчилар тушуниши учун аниқ ва содда тарзда баён этилиши ва компьютер воситасида босиб чиқаришда "Тimеs Nеw Rоmаn" 12 ўлчамли шрифтдан кам бўлмаган ёки шунга ўхшаш шрифтни қўллаган ҳолда Мiсrоsоft Wоrd матн редакторидан фойдаланилиши лозим.

Шартномаларнинг матни давлат тилида тузилади. Истеъмолчи ва кредит ташкилоти ўзаро келишивуга мувофиқ шартнома матни бошқа тилда ҳам тузилиши мумкин.

 

2-БОБ. ИСТЕЪМОЛЧИГА АХБОРОТ БЕРИШНИНГ

МИНИМАЛ ТАЛАБЛАРИ

1-§. Маълумотлар беришнинг умумий минимал талаблари

4. Кредит ташкилоти томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматлар тўғрисидаги маълумотлар истеъмолчига ошкор этилиши лозим.

Молиявий хизматлар тўғрисидаги маълумотлар тижорат сирини ўз ичига олмаслиги зарур.

5. Кредит ташкилотининг молиявий хизматларини тақдим этиш шартлари, ушбу шартларнинг ўзгариши ҳақидаги маълумотлар кредит ташкилотининг ахборот стендларида жойлаштириб борилиши, шунингдек кредит ташкилотининг расмий веб-сайтида (агар веб-сайти мавжуд бўлса) эълон қилиниши керак.

6. Истеъмолчиларга кредит ташкилотининг хизматлари тўғрисидаги маълумотлар шартномалар тузилишидан аввал бепул тақдим этилиши ва таништирилиши шарт.

7. Истеъмолчи кредит ташкилотининг хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномасини (кередит, микрокредит, микроқарз, микролизинг ва бошқалар бўйича) имзо қўймасдан олдин танишиб чиқиши учун ўзи билан олиб кетишга ҳақли.

Кредит ташкилоти истеъмолчини ушбу ҳуқуққа эга эканлиги тўғрисида хабардор қилиши лозим.

8. Кредит ташкилоти томонидан истеъмолчиларга кредит ташкилотининг молиявий хизматлари тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида етказиш лозим. Шунингдек, кредит ташкилоти маълумотларни бошқа тилларда ҳам тақдим этишга ҳақлидир.

Кредит ташкилотининг молиявий хизматлари тўғрисидаги маълумотларнинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилиши керак.

9. Истеъмолчиларга кредит ташкилоти томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматлар тўлиқ ва тўғри тушунтирилиши лозим.

10. Микрокредит ташкилоти томонидан кредит бўйича хизмат кўрсатиш даврида истеъмолчининг оғзаки ёки ёзма сўрови олинган кундан эътиборан бир иш куни ичида унга қуйидаги ахборотлар ёзма шаклда ойда бир марта бепул тақдим этилади:

кредитлаш лимити;

кредит бўйича тўланган пул маблағлари суммаси;

асосий сумма бўйича қарз қолдиғи;

навбатдаги тўловларнинг миқдори, таркиби ва муддатлари (тўловлар жадвали);

кредитни муддатидан олдин қисман ёки тўлиқ сўндириш истаги билдирилган тақдирда тўлаш лозим бўлган суммалар миқдори;

муддати ўтказиб юборилган қарздорлик миқдори ва таркиби;

келиб тушаётган пул маблағлари кредит бўйича қарзни сўндиришга йўналтирилиши ҳақида ахборотлар.

11. Микрокредит ташкилоти истеъмолчининг талабига кўра қуйидаги ҳужжатларнинг кредит ташкилоти томонидан тасдиқланган нусхаларини бепул (битта хизматни кўрсатиш шартномаси бўйича бир марта) беришга мажбур:

кредит ташкилоти ва истеъмолчи томонидан имзоланган молиявий хизматни кўрсатиш ҳақидаги шартномани;

истеъмолчи томонидан берилган ариза (агар қонун ҳужжатларига мувофиқ бундай аризанинг расмийлаштирилиши мажбурий бўлса ёки кредит ташкилотининг ички қоидаларига асосан кредит ташкилоти молиявий хизматини кўрсатиш тўғрисидаги шартномани тузиш чоғида бундай аризани расмийлаштирилиши шарт бўлганда);

истеъмолчига кредит берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ордер, тўлов топшириқномаси, электрон тўлов воситасига пул маблағлари ўтказилганлиги тўғрисида маълумотнома);

кредит шартномалари бўйича истеъмолчи томонидан мажбуриятлари тўлиқ бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (маълумотнома).

Кредит ташкилоти истеъмолчининг талабига кўра мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатларни уларни тайёрлаш харажатларидан ошмайдиган ҳақ эвазига чекланмаган тарзда тақдим этиши мумкин. Бундай ҳужжатларни тақдим этишнинг имкони мавжуд бўлмаган тақдирда, бу ҳақида кредит ташкилоти томонидан истеъмолчига асосли равишда ёзма хабар берилиши керак.

12. Кредит ташкилоти истеъмолчиларга маълумот бериш учун кредит ташкилоти молиявий хизматини кўрсатиш шартномасини тузиш чоғида улар билан боғланиш алоқа воситаларини келишиб олиши ва ушбу алоқа воситалари орқали боғланиш имкониятини таъминлаши лозим.

13. Истеъмолчининг тегишли сўрови кредит ташкилотида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида кредит ташкилоти хизматини кўрсатиш ҳақидаги шартнома, истеъмолчи томонидан берилган ариза ва истеъмолчига кредит берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда бир иш куни ичида кредит шартномалари бўйича истеъмолчи томонидан мажбуриятлари тўлиқ бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.

14. Кредит ташкилоти истеъмолчига ёки унинг ваколатли вакилига кредит ташкилоти хизматини кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланган кунда шартноманинг битта асл нусхасини тақдим этиши керак.

 

4-§. Истеъмолчига бериладиган

ахборотнинг минимал ҳажми

15. Кредит ташкилотининг ахборот стендларида қуйидаги ахборотлар жойлаштирилиши шарт:

кредит ташкилотининг тўлиқ номи, манзили, филиаллари манзиллари, иш вақти, боғланиш учун алоқа телефонлари ва электрон почта манзили;

истеъмолчиларга кредит ташкилоти хизматларини кўрсатиш тартиби, шартлари ва қиймати;

кредит ташкилоти операциялари бўйича тарифлар, фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақлари тўғрисида;

16. Кредит ташкилоти истеъмолчини тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги ҳақида хабардор қилиши, шунингдек истеъмолчининг талабига кўра мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ахборотни тақдим этиши шарт.

Тақдим этилаётган хизматларнинг шартлари ва қиймати ҳақидаги ахборотни беришни рад этишга йўл қўйилмайди.  

17. Кредит ташкилоти истеъмолчи билан тузиладиган шартнома шартларига истеъмолчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қиладиган ўзгартиришларни кредит ташкилоти томонидан бир томонлама киритилишига йўл қўйилмайди.

18. Кредит шартномаси тузилгунга қадар кредит ташкилоти истеъмолчига қуйидаги ахборотни тақдим этади:

кредитнинг энг кўп миқдори ва валютаси, шу жумладан чет эл валютаси билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликлари (чет эл валютаси бўйича курслар ўзгариши натижасида юзага келадиган молиявий йўқотиш билан боғлиқ таваккалчилик) ҳақида огоҳлантиради;

кредитдан фойдаланиш муддати;

фоиз ставкасининг йиллик номинал қиймати, шунингдек истеъмолчи мурожаат қилган санадаги кредитнинг тўлиқ қиймати (шартнома тузиш пайтида унинг мутлақ қийматини, яъни кредит ёки қарзнинг асосий қиймати, фоизлари, комиссион ва бошқа тўловлар, шу жумладан амалдаги тарифлар бўйича учинчи шахс фойдасига тўланадиган тўловларни, агар бундай тўловлар қарздорнинг мажбурияти бўйича шартнома шартларидан келиб чиқадиган бўлса, уларни алоҳида кўрсатган ҳолда маълумот тақдим этади);

воситачилик ҳақлари, тарифлар ва кредит олиш ҳамда унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларнинг батафсил рўйхати ва миқдорлари;

кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда истеъмолчининг жавобгарлиги ва таваккалчиликлари;

гаровга қўювчи, кафил (кафолат берувчи) ва кредит шартномасининг тарафи ҳисобланган бошқа шахснинг жавобгарлиги;

кредит ташкилоти ва истеъмолчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан муддати ўтказиб юборилган қарздорликни ундириш жараёнида истеъмолчининг ҳуқуқлари, шунингдек кредит ташкилоти хизматларини кўрсатиш шартномасида кўзда тутилган тарафларнинг жавобгарлиги ҳақидаги маълумотлар;

истеъмолчи томонидан кредит олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш, кредитни тақдим этиш ва ундан фойдаланиш муддатлари;

кредит олиш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати;

кредит таъминотига қабул қилинадиган гаров турлари (агар гаров талаб қилинса).

19. Кредит ташкилоти истеъмолчини қуйидаги омилларни ҳисобга олган ҳолда ўз молиявий аҳволини таҳлил қилиши зарурлиги тўғрисида огоҳлантириши лозим:

истеъмолчининг қарз юки жорий молиявий аҳволига мос келиши;

кредит ташкилоти хизматини кўрсатиш шартномасида кўрсатилган мажбуриятларини бажариши учун тахминан қайси муддатларда ва қанча миқдорда пул маблағлари келиб тушиши кутилаётганлиги (масалан, жисмоний шахслар учун - иш ҳақи тўланиши, бошқа даромадлар олиши даврийлиги);

кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмаслигига олиб келиши мумкин бўлган енгиб бўлмас куч таъсиридаги вазиятлар ва бошқа ҳолатлар юз бериши эҳтимоли (шу жумладан жисмоний шахслар учун - ишини йўқотиш, ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра иш ҳақи ва бошқа турдаги даромадларни кечикиб олиши, ишга жойлашиши, соғлиғининг ёмонлашганлиги натижасида даромадларининг тушиб кетиши).

20. Кредит ташкилоти истеъмолчи кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги билан боғлиқ таваккалчиликлар тўғрисида, шу жумладан истеъмолчига нисбатан мажбуриятларни бузганлиги учун қўлланиладиган неустойка (жарима, пеня) ва уларнинг натижасида истеъмолчининг харажатлари суммаси ошиши эҳтимоли тўғрисида ахборот беради.

21. Кредит ташкилоти сўровига жавобан истеъмолчи томонидан тақдим этилган маълумотлар - тузилаётган кредит шартномасининг шартларига таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида истеъмолчи огоҳлантирилиши зарур.

22. Истеъмолчи кредит олиш учун микрокредит ташкилотига мурожаат қилганида, микрокредит ташкилоти мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ Кредитнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақасини (бундан буён матнда Ахборот варақаси деб юритилади) истеъмолчи билан биргаликда тўлдиради ва истеъмолчига бепул тарзда тақдим этади.

Ахборот варақаси кредит олиш учун буюртманома ҳисобланмайди.

 

3-БОБ. КРЕДИТ ТАШКИЛОТИНИНГ ИСТЕЪМОЛЧИ БИЛАН

МУНОСАБАТЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШИ

 

1-§. Кредит ташкилоти томонидан истеъмолчи билан

муносабатларни амалга оширишнинг

асосий қоидалари

23. Истеъмолчида кредит ташкилоти хизматини кўрсатиш шартномаси бўйича тарафларнинг ўзаро муносабатлари юзасидан саволлар юзага келганда, кредит ташкилоти истеъмолчига ушбу саволларнинг моҳияти бўйича асосли жавоб ва бошқа тегишли тушунтиришлар бериши шарт. Бунда, кредит ташкилоти истеъмолчиларга қарз тўлашдан бўйин товлаш ва (ёки) уни тўламаганлик учун жавобгарликдан қочишнинг усул ва йўлларини қўллаш, шунингдек бошқа шунга ўхшаш масалалар юзасидан (шу жумладан бошқа молия ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар бўйича ҳам) маслаҳат бериш билан боғлиқ фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас.

24. Истеъмолчи оғзаки маслаҳат сўраб мурожаат қилганда кутиш муддати ўттиз дақиқадан ошмаслиги керак.

25. Кредит ташкилоти фаолиятида инсофсиз хизмат кўрсатиш амалиётларининг қўлланилишига йўл қўйилмайди, жумладан:

истеъмолчи бошқа кредит ташкилоти билан шартнома тузишига тўсқинлик қилиш мақсадида кредит ташкилоти томонидан кредит бюросига ёки бошқа ташкилотларга нотўғри ахборот бериш;

истеъмолчи учун мақбул шартларда расмийлаштирилган бошланғич қарзни қайтариш мақсадида уни бошқа кредит шартномасини тузишга рағбатлантириш;

истеъмолчиларнинг қарзи миқдорини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширганлиги учун кредит ташкилоти ходимларини мукофотлаш ва рағбатлантириш тақиқланади.

26. Истеъмолчиларга кредитлар бўйича хизмат кўрсатаётганда кредит ташкилотлари кредитлаш жавобгарлигининг ҳалоллик, шаффофлик, ишончлилик, шерикчилик муносабатлари, иқтисодий манфаатлар ва имкониятларни ҳисобга олиш тамойилларига риоя қилишлари шарт.

27. Кредит ташкилоти:

кредит бўйича номинал ва реал фоиз ставкаларни кредит бериш санасидаги эълон қилинган фоиз ставкалари кўрсаткичларидан оширмаслиги (фоиз тўловлари номинал ставка бўйича кредит асосий суммасининг камайиб борадиган қолдиғига ҳисоблаб ёзилади);

кредит шартномаси тузилгунга қадар мазкур Низомнинг 18-20-бандларига мувофиқ ахборот истеъмолчига маълум қилиши;

кредит шартномаси тузилгунга қадар қарз олувчининг тўловга қобилиятлилиги пухта ўрганиши;

қонун ҳужжатларига мувофиқ истеъмолчидан ундирилиши тақиқланган қўшимча йиғимлар, воситачилик ҳақлари ва бошқа тўловларни кредит шартномаси шартларига киритмаслиги;

кредит шартномасида шартнома тузилгандан кейин ва мижоз томонидан пул маблағлари олингунга қадар бўлган даврда истеъмолчининг кредит олишдан бепул асосда воз кечиш ҳуқуқини назарда тутиши;

кредит шартномасида жарима санкцияларини ундирмаган ҳолда исталган вақтда истеъмолчининг кредитни муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқини назарда тутиши;

кредит қарздорлиги бўйича ҳисобланган фоизлар, воситачилик ҳақи ва неустойкаларнинг (пеня, жарималар) энг кўп умумий суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан ошиб кетмаслигини назорат қилиши;

гаров предмети сифатида қўйилган бирдан-бир турар жой фақат суд тартибида ундирилиши мумкинлигини ва у оммавий савдолар орқали реализация қилинишини (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) истеъмолчига маълум қилиши;

кредит шартномасининг шартларига қарз олувчининг ҳуқуқларини чекланишига ва/ёки мажбуриятларини оширилишига олиб келувчи ўзгартиришларни бир томонлама киритилиши йўл қўйимаслиги лозим.

28. Кредит ташкилотларига:

микроқарз шартномалари, шунингдек, ломбардлар томонидан тузилган кредит шартномалари бўйича йиллик қарз суммасининг ярмидан кўп миқдорида фоизлар ҳисоблаш, комиссия ундириш ва неустойка (штраф, пеня), жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш;

кредит буюртмаларини кўриб чиқиш, ссуда ҳисобрақамларига хизмат кўрсатиш, кредитлар ажратиш учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар (микроқарзлар)ни муддатидан илгари қоплаш учун неустойка ундириш;

жисмоний шахслардан қисқа муддатли микромолиявий хизматлар таъминотига кўчмас турар жой мулкини гаров сифатида қабул қилиш;

жисмоний шахсларга хорижий валютада кредитлар (қарзлар) бериш ва кредитлар (қарзлар) бўйича уларнинг мажбуриятларини хорижий валютада ҳисобга олиш;

илгари олинган кредитлар (қарзлар) бўйича сўндирилмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда жисмоний шахсларга янги микромолиявий хизматлар кўрсатиш тақиқланади.

29. Кредит бўйича тўловларни кредит шартномаси валютасидан бошқа валютага боғланган ҳолда индексация қилишни назарда тутувчи кредит маҳсулотларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

30. Истеъмолчи-жисмоний шахс кредит ташкилоти хизматлари учун тўловларни амалга ошириш шаклини ўзи мустақил танлаш ҳуқуқига эга.

31. Кредит ташкилоти томонидан тўлов шаклига қараб (нақд пул билан ёки нақд пулсиз ҳисоб-китоблар) кредит ташкилотининг хизматлари учун ҳар хил нархлар (тарифлар) белгилаш тақиқланади.

32. Истеъмолчиларга нисбатан кредит ташкилоти томонидан кредит ташкилоти хизматлари учун тўловларни фақат ўзларининг кассалари орқали ва (ёки) нақд пул шаклида тўлаш лозимлиги бўйича талаб белгиланишига йўл қўйилмайди.

33. Истеъмолчи-жисмоний шахс яшаш жойидан қатъи назар, ўзи танлаган кредит ташкилотига кредит олиш учун мурожаат этишга ҳақли.

34. Кредит ташкилоти қарз олувчининг ва (ёки) гаровга қўювчининг суғурта компанияси ва (ёки) баҳоловчини танлаш ҳуқуқини чекламаслиги лозим.

35. Кредит ташкилоти кредит операцияларини амалга оширишда қуйидагиларга риоя этиши лозим:

кредит шартномасида кредит маблағларини бериш муддати ва шартлари аниқ кўрсатилиши;

кредит шартномасида кредит маблағларини бериш мажбуриятини бажармаганлиги ёки ўз вақтида бажармаганлиги учун кредит ташкилоти қарз олувчи олдида кредитор сифатида ўз жавобгарлигини акс эттириши шарт.

36. Кредит шартномасига илова қилинган кредитни қайтариш жадвали кредит шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланиб, кредит ташкилоти ва қарз олувчи томонидан имзоланиши, шунингдек, қоида тариқасида кредит шартномаси матнида илова кўринишидаги кредитни қайтариш жадвалига ҳавола бўлиши керак.

37. Кредитдан фойдаланганлик учун фоизларни қарз олувчига ҳакиқатда берилган кредит асосий суммасининг қолдиғига нисбатан кредит шартномасида белгиланган номинал ставка бўйича ҳисоблаши керак.

Бунда, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар кредит суммаси қарз олувчининг ҳисобварағига ёки қарз олувчи томонидан кўрсатилган бошқа ҳисобвараққа ўтказилган ёхуд қарз олувчига нақд пул кўринишида берилган санадан бошлаб ҳисобланади.

Агар кредит шартномасида кредитни сўндириш даврида имтиёзли давр кўзда тутилган бўлса, унда имтиёзли даврнинг бошланиш куни кредит берилган санадан олдин бўлмаслиги керак.

38. Кредит ташкилоти қарз олувчига кредит шартномасида назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортган тақдирда, ушбу кредит бўйича маблағлар беришни тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмасдан қарз олувчига кредит бериш тўхтатилганлиги ва унинг сабаблари юзасидан ёзма хабарнома юбориши шарт.

39. Кредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси тури (ўзгармас ёки ўзгарувчи фоиз ставкаси) ҳамда кредитнинг асосий суммаси ва фоизларини тўлаш усули (дифференциал ёки аннуитет) томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ кредит шартномасида назарда тутилиши керак.

40. Кредит ташкилоти кредит бўйича қарздорликни ундиришни кредит шартномасида ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва асосларда амалга оширади.

Кредит бўйича қарздорликни ундириш мақсадида кредит ташкилоти қарздорликни сўндириш зарурлиги ва кредит бўйича мажбуриятлар бажарилмаслигининг оқибатлари ҳақида тегишли тарзда қарздорни хабардор қилади. Қарздорлик тўғрисидаги хабарнома асосий қарз суммаси, ҳисобланган фоизлар, воситачилик ҳақи, неустойка, бошқа тўловлар (агар мавжуд бўлса) кўрсатилган ҳолда қарздорлик миқдори тўғрисида қарздор учун қисқача ахборотни ўз ичига олган бўлиши керак. Хабарномани маҳаллий вақт билан соат 20:00 дан 8:00 гача қўлга топшириш ва у ҳақда телефон воситалари орқали оғзаки эслатмалар қилишга йўл қўйилмайди.

41. Қарздордан кредитнинг жорий тўлови учун кредитни (қарзни) қайтариш жадвалида белгиланган суммага нисбатан кўп маблағ келиб тушса, у ҳолда кредит ташкилоти келиб тушган маблағнинг ортиқча қисмини қарз олувчининг кредитининг (қарзнинг) асосий қарзини сўндиришга йўналтиради ҳамда кредит (қарз) суммасини қайта ҳисоблайди, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса.

Агар кредитни қайтариш жадвали расмийлаштирилгандан сўнг кредит бўйича молиялаштиришни бошлаш муддатлари ёки шартномада кўзда тутилган ўзгарувчан фоиз ставкаси ўзгариши, кредит шартномасининг шартлари томонлар ўртасида қайта кўриб чиқилиши (шу жумладан, кредитнинг реструктуризация қилиниши), қарз олувчи томонидан кредит қисман муддатидан олдин сўндирилиши муносабати билан кредит бўйича тўловларни амалга ошириш саналари ва муддатлари ёки оралиқ кредит тўловларининг миқдорлари ўзгарганда кредит ташкилоти кредитни қайтариш жадвалини янгидан расмийлаштириб, қарз олувчига тақдим қилиши лозим.

Бунда, кредитни қайтариш жадвали янгидан расмийлаштирилиши билан ундан олдин мавжуд бўлган кредитни қайтариш жадвали ўз кучини йўқотади. Ушбу қоида кредит шартномасида қайд этилиши шарт.

42. Микрокредит ташкилоти қарз олувчи томонидан шартномага асосан кредит (қарз) бўйича қарздорлик суммасини тўлаш мажбурияти тўлиқ бажарилган санадан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмаган ҳолда мазкур қарз бўйича:

гаровда турган мулкни тақиқдан чиқариш;

гаров сифатида бўлган мол-мулкка нисбатан кредит ташкилотининг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувни гаров реестридан чиқариш чораларини кўриши шарт.

43. Кредит бўйича талабни бошқа шахс фойдасига воз кечиш фақат қарздорнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Қарздорнинг розилигидан қатъи назар, кредит бўйича талабни учинчи шахсларга ўтказиш бўйича кредит ташкилотининг (кредиторнинг) ҳуқуқини кредит шартномасига киритишга йўл қўйилмайди. Кредит бўйича талабни учинчи шахсга ўтказиш ҳуқуқи алоҳида битим билан расмийлаштирилади.

 

2-§. Истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш

бўйича минимал талаблар

44. Кредит ташкилоти:

ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган, хизмат кўрсатиш жойларида ошкор этиладиган ахборотдан барча истеъмолчилар бутун иш вақти давомида фойдалана олишларига имкон яратиб бериш керак;

ахборот истеъмолчилар учун қулай ва монеликсиз танишиш имконини берадиган тарзда жойлаштирилишини таъминлаши керак;

истеъмолчилар билан бевосита ишловчи кредит ташкилоти ходимларини (бундан буён матнда администраторлар деб юритилади) истеъмолчилар кўра оладиган, ходимнинг фамилияси, исми ва лавозими қайд этилган визуал идентификация воситаларига эга бўлишларини таъминлаши лозим;

кредит ташкилоти хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган жойида истеъмолчилар ва ногиронлиги бўлган ҳамда имконияти чекланган истеъмолчилар билан шартномаларни тузиш имкониятини таъминлаши керак.

45. Администраторлар ушбу Низомда назарда тутилган, истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми содда шаклда тақдим эта олиши, шунингдек истеъмолчининг бундай ахборот қайд этилган кредит ташкилоти ҳужжатлари билан танишиши учун имкон яратиши шарт.

Кредит ташкилоти администраторларга ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ахборотни олиш, ўрганиш ва янгилаш имкониятини таъминлаши шарт.

 

4-БОБ. ҚАРЗДОРЛИК ЮЗАГА КЕЛГАНДА

КРЕДИТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР БИЛАН

ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ

46. Кредит шартномаси бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келганда, кредит ташкилоти истеъмолчи зиммасидаги қарз юки янада ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келган санадан бошлаб 7 (етти) календарь куни давомида истеъмолчи билан шартномада келишилган ҳар қандай алоқа боғлаш усулларидан, шу жумладан электрон алоқа воситаларидан ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллардан фойдаланиб, истеъмолчига муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келганлиги ҳақида сўндириш жадвалини илова қилган ҳолда хабар бериши шарт.

47. Кредит ташкилоти қонун ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда истеъмол кредити шартномаси бўйича истеъмолчини муддати ўтказиб юборилган қарздорликни қайтариш мажбуриятлари бажарилмаганлиги ҳолати, муддати, суммалари, таркиби ва оқибатлари ҳақида хабардор қилиши, истеъмолчидан муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келиши сабаблари ҳақида сўраши шарт.

48. Истеъмолчи кредит шартномаси бўйича қарзнинг асосий суммасини қайтариш ва (ёки) фоизларни тўлаш муддатларини бузганда, кредит ташкилоти тегишли кредит шартномасида назарда тутилган усулда низони судгача ҳал қилиш юзасидан ўз талабномасини истеъмолчига етказади.

49. Кредит ташкилоти йўллайдиган талабномада қуйидаги ахборот кўрсатилган бўлиши керак:

кредит ташкилоти номи ва уни идентификациялаш учун етарли маълумотлар;

талабнома тузилган санадаги истеъмолчининг жорий қарзи миқдори ва таркиби;

қарзни тўлаш усул(лар)и;

талабномада кўрсатилган муддатгача истеъмолчи ўз мажбуриятларини бажармаслиги оқибатлари;

низони суддан ташқари ҳал қилиш усуллари.

50. Кредит ташкилоти ва истеъмолчи тарафларнинг ўзаро розилигига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган низони ҳал қилишнинг суддан ташқари усулларини, шу жумладан музокаралар ўтказиш орқали, қўллашга ҳақли.

51. Талабномада белгиланган муддатда ўттиз кун ичида истеъмолчи унда кўрсатилган талабларни лозим даражада бажармаганда, кредит ташкилоти тегишли талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

 

5-БОБ. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

52. Кредит ташкилоти истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибига эга бўлиши керак. Кредит ташкилоти истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби мазкур Низомга ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши керак.

Кредит ташкилоти томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар кредит ташкилотининг стендларида ва расмий веб-сайтида жойлаштирилган бўлиши лозим.

Истеъмолчининг талабига мувофиқ кредит ташкилоти истеъмолчига мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

Кредит ташкилоти мурожаатларни ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилишини таъминлайди ҳамда унинг натижалари бўйича мурожаат этувчиларни хабардор қилади.

53. Кредит ташкилоти истеъмолчининг мурожаат қилиш ҳуқуқини чеклашга ҳақли эмас. Кредит ташкилоти томонидан истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бепул амалга оширилади.

Кредит ташкилоти томонидан мурожаатни қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

54. Кредит ташкилоти ўзининг расмий веб-сайти орқали истеъмолчиларнинг электрон мурожаатларини қабул қилишни ташкиллаштириши лозим.

55. Истеъмолчиларнинг барча ёзма ва электрон мурожаатлари ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилиши керак.

56. Истеъмолчиларнинг мурожаатлари кредит ташкилотига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши ва ёзма ёки электрон шаклда жавоб берилиши керак.

57. Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

аноним мурожаатлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда.

Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли мурожаатлар кўрмай қолдирилганлиги тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади.

58. Телефон орқали мурожаат этилганда, ушбу мурожаатни кейинчалик кўриб чиқишда фойдаланиш мақсадида истеъмолчини олдиндан хабар қилган ҳолда суҳбат махсус (аудио) техника воситалари орқали ёзиб олиниши мумкин.

59. Кредит ташкилотининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан келиб тушган мурожаат, шу ходимнинг ўзига кўриб чиқиш учун топширилиши мумкин эмас.

60. Истеъмолчининг мурожаати асосли деб топилган ҳолларда, кредит ташкилоти камчиликларни бартараф этиш, истеъмолчининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тегишли чораларни кўриши зарур.

61. Кредит ташкилоти мунтазам равишда:

истеъмолчиларнинг мурожаатларини мониторинг қилади, унда қайд этилган масалаларни ҳамда мурожаатлар динамикасини таҳлил этади, умумлаштиради;

истеъмолчиларнинг мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида кредит ташкилоти фаолиятида бундай камчиликлар такрорланмаслигини таъминлаш лозим.

6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА

62. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

 

 

Молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда микрокредит ташкилотлари ва ломбардларнинг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида низомга
ИЛОВА

Кредитнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақаси*

Микрокредит ташкилотининг номи

 

Мазкур варақа ким томондан тўлдирилган (Ф.И.О. ва микрокредит ташкилоти мутахассисининг лавозими)

 

Тўлдирилган сана

 

1-бўлим. Кредит бўйича маълумотлар

1. Кредитнинг мақсади (тури)

 

2. Ажратиладиган кредитнинг валюта тури

 

3. Кредитнинг миқдори

 

4. Кредитнинг муддати

 

5. Кредитнинг фоиз ставкаси
(номинал миқдорда)

_______________
(фоиз кўринишида)

_______________________
(кредитнинг тўлиқ муддатига пул кўринишида)

6. Кредитнинг тўлиқ қиймати
(номинал фоиз ставкасини ва кредитга хизмат кўрсатиш харажатларини ўз ичига олади)

 

7. Тўловларнинг даврийлиги
(ҳар ойда, ҳар чоракда ва ҳ.к.)

 

8. Кредитни сўндириш усули
(аннуитет усулида (тенг миқдорларда), кредитнинг қолдиқ суммасидан камайиб бориш усулида ва ҳ.к.)

 

9. Тўловларнинг даврида бир марталик тўловнинг суммаси

_______________________
(аннуитет усулида)

10. Кредит билан боғлиқ қўшимча харажатлар, жумладан:

______________________
(кредитнинг тўлиқ муддатига пул кўринишида, жами)

Турлари бўйича микрокредит ташкилотининг комиссия ва йиғимлари
(алоҳида кўрсатилсин)

_________________________
(кредитнинг тўлиқ муддатига пул кўринишида)

учинчи шахслар хизмати
(алоҳида кўрсатилсин)

______________________________
(кредитнинг тўлиқ муддатига пул кўринишида)

Кредит олишга рози бўлишдан олдин диққат билан ўрганиб чиқинг!

_____________________________

           
             

* Мазкур варақа кредит шартномаси ёки кредит олиш учун буюртманома ўрнини босмайди, аксинча турли микрокредит ташкилотларнинг кредитлаш шартларини таққослашга ва керакли танловни амалга оширишга ёрдам беради.

2-бўлим. Бошқа муҳим шартлар

1. Кредит шартномаси шартлари бузилганлиги учун неустойка

_________________________________
(фоиз ёки қатьий белгиланган сумма кўрсатилади, шунингдек неустойка ҳисоблаш учун асос бўлувчи шартнома шартлари келтирилади)

2. Кредит бўйича қарздорлик ўз вақтида сўндирилмаганлиги учун кредит суммасидан тўланадиган оширилган фоиз ставкаси миқдори
(агар бундай шарт мавжуд бўлса)

_________________
(фоизда)

3. Кредитнинг таъминоти
(таъминот предметига қўйиладиган минимал талаблар, гаровнинг минимал қиймати)

 

Мазкур ахборот варақасининг 1 ва 2-бўлимларда келтирилган маълумотлар якуний ҳисобланмайди ва кредит шартномасида ўзгартирилиши мумкин.

3-бўлим. Кредит олиш учун тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати

1.
2.
...

                 

4-бўлим. Бўлажак қарз олувчи сифатида Сизнинг ҳуқуқларингиз

1. Сиз микрокредит ташкилотни ва уларнинг хизматларини танлашда эркинсиз.
2. Сиз кредит шартномаси ёки бошқа шартнома ва битимларни имзолашдан бош тортишга ҳақлисиз.
3. Сиз кредит шартномаси тузишда шартномани давлат тилида расмийлаштирилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгасиз.
4. Сиз кредит шартномаси лойиҳасини микрокредит ташкилоти ташқарисида танишиб чиқиш ва маслаҳатлашиш учун олишга ҳақлисиз.
5. Сиз кредитнинг шартлари ва қиймати тўғрисида, тўловлар ва ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида (фоизлар, жарима ва пенялар), кредит шартномаси бўйича Сизнинг ҳуқуқларингиз ва мажбуриятларингиз тўғрисида, кредит шартномаси бўйича юзага келиши мумкин бўлган хатарлар ва жавобгарликлар тўғрисида, шунингдек Сизга тушунарсиз бўлган бошқа масалалар юзасидан микрокредит ташкилотидан тўлиқ ва батафсил маълумот олишга ҳақлисиз.
6. Кредит шартномаси имзоланганидан кейин, бироқ пул маблағлари ҳақиқатда олингунга қадар Сиз кредит олишдан бирон-бир тўловларсиз воз кечиш ҳуқуқига эгасиз.
Микрокредит ташкилоти ходимлари ҳақ эвазига кредит олиш юзасидан кўмаклашишга ҳақли эмас.
Агар Сизда шикоятлар мавжуд бўлса, у ҳолда Сиз мурожаатингизни (телефон рақами кўрсатилади) рақамли телефонга ёки (микрокредит ташкилотининг почта манзили кўрсатилади) манзилга ёки (микрокредит ташкилотининг электрон почтаси манзили кўрсатилади) электрон манзилга жўнатишингиз мумкин.

АХБОРОТ ВАРАҚАСИНИНГ ТЎҒРИЛИГИ ВА ҲАҚИҚИЙЛИГИ ТАСДИҚЛАНАДИ.

         

____________________________________
(Ф.И.О. ва микрокредит ташкилоти мутахассисининг лавозими)

         
                   

 

Umumiy takliflar: 0

812