Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
17157 O’zbekiston Respublikasi Maktabgacha ta'lim vazirligi 27/04/2020 12/05/2020 7

Muhokama yakunlandi

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Qarori
Тошкент шаҳрида “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида
ID-17157

 

 

Республика мактабгача таълим тизими учун юқори малакали педагог кадрларни тайёрлашни янада такомиллаштириш, ривожланган хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) Тошкент шаҳрида “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин (кейинги ўринларда – Филиал).

2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

мактабгача таълим тизими учун олий таълим сифатига қўйиладиган умумий эътироф этилган халқаро талабларга ҳамда таълим дастурларига мувофиқ юқори малакали педагогик кадрлар тайёрлаш;

замонавий таълим дастурлари, ўқитиш методларини ишлаб чиқиш
ва амалда жорий этиш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини ҳамда педагогика фанининг сўнгги ютуқларини татбиқ этиш, педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб қувватлаш;

мактабгача таълим, коррекцион педагогика, психология соҳалари ҳамда бошқа илмий – методик тармоқлари бўйича фундаментал, амалий
ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш, ўқув жараёни сифатини оширишга йўналтирилган мақсадли инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

таълим ва фаннинг сифатини ошириш, таълим-фан узвийлиги
ва узлуксизлигини ҳамда ўқитиш ва илмий-тадқиқот фаолияти интеграциясини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш орқали педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда таълим соҳаси бошқаруви органларининг кадрларга бўлган эҳтиёжлари, жумладан, ҳудудларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган талаблари асосида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича педагог кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, мактабгача таълим соҳасида илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, педагог ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни амалга ошириш;

ўқув жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан масофавий таълим методларини кенг жорий этиш, шунингдек рақамли технологиялар ва электрон таълим ресурсларини ишлаб чиқиш ҳамда амалда татбиқ қилиш;

хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва бизнес-ҳамжамиятлари билан таълим ва илмий-методик соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш
ва ривожлантириш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Филиал Университетнинг алоҳида таркибий бўлинмаси олий таълим муассасаси ҳисобланади;

Филиал кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ва келишилган ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширади;

Филиалда таълим Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва дастурлари асосида Россия Федерациясининг таълим стандартларига мувофиқ рус тилида, кейинчалик бошқа тилларда ҳам олиб борилади;

Филиал кадрлар тайёрлашни кундузги таълим шаклида олиб боради, шунингдек сиртқи таълим шакли ва аралаш таълим шакллари (blended learning) ҳам қўлланиши мумкин;

Филиалда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган йўналишлар ва дастурлари асосида бошланади;

Абитуриентларни қабул қилиш ва филиал битирувчиларини аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланган талаблар ва қоидаларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунасидаги дипломи берилади;

Филиалнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

4. Маълумот учун қабул қилинсинки, Университет:

Филиалда кадрларга бўлган эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда дунёда умумэътироф этилган олий таълимнинг сифатига қўйиладиган талабларга мос таълим дастурлари асосида келишилган таълим йўналишлари
ва мутахассисликлари бўйича барча даражадаги мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширади;

таълим жараёнига педагогик ва ахборот технологиялари, педагогика фанининг сўнгги ютуқларини жорий этишга, масофавий таълим технологияларини ривожлантиришга кўмаклашади;

Университетнинг профессор-ўқитувчилари таркиби ҳамда илмий ходимларини Филиалда ишлаш учун жалб этади, шунингдек хорижий
ва маҳаллий профессор ўқитувчиларни Филиалда дарс беришга ва илмий фаолиятига таклиф этади;

Филиалнинг профессор-ўқитувчилари таркибини қайта тайёрлаш
ва уларнинг малакасини оширишини рағбатлантиради;

Филиалнинг кутубхона фондини шакллантиради ва уни замонавий ўқув-методик ҳамда илмий-педагогик адабиётлар билан тўлдириб боради;

Филиални зарур замонавий ўқув, лаборатория ва илмий асбоб-ускуналар, жумладан коррекцион педагогика ва психология махсус фанларидан ўқитишнинг замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлашни таъминлайди.

5. Қуйидагилар:

Тошкент шаҳридаги “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш бўйича Ташкилий комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ;

Тошкент шаҳридаги “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалининг Васийлик кенгаши таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Ташкилий комиссияга қуйидаги вазифалар юклатилсин:

Филиал фаолиятини ташкил этиш ишларини бошқариш, унинг тўлақонли фаолият юритиши билан боғлиқ ташкилий, молиявий, ҳуқуқий, иқтисодий, ўқув-услубий, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал қилиш;

Университет раҳбарияти билан Филиални ташкил этиш бўйича музокара олиб бориш ва ҳамкорлик қилиш;

Филиалнинг бино ва иншоотлари бўйича зарурий лойиҳа, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш, жиҳозлаш, инфраструктурани таъминлаш, моддий-техник таъминлашнинг амалга ошириш жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Филиални ташкил этиш бўйича тасдиқланган жадвалларда кўрсатилган вазифаларни ўз вақтида амалга оширилиши устидан тизимли назоратни олиб бориш.

7. Белгилаб қўйилсинки:

а) Филиалга қабул квоталари педагог кадрларга бўлган реал эхтиёжни ҳисобга олиб, Университет билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта таълим вазирлигининг қўшма буйруғи билан тасдиқланади;

б) давлат гранти асосида ўқишни битирган Филиал битирувчилари республиканинг давлат мактабгача таълим ташкилотларида ёки таълим соҳаси бошқарув органларида камида 5 йил ишлаш учун тақсимланади;

в) Филиал фаолиятини молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:

талабаларни давлат грантлари асосида ўқитиш учун Мактабгача таълим вазирлигига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, бироқ Филиалга ўқишга қабул қилинган талабалар умумий сонининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда;

пуллик шартнома асосида талабалар ўқишидан тушган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсон маблағлари;

Васийлик кенгаши қарорлари асосида шаклланган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

г) Университетдан Филиалга жалб қилинган профессор-ўқитувчиларнинг хизмат сафари харажатлари ўқув жараёнининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда:

30 кунгача бўлган қисқа муддатли хизмат сафари учун – олий ўқув юртлари ходимлари учун қўлланиладиган Россия Федерацияси қонунлари асосида;

узоқ муддатли сафарларга ўқув жараёнининг эхтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тузилган шартномаларга мувофиқ тўланиши белгиланади.

д) Филиал ходимларига юқори малакаси ва махсус ускуналар билан ишлаш маҳорати учун Филиалнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан устама ҳақ белгиланиши мумкин;

е) 2020 йилда Филиални сақлаш учун бюджет маблағлари ижтимоий соҳа учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тасдиқланган харажатлар параметрлари доирасида ажратилади ва 2021 йилдан бошлаб ушбу соҳага сарфланадиган харажатларнинг йиллик параметрларида кўзда тутилади.

8. “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятига қарашли Тошкент шаҳар, Навоий шоҳ кўчаси, 22 уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлари оператив бошқариш ҳуқуқи билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига берилсин ҳамда Филиал беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

9. Филиал томонидан тузилган шартномалар асосида ўқиш ва илмий тадқиқот ишларига таклиф қилинган хорижий профессор-ўқитувчиларнинг турар жойи ва сафар харажатларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган ставкалар бўйича тўлашга рухсат берилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Олий
ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Университет билан ҳамкорликда:

бир ой муддатда таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек филиални белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин;

Филиалнинг тузилмаси ва штат жадвалини тасдиқласин;

2020/2021 ўқув йили бошлангунга қадар Филиални танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан таъминласин.

11. Тошкент шаҳар, Навоий шоҳ кўчаси, 22 уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича:

буюртмачи этиб – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси;

бош лойиҳачи этиб – Мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган лойиҳа-изланиш институти;

бош пудратчи этиб – “RIZO” масъулияти чекланган жамияти белгилансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қарорнинг 7-бандида кўрсатилган бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ишларини лойиҳалаштириш, қурилиш-таъмирлаш
ва жиҳозлаш ишларини белгиланган тартибда 2020 йил инвестиция дастурига киритсин.

13. Филиалга иккита енгил хизмат машинаси, жумладан битта бириктирилган ва битта навбатчи авторанспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш учун лимитлар ажратилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги ва Филиал буюртмаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар
ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги ва Филиал буюртмаларига биноан Филиал хорижий профессор-ўқитувчилари ва маъмурий ходимларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Филиал буюртмаларига биноан малакали хорижий (Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган) илмий педагог кадрлар ва мутахассисларни республикага жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, кўрсатиб ўтилган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

17. 2023 йилнинг 1 июлигача:

Филиал — барча турдаги солиқларни тўлашдан ва мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий ажратмалардан;

Филиалнинг жалб этиладиган хорижлик ходимлари — ягона ижтимоий тўловни ва жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқни тўлашдан;

Университетни Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятидан ҳам доимий муассаса орқали, ҳам тўлов манбаидан олинган даромадлар бўйича фойда солиғини тўлашдан;

Филиални жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш мақсадида ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб келинадиган ускуналар, компьютер техникаси ва ташкилий техникалар, ўқитишнинг техник воситалари, адабиёт, мультимедиа маҳсулоти, инвентар ва бошқа моддий-техника ресурслари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Олий
ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарордан келиб чиқиб тегишли қонун ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.В. Шин ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Мажидов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

                    Президенти

 

Ш. МИРЗИЁЕВ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
 2020 йил «___»_______
даги
 ________-сон қарорига
1-ИЛОВА

 

Тошкент шаҳридаги “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш бўйича Ташкилий комиссия

ТАРКИБИ

 

А.А. Абдухакимов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ташкилий комиссия раиси

А.В. Шин

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири, Ташкилий комиссия раиси ўринбосари

И.У. Мажидов

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

У.Ш. Бегимқулов

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари

Қ.Т.Олимов

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари

А.Ж. Артиков

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт
ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари

Ш.М. Садиков

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири

Б.И. Закиров

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири

Ш.Ш.Шарахметов

Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари

М.Б. Азимов

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси

Ж.А. Артикходжаев

Тошкент шаҳар ҳокими

Д.Х. Ахатов

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари

А.Ж. Хаджаев

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси

К.А. Эшпўлатов

Мактабгача таълим тизими раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ректори

К.С. Ризаев

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудири, комиссия котиби

Изоҳ:Ташкилий комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

 2020 йил «___»_______даги
 ________-сон қарорига
2-ИЛОВА

 

Тошкент шаҳридаги “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалинининг Васийлик кенгаши

ТАРКИБИ

А.А. Абдухакимов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Васийлик кенгаши раиси

А.В. Шин

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири, Васийлик кенгаши раиси ўринбосари

И.У. Мажидов

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

Ш.Х.Шерматов

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири

Л.Г.Степан

 

“Ўзбекистан ЛУКОЙЛ Оперейтинг Компанияси”
Бош директори

А.Х. Хурсанов

“Олмалиқ КМК” АЖ Бошқарув раиси

И.Ю.Абдурахмонов 

 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири

Н.Б. Хусанов

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

Ш.Ш.Шарахметов

Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари

Қ.М. Рафиков

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси

Ж.А. Артикходжаев

Тошкент шаҳар ҳокими

 

Тошкент шаҳридаги “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали директори, Васийлик кенгаши котиби

 

 

 

 

 

Изоҳ: Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

Umumiy takliflar: 7

883