Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
17069 O‘zbekiston Respublikasi Mahalla va oilani qo‘llab-quvvatlash vazirligi 24/04/2020 09/05/2020 2
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида
ID-17069

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 18 февралдаги
ПФ-5938-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари ташкил этилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 18 февралдаги
ПФ-5938-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари раислари этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади;

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари зиммасига юклатилган вазифалар билан боғлиқ масалалар бўйича давлат органлари, хўжалик бирлашмалари
ва жамоат ташкилотларидаги хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятини Намунавий низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ва тегишлича Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг қарорлари билан тасдиқланадиган низом асосида амалга оширади;

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари аъзолигига, қоида тариқасида, давлат органлари ва жамоат ташкилотларида, маҳаллаларда намунали хизмат кўрсатаётган хотин-қизлар, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли ва ташаббускор аёллар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, намунали фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари қабул қилинади;

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда оилаларни мустаҳкамлашга, шунингдек ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга ҳамда ижтимоий фаолликларини ошириш масалаларига устувор аҳамият қаратади;

ўз фаолиятида ижобий натижаларга эришган Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларининг фаол ва ташаббускор аъзолари маҳаллий бюджет маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси ҳамда Хотин-қизларни
ва оилани қўллаб қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилиб борилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўн кун муддатда белгиланган тартибда:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда
Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом асосида Хотин-қизларнинг жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низомларни;

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари таркибини;

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари зиммасига юклатилган асосий вазифалардан келиб чиқиб, уларнинг чораклик иш режалари тасдиқланишини таъминласин.

6. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, туман (шаҳар)лардаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари
Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан жавобгар ҳисобланади.

7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ушбу қарорда белгиланган вазифалар амалга оширилишини ёритиб бориш тавсия этилсин.

8. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Р.Маматов, Вазирлар Маҳкамасининг Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири                                                               А.Арипов

 

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Намунавий низом (кейинги ўринларда Низом деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лардаги Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларининг (кейинги ўринларда – Хотин-қизлар кенгашлари деб юритилади) асосий вазифалари, функциялари, ваколатларини ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Хотин-қизлар кенгашлари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида
олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.

3. Хотин-қизлар кенгашларининг таркиби тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, туман (шаҳар)лардаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари (кейинги ўринларда – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари) бошлиқларининг қарорлари билан ташкил этилади.

4. Хотин-қизлар кенгашларининг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.

5. Хотин-қизлар кенгашлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг меъёрий ҳужжатларига, мазкур Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

6. Хотин-қизлар кенгашлари тўғрисидаги низом ва унга киритиладиган ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг қарорлари билан тасдиқланади.

7. Хотин-қизлар кенгашлари қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш тамойиллари асосида фаолият юритади.

 

2-БОБ. ХОТИН-ҚИЗЛАР КЕНГАШЛАРИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ, ФУНКЦИЯЛАРИ, ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

8. Қуйидагилар Хотин-қизлар кенгашларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашиш ишларига ёрдамлашиш;

хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш;

хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ишларига кўмаклашиш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ўз вақтида ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига таклифлар киритиб бориш;

хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш ишларига кўмаклашиш;

қабул қилинаётган қарорларда, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида хотин-қизларнинг манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари зиммасига юкланган ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

хотин-қизларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қиладиган долзарб масалалар юзасидан жамоатчиликнинг, шу жумладан хотин-қизларнинг фикрини тизимли мониторинг қилиш.

9. Хотин-қизлар кенгашлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

а) оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашиш ишларига ёрдамлашиш соҳасида:

оила институтини мустаҳкамлаш, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга оширишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига, фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассисларига, маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссиялар ва хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларга услубий ва амалий кўмаклашади;

замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатлар, яхши қўшничилик муносабатлари бой маданий, тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар асосида оилаларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга ёрдам беради;

оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ошириш масалаларини комплекс ўрганиш ишларига кўмаклашади;

оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ёрдам беради;

маҳаллаларда оилавий келишмовчиликлар ва оилавий ажралишларни бартараф этиш, нотинч ва муаммоли оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш ишларида фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияларга кўмаклашади;

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларга оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, оилаларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга ёрдамлашади;

б) хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш соҳасида:

хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали ижросини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва фаоллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига киритади;

хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади ҳамда унинг натижалари асосида тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқади;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини мониторинг қилади ва зўравонликдан жабрланганларни аниқлаш, уларни реабилитация қилиш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига киритади;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

маҳаллаларда хотин-қизлар ўртасида соғломлаштириш тадбирларини ташкил этишда фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассисларига ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияларга кўмаклашади;

ташкилот ва муассасаларда, маҳаллаларда хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид ишларни олиб бориш ишларини ташкиллаштиради,
бу борада хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларга услубий ва амалий кўмаклашади;

хотин-қизлар ўртасида турли кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларини ўтказишда, Зулфия номидаги Давлат мукофоти ва “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодларни танлашда қонунийлик, ижтимоий адолат, шаффофлик тамойилларига риоя этилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

ташкилот ва муассасаларда хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар, маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссиялар
ва “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этишга услубий ва амалий кўмаклашади;

в) хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ишларига кўмаклашиш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ўз вақтида ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига таклифлар киритиб бориш соҳасида:

маҳаллаларда хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг,
шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, реабилитация воситалари билан таъминлаш ишларига кўмаклашади;

уй-жойга муҳтож оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, кам таъминланган ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг рўйхатини тузиш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан бошланғич бадални тўлаб бериш орқали уларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда Маҳалла
ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига киритади;

хотин-қизлар ўртасида турли салбий ижтимоий ҳаракатлар, айниқса,
ўз жонига суиқасд қилиш, фоҳишабозлик, вояга етмаган қизларни эрта турмушга чиқиш каби ҳолатларнинг сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш ишларида фаол қатнашади;

фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассисларга ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияларга хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш
ва бартараф этишда, уларни оғир ижтимоий аҳволдан чиқариш чораларини амалга оширишда услубий ва амалий кўмаклашади;

маҳаллаларда ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси билан боғлиқ тадбирларни амалга оширишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига ҳамда фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияларга ёрдамлашади;

г) хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш ишларига кўмаклашиш соҳасида:

аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўриш, меҳнат шароитларини яхшилашга оид масалаларни ҳал этиш, қишлоқ жойларидаги хотин-қизларни, айниқса, ёш қизларни тадбиркорликка, ҳунармандчилик ва касаначиликка кенг жалб этиш учун бизнес тузилмалари, тадбиркор аёл бирлашмаларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга
ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан индивидуал иш олиб бориш, уларни касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича ўқитишга қаратилган ташкилий чора-тадбирларни амалга оширишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига ёрдам беради;

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва йўлга қўйиш истагида бўлган хотин-қизларнинг рўйхатларини шакллантириш, уларга тижорат банклари томонидан белгиланган тартибда кредит маблағлари, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан кредитлар ажратиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

жойларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича кўрилаётган амалий чоралар самарадорлигини мониторинг қилади ва унинг натижалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этади;

д) қабул қилинаётган қарорларда, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида хотин-қизларнинг манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари зиммасига юкланган ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасида:

тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурлари, чора-тадбирлар режаларини, шу жумладан хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлайди, қабул қилинган дастурларни амалга оширишда ваколатлари доирасида иштирок этади, бажарилган ишларнинг самарадорлигини таҳлил қилади, шунингдек, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

ижтимоий, маънавий-маърифий соҳадаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни маҳаллаларда амалга оширишда хотин-қизларни фаол жалб этишда фуқаролар йиғинлари раисларининг
оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияларга кўмаклашади;

хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини яхшилаш, ҳуқуқий онги ва ижтимоий ҳимояланиш даражасини ошириш борасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини мониторинг қилади, улар имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ёшларни, айниқса қиз болаларни миллий, умуминсоний ва оилавий қадриятларга ҳурмат руҳида ҳамда билим
ва одоб қоидалари асосида тарбиялаш, маънавиятини оширишга йўналтирилган ижтимоий фаолиятга кенг жалб этиш ишларини ташкил этиш ва амалга оширишга кўмаклашади;

хотин-қизларнинг соғлигини муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларининг амалга оширилишини мониторинг қилади, аёллар спортини ривожлантириш ҳамда оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишларини ташкил этишда фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияларга ёрдамлашади;

иқтидорли, фаол ва ташаббускор хотин-қизларни, Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳамда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаларини
аёллар ва қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, уларни маҳаллалар ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш борасидаги тарғибот-ташвиқот ишларига кенг жалб этиш чораларини кўради;

маҳаллаларда аҳоли ўртасида оилавий қадриятларни, шу жумладан
“Оила – муқаддас” деган эзгу ғояни тарғиб қилиш, оилада фарзандларни маънавий-аҳлоқий тарбиялаш ва жамият олдидаги масъулият ҳиссини оширишда нуроний онахонларнинг, ибратли оилаларнинг ҳаётий тажрибаларидан кенг фойдаланиш ишларини ташкил этади;

маҳаллаларда тўйлар ва бошқа маросимларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилишини таъминлашда нуроний онахонлар, ташаббускор ва зиёли хотин-қизларни жалб этиб боради;

хотин-қизларни маданият, спорт ва соғломлаштириш тадбирларига, туристик экскурсиялар, зиёрат сафарлари ва бошқа кўнгилочар тадбирларга жалб этиш ишларини ташкиллаштиришга кўмаклашади;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари зиммасига юкланган ҳамда хотин-қизларнинг манфаатларига
дахл қилувчи вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

е) хотин-қизларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қиладиган долзарб масалалар юзасидан жамоатчиликнинг фикрини тизимли мониторинг қилиш соҳасида:

хотин-қизларни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини хотин-қизларга доимий равишда тушунтириб боради;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш чораларини кўради ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиб боради;

хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасида ижтимоий шериклик тизимини ривожлантиришга кўмаклашади;

хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда жамоатчилик назоратини амалга оширади;

маҳаллаларда cоғлом оила қуриш, соғлом фарзандни дунёга келтириш, соғлом турмуш тарзини юритиш (тўғри овқатланиш, гигиена, тиббий маданият, спорт билан шуғулланиш ва бошқалар) асосларини хотин-қизлар орасида манзилли тарғиб этиш мақсадида якка тартибда тушунтириш ишларини,
очиқ мулоқотлар ва давра суҳбатларини ташкил этади;

ҳудудлардаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган ҳамда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг ихтиёрийлик асосида бирлаштирувчи жамоатчилик асосидаги бошланғич ташкилотлари фаолиятига кўмаклашади
ва улар фаолиятининг тизимли мониторингини олиб боради.

10. Хотин-қизлар кенгашлари зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун:

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари йиғилишлари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;

жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг тотувлиги ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларни “Мўътабар аёл” ва “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонлари билан тақдирлаш юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига таклифлар киритиш;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига Хотин-қизлар кенгашлари ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;

хотин-қизлар, айниқса ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёллар учун назарда тутилган имтиёзлар ҳақидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари томонидан ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари Кенгашларига тақдим этадиган ахборотларига таклифлар киритиш;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотлар, статистика ва бошқа материалларни белгиланган тартибда олиш;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан ишлаб чиқилган дастурлар ва режалар лойиҳаларининг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш;

хотин-қизларнинг мурожаатларига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан берилган жавобларнинг сифатини танлаб олган ҳолда таҳлил қилиш;

фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссиялар ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар бериш;

зиммасига юклатилган вазифалар ижроси самарадорлигини ошириш мақсадида оилалар ва хотин-қизлар ўртасида турли кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш;

хотин-қизлар, айниқса ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг розилиги билан уларнинг уй-жой ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлари билан танишиш;

Хотин-қизлар кенгашлари мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;

юклатилган вазифаларни бажариш учун семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, зарур ҳолларда уларга давлат органлари ва жамоат ташкилотлари масъул ходимларини ҳамда маҳалла фаолларини, хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар аъзоларини таклиф этиш ҳуқуқига эга.

Хотин-қизлар кенгашлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам амалга ошириши мумкин.

11. Хотин-қизлар кенгашлари ўз фаолиятини амалга оширишда:

ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва мазкур Низомга мувофиқ амалга ошириш;

жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиши;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга амал қилиши;

фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслиги;

жамоатчилик назоратини амалга ошириш давомида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, махфийлигига риоя қилиши шарт.

Хотин-қизлар кенгашлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

3-БОБ. ХОТИН-ҚИЗЛАР КЕНГАШЛАРИНИНГ ТАРКИБИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

 

12. Хотин-қизлар кенгашларининг таркибига унинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари киради.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида Хотин-қизлар кенгашларига раислик қилади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмаларининг хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар бўйича мутахассислари бир вақтнинг ўзида Хотин-қизлар кенгашларининг котиблари ҳисобланади.

Хотин-қизлар кенгашлари раисларининг ўринбосарлари Хотин-қизлар кенгашлари аъзолари орасидан йиғилиш иштирокчиларининг учдан икки қисми овози билан сайлаб олинади.

13. Хотин-қизлар кенгашлари туман (шаҳар)ларда 15-25 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 30-40 нафар аъзодан иборат таркибда шакллантирилади.

Хотин-қизлар кенгашлари аъзолигига, қоида тариқасида:

а) давлат органлари ва жамоат ташкилотларида, маҳаллаларда намунали хизмат кўрсатган хотин-қизлар;

б) давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва жамоат ташкилотларидаги хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларнинг фаол раислари;

в) жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли ва ташаббускор зиёли аёллар;

г) нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари – аёл ходимлари;

д) намунали фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари ҳисобидан шакллантирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Хотин-қизлар кенгашлари таркибига ҳудуддаги туман (шаҳар)лар кенгашлари раислари киритилади.

14. Хотин-қизлар кенгашларининг таркиби Маҳалла ва оилани
қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг қарорлари билан ҳар 3 йилда тасдиқланади.

15. Қуйидаги ҳолатларда Хотин-қизлар кенгашлари раисларининг ўринбосарлари ва аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:

улар томонидан Хотин-қизлар кенгашлари таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берилганда;

Хотин-қизлар кенгашларининг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаганда, мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;

Хотин-қизлар кенгашлари зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш ишларида мунтазам қатнашмаганда;

уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

вафот этганда, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.

Хотин-қизлар кенгашларининг раиси ва котиби Маҳалла ва оилани
қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида эгаллаб турган лавозимидан озод этилганда Хотин-қизлар кенгашларидаги ваколатларини
ҳам соқит қилади.

16. Хотин-қизлар кенгашларининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар ва унга киритилган ўзгартишлар улар тасдиқланган пайтдан бошлаб 5 кун ичида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

17. Хотин-қизлар кенгашларининг раиси:

Хотин-қизлар кенгашларининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Хотин-қизлар кенгашларининг мажлисларини чақиради ва кун тартибини белгилайди;

Хотин-қизлар кенгашларининг мажлисларида раислик қилади;

Хотин-қизлар кенгашларининг иш режаларини, мажлис баённомаларини ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;

Хотин-қизлар кенгашлари қарорларининг ижросини назорат қилади;

Хотин-қизлар кенгашлари аъзоларини маҳаллаларга ҳамда зиммасига юклатилган вазифаларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб тегишли йўналишларга бириктиради;

Хотин-қизлар кенгашлари аъзоларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажарилишини мувофиқлаштиради;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларининг расмий веб-сайтларида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган Хотин-қизлар кенгашларининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар таркиби бўйича таклифлар киритади ҳамда уни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари билан келишади;

Хотин-қизлар кенгашларининг қарорларини бажариш масалалари юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади;

Хотин-қизлар кенгашларининг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

18. Хотин-қизлар кенгашларининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг ваколатлари ва мажбуриятларини раис ўринбосари бажаради.

19. Хотин-қизлар кенгашлари раисининг ўринбосари:

раис йўқлигида Хотин-қизлар кенгашларининг мажлисларида раислик қилади;

Хотин-қизлар кенгашлари қарорларининг ижросини назорат қилиш бўйича ишларни ташкил этади;

фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, Хотин-қизлар кенгашлари фаолиятига тааллуқли мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;

Хотин-қизлар кенгашларининг самарали ишларини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

20. Хотин-қизлар кенгашларининг котиби:

Хотин-қизлар кенгашларининг фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

Хотин-қизлар кенгашларининг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

кун тартибига мувофиқ Хотин-қизлар кенгашларининг мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Хотин-қизлар кенгашларининг тадбирлари ўтказиладиган сана, жой
ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини Хотин-қизлар кенгашларининг раиси билан келишади;

Хотин-қизлар кенгашларининг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни Хотин-қизлар кенгашлари мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;

Хотин-қизлар кенгашлари қарорларининг ижро этилиши устидан мониторинг олиб боради ва унинг натижаларини Хотин-қизлар кенгашлари мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;

Хотин-қизлар кенгашлари мажлисининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг Хотин-қизлар кенгашлари аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга юборилишини таъминлайди;

Хотин-қизлар кенгашларининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

21. Хотин-қизлар кенгашларининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

Хотин-қизлар кенгашларининг мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, уларнинг аъзоси мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.

Хотин-қизлар кенгашларининг аъзолари:

ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида, фуқаролар йиғинларида ташкил этиладиган мажлисларда ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этади;

Хотин-қизлар кенгашлари иш режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, уларни Хотин-қизлар кенгашларида кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режалари бажарилишини таъминлайди;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда фуқаролар йиғинлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашади;

ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёллар билан учрашувлар ўтказади ва уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича таклифларни Хотин-қизлар кенгашларига киритади;

Хотин-қизлар кенгашларининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайди;

Хотин-қизлар кенгашларининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

Хотин-қизлар кенгашларининг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

22. Хотин-қизлар кенгашлари фаолиятининг асосий масалалари унинг мажлисида кўриб чиқилади. Хотин-қизлар кенгашларининг мажлиси унинг иш режалари асосида ҳар ойда камида бир марта чақирилади.

Хотин-қизлар кенгашлари раисининг ташаббуси, шунингдек Хотин-қизлар кенгашлари аъзоларининг учдан бир қисмининг ёзма мурожаати асосида унинг навбатдан ташқари мажлисини чақириши мумкин.

23. Хотин-қизлар кенгашларининг мажлисларига давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва жамоат ташкилотларидаги хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларнинг раислари, шунингдек бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари, маҳалла фаоллари таклиф этилиши мумкин.

24. Хотин-қизлар кенгашлари мажлиси кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан Хотин-қизлар кенгашлари аъзоларининг таклифлари ва
Хотин-қизлар кенгашлари раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.

25. Хотин-қизлар кенгашларининг мажлисини унинг раиси олиб боради.

Раис иштирок эта олмаган ҳолатларда, мажлисни унинг ўринбосари олиб боради.

Хотин-қизлар кенгашларининг мажлисида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва бошқа ходимлар иштирок этиши мумкин.

26. Хотин-қизлар кенгашларининг мажлиси, агар унда Хотин-қизлар кенгашлари аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Хотин-қизлар кенгашларининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.

27. Хотин-қизлар кенгашларининг қарори мажлисда иштирок этаётган Хотин-қизлар кенгашлари аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

28. Хотин-қизлар кенгашларининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг фикрини ёзма шаклда ифодалашга ҳақли. Унинг фикри Хотин-қизлар кенгашлари мажлисининг баённомасига мажбурий тартибда қўшиб қўйилади.

29. Хотин-қизлар кенгашларининг мажлисида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади.

Хотин-қизлар кенгашлари мажлисининг баённомаси котиб томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва уч кун муддатда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига, фуқаролар йиғинларига, хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларга, Хотин-қизлар кенгашлари аъзоларига ва бошқа манфаатдор шахсларга юборилади.

30. Хотин-қизлар кенгашларининг қарорини тезлик билан қабул қилиш зарурияти туғилганда, унинг раиси ташаббуси билан қарор Хотин-қизлар кенгашларининг аъзолари билан келишилган ҳолда сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари Хотин-қизлар кенгашларининг қабул қилган қарорига қўшилмаган ҳолларда, Хотин-қизлар кенгашларининг қарорини олган кундан бошлаб
ўн кундан кечикмай унга асослантирилган эътирозини ёзма шаклда юборади.

31. Хотин-қизлар кенгашларининг котиби кенгаш аъзолари кўмагида Хотин-қизлар кенгашлари қарорлари ижросининг боришини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур бўлган ҳолларда, Хотин-қизлар кенгашларининг раисига тегишли таклифлар киритади.

32. Хотин-қизлар кенгашларининг фаолияти оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилади ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмаларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиб борилади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарлари Хотин-қизлар кенгашларининг фаолиятини маҳаллий босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритилишини ташкил этади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Матбуот хизмати Хотин-қизлар кенгашларининг фаолиятини марказий босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритишни таъминлайди ва ушбу мақсадда Хотин-қизлар кенгашларининг котиблари билан тезкор маълумотлар алмашинувини амалга оширади.

33. Туман (шаҳар)лар Хотин-қизлар кенгашлари раислари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Хотин-қизлар кенгашларига мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиб боради.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Хотин-қизлар кенгашлари раислари Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги олдида ҳисобдордир.

34. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари мутасаддилик қиладиган бошқарма ва бўлимлари томонидан Хотин-қизлар кенгашлари фаолияти мунтазам мониторинг қилинади ҳамда уларга услубий ва амалий кўмаклашилади.

 

4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

 

35. Хотин-қизлар кенгашларининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

36. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари Хотин-қизлар кенгашларининг фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан масъул ҳисобланади.

37. Хотин-қизлар кенгашларининг фаолияти унинг низомига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолда амалга оширилиши Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари томонидан назорат қилинади.

38. Хотин-қизлар кенгашларининг ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг
Хотин-қизлар кенгашлари фаолияти билан боғлиқ қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

39. Хотин-қизлар кенгашларини тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Umumiy takliflar: 0

1648