Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
17051 O’zbekiston Respublikasi Oliy va o'rta maxsus ta'lim vazirligi 23/04/2020 08/05/2020 9
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Қўқон давлат педагогика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида
ID-17051

Лойиҳа

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

 

 

 

Қўқон давлат педагогика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида

 

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш жараёнлари самарадорлигини оширишда мактабгача ҳамда умумий ўрта таълим тизими учун олий маълумотли малакали педагог кадрларни замонавий талаблар асосида тайёрлаш долзарб вазифага айланиб бормоқда.

Амалга оширилаётган ишлар таҳлили Қўқон давлат педагогика институтида олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш жараёнларини тубдан такомиллаштириш, жумладан, педагогик таълим соҳаси учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш, соҳага илғор таълим технологияларини жорий қилиш, замонавий билим ва педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга бўлган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш самарали тизимини шакллантириш, институт илмий-педагогик салоҳиятини ошириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 27 февралда
ПҚ-4623-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қўқон давлат педагогика институти (кейинги ўринларда Институт деб юритилади) фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

педагогика соҳасининг ривожланиш истиқболлари ҳамда устувор вазифаларини ҳисобга олган ҳолда хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда педагогика соҳаси бўйича тарбия ва ўқитиш усуллари, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда хорижий тилларни пухта ўзлаштирган, таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;

олий маълумотли мутахассислар, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш борасидаги хорижий тажрибаларни амалиётга қўллаш, битирувчиларнинг касбий-малака даражаси халқаро меҳнат бозорида тан олинишини таъминлаш;

таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

янги авлод ўқув-илмий адабиётларини яратиш, уларни таълим
ва илмий жараёнларга кенг татбиқ этиш, янги адабиётлар сотиб олиш, Ахборот-ресурс маркази фондини мунтазам янгилаб бориш;

таълим жарёнига рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий ахборот-коммуникация ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш;

педагогика таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;

педагог кадрларнинг илмий салоҳияти, касбий ва малакавий билим даражасини узлуксиз ривожлантириб бориш механизмларини жорий этиш, уларнинг педагогик маҳоратларини ривожлантиришда хорижий олий таълим муассасаларининг илғор тажрибаларидан кенг фойдаланиш;

мамлакатимиз ва хорижий таълим муассасаларида педагогика фани бўйича эришилган ютуқларни тизимли жорий этиб бориш,

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;

юксак маданиятли, амалий касбий кўникмага эга, тарбия, ўқитиш методлари ва баҳолаш мезонларини пухта эгаллаган замонавий педагог кадрлар, жумладан, чет тилларида дарс берувчи ёш педагог ходимлар қатламини кенгайтириш, уларнинг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш;

халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TIMSS, PIRLS) ва STEM стандартлари асосида ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанларни ўқитиш ва баҳолашнинг замонавий шакллари, методлари ва технологияларини жорий этиш ҳамда ушбу билим ва кўникмаларга эга бўлган келажак педагогларини тайёрлаш;

жаҳондаги етакчи олий таълим муассасаларининг илғор тажрибалари ҳамда кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида таълимнинг сифати ва кадрлар рақобатбардошлигини таъминлай оладиган малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш ва мунтазам такомиллаштириб бориш;

ҳудуддаги педагогика соҳасига қизиқиши юқори бўлган ёшларни аниқлаш ҳамда уларни мақсадли тайёрлашнинг узлуксиз тизимини шакллантириш;

профессор-ўқитувчиларни етакчи хорижий олий таълим муасасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларида малака ошириши ва стажировкаларини ташкил этиш;

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни ривожлантириш;

талабалар амалиётини мақсадли ташкил этиш ва ишга жойлашишига ҳар томонлама кўмаклашиш механизмларини шакллантириш.

2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирликлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 августга қадар:

умумий ўрта таълим ва мактабгача таълим муассасалари педагог-ходимларини касбий қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун институт тасарруфида тармоқ касбий қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказини;

Қўқон шаҳридаги 28-умумтаълим мактаби негизида Институт тасарруфида Амирий ва Нодирабегим номидаги она тили ва адабиёти фанига ихтисослашган умумий ўрта таълим мактабини ташкил этсин.

3. Институтда жамоатчилик асосида Педагогика ўқув-илмий марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) икки ой муддатда ташкил этилсин.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

педагогик таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-амалий асосларини яратиш ва методик таъминотини ишлаб чиқиш;

педагогик соҳа муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда уларда қўлланиладиган самарали методлар ишлаб чиқилишини таъминлаш;

педагогик таълим соҳасининг асосий ютуқларини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича босма ва электрон илмий журналлар таъсис этиш, илмий лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро ва республика илмий-амалий конференцияларини ташкил этиш;

жамиятда, айниқса, ёшлар ўртасида педагогика соҳасидаги билимларни кенг тарғиб этиш.

4. Халқ таълими вазирлиги 2021 йил янги ўқув йилидан:

умумий ўрта таълим муассасаларида Институт талабалари амалиётини самарали ташкил этиш учун тегишли  шарт-шароитлар яратилишини таъминласин;

ўқувчиларни педагог касбига йўналтириш мақсадида Фарғона вилоятидаги етакчи умумий ўрта таълим муассасаларининг 5 тасида 3-4-синф ўқувчилари учун “Ўқиш ва математик саводхонлик бўйича синфлар”,
8-9-синф ўқувчилари учун “Математик ва табиий фанлар  саводхонлиги бўйича синфлар”, 10-11-синф ўқувчилари учун “Педагогик синфлар” ташкил этсин ва Институт таклифи асосида дарс жараёнларига таъсир этмаган ҳолда ўқув жараёнига тегишли ўзгартиришлар киритсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Институтнинг илмий салоҳиятини ошириш ва олий малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида 2021 йилдан бошлаб республиканинг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларида Институт учун мақсадли таянч докторантура бўйича қабул квоталарини ажратсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси Институт профессор-ўқитувчиларини хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларига докторантура, стажировка ва малака ошириш учун юбориш чораларини кўрсин.

7. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Институт профессор-ўқитувчиларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларига қисқа муддатли стажировкаларга юбориш билан боғлиқ харажатлар Институтнинг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланишига рухсат берилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона билан ҳамкорликда Институт ахборот-ресурс марказининг замонавий инфратузилмасини яратиш, етакчи илмий ахборот-ресурс марказлари электрон базасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда олий таълим муассасасалари талабалари учун чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар билан мунтазам таъминлаш чораларини кўрсин.

9. Институт ҳузурида ташкил этилган Данғара ва Ўзбекистон туманидаги техникумлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида бир ой муддатда таълим жараёни учун зарур  ўқув–методик базани яратиш ва ўқув жараёнига юқори иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни жалб этиш чораларини кўрсин.

Ўқувчиларни танланган мутахассислик бўйича замонавий талабларга жавоб берувчи, пухта билим, амалий кўникма ва малакага ҳамда юксак маънавий–ахлоқий сифатларга эга бўлган, интеллектуал жиҳатдан етук кадрлар тайёрлашни йўлга қўйсин.

Техникумларнинг тегишли таълим дастурларини олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва амалиётчиларни жалб этган ҳолда илғор хорижий давлатлар тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириб боришни таъминласин.

10. Фарғона вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Институт битирувчиларини Фарғона вилоятидаги умумий ўрта ҳамда мактабгача таълим муассасаларида педагогик фаолиятини олиб боришлари учун тегишли шароитларни яратиш чораларини кўрсин.

11.  Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа смета ҳужжатларига асосан Институтнинг 400 ўринли фаоллар залини қуриш ва жиҳозлаш лойиҳаcи Ўзбекистон Республикасининг 2022-2024 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари кабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири

 

 

А.Арипов

 

Umumiy takliflar: 7

1828