Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
16950 O’zbekiston Respublikasi Oliy va o'rta maxsus ta'lim vazirligi 21/04/2020 06/05/2020 8
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида
ID-16950

Лойиҳа

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

 

 

 

 

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида

 

 

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти (кейинги ўринларда Институт деб юритилади) вилоят ва якин ҳудудлардаги таълим муассасалари учун юқори салоҳиятли педагог кадрлар тайёрлашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда мактабгача ҳамда халқ таълими тизимига тегишли муассасаларнинг малакали педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондириш долзарб вазифага айланиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил
27 февралдаги ПҚ-4623-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда педагогика таълим соҳасида юқори малакали, рақобатбардош педагог кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ҳалқ таълими вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлигининг Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Институт фаолиятининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

таълим мазмуни ва сифатини ошириш, рақобатбардош, юқори билим ва кўникмаларга эга олий маълумотли педагоглар тайёрлашда самарадор бўлган педагогик таълим инновацион кластерларини жорий қилиш;

замонавий ахборот-коммуникация ва педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга бўлган, ўз касбига садоқатли юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш;

илғор хорижий тажрибалар асосида педагогик таълим соҳасининг таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш;

ўқув жараёнини ташкил этишда бўлажак педагогларда фаоллик ва ирода, етакчилик, онг ва ўзини англаш, мустақил фикрлаш, қарор қабул қилиш, нутқий равонлик каби кўникмаларни шакллантиришга асосий эътибор қаратиш;

педагогик таълим соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш орқали таълим сифатини яхшилаш ва замонавий педагог кадрларни шакллантириш жараёнлари самарадорлигини ошириш;

соҳадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда илмий
ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш;

хорижий олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларига стажировка ўташ ва малакасини оширишга юбориш орқали Институт илмий-педагогик салоҳиятини ошириш,

ўқув ва илмий лабораторияларни халқаро стандартларга мос келадиган замонавий қурилмалар ҳамда асбоб-ускунлар билан жиҳозлаш орқали натижадорлиги ва самарадорлиги юқори бўлган илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш;

талабаларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш, жумладан, ёшлар билан ишлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлигини ошириш;

мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари, маҳаллалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талаба ёшларни ватанга, касбга садоқат руҳида тарбиялаш.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари билан келишган ҳолда Чирчиқ шаҳар, Ш.Рашидов кўчаси 53-уй манзилида жойлашган 8-сонли умумий ўрта таълим ҳамда Чирчиқ шаҳар, Профсоюзная кўчаси, 22а-уй манзилида жойлашган 30-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган Давлат мактабгача таълим муассасалари иштирокида Институтнинг педагогик таълим инновацион кластери фаолиятини йўлга қўйсин.

Белгилансинки:

Институт педагогик таълим инновацион кластерда иштирок этаётган таълим муассасаларининг таълим жараёнига методик жиҳатдан раҳбарлик қилади;

педагогик таълим инновацион кластери иштирок этаётган таълим муассасаларидаги таълим жараёнларини ўзаро мувофиқлаштиради
ва узлуксизлигини таъминлайди;

Институт ҳар йили педагогик таълим инновацион кластерида иштирок этаётган умумий ўрта таълим муассасаси(лар)да иқтидорли ёшларни аниқлаш мақсадида кимё, билогия, физика, математика ва бошқа фанлардан олимпиадалар ўтказади;

педагогик таълим инновацион кластерида иштирок этаётган таълим муассасаларининг амалдаги молиялаштириш тартиби сақлаб қолинади.

4. Институтга Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида педагогик таълим инновацион кластери доирасида таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа, фан дастурларини мустақил ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва жорий этиш ҳуқуқи берилсин.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Институтда ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тизими йўлга қўйилсин.

5. Тошкент вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Институт битирувчиларини Тошкент вилоятидаги умумий ўрта ҳамда мактабгача таълим муассасаларида педагогик фаолиятини олиб боришлари учун тегишли шароитларни яратиш чораларини кўрсин.

6. Институт ҳузурида ташкил этилган Тошкент ва Чиноз туманидаги техникумлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида бир ой муддатда таълим жараёни учун зарур моддий–техника, ўқув–методик базани яратиш ва ўқув жараёнига юқори иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни жалб этиш чораларини кўрсин.

Ўқувчиларни танланган мутахассислик бўйича замонавий талабларга жавоб берувчи, пухта билим, амалий кўникма ва малакага ҳамда юксак маънавий–ахлоқий сифатларга эга бўлган, интеллектуал жиҳатдан етук кадрлар тайёрлашни йўлга қўйсин.

Техникумларнинг тегишли таълим дастурларини олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва амалиётчиларни жалб этган ҳолда илғор хорижий давлатлар тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириб боришни таъминласин.

7. Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Институт талабалари учун дала амалиётини самарали ташкил этиш мақсадида амалиёт базаси сифатида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Бўстонлиқ тумани, Бўрчмулла қишлоғида жойлашган, собиқ Бўстонлиқ ўрмон хўжалиги ва сервис касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари, ер майдонидан Институт ижара тўловисиз белгиланган тартибда фойдаланиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа смета ҳужжатларига асосан Институтнинг асосий ҳудудида 400 ўринли талабалар турар жойи биносини қуриш ҳамда Чирчиқ шаҳар, Ломоносов кўчаси, 1-уй ҳамда Бобур кўчаси, 22-уй манзилларида жойлашган ўқув биноларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш
ва жиҳозлаш лойиҳалари Ўзбекистон Республикасининг 2022-2024 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.

Белгилансинки, Институтни замонавий ўқув ҳамда илмий лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш ишлари халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилган ҳолда амалга оширилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси Институтнинг илмий ва педагог ходимларини 2021-2025 йилларда етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва илмий-технологик марказларида 6 ойгача бўлган муддатли мақсадли стажировкаларини ташкил этсин.

10. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Институт профессор-ўқитувчиларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларига қисқа муддатли стажировкаларга юбориш билан боғлиқ харажатлар Институтнинг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланишига рухсат берилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона билан ҳамкорликда Институт ахборот ресурс марказининг замонавий инфратузилмасини яратиш, етакчи илмий ахборот-ресурс марказлари электрон базасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда олий ўқув юртлари талабалари учун чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар билан мунтазам таъминлаш чораларини кўрсин.

12. Институтга профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабалар контингентининг ошиши муносабати билан амалдагига қўшимча равишда
2 та навбатчи енгил автотранспорт воситаларини сақлашга лимит ажратилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири

 

А.Арипов

 

 

Umumiy takliflar: 2

808